асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Руфайъ ибн Меҳрон Абул Олия2573 марта кўрилган Муаллиф: Абдурроҳман Раъфат Боша “Саҳобалардан кейин Қуръонни энг яхши биладиган киши Абул Олия ундан кейин Саид ибн Жубайр бўлган”. (Абу Бакр ибн Довуд) Абул Олия куняси билан танилган Руфайъ ибн Меҳрон мусулмонлар ичида кўзга кўринган, қори ва муҳаддисларнинг сараларидан, тобеинлар орасида Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини энг билимдони, Қуръоннинг мақсад-моҳияти ва сир-асрорларини чуқур англаб етган улуғ кишилардан эди. Келинглар, унинг ажойиб воқеалар ва лавҳалар, ибрат ва панд-насиҳатларга бой бўлган ҳаётини бир бошдан ўрганиб чиқайлик. Руфайъ ибн Меҳрон Форс диёрида туғилиб, ўша ерда ўсиб-улғайди ва вояга етди. Мусулмонлар Форс диёрига ғазот қилиб, унинг аҳлини зулматдан нурга чиқариш учун уруш бошладилар. Руфайъ қавмининг бир гуруҳ йигитлари қатори мусулмонларнинг раҳматга тўла қўлларига қул бўлиб тушди. Бу йигитлар оз фурсат ичида Исломнинг улуғ дин эканига амин бўлдилар. Ислом билан ўзлари ибодат қилган бутларни солиштириб кўрдилар ва натижада тўп-тўп бўлиб Аллоҳнинг динига кира бошладилар. Қуръонни ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини таълим олишга киришдилар. Абул Олия аввалда қандай бўлгану кейин нима бўлганини қуйидагича ҳикоя қилади: “Бир неча қавмдошларим билан мужоҳидлар қўлига асир тушиб қолдик. Кўз очиб юмгунча Басрадаги мусулмонларнинг қўлларидаги қулларга айландик. Қул бўлганимизга кўп вақт ўтмади ҳамки Аллоҳга иймон келтирдик ва Қуръон ёдлашга боғланиб қолдик. Ичимизда хўжайинига солиқ тўлайдиганлар ва уларнинг хизматини бажарадиганлар бор эди. Мен ҳам ана шулардан бири эдим. Биз ҳар кеча Қуръонни бир марта хатм қилар эдик. Бизга бу оғир келди. Кейин икки кечада хатм қиладиган бўлдик, бу ҳам оғирлик қилди. Уч кечада бир хатм қиладиган бўлдик. Кундузи хизматдан толиққанимиз, кечани бедор ўтказганимиз учун яна қийналдик. Айрим саҳобалар билан учрашиб қолдик ва уларга тунлари бедор бўлиб Қуръон ўқишдан қийналаётганимизни айтиб маслаҳат сўрадик. Улар бир ҳафтада бир марта хатм қилинглар деб, йўл кўрсатдилар. Уларнинг кўрсатмаларига амал қилиб, кечанинг бир қисмида Қуръон ўқиб, бир қисмида ухлаб дам оладиган бўлдик. Шундай кейин бизга Қуръон ўқиш оғир келмайдиган бўлди”. Тақдир тақозоси билан Руфайъ ибн Меҳрон Бану Тамимлик бир аёлнинг қўлига қул бўлиб келиб қолди. Бу аёл вазмин, иймон ва тақвога тўла, оқила аёл эди. Руфайъ ярим кун унинг хизматини қилса, куннинг қолган ярмида дам оларди. У бўш вақтларида ўқиш ва ёзишни пухта ўрганди ва бошқа илмларни ҳам таълим олди. Жума кунларининг бирида Руфайъ намозга ҳозирлик кўриб, мукаммал таҳорат олди ва саййидасидан кетишга изн сўради. Саййидаси унга: “Қаерга бормоқчисан эй Руфайъ?”, деди.
Жумага келаётганлар билан бирга масжидга кирдилар. Руфайъ саййидаси нима қилмоқчи эканидан бехабар эди. Масжид тўлиб, имом минбарга кўтарилганида саййидаси Руфайънинг қўлидан тутиб: “Эй мусулмонлар, гувоҳ бўлинглар, мен бу ғуломимни Аллоҳдан савоб умидида, Унинг мағфирати ва розилигини истаб озод этдим. Бугундан эътиборан ҳеч кимнинг унга дахли йўқдир”, деди. Кейин Руфайъга қараб: “Ё Аллоҳ, мен буни мол-мулк ва бола-чақа фойда бермайдиган Кун учун ҳузурингга захира қилдим”, деб дуо қилди. Намоз тугагач Руфайъ ўз йўлига, саййидаси ҳам ўз йўлига равона бўлдилар. Руфайъ ибн Меҳрон ана шу кундан бошлаб Мадинаи Мунавварага тез-тез қатнайдиган бўлиб олди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан вафотларидан озгина олдин кўришишга мушарраф бўлди. Шунингдек у Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан кўришиш бахтига ҳам муяссар бўлди. Унда Қуръонни ўтказиб олиш ва ортида туриб намоз ўқиш шарафига ҳам эришди. Абул Олия куняси билан машҳур бўлган Руфайъ Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг ҳадисларини ўрганишга қаттиқ киришди. Ҳадислар ривоятини Басрада учрашган тобеинлардан эшитарди. Бироқ, у бундан ҳам собитроғига интилиб қолди. У вақти-вақти билан Мадинага бориб, ўзи билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўрталарида бир шахс, яъни саҳобийгина бўлиши учун ҳадисларни бевосита саҳобаларнинг ўзларидан эшитадиган бўлди. Шундай қилиб у Абдуллоҳ ибн Масъуд, Убай ибн Каъб, Абу Айюб Ансорий, Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Аббос ва бошқа кўплаб саҳобалардан ҳадис эшитди — Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин. Абул Олия Мадинадаги ровийлар билан чегараланиб қолмади, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ҳар ердан излаб, суриштириб юрди. Унга фалон ерда ҳадис биладиган киши бор деб айтилса, масофа қанчалик узоқ ва унга учрашиш қанчалик қийин бўлмасин, туясини миниб йўлга тушарди. Етиб боргач, биринчи иши ўша одамнинг орқасида намоз ўқишга ҳаракат қиларди. Агар у намозини мукаммал тарзда, арконларини жойига келтириб адо этмаса, уни тарк қилар ва ичида: “Намозга бепарво бўлган одам ундан бошқасига бепарвороқ бўлади”, деб асосини қўлига олиб изига қайтиб кетарди. Абул Олия илмда юқори мартабаларга эришиб, ўз тенгдошларидан анча илгарилаб кетди. Дўстларидан бири ҳикоя қилади: “Абул Олияни таҳорат қилаётганини кўриб қолдим. Сув томчилари юзи ва икки қўлидан оқиб турар, поклик унинг ҳар аъзосида барқ уриб турарди. Мен унга салом бериб: “Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севади” оятини ўқидим. Шунда у: “Эй биродар, покланувчилар деб кирдан сув билан покланувчиларга эмас, балки гуноҳлардан тақво билан покланувчиларга айтилади”, деб жавоб берди. Сўзини диққат билан тааммул қилсам, у тўғри айтган, мен эса хато қилган эканман. Мен унинг ҳаққига: “Аллоҳ сизни яхши мукофотлар билан тақдирласин, илм ва фаҳмингизни янада зиёда қилсин”, деб дуо қилдим”. Абул Олия одамларни илм ўрганишга қизиқтириш ва илм ҳосил қилиш йўл-йўриқларини кўрсатиб беришни ўзига одат қилиб олган эди. У: “Ўзингизни илм олишга чиниқтиринг, у ҳақда кўп сўраб-суриштиринг. Шуни билингки, уятчанг ва мутакаббир одам илм ололмайди. Уятчанг сўрашдан уялиб сўрай олмаса, мутакаббир кибр-ҳавоси сабаб сўрамайди”, дер эди. Абул Олия ўз шогирдларини Қуръонни ўрганиш, унга риоя қилиш, унинг аҳкомларини маҳкам тутиш, бидъатчиларнинг бидъатларидан юз ўгиришга ундаб: “Қуръонни ўрганинглар, ўрганиб бўлгач ундан юз ўгириб кетманглар. Тўғри йўлни тутинглар, шу Исломдир. Ҳавою-хоҳиш туфайли пайдо бўлган бидъатлардан узоқ юринглар, чунки улар ораларингизга нафрат ва душманлик солади. Энг муҳими Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари бўлган йўлдан чиқиб кетманглар”, дерди. Абул Олиянинг ушбу айтганларини Ҳасан Басрийга нақл қилишганда у: “Аллоҳга қасамки, Абул Олия сизларга тўғри гапириб, яхши насиҳат қилибди”, деган эди. Абул Олия толиби илмларга Қуръон ёдлашнинг энг қулай йўлини тушунтириб бундай дер эди: “Қуръонни беш оят, беш оятдан ёдланглар. Шундай қилсангизлар осонроқ ёдлайсизлар, яхшироқ тушунасизлар. Зеро, Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга Қуръонни беш оят, беш оятдан олиб тушганлар”. Абул Олия шогирдларга дарс бериш билан чекланган ўқитувчигина эмас, балки шогирдларининг ақлларини фойдали маърифат билан тўлдирувчи, дилларини гўзал панд-насиҳатлар билан озиқлантирувчи муршид ҳам эди. У кўпинча бу икки иш ўртасини жамлар эди. Қуйидагилар у ўқувчиларига айтган сўзларидан баъзи намуналар: “Аллоҳ иймон келтирган одамни ҳидоятлашни ўз зиммасига олди. Бунинг тасдиғи: “Ким Аллоҳга иймон келтирса, У зот унинг қалбини ҳидоятга солур”. (Тағобун: 11) оятидадир. Ким Аллоҳга тавваккул қилса, Аллоҳ унга кифоя қилади. Бунинг далили: “Ким Аллоҳга таваккал қилса, унга У зотнинг Ўзи кифоядир”. (Талоқ: 3) Ким Аллоҳга қарз берса, яъни Аллоҳнинг розилигини истаб одамларга инфоқ қилса, Аллоҳ унга мукофотини беради. Бунинг исботи: “Аллоҳга яхши қарз берадиган ким бор?! Токи У зот унга берганини кўп марта кўпайтириб берса”. (Бақара: 245) Ким Аллоҳга дуо қилса Аллоҳ ундан ижобат қилади. Бунинг тасдиғи: “Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилувчи дуо қилганда ижобат қиламан”. (Бақара: 186) оятидир. Шогирдларига насиҳат қилиб айтар эди: “Тоат-ибодатда бўлинг ва ибодатли кишиларни ибодати учун яхши кўринг. Гуноҳдан сақланинг ва осийларни маъсияти учун ёмон кўринг. Осийлар ишини Аллоҳга ҳавола қилинг, агар хоҳласа уларга азоб беради, хоҳласа кечиради. Агар бирор кишини: “Мен Аллоҳ учун яхши кўраман, Аллоҳ учун ёмон кўраман, Аллоҳнинг розилиги учун фалон нарсани қадрлайман, Аллоҳдан қўрқиб фалон нарсадан юз ўгираман”, деб ўзини мақтаётганини эшитсангиз, унинг гапларини эътиборга олманг”. Абул Олия илмига амал қилувчи олим, тўғри йўлга йўлловчи муршидгина бўлиб қолмай, жасур мужоҳид ҳам эди. Вақтининг бир қисмини жиҳод майдонларида, мужоҳидлар сафида мужоҳид бўлиб ёки чегараларда пойлоқчиликда туриб ўтказар эди. У шарқу ғарбдаги жиҳод майдонларида ўз изларини қолдиришни истаб, Шом ерларида Румликларга қарши ва Мовароуннаҳрда Форсларга қарши жанг қилди. Ўша юртларда биринчи азон айтган ҳам Абул Олия бўлади. Алий ва Муовия розияллоҳу анҳумо ўрталарида жанг бошланиб кетганида Абул Олиянинг ўзига хос муносабати бўлган. Бу ҳақда унинг ўзи шундай ҳикоя қилади: “Алий ва Муовия ўрталаридаги иш содир бўлган вақтда менинг ниҳоятда кучга тўлган, серғайрат пайтим эди. Мен учун жанг қилиш жазирама кундаги муздек сувдан кўра севимлироқ эди. Уруш жиҳозларимни кийиб жанг майдонига келдим. Қарасам охири кўринмайдиган икки қўшин бир-бирининг қаршисида саф тортиб турибди. Булар такбир айтса, улар ҳам такбир айтмоқда, булар таҳлил (ла илаҳа иллаллоҳ) айтса, улар ҳам таҳлил айтишмоқда. Бу ҳолатни кўриб ўзимга ўзим дедим: “Бу икки жамоанинг қайси бирини кофир санаб, унга қарши ҳужум қилай ва қайси жамоани мўмин деб, унинг сафида жиҳод қилай?” Икки томонни ҳам тарк қилиб ортимга жўнаб кетдим”. Абул Олия Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўришиш неъматидан бебаҳра қолгани учун бир умр ғамгин юрди. Бунинг ўрнини озроқ бўлсада қоплаш мақсадида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан алоқаси кучли бўлган улуғ саҳобаларга яқинроқ бўлишга ҳаракат қиларди. Уларни яхши кўриб, жонидан ҳам азиз санар, улар ҳам уни ўзларига яқин олиб яхши кўрар эдилар. Бунга бир мисол, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ходими Анас розияллоҳу анҳу қўлидаги олмани Абул Олияга тортиқ қилганида у саҳобийнинг қўлидан олмани олиб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларини ушлаган қўл теккан олма-я”, деб такрор-такрор айтиб олмани ўпа кетди. Яна бир мисол: “Кунларнинг бирида Абул Олия Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг ҳузурига кирди. Ўша пайт Абдуллоҳ ибн Аббос Алий розияллоҳу анҳунинг Басрадаги волийси эдилар. Абдуллоҳ ибн Аббос Абул Олияни жуда илиқ кутиб олиб, уни ўз тахтига чиқариб ўнг томонларига ўтқиздилар. Мажлисда Қурайш саййидларидан бир нечтаси бор эди. Улар бир-бирларига кўз қирларини ташлаб: “Ибн Аббос мана бу қулни ҳурматлаб ўз тахтига ўтқазишини қаранглар-а!” , деб ўзаро висирлашди. Ибн Аббос уларнинг имо-ишоралари ва висирлашларини сездилар ва уларга қайрилиб: “Илм шарафли кишининг шарафини оширади, одамлар орасида қадрини кўтаради ва қулларни тахтларга ўтқизади”, дедилар. Бир йили Абул Олия Аллоҳ йўлида жиҳодга отланиб, ҳозирлигини кўрди ва мужоҳидлар билан йўлга чиқишга қарор қилди. Бироқ, тонг отгач оёғининг бирида қаттиқ оғриқни сезди. Соат сайин оғриқ кучайиб, чидаб бўлмас даражада зўрайиб кетди. Табибни чақирдилар, табиб кўргач: “Бу қора сон”, деди. Абул Олия: “Қорасон нимаси?”, деб сўради. Табиб: “Қора сон дегани қайси аъзога тушса уни ейди, сўнг ундан тепасига ўтади ва ҳоказо жасаднинг барини еб тугатади”, деб жавоб берди. Табиб зудлик билан болдирни кесиб ташламаса бўлмаслигини тушунтирди. Абул Олия ноиложликдан рози бўлди. Табиб терини кесиш учун дудама (скалпел) ва суякни аралаш учун аррасини ҳозирлагач: “Терини кесиш ва суякни аралашдаги оғриқ сезилмаслиги учун озгина бўшаштирувчи берайми?”, деб сўради. Абул Олия: “Ундан кўра яхшироғи бор, ўшани келтиринг”, деди. Табиб: “У нима экан?”, деб сўради. Абул Олия: “Аллоҳнинг каломини яхши ўқийдиган қорини олиб келинг, у ёнимда Қуръон ўқиб ўтирсин. Юзим қизариб, кўзларим катта-катта бўлиб очилса ва осмонга тикилиб қолганини кўрганингизда, нима қилсангиз қилаверинг”, деди. Улар унинг айтганини қилиб, болдирини кесиб олдилар. Абул Олия хушига келгач, табиб: “Кесиш ва аралашдаги оғриқни сезмадингиз-а?”, деб сўради. Абул Олия: “Аллоҳга бўлган муҳаббат ва Қуръони Каримни тинглаш ҳаловати мени арранинг оғриғидан машғул этди”, деб жавоб берди. Сўнгра кесилган оёғини қўлига олиб: “Қиёмат куни Раббимга йўлиққанимда У мендан: “Қирқ йил шу оёғинг билан ҳаромга борганмисан ёки мумкин бўлмаган нарсани босганмисан?”, деб сўраса, “Йўқ, эй Роббим”, деб жавоб бераман ва иншааллоҳ жавобимда рост сўзлаган бўламан”, деди. Абул Олия охират кунига ҳозирлиги, Раббига учрашишга тайёргарлиги ва тақвоси қаттиқ бўлганидан ўзига кафан тайёрлаб олганди. Бир ойда бир кафанини кийяр кейин яна жойига қайтариб қўяр эди. У соғ-саломат пайтида ўн етти марта васият қилган ва ҳар васият учун бир муддатни белгилаб, шу муддат келганида васиятига қарарди, ё уни тўғриларди, ё ўзгартирарди ва ёки ўз ҳолида қолдирарди. Ҳижрий 93-йил шаввол ойида, Абул Олия саломат қалб билан Раббининг раҳматидан умидвор бўлиб ва Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашиш завқ-шавқида оламлар Робби ҳузурига йўл олди. |