Якшанба 22 Декабрь 2024 | 20 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Умар ал-Форуқнинг набираси Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар (1)

3004 марта кўрилган

Муаллиф: Абдурроҳман Раъфат Боша
Камолиддин Иноятуллоҳ ўғли таржимаси

“Солим ўта ишончли, кўп ҳадис биладиган, ҳадис кишиларининг ичида олий мартабали ва тақводор эди”. (Ибн Саъд)

Биз ҳозир Умар Форуқ разияллоҳу анҳунинг халифалик давридамиз. Бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаҳарлари Мадинаи Мунаввара форсларнинг охирги подшоҳи Яздажурд салтанатини тор-мор қилиб, қўлга киритилган ўлжалар билан тўлиб-тошиб, гуркираб турибди.

Ўлжалар ичида гавҳару маржонлар билан тўла безатилган Форс Кисроларининг тожлари, кўз кўрмаган, ёқут ва марваридлар билан безатилган қиличлари бор. Бу катта ва ҳайратомуз ўлжалар ичида кўплаб Форс қиз-жувонлари бўлиб, уларнинг ичида Яздажурднинг уч қизи ҳам бор эди. Алий разияллоҳу анҳу уларни қиммат баҳога сотиб олиб, уларга мусулмон йигитлардан кўзга кўринганларини рўбарў қилиб, шулардан хоҳлаганингизни танланглар деди. Улардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг набиралари Ҳусайн ибн Алий разияллоҳу анҳуни танлади ва унга Зайнул Обидинни туғиб берди. Иккинчиси Муҳаммад ибн Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳуни танлади ва ундан Мадинанинг етти фуқаҳосидан бири Қосим ибн Муҳаммад туғилди. Учинчиси мўминлар амирининг ўғли Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумонитанлади ва Умар разияллоҳу анҳунинг набираси, кўринишда Форуқ разияллоҳу анҳуга энг ўхшаш бўлган Солим ибн Абдуллоҳни туғиб берди. Келинглар Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умарнинг — Аллоҳ ундан, отасидан ва бобосидан рози бўлсин — нурафшон ҳаётидан айрим лавҳалар билан танишиб чиқайлик.

Солим ибн Абдуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дафн қилинган ҳижрат ерлари Мадинаи Мунавварада таваллуд топди. Нубувватнинг ваҳий нури ила мунаввар, соф муҳитда ўсиб улғайди. Обид, зоҳид, жазирамада ҳам рўзадор, кечалари бедор отасининг тарбиясини олди. Унинг Умарона ахлоқи билан хулқланди. Отаси унда тақво ва ҳидоят аломатлари, Ислом шамоили ва Қуръон ахлоқини ака-укаларидан кўра зиёда эканини кўрган пайтда чиндилдан уни яхши кўриб қолди. Унинг ўғлига бўлган бу қадар муҳаббатни кўриб, маломат қилганларга эса бундай жавоб берди, байтнинг маъноси:

“Солимга бўлган муҳаббатимга маломат қиладилар-а.

Кўзимнинг нури, жигарпорам Солим бўлса начора”.

Абдуллоҳ ибн Умар Солимга Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ўргата бошлади. Аллоҳнинг дини ва Китоби Қуръондан таълим берди. Сўнг уни Ҳарами шарифга олиб борди. Ўша вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидлари ҳали ҳануз улуғ саҳобалардан иборат катта жамоат билан обод эди. Солим масжид устунларининг қай бири олдига бормасин, ўша ерда нубувват нуридан насибадор, пок рисолат хушбўйлигидан муаттар саҳобани топар эди. Кўзининг қири қаерга тушса ёки нимага қулоқ солса, фақат яхшиликни кўрар ва эшитар эди.

Аллоҳ таоло Умар авлоди бўлмиш бу йигитга саҳобаларнинг улуғларидан таълим-тарбия олиш неъматини насиб этди. Улардан: Абу Айюб Ансорий, Абу Ҳурайра, Абу Рофеъ, Абу Лубоба ва Зайд ибн Хаттоб Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин. Табиийки буларга қўшимча отаси Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан дарс олиб, мусулмонларнинг атоқли олимларидан, тобеинларнинг саййидларидан бири бўлиб етишди.

Солим ибн Абдуллоҳ Мадина аҳли дин ишларида уларга таянадиган, Аллоҳнинг шариатини олиб, диний ва дунёвий муаммоларида уларга мурожаат қиладиган етти Мадина фақиҳларининг бири эди. Волийлар ўз қозиларига, агар бирон муаммоли иш уларга рўбарў бўлса, шу етти фуқаҳога олиб боришни тайинлаган эдилар. Бу етти олимга бирон бир масала ташланса, ҳаммалари йиғилиб, масалани ҳар томонлама ўрганиб чиқишарди, сўнг ҳар бир қози улар берган хулосага кўра ҳукм чиқарар эди.

Солим ибн Абдуллоҳнинг маслаҳатини олиб, кўрсатмаларига амал қилган волий, волийлар ичида муваффақиятга эришиб, одамлар қалбига яқин ҳамда халифалар ҳузурида ҳам ишонч қозонар эди. Аммо унга хилоф қилиб тескари бўлганлари эса, Мадинада тура олмас, унинг волийлигига ҳам тоқат қилинмас эди.

Жумладан: Абдурраҳмон ибн Заҳҳок Язид ибн Абдулмаликнинг халифалик даврида Мадинага волий этиб тайинланди. Ўша кезлар Ҳусайн разияллоҳу анҳунинг қизлари Фотима эридан бева қолиб, фарзандларининг тарбияси билан уйида ўтирар эди. Ибн Заҳҳок Фотимага совчи қўйиб уни ўз никоҳига олмоқчи бўлди. Фотима: “Турмуш қуришга ҳеч рағбатим йўқ, фарзандларим тарбияси билан машғул бўламан ва қолган умримни шуларга бағишладим”, деб совчиларни қайтарди. Бироқ, волий бу гапдан кифояланмай, қайта-қайта совчи юбораверди. Волийнинг ёмонлик қилишидан хавфсираган Фотима ҳам яхши сўзлар билан узр билдирар, ранжитмасликка ҳаракат қиларди. Рад жавобини эшитаверган волий таҳдид билан: “Қасамки, агар менга турмушга чиқишга рози бўлмасанг, катта ўғлингни “шароб ичган” деб, дарра урдираман”, деди. Чорасиз қолган Фотима Солим ибн Абдуллоҳга маслаҳат солди. Олим унга волий устидан шикоят қилиб халифага хат ёзишни, ўзининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг авлодидан экани ҳамда Аҳли Байтга қариндошлик алоқасини қилишни эслатиб ўтишини маслаҳат берди. Фотима шундай мактуб ёзиб, уни чопар билан Дамашққа юборди.

Чопар йўлда экан, халифанинг амр-фармони Мадинага етиб келди. Унда Мадинанинг молия девони бошлиғи Ибн Ҳурмузнинг ҳисобот бериш учун зудлик билан хилофат пойтахтига етиб келиши амр қилинган эди. Ибн Ҳурмуз яқинлари билан хайрлашаётиб, Фотима бинт Ҳусайн билан хайрлашиш учун изн сўраб ҳузурига кирди: “Халифанинг чорлови билан Дамашққа йўл оладиганман, бирон хизмат борми?”- деди.

Фотима бинт Ҳусайн: “Ҳа, бор. Мўминлар амирига Ибн Заҳҳокнинг менга нисбатан қилаётган ишини ва унинг Мадина уламолари, хоссатан Солим ибн Абдуллоҳнинг ҳурматини жойига қўймаётганини айтгин”.

Ибн Ҳурмуз унинг олдига кирганидан афсусланди, чунки у Фотима бинти Ҳусайннинг Ибн Заҳҳокдан қилган шикоятини халифага етказишни истамаётган эди.

Тақдир тақозоси билан Ибн Ҳурмуз Фотима бинт Ҳусайн юборган чопар билан бир кунда Дамашққа етиб келди. Халифанинг ҳузурига киргач, мўминлар амири ундан Мадинадаги ҳолат, Солим ибн Абдуллоҳ ва бошқа уламолар ҳақида суриштириб: “Мадинада нима гаплар. Биз билишимиз зарур бўлган бирон муҳим ва жиддий хабар борми?”, деб сўради. Ибн Ҳурмуз Фотима бинт Ҳусайн айтган гаплари ҳамда волийнинг Солим ибн Абдуллоҳга бўлган муносабати ҳақида лом-мим демади. Ибн Ҳурмуз халифага ҳисобот бераётганида, дарвозабон кириб: “Фотима бинт Ҳусайн юборган чопар ҳузурингизга кириш учун изн сўраяпти”, деди. Буни эшитган Ибн Ҳурмузнинг ранги ўзгарди ва: “Ҳа, эсим қурсин! Фотима бинт Ҳусайн сизга айрим нарсаларни айтишимни сўраган эдилар”. Халифа тахтидан тушиб: “Шўринг қурисин сени! Сендан Мадинада нима гап деб, сўрамадимми? Шундай хабарлар бор экан нега мендан яширдинг?!”

Ибн Ҳурмуз ёдидан кўтарилганини баҳона қилиб узр сўради. Сўнг чопарга изн берилди, чопар кириб мактубни халифага топширди. Халифа мактубни очиб ўқий бошлади, бирдан унинг кўзидан ғазаб учқунлари сачради, қўлидаги асо билан ерни уриб: “Ибн Заҳҳок Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадонларига журъат қилдими! Аҳли Байт ҳақидаги Солим ибн Абдуллоҳнинг насиҳатига қулоқ солмадими! Мадинага бориб унинг азобдан инграётган товушини менга, Дамашққа эшиттира оладиган бирон киши борми?!”, деди. “Ҳа, эй Мўминлар амири, бор. Абдулвоҳид ибн Бишр Назрий Мадинага волий бўлишга лойиқ инсон. У айни пайтда Тоифда яшайди”, деб айтилди. Халифа: “Тўғри айтасизлар, ҳақиқатда у Мадинага волий бўлишга лойиқдир”, деди. Қоғоз ва қалам келтиришни буюриб, ўз қўли билан ёза бошлади: “Мўминлар амири Язид ибн Абдулмаликдан Абдулвоҳид ибн Бишр Назрийга. Ассалому алайкум. Аммо баъд: Мен сизни Мадинага волий этиб тайинладим. Мактубим етиб келгач, дарҳол Мадинага йўл олинг ва Ибн Заҳҳокни волийликдан четлатинг. Унга қирқ минг динор жарима солинг ва уни шундай азоблангки, унинг дод-войини мен Дамашқда туриб эшитай”.

Халифанинг амри битилган номани олган чопар Мадина орқали Тоифга қараб йўл олди. Мадинага етган халифанинг чопари, волий Ибн Заҳҳок ҳузурига кирмагани ва у билан кўришмагани Ибн Заҳҳокнинг қалбига ғулғула солди. Унга одам юбориб уйига таклиф қилди. Чопар етиб келгач, ундан Мадинага келиш сабабини сўради. Бироқ, чопар бирон нарсани очиқламади. Шунда волий тўшагининг бир четини кўтариб: “Буни қара”, деди. Чопар динорлар билан тўла халтани кўрди. Волий: “Бу минг динор. Аллоҳга онт ичиб айтаман, агар қаерга кетаётганинг ва қўлингдаги номада нима битилганини менга айтсанг, мана шу минг динорни сенга бераман ва буни сир сақлайман”, деди. Чопар мақсадни айтди. Ибн Заҳҳок динорларни чопарга бера туриб: “Бу ерда уч кун кутиб тур. Мен Дамашққа етиб олай, сўнг буюрилган тарафингга кетавер”, деди.

Ибн Заҳҳок отига миниб, зудлик билан Мадинадан чиқиб Дамашқ томон йўл олди. Дамашққа етиб боргач, халифанинг иниси Маслама ибн Абдулмаликнинг ҳузурига кирди. Маслама очиқкўнгил, ҳожатбарор амирлардан эди.

  • — “Мен сиздан ҳимоя истаб келдим, муҳтарам амир”.
  • —“Хурсанд бўлавер. Нима гап?”
  • —“Адашиб бир хатога қўйдим. Шунинг учун мўминлар амири мени жазоламоқчилар”.

Маслама иниси Язиднинг ҳузурига бориб: “Менинг мўминлар амирида ҳожатим бор”, деди.

  • —“Ибн Заҳҳок масаласидан бошқа ҳар қандай ҳожатинг бажарилажак, иним”.
  • —“Аллоҳга қасамки, бундан бошқа масала йўқ”.
  • —“Аллоҳга қасамки, уни асло кечирмайман”.
  • —“Нима гуноҳ қилибди?”.
  • —“Фотима бинти Ҳусайнга тумшуғини чўзибди. Унга дўқ-пўписа ва таҳдид қилиб ранжитибди. Солим ибн Абдуллоҳнинг насиҳатига ҳам қулоқ солмабди. Мадина аҳлининг уламою солиҳларининг барчалари уни айбламоқдалар”.
  • —“Ибн Заҳҳокка чиқарган ҳукмингиз ҳақ экан, эй мўминлар амири”.
  • —“Унга айт Мадинага қайтсин, токи бу бошқа волийларга ҳам ибрат бўлсин, Мадинанинг янги волийси унинг устидаги амримни бажо келтирсин”.

Мадина аҳли янги волий тайинланганидан жуда хурсанд бўлдилар. Янги волийнинг Ибн Заҳҳок устидан Халифа чиқарган ҳукмни бажаришдаги қатъийлиги уларни янада завқлантирди. Унинг уламоларга қулоқ солиб, улар билан бамаслаҳат иш қилишини кўриб унга янада ҳурматлари ортди.

Янги волий Мадина аҳли хусусида Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ва Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар нимани маслаҳат берсалар шуни қарор қилар эди.

Мусулмонлар халифаси Язид ибн Абдулмаликка Аллоҳнинг раҳмати бўлсин.

Шундай буюк зотларни етиштирган Ислом динимиз нақадар улуғ!

Буюк тобеин Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттобнинг навбатдаги ҳаёт лавҳаларида учрашгунча Аллоҳга омонат бўлинглар.