Якшанба 22 Декабрь 2024 | 20 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Зайнул Обидин Алий ибн Ҳусайн ибн Алий

3913 марта кўрилган

“Қурайшликлар ичида Алий ибн Ҳусайндан афзалини кўрмадим”. (Имом Зуҳрий)

Кисролар (қадимги Форс подшоҳларининг унвони) салтанатининг охирги саҳифалари ёпилди. Форснинг энг сўнгги подшоҳи Яздажирд дарбадарликда оламдан ўтди. Унинг қўмонданлари, соқчилари ва оила аъзолари мусулмонлар тарафидан асирга олинди. Ғанимат-ўлжалар Мадинага олиб келинди. Бу буюк ғалабадан қўлга киритилган ўлжа шу қадар кўп, мўл ва қимматбаҳо эдики, бунақасини ҳали Мадина аҳли кўрмаган эди. Мана шу ўлжалар ичида Яздажирднинг уч қизи ҳам бор эди. Одамлар ўлжа олинган қул-чўрилар турган жойга етиб келдилар ва қисқа муддатда уларни сотиб олдилар. Бундай тушган пулларни Байтулмолга топширилди. Қул-чўрилардан фақат Яздажирднинг учта; ой деса ойдек, кун деса кундек сулув қизларигина қолди. Улар сотувга қўйилганларида хорлик ва маюслик уларнинг кўзларини ерга қаратди. Бу маюс кўзлардан ҳасрат ва ўкинч ёшлари қуюлди. Буни кўрган Алий ибн Аби Толиб разияллоҳу анҳу қизларга ачиндилар ва уларнинг ҳақларини ўрнига қўядиган яхши инсонлар уларни сотиб олишини орзу қилдилар. Бунинг ажабланарли ери йўқ, сабаби Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қавмнинг хор бўлган ҳурматли кишисига раҳм қилинглар” деб, айтганлар. (Мазкур ҳадис тўқимадир. Уни Пайғамбаримизга нисбат берилмайди. ИНТ) Сўнг Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳуга юзланиб:

— “Эй мўминлар амири, шоҳларнинг қизларига эл қатори муомала қилинмайди”.

— “Тўғри айтасиз, унда қандай муомала қилинса тўғри бўлади?”

—  “Уларга ўта қиймат нарх қўйилади, сўнгра сотиб олишни истаганлар орасидан қай бирини танлаш ихтиёрини қизларнинг ўзларига топширилади”.

Умар разияллоҳу анҳу бунга рози бўлдилар ва амалга оширдилар.

Қизлардан бири Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳумони, иккинчиси Муҳаммад ибн Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳумони, Шоҳизинон исмли учинчи қиз эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг набиралари Ҳусайн ибн Алий разияллоҳу анҳумони ихтиёр этди.

Шоҳизинон Исломни қабул қилди ва исломи гўзал бўлди. Аллоҳнинг мустақим дийнини қабул қилишга мушарраф бўлди, қулликдан озод этилди. Чўри эди, ҳур-озод жуфти ҳалолга айланди. У ўзининг бутпараст мозийсига боғлиқ барча нарсадан алоқани узишни истади. Шунинг учун Шоҳизинон-аёллар маликаси исмини Ғазолага ўзгартирди. Ғазола шоҳларнинг қизларига муносиб, энг яхши эрлик бўлди. Энди унинг фарзанд неъматига етишиш орзуси қолди, холос.

Аллоҳ унга илтифот кўрсатиб, бу неъматни ҳам ато этди. Ҳусайн разияллоҳу анҳуга кўзни қувонтиратдиган ўғил туғиб берди. Чақалоқ бобоси Алий ибн Аби Толиб разияллоҳу анҳуга ўхшасин деб, Алий исмини танладилар. Бироқ Ғазоланинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Уни нифос безгаги тутди ва фарзандидан кўзи қувонишига улгурмай туриб Раббининг нидосига лаббай деб, оламдан ўтиб кетди. Чақалоқни парваришлаш вазифаси Ҳусайннинг чўрисига топширилди. Чўри уни, мушфиқ она ўз боласини яхши кўришидан кўра ортиқ яхши кўрди. Меҳрибон она ўзининг ёлғиз фарзандига кўрсатадиган ғамхўрликдан кўра, кўпроқ ғамхўрлик қилди. Бола ҳам чўрини ўз онаси деб ўсиб-улғайди.

Алий ибн Ҳусайн болалигиданоқ завқу шавқ билан илм ола бошлади. Унинг биринчи мадрасаси ўз уйи бўлди. Бу  қандай ҳам олиймақом Уй!

Унинг биринчи устози дадаси Ҳусайн ибн Алий бўлди. Нақадар буюк устоз! Иккинчи мадрасаси эса буюк Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидлари бўлди. Ўша вақтда масжидун набий ҳаёт бўлган саҳобалар ва тобеинларнинг пешқадамлари билан тўла эди. Саҳобалар ҳам, пешқадам тобеинлар ҳам ёш тобеинларга бағриларини кенг очган эдилар. Уларга Аллоҳ азза ва жалланинг Китобини ўргатар ва уқтирар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини, унинг мақсад-моҳияти билан тушунтирардилар. Пайғамбаримизнинг сийратлари ва ғазотлари ҳақида сўзлаб берардилар, бунга қўшимча араб шеърларидан айтиб, унинг гўзаллигини кўрсатардилар. Болаларнинг жажжи қалбларини Аллоҳ азза ва жалланинг муҳаббати, тақво ва Ундан қўрқиш билан тўлдирар эдилар. Натижада улар амал қилувчи уламолар ва тўғри йўлга бошловчи раҳбарлар бўлиб етишдилар.

Алий ибн Ҳусайннинг қалби Аллоҳ азза ва жалланинг Китобига боғланганчалик бирон нарсага боғланмади. Унинг хис-туйғулари Қуръондаги ваъда ва ваидларга тебрангани каби бошқа нарсага тебранмади. Жаннатнинг васфи келган оятларни тиловат қилганида, унга бўлган завқ-шавқининг кўплигидан юраклари ҳапқириб кетар эди. Дўзахнинг зикри келган оятларни эшитса, худди дўзахнинг олови унинг ичида экандек чуқур хўрсинарди.

Алий ибн Ҳусайн йигитликда ҳам илмда ҳам камолотга етганида, Мадина аҳли Бану Ҳошим авлодлари ичида серибодат ва чин тақволи, буюк фазилат ва ахлоқ соҳиби, яхшилик ва эзгуликка бой, кенг билим ва маърифатли йигитга эришдилар. У ибодат ва тақвода шу даражага етдики таҳорат ва намоз орасида уни қаттиқ титроқ ушларди, худди безгак тутгандек бадани қалтирар эди. Бу ҳақда сўралганида: ”Ҳолингизга вой бўлсин! Ҳозир кимнинг олдида туришим ва кимга муножот қилишимни билмайдигандек сўрайсизлар-а!” деб, жавоб берган эди.

Ҳошимий йигитнинг ибодат ва тақвода баркамоллиги шу даражага етдики, ҳатто одамлар уни Зайнул Обидин "Обидларнинг энг яхшиси" "Обидларнинг яхшироғи" деб чақирар эдилар. Ҳатто унинг асл исми унутилаёзди, лақабини исмидан ортиқ билдилар.

Кўп сажда қилгани ва саждаларда узоқ-узоқ қолганидан, Мадина аҳли Сажжод (кўп ва узун сажда қилувчи), қалбининг софлиги ва юраги тоза эканидан унга Закий (гуноҳлардан пок) деб ном бердилар.

Зайнул Обидин раҳимаҳуллоҳ ибодатнинг мағзи дуо эканига қаттиқ ишонар эди. Айниқса, у Каъбапўшга осилган ҳолда мазза қилиб дуо қиларди. Неча маротаба Байтул Атиқ Каъбапўшга осилиб, шундай дуо қиларди: “Эй Раббим, менга Ўз раҳматингдан беҳисоб тоттирганинг ва неъматларингни менга ёғдирганингдан, мен қўрқмай, хотиржам Сенга дуо қиладиган, Сендан сўрайдиган бўлиб қолдим. Эй Раббим, Сенинг раҳматингга ўта муҳтож, ҳақларингни адо этишга эса қуввати заиф инсоннинг илтижоси каби ёлвораман, чўкаётган ғариб, Сендан ўзга қутқарувчини билмайдиган мендек бандангдан қабул эт, эй Карамли Зот”.

Бирда Товус ибн Кайсон уни Каъбанинг соясида туриб, худди бошига ўлим келиб қолган киши каби безовта бўлаётган, қаттиқ оғриган касалдек йиғлаётган ва музтар қолган киши мисол дуо қилаётганини кўриб, йиғи ва дуодан фориғ бўлишини кутиб турди, сўнг унга яқинлашиб деди:

—     Эй Расулуллоҳнинг ўғли, менинг назаримда сизни хавфдан сақлайдиган уч фазилатингиз бўла туриб, сизни бундай ҳолда кўриб турибман.

—    Эй Товус Қандай фазилатлар экан?

—    “Биринчиси: Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг авлодларидансиз.

Иккинчиси: Бобонгизнинг сизни шафоат қилишлари.

Учинчиси: Аллоҳнинг раҳмати...”.

—    “Эй Товус, насабда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга боғланган бўлганим Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу сўзини эшитганимдан кейин мени ҳимоя қилолмайди: “Қачонки сурга пуфланганда, у кунда ораларида на насаб қолур ва на бир-бирларини суриштирурлар”. Мўъминун: 101.

Бобомнинг менга шафоат қилишларига келсак, Каломи улуғ бўлган Аллоҳ таоло деди: “Улар фақат У зот рози бўлганларнигина шафоат қиладилар”. Анбиё: 28.

Аллоҳнинг раҳмати ҳақида эса Ўзи шундай деди: “Албатта, Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир”. Аъроф: 56.

Тақво туфайли Зайнул Обидин мурувват, олийжаноблик, ҳалимлик каби фазилатли хислатлардан Аллоҳ хоҳлаганича миқдорга эга бўлди, бу ҳақдаги ажойиб хабарлар ва ибратли воқеалар сийрат китобларига кўрк ва зийнат бўлиб турибди. Шулардан бирини Ҳасан ибн Ҳасан ҳикоя қилади:

Амакимнинг ўғли Зайнул Обидин билан менинг орамизда гап ўтиб қолганди. Шу боис ғазабдан ёнганим ҳолда унинг олдига бордим. У масжидда дўстлари билан ўтирган экан. Бирон нарса қолдирмай, нима бўлса гапирдим, у эса жим ўтирар ва бир оғиз ҳам гапирмасди. Сўнгра мен ортимга қайтиб кетдим.

Кеч кирганда эшик тақиллаб қолди. Кеч кирганда эшик қоқаётган ким экан, қарайчи деб чиқсам, эшик олдида Зайнул Обидин турибди. Ҳалиги берган озорларимга жавоб қайтариш учун келганида шубҳа қилмадим. Бироқ, у деди: “Биродарим, менга айтган сўзларингизда ростгўй бўлсангиз, Аллоҳ мени кечирсин. Айтган сўзларингиз ростгўй бўлмасангиз Аллоҳ сизни кечирсин, сўнгра салом бердида, жўнаб кетди. Мен унинг орқасидан эргашиб унга етиб олдим-да: “Қасам-ки, сиз ёқтирмайдиган ишга ҳаргиз қўл урмайман”- дедим. Шунда у менга нисбатан юмшади ва: “Менга айтган сўзларингизни кечирдим”-деди.

Мадиналик бир йигит айтади: “Зайнул Обидин масжиддан ташқарига чиққанида, уни кетидан бориб, уни сўзлар билан ҳақоратлай кетдим. Нега бундай қилдим, ўзим ҳам сабабини билмайман. Одамлар таъзиримни бериб қўймоқчи бўлиб менга ёпирилдилар. Агар таъзиримни берганларида, уларнинг қўлидан тирик қутула олмаслигим аниқ эди. Зайнул Обидин одамларга: Уни қўйиб юборинглар - деди. Одамлар мени қўйиб юбордилар. Мени қўрқиб кетганимни кўргач, очиқ  юзи билан менга боқиб, мени тинчлантириб деди: Сен мени билган нарсаларинг билан ҳақоратладинг, билмаганларинг бундан кўра кўпроқ. Бирон эҳтёжинг борми, сенга ёрдамлашиб юборсак?”- деди. Ундан уялиб кетдим, бирон нарса дея олмадим. Уялганимни кўргач, эгнидаги чопонини ечиб елкамга ташлаб қўйди ва менга минг дирҳам ҳам беришга буюрди. Шундан кейин уни ҳар кўрганимда: Гувоҳлик бераман, сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг авлодларидансиз”- деб, айтадиган бўлдим.

Давоми бор