асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
ШАЪБОН ЎРТАСИ (ЁКИ БАРОТ* КЕЧАСИ) ҲАҚИДА6289 марта кўрилган Барча Оламлар Рабби бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин ва душманлик фақатгина золимларга қаршидир. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадисни ривоят қилди: «Аллоҳ таоло шаъбон ойи ўртасидаги кечада барча бандаларига боқади ва мушрик ҳамда хусуматчидан бошқа ҳаммани мағфират қилади» Табароний «Муъжамул кабир» 215 ва Ибн Ҳиббон ривоятлари. Саҳиҳ ҳадис. Биз шаъбон ойининг ўртасига тааллуқли мазкур ҳадис ҳақида тўртта мулоҳазамизни айтиб ўтмоқчимиз: Биринчи: Аллоҳ таоло мушрик бўлмаган барча бандаларини мағфират қилади. Эй Аллоҳнинг бандаси, нафсингиз ва ички дунёйингизни текшириб кўринг! Шояд сиз уммат ичида урчиган ширк амалларидан биронтасига мубтало бўлгандирсиз. Ўзингиз ҳақингизда яхши гумонда бўлаверманг. Ўзингизни ва ички дунёйингизни ва уларнинг камчиликларини Аллоҳнинг тарозисига солиб кўринг. “Мен ширк амалларидан йироқдаман, шунинг учун тарозига солишга ҳеч ҳожат йўқ!” – деб айта кўрманг. Чунки бу — алдамчи ғурур ва жоҳиллигингиз самараси бўлиши мумкин. Агар пайғамбарлар отаси ва муваҳҳидлар имоми – Иброҳим Халилуллоҳ ўзи ва зурриётлари ширк амалини қилиб, бутларга ибодат қилиб қўйишдан қўрқиб: وَاجْنُبْنِي وَبَنِيَّ أَنْ نَعْبُدَ الأَصْنَامَ «Мени ва зурриётимни бутларга ибодат қилишимиздан сақла!» деган (Иброҳим: 35) ва қўрқувини: رَبِّ إِنَّهُنَّ أَضْلَلْنَ كَثِيراً مِنْ النَّاسِ «Раббим, улар кўп одамларни адаштирдилар», дея тилга олган бўлса, Иброҳим Таймий раҳимаҳуллоҳ: “Иброҳимдан сўнгра балолардан ким хотиржам бўлиши мумкин!” деб турган бўлса, ширкка тушиб қолишдан ширкни танимаган ва ширкдан қутилишни билмаган одамгина хотиржам бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менинг сизлар учун энг қўрққан нарсам – кичик ширкдир»– дедилар. Саҳобалар кичик ширк ҳақида сўрашганида: «Риёкорлик» деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад 22523, 22528). Мужаддид олим Муҳаммад Тамимий ўзининг «Тавҳид» китобида алоҳида «Ширкдан қўрқиш ҳақидаги боб» ажратиб, унда шу маънодаги оят ва ҳадисларни санаб ўтган. Аллоҳ азза ва жалла Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва бошқа барча пайғамбарларни ширкдан огоҳлантирди ва пайғамбар бўлишларига қарамай агар ширк келтириб қўйсалар бутун амаллари бекор бўлиб кетишини уқтирди: وَلَقَدْ أُوحِيَ إِلَيْكَ وَإِلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكَ لَئِنْ أَشْرَكْتَ لَيَحْبَطَنَّ عَمَلُكَ وَلَتَكُونَنَّ مِنْ الْخَاسِرِينَ • بَلْ اللَّهَ فَاعْبُدْ وَكُنْ مِنْ الشَّاكِرِينَ «Дарҳақиқат сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга ҳам шундай) ваҳий қилингандир: «Қасамки: агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетади ва албатта зиён кўрувчилардан бўлиб қоласан. Сен ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қил ва шукр қилувчилардан бўл!» (Зумар: 65, 66). Иккинчи: одамлар орасидаги гина ва хусуматнинг хатари. Чунки, ҳадисда Аллоҳ таоло бир–бирига хусумати бўлганларни мағфират қилмаслиги айтилди. Хусумат – мусулмоннинг мусулмон биродарига шаръий мақсад сабабли эмас, ичидаги шахсий нафрат сабабли адоват қилишидир. Бу кўпинча мағфират ва раҳматнинг келишига монеълик қилади. Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ушбу ҳадис нақл қилинган: «Жаннат дарвозалари душанба ва пайшанба кунлари очилади ва Аллоҳга ширк келтирган ҳамда ўзи билан биродари ўртасида хусумати бўлган одамдан бошқа ҳаммани мағфират қилинади ва (икки хусуматчи ҳақида): Бу иккисини то улар ўз ўрталарини ислоҳ қилгунларича кутиб туринглар,– дейилади.» Абу Довуд 4270; «Адабул муфрад» 411. Аллоҳ таоло мўъминларни қуйидагича сифатлади: رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالإِيمَانِ وَلا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلاًّ لِلَّذِينَ آمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ «Эй Раббимиз, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтганларни мағфират қил ва қалбларимизда иймон келтирганлар учун бирон ғилли-ғашни қилмагин. Раббимиз, Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан» (Ҳашр: 10). Айрим салаф уламолари: «Амалларнинг энг афзали қалб саломатлиги, нафс жўмардлиги ва уммат учун самимийликдир. Одамлар мана шу хислатлар билан юксак мақомларга эришганлар. Қавмнинг саййиди – кечириб, афв қилганидир» – деганлар. Эй Аллоҳнинг бандаси, шундай экан, кечирилишинг учун сен ҳам кечир! Учинчи: Баъзи одамларнинг шаъбон ойи ўртасининг (ўн тўртинчи ёки ўн бешинчи) кечасида жамоат бўлиб намоз ўқишлари, тўпланишлари, ҳатто уйларини безашлари — тўғри йўлда юришни хоҳлаганлар учун ҳужжат бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобалар ва уларнинг издошлари қилмаган БИДЪАТдир. Ҳолбуки, бу кечада қилиниши керак бўлган фазилатли ишлар, юқорида айтиб ўтганимиздек, тавҳидни рўёбга чиқариш, ширкдан сақланиш ва ўртангизда гина ва хусумат бўлган биродарингизни афв этишингиздир. Бу кечадаги бидъатларни пайдо қилган одамлар – Аллоҳнинг раҳматидан йироқда ва яхши амаллари то бидъатларидан тавба қилмагунларича қабул қилинмасликка лойиқ бўлган кимсалардир. Тўртинчи: Банда шаъбон ойининг ўртаси ўтгач рамазон ойини кутиб олиш ниятида рўза тутмаслиги керак. Чунки, бундай қилиш ғулув ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда: «Шаъбон яримласа рамазон киргунича рўза тутманглар!» – деганлар. Ибн Хузайма «Саҳиҳ» 2/282. Бу ва бу маънодаги ҳадислар рамазонни «эҳтиётий рамазон» билан кутиб оладиган ғулув кетган ва қаттиққўл одамларгагина хосдир. Чунки бундай қилиш таъқиқланган. Бу ҳадиснинг ҳукмига душанба ва пайшанба кунлари ёки ҳар ой уч кун рўза тутишга одатланган ёхуд қазо ёки назр рўзаларни тутаётган одамлар кирмайдилар. Ё Аллоҳ, Сендан у билан қалбларимиз ҳидоят топадиган раҳмат сўраймиз! Манба: Ҳикмат Нури *Бароат кечаси халқимизда “Барот кечаси” номи билан машҳур. |