асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
УММАТНИНГ ОММАСИ УЧУН МУҲИМ ДАРСЛАР3774 марта кўрилган Муаллиф: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз раҳимаҳуллоҳ МУҚАДДИМА Ҳамду санолар Оламлар Рабби Аллоҳ таолонингдир. Хайрли оқибат тақводор зотлар учундир. Аллоҳнинг бандаси ва расули Муҳаммад пайғамбаримизга, у зотнинг оилалари ва асҳобларига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин! Аммо баъд: Бу мўжаз калималар омманинг Ислом динидан билиши фарз бўлган амаллардан баъзисининг баёнидир. Аллоҳ таолодан бу китобчани мусулмонларга фойдали қилишини ва мендан қабул қилишини сўрайман. Албатта У Саховатли ва Карим Зотдир. Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз БИРИНЧИ ДАРС Фотиҳа сураси ва қисқа суралар таълими Оми одамларга Фотиҳа сураси ва "Залзала" сурасидан "Нос" сурасигача бўлган кичик сураларни оғзаки талқин қилиш орқали уларнинг қироатларини тўғрилаш, ёд олдириш ва оятлар маъноларини тушунтириш. ИККИНЧИ ДАРС Ислом арконлари Ислом арконлари бешта бўлиб, унинг аввали ва энг буюги «Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадун расулуллоҳ» гувоҳлигидир. (Устоз шаҳодат калимасининг маъносини шарҳлаб, шартларини баён қилиб берсин.) Ушбу калиманинг маъноси: "Ла илаҳа" Аллоҳдан ўзга барча сиғиниладиган нарсаларни инкор қилиш ва "иллаллоҳ" ибодатни шериги бўлмаган ёлғиз Аллоҳга исбот қилиш. "Ла илаҳа иллалоҳ"нинг шартлари қуйидагилар: Жоҳилликнинг зидди бўлган ИЛМ; Шубҳанинг зидди бўлган АНИҚ ИШОНЧ; Ширкнинг зидди бўлган ИХЛОС; Ёлғоннинг зидди бўлган РОСТГЎЙЛИК; Адоватнинг зидди бўлган МУҲАББАТ; Итоатсизликнинг зидди бўлган БЎЙСУНИШ; Радни зидди бўлган ҚАБУЛ; Аллоҳдан бошқа ибодат қилинаётган нарсаларга кофир бўлиш. "Муҳаммадан Расулуллоҳ" шаҳодатининг маъноси: у зот ҳабар берган нарсаларни тасдиқлаш, буюрганларини бажариб, қайтарган ва зажр қилганларидан тийилиш, Аллоҳ таоло ва Унинг Расули қонун қилган нарсалар билангина Аллоҳга ибодат қилишдан иборатдир. Сўнгра толиби илмга Исломнинг беш арконининг қолганлари: намоз, закот, Рамазон рўзаси ва йўлга қодир бўлган киши учун байтуллоҳни ҳаж қилиш баён қилинади. УЧИНЧИ ДАРС ИЙМОН РУКНЛАРИ Иймон рукнлари олтита бўлиб, Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ва қадарнинг яхшилигию ёмонлиги Аллоҳдан эканига иймон келтиришингиздир. ТЎРТИНЧИ ДАРС ТАВҲИД ВА ШИРКНИНГ ҚИСМЛАРИ Тавҳид уч қисмдир: Тавҳид рубубийя, тавҳид улуҳийя ва тавҳиду асмои вассифат. Тавҳид рубубийя: Аллоҳ таоло барча нарсаларнинг яратувчиси ва уларда Ўзи хоҳлагандек тасарруф қилади, Унинг бу хусусда шериги йўқ, деб эътиқод қилиш. Тавҳидул улуҳийят: Аллоҳ таоло сиғинилишда шериги йўқ, ҳақ маъбуд эканига иймон келтириш бўлиб, бу "ла илаҳа иллаллоҳ" калимасининг маъносидир. Яна ҳам ойдинлаштириб айтадиган бўлсак: Ҳақ маъбуд ёлғиз Аллоҳдир. Намоз, рўза ва бошқа барча ибодатларни ёлғиз Аллоҳга холис қилиш вожиб, улардан бирортасини Аллоҳдан ўзгага буриш жоиз эмасдир. Тавҳидул асмои вассифот: Қуръони Карим ва саҳиҳ ҳадисларда келган Аллоҳнинг барча исм-сифатларига иймон келтириш ва уларни ўзгартиришсиз, инкор қилишсиз, кайфиятига аралашишсиз ва махлуқотларникига ўхшатишсиз Аллоҳ таолога лойиқ тарзда Аллоҳга исбот қилишдир. Аллоҳ таоло айтди: «قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ اللَّهُ الصَّمَدُ لَمْ يَلِدْ وَلَمْ يُولَدْ وَلَمْ يَكُنْ لَهُ كُفُواً أَحَدٌ» «Эй Пайғамбар айтинг: "У Аллоҳ илоҳликда ёлғиздир, Ундан ўзга барҳақ илоҳ йўқ. Камолот ва гўзал сифатлар соҳиби, саййидлик унга бориб тўхтаган Саййиддирки, барча махлуқотлар ўз ҳожат, талаблари билан унга илтижо қиладилар. Ул зот бировни туғмаган, Уни ҳам биров туғмаган. Унинг фарзанди ҳам йўқ, отаси ҳам йўқ. Махлуқотлари ичида унга тенг биронта йўқ.» (Ихлос сураси) «لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ ۖ وَهُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ» "Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитувчи ва кўрувчидир". (Шўро: 11) Баъзи олимлар тавҳидни икки қисмга бўлиб, тавҳидул асмои вассифотни тавҳид рубубийяга қўшганлар. Бу масалада баҳсга ўрин йўқ, ҳар икки тақсимотда мақсад аниқ-равшандир. Ширк уч қисмдир: Катта ширк; Кичик ширк; Махфий ширк. Катта ширк ана шу ширк устида вафот этган одамнинг амалининг ҳабата бўлиши ва дўзахда абадий қолишини вожиб қилади. Аллоҳ таоло айтди: «وَلَوْ أَشْرَكُوا لَحَبِطَ عَنْهُمْ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ« "Агар улар ширк келтирганларида қилган амаллари беҳуда кетган бўлур эди". (Анъом: 88) «مَا كَانَ لِلْمُشْرِكِينَ أَنْ يَعْمُرُوا مَسَاجِدَ اللَّهِ شَاهِدِينَ عَلَىٰ أَنْفُسِهِمْ بِالْكُفْرِ ۚ أُولَٰئِكَ حَبِطَتْ أَعْمَالُهُمْ وَفِي النَّارِ هُمْ خَالِدُونَ» "Мушриклар ўзларининг кофир эканликларига гувоҳ бўлган ҳолларида Аллоҳнинг масжидларини обод қилишлари жоиз эмас. Уларнинг қилган амаллари беҳуда кетди, ўзлари эса қиёмат кунида дўзахга кирадилар ва унда абадий қоладилар". (Тавба: 17) Дарҳақиқат, ким мушрик бўлган ҳолида ўлса, ҳаргиз унинг гуноҳи кечирилмайди ва унга жаннат ҳаромдир. «إِنَّ اللَّهَ لَا يَغْفِرُ أَنْ يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَٰلِكَ لِمَنْ يَشَاءُ ۚ وَمَنْ يُشْرِكْ بِاللَّهِ فَقَدِ افْتَرَىٰ إِثْمًا عَظِيمًا» "Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечиради. Ким Аллоҳга (бирор кимса ёки нарсани) шерик келтирса, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди". (Нисо: 48) «إِنَّهُ مَنْ يُشْرِكْ بِاللَّهِ فَقَدْ حَرَّمَ اللَّهُ عَلَيْهِ الْجَنَّةَ وَمَأْوَاهُ النَّارُ ۖ وَمَا لِلظَّالِمِينَ مِنْ أَنْصَارٍ» "Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилувчилар учун бирон ёрдамчи йўқдир". (Моида: 72) Ўликлар ва бут-санамларга дуо қилиб, улардан ёрдам сўраш, уларга назр қилиш ҳамда уларга атаб жонлиқ сўйиш ва шу каби ишлар катта ширк жумласидандир. Кичкина ширк: риё, Аллоҳдан бошқага қасам ичиш, "Аллоҳ хоҳлади ва фалончи хоҳлади", дейиш каби Китоб ёки Суннатда "ширк" деб номланган, бироқ катта ширк жумласидан бўлмаган амалдир. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мен сизларга етишидан энг кўп қўрқадиганим нарса кичик ширкдир", дедилар. Сўнг у ҳақда сўралган эдилар: "Риё", деб жавоб бердилар. (Имом Аҳмад, Табароний, Байҳақий Маҳмуд ибн Лабид Ансорий разияллоҳу анҳудан яхши санад билан ривоят қилганлар. Табароний Маҳмуд ибн Лабиддан, у Рофиъ ибн Хадиждан, у эса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нечта санади яхши ривоятларни қилган) Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимки Аллоҳдан бошқа бирор нарсага қасам ичса, батаҳқиқ ширк келтирибди", дедилар". (Имом Аҳмад Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан саҳиҳ санад-ровийлар силсиласи билан ривоят қилган) Абу Довуд ва Термизий Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Аллоҳдан бошқага қасам ичса, батаҳқиқ куфр ёки ширк келтирибди", дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Аллоҳ хоҳлади ва фалончи хоҳлади", деб айтманглар, балки Аллоҳ хоҳлади, сўнг фалончи хоҳлади", деб айтинглар!", деган сўзларини Абу Довуд Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан саҳиҳ санад билан ривоят қилган. Ширкнинг бу тури муртадликни ҳам, дўзахда абадий қолишни ҳам вожиб қилмайди. Бироқ, у бажарилиши вожиб бўлган тавҳиднинг камолига путур етказади. Ширкнинг учинчи тури махфий ширк бўлиб, унинг далили Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларидир: "Менинг наздимда сизларга нисбатан Масиҳ Дажжолдан кўра хатарлироқ бўлган нарса ҳақида хабар берайми?", дедилар. Улар: Ҳа, эй Расулуллоҳ, дейишди: "У махфий ширкдир. Бир киши туриб намоз ўқийди ва ўз намозини бировнинг қараб турганини сезган пайтда у учун зийнатлайди", дедилар. (Имом Аҳмад "Муснад"ида Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган) Ширкни фақат икки турга бўлиш ҳам жоиз: катта ширк ва кичик ширк. Махфий ширк ҳар иккисини ўз ичига олади. Махфий ширкнинг катта ширкдаги кўриниши мунофиқларнинг ширки кабидир. Чунки, улар ботил ақидаларини яшириб, риё қилиб ва ўзларига зарар етишидан қўрқиб ўзларини мусулмон қилиб кўрсатадилар. Махфий ширкнинг кичик ширкдаги кўриниши юқоридаги Маҳмуд ибн Лабид ва Абу Саиднинг ҳадисларида зикр қилинган риё кабидир. Тавфиқ Аллоҳдандир. |