Чоршанба 4 Декабрь 2024 | 2 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Асмоул-Ҳусно/Аллоҳ

4330 марта кўрилган

Аллоҳ


Бу асмоул ҳуснонинг энг буюгидир. Бу исм Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ичида Қуръони Каримда энг кўп келганидир. Бу исм Қуръони Каримда шайх Абдурраззоқнинг айтишича икки минг икки юз маторабадан ортиқроқ, бошқа бир маълумотларга кўра салкам икки минг етти юз маротаба такрор келган. Қуръони Каримда бу миқдорда бошқа биронта исм келган эмас.

Аллоҳ азза ва жалла ўттиз уч оятни Аллоҳ исми билан бошлаган. Бир жамоа аҳли илмлар у билан дуо қилса ижобат қиладиган, у билан сўралса берадиган Аллоҳнинг Аъзам исми яъни, "Исмуллоҳул аъзам" мана шу Аллоҳ исми деб, айтганлар. 

Бу исмни ўзига хос хусусиятлари ва ўзалликлари бордир. Бу хусусиятларидан бири, бу исм барча Аллоҳнинг гўзал исмларининг аслидир. Қолган исмлар бу исмга изофа бўлиб келади.  Аллоҳ таоло айтдики: “Аллоҳнинг гўзал исмлари бор, ана шу исмлар билан Аллоҳга дуо қилинглар.” Аллоҳур-Роҳман, Аллоҳур-Роҳим, Аллоҳул-Ғофур,  Аллоҳул-Алийм,  - деб айтилади. Ар-Роҳман Аллоҳ дейилмайди.  Бу исм асмоул ҳуснонинг барча маъноларини ўзида лозим тутади ва умумий суратда бу исмларга далолат қилади. Асмоул ҳусно улуғлик,  камолот ва буюклик сифатлари бўлган илоҳий сифатларни баёни ва тафсилотидир. Бу исм яъни, Аллоҳ исми барча асмоул ҳуснонинг маржиъи ва уларнинг маънолари мана шу исм атрофида айланади. 

Аллоҳ исмининг маъносида айтилган сўзларнинг энг гўзали ва энг жамловчиси Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ворид бўлган сўзки у зот дедилар:  “Аллоҳ — бутун маҳлуқотлари устида убудият ва улуҳият соҳиби бўлган зот.”  Ибн Жарир тафсирларида ривоят қилганлар: яъни,  Аллоҳ — жалолат,  камолот ва улуғворлик васфларига эга бўлган зотки, мана шу васфлар туфайли илоҳ бўлишга ва ҳокисорлик, хузуъ, синиқлик ва бўйсиниш билан ёлғиз Ўзи хосланишга лойиқ бўлди.  Аллоҳ исмининг шарҳи ниҳоясига етди.