асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Аллоҳнинг динини сақла ва унга риоя қил, шунда Аллоҳ сени асраб авайлагай4856 марта кўрилган Қалбларни ваҳима босган пайтда ақидани маҳкам тутишга бўлган эҳтиёжимиз (давоми) Алий ибн Абдулхолиқ ал-Қарний Исмоил Ёқуб таржимаси • Аллоҳнинг динини сақла ва унга риоя қил, шунда Аллоҳ сени асраб авайлагай Эй Аллоҳнинг бандалари, шу кунлардаги вазият ҳақида эшитиб, уни уқишга ҳаракат қилган ҳар бир мусулмон кишига бир ҳадя тортиқ қилмоқчиман. Ушбу ҳадя Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларидир: “Аллоҳнинг динини сақла ва унга риоя қил, ўшанда Аллоҳ сени (дунё ва охиратда) ҳифзу-ҳимоясига олади. Аллоҳнинг динини сақла ва унга риоя қил, ўшанда Аллоҳни (мудом) олдингда топасан (ва У сени ёмонликлардан асрайди, ҳар қандай яхшиликка сени муваффақ қилади). Қувончли ва мўл-кўлчилик пайтида Аллоҳни эсла (ва Унга тақво қил), ўшанда қийинчилик чоғида Аллоҳ сени эслайди (ва сенга ғамхўрлик қилади). Агар сўрасанг Аллоҳдан сўра, ёрдам сўрасанг Аллоҳдан ёрдам сўра. Шуни билки, бутун уммат йиғилиб сенга бирон манфаат еткизмоқчи бўлсалар, у ҳолда, улар фақат Аллоҳ таоло сен учун тақдири азалийда ёзиб қўйган нарсанигина манфаат келтирурлар. Шунингдек, агар улар сенга бирон зиён еткизиш учун йиғилсалар ҳам, фақат Аллоҳ сенга етишини ёзиб қўйган нарсанигина зиён еткизурлар. (Азалий қисмат битилган) қаламлар кўтарилган ва (бу қисмат ёзилган) саҳифалар (сиёҳи) қуриган. (Яъни, барча нарсалар олдиндан тақдирда битилган ва унга қайтиб ўзгартириш киритилмайди)”. Бошқа бир ривоятда шундай дейилади: “Шуни билки, ғалаба сабр билан бирга, енгиллик ва шодлик мусибат билан бирга ва қийинчилик билан бирга енгиллик бордир”. Ла илаҳа иллаллоҳ! Биз мазкур ҳадисни англаш ва уни бугунги кунимизга татбиқ этишга нақадар муҳтожмиз. Тақдирга иймон келтиришнинг аҳамияти Эй мусулмонлар, биз шундай бир умматмизки, ўз йўналишларимиз ва тахминларимизда шариатимиз аҳкомлари, ақидамиз асл моҳияти ва динимиз асосларидан келиб чиқиб қадам босамиз. Аллоҳнинг тақдирига иймон келтириш Парвардигоримизга иймон келтириш асосларидан катта ва муҳим бир асос ҳисобланади. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Албатта, Биз барча нарсани маълум бир миқдор-ўлчов ила яратдик” [Қамар:49]. “Аллоҳнинг (тақдир қилган) иши шак-шубҳасиз юз берувчи бўлди” [Аҳзоб:38]. Ер юзида ва Аллоҳнинг бандаларида содир бўладиган бирон бир воқеа ва ҳодиса ёки мусибат бўлмасин, албатта уларнинг барчаси Аллоҳнинг азалий тақдири билан содир бўлади. “ (Қурғоқчилик ва камҳосиллик каби) ерда содир бўладиган ва (мадорсизлик, касаллик каби) танангизда содир бўладиган ҳар қандай мусибатлар борки, албатта бу нарсалар Биз халойиқни яратишдан олдин Китоб (яъни “Лавҳул Маҳфуз”)да битилгандир. Дарҳақиқат, (нарсаларни вужудга келишидан олдин билиб тақдири азалийда битиб қўйишдан иборат) бу нарса Аллоҳга осондир. Сиз эриша олмай қолган нарсаларингизга ҳасрат-надомат чекмаслигингиз ва (Аллоҳ) сизга берган нарсалардан фахрланмаслигингиз учун (Биз барча нарсаларни тақдирда битилганлигини сизга маълум қилдик). Зеро, Аллоҳ ҳар қандай (ўзича) кеккайган ва (бошқаларга) мақтанчоқлик қиладиган кишини севмас”. [Ҳадид: 22-23]. Тақдирга бўлган ишончимиз бизга дунёдаги мусибатларни енгиллатади ва ҳар қандай воқеа ва ҳодисаларга қарамасдан ўз йўлимизда мустаҳкам ақида ва чинакам қатъият ила олға боришимизни таъминлайди. Аллоҳга қасамки, бутун инсоният жамиятида Аллоҳнинг тақдирига иймон келтирган мўъмин кишичалик қатъиятли ва хотиржам киши йўқ. У бажаришга азму қарор қилган эзгу ишида ҳеч тўхтамасдан, иккиланмасдан ва қўрқмасдан давом этади. Зеро, унинг ишончи комилки, осмонлару-ердаги ҳар бир зарранинг пайдо бўлиши, сўнг қисмати, яшаш муддати, тузилиши ва унинг борлиқ ва ундаги нарсалар билан алоқасини Аллоҳ таоло тақдирда ёзган. Чинакам мўъмин киши унга фақат тақдирда битилган нарсагина содир бўлишини яхши билади. Шу боис Аллоҳнинг тақдирига эътироз билдирмайди. Аксинча, меҳнат қилади, жон кўйдиради ва хатоларини тузатишга ҳаракат қилади. “Мўъмин киши бир уядан икки бор чақилмайди”. Юз берган бу воқеаларни субутсиз ақида, енгилтак ғоя ва тушкун руҳият билан қарши олган кимсалар эса заиф ва нотавон жонзот: инсонни улуғлайдилар, кучли ва қудратли зот бўлмиш Яратганни унутадилар. Улар башарият Раббини ғазаблантириш эвазига бўлсада одамлар розилигини қозонишга уринадилар. Қийинчилик ҳолатида ҳам, мўл-кўлчилик ҳолатида ҳам Парвардигорларини унутадилар. Хурсандчилик ҳолатида ҳам, хафачилик ҳолатида ҳам гуноҳ ишларни содир этаверадилар. Анавилар ўзларини душманга тутиб берадилар. Бугунги кунда мусулмонлар орасида унга нисбатан ҳар икки ҳолат баб-баравар бўлиб қолган инсонлар учрайди. Қани ахир, иймон? Қани ақида? Аллоҳнинг макридан хотиржам бўлиб қолдикми? “Аллоҳнинг макридан фақат зиён кўрувчи (яъни ҳалок бўлувчи) қавмгина хотиржам бўлур” [Аъроф:99]. Аллоҳнинг макридан фақат кофир қавмгина хотиржам бўлур. Дарҳақиқат, биз ташқи душмандан ҳам кўпроқ қўрққан ҳақиқий душман ичимиздаги нафсимиз. Бунга сабаб эса содир этган гуноҳларимиз. “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизга етган яхшиликлар (яъни, мўл-кўлчилик, саломатлик ва ҳоказо бошқа неъматлар) Аллоҳ(нинг фазлу-карами)дандир. Сизга етган ёмонликлар эса (яъни, қийинчиликлар, азиятлар ва ҳоказо бошқа мусибатлар) нафсингиз (содир этган гуноҳлар сабаби)дандир. Албатта, Аллоҳ бирон бир қавмнинг ҳолатини токи улар ўзларидаги ҳолатни ўзгартирмагунларига қадар ўзгартимайди” [Раъд:10-11]. Бугунги кунда мусулмонлар бу ҳақиқатни англаб етдиларми? Улар ўз қалбларига мурожаат қилиб уни ислоҳ қилиш ҳақида бош қотиряптиларми? Ёхуд нафсларига мурожаат қилиб уни текширяптиларми? Оилаларига қайтиб уларни тарбияси билан шуғулланяптиларми? Дарҳақиқат, кўп сўзларни эшитяпмиз. Газета ва ойномалар, радио ва телевидения турли тахмин ва таҳлилномалари билан бошимизни оғритиб юборишди. Бу тахмин ва таҳлилномаларда ер ва осмонлар Парвардигорига ишониш ва Унга таяниш тушунчасининг ҳиди ҳам топилмайди. Аксинча, ана ўша кимсаларни қуршаб олган қўрқинч ва саросима ҳолатини кўрсатадиган талай ишлар ва ҳатти ҳаракатлар вужудга келди. Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи ундан ёрдам сўрашга ва Унга суянишга ҳақли зотдир. Олий ва Буюк зот бўлмиш Аллоҳнинг тавфиқ ва мададисиз бирон бир ҳолатдан бошқа бир ҳолатга ўтиб ҳам ва бу ҳолатда давом этиб ҳам бўлмайди. Аллоҳ қаерда қолди? Аллоҳга таваккул қилиш, Унга таяниш қаерда қолди? Иймоний тайёргарлик бўлмаган ерда моддий озуқавий тайёргарлик нима қилиб бериши мумкин? Тўғри, озиқ-овқат керак, моддий тайёргарлик кўрманглар демаймиз. Бироқ, иймоний тайёргарлик бу асосий ғоя ва Аллоҳ таоло шу сабабдан бизга мадад берадиган воситадир. “Аллоҳ (дунёда Унинг буйруқларини бажарган ва қайтарган нарсалардан четланган) тақволи кимсаларга (дунёда тоат-ибодат қилиб) саодатга эришгани сабаб (жаҳаннам азобидан) нажот беражак” [Зумар:61]. Уммат бошдан кечиражак босқичларга тайёргарлик кўриш Уммат бошдан кечиражак босқичлар унга жиддий тайёргарлик кўрмоқликни талаб қилади. Ўйин-кулги ва маишатга берилган ҳаёт бундан буён ортда қолмоғи керак. Унинг ўрнини иймон, қувват, жиддият, ҳаракатчанлик, машғулот, жиҳод, ишонч, таваккул, тавба, тоат, қадарга иймон келтириш, Аллоҳнинг буйруқларига доимий ҳозиржавоблик ва юз берган ва беражак воқеа-ҳодисалар ва офатлар Аллоҳнинг илми, қудрати ва ҳоҳиш-иродаси ила бўлганлигига иймон келтириш эгалламоғи лозим. Руҳимизни иймон билан тарбия қилайлик, токи мана шу иймон орқали қийинчиликларни енга олсин. “Аллоҳга таваккул қилдик”-дейлик. Аллоҳга ўтиниб илтижо қилайлик, Унга муттасил дуо қилиб ёлборайлик, токи тақдирда ёзилган ишлар юз берар экан Аллоҳ биздан Ўз лутфини аямасин. Агар биз мана шу нарсани рўёбга чиқарсак, ҳаттоки бир дона ўқ ҳам Аллоҳ изн берсагина отилиб чиқишига ишонч ҳосил қилсак ва Аллоҳнинг динини маҳкам ушлаб унинг атрофида жамлансак, ўшанда Қувватли ва Азиз зот бўлмиш Аллоҳ бизга нусрат беради. Эй мусулмонлар, биз учун Аллоҳнинг динидан бошқа дастак, ундан бошқа бошпана йўқ. Кимда-ким ишларида Аллоҳдан бошқасига суянса, у ҳолда Аллоҳ уни ўз ҳолига: заиф ва ночор ҳолига ташлаб қўяди. Аллоҳнинг шариатини ҳоким қилмай туриб, тарбия ва тайёргарликсиз, даъватчиларга йўл очмасдан ва ислом тарихида шоҳид бўлинган тунни ибодат билан ўтказувчи зоҳидлар ва кундузда жиҳод қилувчи чавандозлар қайтмагунча нусрат ва ғалаба ҳосил бўлмайди. Бироқ, шунга қарамасдан, шунча зулматларга қарамасдан, албатта, ёруғлик келгусидир. Гарчи дин душманлари бу уммат устидан ҳукмрон бўлсада, лекин Аллоҳнинг фазлу карами ила у хайр-барака ва зафар уммати бўлиб қолаверади. Зеро, уммат ўғлонларидан умидимиз катта. Бироқ, қайси ўғлонлардан? Бу ўғлонлар Аллоҳнинг авлиёлари, масжидларни обод қилувчи кишилар, Қуръон ҳофизлари, эзгуликни севган, Аллоҳ йўлида шаҳид бўлишни орзу қилган, Аллоҳнинг динига даъват қилувчи, садоқатли ва ихлосманд даъватчилар ва кечалари Аллоҳга ибодат қилиб, кундузлари шерга айланувчи ўғлонлардир. Аввало Аллоҳдан, сўнгра мана шундай ўғлонлардан умид қилиб қоламиз. Келинглар, Аллоҳнинг динини маҳкам тутайлик, Аллоҳни доимо ёдда сақлайлик ва Унга тавба-тазарру қилайлик. Зеро, Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда шундай дейди: “Бандаларимдан биронтаси Менга бошпана сўраб илтижо қилса-ю, сўнгра бутун осмонлар ва ер аҳли уни тузоққа тушириш учун макр-ҳийла ишлатсалар, албатта Мен унга бу мусибатдан чиқиш ва қутулиш учун ечим ва енгиллик яратурман”. Кечалари Аллоҳга илтижо қилиб қўлларимизни кўтарайлик. Зеро, кечанинг ўртасида Аллоҳга илтижо қилиб кўтарилган мухлис бир қўл душманларга қарши атом бомбаси ёки биологик қуроллар ёхуд заҳарли газлардан кучлироқдир. “Шак-шубҳасиз, Аллоҳ Ўзининг динига ёрдам берган кишига ёрдам беражак. Албатта Аллоҳ Кучли ва Қудратли–енгилмас зотдир” [Ҳаж:40].
|