асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Ислом даъватининг ғояси (Давоми) 24066 марта кўрилган الشيخ سفر الحوالي غاية الدعوة بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ (Давоми) «Ва мен мушриклардан эмасман» (Юсуф: 108, Анъом: 79). Иймон тарафини зикр қилганимиздан сўнг, энди сақланиш ва эҳтиёт бўлиш керак бўлган нарсанинг зикрига ўтамиз. Аллоҳга осий бўлинган гуноҳларнинг энг каттасидир у, қилувчиси агар тавба қилмай ўтиб кетса, ҳеч қачон уни Аллоҳ кечирмайдиган, уни қилган одамга – агар тавба қилмаса – жаннат абадий ҳаром қилинган, шу гуноҳи билан Аллоҳга йўлиққан кишининг жазоси абадий жаҳаннам бўладиган гуноҳдир у. Огоҳ бўлинг, у улкан гуноҳ – Аллоҳга ширк келтириш гуноҳидир: «Ва мен мушриклардан эмасман» (Юсуф: 108, Анъом: 79). Иброҳим алайҳиссаломнинг Аллоҳга дуо қилиб: «Мени ва болаларимни бутларга сиғинишдан йироқ қилгин» (Иброҳим: 35), деб илтижо қилганларини айтиб, Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Иброҳимки, Аллоҳга шундай деб илтижо қилса, ундан кейин ким ҳам балодан хотиржам бўлсин?!» Аллоҳу акбар! Бутларни вайрон қилган зот, тавҳид аҳлининг имоми, Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмасликка чақирган ва шу йўлда жиҳод қилган, Аллоҳнинг амрига бўйсуниб, Аллоҳнинг тавҳидини рўёбга чиқаришини ва ёлғиз Унинг буйруғига бўйсунишини изҳор этиш мақсадида ўз ўғлини сўйишга азм этган улуғ Пайғамбар ширкдан паноҳ сўраб, дуо қилса!! Бир умр Аллоҳга даъват қилган, Аллоҳ йўлида, Унинг амрига итоат этиб ҳижрат қилган, Аллоҳ томонидан бутун инсониятга имом қилинган, тавҳидга чорловчиларнинг яна бир улкан намоёндаси бўлмиш улуғ пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам у кишига эргашиш амр этилиб: «Сўнгра (Биз, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизга ҳақ йўлдан тойилмаган Иброҳимнинг динига эргашинг, у мушриклардан эмас эди, деб ваҳий юбордик» (Наҳл: 123) ояти нозил қилинган, ана шундай зот Аллоҳга илтижо қилиб: «Мени ва болаларимни бутларга сиғинишдан йироқ қилгин» (Иброҳим: 35) деб дуо қилса!! Субҳаналлоҳ!! Ширк ана шундай хатарли гуноҳдир. Шунинг учун ҳам Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ бежиз айтмаган, Иброҳимдан кейин ким ҳам балодан хотиржам бўлсин, деб!! Эҳтимол, сиз, ширк ҳақида жуда кўп гапирилган, бугунги кунда алҳамду лиллаҳ, ҳамма муваҳҳид, ҳамма мўмин-мусулмон, мушриклар қолмаган, ширкдан у қадар қўрқмасак бўлаверади, деб айтмоқчидирсиз? Субҳаналлоҳ! Сиз Иброҳим Халилуллоҳдан кўра ҳам мўминроқ ва муваҳҳидроқмисиз?! Йўқ, асло! Аллоҳ таоло унга бутун дунё тавҳид аҳлининг қиёматгача қибласи бўлмиш ўша Улуғ Уйни бино қилишни амр этганида нима деганини биласизми? Аллоҳ таоло деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), эсланг, Биз Иброҳимга Байтуллоҳнинг ўрнини (ўша уйга қараб ибодат қилиши ва уни обод қилиши учун) белгилаб бериб, (унга шундай деган эдик): «Сен Менга бирон нарсани шерик қилмагин ва Менинг Байтим — Уйимни тавоф қилувчилар қиём, яъни намозда тик туриш, рукуъ, сажда қилувчилар (яъни ўша жойда намоз ўқиувчилар) учун пок тутгин!» (Ҳаж: 26). Яъни, эй Иброҳим, Уйни бино қил ва Менга бирон кимсани шерик қилма! Мана, муваҳҳидлар имомига қилинган илк амри илоҳий! Иброҳим алайҳиссалом ҳам: «Ё Раббим! Мен ўзим муваҳҳидлар имоми бўлсам, Сенинг тавҳидингга чорлаб турган бўлсам, яна мени ширкдан қайтарасанми?», деб айтмадилар. Бировга ширк ҳақида гапирсангиз ё ширкдан қайтариб, панд-насиҳат қилсангиз, «Нима, бизнинг орамизда ширкдан бошқа нарса йўқми? Ширкдан бошқа гапингиз йўқми?!», дейишади. Субҳаналлоҳ! Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло муваҳҳидлар пешвоси ва Аллоҳга даъват қилувчилар имоми бўлган улуғ пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нима деб амр этганини эсга олинг: «Дарҳақиқат сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга ҳам шундай) ваҳий қилингандир: «Қасамки: агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўрувчилардан бўлиб колурсан! Йўқ, сен ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилгин ва шукр қилувчилардан бўлгин!» (Зумар: 65, 66). Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Раббилари огоҳлантирмоқдаки, эй Пайғамбар, сизга ва сиздан илгари юборган пайғамбарларимизга – шу жумладан, муваҳҳидлар имоми бўлган Иброҳим алайҳиссаломга ҳам – ваҳий қилиндики, агар сиздан ширк содир бўлса, барча амалингиз бекор бўлади. Субҳаналлоҳ! Барча амаллари зое бўладими?! Ҳа, жиҳодлари ҳам, даъватлари ҳам, амри маъруф ва наҳий мункарлари ҳам, ҳижрат, намоз, закот ва бошқа амаллари ҳам, барча-барчаси бекор бўлади: «Қасамки: агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўрувчилардан бўлиб колурсан!» (Зумар: 65). Баъзилар – айрим насронийлар каби – турмуш қурмай, таркидунё қилиб ўтади, кечаю кундуз Аллоҳни зикр қилиб, ибодат билан машғул бўлади. Бироқ, қиёмат куни: «Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз» (Фурқон: 23). «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Сизларга қилган иш-амалларидан энг кўп зиён кўрувчи кимсаларнинг хабарини берайликми?! Улар (кофир бўлганлари сабабли) қилган саъй-ҳаракатлари ҳаёти дунёдаёқ йўқ бўлиб кетган-у, аммо (нодонликлари сабабли) ўзларини чиройли — яхши амал қилаётган кишилар, деб ҳисоблайдиган кимсалардир!» (Каҳф: 103, 104). Айтадики, ҳой биродар, мен доим тоат-ибодат-у, Аллоҳнинг зикри билан машғулман, Қуръон ўқийман, жиҳодда иштирок этаман, амри маъруф ва наҳий мункар қиламан, яна мендан нима истайсиз? Биз айтамизки, шунча тоат-ибодат ва ҳасанотлар, агар Аллоҳнинг тавҳиди асосида бўлмаса, Унинг даргоҳида мақбул бўлмайди. Шунинг учун, сиз энг аввал ширкдан эҳтиёт бўлинг, сизга насиҳат қилиб: «Аллоҳга ширк келтирманг» деб айтадиган кишиларга ёмон назар билан қараманг. Зеро, Аллоҳ таоло: «Қасамки: агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўрувчилардан бўлиб колурсан!» (Зумар: 65), демоқда, оят давомида «Йўқ, сен ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилгин ва шукр қилувчилардан бўлгин!» (Зумар: 66), деди, «Фотиҳа» сурасида эса «Сенгагина ибодат қиламиз» дейишни таълим берди. Парвардигоримиз субҳанаҳу ва таолонинг амри ана шундай. Демак, ишнинг аввали ҳам, охири ҳам Аллоҳнинг тавҳидидир. Аллоҳнинг тавҳиди қалб амаллари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога холис бўлиши билан вужудга келади. Қуйида энг муҳим қалб амалларидан баъзиларини айтиб ўтамиз: Ихлос. Шубҳасиз, қаб амаллари ичида энг муҳими ихлосдир. Аллоҳ таоло айтади: «Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри йўлдаги (миллатнинг) динидир» (Баййина: 5). Эътибор беринг, оятда динни Аллоҳ учун холис қилиш, яъни динда ихлосли бўлишни намоз ўқиш ва закотни адо этишдан илгари зикр қилинди. Аллоҳга нисбатан содиқлик. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва иймонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз!» (Тавба: 119). Аллоҳ таоло бу оятдан олдин муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотларни, кейин эса мунофиқларни, кейин эса айрим сабаблар билан жиҳодга чиқмай қолиб кетган уч кишини зикр қилди, сўнгра «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва иймонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз!» (Тавба: 119), деди. Яъни, ўша аввалги пешқадам бўлган чин мўминлар билан бирга бўлингиз, мунофиқлар билан эмас, деди. Шундай экан, ҳар бир инсон Аллоҳга бўлган иймонини фақат тилда изҳор қилибгина эмас, балки бутун вужуди билан кўрсатиб, иймонида содиқ бўлган зотлар билан бирга бўлмоғи лозим бўлади. Тавҳидни рўёбга чиқарадиган қалб амалларидан яна бири ягона ва шериксиз Аллоҳнинг ўзидан қўрқишдир. Даъват эгалари шу нуқтага эътибор қаратишса, Аллоҳга даъват қилишда ажойиб натижаларга эришилади. Чунки, ҳар бир мўмин фақат Аллоҳдангина қўрқса, Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган ҳар қандай ишда, ким бўлишидан қатъий назар, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмаса, иззат, нусрат ва муваффақиятнинг ажойиб самаралари кўринган бўларди. Бироқ, баъзи одамлар борки, агар Аллоҳдан тақво қилсам ва Аллоҳ буюрган ишни қилсам, фалончи раҳбарим мени ундай қилади, бундай қилади, деб чўчишади. Бу одам ўша фалончидан у ўзидан кучли бўлгани учун қўрқяпти. Билингки, бундай ҳолларда шайтон сиз-у бизни қўрқувга солади: «Албатта ўша (сизларни васвасага солмоқчи бўлган) шайтоннинг ўзидир. У сизларни ўзининг дўстларидан (кофирлардан) қўрқитмоқчи бўлади. Агар мўмин бўлсангизлар, улардан қўрқмангиз, мендан қўрқингиз!» (Оли Имрон: 175). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло фақат Унинг ўзидан қўрқишга буюрди. Агар биз Аллоҳнинг душманларидан қўрқсак-у, Аллоҳдан қўрқмасак, Аллоҳ таборака ва таоло бизга ҳеч қачон нусрат бермайди. Аксинча, Аллоҳ таоло нусрат ва ғалаба йўлини қуйидагича баён қилди: «Агар сабр-тоқат қилсангиз ва Аллоҳдан қўрқсангиз, уларнинг найранглари сизларга ҳеч қандай зарар қила олмайди» (Оли Имрон: 120). Душманлар бизга фириб-найранглар қилишади, қўлларида бўлган ҳамма воситаларни бизга қарши курашга сарфлашади. Ҳар соат, ҳар дақиқа, ҳар лаҳза сиз билан биз уларнинг нишонидамиз, бир лаҳза бўлсин, улар бизга қарши урушдан тўхташмайди. Лекин, биз Аллоҳдан қўрқиш ўрнига улардан қўрқсак, ширкка тушиб қоламиз. Унда ечим нимада? Мана сизга ечим: «Агар сабр-тоқат қилсангиз ва Аллоҳдан қўрқсангиз, уларнинг найранглари сизларга ҳеч қандай зарар қила олмайди» (Оли Имрон: 120). Ҳа, агар биз сабр қилсак ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан тақво қилсак, уларнинг найранглари асло зарар етказолмайди. Шу муносабат билан айтаманки, душманлар мусулмонларга қарши режалар тузишдан чарчамаяпти, аммо жуда кўп мусулмонлар бундан ғофил қолишган. Телевидениеда берилаётган сериаллар, видео ва кинофилмлар, ҳар турли шоулар, кўнгилочар кўрсатувлар, булар ҳаммаси душманларимизнинг мусулмонлар ахлоқини бузиш режасига мувофиқ олиб борилади. Айрим биродарлар шу каби нарсаларни томоша қилишдан ўзларини тиёлмасликларидан шикоят қилишади, кейин яна: «Нима учун душманлар бизга ғолиб бўляпти? Нимага биз уларга бас келолмаймиз?», деб сўрашади. Ҳой биродар, ўзинг шу биргина кўрсатувни томоша қилишдан воз кечолмайсан-у, қандай қилиб, Аллоҳнинг ёрдамига кўз тикасан?! Тақво қилмасак, Аллоҳ таоло бизга қандай нусрат берсин?! Биз мусулмонлар ўз нафсимиз ва шаҳватларимизга эгалик қилолмаймиз-у, қандай қилиб кофирларга ғолиб бўлиш ҳақида тамаъ қиламиз?! Биз мусулмонларни Аллоҳнинг тақвоси бир-биримизга зулм ўтказиш ва зўрлик қилишдан тўсмаяпти ва тўхтатиб қолмаяпти! Шу ҳолда яна, нима учун Аллоҳ бизга золимларни ҳоким қилади, нима учун ер юзига золим кимсаларни ҳукмрон қилиб қўйди, деб нолиймиз! Нега Аллоҳ биз мусулмонларга ғалаба ва нусрат бермаяпти, деб шикоят қиламиз! Ҳар Жума: «Эй Аллоҳ, Ўзинг Ислом ва мусулмонларни азиз қилгин, ширк ва мушрикларни хор қилгин, сафларимизни бирлаштиргин» деб дуолар қиламиз. Дуо қиламиз-у, амал қилмаймиз. Агар шу ҳолимизда, яъни тақвосиз ва сабрсиз ҳолимизда Аллоҳ сафларимизни бирлаштириб қўйса, унда – Аллоҳ сақласин – динни вайрон қилиб юборамиз-ку! Аксинча, бу ҳолимизда бирлашмай, тарқоқ бўлиб туришимиз яхшироқ. Бу ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳикматидан! Демак, фақат сабр қилиш ва тақво қилиш бизга фойда олиб келади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ҳақиқий суратда қўрқиш Аллоҳнинг тавҳидини рўёбга чиқарадиган қалб амалларидан саналади.Рўёбга чиқаришимиз зарур бўлган қалб амалларидан яна бири сабрдир. Сиз билан Аллоҳнинг тавҳидига ва соф ақидага даъват қиларканмиз, шу аснода сабрга ҳам даъват қиламиз, Аллоҳнинг тоати устида сабр қилишга, Аллоҳнинг маъсиятидан сабр қилиб тийилишга, Аллоҳнинг шаръий ҳукмларига сабр қилишга, Аллоҳнинг қазо ва қадарга оид ҳукмларига сабр қилишга, даъват йўлида бошимизга келадиган мусибатларга сабр қилишга чорлаймиз, Аллоҳ таоло бу нарсаларни еру осмонларни яратишидан эллик минг йил олдин тақдир қилган ва битиб қўйган деб эътиқод қиламиз. Булардан бошқа яна, Аллоҳнинг тавҳидини рўёбга чиқаришимиз учун зарур бўлган, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда зикр қилган рағбат, инобат каби бир қанча қалб амаллари мавжуд. Ҳар биримиз Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Китобини ўқиймиз, Қуръон бизнинг ақийдамиз ва шариатимиз асоси ва биринчи манбасидир. Қуръон ўқиш ҳар биримизнинг вазифамиз бўлмоғи лозим. Қуръон ўқиркансиз, уни нозил қилган ва уни сўзлаётган Зот у билан биздан нима истаётган эканига эътибор қаратинг. Масалан, Раббимиз субҳанаҳу ва таоло бизга ўтмишдаги халқлар ҳаётидан ибратли ҳодисаларни зикр қилаётган бўлса, бу билан биздан нима истайди? Жаннатга ё дўзахга олиб борадиган йўлларни зикр қилса, бу билан биздан нимани истайди? Мана шунга эътибор беришингиз ва ҳаётингизни Аллоҳ истагандек ўтказишга ҳаракат қилишингиз, бошқаларни ҳам шунга даъват қилишингиз лозим бўлади. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Аллоҳга даъват қилишдаги энг катта ва энг муҳим нарса – даъват Аллоҳнинг тавҳидини рўёбга чиқаришга бўлмоғидир. Айтишингиз мумкинки, бу жуда оғир ва кўп меҳнат талаб қиладиган иш. Ҳа, тўғри, лекин, шундан бошқа йўл йўқ. Агар бундан бошқа йўл истасангиз, у ҳеч қачон сизни мақсадга олиб бормайди. Осон ва енгил йўллар кўп, улардан хоҳлаганингизни танлаб олишингиз мумкин, лекин, уларнинг ҳеч қайсиси муродга етказмайди. Аллоҳга даъват Аллоҳнинг тавҳидини рўёбга чиқаришга даъватдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада турганларида ўн йил одамларни фақат «Ла илаҳа иллаллоҳ» маъноси устида тарбия қилиб турдилар. Кейин намозга буюрувчи оят нозил бўлиб, «Ла илаҳа иллаллоҳ» маъносини яна-да мустаҳкамлади. Кейин у зот Мадинага ҳижрат қилдилар, у ерда «Ла илаҳа иллаллоҳ» учун жиҳодни машруъ қилдилар. Закот, рўза ва ҳаж оятлари кейин нозил бўлди.Демак, рўёбга чиқаришимиз вожиб бўлган энг улуғ ва энг муҳим иш Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг тавҳиди экан, барча ибодатларимиз холис Аллоҳ учун бўлмоғи, Аллоҳнинг шариатига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ бўлмоғи экан. Ўқув юртларида аҳамият қаратилиши вожиб бўлган энг асосий модда (фан) тавҳид ва Қуръон моддаси бўлмоғи зарур. Чунки, Қуръон ақийданинг биринчи манбаи, ҳадис эса иккинчи манбаидир. Ушбу икки моддани талабаларга яхши тушунтириб, етказиб бера оладиган етук билим ва қобилият эгаси бўлган устозларга топшириш лозим. Биз ўқувчиларга ушбу динни яхши ўргатишимиз, табиатшунослик ва биология каби барча илмлар Аллоҳнинг тавҳидига хизмат қилишини таълим беришимиз даркор. Бу эса Аллоҳнинг борлиқдаги оят-аломатларига боқиш ва улар ҳақида тафаккур қилиш билан вужудга келади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Ерда айланиб (Аллоҳ) даставвал қандай қилиб яратганини (ва сўнг Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни йўқ қилганини) кўринглар» (Анкабут: 20). Тарих илми ҳам, агар ўқув программаси ва устоз тўғри танланса, ақийдага хизмат қилади, уни жилолаб, яна ҳам равшанлаштириб беради. Чунки, Аллоҳ таоло биз учун Қуръонда жуда кўп тарихий ибратларни ҳикоя қилади. Мисол учун, мана бу оятларни ўқиб кўринг: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Парвардигорингиз (бошқа) юртларда ўхшаши яратилмаган, баланд устун(ли қаср)лар эгаси бўлган Ирам (шаҳридаги) Од (қабиласи)ни қандай (ҳалокатга дучор) қилганини кўрмадингизми? (Қуро) водийсида харсанг тошларни кес(иб ўзларига уйлар солиб ол)ган кимсалар бўлмиш Самуд (қабиласини қандай ҳалокатга дучор қилганини-чи)? Қозиқлар (яъни Ерга қозиқдек қоқилган баланд эҳромлар ва қасрлар) эгаси бўлган Фиръавнни (қандай ҳалокатга дучор қилганини-чи)? Улар юртларида ҳадларидан ошиб, у жойларда бузғунчиликни кўпайтириб юборган эдилар. Бас, Парвардигорингиз уларнинг устига турли азоб-офатни ёғдирди! Шак-шубҳасиз Парвардигорингиз (барча нарсани) кузатиб турувчидир» (Ал-фажр: 6-14). Қуръонда ушбу оятларни ўқиб туриб, яна қандай қилиб тарих дарсида ўқувчиларга, Фиръавнлар ундоқ шон-шавкат эгаси бўлишган, бундоқ биноларни қуришган, замонлар ўтиши билан уларнинг маданиятлари аста-секин емирилган, деб ўргатамиз?! Бу гап ҳозиргина ўқиганимиз оятлар маъносига зид-ку! Мурод шуки, мактаб-мадрасаларимизда ҳар бир фан соғлом ақийдага боғлаб ўқитилсин, саҳиҳ ақийдага хизмат қилсин. Инсон яхшилик учун ишлатадиган ҳар бир нарсани мана шу ақийдадан келиб чиқиб ишлатсин, Аллоҳнинг тавҳидига бўйсундирсин, ягона Аллоҳнинг ибодатига айлантирсин. Аллоҳ таоло барчамизни мўмин ва муваҳҳидлардан қилсин, зотан У эшитувчи ва дуоларни қабул қилувчи Зотдир. |