Пайшанба 26 Декабрь 2024 | 24 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Товус ибн Кайсон/Волий Муҳаммад ибн Юсуф Сақафий билан бўлган воқеа ҳикояси

4800 марта кўрилган

Муаллиф: Абдурраҳмон Раъфат Бошо
Таржимон: Абу Туроб

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Волий Муҳаммад ибн Юсуф Сақафий билан бўлган воқеа ҳикояси

“Товус ибн Кайсонга ўхшаш инсонни асло кўрмадим”.

(Амр ибн Дийнор)

Навбатдаги ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз тобеин, Товус номи билан машҳур бўлган Заквон ибн Кайсондир. Товус номи билан танилганининг сабаби эса, ҳақиқатда бу улуғ тобеин, бошқа қушлардан товус ажралиб тургани каби, у ҳам одамлар ичида яққол ажралиб турар эди. У фуқаҳоларнинг товуси эди. Ўз асрининг пешқадам кишиларидан бўлган. Бунинг ажабланарли ери йўқ, сабаби у ҳидоят юлдузларидан эллик юлдуз нуридан иқтибос олгани боис, уни нур қамраб олган, унинг чор тарафига, қалбига ва тилига қуйилган нур неъматига эга эди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам илм даргоҳларининг эллик нафар буюк алломалари қўлида таълим олган Товус ибн Кайсон, иймонда мустаҳкам туриш, садоқат, фоний дунёдан ўзини тийиш, Аллоҳнинг розилиги йўлида фидоийлик ва ғайрат кўрсатиш, ҳар қанча қимматга тушса ҳам ҳақ сўзни ошкор айтишда, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларининг айни ўзи бўлган.

Товус ибн Кайсонга Муҳаммадийя мадрасаси "Дин – Аллоҳ учун, Унинг китоби, Пайғамбари, мусулмонларнинг имомлари ва оммалари учун насиҳат" эканини таълим берган эди. Ҳаётий тажриба уни “Ислоҳ иш эгаларидан бошланиб, шуларда ниҳоясига етади, ҳоким яхши бўлса, халқ ҳам яхши бўлади, ҳоким ёмон бўлса халқ ҳам расво бўлади.” — деган фикрга етаклади.

Товус ибн Кайсон Яманлик эди. Ўша кезларда Яманга Ҳажжож ибн Юсуфнинг акаси Муҳаммад ибн Юсуф Сақафий волийлик қиларди. Ҳажжож Абдуллоҳ ибн Зубайр устидан ғолиб бўлгач, унинг шон-шавкати юксалиб, ҳайбат-у-маҳобати ортганида, акасини Яманга волий этиб юборган эди.

Муҳаммад ибн Юсуф укаси Ҳажжожнинг кўплаб ёмон сифатларини ўзида жамлагани етмаганидек, ундаги яхши сифатлардан мутлақо мосуво ҳам эди.

Совуқ қиш кунларининг бирида Товус ибн Кайсон Ваҳб ибн Мунаббиҳ ҳамроҳлигида волий Муҳаммад ибн Юсуфнинг ҳузурига кирдилар. Ўзларига муносиб ўриндан жой олишгач, Товус ибн Кайсон волийни яхшиликларга чақириб, ёмонликлардан қайтариб панд-насиҳат қила бошлади. Мажлисда хозир бўлган бошқа кишилар ҳам унга қулоқ солиб ўтирардилар. Волий хизматкорларидан бирига қараб: “Кимҳоб тўн келтириб, Абу Абдурраҳмоннинг елкасига ташланглар” — деб, амр қилди. Хизматкор қимматбаҳо яшил тўн келтириб, Товуснинг елкасига ташлади. Товус ибн Кайсон жўшқин мавъизасини янада кучайтирди. Шу аснода елкасидаги тўнни тушириб юбориш учун, елкасини аста-аста қимирлатиб турарди, ваниҳоят елкасидан тўн тушгач, ўрнидан туриб чиқиб кетди. Бундан Муҳаммад ибн Юсуф ғазабга келди. Унинг ғазаблангани юз-кўзи қизариб кетганидан яққол билиниб турарди. Шундай бўлсада, бирон нарса демади.

Товус билан ҳамроҳи мажлисдан ташқарига чиқишгач, Ваҳб ибн Мунаббиҳ Товус ибн Кайсонга: “Волийнинг ғазабига дучор бўлмасак яхши бўларди-да. Шу тўнни олақолсангиз қадрингиз тушиб қолармиди? Тўнни сотиб, пулини фақир-мискинларга бериб юборсангиз ҳам бўлар эди-ку!” Товус ибн Кайсон: “Тўғри айтдингиз, лекин мендан кейин уламолар Товус олгани каби биз ҳам олаверамиз деб, олишларидан, бироқ сиз айтган ишни қилмасликларидан қўрқдим” — деб жавоб берди.

Муҳаммад ибн Юсуф Товус ибн Кайсоннинг қилган бу ишига жавоб қайтариб, уни тузоққа туширмоқчи бўлди. Ичига етти юз дийнор солинган ҳамённи хозирлаб, уни ўзи билган муғамбир кишиларидан бирига берди ва: “Мана шу ҳамённи ол, бор маҳоратингни ишга солиб, қандай бўлмасин Товус ибн Кайсонга тутқазгин. Агар сен шу ҳамённи унинг қўлига тутқаза олсанг, сенинг ўзингга ҳам зиёда инъомлар бераман, елкангга кимҳоб тўнлар ташлайман ва менга яқин кишилардан бўласан” — деди. Муғамбир одам ҳамённи олиб Товус ибн Кайсон яшайдиган, Санъога яқин ерда жойлашган Жанад номли қишлоққа етиб келди. Товусни ҳузурига киргач, салом-аликдан сўнг, хушмуомалалик билан: “Эй Абу Абдурраҳмон, амиримиз сизга мана бу ҳадяни бериб юбордилар” — деди. Товус ибн Кайсон: “Менинг унга ҳеч ҳожатим йўқ” — деб, рад этди. Муғамбир волий берган ҳамённи бир амаллаб тутқазиб кетиш учун ҳар хил йўлларни ишга солиб, уни қаноатлантира оладиган далилларни келтириб кўрди. Бироқ, улуғ тобеин қабул қилмади. Чорасиз қолган муғамбир Товуснинг чалғиб турганларидан фойдаланиб, ҳамённи хонадаги кичик токчалардан бирига билдирмай қўйиб қўйди. Сўнг волийнинг ҳузурига қайтиб: “Товус ҳамённи олди” — деб айтди. Бу гапдан Муҳаммад ибн Юсуф мамнун бўлди ва кўзлаган режаси яхши натижа бериши учун бир муддат индамади. Бир неча кун ўтгач, икки хизматчисини ҳалиги муғобирга қўшиб Товуснинг олдига юборди ва: “Кечирасиз, бу киши ҳамённи сизга адашиб бериб қўйибди, аслида у бошқа кишига берилиши керак экан. Шунинг учун биз уни сиздан қайтариб олиб, ўз эгасига олиб бориб бериш учун келдик” — деб, айтишга буюрди. Товус ибн Кайсон: “Мен амирдан бирон нарса олмадимки уни қайтариб берсам” — деди. Улар: “Олгансиз” — дедилар. Товус ҳамённи олиб келган одамга қараб: “Сендан бирон нарса олдимми?” — деб сўраган эди, уни қаттиқ ваҳима босди ва: “Йўқ, сиз олмадингиз, бир иш билан чалғиб турганингизда мен уни мана бу токчага қўйган эдим” — деди. Товус ибн Кайсон: “Ана, токчага қаранглар агар турган бўлса, бемалол олиб кетаверинглар” — деди. Токчага қараган эдилар, муғомбир ҳамённи қандай қўйган бўлса, шундай ҳолда турган экан, ҳатто ўргимчак ин ҳам қўйишга улгурган экан. Ҳамённи олиб амирнинг ҳузурига қайтиб кетдилар.

Волий Муҳаммад ибн Юсуфнинг қилган бу қилмишига яраша Аллоҳ таоло унга кўрсатди,  у одамлар кўз ўнгида мулзам бўлди. Бу қандай бўлганини Товус ибн Кайсондан эшитамиз: “Ҳаж қилиш ниятида Маккага бориб, ўша ерда эканимда, Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий мени чорлаб одам юборди. Чақириғига ижобат қилиб унинг ҳузурига бордим. Илиқ кутиб олди, салом-алик қилиб, ўзига яқин жойга ўтқазди, ястиқ узатиб, бемалол ёнбошлаб ўтиришимни айтиб, илтифот кўрсатди. Сўнг ҳажга тааллуқли ва бошқа  масалалар ҳақида сўрай бошлади. Биз Ҳажжож билан савол-жавоб қилиб ўтирар эканмиз, Каъба атрофида баланд овозда талбия айтиб юрган бир одамнинг товуши эшитилиб қолди. У товушини бир паст, бир баландлатиб, юракни эзадиган тарзда нола қилар эди. Ҳажжож: “Мана шу талбия айтувчини олиб келинглар” — деди. Уни олиб келишгач:

—    “Сен кимлардан бўласан?” сўради ундан. У одам:

—    “Мусулмонлардан бириман”.

—     “Сендан бу ҳақда сўраётганим йўқ, қайси юртдансан?”

—    “Ямандан”.

—    “Амирингизни қай ҳолатда қолдириб келдинг?” (Ўз акасини назарда тутмоқда)  

—    “Амиримизни савлатли, семиз, либосни кўп ўзгартирадиган, кўп маркаб минадиган ва кўп кирди-чиқди қиладиган ҳолида қолдириб келдим.”

—    “Сендан бу ҳақда сўрамаяпман.”

—    “Унда нима ҳақда сўраяпсан?”

—     “Сизларга қандай муомала қилиши ҳақида сўраяпман.”

—    “Одамларга кўп зулм қилувчи, мустабид, махлуққа итоат қилиб, Холиққа осий ҳолида қолдириб келдим”. Ҳажжожнинг юзи ҳамсуҳбатлардан хижолат бўлганидан қизариб кетди ва: “Амирингиз менинг яқиним эканини била туриб, шу сўзларни айтишга сени нима мажбур қилди?!”

—    “Унинг сенга нисбатан бўлган ўрнини, менинг Аллоҳ азза ва жаллага нисбатан бўлган ўрнимдан азиз деб биласанми? Мен Аллоҳнинг меҳмониман, Пайғамбарини тасдиқловчиман ва қарзини ўтагувчиман”. Ҳажжож жим бўлиб қолди, бирон жавоб қайтармади. Ҳикояни давом эттириб Товус ибн Кайсон деди: “Сўнг Яманлик киши, изн сўрамай, изн берилишини кутиб ҳам турмай, ўрнидан туриб чиқиб кетди. Мен ҳам унинг кетидан эргашиб чиқдим. Ўзимга ўзим: “Бу солиҳ киши кўринади, одамлар орасида кўздан ғоиб бўлиб қолмасидан олдин унга эргаш, ундан фойдалан, — дедим. Уни кузатиб орқасидан юрдим. У Каъбанинг олдига келди, каъбапўшга осилиб, юзини Каъбага босиб дуо қила бошлади: “Аллоҳим Ўзингдан паноҳ истайман, Ўзингнинг ҳимоянгни сўрайман. Аллоҳим мени фазли-карамингга хотиржам, кафолатингга рози, бахилларнинг манъ қилишидан қутилган ва худбинлар қўлидаги нарсалардан бехожат ҳолда қилгин. Аллоҳим сендан мусибатларни аритишинг, азалий яхшилигинг ва гўзал одатингни сўрайман, эй оламлар Робби...”. Сўнг мени тавоф қилаётган одамлар тўлқини ўзи билан олиб кетиб, Яманлик кишини ҳам кўздан ғоиб қилди. Энди қайта топа олмасам керак деб ўйлаб қолдим. Арафа куни кечасида қарасам одамлар билан юриб келмоқда. Унга яқинлашиб қулоқ солсам: “Аллоҳим, агар қилган Ҳаж амалимни, чеккан машаққат-у чарчоқларимни қабул қилмаган бўлсанг, мендан қабул қилмаганингга тортаётган мусибатим ажридан мени маҳрум этма” — деб, дуо қилаётган экан. Сўнг қоронғида одамлар ичига кириб кўринмай кетди. Бу одамни яна қайтиб кўришдан умидимни узгач, дуо қилдим: “Аллоҳим, менинг ва ана шу бандангни ҳам дуоларимизни қабул қил, ўтинчларимизни ижобат эт. Қадамлар тойиладиган Кунда, қадамларимизни собит айла. Ҳавзи Кавсар олдида бирга жамлагин, эй карамлик Зот”.

Улуғ тобеин Товус номи билан машҳур Заквон ибн Кайсон розияллоҳу анҳу билан навбатдаги кўришгунимизча...