Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Булутлардан ўзмиш ҳимматлар

6497 марта кўрилган

Хатиб: Холид ар-Рошид
Таржимон: Муҳаммад Ҳабибуллоҳ

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Ҳамду сано Аллоҳга хосдир. Биз у зотга ҳамд айтамиз, у зотдан ёрдам сўраймиз ва у зотга истиғфор айтамиз. Ўзимизнинг ёмонликларимиз ҳамда амалларимизнинг ёмонликларидан Аллоҳдан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоятласа, уни кимса йўлдан оздиролмагай, кимни йўлдан оздирса, уни кимса ҳидоайтга сололмагай.

Аллоҳнинг ёлғиз ўзидан бошқа илоҳ йўқ эканига гувоҳлик бераман, у зотнинг шериги йўқдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам у зотнинг бандаси ва расули эканига гувоҳлик бераман.

"Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!"

"Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир."

"Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди."

Аммо баъд!

Энг тўғри сўз Аллоҳнинг каломи, энг яхши йўл эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидир. Энг ёмон амал - тўқима амаллардир. Зеро барча тўқима амаллар бидъат ва барча бидъатлар залолат, залолатларнинг ҳаммаси дўзахдадир.

Биродарлар! Одамларнинг ўз олдиларига қўйган мақсад ва орзулари ҳар хил. Нафақат ўша мақсад ва орзулар, балки унга эришиш учун керак бўладиган ҳимматлари ҳам ҳар хил. Яъни, инсонларнинг мақсадлари ва унга эришишдаги ҳимматлари ҳар хил. Баъзи бир кишилар жуда ҳам олий мақсадлар ва юқори вазифалар ҳақида гапиришади. Лекин уларнинг қилаётган ишлари айтаётган сўзларига тўғри келмайди. Аҳли илмлар бундай кишини орзуга алданган дейишади. Зеро, орзу билан мақсадга эришиб бўлмайди. Бошқа бир турли инсонлар борки, улар гапирмайдилар. Лекин уларнинг қилаётган ишлари уларнинг нақадар ҳимматли эканларини кўрсатади. Агар улар Аллоҳ йўлида бирор ишга чақирилсалар, ҳеч иккиланмасдан, сусткашлик қилмасдан ва қийинчиликларга қарамасдан, лаббай, деб келадилар.

Демак, инсонларнинг мақсадлари ва ўз олдиларига қўйган вазифалари ҳам, шу мақсад ва вазифаларга олиб борадиган уларнинг ҳимматлари ҳам ҳар хил.

Инсон иродасининг турли кўринишлари

Қуйидаги икки кишининг мақсад ва ҳимматларини солиштириб кўринг. Бир бадавий (саҳройи) араб, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга йўлда йўлиқиб: "Эй Муҳаммад, Аллоҳ сенга берган бу мол-дунёдан менга ҳам бер! Бу мол-дунё на сеники ва на отангники," - деди. Энди Рабийъа Ибн Каъб ал-Асламийнинг ҳимматини тасаввур қилинг. У йигитча тунда расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга таҳорат учун сув олиб келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: "Истаган нарсангни сўра!" - десалар, йигитча: "Жаннатда сиз билан бирга бўлишни," - дейди. Жаннат истаган қаердаю, қийматсиз нарсалар истаган қаерда.

Бир куни пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ғаниматлар келиб қолди. У киши бу ғаниматни аҳли супа ва муҳтожлар орасида тарқата бошладилар. Абу Ҳурайра бу воқеани кузатиб турарди. У киши ҳам аҳли супадан бўлиб, ётгани жойи, кийгани кийими ва егани таоми йўқ эди. Шунда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишининг муҳтож эканини билиб, шундай дедилар: "Эй Абу Ҳурайра, Одамлар келиб мендан бу ғаниматдан беришимни сўрашаябди. Сен ҳам сўрамайсанми?" Шунда у киши:

— Эй расулуллоҳ! Мен сиздан битта нарса сўрайман.

Нимани?

— Аллоҳ сизга берган илмдан менга ҳам ўргатишингизни.

Бошқа нарса сўрасангчи?!

— Истагим шу.

Аҳли дунё ва назари паст одамлар доимо кийим-кечак, емак-ичмаклар ортидан юрадилар. Олийҳиммат кишилар эса фақат Аллоҳнинг розилигини истайдилар. Абу Ҳурайра: "Мен сиздан битта нарса сўрайман. Аллоҳ сизга берган илмдан менга ҳам ўрнатишингизни," – деди. У Аллоҳ таоло аҳли илмларни юқори мартабаларга кўтаришини биларди, бирор киши Аллоҳ таолога илм талаб қилишдан кўра афзалроқ амал билан яқин бўла олмаслигини биларди.

Аллоҳ таолога илм билан ибодат қилинади ва Унинг тавҳиди ҳам илм билан бўлади. У зотнинг барча айбу нуқсонлардан пок, улуғ экани илм билан билинади. "Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур." Жаннат йўли илм йўлидир. "Ким илм истаб бир йўлга тушса, Аллоҳ таоло у кишини жаннат йўлига солиб қўяди."

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: "Шунда расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам елкамдаги бир бўлак матони олдилар ва уни ўртамизга ёздилар. Мен у матода чумолининг ўрмалаб юрганини кўриб турардим. Кейин расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга ҳадис айта бошладилар. Айтавердилар, айтавердилар, кейин менга: "Бу матони йиғиб ол!" – дедилар. Мен уни йиғиб олдим. Шундан кейин у кишининг сўзларидан бир ҳарфни ҳам унутмайдиган бўлдим." Бу ҳадисни ривоят қилган киши ҳам, беҳисоб ҳадисларни бизга нақл қилган киши ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бўладилар.

Дунё аҳли дунё талабида бўлсалар, олийҳиммат кишилар Аллоҳ таборака ва таолонинг ҳузуридаги (жаннат) талабидалар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳаётларининг охирида йиғлаб, Эй воҳ! Сафаримиз узоқ, қўлимиздаги озуқамиз эса (қилган амалимиз) оз. – деганлар. У киши расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олти мингта ҳадис ривоят қилганлар ва яна сафари узоқ бўлиб, кам амал қилганларини шикоят қилмоқдалар.

Ҳимматнинг турлилиги ва унинг жаннат талаби ҳамда дунё талабига таъсири

Ибнул Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Аллоҳга қасамки, ҳимматлар нақадар муҳим ва улар бир-биридан нақадар фарқли! Баъзи ҳимматлар аршга осилган бўлса, баъзилари ҳожатхона атрофида айланади." Йигитлардан бир гуруҳи расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келдилар, улардан ҳар бирининг ўз истаги бор эди. Бири шафоат-ҳомийлик истаса, бошқаси молу дунё истагида ва яна бири ҳожати битишини истарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса улардан иккисининг истакларини бажардилар. Учинчиларига навбат келганда, у пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга: "Сиздан бир истагим бор, фақат бу ўз ўртамизда бўлсин," – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу олийҳиммат йигитга қараб:

Нима истагинг бор.

— Мен сиздан молу дунё ёки дунёвий бир ҳожат истамайман. Мен сиздан фақат бир нарса сўрайман.

Нима нарса экан?

— Жаннатда сиз билан бирга бўлишни истайман.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга йўл кўрсатдилар ва:

Бу тилагинг амалга ошиши учун кўп намоз ўқиб менга ёрдам бер. Чунки сен Аллоҳга ҳар сажда қилганингда, Аллоҳ таоло у сабабли сенинг даражангни бир поғона кўтаради ва шу сабабли сенинг бир гуноҳингдан ўтади.

Ҳимматлар инсонни ҳаракатга келтиради. Фалончи билан тугунчининг фарқига бир назар солинг! Нимага фалончи жуда қаттиқ совуқда иссиқ жойини ташлаб, Аллоҳнинг жарчисига (муаззинга) лаббай, деб ижобат қилади. У ўз парвардигори таборака ва таолонинг жарчисига қулоқ солиб, шаҳвати ва жойини ташлашига уни нима ундади?! Айни пайтда тугунчи Аллоҳнинг жарчиси "Намоз уйқудан афзал!" – деб жар солганини эшита туриб, ўрнидан тура олмади, ҳолбуки, у намозга чиқмаслиги сабабли мунофиқлар сафига қўшилиб қолишини яхши билади. Фалончини ҳаромдан бир сўм ҳам олмайдиган, тугучини эса ҳалолданми ё ҳаромдан еяётганига эътибор бермайдиган қилиб қўйган нарса нима? Унисини тоат қилишга нима ундамаоқдаю, бунисини тоатдан нима тўсиб қўймоқда? Унисини нима ҳаромдан тийиб қўймоқдаю бунисини ҳаром ишларни қилишига солиб қўйяётган нима? Бу жаннатдан бошқасини эваз бўлишига рози бўлмайдиган олий ҳимматлардир! Шунинг учун ҳам Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ айтганлар: "Умр жуда ҳам қимматбаҳо, уни жаннатдан бошқасига алиштирма!" Инсонлар икки турли бўлади, учинчиси йўқ: "Орангизда дунё истаган кишилар ҳам, охират истаган кишилар ҳам бор." Улар бир-бирларидан фарқлидирлар. Айтилган сўздан кўра қилинган ишниннг таъсири каттароқ. Бир мураббий фарзандларидан бирига айтган экан: "Сенинг асосий ғаминг асло еб-ичиш, турар жой ва уйланиш бўлмасин. Булар нафснинг ғами, қалбнинг ғами қаерда қолади? Ҳақиқий ғаминг – сени ғамга солган нарсадир. Шундай экан сенинг ғаминг Аллоҳнинг розилиги ва охират ҳовлисидаги саодатмандлик бўлсин!"

Умар Ибн Абдулазизнинг ҳиммати

Умар Ибн Абдулазиз олий ҳиммати билан қандай қилиб улуғлар сафига қўшила олгани ҳақида сўров бўлди. У ўзининг қисқа халифалик даврида Хулафои Рошидинларнинг бешинчиси бўла олди. Унинг халифалиги икки йил, беш ой ва бир неча саноқли кунлар давом этган, холос. Лекин у шу вақтда қанча нарсани амалга оширгани Аллоҳга аён. Одамлар ўзаро бир-бирларидан сўрашади, қандай қилиб Умар Ибн Абдулазиз бунчалик ишларни амалга ошира олди? Жавоб шу эдики, у ҳар бир қадамини Ёлғиз Аллоҳ учун деган ниятда ташлаган. Ўз ҳаётини Аллоҳ таборака ва таоло учун бахшида қилган эди. Шу сабабдан бир ўзи қисқа вақт ичида, узоқ йиллар мобайнида бир қанча қавмлар қила олмаган ишларни рўёбга чиқарди. У киши амир бўлишидан илгари аёли Фотимага: "Эй Фотима, менинг ўч нафсим амирликни истаябди," – дер эди ва амир ҳам бўлди. Амир бўлганидан кейин ҳимматлари юксалиб кетди ва аёлига: "Эй Фотима, менинг ўч нафсим халифаликни истаябди," – деди ва халифаликка ҳам эришди. Барча мусулмонларга, қирқдан ортиқ ислом диёрларига амир бўлди. Ер юзининг шарқию ғарби у кишининг қўл остида, у кишига тобе бўлди. Халифа бўлганидан кейин ҳиммати янада юксалди ва аёлига: "Эй Фотима, менинг ўч нафсим жаннатни истаябди," – деди ва жаннат сари интилиб, жаннат учун амал қилди. Ҳайит куни жон чиқиш вақти яқинлашганда одамларни ҳузуридан чиқиб кетишга буюрди. Улар чиқдилар ва кимнингдир ушбу оятни ўқиганини эшитдилар: "Биз ўша охират диёрини ер юзида зулму-зўравонлик ва бузғунчилик қилишни истамайдиган кишилар учун қилурмиз. Оқибат тақво қилувчи кишиларникидир." Аллоҳ унинг ажрларини мўл қилиб берсин. Унинг мақсади пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек ягона эди: "Ким ғамларни битта ғам — охират ғами — қилса, Аллоҳ таоло унинг дунё ва охират ғамларини аритади."

Иродалар қандай юксалади

Мақсаднинг аниқ бўлиши ҳимматнинг кучайишига сабаб бўлади.

Энди сиз мендан қандай қилиб ҳиммат кучайтирилади, деб сўранг. Авваламбор, биз ҳаётимиздаги асосий мақсадни аниқлаб олишимиз ҳамда ҳаётимизнинг қадр-қимматини билмоғимиз даркор. Кўпчилик одамларнинг тириклиги худди ўликлик кабидир. Улар бор бўлгандан кўра йўқ бўлганлари яхшироқ. Улар на ўзлари учун ва на динлари учун ва на уммат учун бирор бир иш қилган эмаслар. Улар ҳайвонлар каби еб-ичиб, яшаб юрибдилар. Мана шу уларнинг қайғулари, мана шу уларнинг ҳаётлари. Олийҳиммат кишиларнинг эса ўз олдиларга қўйган мақсад-вазифалари бор. Уларнинг мақсадлари Аллоҳнинг сўзигина юксак, кофир кимсаларнинг сўзларии эса қуйи бўлишидир. Шу мақсад йўлида яшаб, шу йўлда жонларини берадилар. Агар мақсад аниқ бўлса, йўл равшан бўлади.

Эй олийҳиммат киши, шуни ҳам билгинки, йўлда тўсиқлар ва қоқилиш ҳам бўлади. Агар одам "Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз." оятининг маъносини билса, бу тўсиқлардан ўта олади. Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Агар мўмин киши тоғ олдида туриб, шу тоғни жойидан кўчираман, – деса, Аллоҳнинг изни ила кўчириб юборади." Агар юксак ҳимматли, қалбига иймон мустаҳкам ўрнашган киши тоғни талқон қиламан, – деса, агар у "Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз" оятининг маъносини билса Аллоҳнинг изни ила у тоғни талқон қилади. Шуни ҳам билгинки – Аллоҳ сени ўз паноҳига олсин – бу дунёда қилиш имкони йўқ фақат иккитагина иш бор:

• Биринчиси: Кавний ишларни ўзгартириш. Аллоҳ таоло Қуёшни шарқдан чиқаради. Биз уни ғарбдан чиқара оламизми? Бунинг иложи йўқ.

• Иккинчиси: Шаръий ишларни ўзгартириш. Аллоҳнинг динини ўзгартириб ёки алиштириб бўлмайди. Аллоҳ таоло пешин намозини тўрт ракъат қилиб фарз қилган. Биз уни уч ёки беш ракъат қила оламизми? Бўлиши мумкин эмас.

Шу иккаласигина бўлиши мумкин эмас. Бу иккисидан бошқа ҳар қандай нарсанинг иложи бор. Ҳаёт сўқмоқларида борар экансан, "иложсиз" деган сўз фақат ожиз кишиларнинг қомусида бор эканлигини унутма. Билгинки, энг осон амалга ошадиган нарса муваффақиятсизликдир. Йўлингда тўғаноқлар бор эканини ва сен "Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз. " оятининг маъносини билсанггина улардан ўта олишингни билиб олишинг зарур. Лекин сен йўлингда давом этар экансан, ким учун амал қилаётганингни аниқлаб ол! Аллоҳ учунми ёки бошқаси учунми? Мақсадинг охират саодатими ёки дунёми? Мақсадинг Раҳмоннинг жаннатими ёки ўткинчи дунё ва ундаги ноз-неъматларми? Йўлингни ва ким учун амал қилаётганингни аниқлаб ол!

bpp