асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
"ИСЛОМИЙ АҚИДА СОЯСИ ОСТИДАГИ ҲАЁТ" менга шундай ўргатди (2-қисм/1)3199 марта кўрилган Алий ибн Абдулхолиқ ал-Қарний Ислом Нури таржимаси Ҳаёт менга шундай ўргатди (иккинчи қисм) Ақида авлодлар етиштирадиган бир мадрасадир. Улар бу мадрасанинг боғларида ўсиб-ўлғайиб, унинг қучоғида тарбия топадилар. Шундай инсонлар борки, улар ақида байроғи остида яшасаларда, бироқ унинг нуридан фойдаланмайдилар, унинг мусаффо чашмасидан тўйиб сув ичмайдилар. Айни пайтда шундай буюк инсонлар борки, улар ақида моҳиятини яхши англаб етган, унинг ўгитларидан ибрат олиш борасида ўзаро мусобақалашган кишилардир. Қуйида ақида манфаатидан айрим намуналар келтириб, унинг айрим ўгит ва сабоқлари хусусида тўхталиб ўтамиз. Яхши сўзнинг фазилати Ҳамду сано Ёлғиз ва Ягона бўлган, шерик, хотин ва бола тутишдан пок ва юксак бўлган Аллоҳга хосдир. Биз Унга мақтовлар айтамиз, Ундан ёрдам сўраб, истиғфор сўраймиз. Унга тавба қилиб, нафсимиз ёмонликлари ва ножўя амалларимиздан паноҳ беришини сўраймиз. Кимни Аллоҳ ҳидоятласа, уни адаштирувчи бўлмас, кимни Аллоҳ адаштирса, уни ҳидоят қилувчи бўлмас. Ёлғиз ва шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканлиги, мулку-салтанат ва ҳамду-сано фақат Унга хослиги ва У ҳар бир ишга қодир эканлигига гувоҳлик бераман. Шунингдек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканлиги, Аллоҳ у зотни бутун оламга раҳмат қилиб юборганлиги, оқибатда, у зот сабабли қалбларни очиб, ақлларни нурафшон этганлиги, сўқир кўзларни, кар қулоқларни ва қулфланган қалбларни очганлигига гувоҳлик бераман. Эй Аллоҳ, Пайғамбаримизга — умматларига кўрсатган хизматлари туфайли пайғамбарларингга берган мукофотингнинг энг афзалини ажру-мукофот қилиб бер, у зотнинг мартабасини жамики мартабалардан юқори қил, бизларни у зотнинг байроғи ва жамоати остида маҳшаргоҳга келтир ва охиратда у зотнинг ҳовузидан сув ичишни насиб айла! Эй Аллоҳ, қалбларимиз учун бу дунёда Ўзингнинг китобинг ва Пайғамбаринг суннатидан бошқа озуқа оладиган манба қилмагин. У зотга Аллоҳ таолонинг энг афзал саловотлари, энг мукаммал ва юксак саломлари бўлсин! Эй Аллоҳ, бизларга иймонни суюкли қил ва уни қалбларимизда зийнатла, бизларга куфр, фосиқлик ва осийликни ёмон кўрсат ва бизларни тўғри йўлда юрувчи бандаларингдан қил! Эй аллоҳ, қалбларимизда бидъат ва бидъатчи кимсаларга нисбатан нафрат уйғот, бизларга ҳақни ҳақ, ботилни ботил қилиб кўрсат, бизларни ҳаққа эргашиш ва унга мувофиқ амал қилиш, унга даъват қилиш ва Ўзингнинг розилигингни истаган ҳолда ҳақ йўлида дуч келадиган азиятларга сабр қилишга муваффақ қил!: “Парвардигоро, албатта биз: «Парвардигорингизга иймон келтирингиз!» — деб иймонга чорлаган жарчи (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нидоларини) эшитдигу иймон келтирдик. Парвардигоро, бизнинг гуноҳларимизни мағфират қил, қилган ёмонликларимизни (саҳифайи аъмолимиздан) ўчиргил ва бизларни яхшилар билан бирга ўлдир! 194. Парвар¬дигоро, бизларга пайғамбарларинг орқали ваъда қилган нарсаларингни (жаннат, мағфират, висолингдан баҳраманд этиш каби неъматларингни) ато қил ва бизларни Қиёмат Кунида расво қилмагил! Албатта, Сен ваъдангга хилоф қилмагайсан.” [Оли Имрон: 193-194]. “Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди.” [Аҳзоб: 70-71]. Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Юксак арш соҳиби бўлмиш Буюк Аллоҳдан сизу бизни иймон, зикр ва Қуръон устида жамлаши, дунёдаги сўнг сўзимиз “Ла илаҳа иллаллоҳ” бўлиши ва бизларни қасрлари тилла, тупроғи миск ва ўт-ўланлари заъфарон бўлмиш абадий ва мангу жаннат диёрида яна бир бор жамлашини сўраймиз. Ҳаёт менга шундай ўргатди Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, ширин сўздан кўра яхшироқ, афзалроқ нарса йўқ экан: “(Эй инсон), Аллоҳ яхши Сўзга (яъни, иймон калимасига) қандай мисол келтирганини кўргин: у Сўз худди бир асил дарахтга ўхшайдики, унинг илдизи (Ер остига) маҳкам ўрнашган, шохлари эса осмонда бўлиб, Парвардигорининг изни-иродаси би¬лан мудом мева берур. Аллоҳ одамлар эслатма-ибрат олишлари учун мана шундай мисоллар келтирур.” [Иброҳим: 24-25]. Биродарим, эзгулик осон ишдир,
Очиқ юзу, юмшоқ ва ширин сўздир. Ширин сўзнинг аҳамиятини кўрсатувчи мисоллар: Ривоятларда зикр қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари даврасида ўтирар эканлар, бир аъробий келиб у зотнинг ёқаларидан тутиб силкитади ва шундай дейди: “Аллоҳ сенга берган мол-мулкдан менга ҳам бер. Мен сендан отангни ёки онангни мол-мулкини сўраётганим йўқ!”. Шунда асҳоблар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тажовуз қилган бу кишининг таъзирини бериб қўймоқчи бўладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларга қарата: “Шошманглар, бу мол-мулклар Аллоҳникидир” — дейдилар. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аъробийга илтифот кўрсатиб, уни уйларига олиб борадилар. Уйларига кирган аъробийга қараб: “Истаган нарсангни олиб, истаган нарсангни қолдир” — дейдилар. Бироқ у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларидан нима ҳам оларди. Бу шундай хонадон эдики, икки уч ой ўтсада ўчоқда ўт ёқилмас, хонадон аҳли арпа нонидан ва паст сифатли хурмодан тўйиб овқатланмас эди. Шундай кунлар бўлганки, эшикдан тиланчи бир егулик сўраб келса, уйда бир дона узумдан бошқа нарса бўлмаган. Ёхуд шундай кунлар бўлганки, уйда бор-йўғи бир дона хурмодан ўзга нарса бўлмаган. Шундан бўлсада бу хонадон ер юзида мавжуд бўлган энг яхши хонадон бўлган. Бу хонадон соҳиби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ота-оналаримиз фидо бўлсин! Бу ҳолатдан таъсирланган аъробий бехосдан шундай дейди: “Менга яхшилик қилдингиз, қавми-қариндошингизга қилган яхшилигингиз эвазига Аллоҳ сизга яхши мукофотлар ато этсин!”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг асҳобларим сендан ранжидилар, энди уларнинг олдиларига бориб менга айтган гапингни уларга ҳам айт” — дедилар. Аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларидан чиқиб асҳобларнинг олдига келди. “Эй аъробий мен сенга яхшилик қилдимми?” — дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. “Ҳа, қавми-қариндошингизга қилган яхшилигингиз эвазига Аллоҳ сизга яхши мукофотлар ато этсин. Мен Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ экани ва сиз Аллоҳнинг пайғамбари эканингизга гувоҳлик бераман”, дея иймон келтирди аъробий. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мен, сиз асҳоблар ва мана бу аъробийнинг мисоли, худди улови қўлидан қочган, у эса уловини кетидан қувлаган кишининг мисолига ўхшайди. Шунда одамлар у кишига қўшилиб уловнинг кетидан қувлаган ва бу нарса унинг янада шиддатли қочишига сабабчи бўлган. Шунда улов эгаси одамларга қарата: “Уловимни ўзимга қўйиб беринглар, мен уни яхши биламан”— деган ва ердаги ўт-ўланлардан юлиб олиб, уни уловига кўрсатиб, уни ўзи томонга чорлаган, оқибатда улов эгасига бўйсиниб, унинг олдига келган ва шу йўсинда уловини тутиб олган. Агар мен сизларга қўйиб берганимда, сизлар бу аъробийни уриб аламзада қилган бўлур эдингиз. Натижада, кофирлигича сизларнинг олдингиздан қайтиб кетган ва шу ҳолатда оламдан кўз юмиб дўзахга кирган бўлур эди”. Ширин сўзнинг фазилатини кўрдингизми, азизлар? Ла илаҳа иллаллоҳ! Ёмонликни яхшиликла қарши олишдан кўра афзал нарса йўқ. Ширин сўз қалбларни асир этувчи, ундаги гина-кудурат ва кек-адоватни суғуриб олгувчидир: “Унга (ёмонликни яхшилик билан даф қилиш ҳислатига) фақат сабр-тоқатли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур.” [Фуссилат: 35]. Ҳақиқий мўмин киши мевали дарахт мисолидир. Унга тош отилгани сари мазали мевалар тортиқ қилади. Бу қандай олийжаноблик, қандай юксак қадрият! Яҳудийлар мудом мусулмонларни жиғига тегиб, уларни ўз тўрларига илинтирмоқчи бўладилар. Кунлардан бирида ит етаклаган бир яҳудий Иброҳим ибн Адҳам роҳимаҳуллоҳнинг ёнидан ўтиб қолибди. Яҳудий Иброҳим ибн Адҳамдан сўрабди: “Эй Иброҳим, сенинг соқолинг мана бу итнинг дўмидан тозароқми ёки итнинг думи сенинг соқолингдан тозароқми?”. Шунда Иброҳим ибн Адҳам Аллоҳнинг ваъдасига аниқ ишонган мўмин кишига хос босиқлик билан шундай жавоб қилибди: “Агар менинг соқолим жаннатга кирса, у ҳолда у итингнинг думидан тозароқ, аксинча, дўзахда бўлса, унда сенинг итингни думи менинг соқолимдан тозароқдир”. Бу сўзларни эшитган яҳудий "Аллоҳга қасамки, бу пайғамбарларнинг хулқ-атворидир", — деб дарҳол иймон келтирибди. “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан даф қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса содиқ дўст каби бўлиб қолур. Унга (ёмонликни яхшилик билан даф қилиш ҳислатига) фақат сабр-тоқатли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур.” [Фуссилат: 34-35]. Мен бу сўзларни умум одамлар учун айтдим. Энди биз — даъватчиларга, толиби илмларга келсак, даъватнинг юксак поғонасини тарк қилиб, хунук сўзлар билан одамларни ҳақоратлаш даражасига тушмаслигимиз керак. Гарчи бошқалар бизни мана шундай ишларга тортсаларда, биз бундай тубан ишлардан йироқ бўлмоғимиз керак. Токи, мағлубияти тайин бўлган сохта жанг ва тортишувларга жалб қилинмаслигимиз учун ўзимизни ўзимиз бошқарайлик, бошқалар бизни ҳаракатга келтирмасин. Қолаверса, биз ўз нафсимиз ва шахсий манфаатларимиз учун ғазабланмаслигимиз, шунингдек ҳар қандай хунук ва тубан сўз ва ҳатти-ҳаракатлардан ўзимизни юқори тутмоғимиз лозим. Ширин сўз ҳақиқатини ойдинлаштириш Ширин сўзли бўлайлик дегани – ҳар қандай ўринда таслим бўлайлик ва умуман ўзимизни ҳимоя қилмайлик, дегани эмас. Аксинча, ўзни ҳимоя қилиш гоҳида сукут сақлаш, айрим ўринларда яшириниш ва баъзан эса жоҳил кимсалардан юз ўгириш билан амалга ошиши мумкин. Уҳуд жанги мусулмонлар тарихида энг оғир жанглардан бири бўлган эди. Бу жангда мусулмонларга оғир талофатлар етган бир пайтда Абу Суфён розияллоҳу анҳу (бу вақтда у ҳануз мушрик эди) мусулмонлар жамоатига қарата: “Орангизда Муҳаммад борми?” — дея қичқирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг бу нидосига жавоб қайтармадилар ва бирон кимсани жавоб беришга ҳам буюрмадилар. Шундан сўнг Абу Суфён: “Орангизда Абу Бакр борми? Орангизда Умар борми?” — дея қичқирди. Унга ҳеч ким жавоб бермади. Ҳолбуки, мана шу ўринда жавоб қайтариш унга алам қилдирувчироқ эди. Бироқ ҳолат сукут қилишни тақозо қилганди. Бу "Жоҳилга сукут жавоб" қабилидан эди. Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ шогирдлари даврасида илм мажлисида ўтирар экан, аҳмоқ бир кимса келиб имомни ҳақоратлаб, сўка бошлади. Шунда унинг шогирдлари: “Эй Абу Абдуллоҳ, манави аҳмоққа бирон нарса демайсизми?” — дедилар. Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ: “Йўқ, Аллоҳга қасамки, жавоб қайтармайман. Ахир, Қуръондаги мана бу оят қаерда қолади дедилар: “... жоҳил кимсалар (бемаъни) хитоблар қилган вақтида ҳам яхши сўзларни сўзлаб жавоб қиладиган кишилардир” [Фурқон: 63]. Аллоҳнинг динига даъват қилишда ширин сўз ишлатиш Мусъаб ибн Умайр Мадинаи Набавияга борган дастлабки даъват элчиси бўлган эди. У Мадинада даъват бошлар экан унинг олдига ўша вақтда ҳали мушрик бўлган Усайд ибн Ҳузайр келади. Қўлида найза ушлаган Усайд унга шундай дейди: “Сени бу ерларга нима бошлаб келди? Сен бизни ақлсизга чиқаряпсан, олиҳаларимизни ҳақорат қиляпсан, содда ёшларимизни йўлдан уряпсан. Агар жонингдан умидинг бўлса, бизлардан узоқлаш. Акс ҳолда, ўлдим, деб ҳисоблайвер”. Мусъаб ибн Умайр Аллоҳнинг ваъдасига ва Унинг бу даъватга берадиган ғалабасига аниқ ишонган мўмин кишиларга хос босиқлик билан унга шундай жавоб қилди: “Бир ўтириб эшитиб кўрмайсанми? Агар сенга бизнинг динимиз маъқул бўлса, қабул қиларсан. Борди-ю, ёқтирмасанг, сен ёқтирмаган нарсани сенга таклиф қилишдан тийиламиз”. Усайд ибн Ҳузайр ақлли ва доно киши эди. “Тўғри гапни айтдинг” — деди. Мусъаб розияллоҳу анҳу унга Ислом дини тўғрисида гапириб берди, Қуръон тиловат қилди. Мусъабнинг сўзларини эшитган Усайднинг юзи ёришиб, кўзлари чақнаб кетди. “Бу динга киришни истасангиз нима қиласизлар?” — сўради Усайд. У Мусъабни ўлдириш мақсадида келган эди, энди бўлса Мусъаб ичган чашмадан ичишни хоҳламоқда. Ғусл қил ва поклан сўнг "Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқлиги, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг пайғамбари" эканлигига гувоҳлик келтир — деб ўргатди Мусъаб унга. Шундай қилиб Усайд мусулмон бўлди, мусулмон бўлибгина қолмай, айни вақтда даъватчига ҳам айланди. “Бизнинг қабилада бир киши бор, агар у сизларга эргашгудек бўлса, унинг қавмидан бирон кимса эргашмай қолмайди. У Саъд ибн Муоздир. Усайд Саъднинг олдига бориб, муайян сўзлар билан унинг асабига тегди. Саъд ибн Муоз шошиб Мусъабнинг олдига йўл олди. Унинг олдига келиб деди: “Ё бизни ўз ҳолимизга қўясан, ё сени ўлдирамиз!”. “Бир ўтириб эшитиб кўрмайсанми? Агар сенга бу дин маъқул бўлса қабул қиласан. Борди-ю, ёқмаса, сен ёқтирмаган нарсани сенга таклиф қилишдан тийиламиз” — деди унга Мусъаб. Саъдга бу таклиф маъқул келиб ўтирди. Мусъаб унга Ислом ҳақида сўзлаб, унга динни баён қила бошлади. Мусъабнинг сўзларини эшитган Саъднинг чеҳраси ёришди. “Бу динга киришни истасангиз нима қиласизлар?” — деди. “Ғусл қил, кийимларингни покла ва Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқлиги, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг пайғамбари эканлигига гувоҳлик келтир” — дея ўргатди Мусъаб унга. Саъд унинг айтганларини бажарди ва шу заҳоти қавмини даъват қилиш учун Бани Абдулъашҳал маҳалласига йўл олди. Саъд қавмига хитоб қилиб деди: “Мени ичингизда ким деб биласиз?” Қавми унга жавобан дедилар: “Сен бизнинг раҳбаримиз, ичимизда энг фикр-мулоҳазали, энг афзал ва баракали кишимизсан”. Саъд деди: “Токи Ундан ўзга ҳақ илоҳ мавжуд бўлмаган Аллоҳга иймон келтириб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлигини тасдиқламагунингизча сизларнинг барчангиз: эркагу аёлларингиз билан гаплашиш менга ҳаромдир”. Саъднинг бу сўзидан кейин бирон бир эркак ва аёл қолмасдан барчалари Исломни қабул қилдилар. Ла илаҳа иллаллоҳ! Ширин сўз сўзланг ва яна ширин сўз! Эзгулик қилинг ва яна эзгулик! Аллоҳ эзгу иш қилувчиларни севади. |