Якшанба 22 Декабрь 2024 | 20 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Бир ишни куфр дейиш билан ўша ишни қилувчини кофир дейиш ўртасидаги фарқнинг баёни

3063 марта кўрилган

Илова

Бир ишни куфр дейиш билан ўша ишни қилувчини кофир дейиш ўртасидаги фарқнинг баёни

 Агар олдинда ўтган дин бузар амаллар амални беҳуда қилиши ҳамда бу амалларни қилган киши дўзахда абадий қолишини билган бўлсангиз, шуни ҳам билингки, мусулмон киши гоҳида Қуръон ва суннатда ҳамда салафи солиҳларнинг ижмосида унинг куфр амал экани ва диндан қайтишга сабаб экани айтилган бирор сўз ёки ишни қилиши мумкин. Лекин аҳли илмларнинг наздида бир сўз куфр сўз бўлиши шу сўзни айтган муайян шахс кофир бўлишини тақозо қилмайди.

Демак, куфр амалини қилган шахс шу сабабдан кофир дейилмайди. Чунки, муайян бир сўз ёки иш куфр бўлиб, уни айтган ёки қилган шахс маълум бир шартларсиз кофир бўлмайди. Чунки, у муайян шахсни кофир дейиш учун керакли бўлган шартлар исботланиши ҳамда уни кофир дейишдан ман қиладиган монеълар бўлмаслиги керак. У шахс янги исломга кирган бўлиб, куфр амалини куфр эканини билмасдан қилган бўлиши мумкин. Лекин унга куфр экани айтилса, у бу амалидан қайтади. Гоҳида ўзининг нотўғри таъвили билан бир нарсани инкор қилган бўлиши мумкин. Бундан бошқа уни кофир дейишдан ман қиладиган монеълар ҳам бор.

Бу жуда ҳам муҳим асос. Уни яхши тушуниб, эътибор бериш керак. Чунки, муайян шахсни кофир дейиш банданинг ҳаққи эмас ва у ўзининг хоҳишига қараб, хоҳлаганини кофир деб айтиши мумкин эмас. Аксинча, бу масалада Қуръон ва суннатга салафи солиҳларнинг тушунчаси билан мурожаат қилиш лозим. Аллоҳ ва Расули кимни кофир деса ва унга ҳужжат қоим бўлса, у кофир бўлади. Акс ҳолда, йўқ.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Бир киши жуда ҳам кўп гуноҳ қилибди. Ўлиш олдидан болаларига васият қилиб: “Агар мен ўлсам, мени куйдиринглар! (Куйган жасадимни) туйиб, шамол эсиб турган пайтда денгизга сочинглар! Аллоҳга қасамки, У зот мени қайта тирилтира олса, бирор кишига бермаган азобини беради.” – дебди. Улар оталарининг васиятини бажарибдилар. Кейин Аллоҳ таоло ерга қараб: “Ўзингдаги нарсаларни чиқар! ” – деб амр қилибди. Шунда ҳалиги одам асл ҳолатида қайта тирилибди. Аллоҳ таоло унга: “Нима сабабдан бу ишни қилдинг?” – дебди. – “Сендан қўрқдим эй Раббим!”, – дебди. Шунда Аллоҳ таоло шу қўрққани сабабли унинг гуноҳларини кечирибди”. Бухорий ва Муслим ривояти

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:

“Бу киши Аллоҳнинг қудратига ва агар кул қилиб, сочиб юборилса, уни қайта тирилтиришига шак қилди. Қайта тирилмайман, деб эътиқод қилди. Бу эътиқод барча мусулмонларнинг иттифоқи билан куфр эътиқоддир. Лекин, у жоҳил, бу нарсани билмас эди. Аллоҳнинг азобидан қўрқадиган мўмин эди. Аллоҳ таоло уни шу иймони, қўрқуви сабаб кечирди. Демак, таъвил қилиб адашган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишга қаттиқ ҳарис бўлган мужтаҳид олимлар Аллоҳнинг мағфиратига бу одамдан кўра лойиқроқлар”.

Яна бошқа китобларида [“Ал-Масоилул Мординийя” (71-бет)] шундай деганлар:

“Бу масаланинг асл моҳияти шуки, бир сўз очиқ куфр бўлади ва “шу сўзни айтган киши кофир бўлади”, дейилади. Лекин шу сўзни айтган муайян бир шахс, токи унга қарши ҳужжат қоим бўлмас экан, айтган сўзи куфр бўлгани учун кофир дейилмайди”.

Хуллас, таҳқиқотчи олимларнинг бу борадаги мазҳабига кўра – бир ишни куфр амал дейиш билан, шу ишни қилган шахсни кофир дейишнинг фарқи бор. Бидъат масаласида ҳам худди шундай. Муайян бир сўз ёки иш бидъат бўлиши билан шу сўзни ёки ишни қилган шахсни бидъатчи дейиш орасида фарқ бор. Бидъат ишни қилган ҳар бир киши ҳам бидъатчи бўлиб қолавермайди.

Ким салафлар тутган йўлга қараса, бу сўзнинг моҳиятини англаб етади ва мана шу уларнинг мазҳаблари эканини билади. Шунингдек, уларнинг нақадар адолатли, инсофли, ҳақ сўзли ҳамда инсонларнинг ҳидоятига нақадар интилувчан эканликларига гувоҳ бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло уларга фойдали илм ҳамда солиҳ амал ато этган эди. Барча инсонларга вожиб бўлган нарса ҳам шу: токи барча ҳатти-ҳаракатларида дин холис Аллоҳ учун бўлиши учун - уларнинг мақсади ҳақни баён қилиш, адолат ва инсоф билан ботилни йўқотиш бўлмоғи керак. Валҳамду лиллаҳи Роббил оламийн!