Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Бу кунларни қандай ўтказмоқ керак (Зул-Ҳижжанинг ўн куни)

5665 марта кўрилган

БУ КУНЛАРНИ ҚАНДАЙ ЎТКАЗМОҚ КЕРАК?

Аллоҳ Таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, аҳли-оилаларига ва асҳобларига салоту саломлар бўлсин.

Маълумки, Аллоҳ Таоло ўз ҳикмати ва фазлу карами билан айрим кунларни бошқаларидан кўра муфаззал этди.

"Парвардигорингиз Ўзи хоҳлаган нарсасини яратур, ва (Ўзи хоҳлаган ишни) ихтиёр қилур. Улар учун ихтиёр йўқдир…"("Ал-Қасас", 68-оят)

Ушбу афзаллик мўминлар хайрли ишларга қаттиқроқ берилмоқлари ва ажру савобларга мўл-кўл кўмилмоқлари учун, Аллоҳ Таолога яна ҳам яқинроқ бўлмоқлари учун пок Парвардигор тарафидан жорий этилган. Аммо атрофга назар ташласангиз, кўпчилик мусулмонларнинг фазилатли соатлардан мутлақо ғофил эканларини кўрасиз. Улар улуғ ажру савоблардан маҳрум қолиб, ушбу соатларни ғанимат билмайдилар.

Масалан, Зулҳижжанинг аввалги ўн куни дунё кунларининг энг афзали ва уларда қилинган амаллар бошқа кунлар амалига караганда Аллоҳ Таолога суюклироқдир.

Хўш, мана шундай улуғ ва ғанимат соатларда биз нима билан машғул бўламиз? Афсуски, кўпчилигимиз хатто бу кунларнинг келиб-кетганини ҳам сезмай қоламиз. Зулҳижжанинг ўн кунида айтилиши лозим бўлган такбирларнинг мутлақо ташлаб қўйилишини бунга мисол сифатида келтириб ўтиш мумкин. Зулҳижжанинг ўн куни Рамазон кунларидан улуғроқ, унда қилинган амаллар Рамазон кунлари амалидан афзалроқ саналишига қарамасдан, Рамазонда амалга ошириладиган амаллардан биронтаси ҳам, кўпгина мусулмонлар томонидан Зулҳижжанинг ўн кунида қилинмайди. Тўғри, бунга ажабланмаса ҳам бўлади. Чунки, Рамазон ўзига хос хусусиятлар билан ўралганки, Зулҳижжанинг ўн кунида бу хусусиятлар топилмайди.

Биринчидан: Рамазон ойида ҳар йили бажаришимиз фарз этилган бир ой рўза ибодати мавжуд. Рўзанинг мусулмонларни тарбия қилишдаги, уларнинг иймонларини зиёдалаштиришдаги аҳамияти эса барчага аён.

Иккинчидан: Қуръони Каримнинг нозил бўлиши ҳам Рамазон ойига бевосита боғлиқ. Шу боисдан мусулмонлар Рамазон ойини ҳақли равишда Қуръон ойи деб биладилар ва бу ой давомида Парвардигорлари каломини қўлларидан қўймайдилар.

Учинчидан: Рамазон кечаларида қоим туриб ибодат қилмоққа кўп тарғиб этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қадр кечасини кутиб, Рамазоннинг охирги ўн кечасига алоҳида эътибор берардилар.

Мазкур уч хусусият Рамазон учун ўзига хос муҳит яратиб, кишилар хаётини ўзгартириб юборади. Бундан ташқари, ушбу муборак ойда шайтонларнинг кишанланиши, жаннат эшикларининг очилиб, дўзах дарвозаларининг ёпилиши мўминларнинг ибодатга янада ҳарисроқ бўлишларига кучли таъсир кўрсатади. Натижада мусулмонлар турли хайр-яхшилик ишларига кўпроқ машғул бўладилар. Зулҳижжанинг ўн кунлигида эса, ушбу имтиёзларнинг йўқлиги ҳам биз учун бир имтиҳондир. Бу кунларда Рамазонда бўлгани каби кишини солиҳ амалларга ундаб турувчи кучли омиллар кўринмайди. Фақат Аллоҳ Таолонинг тавфиқи билан охират ғамида жидду жаҳд қилган инсонларгина бу кунларни ғанимат билишлари мумкин.

Зулҳижжа ойи биринчи ўн кунлигининг хусусиятлари

Ушбу кунларнинг фазилати ҳақида бир қанча далилларни келтириш мумкин.

1. Аллоҳ шундай марҳамат қилади: "Тонгга қасам, (Зулҳижжа ойи аввалидаги) ўн кечага қасам…".("Ал-Фажр" сураси, 1-оят)

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зулҳижжа ойининг ўн кунини дунё кунларининг энг улуғи деб билганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ҳеч қайси кунда қилинган солиҳ амал ушбу ўн кунда қилинган солиҳ амалчалик Аллоҳга суюкли эмас".

- Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳамми? - сўрашди саҳобалар.

- Ҳа. Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам! Фақат моли-ю жони билан (жиҳодга) чиқиб, ҳеч нарсасисиз қайтган киши (яъни моли ҳам жони ҳам ўша ерда қолган, шаҳид бўлган киши) бундан мустасно". (Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Аллоҳ наздида Зулҳижжанинг ўн кунидан улуғроқ кун йўқдир. Ҳеч қайси амал ушбу ўн кунда қилинган амалчалик Аллоҳ Таолога суюкли эмас. Бас, ўша кунларда таҳлил, такбир ва ҳамдни кўп айтинглар!" (Ахмад ривоятлари)

Демак, Зулҳижжа ойининг ўн куни йилнинг энг афзал кунлари экан, ушбу ўн кун ичида келган жумъа ҳам икки фазлни ўзида жамлагани учун бошқа жумъалардан муфаззалдир. ("Фатҳул-борий" китобидан)

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зулҳижжанинг ўн кунида яхши амалларни кўпроқ қилишга чақириб, таҳлил ва такбир айтишга буюрдилар.

4. Зулҳижжанинг ўн кунида арафа ва наҳр (қурбон ҳайити) кунлари бор.

5. Ушбу кунлар ичида энг улуғ ибодатлар - намоз, рўза, садақа, ҳаж жамланади. Бу ҳам ўзига хос мумтозликдир. Айниқса, Зулҳижжанинг ўн куни ичида амалга ошириладиган ҳаж ибодати бутун умр давомида фарз сифатида бир мартагина адо этиладиган ғанимат ва ноёб амалдир.

Зулҳижжа ойининг ўн куни ичида қилинадиган солиҳ амаллар

Агар бирор кун муфаззал саналса, ўша кунда қилинган амал ҳам афзал бўлиши табиий. Юқоридаги ҳадисда ҳам Аллоҳ Таолонинг Зулҳижжанинг ўн кунида қилинган амалга муҳаббати баён этиб ўтилди. Демак, бу кунларнинг улуғлиги икки томонлама таъкидланади. Ушбу ўн кун давомида қилинадиган солиҳ амалларни агар умумлаштириб санаб ўтадиган бўлсак, қуйидаги ибодатларни зикр этишимиз мумкин:

1. Ҳақикий тавба-тазарру.

Аллоҳ Таоло ёмон кўрадиган зоҳиру ботин маъсиятларни тарк этиб, Парвардигор хуш кўрадиган хайрли амалларга киришмоқ, ўтган гуноҳларидан афсус-надомат чекиб, қайта бу ишга кўл урмасликка қатъий аҳд этмоқ чин тавба ҳисобланади. Банда ўзига буюрилган ишларни тарк этгани, қайтарилган ишларга қўл ургани учун ҳам тавба-тазаррулар қилмоғи лозим. Киши ўлим соатининг яқин-узоқлигини билмас экан, гуноҳ-маъсиятлардан дарҳол тавба қилмоғи керак. Зеро, ҳар бир ёмон амал ўзига ўхшаган кейинги ёмон амални тортиб келаверади. Ҳар қандай гуноҳ аслида ёмон нарса, аммо муфаззал жойлар ва кунларда қилинган гуноҳлар бошқа кунларда қилинган айни гуноҳларга қараганда ёмонроқ бўлади. Бинобарин, уларнинг жазоси ҳам улкан бўлади. Аллоҳ асрасин!

"Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар!" ("Ат-Таҳрим" сураси, 8-оят).

Ибн Қоййим ал-Жавзийя ёзадилар: "Холис тавбада уч нарса: барча гуноҳлардан қайтиш, бунга ҳақиқий ва қатъий азму қарор қилиш ҳамда иллат-камчиликлардан холи бўлиш мужассам бўлмоғи лозим. Мана шу комил тавба бўлади".

2. Ҳаж ва умра ибодати

Ҳажнинг аксар амаллари Зулҳижжанинг аввалги ўн куни ичида адо этилишини ҳисобга оладиган бўлсак, ҳаж ва умра ибодатларини ҳам ушбу ўн кунликдаги амаллар доирасига киритишимиз мумкин. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаж ва умрага кўп чақирганлар. Чунки мазкур улуғ ибодатлар инсонни гуноҳ-маъсият кирларидан тозалайди. Натижада киши охиратда азиз-мукаррам зотлар сафидан жой олади.

3. Вожиботларни ўз вақтида адо этмоқ

Яъни, шариат буйруқларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатмаларига мувофиқ равишда, барча суннат ва одоблари билан бекаму кўст адо этмоқ. Бу ҳар бир инсоннинг ҳаётда биринчи галдаги вазифасидир.

Аллоҳ Таоло айтади: "Ким менинг валийим - дўстимга тажовуз қилса, унга уруш эълон қиламан. Биронта бандам Мен фарз қилган амалларни адо этишдан кўра суюклироқ нарса билан Менга яқинлик ҳосил қилмаган. Нафл амаллар эса бандамни Менга янада яқинроқ қилаверади. Охир-оқибат Мен уни яхши кўриб қоламан. Қачон Мен бандамни яхши кўриб қолсам, Мен унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан. Мендан бирон нарса сўраса - албатта бераман, паноҳ тиласа - Ўз паноҳимга оламан. Мен қиладиган ишларимнинг биронтасида мўминнинг жонини олишда тараддудланганимдек тараддудга тушмаганман. У ўлимни ёмон кўради, Мен эса унга озор беришни истамайман". (Ҳадиси қудсий. Бухорий ривоятлари)

Ҳофиз ибн Ҳажар ёзадилар:

"Фарзларни буюрилгандек адо этишда қуйидаги нарсалар мужассам бўлади:

 

•  Буйруққа бўйсуниш;

•  Буюрувчига нисбатан ҳурмат-эҳтиром;

•  Буюрувчига эргашиш ила уни улуғлаш;

•  Унинг улуғлигини тан олиш;

•  Ўзининг қуллигини эътироф этиш.

Шунинг учун ҳам фарзларни тўла адо этиш Аллоҳ Таолога яқинлик хосил қиладиган амаллар ичида энг улуғи саналади".

Шариат буйруқларига тўла риоя этмоқ мўминларнинг Қуръони Каримда мақталган сифатларидандир.

"Улар намозларини муҳофаза этувчи (ўз вақтида бекаму кўст адо этувчи) зотлардир". ("Ал-Маъориж" сураси, 34-оят)

4. Солиҳ амалларни кўпайтирмоқ

Аллоҳ Таолога ҳамиша суюкли бўлган солиҳ амаллар ушбу муборак кунларда яна ҳам таъкидлироқдир. Яъни, уларнинг фазли, ажр-мукофоти юқори бўлади. Шундай экан, ҳаж қилишга мушарраф бўла олмаган киши ушбу ўн кунни намоз, Қуръон тиловати, зикр, дуо, эҳсон-садақалар, ота-онага яхшилик қилиш, силаи раҳм ва яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш каби хайрли амаллар билан ўтказсин. Ана шунда у Парвардигори муҳаббатига лойиқ топилиши мумкин.

5. Зикр

Ўзга амаллардан фарқли равишда зикр ҳақида алоҳида оят нозил бўлган: "Ва маълум кунларда (яъни қурбон ҳайити кунларида Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (қурбонлик учун сўйиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келурлар)". ("Ал-Ҳаж" сураси, 29-оят)

Абдуллоҳ ибн Аббос юқоридаги оятда зикр қилинган "маълум кунлар" ни Зулҳижжанинг ўн куни деб тафсир қилганлар. Яъни шу кунларда мўминлар Аллоҳ Таоло уларга ризқ қилиб берган чорва моллари учун Парвардигорларига шукроналар қилиб, ҳамдлар айтишади.

6. Такбир

Масжидларда, уйларда, кўча-кўйда, бозорларда такбир айтмоқ суннатдир. Эркаклар ошкора, аёллар эса овозларини чиқармасдан Аллоҳ Таолони улуғлаб такбир айтадилар. Такбирни қай лафзлар билан айтиш лозимлигини қатъий чегаралаб қўйган аниқ бир кўрсатма йўқ. Бу хусусда саҳоба ва тобеинлардан ривоят қилинган асарларнинг саҳиҳроғи Салмон разияллоҳу анхунинг қуйидаги сўзларидир: "Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбару кабийро! - деб такбир айтинглар". Кўпчилик мусулмонлар ушбу суннатни бутунлай унутганлар. Сиз агар хоҳласангиз, унутилган суннатни тирилтириб, улкан ажрга эришишингиз мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Мендан кейин унутилган бир суннатимни тиклаган кишига ўзи учун алоҳида савоб берилиши билан бирга ундан кейин ушбу суннатга амал қилганларнинг савоблари баробарида ҳам ажр-мукофот берилади".

Абдуллоҳ ибн Умар билан Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳумо Зулҳижжанинг ўн кунида бозорга чиқиб такбир айтардилар. Одамлар ҳам уларнинг такбирини эшитиб, такбир айтишарди. Яъни, кишилар у икки саҳобадан эшитганларидан сўнг такбир айтиш лозимлигини эсга олиб такбир айтардилар.

7. Рўза тутмоқ

Ҳафса разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўрт нарсани ҳеч ташламас эдилар: Ошуро кунида, Зулҳижжанинг ўн кунида ва ҳар ойнинг уч кунида рўза тутишни ҳамда бомдоддан аввалги икки ракаат суннатни".

Албатта бу ерда Зулҳижжанинг ўн кунида рўза тутиш ҳақида гапирилганда шу кунларнинг аввалги тўққиз куни назарда тутилган. Зеро ўнинчи куни Қурбон ҳайити куни бўлиб, ҳайит куни рўза тутиш ман қилинган. Айрим кимсаларнинг фақат еттинчи, саккизинчи ҳамда тўққизинчи кунларни хослаб рўза тутишларига келсак, шариатда бу ишнинг асли йуқ. Бироқ, қайси бир инсон ўзининг имконият ва куч-қудратидан келиб чиқиб шу тўққиз кунни рўза билан ўтказмоқчи бўлса, албатта бу учун савоб олади, иншоаллоҳ.

8. Қурбонлик

Қурби етадиган кишилар учун қурбонлик сўйиш камида - суннати муаккада. Баъзи олимлар, масалан, Ибн Таймия уни ҳатто фарз дейишган. Ҳанафий мазҳаб уламолари наздида бу амал вожибдир.

"Бас, сиз Парвардигорингиз учун намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг!" ("Ал-Кавсар" сураси, 2-оят)

Ушбу оят ичига ҳайит намозини ўқиш ва қурбонлик қилиш киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга доим амал қилганлар. Абдуллоҳ ибн Умар айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада ўн йил турдилар ва ҳар йили қурбонлик қилдилар".

9. Ҳайит намози

Ҳайит намози қаттиқ таъкидланган суннатлардандир. Имом Абу Ҳанифа бу намозни вожиб дейдилар. Баъзи уламолар унинг фарзлиги хусусида ҳам кучли далиллар келтирганлар. Мусулмонлар ҳайит намозига чиқиб ҳайит хутбасини тингламоқлари, бу куннинг байрам этиб танланишидаги ҳикматларни, бу кун Аллоҳга шукроналар қилинадиган, солиҳ амаллар бажариладиган кун эканлигини ёдга олмоқлари лозим.

Арафа куни

Арафа куни алоҳида фазл ва хусусиятларга эга бўлгани учун унинг фазилати ва шарафи хусусида батафсил тўхталиб ўтамиз.

Биринчидан - Арафа куни динимиз комил этилган, неъмат тугал қилинган кун.

"Яҳудлар Умар разияллоҳу анҳуга айтишди:

- Сизлар бир оятни ўқийсизлар. Агар ўша оят бизга нозил бўлганида эди, уни байрам қилиб олган бўлар эдик.

- Мен ўша оятни қачон нозил бўлганини ҳам, қаерда нозил бўлганини ҳам, у нозил бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаерда турганларини ҳам биламан. У Арафа куни эди, биз ҳам Аллоҳга қасамки, Арафотда эдик (шу ерда Суфён: "Ўша кун жумъа куни бўлганмиди-йўқми, аниқ айтолмайман", - дедилар). (Бухорий ривоятлари)

"Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим" ("Ал-Моида" сураси, 3-оят)

Арафа куни дин комил этилди, деб айтилишига сабаб, шу кунгача мусулмонлар Ислом ҳажини амалга оширмаган эдилар. Энди Ислом рукнларининг охиргиси ҳам жорий этилиши билан дин комил бўлди. Бундан ташқари, Аллоҳ Таоло ҳажни Иброҳим алайҳиссалом асосларига қайтарди, ўша йилги ҳаж мавсумидан бошлаб ҳажда мушриклар иштирок этишини ҳам, ширк амаллари бажарилишини ҳам ман қилди. Шунинг учун ўша йилдан буён Арафотда мусулмонлар орасида мушриклар бўлмади. Неъматнинг тўкис бўлиши эса, Аллоҳ Таоло мағфирати туфайли хосил бўлади. Зеро, неъмат мағфиратсиз тўкис бўлмайди.

"(Эй Муҳаммад, соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ сизнинг гуноҳингиздан илгари ўтганини ҳам, кейин келадиганини ҳам (яъни барча гуноҳларингизни) мағфират қилиш ва сизга Ўз неъматини тўкис-комил қилиб бериши учун…" ("Ал-Фатҳ" сураси, 2-оят)

Иккинчидан - Арафа ийд кунидир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Арафа куни, қурбонлик куни ва ташриқ кунлари биз - Ислом аҳлининг байрамимиздир…" (Абу Довуд ривоятлари)

Учинчидан - Арафа куни тутилган рўза икки йиллик гуноҳга каффорат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Арафа куни тутилган рўза ўтган йил ва келгуси йил учун каффорат бўлади". (Муслим ривоятлари)

Тўртинчидан - Арафа гуноҳлар кечириладиган ва жонлар дўзахдан озод этиладиган кундир.

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:"Аллоҳ Таоло бирон кун Арафа куничалик кўп бандани дўзахдан озод этмайди. У яқинлашиб, сўнг дўзахдан озод қилган бандалари билан фаришталар олдида фахрланади ва: "Улар нима исташади?" - деб сўрайди". (Муслим ривоятлари)

Ибн Абдул Бар айтадилар:

- Бу ўша бандаларнинг гуноҳлари мағфират этилганига ишорадир. Чунки Аллоҳ Таоло гуноҳ-маъсият аҳли билан ҳеч қачон фахрланмайди. Фақат тавба ва мағфиратдан сўнг бу нарса бўлиши мумкин. Валлоҳу аълам.

Арафа кунида қилинадиган амаллар

а) Рўза тутмоқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Арафа кунининг рўзаси ўтган ва келгуси йиллар (гуноҳи) га каффорат бўлади деб умид қиламан…" (Муслим ривоятлари).

Албатта, бу рўза ҳаждагилар учун эмас, ҳажга бормаганлар учун айтилган. Чунки ҳожилар Арафа куни рўза тутмайдилар. Арафа куни гуноҳга қўл уриб қўйишдан айниқса эхтиёт бўлмоқ лозим. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: "Шу куни кулоғи, кўзи ва тилини (гуноҳ-маъсиятдан) сақлаган банда мағфират қилинади".

б) Кўп зикр ва дуода бўлмоқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Дуонинг энг яхшиси Арафа кунида қилинган дуодир. Мен ва мендан илгари ўтган пайғамбарлар дуода айтган энг яхши сўзлари "Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр". (Термизий ривоятлари).

Ибн Абдул Бар айтадилар: "Мазкур ҳадис арафа кунининг дуоси кўпинча мақбуллиги ва энг афзал зикр "ла илаҳа иллаллоҳ" эканига далилдир.

Хаттобий айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Одатда мен дуо қилишимдан муқаддам Аллоҳ Таолога айтадиган ҳамду саноларим ичида энг афзали шу сўзлардир", - демоқчи бўладилар. Негаки дуо қилувчи даставвал Аллоҳ Таолога ҳамду сано айтиб, ундан кейингина хожатини сўрай бошлайди. Шу боис, сано ҳам дуо номини олди…"

в) Такбир

Зулҳижжанинг ўн кунида такбир айтмоқ мустаҳаб амалдир. Бу кунларда ҳар ерда ва ҳамма вақт Аллоҳ зикри жоиз. Олимлар такбирни икки турга бўладилар:

Биринчи: Мутлақ такбир.

Уни кеча-кундузнинг исталган вақтида айтиш мумкин. Ушбу такбир Зулҳижжа ойи кириши билан бошланиб, ташриқ кунларининнг охирига қадар давом этади.

Иккинчи: Муқайяд такбир.

Бу такбирни намозлардан кейин айтилади. Ҳар намоздан кейин такбир айтмоқ афзал дейилган. У Арафа тонгидан бошланиб, ташриқ кунларининг охирига қадар давом этади.

Қурбонлик куни

Бу куннинг бир қанча улуғ фазилатлари бор. У Ҳажжул акбар куни, йил давомидаги энг афзал кун. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Аллоҳ таборака ва таоло наздида энг улуғ кун - қурбонлик кунлари…" (Абу Довуд ривоятлари) Қурбонлик куни (яъни Қурбон ҳайит куни) ана шу хусусияти билан Рамазон ҳайитидан афзалдир. Чунки унда намоз ва қурбонлик жам бўлган. Ўзга миллатлар — байрамларини ўйин-кулгу, маишатбозлик, исрофгарчилик ва бекорчилик билан ўтказадилар. Бироқ, Ислом ҳар иккала ҳайитни тоат-ибодат ранги билан зийнатлади. Мўминлар Аллоҳга шукроналар айтиб, бу кунни байрам қиладилар. Қурбонлик кунида намоз, такбир, қурбонликларни сўйиш ва ҳаж амаллари адо этилади. Бошқалар бу кунни ўйин-кулги билан беҳуда ўтказсалар, тақво эгалари Аллоҳ ризолигини топиш учун ушбу фурсатни ҳам ғанимат биладилар. Улуғ кунларни бесамар ва ўзимизга зиён бўладиган қилиб ўтказишдан Аллоҳ асрасин!

Ташриқ кунлари

Ташриқ кунлари Қурбонлик кунидан кейинги уч кундир. "Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилингиз!" ("Ал-Бақара" сураси, 203-оят)

Имом Қуртубий ушбу саноқли кунларнинг ташриқ кунлари (яъни Зулҳижжанинг 11, 12 ва 13-кунлари) эканлиги хусусида ҳеч бир ихтилоф йўқлигини айтганлар. Бу кунлар ҳам мусулмонларнинг байрамидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Арафа, қурбонлик ва Мино кунлари биз - аҳли Исломнинг байрамимиздир". (Абу Довуд ривоятлари)

Ташриқ кунлари рўза тутишдан қайтарилган. Улар Зулҳижжанинг муфаззал ўн кунидан кейин бошланади. Ташриқ кунлари муборак ўн кунга яқинлиги билан ҳам шарафлидир. Боз устига ҳажнинг баъзи амаллари шу кунларда адо этилади. Қурбонлик кунининг улар таркибига кириши билан ташриқ кунларининг фазлу шарафи янада улуғлашади. Ташриқ кунларининг иккинчи куни, яъни Зулҳижжанинг ўн биринчиси - қурбонлик кунидан кейин турадиган энг афзал кундир. Ушбу кунлар саҳиҳ қавлга кўра, қурбонлик учун аталган жонлиқларни сўйиш кунлари ҳисобланади. Демак, бу яна бир қўшимча фазилат. Бу кунлар ибодат, зикр ва қувонч кунларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ташриқ кунлари еб-ичиш ва Аллоҳни зикр қилиш кунларидир"

Бу кунларда мўминлар Аллоҳнинг улуғ неъматларидан шод-хуррамликларини изқор қиладилар. Ҳадисда ҳалол неъматлар билан қувватланиб, Аллоҳни зикр қилишга ишора бор. Бу неъматлар шукронасидир. Ҳадисда буюрилган зикр бир неча турларга бўлинади:

 

•  Ҳар намоздан кейин айтиладиган муқайяд ва кеча-кундузнинг исталган вақтида айтиладиган мутлақ такбир;

•  Қурбонлик қилаётганда "Бисмиллаҳ, Аллоҳу Акбар!" деб Аллоҳ номини зикр қилмоқ;

•  Ейишда, ичишда ва бошқа ҳолатларда Аллоҳни зикр этмоқ;

•  Жамрага тош отаётганда такбир айтмоқ;

•  Умуман Аллоҳ Таолони зикр қилмоқ.

Аллоҳ Таоло барчамизни хайрли амалларга муваффақ этиб, бидъат аҳлидан йироқ қилсин!

Зулҳижжанинг ўн кунидаги камчиликларимиз

Умумий нуқсонлар:

Кўпчилик Зулҳижжанинг ўн кунлигига умуман эътибор бермайди ва улкан ажр-савобдан бебаҳра қолади. Албатта бу очиқ-ойдин нуқсондир. Тасбеҳ, таҳлил, такбир ва ҳамд айтмаслик. Бу хато ҳам аксарият мусулмонлар томонидан содир этилади. Зулҳижжанинг ўн кунлиги кириши билан такбир айтиш бошланиб, ташриқ кунлари тугагунга кадар давом этади. Такбирни ҳар ким алоҳида-алоҳида, тебраниб зикр-ўйин тушмасдан, куйга солмасдан ва суннатда йўқ сўзлар ва сифатлар қўшмасдан айтмоғи шарт. Аёллар такбир ва таҳлилни бегоналарга эшиттириб айтишлари нотўғри. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом аёллари - оналаримиз бундай қилишмаган. Такбирга суннатда ворид бўлмаган асоссиз сўзларни кўшмаслик керак. Мавжуд саҳиҳ ривоятларга кўра, такбир қуйидаги икки кўринишда айтилиши мумкин:

1. Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд!

2. Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар кабийро!

Баъзи китобларда келтирилган зиёдалар саҳиҳ эмас ёки улар бошқа кунларга тегишли. Ташриқ кунларида рўза тутмоқ мумкин эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кунларни байрам ва еб-ичиш кунлари деганлар.

Арафа кунида йўл қўйиладиган хатолар

Зулҳижжанинг ўн куни ичидаги энг афзал кун ҳисобланган Арафа кунида кўпчилик мусулмонлар билиб туриб рўза тутмайдилар. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафа кунида тутилган рўзанинг ўтган ва келгуси йилдаги гуноҳлар учун каффорат бўлиши ҳақида айтганлар. Фақат ҳаж сафарида бўлган ҳожиларгина Арафа куни рўза тутишдан қайтарилганлар.

Аксарият кишилар Арафа кунида Аллоҳ Таолога дуо-илтижолар қилмасдан ғафлат билан кунларини ўтказадилар. Ахир бу кунда қилинган дуоларнинг ўзига хослиги ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадислар бор: "Энг яхши дуо Арафа кунининг дуосидир". Биродарлар, бепарволигимиз сабабли ана шундай улуғ куннинг яхшилигидан маҳрум қолмайлик!

Ибн Абдул Бар айтади: "Арафа кунида қилинган дуо - бошқа кунлар дуосидан афзал. Демак, Арафа куни ҳам энг афзал кун. Баъзи кунлар бошқаларидан муфаззал бўлади ва айни муфаззаллик қиёс, назар ёки фикр билан эмас, фақат тавфиқ билан идрок этилади. Биз жумъа куни, Ашуро куни, Арафа куни ва хафтанинг душанба ҳамда пайшанба кунларининг муфаззаллигини ана шундай саҳиҳ тавфиқ билан билганмиз. Мазкур ҳадисда Арафа кунида қилинган дуоларнинг аксарият ҳолларда мақбул эканига ишора бор. Ҳадисга биноан айтамизки, энг афзал зикр "Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шай`ин қодийр!"

Қурбонлик кунида содир бўладиган хатолар

Ҳайит намозига чиқмаслик улкан хатолардан биридир. Айримлар ҳайит намозига мутлақо чиқмайдилар. Наҳот шундай улуғ кунга нисбатан мусулмонларнинг муносабати шу қадар ёмон бўлса?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: "Аллоҳ наздидаги энг улуғ кун Қурбонлик кунидир, сўнг ундан кейинги кундир!"

Баъзилар намоздан сўнг қурбонлик сўйишни мўлжал қилиб, сўйиб бўлганимдан сўнг сартарошга кираман, ҳаммом қабул қиламан, деб ҳайит намозига эски-туски кийимларни кийиб чиқадилар. Бу хато. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тақлид қилиб, ҳайит намозига янги либосларни кийиб, хушбуй атирларни сепиб чиқмоқлари лозим. Абдуллоҳ ибн Умар икки ҳайитда энг яхши кийимларини кияр эдилар. Айрим салафлар ҳайит намозига чиқишдан аввал ғусл қилганлар.

Ҳайит намозидан олдин (фақат Қурбон ҳайитида) ҳеч нарса емаслик афзал. Негаки, Қурбонлик куни киши энг аввало ўзининг қурбонлик гўштидан емоғи суннатдир. Ибн Қаййим ал-Жавзийя айтади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурбон ҳайити куни намоздан қайтгунларига қадар ҳеч нарса емасдилар. Ҳайит намози ўқилгач, қилган қурбонликлари гўштидан ер эдилар".

Намозга қодир бўла туриб ҳайит намозига чиқмаслик - катта хатодир. Аксинча, модомики қодир эканлар, катта-ю кичик, эркагу аёл - барча-барча намозгоҳга тўпланиб, суннатга тўла-тўкис амал қилиб ҳайит намозини адо этмоқлари ўринлидир.

Мусулмонлар имом хутбасига қулоқ солиб улкан фазлга эга бўладилар. Шу боис хутбага ҳам беэътибор бўлиш ножоиздир.

Ҳайит намозига чиқувчилар намоз ўқиладиган жойга бир кўчадан борсалар, қайтишда бошқа кўчадан юрмоқлари - суннат.

Ҳайит куни мўминлар бир-бирларини зиёрат қилиб, байрам билан қутлаб, яхши тилаклар айтмоғи шариатда мустаҳаб саналади. Намозхонлар бир-бирларига "Аллоҳ сизу биз - барчамизнинг амалларимизни кабул қилган бўлсин!" каби хайрли сўзларни айтадилар.

Ҳайит куни вафот этиб кетган қон-кариндошларнинг қабрлари зиёратига бориш бидъатдир. Чунки бу амални Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, асҳоби киромлар ҳам қилмаганлар. Ҳолбуки, улар хайрли ишларда ҳамиша биринчи бўлганлар, маййитлар учун ниманинг фойдаси бору ниманики йуқлигини биздан яхшироқ билганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ким мана шу ишимизда (яъни бу динда) аслида унда бўлмаган бир ишни чиқарса, бас, унинг ушбу амали ўзига қайтарилади". Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам "Менинг қабримни ийд қилиб олманглар", - дедилар. Ийд - йил, ой, хафта ёки шу каби маълум муддатда одатий равишда маълум нарса атрофида тўпланишдир.

Аллоҳ Таоло барчамизга Ўзи тавфиқ берсин!

Манба: Мусулмон Ўзбекистон