асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Эй севикли болам [насиҳатлар]5519 марта кўрилган Муаллиф:Имом Ғазолий بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ Эй севикли болам [насиҳатлар] 1-насиҳат Эй азиз ва севикли болам, Аллоҳ умрингни узоқ қилсин, маҳбубларининг йўлига йўлласин! Билгилки, насиҳат рисолат маъдини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ёзиб олинади. Агар сенга ул маъдиндан насиҳат келган бўлса, менинг насиҳатимга не ҳожат? Агар келмаган бўлса, ўтган шунча йиллик талаби илмда нимани ҳосил қилдинг?! 2-насиҳат "Банданинг ўзига фойдасиз (мо ло яъний) нарсалар билан машғул бўлиши Аллоҳ таолонинг ундан юз ўгирганининг аломати. Кишининг умридан бир соати унинг яратилишидан бўлган ғоядан бошқасига сарф бўлиб қолган бўлса, у қаттиқ ҳасрат-надомат чекишга ҳақлидир. Кимнинг ёши қирқдан ўтган бўлса-ю унинг яхшиликлари ёмонликларига ғолиб келмаган бўлса, дўзахга тайёрланаверсин!" Мана шу насиҳат аҳли илмларга кифоя қилади. [Инсоннинг яратилишидан кўзланган ғоя Аллоҳга ибодат қилиш.] 3-насиҳат Насиҳат қилиш осон, уни қабул қилиш қийин. Чунки у нафс-ҳавосига эргашиб юрган одамларга аччиқдир, ҳолбуки, шаръан қайтарилган ишлар уларнинг қалбларига ёқимлидир. Хусусан, расмий равишдаги талабалар ва нафснинг фазилати ва дунё маноқибларини ўрганиш билан машғул бўлиб турганлар қуруқ илмни ўрганиш шу дунёда уни муваффақиятга етказади ва дунё машаққатларидан қутқаради, менинг амал қилишга ҳожатим йўқ, деб ўйлайдилар. Субҳаналлоҳ! Бу ғирт фалсафачиларнинг эътиқоди-ку! Мана бу ғўр, илмни ўрганиб унга амал қилмаслик унга каттароқ ҳужжат бўлишини билмаяпти. Пайғамбар - соллаллоҳу алайҳи ва саллам – айтиб қўйганлар: "Қиёмат кунида энг қаттиқ азобланувчи, Аллоҳ унга илмини манфаатли қилмаган олимдир". Жунайд раҳимаҳуллоҳ ҳақида ривоят қилинади; уни вафотидан кейин тушда кўрилибди. Ундан сўралибди: Эй Абул Қосим нима гап? У дебди: мақтовлар кетди, ҳурмат-эҳтиромлар тугади, бизга фақат тун қўйнида қилинган бир неча ракъатчалар фойда берди, холос. 4-насиҳат Эй болам, амалларда ночор, гўзал "аҳволлар"дан холи бўлмагин. Қуруқ илм қўлингдан тутмаслигини билгин. Бунинг мисоли, ўнта ҳиндий қиличи ва бошқа аслаҳалари бор одам яйловда кетаяпди, ўзи паҳлавон, жанг усулларига моҳир. Тўсатдан унга баҳайбат, қўрқинчли шер ҳамла қилиб қолди. Нима деб ўйлайсан? Унинг қуроллари ўз-ўзидан у уларни ишлатмаса ҳам уни шердан ҳимоя қиладими? У қуролларини ишлатсагина қуроллар уни ҳимоя қилиши маълум. Худди шунинг каби агар бир одам юз мингта илмий масалани ўқиб ўрганса-ю уларга амал қилмаса, масалалар унга фойда бермайди. Яна бир мисол, бетоб, иситмаси кўтарилган, сафроси қўзиган одамни саканжабин ва кашкоб (дорилари) билан даволанади. Буларни истеъмол қилмаса тузалмайди. "Ҳалво деган билан оғиз чучимас", деб бежиз айтмаганлар. Юз йил илм ўқи, мингта китоб жамла, амалинг бўлмаса Аллоҳнинг раҳматига лойиқ бўлмайсан. "Инсон учун саъй-ҳаракат қилган нарсасигина бўлур" (Нажм: 39). "Ким Раббига рўбарў келмоқчи бўлса, солиҳ амал қилсин..." (Каҳф: 110). "... улар касб қилган нарсалари туфайли..." (Тавба: 82). "Иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилганлар учун Фирдавс жаннати манзил бўлур. Улар у ерларда абадий қолжаклар ва ундан бошқасига кўчишни истамаслар" (Каҳф: 107, 108). "... фақат ким тавба қилса, иймон келтирса ва солиҳ амал қилса..." (Фурқон: 70). Мана бу ҳадисга нима дейсан: "Ислом беш асосга қурилган; Аллоҳдан бошқа барҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси, деб гувоҳлик бериш, намозни тўла-тўкис бажариш, закотни бериш, Рамазон рўзасини тутиш ва қодир бўлган одамга Байтуллоҳни ҳаж-зиёрат қилиш". Муттафақун алайҳи. Иймон; тил билан сўзлаш, қалб билан тасдиқлаш ва дин арконларига амал қилиш (ёки аъзолар билан амал қилиш). Амалларнинг далиллари сон-саноқсиздир. Банда Аллоҳнинг жаннатига Унинг фазли-карами билан етишсада, бу Аллоҳнинг тоат-ибодатига тайёр бўлганидан кейингина бўлади. Чунки, Аллоҳнинг раҳмати муҳсинлар-чиройли амал қилувчиларга яқиндир. Қуруқ иймон билан ҳам етишади-ку, дейиладиган бўлса, айтмиз: Ҳа, тўғри. Бироқ етишгунча қанча улкан довонлардан ошади? У довонлардан энг биринчиси иймон довони. У одам иймони тортиб қўйилишидан омонда бўладими ёки йўқ! Агар иймондан мосуво бўлиб етадиган бўлса, зиёнкор бўлиши муқаррар. Ҳасан Басрий дедилар: Аллоҳ таоло қиёмат куни бандаларига: "Эй бандаларим, жаннатимга менинг раҳматим билан киринглар, уни амалларингиз билан тақсимлаб олинглар" — дейди. 5-насиҳат Эй бола, амал қилмас экансан ҳаргиз ажр олмайсан. Ҳикоя қилишларича, Бану Исроиллик бир одам Аллоҳга етмиш йил ибодат қилибди. Аллоҳ таоло бу одамнинг кимлигини фаришталарга билдириб қўймоқчи бўлиб, унга бир фариштани юборибди ва унга; у қилган ибодатлари билан жаннатга киришга лойиқ эмас эканини билдириб қўйишни буюрибди. Обидга бу хабар етгач деди: Биз ибодат учун яратилганмиз, демак, биз унга ибодат қилаверамиз. Фаришта қайтиб бориб деди: Ё Илоҳи, сен у айтган сўзларни билувчироқсан. Аллоҳ таоло деди: "У бизга ибодат қилишдан юз ўгирмадими, биз ҳам Ўз карамимиз билан ундан юз ўгирмаймиз. Эй фаришталарим гувоҳ бўлинглар, мен уни мағфират қилдим". Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ҳисобга тортилишларингиздан олдин ўзларингизни ҳисоб-китоб қилинглар, тарозига қўйилишларингиздан олдин амалларингизни тарозига солинглар". (Бу асар Умар розияллоҳу анҳуга мавқуф ҳолда ривоят қилинган.) Алий розияллоҳу анҳу деди: "Ҳаракат қилмасдан етишаман деб ўйлаган одам, орзу қилувчидир. Ҳаракат қилиш билан етишаман деб ўйлаган одам беҳожатдир". Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ деди: "Амал қилмасдан жаннатга киришни исташ гуноҳлардан биридир". Яна деди: ""Ҳаққа" етишишнинг аломати амални тарк қилиш эмас, амалига эътибор қилишни тарк қилишдир". Пайғамбар - соллаллоҳу алайҳи ва саллам – дедилар: "Ақлли одам ўз нафсини Раббининг динига бўйсундирган ва ўлимдан кейин учун амал қилган кишидир. Аҳмоқ эса нафсини ҳавосига эргаштирган ва Аллоҳдан яхшиликларни орзу қилган одамдир". Термизий ва Ибн Можа ривояти Иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилганлар учун Фирдавс жаннати манзил бўлур. Улар у ерларда абадий қолжаклар ва ундан бошқасига кўчишни истамасларИймон келтирган ва солиҳ амаллар қилганлар учун Фирдавс жаннати манзил бўлур. Улар у ерларда абадий қолжаклар ва ундан бошқасига кўчишни истамасларИймон келтирган ва солиҳ амаллар қилганлар учун Фирдавс жаннати манзил бўлур. Улар у ерларда абадий қолжаклар ва ундан бошқасига кўчишни истамаслар |