Пайшанба 26 Декабрь 2024 | 24 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Япония мусулмонларига Муҳаммад Султоннинг ҳадяси/Мусулмон киши тўрт мазҳабдан муайян бир мазҳабга эргашиши шартми? (давоми)

2875 марта кўрилган

Модомики, салафи солиҳлар тақлид, қарамлик ва ақлни ишлатмасликни Ислом рад ва инкор қиладиган иш деб, мусулмон киши уни зарурат бўлмаган пайтда ушлаши муносиб эмас деб санаган эканлар, қандай қилиб ислом уммати ҳаётида асл-асос бўлиб келган ижтиҳод фавқулодда (иккиламчи) ишга айланиб қолди?![1]

Дилларни ўзгартириб, бошларни айлантириб қўйган бундай улкан фикрий тўнтаришга олиб келган бир талай сабаблар борки, улар ичида диний омил йўқлигида шак-шубҳа йўқдир.

Бу омиллар айланиб келиб, асосан сиёсатларга тақалади. Чунки, ижтиҳод уламоларнинг исломий қоидалар доираси ичида эркин фикрлашлари чўққисини ўзида мужассам этгани учун кўп ҳокимлар ижтиҳоддан қўрқишар, ижтиҳод уларнинг ҳокимиятни ўз истакларича бошқаришларига халақит берарди. Мисол учун, Имом Моликнинг мажбурланган кишидан талоқ содир бўлмаслиги ҳақидаги фатвоси Банул Аббос халифаларининг оромларига анча путур етказган, чунки улар одамларнинг уларга берган байъатларига ишонч ҳосил қилиш мақсадида ана шу талоқни (яъни, агар байаътимда содиқ бўлмасам хотиним талоқ бўлсин деган гапни айтишга мажбурлашни) ўйлаб топган эдилар. Ҳокимлар одамларни муайян мазҳабларда юришга мажбур қилмоқчи ҳам бўлганлар, бироқ бу ишлари аввал-бошдаёқ Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмайдиган уламоларнинг инкорига дуч келган.

Халифа Мансур одамларни мажбуран Имом Молик мазҳабида юришга буйруқ бермоқчи бўлганида Имом Моликнинг ўзи биринчи бўлиб бунга қарши чиққан ва: «Эй амирал-муъминийн, бундай қилманг. Чунки, одамларга сўзлар етиб келган, ҳадисларни эшитганлар, ривоятлар нақл қилганлар, ҳар бир қавм илгари ўзига етиб келган нарсани ушлаб, ўшанга амал қилиб келган. Энди уларни эътиқодларидан қайтариш қийин, одамларни ўз ҳолига қўйинг, ҳар бир диёр аҳли ўзи танлаган нарсасида қолаверсин», деган эди.[2]

Мазкур забардаст уламолар ўтиб кетганларидан кейин ҳокимларнинг рағбатларига ижобат қилувчи қавмлар (яъни илм аҳллари) пайдо бўлди. Уларнинг ҳимматлари суст, азму қарорлари заиф бўлиб, илгариги пешқадам зотларнинг (илмлари) дастурхонидаги увоқлар билан ҳаёт кечиришни хуш кўрдилар ва (илмда) ожизликлари туфайли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уммати ҳижрий тўртинчи юз йилликдан кейин унумсиз бўлиб қолганини айта бошладилар.

Бу эса ижтиҳоддан қўрқув фикрини ривожлантираётган сиёсатчиларнинг ижтиҳод эшигини ёпиш рағбатига айни мос тушадиган гап бўлди.

Ибн Халдун айтади: «Уни (яъни ижтиҳодни) унга нолойиқ бўлган ва раъйлари мўътабар бўлмаган кишиларга топшириб қўйилиши хавфи бўлгани боис (илмда) ожизликларини эълон қилиб, одамларни ўшаларга (яъни илгариги пешқадамларга) тақлид қилишга чорладилар, тақлидларида ундан бунга ўтишдан ман қилдилар ва фақат ҳар бир муқаллид ўзи эргашган мазҳабигагина амал қилиши лозимлигини уқтирдилар...»[3]

Ижтиҳодни ман қиладиган кишиларнинг далил халталарини титкилаб кўриб, унда ижтиҳод эшигини ёпишган биринчи кундан тортиб то бугунгача на Китобу Суннатдан, на асар ва на мўътабар ижмоъдан бирон шаръий далиллари борлигини топмадик. Бор-йўқ далиллари шуки, уммат на илм, на тақво жиҳатидан ижтиҳодга лаёқати бўлмаган мужтаҳидлик даъвосидаги кишиларга эргашиб кетиб, адашиш ва чалкашликларга тушиб қолмаслиги ва бунинг натижасида динбузарлик қилиб, дин аҳкомларини ўйин қилиб олмаслиги ва диний тартибсизликни (анархияни) пайдо қилиб қўймаслиги учунгина уламолари ижтиҳод эшигини ёпган эканлар.

Шайх Муҳаммад Ҳомид айтади: «Лекин, ижтиҳодга лаёқати бўлмаган киши мужтаҳидлик даъво қилмаслиги ва биздан олдинги умматларда содир бўлганидек кенг кўламдаги диний анархияга тушиб қолмаслигимиз учун, ана шунинг учун тақводор уламолар бу умматга унинг адашиш ва чалкашликка тушиб қолишидан шафқат қилиб бу эшикни ёпишни рай қилганлар».[4]

Бу сўзда тўғриликдан улуш йўқдир. Чунки, бу гапда заррача эътибор бўлганида, Аллоҳ албатта унга бизни йўллаган бўларди. Чунки, У башарият учун дину дунёларида нима салоҳиятли бўлишини ҳам, нима улар учун зарарли бўлишини ҳам яхши билади. Шунинг учун уларнинг ҳаётларидаги катта-ю кичик ишларни қўймасдан, ҳаммаси учун буйруқ ё қайтариқлар содир этган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни қўймасдан ҳаммасини етказиб кетганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ сизларга буюрган ишлардан бирортасини ҳам қўймасдан, мен уни сизларга буюрдим. Аллоҳ сизларни қайтарган ишлардан бирортасини қўймасдан, мен ундан сизларни қайтардим».[5]

Аллоҳ таоло катта бир хатарни, улкан бир ёмонликни ва асрлар мобайнида ислом умматини қоплаб оладиган ва ҳамма ёқда диний анархияни пайдо қиладиган, мусулмонларни тирқиратиб, бўлиб ташлайдиган қора кунлар келишини била туриб, ундан огоҳлантирмаган бўлиши ақлга тўғри келадими?! Ёки У – субҳанаҳу – бандаларини улар бошига таҳдид соладиган нарсадан хабардор этишни унутганмикин?! Асло ундай бўлиши мумкин эмас!! Аллоҳ таоло айтади: «Парвардигорингиз унутувчи эмасдир» (Марям: 64).

Битта нарсани билишингиз кифоя қиладики, Аллоҳ таоло қиёмат олдидан мусулмонларнинг бир авлоди йўлиқадиган жуда катта бир хатарни, яъни Дажжол чиқишини билиб, Ўзининг сўнгги пайғамбари воситасида ҳамма мусулмонларни огоҳлантирган. Шунингдек, ўтган пайғамбарлар ҳам умматларини ёлғончи ғилайдан (яъни дажжолдан) огоҳлантирган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳамма пайғамбарлар умматларини каззоб ғилайдан огоҳлантирганлар. Огоҳ бўлингларки, у ғилайдир, сизларнинг Парвардигорингиз ғилай эмас, унинг (яъни дажжолнинг) икки кўзи ўртасига «кофир» (ك ف ر ) деб ёзилган бўлади»[6].

Фарқи шуки, фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларини ўтган умматлар билмаган тафсилотлардан хабардор этганлар ва айтганларки: «Мен сизларга Дажжол ҳақида бирон бир Пайғамбар ўз қавмига айтмаган бир гапни айтиб берайми? У ғилайдир, у билан бирга жаннат ва дўзахга ўхшаш нарса келади. Унинг жаннат деб айтаётгани дўзах бўлади»[7].

Мусулмонларнинг бир авлоди йўлиқадиган бу бало ҳақидаги ҳадислар мутавотирлик даражасига етган бўлса-ю[8], нима учун барча мусулмонларни қоплаб оладиган шундай катта диний анархия ҳақида Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам Суннатларида бирор хабар топмаяпмиз?! Бу нарса Аллоҳнинг дини ҳақида билиб-билмай гапириш, Аллоҳ номидан ёлғон тўқиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан кизб эмасми, ахир?!

Асрлар мобайнида ижтиҳод эшиги очиқ қолиши ортидан бутун уммат бошига келадиган бу фитна масиҳи дажжол фитнасидан ҳам каттароқ дейдиган бўлсак, бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу ҳадислари билан рад қилинадики: «Одам (алайҳиссалом) яратилганидан тортиб то қиёматгача Дажжолдан кўра (фитнаси) каттароқ халқ (махлуқ) йўқдир»[9].

Биз кейинги даврлар муқаллидлари ўзлари бошлари билан шўнғиб кетган мазҳабчилик таассуби фитнасини ҳимоя қилиш мақсадида ўйлаб топишган бу улкан фитна ҳақида бирон саҳиҳ хабар ё асарга дуч келармикинмиз деб Суннат девонларини варақлаб чиқдик, бироқ ҳеч нарса топмадик. Аксинча, ижтиҳод эшигини ёпишдан келиб чиққан мазҳабчилик таассубидан огоҳлантиришни топдик.

Амр ибн Қайс ас-Сакуний айтади: «Отам билан бирга Муовия ҳузурига бораётган элчилар ичида йўлга чиқдим. Бир кишининг одамларга ҳадис сўзлаётганини эшитдим. У шундай дерди: «Ёмонлар юқори кўтарилиши, яхшилар пастлатилиши, амални йиғиштириб қўйилиши ва гапнинг ғолиб бўлиши, қавм ичида «маснот» (المَثْناة) ўқилиши ва улар ичида буни ўзгартирадиган ва инкор қиладиган кишининг бўлмаслиги қиёмат аломатларидандир».

««Маснот» нима?», деб сўралди.

«Аллоҳ азза ва жалланинг Китобидан бошқа ёзилган нарсалар», деди[10].

Мен бу ҳадисни бир қавмга сўзлаб бердим, улар ичида Исмоил ибн Убайдуллоҳ ҳам бор эди. У: «Мен ҳам ўша сиз бўлган мажлисда бор эдим. У кишининг кимлигини биласизми?», деди. «Йўқ», дедим. «У Абдуллоҳ ибн Амр», деди.

Ҳа, муқаллидлар ичида «маснот»ни ўқилди, гўёки у Аллоҳ таоло тарафидан нозил қилинган китобдек, ичларида унинг бир ҳарфини ҳам ўзгартирадиган одам бўлмади. Улар динни бўлиб ташладилар, дин аҳлини гуруҳларга айлантирдилар, ҳар бир гуруҳ ўзининг матбуъи (эргашган кишиси) ёнини олади ва фақат унга чорлайди, унга мухолиф бўлганларни қоралайди ва уларнинг сўзларига амал қилишни лозим кўрмайди, ҳатто улар гўё бутунлай бошқа миллатдек, уларга қарши раддиялар беришга, уларнинг сўзларини ўз эътиқодлари ва мазҳабларига мувофиқлаштиришга зўр бериб уринадилар. Таассуб уларда шу даражага етганки, ҳатто улардан бирлари – ўзи исломий университетлардан бирида устоз – шундай дейди: «Мен «Зодул-маъод» китобини шундай ҳанафийлаштирдимки – яъни унга шу даражада ҳанафийлик либоси кийдирдимки – агар Ибн Қаййим уни кўрса, албатта ҳанафий бўлиб кетарди».

«Уларнинг китоблари, бизнинг китобларимиз, уларнинг имомлари, бизнинг имомларимиз, уларнинг мазҳаби, бизнинг мазҳабимиз» деган сўзларни қўллайдилар.

Қуръонни маҳжур (тарк қилинган нарса) қилдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннатлари унутилди, мабодо бор бўлса ҳам, фақат табаррукланиш учун қолди. Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзлари гўё уларда мужассам бўлди: «Сўнг (одамлар) ишларини (яъни динларини) бўлакларга бўлиб юбордилар. Ҳар бир гуруҳ ўз олдиларидаги нарса (дин) билан хурсанддирлар» (Муъминун: 53).

Яъни, ҳар бир фирқа китоблар тасниф қилиб, ўшаларни ушладилар, ўшаларга амал қилдилар ва бошқа китобларни тарк қилиб, фақат ўша китобларга чақирдилар.

Мазҳабчилик таассубини эзиб янчиб ташлайдиган энг катта далил Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги марфуъ ҳукмидаги ҳадис бўлса ажаб эмас.

У киши айтдилар: «Унинг ичида катталар қариб, ёшлар улғаядиган, одамлар уни суннат деб ушлаб, ундан бирон нарса тарк қилинса суннат тарк қилинди, дейдиган фитналар сизларни ўраб олганида, қандай қиларкансизлар?!».

«Бу қачон бўлади»?», деб сўрадилар.

«Олимларингиз кетса, (илмсиз қуруқ) қориларингиз кўпайса, фақиҳларингиз камайса, амирларингиз кўпайса, омонатдорларингиз камайса, охират амали билан дунё талаб қилинса, диндан бошқа нарса учун фақиҳ бўлинса», дедилар[11].

Имом Ибн Қаййим ал-Жавзия мазҳабчиликдаги кишиларнинг фикрларига таассуб қилиш фитнасини чиройли қилиб тушунтиради. У энг яхши асрлар аҳлларини, уларнинг тўғрилик йўлига эргашганларини баён қилгач, шундай дейди: «Сўнг улардан кейин ўринларига келган авлодлар динларини парчаладилар ва гуруҳ-гуруҳларга бўлиниб, ҳар бир гуруҳ ўз олдидаги нарсалар билан хурсанд бўлди, мазҳабларга таассуб қилишни диёнатлари ва асосий сармоялари қилиб олдилар, бошқа бирлари эса тақлиднинг ўзи билангина қаноатланиб: «Албатта бизлар ота-боболаримизни бир миллат дин устида топганмиз ва албатта бизлар уларнинг изларидан бориб ҳидоят топгувчидирмиз» (Зухруф: 22), дедилар, ҳар икки гуруҳ ҳақдан четда бўлиб қолди, ҳақ тили уларга қарата: «Сизларнинг хомхаёлларингиз ҳам, аҳли китобнинг хомхаёллари ҳам ҳақ эмас» (Нисо: 123) деб хитоб қиларди.

Шофиий раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Мусулмонлар ижмоъ-иттифоқ қилганларки, кимгаки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари очиқ-равшан маълум бўлса, у киши уни қўйиб, бошқа бировнинг гапини олиши мумкин эмас».

Абу Умар ва бошқа уламолар айтганлар: «Одамлар муқаллиднинг илм аҳлидан саналмаслигига ва илм ҳақни далили билан билиш эканига ижмоъ қилганлар».

Иш Абу Умар раҳимаҳуллоҳ айтганидекдир. Зеро, одамлар илм далилдан ҳосил бўлувчи маърифат экани ҳақида ихтилоф қилмайдилар. Аммо, далилсиз бўлганида у тақлидга айланади.

Мазкур икки ижмоъ ҳавосига таассуб қилувчи ва кўр-кўрона тақлид қилувчини уламолар жамоатидан чиқаришни ва улардан пайғамбарларнинг меросидан бўлган улушларга ҳақдорлик соқит бўлишини ўз ичига олган. Зеро, уламолар пайғамбарларнинг ворисларидир, пайғамбарлар эса олтин ва кумуш мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қўйганлар, ким уни олса тўла улушни олган бўлади. Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсани ўзи эргашган кишининг қавлига қайтаришга жон жаҳди билан уринадиган, соатлаб умрини таассуб ва ҳавога зое қиладиган ва зое қилаётганини ўзи сезмайдиган киши қандай қилиб Пайғамбар вориси бўла олади?! Аллоҳга қасамки, бу кенг ёйилган ва кўзларни кўр қилиб, дилларни тош қотириб қўйган, гўдаклар унда улғайган, катталар унда кексайган, шу туфайли Қуръон тарк қилинган жуда катта фитнадир. Бу нарса Аллоҳнинг Китобда битиб қўйилган қазо ва қадари билан бўлди. Ушбу бало кенгайиб, у сабабли ҳолат оғирлашиб шу даражага етдики, кўпчилик одамлар ундан бошқасини билмайдиган, фақат уни илм деб санайдиган бўлиб қолди, ҳақни ўз ўрнидан талаб қилувчи улар наздида фитнага дучор бўлган кишига ва ҳақни афзал кўрувчи зиёнкорга айланди. Ўзларига мухолиф бўлганлар йўлига тузоқ қўядиган, улар учун ёмонлик тилайдиган, уларга жаҳолат, зулм ва саркашлик ўқини отадиган, биродарларига: «Дарҳақиқат мен у сизларнинг динингизни ўзгартириб юборишидан ёки Ер юзида бузғунчилик авж олдиришидан қўрқмоқдаман» (Ғофир: 26) дейдиган бўлиб қолдилар.

Ўз қадр-қимматини биладиган кишига уларга илтифот қилмаслик ва улар олдидаги нарсага рози бўлмаслик муносиб бўлади. Агар унга суннати набавийя илми воқеъ бўлса, ўшанга енг шимариши лозим. Ҳали ғиз этиб қиёмат қойим бўлиб, қабрдагилар ер юзига, қалбдагилар ташқарига чиқарилиб, барча халойиқнинг қадами Аллоҳ ҳузурида бир текис туради ва ҳар бир банда ўзи тақдим қилган амалларни кўради, ҳақ ва ботил эгалари ўртасида ажралиш ҳосил бўлади, Парвардигорларининг Китобидан ва Пайғамбарларининг Суннатидан юз ўгирган кишилар ўзларининг козиб эканларини билишади»[12].

Бизнинг юқоридаги гапларимиз уларнинг «ижтиҳод эшигини фитнани тўсиб қолиш ва диний анархиянинг олдини олиш мақсадида ёпдилар» деган сўзларини тўғри деб фараз қилган ҳолатдаги гаплар эди. Дарҳақиқат, уларнинг сўзлари аксинча бўлганда саҳиҳроқ ва тўғриликка яқинроқ бўлиши маълум бўлди. Биз бунга Китобу Суннатдан далиллар олиб келдик. Энди бунга ақлий жиҳатдан бир изоҳни қўшимча қилиб, айтамизки: «Ижтиҳод эшигини ёпиш ҳақидаги даъволарингиз мужтаҳидлик даъво қилувчиларни ижтиҳод майдонидан тўса олади деб ўйлайсизми?! Бир оғиз сўзларингиз уларни хоҳиш-ҳаволаридан тийиб қўя оладими?! Ижтиҳодни даъво қилувчи даъвогарлар Ғолиб ва Қудратли, азоби қаттиқ Зот бўлмиш Аллоҳ таолонинг амрига хилоф қилишди. Сизларнинг на қудратингиз, на қувватингиз бор. Нима, улар сизлардан Аллоҳдан кўра ҳам қаттиқроқ қўрқишадими?! Шак-шубҳасиз, улар сизларнинг буйруғингизга ҳам, маслаҳатларингизга ҳам парво қилишмайди, чунки улар Аллоҳдан қўрқишмайди, Ундан тақво қилишмайди. Шундай экан, сизларнинг сўзларингиздан фойда йўқ. Бу билан на бировни тўса оласиз, на ғаразли кимсаларни йўлидан қайтара оласиз. Балки, аксинча, улар бидъатлардан тозалайдиган ва суннатларни тирилтирадиган ҳақиқий мужтаҳидлардан майдон холи қолганини кўришгач, шавкатлари яна ҳам ортади, зўрликлари яна ҳам кучаяди, истаган ишларини қилаверишади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Албатта Аллоҳ илмни бандалари (қалби)дан суғуриб олиш билан олиб қўймайди, балки илмни олимларни олиш билан олиб қўяди. Ҳатто бирон бир олимни қолдирмагач, одамлар жоҳил кимсаларни ўзларига бош қилиб олишади, улардан (фатво) сўралганда илмсизлик билан фатво бериб, (ўзлари ҳам) адашиб, (бошқаларни ҳам) адаштиришади»[13].

Илмнинг ёруғ уфқида ҳақ нури порлаб турса, ботил ўчиб йўқ бўлиб кетади, исломнинг кучли қуроллари мужтаҳидлар қўлида турганида даъвогарларнинг тиллари соқов бўлиб қолади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзлари айни шу шаръий ҳақиқатни ўз ичига олгандир: «Бу илмни ҳар бир халаф-авлоддан энг адолатли кишилари ўз зиммаларига олади, ундан ғулувга кетувчиларнинг ўзгартиришларини, бекорга чиқарувчиларнинг тўқималарини ва жоҳилларнинг таъвилларини рад қиладилар»[14].

Ижтиҳод эшигини ёпувчилар узоққа бормай, бир неча жиҳатдан таноқузга (ўз гапларига ўзлари қарама-қарши бўлишга) тушиб қолишдан қутулолмайдилар:

1)Ўзлари тақлидни фарз санаб, ижтиҳодни ман қилишгани ҳолда қазо (қозиликка доир) китобларда муфтий ва қози бўлиш шартлари ичига мужтаҳид, Китоб ва Суннат далилларини билувчи бўлишни киритишади.

Ибн Ҳамдон ал-Ҳанбалий айтади: «Унинг сифати ва шартлари жумласига мусулмон, адолат соҳиби, мукаллаф, фақиҳ, мужтаҳид, теран фикрли, зеҳни, фикри, тасарруфи ва шунга тааллуқли нарсалари соғлом бўлиши киради»[15].

Кейин кўрасизки, қозилик ва муфтийлик курсисида савлат тўкиб ўтиришади, барча саъй-ҳаракатлари ҳаёти дунёдаёқ йўқ бўлиб кетиб, яна ўзларини чиройли – яхши амал қилаётган кишилар, деб ҳисоблашади.

2)Агар бир олимни яхши кўрсалар, унга болохонадор лақаб ва унвонларни ёпиштирадилар, бошига ижтиҳод тожини кийдирадилар, бунга мисол қилиб шайх Муҳаммад Ҳомиднинг Ҳасанул Банно раҳимаҳуллоҳ ҳақида айтган сўзларини келтириш мумкин[16]. Ваҳоланки, унинг ўзи бошқа бир ўринда шундай дейди: «Бизнинг замонимизда мутлақ ижтиҳодни фақат ақли ноқис, илми кам, дини заиф кишигина даъво қилиши мумкин»[17].

3)Агар улар билан бошқа мазҳаблар уламолари ўртасида тортишув бўлиб қолса ёки бир олим мазҳабдаги бир хатони тузатишга уринса, улардан бировини кўрасизки, рақибига қарши кучли ва кескир ҳужжатлашув қиличини суғуради, олдига барча нақлий ва ақлий далилларни териб қўяди, мазҳабини ҳимоя қилиш мақсадида ҳужжат ва далиллар келтираркан, алломаи замон ва ўз асрининг танҳо олими бўлиб кўринади. Мана шунинг ўзи гарчи ўзи сезмаса ҳам, у тарафидан бўлган ижтиҳоддир. Баъзилари буни сезади ҳам, бироқ билиб туриб ўзини билмасликка олади. Шайх Албоний ва бир муқаллид ўртасида бўлиб ўтган қуйидаги баҳс-мунозара воқеаси муқаллидлар тарафидан ҳам аниқ ижтиҳод содир бўлишига далил бўладиган ҳикоялардан саналади: «... Бу воқеа менга Сурия шимолидаги муфтийлардан бири билан орамизда кечган бир баҳсни ёдимга солади.

Мен ундан сўрадим: - Учоқда (самолётда) ўқилган намоз саҳиҳ-дуруст бўладими?

У: - Ҳа – деб жавоб берди.

Мен: - Сиз буни тақлид деб биласизми, ижтиҳод дебми?

У: - Нима демоқчисиз?

Мен: - Фатводаги усул (асл-асос)ларингиздан маълумки, ижтиҳод билан фатво бериш жоиз эмас, балки имом томонидан бўлган бир нас (сўз)га суянибгина фатво бериш мумкин. Хўш, тоирада ўқилган намознинг дуруст бўлишига насс (имомнинг сўзи) борми?

У: - Йўқ.

Мен: - Ундай бўлса, қандай қилиб ўз усулларингизга хилоф қилиб, нассиз фатво бердингизлар?

У: - Қиёс билан.

Мен: - Нимага қиёс қилиб?

У: - Кемада ўқилган намозга қиёсан.

Мен: - Яхши. Лекин, сиз бу билан аслга ҳам, фаръга ҳам хилоф қилдингиз. Аслга хилофликни юқорида айтилди. Аммо, фаръга хилофлик шуки, Рофиий ўзининг шарҳида «Намозхон агар шифтга ҳам илинмаган ва ерга ҳам ўрнамаган ҳалинчакда намоз ўқиса, намози ботилдир», дейди.

У: - Менинг бундан хабарим йўқ.

Мен: - Ундай бўлса, Рофиийга мурожаат қилинг, ҳар бир илм соҳибининг устида ундан устунроқ билимдон борлигини билиб оласиз. Агар сиз ўзингизни қиёс ва ижтиҳод аҳлидан деб эътироф этсангиз ва бу нарсани гарчи мазҳаб доирасида бўлса ҳам ўзингизга жоиз деб билсангиз, натижа тоирада ўқилган намознинг ботиллиги бўлиб чиқади. Чунки, бу ҳолатда Рофиий ўз даврида хаёлий ва фаразий деб зикр қилган масала рўёбга чиққан бўлади. Аммо, биз тоирадаги намоз саҳиҳ ва бунда шак йўқ деб биламиз. Гарчи кемадаги намознинг саҳиҳлигига сабаб – кеманинг ўзи билан ер оралиғида сувга маҳкамланиб туриши бўлса ҳам, тоира ҳам ўзи билан ер оралиғида ҳавога маҳкамланиб турибди[18]. Ишнинг аввалида мустақил ҳолда баҳс қилган пайтингизда сизларга маълум бўлган нарса шу эди. Аммо, сизлар мана бу мазҳабий фаръни билганингиздан сўнг у сизларни баҳс орқали ўзингиз етиб келган хулосадан тўсди!»[19]

Муқаллидлар ўзлари сезмаган ҳолда тушиб қоладиган бу тойилишлар уларнинг асосларини вайрон қилиб, шубҳаларини бекорга чиқаради. Уларга ўхшаганларга айтилади: «Муқаллид бировнинг сўзини унинг далилини билмаган ҳолда оладиган кишидир. Аммо, агар далилни билса, у бу масалада муқаллид бўлмайди. Сизлар эй муқаллидлар жамоаси, қандай қилиб ўз усулингизга қарши иш қиласиз ва далил-ҳужжатлар барпо қиласиз?! Агар ўзингиз айтаётганингиздек муқаллид бўлсаларингиз, далил ва ҳужжатлар барпо қилиш сизларнинг ишингиз эмас. Агар бу ҳужжатларни келтириш билан мужтаҳидлик қилган бўлсангиз, мужтаҳидлар сафига ёки далилни ушловчилар қаторига ўтган бўласиз. Ҳар икки тақдирда ҳам ўзингизга қарши ҳужжат барпо бўлди».[20]

Ижтиҳод эшигини ёпувчилар мусулмонларга аслида лозим бўлмаган тақлидни лозим қилиш билангина кифояланмадилар, балкибу ноҳақ сўзларига яна бошқа бир ноҳақ сўзни ҳам қўшдилар. Яъни, уларга кўра, имомлардан биргина имомнинг мазҳабига чекланиш ва ундан чиқмаслик керак экан. Бу даъво ўз бағрига шундай ёмонликни жойладики, у бутун мусулмонларни ўраб олиб, уларнинг жамоатларини бўлиб ташлади, бирликларига путур етказди, шон-шавкатларини синдирди, халқларни уларга қарши бемалол ва ҳайиқмай қўл чўзадиган қилиб қўйди. Сиз бу ҳолатлардан баъзиларига шайх Маъсумий раҳимаҳуллоҳ мазкур рисоласида тўла-тўкис раддиялар ва танбеҳлар берганига, уларни жуда тушунарли ва қониқарли қилиб баён қилганига гувоҳ бўласиз.

Аллоҳ таоло бу рисолани бандаларига манфаатли қилсин ва уларни тўғриликка йўлласин.


Муаллиф муқаддимаси

Жаброил, Мийкоил, Исрофилнинг Робби бўлган эй Аллоҳим! Осмонлару ерни яратган, ғойибу ҳозирдан бохабар Зот! Сен бандаларинг орасида улар ихтилоф қилган ишларда ҳукм қиласан. Ихтилоф қилинган ишларда Ўзинг бизни ҳаққа йўллагин. Албатта, Сен Ўзинг истаган кишини Тўғри Йўлга ҳидоят қиласан.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга ва у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар йўлласин.

Бизни Ислом ва иймонга ҳидоят қилган, Ўзининг Китоби Қуръон маъноларини билишга ва Пайғамбарининг – у зотга тинимсиз саловоту саломлар бўлсин – ҳадисларини тушунишга муваффақ қилган, у зотнинг улуғ асҳоблари ва уларга яхшилик билан эргашган кишилар тутган йўлни тутишга муяссар қилган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.

Аммо баъд... Барча нарсага қодир Хожасининг лутфу марҳаматига муҳтож банда – Абу Абдулкарим ва Абу Абдурраҳмон Муҳаммад Султон ибн Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ўрун ал-Маъсумий ал-Хўжандий ал-Маккий – Аллоҳ уни Ўзининг Китобига амал қилишга ва Пайғамбарининг суннатларини маҳкам ушлашга муваффақ қилсин ва унга ҳусни хотима насиб қилсин – айтади: Менга Узоқ Шарқдан, Япониянинг Токио ва Осака шаҳарлари мусулмонларидан қуйидаги мазмунда бир савол келди:

Ислом динининг моҳияти нима? Мазҳаб нима дегани? Ислом динига мушарраф бўлган ҳар бир киши тўрт мазҳабдан бирини маҳкам тутиши, яъни ё моликий ё ҳанафий ё шофиий ё ҳанбалий ё бошқа бир мазҳабда бўлиши шартми? Бундай савол беришимиз боиси, бу ерда жуда катта ихтилоф ва қаттиқ тортишув юз берди. Бир гуруҳ япон зиёлилари Ислом динига кириш ва иймонга мушарраф бўлиш истагини билдириб, бу ҳақда Токиодаги мусулмонлар жамиятига арз қилишганида ҳинд аҳлидан бўлган бир жамоа улар Имом Абу Ҳанифа мазҳабини ихтиёр этишлари лозимлигини, чунки у зот умматнинг шамчироғи[21] эканини айтишса, Индонезиянинг Ява аҳлидан бўлган бошқа бир жамоа уларни шофиий мазҳабини ихтиёр этишлари лозимлигини айтишди. Японлар уларнинг сўзларидан қаттиқ ажабланиб, қасд қилган ишларида иккиланиб қолишди ва мазҳаблар масаласи уларнинг Исломга киришлари йўлида тўғоноқ бўлди!

Муҳтарам устоз! Сизнинг чуқур илмингиз иншооллоҳ, ушбу иллат ва дардга шифо сабабига айланишидан умидвормиз. Фазилатингиз денгизи файзидан умид этамизки, бизга ҳақиқатни баён қилиб берсангиз, токи дилларимиз хотиржам бўлса, кўнгилларимиз очилса ва бу дардга шифо ҳосил бўлса. Сизга Аллоҳ таолодан кўпдан-кўп ажрлар тилаймиз ва биз Русия муҳожирлари жамоаси номидан ташаккурлар айтамиз.

Сизга ва барча ҳидоятга эргашган кишиларга саломлар бўлсин.

1357 йил Муҳаррам ойи, Токио шаҳри.

Муҳаммад Абдулҳай Қурбонъли ва Муҳсин Чапак ўғли.


Иймон ва Ислом ҳақиқати баёни

Аллоҳ таоло дилимга солган қуйидаги сўзларни жавоб тариқасида таҳрир этдим, ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳил-алиййил-азийм. Аллоҳнинг Ўзидан тавфиқ сўрайман, У Зот тўғриликка муваффақ этувчидир.

Билингки, Ислом аҳлидан жуда кўплари, жоҳиллари уёқда турсин, олимлари[22] ҳам, мусулмон киши албатта, тўрт имомга – Абу Ҳанифа, Молик, Шофиий, Аҳмад – уларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин – нисбат бериладиган мазҳаблардан бирини маҳкам ушлаши лозим, деб айтадилар. Бу хато фикр ва Исломни билмасликдир. «Саҳиҳайн»да келган машҳур, саҳиҳ Жибрил ҳадисида келади:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни одамлар ичида ўтирган эдилар, ҳузурларига Жаброил келиб: «Иймон нима?» деб сўрадилар. «Аллоҳга, Унинг фаришталарига, У билан йўлиқишга, Унинг пайғамбарларига иймон келтиришинг ва қайта тирилишга иймон келтиришинг» дедилар. «Ислом нима?» деб сўрадилар. «Ислом – Аллоҳга ибодат қилишинг ва Унга ширк келтирмаслигинг, намозни барпо қилишинг, фарз қилинган закотни адо этишинг ва Рамазон рўзасини тутишинг» дедилар. «Эҳсон нима?» деб сўрадилар. «Аллоҳга гўё Уни кўриб тургандек ибодат қилишинг, гарчи сен Уни кўрмасанг-да, У сени кўриб турибди» дедилар...». (Бухорий (1/114, 8/513 Ал-фатҳ), Муслим (1/164 Нававий).

«Саҳиҳайн»да келган Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ислом беш (асос) устига қурилган: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир деб гувоҳлик бериш, намозни барпо қилиш, закотни адо этиш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш» (Бухорий (1/49), Муслим (1/176-177).

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, мени жаннатга киришимга сабаб бўладиган бир ишга йўлланг», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ла илаҳа иллаллоҳ ва Муҳаммадун Расулуллоҳ деб гувоҳлик берасан, намозни барпо қиласан, закотни ўтайсан, Рамазон рўзасини тутасан», дедилар. Ҳалиги одам: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, бунга бирон нарсани зиёда ҳам қилмайман, бундан бирор нарсани камайтирмайман ҳам», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аъробий агар сўзида содиқ бўлса, нажот топди», дедилар (Бухорий (3/261), Муслим (1/174).

Ҳадис шориҳлари айтишларича, унда ҳаж зикр қилинмади, чунки у пайтда ҳали фарз қилинмаган эди.

Бухорий ва бошқалар ривоят қилишларича, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: «Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан масжидда ўтирган эдик, шу пайт туянинг устида бир киши кириб келди. Туясини масжидга чўктириб, сўнг уни боғлади, сўнг: «Қайси бирингиз Муҳаммадсиз?» деб сўради. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари ичида суяниб ўтирган эдилар. Биз: «Суяниб ўтирган манови оқ юзли киши» дедик. Ҳалиги одам у зотга хитобан: «Ибн Абдулмутталиб?» деди. «Эшитяпман сени» дедилар. У Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Мен сени саволга тутаман ва қаттиқ сўрайман, мендан аччиқланмайсан» деди. «Кўнглингга келганини сўра» дедилар. У деди: «Сенинг Парвардигоринг ва сендан олдингиларнинг Парвардигорига қасамёд қилиб сендан сўрайман, барча инсонларга сени Аллоҳ пайғамбар қилиб юбордими?» У зот: «Ҳа, Аллоҳим (гувоҳ)» дедилар. «Аллоҳга қасамёд қилиб сўрайман, бир кеча-кундузда беш марта намоз ўқишимизни Аллоҳ сенга буюрдими?» деди. «Ҳа, Аллоҳим (гувоҳ)» дедилар. «Аллоҳга қасамёд қилиб сўрайман, йилнинг бу ойида рўза тутишимизни сенга Аллоҳ буюрдими?» деди. «Ҳа, Аллоҳим (гувоҳ)» дедилар. «Аллоҳга қасамёд қилиб сўрайман, мана бу садақани бойларимиздан олиб, камбағалларимизга тарқатишга сени Аллоҳ буюрдими?» деди. «Ҳа, Аллоҳим (гувоҳ)» дедилар. Шунда ҳалиги одам: «Сен олиб келган (дин)га иймон келтирдим, мен ўз ортимдаги қавмимнинг элчисиман, мен Саъд ибн Бакр қабиласидан Зимом ибн Саълабаман» деди» (Бухорий (1/148) ривояти. Шунингдек, Насоий (4/24) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан, Доримий (1/165) Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Аллоҳ таоло бандаларига амр этган ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни уни баён қилиб бериш учун элчи қилиб юборган Ислом шудир[23].

Тўрт мазҳабдан муайян бир мазҳабга тақлид қилиш фарз ҳам, мандуб-суннат ҳам эмас!

Мазҳаблар илм аҳлларининг баъзи масалалардаги фикрлари, тушунчалари ва ижтиҳодларидир. Бу фикрлар, ижтиҳодлар ва тушунчаларга эргашишни бирон кишига на Аллоҳ, на Расули фарз қилгандир! Зеро, улар ичида тўғрилари ҳам бор, хатолари ҳам. Холис (юз фоиз) тўғрилик эса фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган нарсалардир. Кўп ҳолларда имомлар бирон масала(да бир фикр)га борганларидан сўнг ҳақ ундан бошқасида экани маълум бўлиб қолса, ундан қайтганлар[24].

Шунга кўра, ким Ислом динига киришни ва иймон шарафига мушарраф бўлишни истаса, унга фақат «Ла илаҳа иллаллоҳ ва Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб гувоҳлик бериш, беш вақт намоз ўқиш, закот бериш, Рамазон рўзасини тутиш ва агар йўлига қодир бўлса, ҳаж қилиш лозим бўлади.

Аммо, тўрт мазҳабдан бирига ё бошқа бирон мазҳабга эргашиш фарз ҳам, мандуб ҳам эмас, мусулмон киши улар ичидан айнан бирини маҳкам ушлаши фарз эмас. Аксинча, айнан бир мазҳабни унинг ҳамма масалаларида маҳкам тутган одам хато қилувчи ва кўр-кўрона тақлид қилувчи мутаассибдир. Ва у динларини бўлиб, гуруҳларга бўлиниб олган кимсалардан бўлади. Аллоҳ таоло динда гуруҳларга бўлиниб олишдан қайтарган. Аллоҳ таоло айтади:

«Динларини бўлиб, ўзлари ҳам гуруҳларга бўлиниб олган кимсалар тўғрисидан бирон нарсада (масъул) эмассиз»(Анъом: 159).

«Мушриклардан бўлманглар! Улар (яъни мушриклар) динларини бўлиб, фирқа-фирқа бўлиб олгандирлар. Ҳар бир фирқа ўз олдиларидаги нарса билан хурсанддирлар» (Рум: 31-32).

Ислом дини битта диндир, унда фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари ва ҳидоятларидан бошқа эргашиш фарз бўлган на мазҳаблар ва на йўллар мавжуд! Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: Менинг йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга ишончга эгамиз. (Ҳар қандай шерикдан) Аллоҳни поклайман. (Зеро) мен мушриклардан эмасман» (Юсуф: 108). Бу мазҳабларда эса, уларга илмсиз равишда тақлид қилувчилар томонидан жанжал ва тортишувлар жуда кўпайган! Ваҳоланки, Аллоҳ таоло айтган: «... ва (ўзаро) талашиб-тортишмангизки, у ҳолда сустлашиб, куч-қувватингиз кетур. Сабр-тоқат қилингиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир» (Анфол: 46). Аллоҳ жалла жалолуҳу бирлашишга ва Унинг Китобини маҳкам тутишга буюриб айтган: «Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!» (Оли Имрон: 103).

Ислом динининг асоси фақат Аллоҳнинг Китоби ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннатларига амал қилишдир

Ҳақ Ислом дини шудир, унинг асли ва асоси Китоб ва Суннатдир, бу иккиси мусулмонлар келишмаган ҳар бир ишда мурожаат қилинадиган маржеъдир. Кимда ким келишмовчиликни бу иккисидан бошқага қайтарса, у мўмин эмас! Аллоҳ таоло айтганидек: «Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича - бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо: 65). Имомлардан бирорталари ҳам менга тутган йўлимда эргашинглар, демаганлар! Балки, биз олган ўриндан олинглар, деганлар! Қолаверса, бу мазҳабларга кейинги асрлар тушунчаларидан кўплари қўшилиб кетган[25], улар ичида кўплаб ғалат ва ифтирозий (яъни, фаразан айтилган) масалалар[26] борки, уларни ўша нисбат берилаётган мазҳаблар имомлари кўрганларида эди, улардан ва уларни айтган кишилардан ўзларининг безор ва пок эканларини эълон қилган бўлардилар!!

Илм ва дин билан маъруф бўлган салаф имомларидан ҳар бири Китоб ва Суннатнинг зоҳирини маҳкам тутганлар, шу иккисини маҳкам ушлашга ва уларга амал қилишга одамларни тарғиб қилганлар. Бу Имом Абу Ҳанифадан, шунингдек, Моликдан, Шофиийдан, Аҳмаддан, Суфён Саврийдан, Суфён ибн Уяйнадан, Ҳасан Басрийдан, Абу Юсуф Яъқуб Қозийдан, Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийдан, Абдурраҳмон Авзоийдан, Абдуллоҳ ибн Муборакдан, Имом Бухорийдан, Имом Муслимдан ва бошқалардан – раҳимаҳумуллоҳ – собит бўлгандир. Улардан ҳар бири динда бидъат чиқаришдан ва маъсумдан бошқасига тақлид қилишдан огоҳлантирганлар. Маъсум (гуноҳдан сақланган, пок) зот фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. У зотдан бошқа ҳар қандай киши, ким бўлишидан қатъий назар, маъсум эмасдир, унинг сўзидан Китобу Суннатга мувофиқ келгани олинади, уларга зид келгани қандай сўз бўлмасин, ташланади! Имом Молик раҳимаҳуллоҳ айтганларидекки, у киши: «Мана шу қабр соҳибидан бошқа ҳар қандай одамнинг сўзи олинади ҳам, ташланади ҳам», деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига ишора қилганлар[27]. Барча муҳаққиқлар, жумладан тўрт имом ҳам, мана шу йўлни тутганлар, улардан ҳар бири қотиб қолган тақлиддан огоҳлантирган! Чунки, Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида бир неча ўринда тош қотган муқаллидларни айблаган! Илгаригилар-у кейингилар ичидан кофир бўлган кишиларнинг аксарияти аҳбор (яҳудий уламолари) ва (насроний) роҳибларга, машойихлар ва ота-боболарга тақлид қилиш орқалигина кофир бўлишган!!

Имом Абу Ҳанифа, Молик, Шофиий, Аҳмад раҳимаҳумуллоҳ ва бошқалардан қуйидаги сўзлар собит бўлганки: «Қаердан олганимизни билмасдан туриб, бизнинг сўзимиз билан фатво бериш ё бизнинг сўзимизни ушлаш ҳеч кимга ҳалол бўлмайди»[28]. Улардан ҳар бирлари: «Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, шу менинг мазҳабимдир», деб очиқ айтиб қўйганлар[29]. Яна улар: «Агар мен бир сўзни айтсам, уни Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг Суннатларига рўбарў қилинг, агар уларга мувофиқ келса, қабул қилинг, агар зид келса, рад қилинг ва менинг сўзимни деворга уринг», деганлар[30]. Бу айтилганлар ўша улуғ имомларнинг сўзларидир, Аллоҳ таоло уларни дорус-саломга (жаннатга) дохил қилсин.

Лекин, одамлар назарида мужтаҳид ва маъсум (гуноҳдан холи) саналиб қолинган кейинги даврлардаги муқаллидлар ва дафтар қоралаган ёзувчилар қилмишига минг таассуфлар бўлсинки, улар мазкур тўрт имом ва уларнинг машҳур мазҳабларидан бирига тақлид қилишни (яъни далилини билмасдан эргашишни) одамларга фарз қилиб қўйдилар. Улардан бирини ўзига лозим тутгандан сўнг энди ундан бошқасининг сўзига амал қилишни ман қилдилар, гўёки уни итоат қилиниш лозим бўлган пайғамбардек қилиб қўйдилар! Кошки, улар ўша имомларнинг ўз оғизлари билан айтган сўзларини билишганида! Бироқ, афсус, улардан кўплари ўзлари эргашаётган имомнинг исмидан бошқа ҳеч нарсани билишмайди!! Мутааххирлардан (яъни, кейинги давр вакилларидан) баъзилари (ҳаётда учраши қийин бўлган) турли масалаларни ихтиро қилиб, йўналишларни ўйлаб топиб, уларни имомга нисбатладилар. Улардан кейин келганлар бу масала ва йўналишларни имомнинг сўзи ва мазҳаби деб ўйлайдиган бўлдилар. Ҳолбуки, улар имомнинг сўзларига зид эди ва имом унга нисбат берилган бу нарсалардан пок эди! Бунга мисол қилиб, кейинги даврлар ҳанафийларининг намоздаги ташаҳҳудда ишораи саббоба қилиш (яъни, кўрсаткич бармоқ билан ишора қилиш)ни ҳаром санаганларини, ёки Аллоҳнинг қўлидан мурод Унинг қудрати деб айтишларини, ёки Аллоҳ таоло Ўз зоти билан ҳамма маконда мавжуд, У арш устида барқарор эмас, деб айтишларини келтириш мумкин[31].

Бу ва шунга ўхшаш ишлар билан мусулмонларнинг бирлигига путур етди, уларнинг жамоатлари ва жамиятлари бўлинди, ўрталаридаги жарлик кенгайиб, уфқлар нифоқ ва шиқоқ (ажралиш) билан тўлди. Баъзилари баъзиларини бидъатчига чиқардилар, ҳар бир жамоат арзимаган нарсада ўзига хилоф гап айтганни адашганга чиқарди, ҳатто бир-бирларини кофир санаб, бир-бирларининг бўйинларига қилич урдилар, ростгўй ва омонатли пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган нарсага мисол бўлиб қолдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтгандилар: «Ҳали умматим етмиш уч фирқага бўлиниб кетади, ҳаммаси дўзахда бўлиб, фақат биттаси (нажот топади)». «Улар кимлар ё Расулуллоҳ?», деб сўралганда: «Мен ва асҳобларим тутган йўлни тутганлар», деб жавоб берганлар (Термизий 2641), Ҳоким (128-129), Ожуррий «Аш-шариъа»да (16) ва «Ал-арбаъийн»да (53-54-с) ва бошқалар ривояти).



[1] Айримлар имомларнинг тақлидни айблаб айтган сўзларини улар қасд қилган маънодан буриб юбориш ва бошқача талқин қилишга уринганлар ва «бу сўзларни улар ўз даражасига етишган ва мутлақ ижтиҳод мартабасига етган кишиларга нисбатан айтганлар» деганлар.

Мен айтаманки, бундай таъвил қилиш бир неча сабабларга кўра нотўғридир:

а) Мутлақ мужтаҳид Китоб ва Суннатга қайтиши учун ўзига ўхшаган бошқа бир мужтаҳиднинг сўзига асло муҳтож эмас, демак бу сўз муқаллид ва муттабиъ (эргашувчи) ҳақида айтилган экани маълум бўлади.

б) Имомларнинг бу сўзлари уммат ичида бўлган, имомлар сўзларини асл-асос қилиб олиб, Китоб ва Суннатдан юз ўгиришлари хавфи бўлган гуруҳларга қаратилганди, мужтаҳиддан бундай хавф қилинмайди.

в) Имомларнинг сўзлари шогирдларига қарата айтилган. Табиийки, шогирдлар ўз устозларининг дарс ҳалқаларида иштирок этиш учун келиб турар эканлар, мутлақ ижтиҳод даражасига эришган эмасдилар.

г) Имомлар раҳимаҳумуллоҳнинг бу маънодаги сўзлари кўп ва машҳур бўлгани ҳолда, уларда мазкур қайд-чекловлардан биронтаси кўрилмайди. Шунинг учун то чекловчи бирор далил келмагунича уларнинг сўзлари умумийлигича қолади.

д) Агар имомларнинг сўзлари таъвилини фақат мужтаҳидларгина биладиган бўлсалар ва муқаллидлар даъволарича, ҳижрий тўртинчи асрдан кейин мужтаҳид чиқмаган бўлса, у ҳолда муқаллидлар мужтаҳид бўлмаган ҳолларида қандай қилиб имомларининг сўзларини бундай таъвил қилишга журъат этадилар?!

[2] Ибн Абдилбар: «Ал-интиқоъ фий фазлис-саласатил-аимматил-фуқаҳо» (41-с).

[3] «Муқаддима Ибн Халдун» (448-с).

[4] Муҳаммад Ҳомид: «Лузум иттибаъ мазаҳибил-аимма ҳасман лил-фавзод-динийя» (10-с).

[5] Саҳиҳун лиғойриҳи, Шофиий «Сунан»ида (1/14), «Ар-рисала»да (87-с) келтирган.

Шайх Албоний «Ас-саҳиҳа»да (4/416-417) саҳиҳ санаган.

[6] Бухорий (13/91 – Ал-фатҳ), Муслим (18/59-Нававий).

[7] Бухорий (13/90 – Ал-фатҳ), Муслим (18/62-Нававий).

[8] Аҳли илмлардан бир жамоаси шундай деганлар. Жумладан, Саховий «Фатҳул-муғийс»да (3/44), Ибн Касир «Тафсирул-қуръанил-азийм»да (1/591-595), Каттоний «Назмул-мутаносир»да (147-с), Албоний «Ал-ҳадийсу ҳужжатун бинафсиҳ»да (64-с), «Вужубул-ахзи биҳадийсил-оҳод»да (34-с) келтирганлар.

[9] Муслим (18/86-Нававий). Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бундан мурод – фитнаси каттароқ ва шон-шавкати буюкроқлигидир».

[10] Саҳиҳ, Ҳоким (4/554-555), Ибн Асокир «Тарих Димашқ»да (13/593). Ибн Аби Шайба «Ал-мусаннаф»да (15/165), Байҳақий «Шуъабул-иймон»да (5199) келтирганлар. Ҳоким саҳиҳ санаган, Заҳабий унга мувофиқ бўлган.

Шайх Албоний «Ал-ҳадису ҳужжатун бинафсиҳ»да (80-с) айтади: «Бу ҳадис гарчи мавқуф бўлса ҳам, унга марфуъ ҳукми берилади. Чунки, бу қуруқ раъй билангина сўзланмайдиган ғайбий ишлардандир, хусусан баъзи ровийлар уни марфуъ деганлар».

Албоний «Ас-саҳиҳа»да (6/774-776) айтади: «Бу Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо ҳадисидан бўлиб, Амр ибн Қайс ал-Киндий ундан ривоят қилган ва ундан бошқа кўпчилик ривоят қилган, баъзилар марфуъ, баъзилар мавқуф дейишган, бу марфуъ ҳукмидадир, чунки у қуруқ раъй билан айтилмайди».

Кейин айтади: «Фойда: Бу ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам нубувватлари аломатларидан бири бўлиб, унда айтилган ишларнинг ҳаммаси, хусусан «маснот»га тааллуқли бўлгани рўёбга чиқди. Маснотдан мурод, ровий тафсир қилганидек, Аллоҳнинг Китобидан ва шунингдек, унга тааллуқли бўлган набавий ҳадислар ва салафий асарлардан бошқа битиклардир. Маснотдан мурод гўё муқаллидларга фарз қилинган мазҳабий китоблар бўлиб, бугунги кунда жумҳур мазҳабпарастларда гувоҳ бўлиб турилганидек, бу китоблар замонлар ўтиши билан уларни Аллоҳнинг Китобидан ва Расулининг Суннатидан буриб юборди. Афсуслар бўлсинки, улар ичида докторлар ва шариат факултетлари битирувчилари ҳам бор. Уларнинг барчаси мазҳабларни дин деб ушлаганлар ва уларни одамларга, ҳатто олимларга ҳам фарз қиладилар. Уларнинг катталаридан бири Абул Ҳасан ал-Кархий ал-Ҳанафийнинг машҳур бир гапи борки: «Асҳобларимиз фикрига мухолиф бўлган ҳар қандай оят ё таъвил қилинади ё эса мансухдир. Худди шунингдек, ҳар бир ҳадис ҳам ё таъвил қилинади ё эса мансух дейилади».

Улар мазҳабларни асл-асос қилиб олиб, Қуръони каримни унга тобеъ қилдилар. Ҳеч шак-шубҳасиз, «маснот» мана шудир».

[11] Саҳиҳ, Доримий (1/64), Ҳоким (4/514), Ибн Абдилбар «Жомиъ баянил-илм»да (1/188), Ибн Ҳазм «Ал-иҳкам фий усулил-аҳкам»да (6/175) ва бошқалар келтирганлар).

[12] Иъламул-муваққиъийн ан роббил-аламийн (1/7-8).

[13] Бухорий (100), Муслим (2673) Абдулоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар.

[14] Ҳасанун лиғойриҳи, Ибн Аби Ҳотим «Муқаддиматул-журҳ ват-таъдийл (1/1/18), Ибн Қутайба «Уюнул-ахбар»да (2/119), Ибн Ҳиббон «Ас-сиқот»да (4/10), Байҳақий «Ас-сунанул-кубро»да (10/209) Ибн Абдилбар «Тамҳид»да (1/59) ва бошқалар ривоят қилганлар.

[15] «Сифатул-фатва вал-муфтий вал-мустафтий» (13-с).

[16] Менинг «Муаллафаат Саид Ҳавва: дироса ва тақвийм» китобимга қаранг (120,124-саҳифалар).

[17] «Лузум иттибаъ мазаҳибил-аимма» (13-с).

[18] Қиёснинг рукнлари учта: мақийс-қиёс қилинувчи (тоира), мақийс алайҳ-унга қиёс қилинаётган нарса (кема) ва иллат. У (яъни иллат-сабаб) мақийс билан мақийс алайҳ ўртасида баробар бўлди ва шу билан қиёс дуруст бўлди.

[19] «Силсилатул-аҳадийсис-саҳийҳа» (1/128-129).

[20] Аҳмад ибн Ҳажар Оли ибн Алий: «Танзийҳус-суннати вал-қуръан ъан ан якуунаа мин усулиз-золали вал-куфрон» (126-с).

[21]Мавзуъ – тўқима ҳадислар тўқиб чиқаришда мазҳабий мутаассибликнинг ҳам катта роли бор. Мисол учун, ҳанафий мазҳабига таассуб қилувчилар томонидан Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит раҳимаҳуллоҳ ҳақларида бир неча ҳадислар тўқилган. Жумладан: «Мендан кейин Нуъмон ибн Собит исмли бир киши келади, Абу Ҳанифа деб куняланган бўлади, Аллоҳнинг дини ва менинг суннатим унинг қўлида тирилади».

Қаранг: Ибн Арроқ: «Танзиҳуш-шариъа» (2/30), Хатиб Бағдодий: «Тарих Бағдод» (2/279).

Маъмун ибн Аҳмад ал-Ҳаравийга айтилди: «Шофиийга ва унга эргашган хуросонликларга нима дейсиз?!». У деди: «Бизга Аҳмад ибн Абдуллоҳ айтиб берди, унга Абдуллоҳ ибн Маъдон Анас розияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилиб айтган экан: «Умматим ичида бир киши бўлади, унинг исми Муҳаммад ибн Идрис бўлади, ўзи умматимга иблисдан ҳам зарарлироқ бўлади. Умматим ичида Абу Ҳанифа деб аталувчи киши бўлади, у умматимнинг шамчироғидир».

Қаранг: Ибн Ҳажар: «Лисанул-мийзан» (5/7-8), Суютий: «Тадрийбур-ровий» (1/277-278), Ибн Арроқ: «Танзиҳуш-шариъа» (2/30), Хатиб Бағдодий: «Тарих Бағдод» (5/309). Лекин, у Абу Абдуллоҳ ал-Ҳокимдан ривоят қилиб: «Ушбу ҳадисни тўқиш билан Муҳаммад ибн Саид ал-Баврақий айбланган», деди.

Ушбу тўқима ҳадис Қуръоннинг очиқ оятига хилофдир. Зеро, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг Улуғ Китобида сифатлагани каби, бу умматнинг шамчироғи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар: «Эй пайғамбар, дарҳақиқат Биз сизни (қиёмат кунида барча умматлар устида) гувоҳлик берувчи, (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантирувчи ҳамда Аллоҳнинг изни-иродаси билан У зотга (яъни Унинг динига) даъват қилувчи ва (Ҳақ йўлини кўрсатувчи) нурли чироқ қилиб юборгандирмиз» (Аҳзоб: 45-46).

Қаранг, муқаллидлар (кўр-кўрона тақлид қилувчилар) маъсум (гуноҳдан сақланган, пок зот) соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатларини қандай қилиб ўз имомларига қўллашади! Шунинг учун ҳам мазҳабга боғланмаслик асл-асосдир. Боиси, шу билан маъсум соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш билан маъсум бўлмаган кишига эргашиш ўртаси фарқланади. Чунки, айнан бир мазҳабга тақлид қиладиган киши воқеликда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш билан ундан хато ҳам, тўғрилик ҳам содир бўлиши мумкин бўлган бир фақиҳга эргашиш ўртасини тенглаштиради.

[22] Мусанниф раҳимаҳуллоҳ илм (олимлик) сифатини муқаллидларга ҳам ишлатиши бироз баҳсталаб масаладир. Чунки, илм – далил орқали ҳосил бўлувчи билимдир. Аммо, далилсиз бўлса, уни тақлид дейилади. Ибн Қаййим ал-Жавзия раҳимаҳуллоҳ «Нуния»сида айтганидек: «Илм ҳидоятни далили билан билишдир, у билан тақлид баробар эмасдир».

Имом Муҳаммад ибн Идрис аш-Шофиий раҳимаҳуллоҳ «Ар-рисола»да (39-с) айтади: «Ҳеч ким ҳеч қачон бирон нарса тўғрисида илмсиз равишда «бу ҳалол» ёки «бу ҳаром» деб айтишга ҳақли эмасдир. Илм эса Китоб ёки Суннат ёки ижмоъ ёки қиёсдаги хабардир».

Аллома Фуллоний раҳимаҳуллоҳ «Ийқоз ҳумум улил-абсор»да (25-с) айтади: «Мен айтаманки, ушбу ҳадислар ва осорлар очиқ далил бўладики, илм деган ном фақат Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Суннатларида, шунингдек ижмоъда келган ёки нас (бир маънодан бошқасига далолат қилмайдиган сўз) топилмаганда (қиёсни ҳам шариат асосларидан деб) раъй қилувчилар наздида бу асл-асосларга қиёс қилинган нарсаларга ишлатилади. Тақлид ва таассуб аҳли айтганидек эмаски, улар илмни фақат мазҳабий китобларда битилган раъйларга – улар пайғамбар ҳадисларида келган насларга қарши келган ҳолда ҳам – чекладилар».

Демак, илмнинг фазли зикр этилган оят ва ҳадислар унинг ҳақида тўғри келадиган ҳақиқий олим – ўз куч-ҳаракатини ҳидоят далилларидан ҳукмларни чиқариб олиш учун сарфлайдиган мужтаҳиддир. Аммо, муқаллид олим эмасдир. Асрлар мобайнида аҳл илмлар иттифоқ қилиб келган фикр шудир.

Аллома аш-Шотибий раҳимаҳуллоҳ «Ал-мувофақот»ида (4/293) айтганидек: «Муқаллид олим эмасдир».

Шунингдек, Суютий раҳимаҳуллоҳ ҳам айтади: «Муқаллидни олим деб аталмайди». Бу гапни ундан Абул Ҳасан ас-Синдий ал-Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ «Сунан Ибн Можа»га ёзган «Ҳошия»сида (1/70) нақл қилган.

Шавконий раҳимаҳуллоҳ «Иршодул-фуҳул»да (267-с) айтади: «Зеро, тақлид жаҳолатдир, илм эмасдир».

Ҳанафийлар китобларида жоҳилни қозилик мансабига қўйиш жоиз эмаслиги айтилган. Ибн Ҳумом раҳимаҳуллоҳ «Фатҳул-қодийр»да (5/456) жоҳилдан мурод муқаллид эканини айтади.

Шунингдек, Иброҳим ибн ал-Вазир раҳимаҳуллоҳ «Ар-равзул-босим»да (1/36) айтади: «Шак-шубҳа йўқки, муқаллид муфтийни олим деб аталмайди».

Таҳовий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Фақат жоҳил (илмсиз) ё мутаассиб одамгина тақлид қилади». Бу гапни ундан Ибн Обидийн раҳимаҳуллоҳ «Расмул-муфтий»да (1/32) ва Ибн Ҳажар Асқалоний «Лисанул-мийзан»да унинг таржимаи ҳолини баён қила туриб, нақл қилган.

Ибн Абдилбар раҳимаҳуллоҳ «Жомиъ баянил-илми ва фазлиҳи»да (2/119) бунга ижмоъ борлигини нақл қилган: «Уламолар аниқ бўлмаган ва ишонч ҳосил қилинмаган нарса илм эмаслигига ижмоъ қилганлар... тақлиднинг фосидлиги ҳақида дунё уламолари ўртасида хилоф йўқдир». Ибн Қаййим ал-Жавзия раҳимаҳуллоҳ «Иъламул-муваққиъийн»да (1/7) бу фикрга қўшилган.

Уламоларнинг бу каби сўзларига далил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган муттафақун алайҳ ҳадисда айтган сўзларидирки: «Албатта Аллоҳ илмни бандалари (қалби)дан суғуриб олиш билан олиб қўймайди, балки илмни олимларни олиш билан олиб қўяди. Ҳатто бирон бир олимни қолдирмагач, одамлар жоҳил кимсаларни ўзларига бош қилиб олишади, улардан (фатво) сўралганда илмсизлик билан фатво бериб, (ўзлари ҳам) адашиб, (бошқаларни ҳам) адаштиришади».

Бу айтилганлар олим деган юксак номга лойиқ зотлар асрлар мобайнида жуда кам бўлганига очиқ ҳужжат бўлади. Шоирнинг ушбу сўзлари уларга тўғри келади: «Саналганда жуда оз эдилар, энди оздан ҳам озайиб кетдилар».

[23] Бу ҳадислардан мақсад Ислом унга киришни истаган кишилар учун жуда осон-қулай эканини, у учун икки шаҳодат калимасини тили билан айтиб, қалби билан иқрор қилиши ва қолган беш рукнларига амал қилиши кифоя эканини баён қилишдир. Аммо, кўпдан-кўп фаръий нарсалар, мазҳабда бўлиш ё бемазҳаблик исломга кириш учун шарт эмасдир. Ислом умматидан бир тоифаси бу ишларга ўзларини ажратиши, уларда фиқҳ-илмга эга бўлиши ва одамларга уларнинг ишларида кўндаланг бўладиган масалаларда фатво бериб туришлари кифоя қилади.

[24] Мусанниф толиби илмлар ҳузурида маъруф бўлган ишларни, яъни мазҳаблардаги ишлар фақат раъй билан айтилганини, улар насс бўлмаган ижтиҳодий ишлар бўлиб, уларга эргашиш фарз эмаслигини, балки агар унинг саҳиҳ экани гумонига ғолиб келса, эргашиш мумкинлигини уқтирмоқда.

[25] Мазҳабчилик муқаллидларни нафақат кишиларнинг (яъни имомларнинг) сўз ва фикрларини Қуръон оятлари ва саҳиҳ суннатдан муқаддам қўйишга олиб келди, балки уларга имомларнинг ўзлари – раҳимаҳумуллоҳ – айтган сўзларни ҳам унуттирди ва улар мутааххир (кейинги даврдаги)ларнинг сўзлари билан чекланишга ва уларни текшириб ўтирмасдан имомларнинг мазҳаби деб қабул қилишга одатландилар. Бу эса фақатгина таассубнинг ўта кучлилигидан келиб чиқди. Маълумки, имомлар ўз мазҳабларини китобларда битганлар ва уларга ўзлари ижтиҳодлари билан саҳиҳ деб санаган нарсаларни киритганлар. Масалан, Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ўз мазҳабини «Ал-муватто»га, Имом Шофиий ўз мазҳабини «Ал-ум» ва «Ар-рисала»га жойлаганлар. Шундай экан, ўша имомлардан бировининг мазҳабини билишни истасак, унинг ўз китобига мурожаат қилишимиз мумкин, уни бошқа жойлардан талаб қилишимиз муносиб эмас.

Ушбу фикрни ойдинлаштириш мақсадида айтаман: Кўпинча Имом Молик, Имом Шофиий ва Имом Абу Ҳанифага улар фатво бермаган сўз ва ишларни нисбат берилади. Моликийлар намозда қўлни тушириб туришади, бамдод намозида қунут ўқишади. Ҳолбуки, Имом Молик раҳимаҳуллоҳ «Ал-муватто»да (1/158) «Намозда қўлларни бир-бирига қўйиб туриш ҳақидаги боб»да бир неча асар (ривоят)лар келтирган. Жумладан, Абдулкарим ибн Абул-Мухориқ ал-Басрий айтди: «Агар ҳаё қилмасанг, истаган ишингни қил» деган сўз нубувват сўзларидандир, намозда қўлларни бирини иккинчиси устига қўйиб туриш, ифторни (яъни рўзадор оғиз очишини) тезлатиши ва саҳарликни кечиктириши (суннатдир)».

Кейинги даврдаги моликийлар Имом Молик намозда қўлларини тушириб турганлар, деб ҳужжат қилишади. Бу эса ўзлари тақлид қиладиган мазҳабларини билмасликдир. «Ал-интифоъ»да (44-с) айтилганидек, Мадина волийси Жаъфар ибн Сулаймон Имом Моликни қамчи билан савалатган, натижада имомнинг қўли чиқиб қолган ва яра бўлиб кетган ва намозда уларни бир-бири устига қўя олмай қолган. Имом Молик «Ал-муватто»ни мана шу ҳодисадан икки йил ўтиб ёзганини билишингиз кифоя қилса керак.

Қолаверса, Имом Молик (1/159) «Бамдод намозидаги қунут ҳақидаги боб»да айтади: «Ибн Умар розияллоҳу анҳумо намозда ҳеч қандай қунут ўқимасди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтиш суннат экани ҳақидаги гапни Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳга жоҳиллик билан нисбат берадилар. Ваҳоланки, у «Ал-ум»да (1/117) намозда салавот айтиш фарз деб айтади: «Аллоҳ азза ва жалла Ўз Расулига саловот айтишни фарз қилиб: «Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!», (Аҳзоб: 56) деди. У зотга саловот айтишнинг намоздан кўра фарзроқ бўлган ўрни йўқдир. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан намозда Аллоҳнинг Расулига саловот айтишнинг фарзлигини васф қилувчи далолатларни топдик, валлоҳу таоло аълам».

Кейинги давр ҳанафийларининг китобларида, жумладан, «Хулосатул-кайдоний»да айтилишича, аҳли ҳадислар каби ишораи саббоба (кўрсаткич бармоқ билан ишора қилиш) намоздаги ҳаром қилинган ишлардан саналади.

«Солатул-Масъудий»да айтилишича, кўрсаткич бармоқ билан ишора қилиш мутақаддимлар (яъни аввалги даврдагилар) наздида суннат бўлган, шийъа ва рофизалар ҳам қилгани учун мутааххир (кейинги даврдаги) аҳли сунналар уни тарк қилдилар, шу билан у мансух бўлди.

Ҳолбуки, биз ҳанафийларнинг энг катталаридан бўлган Ибн Ҳумомнинг «Фатҳул-қодийр» китобида шундай сўзларни топамиз: «Ишора қилиш суннатдир, ким унинг суннат эмаслигини айтса, у одам ривоят ва дироят (билим)га хилоф қилган бўлади. Имом Абу Ҳанифанинг шогирди Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний ҳам уни суннат деб айтгани «Ал-муватто»да нақл қилинган.

Ушбу мисоллар мазҳабий мутаассиблик мусулмонларни энг яхши аср аҳллари сийратидан буриб юборганига очиқ далил бўлмайдими?!

[26] Яъни, ҳаётда содир бўлмаган масалалар, уларни раъйларга тааллуқли масалалар ёки уғлуталар ҳам дейилади. Салаф солиҳлар бундай масалаларга чуқур киришиш ва машғул бўлишдан қайтарганлар. Қаранг: Ибн Абдилбар: «Жомиъ баянил-илми ва фазлиҳ» (2/139-144).

[27] Ушбу ҳикмат булоғидан суғорилган покиза ва балоғатли сўзларни биринчи бўлиб умматнинг илм денгизи бўлган Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганлар, Тақийюддин ас-Субкий «Ал-фатово»да келтириб, уларнинг гўзаллигидан ҳайратга тушганини айтади.

[28] Имом Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит раҳимаҳуллоҳ сўзларидан бўлиб, бу сўзлар у кишидан бир неча ривоятлар билан собит бўлган. Қаранг: Ибн Абдилбар: «Ал-интиқоъ» (145-с), Ибн Қаййим ал-Жавзия: «Иъламул-муваққиъийн» (2/309).

[29] Икки имом – Абу Ҳанифа ва Шофиий раҳимаҳумаллоҳ буни сариҳ (очиқ) айтганлар. Қаранг: Ибн Обидийннинг рисолалари тўплами: «Расмул-муфтий» (1/4), Ал-Фаллоний: «Ийқозу ҳимами улил-абсор» (62 ва 107-саҳифалар).

[30] Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳ сўзларидан. Қаранг: Нававий: «Ал-мажмуъ» (1/63), Ибн Қаййим ал-Жавзия: «Иъламул-муваққиъийн» (2/361).

[31] Мусулмон биродар, Аллоҳ сизни Ўз тоати билан бахтиёр ва Ўз изни билан ҳаққа муваффақ қилсин ҳамда сизни ҳақ аҳлидан қилсин, билингки, кейинги даврлар ҳанафийлари ҳақида мусанниф зикр қилган масалалардаги ҳақиқат қуйидагичадир:

Биринчи: намозда ташаҳҳудда кўрсаткич бармоқ билан ишора қилиш (ишораи саббоба).

Мусанниф кейинги давр ҳанафийларининг ишораи саббобани инкор қилишлариниушбу рисоланинг бир неча ўрнида зикр қилган. Мен юқорида бунинг бир тарафини айтиб ўтдим ва уларнинг ўз мазҳабларидан бўлган муҳаққиқ (чуқур тадқиқ қилувчи, текширувчи) олимларга хилоф қилишларини баён қилиб ўтдим. Энди бу ерда ўша айтганларимга қўшимча ўлароқ, аллома Таҳовийнинг «Шарҳ маъонил-осор» китобида (1/259) айтган фикрларини келтираман. У ишораи саббоба ҳақидаги ҳадисни зикр қиларкан: «Воилнинг: «Сўнгра дуо қилган ҳолларида бармоқларини букдилар» деган сўзларида бу ишнинг намознинг охирида бўлганига далил бордир», дейди.

Шайх Абул Ҳасан ас-Синдий «Сунан ан-Насоий»га ёзган ҳошиясида (2/236) айтади: «Юқорида ишораи саббоба ҳадиси ўтди, уни жумҳур уламоларимиз ва бошқалар олганлар, машойихларимиз ичидан уни инкор қилганларнинг инкорига эътибор йўқдир».

Ишорадаги суннат ташаҳҳуднинг ҳаммасида кўрсаткич бармоқни қимирлатишдир. Аҳмад (4/138), Абу Довуд (727), Насоий (2/236), Доримий (1/314-315), Ибн Жоруд (208), Ибн Хузайма (714) саҳиҳ иснод билан Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис бунга далил бўлади. Унга кўра: «... Сўнг (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бармоқларини йиғиб, ҳалқа қилдилар, сўнг (кўрсаткич) бармоқларини кўтардилар, мен дуо қилган ҳолларида уни қимирлатаётганларини кўрдим. Кейинроқ совуқ бир пайтда бордим, одамларни кўрдимки, устларида кийимлари бўлиб, совуқ бўлганидан қўллари кийимларининг остидан қимирлаб турарди».

Энди Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисга келсак, унда айтилишича: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо қилганларида «кўрсаткич) бармоқлари билан ишора қилардилар, уни қимирлатмасдилар». Абу Довуд (№989) келтирган бу ҳадис исноди жиҳатидан собит эмасдир. Чунки, унинг иснодида Муҳаммад ибн Ажлон бор, у ҳақда Ҳофиз Ибн Ҳажар: «Ҳифзи ўртача», деган. У кабиларнинг ҳадиси ўзидан кўра ишончлироқ кишининг ҳадисига мухолиф келганида ҳужжат қилинмайди, чунки шоз бўлади. Шунинг учун ҳам Имом Муслим уни фақат мутобаъатда келтирган.

Мабодо, бу ҳадис собит (яъни саҳиҳ ё ҳасан) бўлганда ҳам, у нофий (рад қилувчи)дир, Воил ибн Ҳужрнинг ҳадиси эса мусбит (исбот қилувчи)дир. Мусбитни нофийдан муқаддам қилинади. Чунки мусбитда (исбот қилувчида) зиёдароқ билим бор бўлади. Билимли киши билимсиз кишига қарши ҳужжат бўлади.

Абдуллоҳ ибн Абу Зайд ал-Қайрувоний ал-Моликийнинг «Ар-рисала» китобида (27-с), шунингдек, «Ал-фиқҳу алал-мазаҳибил-арбаъа» (№98) китобида келганидек, Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ҳам мана шуни суннат деган.

Имом Аҳмаддан «Киши намозда бармоғи билан ишора қиладими?», деб сўралганида у: «Ҳа, қаттиқ», деб жавоб берган («Масоил имом Аҳмад»да (1/80) Ибн Ҳониъ ривояти билан келтирилган).

Иккинчи: Улув-олийликни (яъни, Аллоҳ таолонинг арш узра юксалганини) рад қилиш.

Шояд, ҳанафийларда машҳур бўлган, Абу Ҳанифага мансуб «Ал-фиқҳул-акбар» китобида (Миср босмаси, 19-саҳифа) келган қуйидаги сўзлар анави муқаллидларнинг ботилини йўққа чиқарувчи энг катта ҳужжат бўлса ажаб эмас: «Абу Ҳанифадан «Парвардигорим осмондами, ердами, билмайман» деб айтадиган киши ҳақида сўралди. У: «Кофир бўлибди. Чунки, Аллоҳ таоло: «У зот Ўз аршига юксалган Раҳмондир» (Тоҳа: 5) деб айтади, Унинг арши осмонлари устидадир», деб жавоб берди. «У одам: «Мен Аллоҳ арши узра юксалган» дейман, бироқ арши осмондами, ердами, билмайман», дейди», дейилганда: «Агар унинг осмонда эканини инкор қилса, кофир бўлади», деди».

Имом Таҳовий ал-Ҳанафий «Ал-ақийдатут-таҳовия»да очиқ-равшан айтганидек: «Аллоҳ таоло Аршдан ҳам, ундан қуйи нарсалардан ҳам беҳожатдир, У ҳамма нарсани (илми ва қудрати билан ўраб) иҳота қилган ва (ҳамма нарсадан) юқоридадир». «Ал-ақийдатут-таҳовия»ни шарҳлаган Ибн Абил-Из ал-Ҳанафий ҳам шу фикрни билдирган. У (Ал-мактабул-исламий босмаси, 323-саҳифада) ўша кейинги даврлар аҳли бўлган муқаллидлар ҳақида гапириб туриб: «Абу Ҳанифа мазҳабига нисбатланиб туриб, буни инкор қилган кишиларга илтифот қилинмайди. Дарҳақиқат, муътазила ва бошқа баъзи тоифалар ҳам унга нисбатлангани ҳолда жуда кўп эътиқодларида унга мухолифдирлар».

Юқорида айтиб ўтилган ва бошқа бир қанча сўзлар Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва унинг пешқадам асҳоблари, шунингдек кейинги даврдаги муҳаққиқ олимлар жория ҳақидаги ҳадис каби саҳиҳ ҳадисларда исботланганидек ва «(Эй Макка кофирлари), ё сизлар (кофирлигингизда оёқ тираб тураверсангизлар) осмондаги зот сизларни Ер юттириб юборишидан, бас, баногоҳ (Ер) титроққа тушиб, сизларни босиб қолишидан хотиржаммисизлар (қўрқмайсизларми)?!» (Мулк: 16) каби оятларда айтилганидек, Аллоҳ таолонинг Ўз халқидан олийликда ва осмонда эканига иймон келтиришда салафлар билан бирга эканини исботлайди.