асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Аллоҳ ва Унинг Расулига иймон келтиришга, диннинг буйруқларига амал қилишга буюриш ва унга даъват қилиш3192 марта кўрилган (7) بَابُ الْأَمْرِ بِالْإِيمَانِ بِاللهِ وَرَسُولِهِ وَشَرَائِعِ الدِّينِ وَالدُّعَاءِ إِلَيْهِ - 10 حَدِيثُ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ إِنَّ وَفْدَ عَبْدِ الْقَيْسِ لَمَّا أَتَوُا النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنِ الْقَوْمُ أَوْ مَنِ الْوَفْدُ قَالُوا: رَبِيعَةُ قَالَ: مَرْحَبًا بِالْقَوْمِ أَوْ بِالْوَفْدِ غَيْرَ خَزَايَا وَلاَ نَدَامَى فَقَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّا لاَ نَسْتَطِيعُ أَنْ نَأْتِيَكَ إِلاَّ فيِ الشَّهْرِ الْحَرامِ، وَبَيْنَنَا وَبَيْنَكَ هَذَا الْحَيُّ مِنْ كُفّارِ مُضَرَ، فَمُرْنَا بِأَمْرٍ فَصْلٍ نُخْبِرْ بِهِ مَنْ وَرَاءَنَا وَنَدْخُلْ بِهِ الْجَنَّةَ وَسَأَلُوهُ عَنِ الأَشْرِبَةِ فَأَمَرَهُمْ بِأَرْبَعٍ وَنَهَاهُمْ عَنْ أَرْبَعٍ: أَمَرَهُمْ بِالإِيمَانِ بِاللهِ وَحْدَهُ، قَالَ: أَتَدْرُونَ مَا الْإِيمَانُ بِاللهِ وَحْدَهُ قَالُوا: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ، قَالَ: شَهادَةُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ، وَإِقَامُ الصَّلَاةِ وَإِيتَاءُ الزَّكاةِ وَصِيَامُ رَمَضَانَ وَأَنْ تُعْطُوا مِنَ الْمَغْنَمِ الْخُمُسَ وَنَهاهُمْ عَنْ أَرْبَعٍ: عَنِ الْحَنْتَمِ وَالدُّبَّاءِ وَالنَّقِيرِ وَالْمُزَفَّتِ وَرُبَّمَا قَالَ الْمُقَيَّرِ وَقالَ: احْفَظُوهُنَّ وَأَخْبِرُوا بِهِنَّ مَنْ وَراءَكُمْ.
7-боб. Аллоҳ ва Унинг Расулига иймон келтиришга, диннинг буйруқларига амал қилишга буюриш ва унга даъват қилиш
10. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг ҳадиси: «Абдулқайс уруғидан бўлган элчилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келишганида Расулуллоҳ улардан «Қайси қавмдансизлар?» ёки «Кимнинг элчисисизлар?»[1] деб сўрадилар. «Рабиа қабиласиданмиз», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй қавм» ёки «Эй элчилар, марҳабо! Хижолат қилмай, пушаймон бўлмай келинглар»,[2] дедилар. Улар: «Эй Расулуллоҳ, биз сизнинг олдингизга фақат (уруш) ҳаром қилинган ойлардагина кела оламиз. Сиз билан ўртамизни мана бу Музар қабиласи кофирларидан бўлган қишлоқ (одамлари) тўсиб туради. Бизга аниқ бир ишни буюрингки, ортимизда қолганларга хабар берайлик ва шу билан Жаннатга кирайлик», дейишди. Улар яна ичимликлар ҳақида ҳам сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга тўрт нарсани буюриб, тўрт нарсадан қайтардилар. Уларга Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига иймон келтиришга буюриб, «Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига иймон келтириш нималигини биласизларми?» – деб сўрадилар. Улар: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», деб жавоб беришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси», деб гувоҳлик бериш, намозни мукаммал ўқиш, закотни бериш, Рамазон (ойи) рўзасини тутиш, (ғазотда тушган) ўлжаларнинг бешдан бирини (эгаларига) беришингиз», деб айтдилар. Кейин тўрт нарса – ҳантам, дуббо, нақир ва музаффатдан[3] қайтардилар. «Муқайяр» деган бўлишлари ҳам мумкин.[4] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (юқоридагиларни айтиб бўлгач): «Буларни ёдлаб олинглар ва ортингиздагиларга етказинглар», дедилар». Бухорий (53), Муслим (17/25). - 11 حَدِيثُ ابْنِ عَبَّاسٍ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَمَّا بَعَثَ مُعَاذًا رضي الله عنه عَلَى الْيَمَنِ قَالَ: إِنَّكَ تَقْدَمُ عَلَى قَوْمٍ أَهْلِ كِتَابٍ، فَلْيَكُنْ أَوَّلَ مَا تَدْعُوهُمْ إِلَيْهِ عِبَادَةُ اللهِ، فَإِذَا عَرَفُوا اللهَ فَأَخْبِرْهُمْ أَنَّ اللهَ قَدْ فَرَضَ عَلَيْهِمْ خَمْسَ صَلَوَاتٍ فيِ يَوْمِهِمْ وَلَيْلَتِهِمْ، فَإِذَا فَعَلُوا فَأَخْبِرْهُمْ أَنَّ اللهَ فَرَضَ عَلَيْهِمْ زَكَاةً مِنْ أَمْوَالِهِمْ وَتُرَدُّ عَلَى فُقَرَائِهِمْ فَإِذَا أَطَاعُوا بِهَا فَخُذْ مِنْهُمْ وَتَوَقَّ كَرَائِمَ أَمْوَالِ النَّاسِ.
11. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг ҳадиси: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга (ноиб қилиб) жўнатаётганларида шундай дедилар: «Сен аҳли китоб бўлган қавмнинг[5] олдига кетяпсан. Уларга қиладиган илк даъватинг Аллоҳнинг ибодатига бўлсин. Аллоҳни танисалар (иймон келтирсалар), Аллоҳ уларга кундузи ва кечаси беш вақт намоз ўқишни фарз қилгани ҳақида хабар бер. Буни қилсалар, Аллоҳ уларга мол-мулкларидан закотни фарз қилганини етказ – у ораларидаги камбағалларга қайтариб берилади. Бунда ҳам итоат қилсалар, улардан закотни ол ва (айни пайтда) одамларнинг энг яхши молларидан олишдан сақлан (чорва молларидан ҳам, ҳосил ва бошқа нарсалардан ҳам ўртачасини закот сифатида олгин)». - 12 حَدِيثُ ابْنُ عَبَّاسٍ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بَعَثَ مُعَاذًا إِلَى الْيَمَنِ فَقَالَ: اتَّقِ دَعْوَةَ الْمَظْلُومِ فَإِنَّهَا لَيْسَ بَيْنَهَا وَبَيْنَ اللهِ حِجَابٌ.
12. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг ҳадиси: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётганларида «Мазлумнинг дуосидан эҳтиёт бўл. Чунки у билан Аллоҳнинг ўртасида парда (тўсиқ) йўқ!» – деб айтдилар».[6] Бухорий (2448). Муслим (19/30). (8) بَابُ الْأَمْرِ بِقِتَالِ النَّاسِ حَتَّى يَقُولُوا لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ مُحَمَّدٌ رَسُولُ اللهِ 13 - حَدِيثُ أَبِي بَكْرٍ وَعُمَرَ قَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ: لَمَّا تُوُفِّيَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، وَكَانَ أَبُو بَكْرٍ رضي الله عنه، وَكَفَرَ مَنْ كَفَرَ مِنَ الْعَرَبِ، فَقالَ عُمَرُ رضي الله عنه: كَيْفَ تُقاتِلُ النَّاسَ وَقَدْ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أُمِرْتُ أَنْ أُقَاتِلَ النَّاسَ حَتَّى يَقُولُوا لَا إِلَهَ إِلاَّ اللهُ، فَمَنْ قَالَهَا فَقَدْ عَصَمَ مِنِّي مَالَهُ وَنَفْسَهُ إِلاَّ بِحَقِّهِ، وَحِسَابُهُ عَلَى اللهِ فَقَالَ أَبُو بَكْرٍ: وَاللهِ لَأُقَاتِلَنَّ مَنْ فَرَّقَ بَيْنَ الصَّلَاةِ وَالزَّكَاةِ، فَإِنَّ الزَّكَاةَ حَقُّ الْمَالِ، وَاللهِ لَوْ مَنَعُونِي عَنَاقًا كَانُوا يُؤَدُّونَهَا إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَقَاتَلْتُهُمْ عَلَى مَنْعِهَا قَالَ عُمَرُ رضي الله عنه: فَوَاللهِ مَا هُوَ إِلاَّ أَنْ قَدْ شَرَحَ اللهُ صَدْرَ أَبِي بَكْرٍ رضي الله عنه فَعَرَفْتُ أَنَّهُ الْحَقُّ.
8-боб. Одамлар «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг элчиси» деб айтгунларига қадар (Исломга кирмагунларича) уларга қарши урушишга буйруқ 13. Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо ўрталарида ридда[7] масаласида бўлган суҳбатга доир Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларидан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳу (халифа) бўлди. Араблардан кофир бўлгани кофир бўлди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Қандай қилиб одамларга қарши урушасиз? Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ла илаҳа иллаллоҳ» («Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ») деб айтгунларига қадар одамларга қарши урушишга буюрилдим. Ким шуни айтган бўлса, дарҳақиқат, моли ва жонини мендан сақлабди. Бундан фақат унинг (Исломнинг белгилаб қўйган) ҳаққи[8] мустасно. Унинг ҳисоб-китоби эса Аллоҳга ҳаволадир», деб айтгандилар-ку!» – деди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу бунга жавобан: «Аллоҳга қасамки, намоз ва закотнинг ўртасини ажратган (бирини қабул қилиб, иккинчисини инкор этган) кишига қарши урушаман. Чунки закот молнинг ҳаққидир. Аллоҳга қасамки, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бериб юришган бир кичкина улоқни бўлса ҳам (закот сифатида бермай) мендан ман қилишса, мана шу ишлари учун уларга қарши урушаман», деди. Кейинчалик Умар розияллоҳу анҳу: «Аллоҳга қасамки, бунда Аллоҳнинг Ўзи Абу Бакрнинг қалбини очиб қўйган экан, билдимки, у ҳақ экан», деб айтди». Бухорий (1399-1400), Муслим (20/33). - 14حَدِيثُ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أُمِرْتُ أَنْ أُقَاتِلَ النَّاسَ حَتَّى يَقُولُوا لَا إِلَهَ إِلاَّ اللهُ، فَمَنْ قَالَ لَا إِلَهَ إِلاَّ اللهُ فَقَدْ عَصَمَ مِنِّي نَفْسَهُ وَمَالَهُ إِلاَّ بِحَقِّهِ، وَحِسَابُهُ عَلَى اللهِ.
14. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамларга қарши – токи улар «Ла илаҳа иллаллоҳ» («Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ») деб айтгунларича – урушишга буюрилдим. Ким «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтса, жони ва молини мендан сақлабди. Бундан фақат унинг (Исломнинг) ҳаққи мустасно. Ҳисоб-китоби эса Аллоҳга ҳаволадир», дедилар». Бухорий (2946), Муслим (21/34). - 15 حَدِيثُ ابْنُ عُمَرَ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أُمِرْتُ أَنْ أُقَاتِلَ النَّاسَ حَتَّى يَشْهَدُوا أَنْ لَا إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَأَنَّ مُحَمَّداً رَسُولُ اللهِ، وَيُقيمُوا الصَّلَاةَ وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ، فَإِذَا فَعَلُوا ذَلِكَ عَصَمُوا مِنِّي دِمَاءَهُمْ وَأَمْوَالَهُمْ إِلاَّ بِحَقِّ الْإِسْلَامِ، وَحِسَابُهُمْ عَلَى اللهِ.
15. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадис: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамлар Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва албатта, Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси», деб гувоҳлик бериб, намоз ўқиб, закотни бергунларигача уларга қарши урушишга буюрилдим. Агар буларни қилсалар, қонларию молларини мендан сақлабдилар, бундан фақат Исломнинг ҳаққи мустасно. (Уларнинг) ҳисоблари эса Аллоҳ таологадир[9]», дедилар». (9) بَابُ أَوَّلِ الْإِيمَانِ قَوْلُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ 16 - حَدِيثُ الْمُسَيَّبِ بْنِ حَزْنٍ قَالَ: لَمَّا حَضَرَتْ أَبَا طَالِبٍ الْوَفَاةُ جَاءَهُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَوَجَدَ عِنْدَهُ أَبَا جَهْلِ بْنَ هِشَامٍ وَعَبْدَ اللهِ بْنَ أَبِي أُمَيَّةَ بْنِ الْمُغِيرَةِ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لِأَبِي طَالِبٍ يَا عَمِّ قُلْ لَا إِلَهَ إِلاَّ اللهَ كَلِمَةً أَشْهَدُ لَكَ بِهَا عِنْدَ اللهِ، فَقَالَ أَبُو جَهْلٍ وَعَبْدُ اللهِ بْنِ أَبِي أُمَيَّةَ يَا أَبَا طَالِبٍ أَتَرْغَبُ عَنْ مِلَّةِ عَبْدِ الْمُطَّلِبِ فَلَمْ يَزَلْ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَعْرِضُهَا عَلَيْهِ، وَيَعُودَانِ بِتِلْكَ الْمَقَالَةِ حَتَّى قَالَ أَبُو طَالِبٍ، آخِرَ مَا كَلَّمَهُمْ، هُوَ عَلَى مِلَّةِ عَبْدِ الْمُطَّلِبِ، وَأَبَى أَنْ يَقُولَ لَا إِلَهَ إِلاَّ اللهُ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَمَّا وَاللهِ لَأَسْتَغْفِرَنَّ لَكَ مَا لَمْ أُنْهَ عَنْكَ فَأَنْزَلَ اللهُ تَعَالَى فِيهِ (مَا كَانَ لِلنَّبِي) الْآَيَةَ.
9-боб. Иймоннинг аввали «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтиш 16. Мусайяб ибн Ҳазн розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: «Абу Толибга ўлим вақти етганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг олдига келдилар. У ерда Абу Жаҳл ибн Ҳишом ҳамда Абдуллоҳ ибн Абу Умайя ибн Муғийрани кўрдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Толибга: «Эй амаки, «Ла илаҳа иллаллоҳ» денг. Шу калима билан Аллоҳнинг ҳузурида сизнинг фойдангизга гувоҳлик берай», дедилар. Шунда Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Абу Умайя «Эй Абу Толиб, Абдулмуттолибнинг динидан юз ўгирасанми?!» – дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга (иймон калимасини айтишни) қайта-қайта таклиф қилавердилар. Анави иккиси эса ўз гапларини такрорлайверишди. Охири Абу Толибнинг уларга айтган сўнгги сўзи «У Абдулмуттолибнинг динида» дейиш бўлди – «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейишдан бош тортди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга қасамки, модомики, бундан қайтарилмас эканман, сиз учун истиғфор айтавераман», дедилар. Шунда Аллоҳ Таоло бу ҳақда: «مَا كَانَ لِلنَّبِيِّ وَالَّذِينَ آمَنُوا أَن يَسْتَغْفِرُوا لِلْمُشْرِكِينَ وَلَوْ كَانُوا أُولِي قُرْبَىٰ مِن بَعْدِ مَا تَبَيَّنَ لَهُمْ أَنَّهُمْ أَصْحَابُ الْجَحِيمِ» «Пайғамбар ва мўминлар учун дўзах эгалари эканлиги аён бўлган мушрикларга, агарчи яқин қариндошлари бўлса ҳам, истиғфор айтишлари мумкин эмасдир» (Тавба: 113) оятини нозил қилди». Бухорий (1360), Муслим (24/40).
[1] Бу ердаги шак – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайси сўзни ишлатганлари борасидаги иккиланиш ҳадисни Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган Абу Жамра ёки ундан ривоят қилган Шуъбага тегишли. Ибн Ҳажар Асқaлоний “Фатҳул-Борий”да “Мен жумла қандай айтилганида Шуъба иккиланган, деб ўйлайман”, деган. [2] Яъни, “Сизлар ўз ихтиёрингиз билан мусулмон бўлиб келдинглар, демак, қандайдир мажбурият, тобеълик юки билан келмаганинглар учун хижолат бўлманглар. Келишингиздан фақат фойда бор. Шундай экан, пушаймон ҳам бўлмайсизлар”, маъносида. [3] Ҳантам – лойдан ясалган кўза. Дуббо – қовоқ, ичи ўйиб тозаланганидан кейин қуритилиб, суюқлик сақлашда фойдаланилади. Нақир – ўртаси ўйиб, суюқлик сақлаш учун идишга айлантирилган хурмо тўнкаси. Музаффат – ташқариси сақич (битум) билан қопланган, ёғоч ёки бошқа нарсадан қилинган суюқлик идиши. Муқайяр – қор (қир) номли сақич ўрнини босувчи ўсимлик моддаси қопланган, суюқлик сақлашга мўлжалланган идиш. Бу тўрт (муқайяр билан беш) турдаги идишни ишлатишдан қайтарилгани сабаби жоҳилият пайтида айни шуларда маст қилувчи ичимликлар тайёрланган. (“Фатҳул-Борий”дан). [4] Бу ерда “Муқайяр деган бўлишлари ҳам мумкин”, деб иккиланган киши ҳадис ровийларидан Шуъбадир. Имом Муслим “Саҳиҳ”ида шундай келтирган. [5] “Яман аҳли Асъад Зи Кариб давридан буён яҳудий эди. Кейин Ҳабашистон Яманни босиб олгач, у ерда насронийлик тарқалди. Аммо Каъбани бузишни қасд қилиб, Маккага қўшин тортиб келган фил соҳиби Абраҳанинг ўлими билан Яманда насронийлар қолмади. Фақат Яман ва Макка орасидаги Нажрон аҳолиси насроний эди”. Ибн Ҳажар Асқалоний. “Фатҳул-Борий”. “Тавҳид китоби”, 1-боб: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини Аллоҳ таборака ва таолога ибодат қилишга даъват қилганлари”, 7372-ҳадис.
[6] Бу ҳадис олдинги ҳадиснинг давоми. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётганларида у ерда Аллоҳнинг якка ўзига ибодат қилиш, намоз ўқиш, закот беришга даъват қилишни тайинладилар. Ва охирида закот олаётганда одамларнинг энг яхши молларини олмаслик, балки ўртачасини қабул қилиш, шу билан одамларга зулм қилиб қўйишдан сақланишни уқтирдилар. Чунки мазлумнинг дуоси билан Аллоҳнинг ўртасида парда йўқ: золимга қарши қилинган дуо аниқ ижобат бўлади. [7]Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин кўп араб қабилалари Исломдан чиқиб, муртад бўлиб кетган. Баъзилари “Намоз ўқиймиз, лекин закот бермаймиз”, деган даъвони қилган бўлса, баъзилари ўз қабилаларидан пайғамбарлик даъвоси билан чиққан Мусайлама Каззоб кабиларга эргашиб кофир бўлган. Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифалик қилган йилларда асосий кураш мусулмонлар ва муртадлар ўртасида, уларни Исломга қайтариш учун кечган. Мана шу урушлар “Ридда жанглари” деб ном олган. [8] Исломнинг ҳаққи: масалан, турмуш кўрган зинокорни тошбўрон қилиб ўлдириш, бировнинг жонига тажовуз қилган бўлса, унинг яқинлари қасосни талаб қилсалар ундан қасос олиш, бировнинг молига тажовуз қилган бўлса, молидан олиб бериш ва ҳоказо Ислом қўйган ҳад-ҳудудлар. [9] Бу амалларни хўжакўрсинга, мунофиқлик билан қилсалар ҳам уларга қарши урушмайман, Қиёматда Аллоҳнинг Ўзи ҳисоб-китоб қилиб олади. |