асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Аҳли суннат ва жамоатнинг сулук ва хулқ−атвордаги хусусиятлари5378 марта кўрилган Муаллиф: Доктор Абдурраҳмон ибн Солиҳ Маҳмуд Асл сарлавҳа:خَصَائصُ أَهْلِ السُّنَّةِ وَالْجَمَاعَةِ فِي السُّلُوكِ وَالْأَخْلَاقِ بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир... Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳим, биз Сендан ҳидоят, тақво, поклик, беҳожатлик ва гўзал ахлоқ сўраймиз! Аллоҳнинг ёрдами ва тавфиқи билан мусулмон хулқ ва атвор борасида (бошқалардан) ажралиб турадиган айрим хусусиятларни баён қиламиз. Хулқ атворнинг мусулмон одамдаги аҳамияти Биз хулқ ва атвор мавзуси аҳамиятининг ҳаётдаги ўрни хусусан мусулмон − Аллоҳ йўлига даъват қилаётган даъватчига нисбатан эса ўта муҳим эканини биламиз. Чунки мусулмон одам ҳаётидаги хулқ атвор, аслида, Роббисига, хонадонидагиларга, атрофидаги мўъминлар ва бошқа динга мансуб ғайри муслимларга боғлиқ бўлади. Одамзот қанча ахлоқ соҳиби бўлса, Аллоҳ таоло унинг даражаларини шунча кўтаради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда: «Банда гўзал хулқи билан (кундузлари) рўзадор, (тунларини таҳажжуд билан) қоим қилган одамнинг мартабасига эришади»− деганлар (Абу Довуд 4798). Қанча хулқлар борки, эгасини Аллоҳнинг даргоҳидаги баланд мартабаларга кўтаради. Мўъмин ажралиб турадиган қанча хулқлар борки, битта шахс ёки битта халқнинг ҳидоятига сабаб бўлган! Ахлоқнинг катта аҳамияти бор. Шу боис, ушбу баҳс ахлоқ асослари ва мўъмин покланиши керак бўлган исломий ахлоққа зид нарсаларни баён қилиш асносида амалга ошмоқда. Аҳли суннатнинг сулук ва хулқ атвордаги хусусиятлари Ушбу сарлавҳа атрофида баъзи мулоҳазалар бор: Биринчи мулоҳаза: Биз «хусусиятлари» деганимизда мўъмин ажралиб турадиган умумий сифатларни назарда тутамиз ва уламолар тил ва қаламга олган бедад ахлоқ масъалаларини назарда тутмаймиз. Иккинчи мулоҳаза: «Аҳли суннат» деганимизда эса, муайян гуруҳга хос бўлган хусусиятларни назарда тутамиз. Ундан мақсад, аҳли суннат уламо ва имомлари ажралиб турадиган хусусиятлардир. Ҳолбуки, эътиқод, ахлоқ ва сулук нуқтаи назаридан аҳли суннат ва жамоат йўлида юрган ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга издош бўлган ҳар мўъмин ва мўъмина, муслим ва муслималарнинг ҳам аҳли суннат эканида ҳеч шубҳа йўқ. Шунинг учун ҳам, «аҳли суннат» ёки «мўъминнинг сифатлари» деганимизда, ҳар иккисидан бўлган мақсад биттадир. Фақатгина, биз аҳли суннатнинг хусусиятлари, яъни, аҳли суннат даъватчилари, имомлари ва аҳли суннатни мудофаа қилаётган раҳимаҳумуллоҳлар ажралиб турадиган сифатларни назарда тутамиз. Аллоҳ таоло бизларни ҳам уларнинг йўлларидан юрадиган издошлар қаторида қилсин! Учинчи мулоҳаза: сарлавҳада «сулук ва хулқ атворда» дейилган. Бу, хос нарсани умумий нарсага атф қилиш – боғлашдир. Чунки, сулук ва ахлоқ бир− бирининг ичига киргандир. Агар «сулук» сўзининг ўзи истеъмол қилиниб: «Фалончининг сулуки яхши» дейилса, унинг ичига ахлоқ ҳам киради. Шунингдек, «хулқ» ёки «ахлоқ» сўзлари ёлғиз истеъмол қилиниб: «Фалончининг ахлоқи гўзал» дейилса, унинг ичига сулук ҳам киради. Агар ҳар иккиси ҳам бирга истеъмол қилинса, сулук ахлоқдан кўра умумийроқ бўлади. Чунки ахлоқ, инсон олган хулқлар бўлиб, унинг учун яралгандир. Сулук эса ахлоқнинг барча тарафларини ҳам, инсон ҳаётидаги бошқа ишларни ҳам ўз ичига олади. Гоҳида эса: «Сулук ҳам ахлоқ бобига киради» дейилади. Адашган оқимларнинг сулук ва ахлоқдаги манҳажлари Ахлоқ ҳақида ёзилган китобларни кўп ўқиймиз. Ахлоқ ҳақида ёзилган ушбу китобларнинг олинган манбаълари хилма−хилдир. Хўш, бу китобларнинг қайси бири бу мавзуда аҳли суннат ва жамоат манҳажига мувофиқдир?! Биз бу ерда шуни баён қилмоқчимиз. Чунки ҳаётда ахлоқ бобида аҳли суннат ва жамоат манҳажига зид йўл ва манҳажлар бор. Улардан баъзилари фалсафий манҳаждир. Фалсафий манҳаж, хулқни ақлий ёки фақатгина моддий ришталар билан боғлайди. Бу манҳажларнинг яхши ва ёмон ахлоқларни ақлга боғлашаётганига шоҳид бўламиз. Бу, зўрликдир! Аҳли суннат ва жамоатнинг ахлоқда боғланган манбаси, шариатдир. Шуни ҳам айтиб ўтишимиз керакки, шариатнинг соғлом ақлга қарши келиши ҳеч мумкин эмас. Айрим манҳажлар ахлоқ ғоясининг лаззатланиш эканини талқин қилади. Бу ҳам мавжуд ақлий манҳажлардир. Айрим даъватчилар ахлоқсизлик дарғалари бўлишса, бошқалари ахлоқнинг пойдевори – манфаат эканини иддао қилишади. Бу, ғарбликларнинг ахлоқидир. Мазкур ахлоқлар диний пойдеворга эмас, манфаат пойдеворига асосланади. Ичимиздан кўпчиликнинг ғарбликларнинг савдо−сотиқларида ростгўйлик билан сифатланишларидан ҳайратланишлари таажжублидир. Чунки улар бу сифат фақатгина моддий сифат эканини, бу билан улар нақд манфаатни мақсад қилишини билмайдилар. Чунки, ғарблик кўпроқ даромад қилиш учун тўғри сўз бўлади ва ёлғон гапирса расвоси чиқиб, тижорати касодга учрашини яхши билади. Бу ерда ахлоқнинг бошқа манҳаж – инсонни гўшанишинликка тарбия қиладиган тасаввуф манҳажи ҳам бор. Бунинг сабаби эса, ўша манҳаж асосида янги мутасаввифни жалб қилиб, сафларга қўшишдир. Ушбу хулқ эгалари ахлоқнинг асоси дунё ҳаётидан узилишдир деб тушунадилар. Яъни, у, сизнинг одамлар билан аралашмаслигингиз, Аллоҳ йўлига чорламаслигингиз, бу борлиқни Аллоҳ ирода қилганидек мўъминларга ёрдам ва қувват бўлиши ҳамда Аллоҳ йўлида кураш ва одамларни Аллоҳнинг динига чорлаш учун обод қилишга ҳаракат қилаётган кимсалар билан бирга бўлмаслигингиздир. Бошқача қилиб айтсак, бу манҳаж одамларни гўшанишинлик каби тор муҳитга чеклаб қўяди. Демак, бу − нотўғри манҳаждир. Шу боис, ахлоқ ва сулук бобидаги исломий ва Аҳли суннат ва жамоат раҳимаҳумуллоҳларнинг манҳажларини баён қилишимиз керак. Аҳли суннат ва жамоатнинг ахлоқ ва унинг аҳамиятини баён қилишга аҳамият бериши Учинчи мавзу: Аҳли суннат ва жамоатнинг ушбу ахлоқ ва унинг аҳамиятини баён қилишга берган эътибори, улар манҳажининг муҳим асосларидан бири эканидир. Аҳли суннат ва жамоат, уларнинг бошида ўрнак раҳбар ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, кейин саҳобалар ва улардан кейин эса тобиинлар бизга бу ахлоқни баён қилиб, шарҳлаб бердилар. Шунинг учун ҳам, Оиша разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ахлоқи ҳақидаги саволларига берган жавобларида одамларни ахлоқнинг асосий манбасига қайтариб: «Унинг хулқи Қуръон бўлган эди» деган эдилар (Имом Аҳмад 25108). Демак, бу гапнинг мазмуни шундан иборат: ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқини ўрганмоқчи бўлса, Қуръонни маҳкам ушласин! Шундагина, у, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ахлоқининг тафсилотларини билиб олади. Кейин эса Ундан ўрнак олсин! Чунки, Расулуллоҳ энг олийжаноб ахлоқларга эга бўлганлар, соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Олим ва муҳаддис раҳимаҳумуллоҳлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини девон шаклига келтирдилар ва девонларида ахлоқ ва сулукни баён қилишга ҳам катта эътибор бердилар. Улар ақийда ва шаръий аҳкомларни девон қилишганидек ахлоқ ва сулукни ҳам ёзишиб, уларни турли боб ва фаслларга ажратишиб, улар ҳақида келган ҳадис ва ривоятларни эслатиб ўтдилар. Сиз суннатлар ёритилган қайси китобга қараманг, бу бобларнинг фасл ва ахлоқларни баён қилишга хосланганини кўрасиз. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўз «Саҳиҳ»ида “Адаб китоби”, “Рақоиқ китоби” ва “Зуҳд китоби” каби бўлимларни қайд этган бўлсада, «Саҳиҳ» ҳадислар девонидан бошқа «Китабул адабил муфрад» (Одоб ҳақидаги айри китоб)ни ҳам таълиф этган. Чунки у, «Саҳиҳул Бухорий»дан айри китобдир. Бу, Имом Бухорий раҳимаҳумуллоҳнинг ушбу муҳим мавзуга катта эътибор берганини кўрсатмоқда. Чунки бу, мўъминнинг, даъватчининг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларини англаган одамнинг ҳаётидаги асосий мавзулардан биридир. Шунингдек, Имом Муслим, «Сунан» ҳадис девонлари муаллифлари, бу мавзу ҳақида Имом Бухорий, Имом Муслим ва «Сунан» ҳадис девонлари муаллифлари каби ёхуд Имом Аҳмад, Табароний ва бошқалар сингари «Муснад» ва «Мўъжам» муаллифлари каби бобларга айирган уламолар ҳам, ўз китобларининг саҳифаларида фазилатларга тааллуқли ҳадисларни зикр қилганлар. Шунингдек, уламолар ҳам буни баён қилиб, одоб, зуҳд, рақоиқ ва бошқа нарсалар ҳақида асарлар ёзиб, мўъминга вожиб бўлган ахлоқларни таълиф этдилар. Яхши билишимиз керакки, биз ахлоқ ҳақида тафсилотли гапириб ўтирмаймиз. Фақатгина, аҳли суннат ва жамоат бу ахлоқларнинг асосларини кўрсатиб, баён қилиб бергани, ҳатто, машҳур муҳаддислардан бири бўлган Ибн Абид Дунё раҳимаҳумуллоҳ икки юздан ортиқ ҳадис бўлимларини тўплаганини эслатиб ўтишимизнинг ўзи кифоядир. Бу бўлимлар «Ахлоқлар боби», «Тавозу боби», «Хомушлик боби», «Суҳбатдошлик боби», «Ростгўйлик боби», «Мақтов (тазкия) боби» ва бошқа бобларда мавжуддир. У, бу бўлимларда марфуъ даражасидаги ҳадислар ҳамда саҳоба, тобиин ва улардан кейингиларнинг осорларини тўплаган. Ҳолбуки, бу бобларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатлансада заифлик гумони бўлган, тадқиқот ва текширишга муҳтож бўлган марфуъ санадли ривоятлар ҳам бор. Мўъминлар ажралиб турадиган ахлоқ асослари Биз барчамиз яхши биламизки, инсон салаф солиҳнинг ҳолатлари, муомалалари ва осорларига назар ташласа, уларнинг ахлоқли ва одобли бўлганини ҳамда бу одоб ва аҳлоқлари одамларнинг муҳаббатига, таъсирланишига ва одамлар орасида яхшиликлар ва Аллоҳ динининг ёйилишига, ботил ва хурофотларни ёяётган одамларга қарши курашишга сабаб бўлганини кўради. Чунки, уларнинг ахлоқи Аллоҳнинг Китоби ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига асосланган исломий ахлоқ бўлган, шунинг учун ҳам бу ахлоқ уларни таъсир қиладиган ва яхшилик билан тилга олинадиган қилган эди. Иш бунгагина чекланмади, балки, улар қабрларида ётсалар ҳам, (ташлаб кетган мерослари билан) бошқаларга таъсир ўтказа бошладилар. Инсон имомлардан бирининг тутган ўрни ёки ҳикоясини ўқир экан, ўша онда таъсирланади. Баъзида кўзларидан ёшлар қуйилади. Ҳолбуки, у имом ўлиб кетган! Бунинг сабаби эса ўша имомлардаги ахлоқдир. Улар ўзлари билан Аллоҳ ўртасидаги ахлоққа содиқ қолган эдилар. Ислом динидаги ахлоқ асослари: Салаф солиҳ ва ҳар бир мўъмининнг ахлоқи қуйидаги асосларга асосланган дастурга кўра бўлиши керак: Биринчи асос: Аллоҳ таолога иймон келтириш. Бу, ўта муҳим асосдир. Чунки одамзот ушлаган ҳар қандай ахлоқ иймонга асосланмас экан, бу хулқ унга фойда бермайди. Бу ахлоқ худди кофирларнинг ахлоқи каби ўша ондагина фойда бериб, келгусида фойда бермайди. Чунки Аллоҳ таоло кофирлар ҳақида шундай деган: ﴿وَقَدِمْنَا إِلَى مَا عَمِلُوا مِنْ عَمَلٍ فَجَعَلْنَاهُ هَبَاءً مَنْثُورًا ﴾ «(Зотан) Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз» (Фурқон: 23). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: Биров ҳамият учун, биров қаҳрамонлигини кўрсатиш учун ва яна биров ўлжа учун жанг қилмоқда. Буларнинг қайси бири Аллоҳнинг йўлида (жиҳод қилаяпти)?,− дея савол берилганида: «Ким Аллоҳнинг сўзи олий бўлиши учун жанг қилса, ўша Аллоҳнинг йўлидадир»− деб жавоб бердилар (Имом Бухорий 123). Сиз ўртадаги фарққа қаранг! Буларнинг бири жангга кираяпти ва оммавий ахборот воситалари уни ёритиб, китоблар унинг қўмондонлиги ва жасорати ҳақида ёзаяпти. Аммо, бу хулқ кофирдан келаяпти. Аллоҳга ишониш ва унга ихлос қилишга асосланмаган ҳар қандай амал ва хулқнинг охиратда биронта ҳам самараси ва таъсири бўлмайди. Унинг фақатгина (бу дунёдаги) нақд манфаати бор, холос. Ғайри муслимлардаги барча хулқнинг ҳоли шудир. Мўъминлар эса Аллоҳга келтирилган иймон пойдеворига асосланган ахлоқ билан безанадилар. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳиҳ ҳадисларида: «Унутманглар, инсон танасида бир парча гўшт борки, у тузалса тана бутунлай тузлади, у касалланса бутун тана касал бўлади. Огоҳ бўлинглар, у – қалб (юрак)дир!»− деганлар (Имом Бухорий 52). Аллоҳга иймон келтириш, ихлос қилиш ва Аллоҳни тасдиқлаш билан боғланган қалб, инсонни аъзоларида, тилида, оёқлари ва қўлларида шу иймонга очиқ манҳажда бўйинсунишга олиб боради.Чунки, у қилаётган ишлари билан Аллоҳ таолони қасд қилади. Бу – кофирлар ахлоқи билан, мўъминлар ахлоқи ўртасидаги фарқдир. Бу – ўз динига қатъий риоя қилган мўъминнинг хулқи билан, ахлоқи бўлсада ахлоқи билан Аллоҳни қасд қилмаган (Ҳақ йўлдан) оғган одамнинг ахлоқидир. Иккинчи асос: нийят. Яъни, мўъминни қилаётган барча ишлари – муомаласи, гаплари, ишлари, ҳаракатлари, инфоқи, жиҳоди, сафари ва бошқа ишларини нийятга боғлаб қилаётгани ва хулқ эгаси бўлаётганини кўрасиз. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Амаллар нийятга кўра бўлади. Ҳар бир кишига нийят қилган нарсаси (бўлади)»− деганлар (Имом Бухорий 1). Шу боис бўлса керак, салаф раҳимаҳимаҳумуллоҳлардан бирининг қўққисдан бирон иш рўй берса унга бирдан киришмагани, балки: Нийят қилишим учун бир оз муҳлат беринг!,− деганларини кўрамиз. Бу – амаллари билан Аллоҳни қасд қилган мўъминлар билан, ғайримўъминлар ўртасидаги фарқлардан биридир. Фарқ, нийятдадир. Кофирнинг гоҳида ўз фарзандларига ва қарамоғидаги қариндошларига ҳаражат қилаётгани, гоҳида одамларга яхшилик қилаётгани, эзгу ишларга қўл ураётганига шоҳид бўласиз. Бироқ, нийятсиз қилгани боис унга бирон савоб ёзилмаслигини ҳам кўрасиз. Шунингдек, мўъминлар ичида ҳам нийятсиз ёки Аллоҳнинг юзини қасд қилмай амал қилган одамлардан ҳам амаллари қабул қилинмайди ва ўзига қайтарилади. (Ҳақиқий) мўъмин эса инъом қилса ҳам таъқиқласа ҳам, гапирса ҳам, садақа қилса ҳам Аллоҳ таолонинг юзини қасд қилади. Шу боис мўъминнинг сайрида, сафарида ва ишларида қилаётган барча ишлари учун савоб берилажагини, чунки, у Аллоҳни қасд қилаётганини ҳис этади. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рафиқангизни тўйдириш учун олиб келган нарсаларингизни ҳам садақадан ҳисобладилар. Яъни, зиммангизга юкланган нафақани нийят билан берсангиз, савоб олаверасиз. Учинчи асос: ахлоқнинг ваҳийдан бўлган далилга боғланиши. Хулқ – Қуръон ва суннатдан бўлган далилга боғланган. Бу, ўта муҳим хусусиятдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга садоқат билан эргашаётган мўъминларнинг доимо: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни қилдими? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга буюрдими? Қуръон Каримда бу ҳақда бирон нарса келганми?,− дея далил сўраётганларини кўрасиз. Мўъмин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашади ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъқиқлаган нарсалардан узоқ туради. У, ахлоқига одамлар, қабила ва жамиятларнинг одатлари ва истакларини асос қилиб олмайди. Аксинча, ахлоқини Қуръон Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари далолат қилган нарсага боғлайди. Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишдир! Саҳоба разияллоҳу анҳумлар, улардан кейин эса муҳтарам мазҳаббоши имомлар ахлоқлари учун ҳар тарафлама, масалан, волийлик, имомлик ва ҳарбий қўмондонлик каби катта мансаблар, одамларнинг ўз хизматкорлари, фарзандлари ва бошқа кимсаларга нисбатан кичик ишларида бўлсин, доимо ҳужжат қидирар эдилар. Бу, ахлоқнинг Исом динидаги уч асосидир. Мусулмон ва аҳли суннат имомлари ажралиб турадиган муҳим ахлоқий сифатлар: Мен, аввало, аҳамиятли бўлгани, иккинчидан жамловчи, учинчидан эса мазкур имомларга ахлоқларида издош бўлишни суйган мўъмин ва мусулмонлар муҳтож бўлганлари учун танлаб олганим баъзи сифатларга қисқача урғу бермоқчиман. Унутмайликки, бу ахлоқлар бир−бирларининг ичига киради. (Биринчи сифат: ростгўйлик). Ростгўйликка далолат қилган насслар Қуръон ва суннатда жуда ҳам кўпдир. Аллоҳ таоло Табук жанггида қатнаша олмаган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга жангдан қайтганларида мунофиқлар қилганидек ёлғон қасам ичиб ўзларини оқламай, рост гапирган уч кишининг ҳикоясини қуйидаги оятида шундай баён қилади: ﴿وَعَلَى الثَّلاثَةِ الَّذِينَ خُلِّفُوا حَتَّى إِذَا ضَاقَتْ عَلَيْهِمُ الأَرْضُ بِمَا رَحُبَتْ وَضَاقَتْ عَلَيْهِمْ أَنفُسُهُمْ وَظَنُّوا أَنْ لا مَلْجَأَ مِنَ اللَّهِ إِلَّا إِلَيْهِ ثُمَّ تَابَ عَلَيْهِمْ لِيَتُوبُوا إِنَّ اللَّهَ هُوَ التَّوَّابُ الرَّحِيمُ﴾ «Яна ўша уч кишининг (тавбаларини ҳам қабул қилдики), то уларга кенг ер торлик килиб қолгунча ва диллари сиқилиб, Аллоҳнинг (ғазабидан)фақат Ўзига тавба қилиш билангина қутулиш мумкин эканини билгунларича(тавбалари) қолдирилган эди (яъни тавба қилишга муваффақ бўлмаган эдилар). Сўнгра (Аллоҳ) тавба қилишлари учун уларга тавба йўлини очди. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибондир» (Тавба: 118). Мазкур тавба улар учун нозил бўлган ва улар бу билан муждаланган эдилар. Аллоҳ улардан рози бўлсин ва уларни рози қилсин! Аллоҳ тавбасини қабул қилгани ва етта қават осмон устидан бу ҳақда оят нозил қилгани боис севинч ичида қолган Каъб ибн Молик разияллоҳу анҳу: «Ҳаётимнинг қолган қисмида ёлғонни гапиришга ҳаракат қилмадим. Аллоҳ таолодан Аллоҳга дуч келгунимча шунда устивор туришга муяссар қилишини тилайман»− деди. Аллоҳ таоло тавбаларин қабул қилган уч кишининг ҳикоясидан кейин нима деди?! Ундан бевосита кейин: ﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَكُونُوا مَعَ الصَّادِقِينَ﴾ «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва иймонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз!»− деди (Тавба: 119). Ростгўйлик, мўъминларнинг энг ёрқин сифатларидан биридир. У, аҳли суннат имомларининг ҳаётида порлаб турган. Ростгўйлик, нега муҳим сифатлардан биридир? Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: Мўъмин қўрқоқ бўлиши мумкинми?, деб савол берилганида: «Ҳа»,− деб жавоб бердилар. – Мўъмин бахил бўлши мумкинми?,− деб савол берилганида: «Ҳа»,− деб жавоб бердилар. – Мўъмин ёлғон гапириши мумкинми?,− деб савол берилганида эса: «Йўқ!»− деб жавоб берганлар. Ушбу ҳадис сизга мусулмон ҳаётидаги ростгўйликнинг аҳамиятини кўрсатиб беради. У роббисига қилаётган ишларида ростгўй бўлади, ўзини алдамайди. Роббиси билан танҳо қолганида махлуқотларнинг кўриши, ҳайратланиши, мақтови ва оғзига олишидан воз кечади. Роббиси билан танҳо қолганида Роббисига иймонида, ихлосида, амалларида, гапларида ва барча ҳаракатларида ростгўй бўлади. Чунки у, гоҳида махлуқотларни алдаши мумкин, бироқ, Роббисини ҳеч қачон алдай олмайди. Шу боис, у ўзи ва бошқалар билан самимий бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам машҳур ҳадисларида: «Киши Аллоҳнинг ҳузурида сиддиқ деб ёзилмагунча ростгўй бўлади ва ростгўй бўлишга интилади»− деганлар (Имом Муслим 6805). Аҳли суннат ва жамоат имомларида ростгўйлик сифатлари қандай пайдо бўлди? Улар Аллоҳнинг ваҳийсини ўзларидан кейингиларга етказаётган пайтларида Қуръон ҳимояланган бўлсада, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига айрим ёлғонлар кириб келишга улгурган эди. Аҳли сунат ва жамоат имомлари бу мавзуда ўта жиддий фаолиятлар олиб бориб, ривоятни қабул қилиш учун бошқа шартлар билан бирга, ровийнинг ростгўй бўлишини ҳам асосий меъёрлардан бири қилдилар. Уларнинг жиддийлиги шу даражага етиб бордики, «Саҳиҳ» ҳадислар девонининг муаллифи Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ олимлардан бирининг олдига қайсидир бир ҳадисни ривоят қилганини эшитиб боради. Шаҳарга кириб келади, бироқ, олим қайси маҳаллада яшашини билмайди. Кўчалардан бирига кириб отни орқасидан эргаштириб келаётган бир одамга дуч келади. У одам гўё ичида бирон нарса бордек этагини кўтариб олган эди. У одам уйига етиб келгач отни ушлайди ва этагини ташлайди. Этагида бирон нарса йўқ эди. Бу ҳолатни кўрган Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ: Мен фалончининг ўғли фалончини қидираяпман,− дейди. Одам: Унда нима ишингиз бор?,− деб сўрайди. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ: Менга унинг фалончидан, унинг эса фалончидан, унинг эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан фалон ва фалон ҳадисларни ривоят қилганининг хабари етиб келди–да!,− деб жавоб беради. Ҳалиги одам: Ўша одам менман. Менга фалончи фалончидан, у фалончидан, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай деганини ривоят қилди,− дейди. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ нима қилганини биласизларми?! У, бу одамнинг ривоятидан воз кечди ва: Агар бу одам ҳайвонга ёлғон гапиришга журъатли бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ёлғон гапириб қўйишидан қўрқаман!,− деди. Демак, ростгўйлик, суннатни девон шаклига келтириш ҳаракатига бел боғлаган аҳли суннат имомларининг хусусиятларидан бирига айланган. Ҳолбуки, ростгўйлик уларнинг барча ишларидаги сифатлари эди. Аллоҳ уларни раҳматларига буркасин! Шунинг учун ҳам, «қайси каззобни кўрсак, Аллоҳ уни расво қилди!», деган гап кенг тарқалган. Аллоҳ таоло бизларни барча сўз ва ишларда ростгўй бўлишга муваффақ айласин! Иккинчи сифат: тавозу. Тавозунинг шартлари ва жиҳатлари. Тавозуни гоҳида нотўғри тушунилади ва унинг камтарлик ва совуққонлик экани гумон қилинади. Аслида эса бундай эмасдир. Тавозу – ўз зарарингизга бўлсада ҳақиқатга бўйинсуниш ва итоат этиш, демакдир. Бундан ташқари, у, ҳақиқатни савияси сиздан кўра камроқ бўлган одамдан ҳам қабул қилиш, шундан кейингина, мулойимлик ва шафқатлиликдир. Шуни яхши билишимиз керакки, тавозунинг ҳам бошқа ахлоқлар каби шартлари бор. Уларнинг биринчиси – ихлосдир. Яъни, муомалаларингизда Аллоҳ учун самимий бўлишдир. Сиз бу хулқни ҳақингизда фалончи ёки пистончи деб айтилиши учун эмас, аксинча, Аллоҳга самимий бўлиш учун оласиз. Иккинчи шарт эса, қодирликдир. Чунки, инсон баъзида тавозули бўлишга мажбур бўлади. Аслида эса, унинг тавозу қилар экан, қодир эканини ҳам кўрсатиши шартдир. Бундан кейин эса, бу тавозу мўъминларнинг сулуки ва ахлоқида қуйидаги бир неча жиҳатдан кўриниши керак. Хуллас, биринчи жиҳат: буюк ва улкан тавозу. Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг Китоби ёки ўз суннатларида олиб келган барча таълимотларга бўйинсуниш. Бу – аҳли суннат ва жамоат пешволарининг ҳаётида кўринган мўъминларнинг ёрқин аломатларидан бирисидир. «Қандай адолатли! Қандай яхши! Қандай фазилатли!» дея мақталсада қалбида заррача иймони бўлмаган мутакаббир одамларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бирон ҳадиси етиб келса бўйинсунмайди ва: Пайғамбар буни эски замонларда айтган. Ҳозир эса замонлар ўзгарди, деан гаплар билан қабул қилмайдилар. Биз уларга шундай деймиз: Йўқ! Мўъминдаги тавозу аломатларидан бири Қуръон Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати олиб келган таълимотларни қабул қилишдир. Бу ҳам тавозудир,− деймиз. (Масалан), Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:«Пашша бировингизнинг идишига тушса, уни (ичидаги сув ёки таомга)ботирсин! Чунки унинг бир қанотида касаллик бўлса, иккинчисида даво бордир»− деганлар (Имом Аҳмад 7353). Қанча одамлар борки, бу ва бунга ўхшаган ҳадисларни эшитган пайтларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат этмайдилар. Садоқатли мўъмин эса, итоат этади. Фақатгина: Бу саҳиҳ ҳадисми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламданшундай ҳадис собит бўлганми? Бу ҳақда далил келганми?,− деб сўрайди, холос. Бундан бошқа пайтларда эса ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиб, эътироз этмайди. Мўъмин итоатдан сўнгра Аллоҳнинг Қуръони ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида келган таълимотларга амал қилишни бошлайди. Ўз ақли, завқи, устози ёки бошқа бирон кишининг гапи билан унга қарши чиқмайди. Мана шу, мўъмин ажралиб турадиган тавозудир. Мутакаббирнинг эса ўз ақли ва зеҳни билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилинган ҳадисни рад этишга ҳаракат қилаётганини кўрасиз. Бундай пайтда тавозу қаерда қолади?! (Ҳа), бу икки одам ўртасида катта фарқ бор. Тавозунинг иккинчи тарафи ҳам бўлиб, у – мусулмоннинг мусулмон биродарига тавозусидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмон − мусулмоннинг биродаридир: унга зулм қилмас, уни таҳқирламас ва кўмаксиз ташлаб қўймас ...»− деганлар (Имом Аҳмад 8708). Демак, мўъминнинг мўъмин биродарига тавозуси бўлиши керак. Тавозунинг учинчи тарафи эса, ҳақиқатни кимдан келса ҳам қабул қилиш. Бу – ўта муҳимдир. Агар Ислом уламолари раҳимаҳумуллоҳларнинг ҳаётига нигоҳ ташласак, уларнинг ҳақиқатни кимдан келишидан қатъий назар қабул қилганига шоҳид бўламиз. Ўзимизнинг бугунги ҳолимизга нигоҳ ташласак эса, ката фарқни кўрамиз. Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ! Ҳозирги кундаги одамлар ҳақиқат ўз тоифаси (тарафдорлари)дан ёки ўз қариндошларидан ёхуд ўз қабилдаошидан ёда ўз амакиваччасидан келсагина қабул қилади. Буларнинг барчаси тавозунинг зиддидир. Мўъмин, ким олиб келган бўлса ҳам, ҳақиқатни қабул қилади. Биродарингиз ҳақиқатни далили билан олиб келдими, унга бўйинсунинг! Бу – аҳли суннат ва жамоат имомларининг хислати, ҳаётларидаги амалий татбиқлари ва ахлоқий сулукларида ажралиб туришадиган хулқлари эди. Тавозунинг тўртинчи тарафи, сизга нисбатан хато иш қилиб қўйса, биродарингиздан узрини қабул қилиш. Дўстингиз сизга зид ишни қилиб қўйса, унинг узрини қабул қилинг. Зеро, ўз дўстига ўзига яхши кўрган нарсасини суйган одам, ўзи учунгина хато қилган пайтида дўсти учун узрни қидиради. Аммо хатоси умматга таъсир қилса, ҳақиқатни далили билан баён қилади ва бунинг зарари йўқдир. Уламолар − Аллоҳ уларни раҳмат қилсин! – бир−бирлари билан мубоҳаса қилишар, илмий мавзуларда раддия беришар, бироқ, бидъат ёки шунга ўхшаш гуноҳ иш бўлмаса, бир−бирларидан (гина ва адоват қилиб) узоқлашмас эдилар. Учинчи сифат: сўзни ишга боғлаш. Яъни, айтилган гапнинг қилинган ишга мувофиқлиги ва Аллоҳ таоло қуйидаги оятида айтган кимсалардан бўлмасликдир: ﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لِمَ تَقُولُونَ مَا لا تَفْعَلُونَ﴾ «Эй мўъминлар, нега қилмайдиган ишларингизни тилга оласизлар!»(Сафф: 2). Сиз иймонли салафларнинг тарихларига назар солар экансиз, уларнинг сўзларини ишларига боғлаганини кўрасиз. Улар бир гапни айтишса, унга амал қилишган, ишлари гапларига зид бўлмаган. Аллоҳ уларни раҳмат қилсин! Бу ҳам ахлоқ бобидаги муҳим хислатлардан биридир. Бу бирон муайян хулқ, бирон муайян сифатга хос эмас. Аксинча, мўъмин ахлоқидаги умумий кўриниш бўлиб, унинг ишлари гапларига зид бўлмайди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда келганидек, шундай деганлар: «Ҳар бир пайғамбарнинг амрларига итоат этиб, суннатларига ҳидоятланган ёрдамчилари ва йўлдошлари бўлган. Сўнгра, бундан кейин қилмайдиган нарсасини гапирадиган ва буюрилмаган ишларни қиладиган раҳбарлар келадилар» (Имом Муслим 188). Бошқа бир ҳадисда эса шундай дейилган: «... Сўнгра улардан кейин бир авлодлар келадики, қилмайдиган нарсаларини гапирадилар ва буюрилмаган ишларни қиладилар». Демак, ишларининг гапларига монандлиги мўъминларнинг хислатидандир. Биз бунинг бошқаларга қандай катта таъсир кўрсатишини жуда яхши биламиз. Иши гапига монанд бўлмаган ва бу хулққа эга бўлмаган одамнинг эътибори йўқдир. Тўртинчи сифат: адолат. Адолатли бўлишни Қуръон Карим гоҳида «адолат», гоҳида «тарози», гоҳида «тенглик» (қист) номлари билан олиб келди. Буларнинг барчаси адолатнинг муҳим эканин билдириш учун эди. Бу сифат Ислом аҳлининг барчасида очиқ намоён бўлган. Аллоҳ уларга раҳматини ёғдирсин! Барча ишларида адолатли бўлган Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу, бошқа барча хулафойи рошидин разияллоҳу анҳумлар, Умар ибн Абдулазиз разияллоҳу анҳу ва аҳли суннат имомларининг адолати ҳаммага маълум. Сиз уларда бу сифатнинг барча ҳолатларида, ҳатто, энг яқин кишиларнинг зарарига бўлса ҳам кўринганига шоҳид бўласиз. Масалан, дўстлик ва душманлик бобида одил бўлишган. Биз эса, дўстлик ва душманлик бобида беқарор бўлганимиз учун адолатли бўла олмаяпмиз. (Тўғри), биз ҳам Аллоҳ йўлида яхши кўриб, Аллоҳ йўлида ёмон ҳам кўраяпмиз. Бироқ, қариндошларимиз, амакиваччаларимиз ва фарзандларимизга нисбатан туйғу ва шафқатларимиз устун келмоқда. Натижада, дўстликка лойиқ бўлмаганларни дўст, дўстликка лойиқ бўлганларини эса душман деб кўрмоқдамиз. Қанча одамлар борки, уларнинг бирон ракааат ҳам намоз ўқимайдиган қариндошларига зиёфат уюштиришаётганлари, жонлиқлар сўяётганлари, келсалар кутиб олишаётганлари ва ҳурмат қилишаётганларини кўрасиз. Шу тўғрими?! Дўстлик ва душманлик қаерда қолди?! Сиз бу одамнинг вазиятларга қараб иш қилаётганини кўрасиз. Вазиятлар, у қилаётган муомаланинг меъёридир. Мен буни мисол ўлароқ келтирдим, холос. Чунки, ишлардаги адолат кўп бўлиб, халқ билан муомала қилиш, инфоқ қилиш ва бошқа ишларда ҳам бўлиши керак. Шу боис аҳли суннат ва жамоатнинг кўплаб имомларининг адолатнинг ҳаққини бера олмасликдан қўрқиб Аллоҳдан паноҳ тилаганлари ва қозилик мансабидан йироқ турганларини кўрасиз. Ҳолбуки, одил қози ва одил раҳбар бўлган мўъминлар имконлари қадар Аллоҳдан қўрқсалар, Аллоҳ таоло уларни кўпайган савоблардан маҳрум қилмайди. Шуни ҳам яхши билишимиз керакки, адолатнинг маъноси барча ишлардаги тенглик дегани эмас. Балки, ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини бериш ҳам адолатдир. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Аллоҳ йўлида курашаётганларни курашмаётганлардан устун қилди ва айтди: ﴿لا يَسْتَوِي الْقَاعِدُونَ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ غَيْرُ أُوْلِي الضَّرَرِ وَالْمُجَاهِدُونَ فِي سَبِيلِ اللَّهِ بِأَمْوَالِهِمْ وَأَنفُسِهِمْ فَضَّلَ اللَّهُ الْمُجَاهِدِينَ بِأَمْوَالِهِمْ وَأَنفُسِهِمْ عَلَى الْقَاعِدِينَ دَرَجَةً وَكُلًّا وَعَدَ اللَّهُ الْحُسْنَى﴾ «Мўминлардан ўзлари бешикаст бўлиб туриб (жиҳодга чиқмай) ўтириб олган кишилар билан Аллоҳ йўлида мол ва жонлари ила курашган зотлар баробар бўлмайди. Аллоҳ молу жонлари билан курашган зотларни (бирон узр сабабли жиҳодга чиқмай) ўтириб олган кишилардан ҳам бир даража афзал қилди ва барчаларига гўзал оқибатни (яъни жаннатни) ваъда қилди»(Нисо: 95). Шунинг учун ҳам, сиз, дўстлик ва душманликда, Аллоҳга яқинроқ ва Аллоҳдан қўрқувчироқ бўлган мўъминга нисбатан Аллоҳ йўлидаги муҳаббат ва дўстикни кучайтирасиз. Аллоҳдан узоқ ва тақвоси оз бўлган одамга эса, сиздаги дўстлик ва муҳаббат оз бўлиши керак. Бешинчи сифат: ҳаё. Ҳаёни нотўғри тушунилса, тавозуга ўхшаб кетади. Чунки, айрим одамлар мункар нарсани кўргач уни қайтаришдан ҳижолат бўлишни ёки ҳақ сўзни айтиш керак бўлган пайтда айта олмасликни ҳаё деб тушунишади. Бу ҳаё эмас, аксинча, хорликдир. Ҳаё – гуноҳ ва гуноҳга ўхшаш қабиҳ нарсалардан воз кечишга ундайдиган хулқдир. Шунинг учун , ҳаммамиз билганимиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам машҳур ҳадисларида: «Одамларнинг биринчи пайғамбарлик сўзидан ўрганганлари: Уялмасанг, хоҳлаган ишингни қилавер!, (жумласи)эди» (Имом Аҳмад 17226), иймон тармоқлари ҳақидаги ҳадисда эса: «Ҳаё ҳам иймон тармоқларидан биридир» деганлар (Имом Бухорий 9). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Термизий, Имом Аҳмад ва Ҳоким раҳимаҳумуллоҳлар ривоят қилган ҳасан ҳадисда шундай дейилган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳдан лойиқ бўлганидек ҳаё қилинглар!»− дедилар. Саҳобалар: Алҳамдулиллаҳ, биз Аллоҳдан ҳаё қилаяпмиз!,− дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен уни назарда тутмадим. Аксинча, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек ҳаё қилиш − бошни тушунган ва қоринни ичига олган нарсасидан муҳофаза қилиш, ўлим ва чиришни эслашдир. Охиратни истаган одам, дунё ҳаётининг зийнатларидан воз кечади. Ким шундай қилса Аллоҳдан лойиқ бўлганидек ҳаё қилган бўлади»− дедилар (Термизий 2458). Ҳатто, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаёни қуйидаги сўзлари билан айириб бердилар: «Ҳар бир диннинг ахлоқи бордир ва Исломнинг хулқи − ҳаёдир». Бу ҳадиснинг санади ҳасан бўлиб, уни Ибн Можа (4181), Табароний (13) ва бошқалар ривоят қилишган. Яна, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг «Саҳиҳ» ҳадислар девонида (6118) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ҳаё – яхшиликнигина олиб келади» ҳадиси бор. Демак, ҳаё − ҳаёли инсонни гуноҳ ва ҳаром ишларни қилишига монеълик қиладиган хулқ ва сифатдир. Шунинг учун ҳам шоирнинг қуйидаги байтларни айтганига шоҳид бўламиз: Талайгина қабоҳатдан воз кечгандим мутлақо, Бунга даво бўлган эди, ичимдаги бу ҳаё! Агар ҳаё кетса, даво ҳам кетади. Шуни яхши билиш керакки, инсон хулқига айланган ва қабоҳатлардан воз кечтирадиган ҳаё, ҳақ сўзни баралла айтишдан тўсмаслиги керак. Шунингдек, ҳаё инсонни илм излашдан ҳам тўсмаслиги керак. Зеро Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳ» ҳадислар девонига илова ўлароқ Мужоҳид раҳимаҳуллоҳнинг: «Илмни уятчан ва мутакаббир кимсалар ўргана олишмайди» осорини келтирган. Уятчан одам бирон масъала ёки муаммога дуч келса, у ҳақда сўрашдан уялади ва уятчанлиги илмий масъалаларни ўрганишига ғов бўлиб, бирон нарсани ўргана олмайди. Мутакаббир эса савол беришдан кеккаяди ва кибри билим олишига ғов бўлади. Ушбу ҳаё сифати Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу каби айрим одамларда очиқ суратда кўринади. У, уятчанлиги билан машҳур эди. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Усмон разияллоҳу анҳу кирган пайтларида сонларини ёпдилар ва: Абу Бакр ва Умар кирганида сонингизни ёпмай, Усмон кирганида нега ёпдингиз?,− деб савол берилганида: «Фаришталар ҳаё қилган одамдан уялмайми?!»− деб жавоб берган эдилар (Имом Бухорий 6362). Аллоҳ улардан рози бўлсин! Олтинчи сифат: жасорат. Одамзот Уммат учун эзгуликларни рўёбга чиқариш асносида турли хатарларга дуч келади. Жасорат қуйидаги нарсаларда намоён бўлади: Аллоҳ йўлидаги жиҳод. Аллоҳ йўлида жонни фидо қилдираётган нарса, жасоратдир. Чунки, банда жиҳодда ўз жонини Аллоҳ учун фидо қилади. Жасурлик сифати бўлгани боис ҳам, мужоҳидлар устивор турадилар ва жанг майдонидан қочмайдилар. Ҳақ гапни айтиш ҳам, жасурликдир. Маломат ва озорланишга олиб борсада, ҳақ гапни айтиш, амру маъруф ва наҳий мункар қилиш ҳам, жасурликдир. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Энг афзал жиҳод – золим султон ҳузурида ҳақ сўзни айтишдир!» деган бўлсалар (Имом Аҳмад 11160), шаҳидларнинг хабарини тилга олар эканлар: «Золим султон ҳузурида ҳақ сўзни айтган ва султон қатл қилган одам (шаҳиддир)»− деганлар. Инсоннинг ўз хатоларига мурожаат этиши ҳам, жасурликдир. Чунки, хато қилган одамнинг тасаввурида ўз хатосини эътироф этиш қўрқоқлик ҳисобланади. Агар у жасур бўлса эди: Ҳа, мен бу масъалада хато қилдим. Аслида, фалончи ва пистончи ҳақли эди,− дер ва ҳақиқатни айтиб берган бўлар эди. Катта имомларнинг ҳаёти бундай ўрнакларга бойдир. Сиз уларнинг қавллари ва фатволарига боқинг, ҳақиқатга қандай қайтганларига шоҳид бўласиз. Булар, мукаммал бўлса бизда исломий ахлоқ ва исломий сулукни вужудга келтирадиган ва эгасини гапирса ёки ёзса ёхуд бирон ишни қилса ўрнак маёқ қилиб қўядиган очиқ сифатлардир. Чунки унинг ахлоқи ва сулуки Аллоҳнинг Китоби ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида келган таълимотлар билан шаклланган бўлади. Мўъминнинг сулуки ва ахлоқидаги ижобий аломатлар Мўъмин, ахлоқи билан айрилиб турадиган айрим аломатлар бор. Ўша аломатлардан бири – ижобийликдир. Мўъмин сулукидаги ижобийлик, уни бошқалар учун манфаатни суюшга ундайди ва у манфаатларни ўзи учунгина ўйлайдиган худбин бўлмайди. Аксинча, унинг барчага яхшликни илинаётганига шоҳид бўласиз. Бу ахлоқ ижобийлигининг биринчи аломатидир. Ундаги ёрқин аломатлардан яна бири, унинг одамларга қулайлик яратишга интилишини кўришингиздир. Бу ҳам мўъминнинг хулқидаги ижобийликлардан биридир. Бу, одамларга қулайлик яратиш мақсадида мўъминнинг ҳақиқатдан тажовуз қилиб ўтиб кетганини ифодаламайди. Чунки бундай қилиш, Ислом динидаги Аллоҳ рози бўлмаган беҳудаликдир. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ишни бажариш ихтиёри берилса, улардан енгилроғини танлар ва: «Осонлаштиринглар ва қийинлаштирманглар!»− дер эдилар (Имом Бухорий 69). Шу боис Ислом динининг Фиқҳ усулларида доимо қийин тарафни мақсад қилинмаганини кўрасиз. Айрим одамлар эса бу ишда хато қиладилар ва бу билан, «Машаққатли ишларни қилишда савоб кўп!» деган жумла ўртасини бирлаштирмоқчи бўладилар. Ҳолбуки, айрим ибодат ва ишлар борки, савоблар бериладиган қийинчиликлар билан амалга ошади. Бироқ, Ислом дини машаққатни биринчи мақсад қилиб олмайди. Масалан, сиз шаҳарнинг бирон ноҳиясидаги биродарингизни зиёрат қилмоқчи бўлсангиз, Ислом дини сизга: Аввал жануб тарафга кетинг, сўнгра, шаҳарни бир айланиб чиқинг ва машаққат чеккан бир соатдан кейингина биродарингизнинг уйига боринг!,− демайди. Аксинча, унинг олдига бориш учун осон йўлларни танлайсиз. Ислом ёки шариат чорлаган ибодатларда ўзига хос машаққат борлиги аён. Шундай бўлсада, мўъмининг ахлоқи одамлар билан қилаётган муомалаларига ҳам таъсир кўрсатаётганни кўрасиз. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уятсиз ёки ҳаёсиз гапларни гапирадиган шахс бўлмаганлар. Биродарлар муомаласида ширинсуханлик, боадаблик ва гўзал муомаланинг катта таъсири бор ва у инсонга осонлик ва тезлик билан таъсирини ўтказади. Сулукнинг ижобий аломатларидан яна бири шуки, исломий ахлоқлар мўъминда кучайиб, ўзаро мутаносиблашади, ҳатто, унинг табиатига айланиб, ўзгармас устивор хулқи бўлиб қолади. Шу боис тўғрилик билан тарбияланган одам ростгўйга айланади ва ҳатто унга тааллуқли нарсалар ҳикоя қилинса: Фалончи бундай дейиши мумкин эмас? Чунки, у – ростгўй одам!,− дейилади. Ростгўйлик унинг очиқ аломатлардан бири бўлиб қолади. Абу Бакр разияллоҳу анҳу «Сиддиқ» лақабини олган эди. Чунки, биров келиб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фалон ва фалон ишларни қилди,− деса, у нима дейишини кутар эдингиз? Унинг жавоби аниқ эди: у доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тасдиқлар эди. Бошқа исломий ахлоқлар ҳам шахс ажралиб турадиган доимий сулукка айланиб қолади. Бу, ҳаммага аёндир. Кейин, мўъминнинг сулуки бир−бирини такомиллаштирган сулук бўлиб, бири иккинчисига тажовуз қилмайди. Бу, муҳим сифатдир. (Масалан), бир мўъминда жасурлик, тавозу, уятчанлик, ҳақиқатни айтишга жасорат ва мўъмин биродари учун хокисорликни кўрасиз. Булар бир–бирини тўлдирадиган хулқлардир. Ахлоқдаги мутакомиллик одамни Аллоҳ йўлига хулқи билан даъват қиладиган даъватчига айлантиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саломга ҳануз Ислом динини қабул қилмаган пайтида дуч келган ва сўнгра мусулмон бўлган саҳоба (Абдуллоҳ ибн Салом разияллоҳу анҳу): «Унинг юзига қараб, юзи каззобникига ўхшамаганини кўрдим»− деган. Демак, мўъминдаги бу аломат мазкур сифатлар билан сифатлансагина намоён бўлади. Бундан ташқари Аллоҳ йўлидаги муҳаббат ва нафрат сон−саноқсиз ахлоқларда, жумладан, мусулмоннинг фидоийлиги, салом бериши, юзларига табассум қилиши, яхшилик ва ёмонликда ўртача муомала қилишида намоён бўлади. Мен, Аллоҳ йўлидаги муҳаббат ва нафрат мавзусида муболаға қилмаслик ҳақида бир оз тўхтамоқчиман. Чунки бу ҳақда (муҳаддис Носируддин Албоний раҳимаҳуллоҳнинг) «Саҳиҳул−Жомеъиис−Сағийр» китобида (178) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Дўстингизни меъёрида суюнгизки, бир кун келиб душманингизга айланиши мумкин. Душманингизга меъёрида нафрат қилингки, бир кун келиб дўстингизга айланиши мумкин» ҳадиси нақл қилинган. Бу – меъёрдир. Бироқ, айрим одамлар борки, мўъмин биродарларини суйса ҳам, улардан нафратланса ҳам, меъёрдан ошириб юборади. Сиз ундай қилманг! Мўътадил бўлинг! Мўътадиллик эса сизнинг мўъмин биродарингиз ҳақидаги фикрингиздаги мувозанатдан келиб чиқади. Сиз мўъмин биродарингизга ҳар томонлама назар солинг: унда фалон ва пистон яхши хулқларни кўрганингиз боис уни суюнг ва фалон ва пистон фазилатсиз хулқларни кўрсанингиз боис уни ёмон кўринг! Чунки, айрим одамлар борки, одамдаги битта ёмон хулқни кўриб, уни бутунлай бадхулқдек ёмон кўришади. Бунинг акси ўлароқ, бир фосиқ ва гуноҳ ишлар билан мудом шуғулланадиган одамларда биттагина яхши хулқни кўради ва ўша хулқи сабабли уни суюб, фисқи, фасоди ва бошқа салбий томонларини унутади... Бу ишларда шаръий мутаносиблик шартдир. Чунки бу, дўстлик ва душманлик қоидасидир: мўъминни иймонига кўра суясиз, қилаётган гуноҳига кўра ундан нафрат этасиз. Шубҳасиз, хулқи исломий бўлишини хоҳлаган одам нафсига қарши баъзи ишлар билан курашиши керак. Илк ўлароқ эса, илм ўрганиши керак. Гапириш ва амал қилишдан илгари илм дарвозаси бордир. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ахлоқи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган ишлар нима эканини ўрганиши ва уларни ўрганиб, ҳаётига татбиқ қилиши керак.. Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш, амал қилиш ва ахлоқни шакллашда нафси билан курашади. Мўъмин шуни яхши билсинки, одамзот исломий ахлоққа бурканар экан Аллоҳ таоло унга тавфиқ бериб, унинг амалларини қабул қилади. Аллоҳ таолодан бизларни фазилатли ахлоқларга бурканган, уни маҳкам ушлаган ва бу билан Аллоҳ таолони қасд қилган мўъминлар қаторида қилишини ҳамда ёмон ахлоқлардан асрашини тилайман! Аллоҳим, бизларни гапларимиз, ҳаракатларимиз ва барча ишларимизда Ўзинг суйган ва рози бўлган нарсаларгагина муваффақ қил! Аллоҳим, Сенга сўз ва амаллар фитнасидан сиғинаман! Аллоҳу аълам. манба: Hikmatnuri.com |