Сешанба 5 Ноябрь 2024 | 3 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

АЁЛЛАР УЧУН РАМАЗОН НАСИҲАТЛАРИ

11410 марта кўрилган

Тайёрловчи: Дорул-Ватан нашриёти
Таржимон: Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Оламлар Роббиси Аллоҳга ҳамду санолар ҳамда Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, аҳли оилаларига ва саҳобаларига салоту саломлар бўлсин.

Биз муборак Рамазон ойининг кириши муносабати билан ушбу қисқа калималарни ва қимматли нидоларни муслима аёлларга бағишлаймиз. Аллоҳ таолодан бу насиҳатларни мўмина опа-сингилларимизга фойдали қилишини ва уларга Аллоҳга итоат қилишларида ҳамда бу улуғ ойда Аллоҳнинг розилиги ва мағфиратига етишишларида ёрдамчи қилишини сўраймиз.

 

Биринчи насиҳат

Рамазон биз шукр қилишимиз лозим бўлган неъматдир

Муҳтарама опа-сингиллар! Рамазон ойи Аллоҳнинг мўмин бандаларига берган энг улуғ неъматларидан. Бу ойда Аллоҳнинг раҳмати ёғилади, гуноҳлар мағфират қилинади, ажр-савоблар кўпайтирилади ва Аллоҳ бандаларини жаҳаннамдан озод қилади.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «... Агар Рамазон ойи кирса, жаннат дарвозалари очилади, жаҳаннам қопқалари ёпилади ҳамда шайтонлар занжирбанд қилинади...».[1]

«Кимки иймон билан ва савоб умид қилиб Рамазон рўзасини тутса, унинг олдин қилган гуноҳлари кечирилади. Кимки иймон билан ва савоб умид қилиб Рамазонда (кечалари) қоим бўлса, унинг олдин қилган гуноҳлари кечирилади».[2]

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтади: «Одам боласининг барча амаллари ўзи учун, фақат рўза Мен учундир. Унинг мукофатини ҳам Ўзим бераман».[3]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Рамазон ойининг ҳар кеча-кундузида Аллоҳнинг жаҳаннамдан озод қиладиган бандалари бор ва ҳар бир мусулмоннинг дуо қилса, ижобат қилинадиган бир дуоси бор».[4]

Яна бу ойда қадр кечаси ҳам бор.

«Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир».[5]

Муниса опа-сингиллар! Биз Рамазон ойининг баъзи фазилатларини зикр этдик.  Бу Аллоҳнинг сизга берган неъматининг нечоғлик улуғлигини баён қилиб беради: Сизни бошқалардан афзал қилиб, Рамазон рўзаси ва қиёми учун тайёрлади. Ўтган Рамазонда биз билан бирга рўза тутган қанча кишилар ҳозир тупроқ остида, қабрларидалар. Бу неъмат учун Аллоҳга шукр қилинг, уни гуноҳлар ва маъсиятлар билан қарши олманг. Акс ҳолда, бу неъмат завол топади.

Мана бу шоирнинг сўзи қандай ҳам яхши:

Шукр эт, Аллоҳнинг иноятига,

Токи гуноҳ сабаб топмасин завол.

Омонлик фақат Ҳақ ибодатида,

Ношукр бандага кўп оғир савол.

 

Иккинчи насиҳат

Рамазонни қандай қаршилаш керак?

1. Ҳақиқий тавба қилишга шошиш билан...

«Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар».[6]

2. Ёлғон, ғийбат, чақимчилик, бузуқлик, мусиқа, жоҳилият ясан-тусани, номаҳрамлар билан аралашиш каби барча гуноҳлардан халос бўлиш билан...

3. Рамазонни солиҳ амаллар билан барпо қилишга ҳамда қимматли вақтларни беҳуда сарфламасликка қатъий ният ва олий ҳиммат билан...

4. Зикр, дуо, истиғфор ва Қуръон тиловатини кўпайтириш билан.

5. Беш вақт намозни ўз вақтида, хотиржамлик ва хушуъ ила адо қилиш билан.

6. Фарзларни бажаргандан кейин нафл ибодатларни ҳам комил адо қилиш билан.

 

Учинчи насиҳат

Муслима тутган рўзаси Аллоҳ ҳузурида қабул бўлиши учун рўзанинг фарзлари, суннатлари ва одобларини ўрганиши лозим. Аёллар рўзасига тегишли бўлган ҳукмларни келтириб ўтамиз.

1. Балоғатга етган, оқила, муқим (мусофир эмас), қодир (касал эмас), ҳайз ва нифос каби ман қилувчилардан холи ҳар бир муслима аёлга рўза тутиш фарз бўлади.

2. Агар навниҳол қиз кундузи балоғатга етса, куннинг қолган қисмида (рўзани бузувчи нарсалардан) тийилиши керак. Чунки унга рўза фарз бўлди. Ойнинг ўтган қисмининг рўзасини қазо қилиб тутиб бериши лозим эмас. Чунки у пайтда унга рўза вожиб эмас эди.

3. Фарз рўзада қалб билан ният қилиш шарт. Тил билан талаффуз қилинмайди. Шунингдек қазо рўза ва каффорат рўзалари каби вожиб рўзаларда ҳам ният шарт.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кечаси рўза (тутишни ният) қилмаган кишига рўза йўқ. (Яъни рўзаси саҳиҳ эмас)».[7]

Туннинг қайси қисмида ҳатто тонг киришидан бир лаҳза олдин бўлса ҳам ният қилсангиз, рўзангиз дуруст бўлади.

4. Қуйидагилар рўзани бузади:

а) Емоқ, ичмоқ;

б) Жимо;

в) Қучоқлашганда, ўпганда эркак ёки аёлдан маний келиши;

г) Озиқлантирувчи укол каби қувват бўладиган нарсаларни олиш;

д) Қасддан қайт қилиш;

е) Ҳайз ва нифос қонининг келиши.

 

1. Ҳайз кўрган аёл оқликни (яъни ҳайз тугагандан кейин чиқадиган оқиш суюқлик.. Бу билан аёл покланганини билади) кўрса, кечаси рўзани ният қилиб,эртасига рўза тутади. Агар аёл покланганини билолмаса, пахта ёки шунга ўхшаш нарса билан ҳайз ўрнини артиб кўради, тоза бўлса, рўза тутади, акс ҳолда, рўза тутмайди.

2. Ҳайз кўрган аёл ўз табиатида қолиши афзал. Аллоҳ унга ёзиб қўйган нарсага рози бўлсин ва ҳайзни тўсадиган ёки кечиктирадиган дориларни истеъмол қилмасин. Чунки бу (ҳайз) Аллоҳ таоло Одам алайҳис-салом қизларига ёзиб қўйган нарсадир.

3. Агар нифос кўрган аёл қирқ кун тўлмасдан покланса, рўза тутади ва намоз учун ғусл қилади. Агар нифоси қирқ кундан ўтиб кетса, рўза ва намоз ниятида ғусл қилади. Тўхтамаётган қонни истиҳоза деб эътиборга олади. Лекин ўша кунлар одатий ҳайз вақтига тўғри келса, ҳайз ҳисобланади.

4. Истиҳоза қони рўзани бузмайди.

5. Ҳомиладор ва эмизикли аёл рўза оғирлик қиладиган касалга қиёс қилинади. Оғиз очишлари жоиз. Улар қазосини тутиб беришади.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ мусофирдан рўзани ва намознинг ярмини кечди. Ҳомиладор ва эмизикли аёлдан рўзани кечди».[8]

6. Рўзадор эҳтиёж туғилганда таомни татиб кўриши мумкин. Лекин ютиб юбормайди. Оғзига олган таомни туфлаб ташлаши рўзасини бузмайди гарчи унинг таъмини димоғида топса ҳам.

7. Шомга азон айтилиши билан намоздан олдин ифторликни тезлатиш, саҳарликни эса бомдод азонигача кечиктириш мустаҳаб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Инсонлар модомики ифторликни тезлаштирар эканлар, яхшиликда давом этадилар».[9]

 

Тўртинчи насиҳат

Рамазон рўза ойи, таом ойи эмас!

Аллоҳ Рамазон рўзасини мусулмонлар сабрга одатланиши учун фарз қилган. Токи улар нафсларини ва шаҳватларини тиювчи, Роббиларига тақво қилувчи бўлсинлар.

«Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди».[10]

Салафларнинг биридан: «Рўза нима учун машруъ қилинган?»- деб сўралди. У жавоб берди: «Бой ҳам очлик нималигини билиши учун. Шунда камбағални унутмайди».

Афсуски кўпчилик бу улуғ ойда исрофгарчиликка йўл қўйишади. Аксар оилаларнинг Рамазон ойида истеъмол қиладиган таомлар миқдори ва тури йилнинг бошқа ойларига нисбатан кўпроқ. Фақат Аллоҳ раҳм қилганлар бундан мустасно. Шунингдек аёл кунининг кўп қисмини ошхонада турли таомлар ва пишириқлар тайёрлаш билан ўтказади.

Энди у қачон Қуръон ўқийди? Қачон Аллоҳни зикр қилиб, У Зотга дуо ва истиғфор билан юзланади? Қачон рўза ҳукмлари ва кечаси қоим бўлиш одобларини ўрганади? Қачон Аллоҳга итоат қилиш учун фурсат топади?

Муҳтарама опа-сингиллар! Бу ойни Аллоҳга итоат, ибодат қилмасдан беҳуда ўтказиб юборишдан эҳтиёт бўлинг! Дарҳақиқат Рамазонга етиб, гуноҳлари кечирилмаган кимса бахтсиз бўлибди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одам боласи қориндан кўра ёмонроқ идишни тўлдирмаган. Одам боласига белини тутиб турадиган бир неча луқма таом кифоя. Жуда бўлмаса, қориннинг учдан бири таомига, учдан бири ичимлигига ва яна учдан бири эса нафас олишигадир».[11]

 

Бешинчи насиҳат

Рамазон – Қуръон ойидир

Рамазон ойининг Қуръон билан ўзига хос боғлиқлиги бор.

«(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва Фурқон (ҳақ билан ботилни ажратувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган».[12]

Рамазон ва Қуръон бир-бирига боғлиқдир. Рамазон зикр қилинганда Қуръон ҳам зикр қилинади.

Ибн Аббос розияллҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларнинг энг қўли очиғи эдилар. Рамазонда Жаброил алайҳис-салом билан учрашган пайтларида яна ҳам сахийроқ бўлар эдилар. Жаброил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига Рамазоннинг ҳар кечасида келарди ва Қуръондан таълим берарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳис-салом билан учрашган пайтларида ҳур шамолдан ҳам яхшиликни (улашувчи) сахийроқ бўлар эдилар».[13]

Демак Рамазон тунлари Қуръон тиловат қилиш ва Қуръондан дарс қилиш мустаҳаб экан. Чунки кечаси ташвишлар тин олади. Инсон бир хотиржамлик туяди.

«Албатта кечаси (ибодат учун бедор бўлиб) туриш (тун уйқу-ором вақти бўлгани сабабли) жуда оғир юкдир ва (лекин у пайтда кундузги безовталиклар бўлмагани учун) энг тўғри сўздир».[14]

Салафлар Рамазонни Қуръон тиловати билан ўтказардилар. Баъзилари Рамазоннинг ҳар ўн кечасида қоим бўлиб Қуръонни хатм қилардилар. Қатода ҳар доим етти кунда хатм қиларди. Рамазонда эса уч кунда хатм қиларди. Охирги ўн кунлигида  ҳар кеча хатм қиларди.

Зуҳрий Рамазон ойи кирса, «Бу ой Қуръон тиловат қилиш ва таом бериш ойидир»- деб айтарди.

Ибн Абдулҳакам айтади: «Молик Рамазон ойи кирганида ҳадис ўқишни ва илм мажлисларини тарк қилиб, мусҳафдан Қуръон тиловат қилишга киришар эди».

Абдураззоқ айтади: «Суфён Саврий Рамазон ойи кирганда барча нафл ибодатларни тарк қилиб, Қуръон тиловатига киришарди».

Сиз ҳам Қуръон тиловатини одат қилиб олинг. Шунда қалбингиз уйғонади, нафсингиз покланади ва аъзоларингиз Аллоҳ ҳукмига бўйсунади. Иншааллоҳ Қиёмат куни Қуръоннинг шафоатига ноил бўласиз.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Рўза ва Қуръон Қиёмат куни бандага шафоатчи бўлади. Рўза айтади: «Эй Роббим. Мен уни таомдан ва шаҳватдан тўсдим. Мени унга шафоатчи қилгин». Қуръон айтади: «Мен уни кечаси уйқудан тўсдим. Мени унга шафоатчи қилгин». Ҳар иккаласи шафоатчи қилинади».[15]

 

Олтинчи насиҳат

Рамазон саховат ва эҳсон ойидир

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларни садақа қилишга чақириб, шундай дедилар: «Эй аёллар! Садақа қилинглар ва кўп истиғфор айтинглар. Жаҳаннам аҳлининг кўпчилиги сизлардан эканини кўрдим».[16]

«Эй аёллар! Тақинчоқларингиздан бўлса ҳам, садақа қилинглар».[17]

Оиша разияллоҳу анҳо онамиз бир куни юз минг садақа қилиб юбордилар. Ўша куни рўзадор эдилар. Хизматчиси айтди: «Инфоқ-эҳсон қилган нарсаларингиздан бир дирҳамига ифторлик қилишингиз учун гўшт сотиб олсангиз бўларди-ку?». Оиша разияллоҳу анҳо айтдилар: «Агар эслатганингда, шундай қилган бўлардим».

Рамазонда қилинган саховат бошқа ойда қилинган эҳсондан афзалдир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда ҳур эсадиган шамолдан ҳам сахийроқ бўлар эдилар. У кишининг сахийликлари саховатнинг барча турларини ўз ичига олар эди. Аллоҳнинг динини ғолиб қилишда ва бандаларни тўғри йўлга бошлашда Аллоҳ учун илмини, молини ва жонини сарфлар эдилар. Инсонларга кўп томонлама фойда етказар эдилар. Очларни таомлантирар, ваъз-насиҳат қилар, ҳожатларини раво этиб,  оғирларини енгил қилар эдилар.

Рўзадорларга таом бериш Рамазондаги саховатлар жумласидандир.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга ҳам рўзадорнинг ажридек ажр бўлади. Лекин (бу билан)рўзадорнинг ажридан бирор нарса камаймайди».[18]

Шунингдек ажри мудом етиб турувчи садақа (садақаи жория)га ҳам ҳарис бўлинг.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одам боласи вафот этса, амали тўхтайди. Фақат уч нарса тўхтамасдан давом этиб туради; Жорий садақа, фойдаланиладиган илм ёки уни дуо қиладиган солиҳ фарзанд».[19]

 

Еттинчи насиҳат

Рамазон – кечалари қоим бўлиш ойидир

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечалари намоз ўқиб қоим турардилар. Ҳатто оёқлари шишиб кетарди. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтдилар: «Ё Расулуллоҳ! Сиз нимага бундай қиляпсиз, ваҳоланки сизнинг олдинги ва кейинги гуноҳларингиз кечирилган-ку?». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Шукр қилувчи банда бўлмайинми».[20]

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким иймон билан ва савоб умид қилиб Рамазонда (кечалари) қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади».[21]

Аёл ҳам намоз учун масжидга чиқиши мумкин. Лекин уйда ўқиган намози афзал. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аёлларингизни масжиддан тўсманглар. (Лекин) уйлари улар учун яхшироқдир».[22]

Ҳофиз ад-Димётий айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вақтларида аёллар намозга чиқсалар, кийимлари, ёпинчиқлари билан ўраниб чиқардилар. Ғира-ширада уларни таниб бўлмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиб салом берсалар, эркакларга: «Аёллар кетгунларича жойларингда ўтиринглар!»- дер эдилар. Шундай бўлса ҳам Расулуллоҳ: «Уйларида ўқиган намозлари афзал»- деб айтдилар. Энди бўяниб, ясан-тусан қилиб, «танноз» бўлиб кўчага чиқадиган аёллар хусусида нима дейсиз?!. Оиша разияллоҳу анҳо айтдилар: «Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларнинг у кишидан кейин нималар қилганларини билганларида, уларни масжидга чиқишдан тўсиб қўйган бўлар эдилар». Бу Оиша онамизнинг ўз даврларидаги аёллар хусусида гапирган сўзлари, у зот бизнинг замона аёлларини кўрганларида нима дер эдилар?!».

Оқила аёл масжидга чиқмоқчи бўлса, салафларнинг аёллари каби ўраниб, мастура бўлиб чиқиши керак.

Аёлнинг нияти тўғри бўлсин. Яъни намозни адо қилиш учун ва Аллоҳнинг оятларини эшитиш учун боряпман, деб ният қилиб олсин. Бу уни хотиржамлик, виқор ва бошқаларнинг этиборини ўзига тортмасдан юришга чақиради.

Аёл кишига уйидан чиқаётганида хушбўйлик сепиш мумкин эмас.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қайси аёл хушбўйлик сепса, биз билан бирга хуфтон намозига ҳозир бўлмасин».[23]

Аёллар агар ўз ҳолига ташлаб қўйилса йиғлаб, бақириб ёки масжиддаги нарсаларни ўйнаб, атрофдаги мусулмонлар хаёлини чалғитадиган ёш болаларни ўзлари билан бирга намозга олиб чиқмасинлар.

 

Саккизинчи насиҳат

Тана аъзоларининг рўзаси

Муҳтарама опа-сингиллар! Рўзадор ўзининг аъзоларини гуноҳлардан тияди. Кўзлари ҳаромга қарашдан, қулоқлари ёлғон, ғийбат, чақимчилик, мусиқа каби ҳаром овозларни эшитишдан тийилади. Қўллари зулмдан, оёқлари ҳаромга боришдан, тили ғийбат, ёлғон, туҳмат ва бузуқ сўзлардан, қорни еб-ичишдан ҳамда фаржи қўшилишдан тийилади. Фақат фойдали ва яхши сўзларни сўзлайди. Рўзасига зарар етказадиган ёки бузиб юборадиган беҳаё, бузуқ сўзларни гапирмайди. Шунингдек мусулмонларнинг шаънига ёлғон, ғийбат, чақимчилик ва ҳасад тўқимайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким ёлғонни, унга амал қилишни ва жоҳилликни тарк қилмас экан, унинг емай-ичмай юришининг Аллоҳга бирор-бир ҳожати йўқ».[24]

«Агар биронтангиз рўза тутса, бузуқ сўзни айтмасин, бақирмасин. Бирортаси уни ҳақорат қилса ёки уришса: «Мен рўзадорман»- деб айтсин».[25]

Фақат еб-ичишдан тийилиб, мусулмонларнинг гўштлари ва обрўларига чанг солишдан тийилмаган кимсага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари тааллуқлидир. «Қанчадан-қанча рўзадорлар борки, уларнинг рўзадан насибалари фақат очлик ва ташналик бўлади».[26]

 

Тўққизинчи насиҳат

Рамазон ойида вақтни беҳуда ўтказмаслик учун амалий қадамлар

Муслима опа-сингиллар! Бу улуғ ойда вақтларингизни Қиёмат куни сизга ютуқ ва бахт келтирадиган ишларга сарфланг. Жаннатга яқинлаштирадиган ва жаҳаннамдан узоқлаштирадиган ишларда Рамазон кеча ва кундузларини ғанимат билинг. Албатта, бу Аллоҳга итоат қилиб, маъсиятлардан узоқлашиш билан бўлади. Рамазонни хайрли ўтказиш учун қуйидагиларга риоя қилинг:

1. Уйдан фақат зарурат ёки ибодат учун чиқинг.

2. Бозорларда айланиб юрманг. Хусусан Рамазоннинг охирги ўн кунлигида ўзингизни ушланг. Ҳайит учун кийим-кечакларни охирги ўн кунликкача ёки Рамазонгача харид қилиш ҳам мумкин.

3. Беҳуда меҳмондорчиликларни йиғиштиринг. Агар касални кўриш каби сабабли зиёрат бўлса, узоқ ўтириб қолманг.

4. Ёмон давралардан четланинг. У ерлар ғийбат, чақимчилик, ёлғон, бошқаларнинг устидан кулиб, таъна етказиш мажлисларидир.

5. Мусобақаларга, (топишмоқ) бошқотирма ечишга, кино ва сериаллар кўришга вақтингизни кетказманг. Акс ҳолда сиз Рамазондан фойдалана олмайсиз.

6. Бомдодгача бедор бўлишдан четланинг. Чунки бу намозларни зое қилишга ва кун бўйи ухлашга олиб боради.

7. Ёмонлар суҳбатидан қочинг.

8. Кунни ухлаб ўтказманг. Баъзи бировлар бомдоддан кейин уйқуга кетиб, пешиндан кейин уйғонадилар. Бу қанақа рўза бўлди?

9. Бутун вақтингиз турли егуликлар тайёрлаш билан ўтмасин.

10. Вақтни ясан-тусан қилиб, бўяниб-тараниб ойна олдида ўтказманг.

11. Вақтни телефон  (ҳозирги кунда мессенжер (таҳр))да гаплашишга сарфламанг. Бу иймони заифларнинг очлик ва чанқоқни енгиш учун тутган йўлларидир. Агар улар Аллоҳнинг Китобини тиловат қилиб, дарс қилганларида, ўзлари учун яхшироқ бўларди.

12. Талашиб-тортишишдан йироқ бўлинг. Чунки бу фақат вақтни зое кетказиш ва ҳаром ишларни қилишга олиб боради. Агар сиз билан кимдир тортишмоқчи бўлса, «Мен рўзадорман»- деб айтинг.

 

Ўнинчи насиҳат

Рамазоннинг охирги ўн кунлиги

Муслима опа-сингиллар! Рамазон ойининг йигирма куни ўтган бўлса, яна ўн кун фурсат бор. Агар ўтиб кетган кунларда сусткашлик қилган бўлсангиз, қолган ўн кунни ғанимат билинг. Чунки амаллар хотималарига қараб баҳоланади.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (охирги) ўн кунликда кечасини бедорлик билан ўтказардилар, оила аъзоларини уйғотардилар, белларини маҳкам боғлардилар».[27]

Бу саноқли кунларни баъзи инсонлар ғанимат билишади. Баъзилар эса ҳасратда қолишади.

Ҳабиб Абу Муҳаммаднинг аёли кечаси унга шундай дерди: «Кеча ўтиб кетди. Йўл эса узоқ. Озуқамиз жуда оз. Солиҳларнинг карвони узоқлашиб бораяпти. Биз эса ортда қолиб кетдик».

Аллоҳ таоло Ўз фазли билан «Қадр кечаси»ни охирги ўн куннинг бирида қилиб қўйди. Бу охирги ўн куннинг тоқ кечаларида бўлади. Оиша разияллоҳу анҳодан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтардилар: «Қадр кечасини Рамазонда охирги ўн куннинг тоқ кечаларидан қидиринглар».[28]

Қадр кечаси улуғ кеча ва ғанимат фурсатдир. Унда қилинган ибодат минг ойлик ибодатдан яхшидир. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:«Албатта бу ой келди. Унда минг ойдан яхшироқ бўлган бир кеча бор. Ким бу кечадан маҳрум бўлса, барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди. Унинг яхшилигидан фақат маҳрумгина бебаҳра қолади».[29]

Қадр кечасини талабида бедор бўлинг. Бу улуғ ажрдан маҳрум бўлманг. Агар сиз охирги ўн куннинг барча кечаларида қоим бўлсангиз ҳамда уни ибодат ва тоат билан ўтказсангиз, шубҳасиз қадр кечасига етасиз.

Қадр кечасида қилинадиган дуо. Оиша разияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар: «Агар қадр кечасига етсам нима деб дуо қилай?». У киши дедилар: «Эй Аллоҳим! Сен афв этгувчисан. Афвни яхши кўрасан. Мени афв этгин».[30]

"Аллоҳумма иннака афуввун туҳиббул афва фаъфу анний"

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, аҳли оилаларига ҳамда асҳобларига салоту саломлар бўлсин!


[1] Муттафақун алайҳ.

[2] Муттафақун алайҳ.

[3] Муттафақун алайҳ.

[4] Аҳмад ривояти.

[5] «Қадр», 3.

[6] «Нур», 31.

[7] Аҳмад ривояти.

[8] Термизий ривояти.

[9] Муттафақун алайҳ.

[10] «Бақара», 183.

[11] Аҳмад ва Термизий ривояти. Албоний саҳиҳ деган.

[12] «Бақара», 185.

[13] Бухорий ва Муслим ривояти.

[14] «Муззаммил», 6.

[15] Аҳмад ва Ҳоким ривояти.

[16] Муслим ривояти.

[17] Бухорий ривояти.

[18] Аҳмад ва Термизий ривояти.

[19] Муслим ривояти.

[20] Муттафақун алайҳ.

[21] Муттафақун алайҳ.

[22] Аҳмад ва Абу Довуд ривояти. Албоний саҳиҳ деган.

[23] Муслим ривояти.

[24] Бухорий ривояти.

[25] Муттафақун алайҳ.

[26] Аҳмад ва Ибн Можа ривояти.

[27] Муттафақун алайҳ.

[28] Муттафақун алайҳ.

[29] Ибн Можа ривояти. Албоний саҳиҳ деган.

[30] Аҳмад ва Термизий ривояти.

p name=/div id=ru xml:lang=