Пайшанба 26 Декабрь 2024 | 24 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Тавҳидул Холиқ олтинчи рукн

2795 марта кўрилган

Олтинчи рукн:

Иймон рукнларидан олтинчиси қадарга иймон келтириш рукнидир.

Аллоҳ таоло айтади: “Албатта Биз ҳар бир нарсани (аниқ) ўлчов билан яратдик” [Қамар: 49].

Қадарга бўлган иймон мўминнинг бахт-саодати манбаидир. У унинг қалбига ҳар қандай ҳолатга розиликни пайдо қилади, кўнглини хотиржамлик ва роҳатга тўлдиради. Чунки мўмин киши унинг ва бутун борлиқнинг парвардигори Ҳаким, Алим, Хабир зот эканини, У ҳеч бир ишни беҳикмат қилмаслигини билади. Агар инсон ўша ҳикматни кўрмаётган бўлса, бунинг сабаби бутун борлиқнинг яратувчиси бўлган Алим ва Хабир зотнинг илмини қамраб олишга инсон илмининг қосирлиги туфайлидир. Шундай қилиб, мўмин киши ҳар бир ҳолатга ғазабланмасдан, сиқилмасдан рози бўлади. Чунки у содир бўлаётган ҳар бир ишда Раббининг ҳикмати борлигига ишонади. Лекин шу билан бирга, у ёмонлик қадарларидан қутулиб чиқишга (хориж бўлишга) ва яхшилик қадарларидан фойдаланишга ҳаракат қилади. Чунки Аллоҳнинг ўзи буни унга таклиф қилган, бу учун унга кўз, қулоқ ва қалб ато этган. Илмий тараққиёт юксалиб, Аллоҳнинг мулкида (У яратган олам борасида) қанча кўп илмий тадқиқотлар олиб борилса, бу тадқиқотлар хулосаси мўмин кишининг Аллоҳ таолонинг Қуръондаги “Биз ҳар бир нарсани аниқ ўлчов билан яратдик” деган сўзларининг ростлигига бўлган ишончига далил устига далилни тақдим қилаверади.

Қайси бир нарсани олиб қараманг, унинг низоми ўта пишиқ-пухта қилинганига, ўлчовлари муайян ҳикмат билан қилинган эканига гувоҳ бўлаверасиз. Бу бир илоҳий қонуният бўлиб, улкан галактигага нечоғли мос келса, энг кичик заррага ҳам шу қадар мос келади.

Раббининг нури билан зиёга тўлган, Аллоҳ инъом қилган зотларнинг йўлида – ғазаб қилинмаан ва адашиб кетмаган кишиларнинг йўлида юрувчи мўминнинг ҳоли шудир.

Куфр нима?

Куфр очиқ кўриниб турган ҳақни яшириш, ростгўй пайғамбарлар келтирган нарсани инкор қилишдир.

Ҳар бир кофир ҳам ўзини ўзи яратмаган эканини, уни кимдир яратган эканини, ўша яратган унинг эгаси ва хожаси эканини билади. Лекин, кофир ўз яратувчисини танишга интилмайди. Уни гунг-соқов бутларга ё қайсидир тоғутга бош эгаётганини ёки жонсиз ва ақлсиз табиатга сиғинаётганини, ё эса ваҳму гумонлар оғушига тушиб, тартиб-интизом билан юргизиб қўйилган, маълум қонунларга бўйсундириб қўйилган, аниқ ўлчовли химиявий реакцияларга боғланиб қолганини (ёпишиб олганини) кўрасиз. Уни шамолда ихтиёрсиз ҳолда учиб юрган пар каби ўз ишида ҳайронликда топасиз. Кофирга нима узр қолди, дунёда пайғамбарларнинг рисолатлари етиб бормаган жой қолмаган бўлса?! Эртага қиёматда сўроққа тутилганида у учун қандай узр бўлади?! “(Аллоҳ) уларга нидо қилиб: «Пайғамбарларимга нима жавоб қилган эдинглар?» дейдиган кунда, ўша кунда уларга хабарлар (яъни ўзларини оқлайдиган баҳонаю сабаблар) кўринмай қолгай, (даҳшат ва қўрқувга тушиб) бир-бирларидан ҳам сўраша олмаслар” [Қасас: 65, 66].

Кофир кимса Аллоҳ таоло одамларни ҳидоятга йўллаш учун пайғамбарлар юборганини ва уларни ҳақ-рост пайғамбарликларини исботлайдиган мўъжизалар ва далил-ҳужжатлар билан қўллаб-қувватлаганини билади. Кофирларни ё пайғамбар келтирган далил-ҳужжатлардан бохабар бўлганлари ҳолда кибрланиб, масхара қилиб, нафси ҳаволарига эргашиб улардан юз ўгирганини кўрасиз: “Ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибр қилиб, у (мўъжизаларни) инкор этдилар” [Намл: 14], ё эса улардан бир гуруҳини юз ўгиришганини ва парвардигорлари уларга туширган ҳидоятни танишга қизиқишмаганини, ўзларини кўриб кўрмасликка, билиб билмасликка олишларини кўрасиз. Эртага сўроққа тутилганларида ўзларини билмасликка соладиган бу кимсаларнинг ҳолига вой бўлади: “Энди қачон улар (ҳисоб-китоб қилинадиган жойга) келишгач, (Аллоҳ) айтди: “Сизлар аниқ-пухта билмаган ҳолингизда Менинг оятларимни ёлғон дедингизми?! Бўлмаса нима қилувчи бўлдингизлар?!” [Намл: 84].

Кофирлар учун қандай узр қолди?! Ваҳоланки улар асрлар мобайнида давом этиб келаётган набийлар ва расуллар бошчилигидаги улкан иймон карвонини ҳамда миллионлаб ўзларига ўхшаган одамлар улар атрофига бирикканини ва улар ортидан юриб келаётганини кўрмоқдалар ё эшитмоқдалар.

“Аллоҳ (дини) ҳақида уни қабул қилинганидан сўнг (одамларни йўлдан оздириш учун) талашиб-тортишадиган кимсаларнинг ҳужжатлари (яъни талашиб-тортишишлари) Парвардигор наздида ботил-беҳудадир. Уларга (бу дунёда) ғазаб, (охиратда эса) қаттиқ азоб бордир” [Шўро: 16].

Кофир инсон ўз танасида фойдаланаётган кўз, қулоқ, ақл, сиҳат-саломатлик ва ҳаёт каби неъматларни, ер юзида ўзи фойдаланаётган наботот, ҳайвонот, сув, ҳаво, маъданлар ва бошқа турли-туман яхшиликлардан иборат неъматларни, осмондаги ўзи фойдаланадиган қуёш, ой, кеча-кундузнинг айланиб туриши каби неъматларни билади. Яна у ушбу зоҳирий ва ботиний неъматларнинг ҳеч бирини ўзи учун ўзи яратиб олмаганини, уларни унга инъом этган рабби ва яратувчиси борлигини ҳам билади. Лекин, ўша яратувчининг неъматларига нонкўрлик қилади, улардан кўз юмади, Раббининг унга бўлган фазлу марҳаматларини кўрмаганга олади, Раббининг неъматларини Унга очиқ-ошкор кофир бўлиш ва гуноҳ-маъсиятлар қилишга ишлатади.

“Аллоҳ осмонлар ва Ерни яратган ва осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўладиган меваларни чиқарган зотдир. У Ўз амри билан денгизда сузиб юриши учун кемаларни сизларга бўйсундирди. Яна дарёларни ҳам сизларга бўйсундирди. У доимо айланиб турувчи қуёш ва ойни ҳам сизлар учун бўйсундирди (яъни, сизлар яхши яшашингиз учун тартиб-интизомга солиб қўйди). Яна кеча ва кундузни сизлар учун бўйсундирди. Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига етолмайсизлар. Ҳақиқатан, инсон зоти ўта золим ва жуда ношукрдир” [Иброҳим: 32-34].

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтади: “Инсу жин билан Менинг ўртамизда жуда катта хабар (яъни муҳим масала) бор: Мен яратаман, ибодатни эса Мендан бошқага қиладилар. Мен ризқ бераман, шукрни эса Мендан бошқага қиладилар...”

У кофирларга нима бўлган ахир?!

“Наҳотки улар ботил-бутларга иймон келтириб, Аллоҳнинг неъмати (Исломга)га кофир бўлсалар?!” [Анкабут: 67].

Ҳа... Куфр шудир: ноҳақлик, ҳақиқатни яшириш, гумроҳликдир.

Кофир жаҳолатнинг бепоён зулматларида, йўлсиз, ҳақ яратувчисини танимаган ҳолда дарбадар юради!

Яратувчи уни нима учун яратган эканини билмайди, уни бу дунёга нега келтирганини англамайди! Рабби унинг ихтиёрига бўйсундириб қўйган нарсаларни билимсизлик билан Раббининг кўрсатмаларига зид йўлларда ва Раббини ғазаблантирадиган ишларга ишлатади. Дунё одамларга бўйсундирилган. Лекин кофир дунёни ўзига бўйсундирилиши остидаги ҳикматни билмайди. Ейди, ичади, ухлайди, уйғонади, ҳайвондек яшаб, ўлиб кетади. Ҳаёти нима учун бошланганини ва нима учун ниҳоясига етганини, ўзи нима учун шунча муддат ер юзида яшаганини билмайди. Кофир кимсани худди биров бир асбобни ишлаб чиқарувчининг йўл-йўриқларига амал қилмасдан ишлатаётганига ўхшаш, тўғри келган ишлар билан яратувчининг кўрсатмасига амал қилмасдан машғул бўлаётганини кўрасиз. Бу билан у ерда бузғунчилик қилади ва бузғунчилигини яхшилик деб ўйлайди.

“Уларга: «Ер юзида бузғунчилик қилманглар», дейилса, «Биз ислоҳ қилувчилармиз», дейдилар. Огоҳ бўлингизким, улар албатта бузғунчилардир, лекин ўзлари буни сезмайдилар” [Бақара: 11-12].

“Сизни кофирларнинг шаҳарларда кезишлари алдаб қўймасин! (Бу елиб-югуриш, ғолибона кезишлар) озгина матодир. Сўнгра жойлари жаҳаннам бўлгай! Нақадар ёмон жой у!” [Оли Имрон: 196-197].

Инсонлар унда иймонсиз, мақсадсиз, яратувчи субҳанаҳу ва таоло билан боғланишсиз яшаб турган кофир маданиятни шунга ўхшатиш мумкинки, бир киши улкан, гўзал, дабдабали бир кемани ясаб қўйган. Унда емакхоналар, ётоқхоналар, ўйинхоналар, вақтичоғлик қиладиган ўринлар ҳозирлаб қўйилган. Кемани ясаган киши одамларни унга минишга чорламоқда ва унинг ичида қандай еб-ичиш, қандай ухлаб дам олиш ва ўйнаб-кулиш йўлларани уларга тушунтирмоқда. Кейин йўловчилардан бири унга: “Бу кема бизни қаерга олиб боради?”, деб сўраганида: “Билмайман! Минсанглар бўлди!”, деб жавоб беради.

Кофир фақат шу дунёсини билади, билганда ҳам фақат ўз шахсий манфаатларини ва роҳат-фароғатини билади, фақат шу нарса уни ишга йўналтиради ва бошқа одамлар билан бўлган алоқаларини белгилаб беради.

Кофирлар бу дунё ҳаётига баҳо беришда ўта муболаға қиладилар.

“Уларнинг «илм»дан етган жойлари мана шу (ҳаёти дунё матоларинигина исташ)дир” [Нажм: 30].

Кофир кимса билан рабби ўртасидаги алоқалар бутунлай узилгани, пайғамбарларнинг рисолатларини ва охиратга бўлган ишончни ёлғонга чиқаргани учун улардан бир кишини ўз шахсига сиғинишда ва ўз истакларини рози қилишда (қондиришда) ҳаддан ошаётганини кўрасиз. Кофир кимса ўз юртининг бахтсизлик манбаидир. Кофир агар савдогар бўлса, очкўз ва монополист, товарларни арзон пайтида яшириб қўйиб, қимматлаганда сотадиган савдогар бўлади, очарчилик ва тангликларга сабабчи бўлади. Агар фақир бўлса, бошқалар қўлидаги нарсаларга меҳнат-машаққатсиз эришишни истайдиган ҳасадгўй, бадназар фақир бўлади. Агар ишчи-хизматчи бўлса, ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб олишни биладиган, бироқ мажбуриятларини бажаришни истамайдиган ишчи-хизматчи бўлади. Агар бой бўлса, раҳм-шафқатсиз, мурувватсиз, хасис бой бўлади. Агар ҳоким бўлса, давлат ва халқ мулкини талон-тарож қиладиган хиёнаткор ҳоким бўлади. Агар хўжайин бўлса, фақат ўз фойдаси ва роҳатидан бошқасини кўзламайдиган мустабид хўжайин бўлади. Агар хизматкор бўлса, эринчоқ ва хиёнатчи хизматкор бўлади. Агар хазиначи бўлса, юлғич ва ўғри хазиначи бўлади. Агар вазир, бош вазир ё давлат бошлиғи бўлса, фақат ўз нафсига, ўз партиясига, ўз тоифасига хизмат қиладиган ва бундан бошқани билмайдиган, моддапараст, ўзини ўйлайдиган, худбин бошлиқ бўлади. Агар лидер ё йўлбошчи бўлса, фақат ўз давлати ва ватандошлари манфаатини кўзлайдиган ва бошқа халқлар ва миллатлар обрў-эътиборини оёғости қиладиган раҳбар бўлади. Агар қонунчи бўлса, адолатсиз қонунлар ва оғир солиқларни жорий қилади. Агар кашфиётчи бўлса, халқларни қириб юборувчи ва мамлакатларни харобага айлантирувчи ҳалокатли газларни яратади. Ядро бомбалари оламдаги энг улкан муаммога айланди, ҳар лаҳза бутун дунё халқлари тинчлик-омонлигига таҳдид солиб турибди. Агар ижрочи бўлса, тошбағир ва бераҳм ижрочи бўлади.

Кофирлар ичида юқорида айтиб ўтилган сифатлардан холи кишилар ҳам йўқ эмас. Лекин бу нодир ҳолатдир. Мана шу айтиб ўтилган шахслардан кофир жамиятлар ташкил топган, унда савдогарнинг монополияси, фақирнинг нафрати, ишчи-хизматчининг ўзини ўйлаши, бойнинг хасислиги, ҳокимнинг хиёнаткорлиги, хўжайиннинг мустабидлиги, хизматкорнинг хиёнати, хазиначининг юлғичлиги, вазирларнинг манфаатпарастлиги, лидерларнинг худбинлиги, қонунчининг бераҳмлиги, кашфиётчининг исрофгарлиги, ижрочининг тошбағирлиги бир-бирига қўшилиб кетган моддий жамиятлар юзага келган. Кофир жамиятларда мана шундай моддий психологик ҳодисалардан улкан муаммолар туғилади ва инсоният уларнинг бало-офатлари билан балоланади.

Кофир ҳаётида сурункали безовталик ва беқарорлик ҳукм суради, уни осойишталик ва хотиржамликдан бенасиб, нафрат ва адоват ичида яшаб ўтаётганини кўрасиз. Бу безовталик ва ва беқарорлик унинг ҳаётидан руҳий нотинчликни даф қилолмайди. Балки, бу руҳий азоб ўтида дунёдаги барча кофир жамиятлар қовурилади.

Кофир кимса яратувчига қулликни тарк этиши билан тезда ўзига ўхшаш банданинг – бир туғёнкор ё диктатор ё мансабдорнинг ё бир бут-санамнинг хор бандасига, хоҳиш-ҳаволар, хурофотлар, аҳмоқона фикрларнинг қулига айланади.

Эртага, қиёматда мўминларнинг мукофоти қандай, кофирлар қандай жазога дучор бўлишади?

Аллоҳ таоло айтади:

“Мана шу икки ғаним (яъни мўминлар билан кофирлар) Парвардигорлари(нинг ҳақ дини) хусусида талашдилар (яъни мўминлар Аллоҳнинг ҳақ дини бўлмиш Исломнинг ғолиб бўлишини истадилар, кофирлар эса бу динни йўқ қилмоқчи бўлдилар). Кофир бўлган кимсалар учун ўтдан бўлган кийимлар бичилди, (энди) уларнинг бошларидан қайноқ сув қуйилиб, у билан уларнинг ичларидаги нарсалар ҳам, терилари ҳам эритиб юборилади. Улар учун темир гурзилар бордир. Ҳар қачон улар (дўзах) ғам-азобидан (қочиб) чиқмоқчи бўлсалар (гурзилар билан) яна унга қайтарилгайлар ва (уларга): «Ўт азобини тотиб кўрингиз», (дейилгай). Албатта Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритгай. Улар у жойда олтиндан бўлган билакузуклар ва марварид-маржонлар билан безангайлар, либослари эса ҳарир-ипак бўлгай. Улар (бу дунёда) хуш сўзга (яъни «Аллоҳ ягона ҳақ илоҳдир», деган сўзга) йўллаб қўйиладилар ва ҳамду-сано эгаси — Аллоҳнинг йўлига йўлланадилар” [Ҳаж: 19-24].

“Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигини инкор қилган ва Аллоҳу Расулига кофир бўлиб ўлган кимсалардан бирови қиёмат куни ўзини Аллоҳнинг азобидан қутқариб олиш учун ер юзи тўла олтинни тўлов сифатида ҳақиқатан берса ҳам, асло қабул қилинмас. Улар учун аламли азоб бордир ва улар учун Аллоҳнинг азобидан қутқариб олувчи бирон ёрдамчи бўлмагай.” [Оли Имрон: 91].

“Кофир бўлганлари сабабли уларни мана шу (жазо билан) жазоладик. Биз фақат кофир бўлган кимсагагина (мана шундай) жазо берурмиз” [Сабаъ: 17].

Хулоса

  • Иймон — Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарга кучли ва мустаҳкам ишончдир. Солиҳ амаллар иймоннинг самарасидир.
  • Аллоҳга бўлган иймон қатъий далиллар ва кучли ҳужжатларга асосланади. Мўмин киши Аллоҳдан бошқага ҳар қандай қулликдан озоддир, у ўзини башарий ихтилофлар дўзахидан қутқарадиган ҳақ яратувчисининг ҳидояти билан ҳидоятланади.
  • Фаришталарга бўлган иймон мўминнинг онгида Аллоҳнинг мавжудотлари ҳақидаги билимни (тасаввурни) зиёда қилади, қолаверса бу иймон мўминнинг қалбини унсга (яъни мен ёлғиз эмасман деган ҳис-туйғуга) тўлдиради, унда гуноҳ қилишдан қўрқиш ва яхши ишларга шошилиш ҳисларини уйғотади. Икки фариштанинг кузатиб туришига бўлган ишонч мўминга бир гуруҳ миршабларнинг назорат қилиб туришидан кучлироқ таъсир қилади.
  • Қайсидир асбобни ишлаб чиқарувчининг кўрсатмаларидан фойдаланмаслик жоҳиллик бўлса, энди Холиқ субҳанаҳу ва таолонинг ҳар қандай ўзгартириш ва бузилишдан сақлаган китобидан фойдаланмаслик энг катта жоҳилликдир.
  • Аллоҳ пайғамбарларни одамларга Аллоҳнинг ҳидоятига қандай эргашишни ўргатишлари учун юборди. Агар пайғамбарларнинг даъватлари билан бошқаларнинг даъватлари натижаларини таққосласак, пайғамбарларнинг ислоҳотлари ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олганини, инсон қалбининг ич-ичига чуқур кириб борганини, бир замонга чекланиб қолмасдан, модомики одамлар Аллоҳнинг ҳидоятида юрар эканлар, ислоҳотлар ҳам улар билан ҳамнафас давом этаётанини кўрамиз. Пайғамбарларга бўлган иймонимиз далил-ҳужжатларга асосланган.
  • Мўмин киши ўзининг яратилиши остидаги ҳикматни ва ер юзидаги вазифаси нимадан иборатлигини билади. Парвардигорини қандай ишлар рози қилишини билади ва яратувчисини ғазаблантирадиган ҳар қандай ишдан тийилади. У ўзини ўлганидан сўнг кутиб турган оқибати ҳақида билимга эга. Мўмин яратувчисини ва Унинг ўзига юборган элчисини танийди. Кофир эса жаҳолат ва зулматлар ичра, булардан ҳеч бирини билмайди.
  • Охират кунига бўлган ишонч инсонни солиҳ амаллар қилишга, фазилатли ахлоқларга эга бўлишга, ишларини холис Аллоҳ розилиги учун қилишга етаклайди. Шу боис мўмин кишидан фақат яхши ишлар содир бўлишини кўрасиз. Мўминлардан ташкил топган жамият энг бахтли, энг афзал ва энг тақволи жамиятдир.
  • Қадарга бўлган иймон мўминнинг дилида розилик, осойишталик ва хотиржамлик туғдиради.
  • Куфр ҳақни яширишдир. Кофир ўз яратувчисига гарчи Унинг оят-аломатлари еру осмонда очиқ кўриниб турган бўлишига қарамай, иймон келтирмайди. Раббининг пайғамбарларига уларнинг ростгўйликларига бўлган далил-ҳужжатлари очиқ кўриниб турганига қарамай, иймон келтирмайди. Кофирни бирон далил-ҳужжати бўлмагани ҳолда, ўзига ўхшаган бир ожиз инсонга ё бут-санамга сиғинишини, шайтон ва дажжолларга итоат қилишини кўрасиз.
  • Кофир ўзидаги ҳеч бир неъматни ўзи яратиб олмаганига қарамай, уларни инъом қилган зотнинг ўзига бўлган фазли марҳаматини инкор қилади, яратувчисининг неъматларини Унга гуноҳу маъсиятлар қилишга ишлатади.
  • Кофир ўзининг яратилишидаги ҳикматни, ўзининг ер юзидаги вазифасини, ўзини кутиб турган оқибатини ва ўз нажотига сабаб бўлувчи ишларни билмасдан, жаҳолат зулматларида тентираб юради.
  • Куфр маданияти инсонларга фақат қандай яшашни ўргатади, лекин ўзи одамлар ҳаётга нима учун келишини билмайди.
  • Кофирнинг ҳаёти йиртқич ҳайвон ҳаётидек, ҳалол нима, ҳаром нима, билмайди. Унинг бутун ғам-ташвиши ўлмай туриб ўз манфаатлари ва лаззатларига эришиб олиш бўлади. У ўз ғаразларини рўёбга чиқариш йўлида боғу роғларни пайхон қилишдан, наслларни қириб юборишдан тоймайди. Кофир жамият ана шундай ёмон инсонлардан ташкил топади.
  • Кофирнинг ҳаётини безовталик ва беқарорлик эгаллаб олади. Уни ваҳму гумонларга ёки бир золим ё дажжолга ёхуд нафси ҳавосига қуллик кишанларига кишанланган ҳолда кўрасиз.
  • Аллоҳ мўминларни Ўз розилиги ва жаннати билан мукофотлайди. Кофирларни эса ғазаби ва дўзах азоби билан азоблайди, бизни бундан Аллоҳ ўзи асрасин.