Сешанба 3 Декабрь 2024 | 1 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аёл жаҳон қул бозорида (Давоми)

3822 марта кўрилган

АЁЛ БЎЛИШ НИМА?

 

Ушбу саволга жавоб бир неча нуқталардан иборат:

 

1.     Бир киши келиб сени отангдан ёки тарбиячингдан сўрайди. У эса сени фикрингни сўрайди, рози бўлсанг, тез орада баҳтли никоҳ муносабати билан дастурхон ёзилади. Сени яқинларинг ва дўстларинг табриклайдилар ва сенда ўзинг бека бўладиган ва фарзандларингни тарбиялайдиган уйинг пайдо бўлади.

2.     Сен, сен ва фарзандларинг учун меҳнат қилувчи эрга эга бўласан. Сен иш қидириб, ишхоналар остонасини ялашинг ёки гўзаллигинг ўтиши билан сени ташлаб юборувчи фоҳишахоналарда тирик товарга айланишингга ҳожат қолмайди.

3.     Агар эринг билан қарисанг, ёки эринг вафот этса, сенда доим сенга ҳизмат қилувчи ва кўнглингни олувчи фарзандларинг бўлади. Сен билан мулоқотдан хурсанд бўлувчи ва сени вақтингни чоғ этувчи набираларинг бўлади.

4.     Агар, Аллоҳ асрасин, эринг вафот этса ва сен ҳали ёш бўлсанг, бошқа эр топишинг мумкин, чунки сен соф ҳаётда яшамоқдасан. Аммо, агар сен пулга сотилувчи бузуқ ёки ўйинчи бўлсанг, эркаклар сендан юз ўгирадилар. У пайтда сенга ҳатто гўзаллигинг ҳам фойда бермайди, ва улар сени бузуқи дейдилар, ваҳоланки уларнинг ўзлари сени шунга тортишган эди.

5.     Вафотингдан сўнг, сендан қариндошларинг ва дўстларингда яхши ҳотира қолади. Сени номинг соф қолади ва ёвуз тиллар сенга тегмайди.

 

АЁЛ ВА ИСЛОМ

 

Мен бу ерда Исломнинг аёл мавқеига қилган таъсирига нисбатан Гюстав Лепоннинг сўзларини эслайман: “Ислом Аёл ҳолатини яхшилашга бизнинг оврупа қонунларимиздан анча яхшироқ таъсир кўрсатди. Исломнинг Шарқда аёл ҳолатига таъсирини яхшироқ билиш учун, унинг Қуръондан аввалги даврдаги шароитига қараш кифоя”.[1]

Аёлнинг Қуръон туширилишидан аввал қандай яшаганига боқинг, сўнг Қуръоннинг мувофиқ оятларини ва маъноларини ўйлаб кўринг, шунда сиз Қуръон аёл мартабасини юқорига кўтарганини кўрасиз.

Аввал қисқагина аёлнинг Исломдан аввалги ҳаётини, унинг Исломдаги ҳолатини, шунингдек, аёлнинг меросдаги ҳуқуқларини кўриб чиқамиз.

 

ИСЛОМДАН АВВАЛ АЁЛ ҲОЛАТИ

 

Ислом давридан аввал бирон жамиятда аёлнинг ҳеч қандай ижтимоий мавқеи тан олинмас эди. У фақатгина, олиб сотиладиган товар кўринишида эди. Агар аёл ўз отаси уйидан кетса, ўз эркинлигини бутунлай йўқотар эди. У ҳеч бир масала юзасидан ўз фикрини билдира олмас эди. Баъзи ҳалқларда аёлнинг эри вафот қилса, у эрининг бирор қариндошини ҳотини бўлиши керак эди. У ҳаттоки ота-онасининг уйига қайта олмас эди, чунки у, ўз эри оиласининг ажралмас қисми ҳисобланар эди. Табиийки, унга ҳеч қандай ҳурмат ҳақида гап бўлиши мумкин эмас эди.

Умар Қаҳҳали ёзадики: “Форсларда аёл бутунлай эрининг мулкида эди, у ўз хоҳишига кўра уни ўлимга ёки ҳаётга маҳкум қила олар эди.”[2]

Юнонлар қадимда энг илғор ҳалқлардан бўлсаларда, уларнинг маданият ёдгорликлари гувоҳлик беришича; уларда аёлнинг мавқеи жуда ҳам паст эди. Бу ҳақда Исломдаги машҳур имом Абул-Аъла ал-Мавдудий ёзади: “Аёл юнон жамиятида ҳеч қандай мустаҳкам ижтимоий мавқега эга эмас эди. Юнон афсоналарига мувофиқ Пандора исмли аёл, одамзоднинг барча бало ва офатларининг манбаси ҳисобланарди”.

Ҳинду анъаналари аёлни жангалдаги ҳайвонлар билан бир қаторга туширди. Бева қолган аёл эрининг вафотидан сўнг у билан бирга ёқиб юбориларди. Ҳиндулар шу қадар разилликка етишдики; она ўз фарзандлари қарамоғида қолар ва улар тарафидан ҳеч қандай ҳурматга эга эмас эди.

Баъзилар: “Ғарбда аёл ўз ҳуқуқлари ва эркинлигига эга бўлди” дейдилар. Биз айтамизки: аёлларга тўла эгалик қилингунга қадар  Ғарб ибтидоий ҳалқлардан ҳам ўзиб кетган эди. Масалан, баконго қабиласида аёлларнинг ақл-фаросати бир чақага арзимас эди. Аёлларнинг шарафи ва мавқеи, унинг қанчалик жозибадор ва гўзаллиги ва уни қандай нарҳга сотиб олинишига кўра белгиланарди.

Араб ярим оролидаги араблар ҳам жоҳилият даврида аёллар ҳуқуқини инкор қилишарди. У эри ёки отаси вафотидан сўнг меросга эга бўлмас эди. Улар кўпинча гўё, шармандалик ва камбағалликдан қўрқиб, янги туғилган қизларини тириклайин кўмиб юборишарди.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтади: «Қачон бировларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазабга тўлиб, юзлари қорайиб кетар. 59. Ва у (қизни)хўрлаган ҳолида олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг (яъни, қиз кўришнинг) «ёмон»лигидан(номус қилиб) одамлардан яшириниб олур. Огоҳ бўлингизким, улар (бу қилмишлари билан) энг ёмон (яъни, ноҳақ) ҳукм чиқарурлар. (Наҳл: 58, 59)

Аёл шу аҳволда бўлгани учун Аллоҳ унга қилинаётган адолатсизликларга жавоб талаб қилишни ўз зиммасига олиб шундай деди: «Тириклай кўмилган (ҳар бир) қиздан қандай гуноҳ сабабли ўлдирилгани сўралганида.» (Таквир: 8,9)

Ҳайз вақтида аёл уйини ташлаб бир неча кун алоҳида чодирда яшаши керак эди, чунки бу вақтда у “жирканч” ҳисобланарди.

Ҳитойда аёлга отаси, эри ва ўғли эгалик қиларди. Аввал у ўз отасига итоат қилиши, турмуш қурганидан кейин – эрига, унинг вафотидан кейин эса ўғлига итоат қилиши керак эди. Бу унинг ҳақ-ҳуқуқларини очиқдан-очиқ инкор қилиш ва озодликдан маҳрум қилишдир. Бундан ташқари қизнинг қариндошлари қизга маҳсус даллол орқали эр танлардилар.

Японияда шундай ноинсоний қонун мавжуд эдики, унга кўра турмушга чиққан аёл ота онасининг уйи билан бутунлай алоқани узиши ва ҳеч қандай сабаб билан у ерга қайтиб бормаслиги даркор эди, чунки у эрининг мулки деб ҳисобланар ва ҳудди уй ҳайвони каби ҳеч қандай мустақил фаолиятга ҳаққи йўқ эди.[3]

Яҳудий афсона ва эртакларида аёл киши одамзоднинг барча бало ва офатларини манбаси ва барча муаммоларнинг сабабчиси сифатида кўриларди.

Қадимги араблар қарашига кўра аёл киши урушларда иштирок этмагани боис мерос ҳуқуқига эга эмас эди. Бу егоизмнинг том кўринишидир.

Умуман олганда аёл киши барча ҳалқларда уни доим эзувчи, егоист-эр қўлида ҳуқуқсиз жонзод ва барча балолар сабабчиси, ва шармандалик манбаси деб қаралар эди. Кўп ҳолларда золим ўғил отаси ўлгандан кейин унинг хотинини бирон гап сўзсиз ўзига бўйсунишига мажбур қилар эди. Аёлга илм ва фан мутлақо ёпиқ эди, у ҳеч қандай масала юзасидан ўз фикрини билдира олмас, ўз яқинларини зиёрат қилиб улар билан алоқада бўла олмас ва уларни эсдан чиқариши керак эди. Башарий қонуннинг “инсонийлиги” барча замонларда мана шундайдир. Одамлар ўз ақли билан қонунларни ўзгартириб ва янги қонунлар ишлаб чиқишга қанчалик тиришмасинлар, аёлга ўз ҳуқуқларини бера олмадилар.

Аксинча улар бу қонунларни фақатгина суистемол қилмоқдалар.

Ҳозирда эса Ғарбда ва ислом дунёсининг ғарбга кўр-кўрона тақлид қилувчи давлатларида аёллар ҳолати исломдан аввалги даврдан яхши эмас. Аёллар у ерда озодликка эришдилар дейилса-да, аслида улар янада қаттиқроқ зулмларга йўлиқдилар. Аёл яна қайтиб, шаҳвоний эҳтиёжларнигина қондирувчи товарга айланди. Аёллар болалар муаммосидан узоқ ҳолда шаҳвоний лаззат топиш учун ўзларининг ҳали дунёга келмаган фарзандларини аборт орқали ўлдирадилар.

Ислом аёл кишига, унинг ҳуқуқ ва вазифаларини Қуръонга мувофиқ белгилаб унга адолатли муносабатда бўлади.

 

ИСЛОМДА АЁЛ ҲОЛАТИ

 

Ҳидоят нури муборак Макка тепаликларида порлаб, яхшиликка чақириб ва ёмонликдан огоҳ қилиб тез орада бутун дунё узра ўз нурини таратди. Ислом яхши ҳислатларни барқарорлаштирди ва бунинг зидди бўлган, инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларни поймол қилиб уларни беҳурмат қилувчи аҳмоқона жоҳилият одатларини рад этди.

Ислом турли ҳил камситишлар давридан сўнг аёлнинг қадр-қимматини тиклаб юзини ёруғ қилди. У энди отасининг уйида ҳурматланадиган ва эрининг уйида эъзозланадиган бўлди. Ўз фикрини билдиришга, яқинларини зиёрат қилиб улар билан алоқада бўлишга ҳақли. Она бўлганида эса, фарзандларини парвариш қилувчи ва бахт ва муҳаббат манбасига айланади.

Ислом фақат шу билан кифояланиб қолмади. У аёлнинг яқинлари бўлмаган эркакларни унга ҳурмат ва эҳтиром юзасидан ундан кўзларини олиб қочишга буюрди.

Аллоҳ Азза ва Жалла айтади: «(Эй Муҳаммад), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан)сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир).  (Нур: 30)

Ислом, оилани ўзаро муҳаббат, ҳурмат ва келишувга асосланишга, унинг аъзолари ҳаётднинг аччиқ-чучукларини бирга баҳам кўришга, эр ва аёл бир бирига вафодорлик риштаси билан боғланишига буюрди. Аллоҳ деди: «Унинг оятларидан (яна бири) У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир.» (Рум, 21)

Ислом эрларни аёлларга меҳрибонлик қилишга буюрди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  ва саллам ўзларининг видолашув хутбаларида шундай дедилар: Аёлларга яхши муомалада бўлинглар, чунки улар сизларнинг ҳузурингизда асиралар кабидир, ҳеч нарсага эга эмаслар. Сизлар уларни Аллоҳнинг омонати сифатида олдингиз, ва уларни ўзларингга Аллоҳнинг сўзи билан ҳалол қилдинглар.[4]

Ислом томонидан ҳуқуқлари кафолатланиб улар учун муносиб ҳаёт таъминланган муслималарнинг ёрқин мисоллари ислом тарихида кўплаб топилади. Уларга кўрсатилган ҳурмат ва эҳтиромни гоҳида сўз билан таърифлаб бўлмайди. Абу Довуд ўзининг “Сунан” китобида ривоят қилади: Абу Толибнинг қизи Умму Ҳониъ Макка фатҳи куни мушриклардан бирини ўз ҳимоясига олади ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб бунинг хабарини беради. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биз сиз ҳимоянгизга олганни ҳимоямизга оламиз, сиз омонлик берган кишига омонлик берамиз. (Абу Довуд ривояти)

“Маъруф” (яхшилик) сўзи  Қуръонда никоҳ ва талоқ ҳақида сўз борганда бир неча бор такрорланган. Зеро аёл, эрга боғлиқдир, эр унга ғамхўрлик кўрсатиши, яхшилик қилиши ва озор бермаслиги лозим.

Бу борада Аллоҳ таоло дейди: «Қачон хотинларингизни талоқ қилсангизлар ва уларнинг идда муддатлари битиб қолса, бас, уларни яхшилик билан олиб қолинг ёки яхшилик билан кузатинг. Уларга зулм қилиш билан зарар етказиш учун ушлаб турмангиз. Ким шундай қилса ўзига зулм қилибди.»(Бақара: 231)

Ва яна айтади: «Эй мўминлар, сизлар учун хотинларни мажбурий ҳолда мерос қилиб олиш дуруст эмасдир. (Агар бирга яшаш ниятингиз бўлмаса)берган маҳрларингизнинг бир қисмини қайтариб олиш учун хотинларингизни (бошқа эрга тегишдан) тўсиб туриб олманглар! Магар улар очиқ бузуқлик қилсалар (у ҳолда берган маҳрингизни қайтариб олишингиз мумкин). Улар билан тинч-тотув яшанглар. Агар уларни ёмон кўрсангизлар ҳам (сабр қилиб иноқ ҳолда яшайверинглар). Зеро, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин.» (Нисо: 19)

Аёлларга яхшилик қилишга ва уларни авайлашга чорловчи оятлар жуда кўп. Яҳё ал-Муаллимий “маъруф” сўзи “Бақара” сурасида (231-236 оятларда) 11 марта такрор келганини айтган. Бу Исломнинг аёлларга қай даражада ғамхўрлик қилганига очиқ далилдир.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида аёл қимматбаҳо нарса каби эъзозланар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, саҳобалар ҳам аёлларга ғамхўрлик қилардилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, аёллар билан учрашганларида, уларни яхшиликка ва қариндошлар билан алоқа қилишга чорлардилар. У зот уларни қариндошлик ришталарини сақлашга ва яқинларга ёрдам беришга буюрар эдилар. Лекин уйдан чиқиш учун у ўз эридан рухсат сўраши лозим. Аллоҳ аёлларни эркакларга қалбий поклик, ростгўйлик, сабр қаноат ва итоаткорлик асосида боғлади.

Аллоҳ деди: «Албатта муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатгўй эркаклар ва итоатгўй аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабр-қаноат қилгувчи эркаклар ва сабр-қаноат қилгувчи аёллар, тавозеъли эркаклар ва тавозеъли аёллар, хайру-садақа қилувчи эркаклар ва хайру-садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчи аёллар, авратларини (ҳаромдан) сақловчи эркаклар ва (авратларини ҳаромдан) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни жаннат) тайёрлаб қўйгандир.» (Аҳзоб: 35)

Аллоҳ никоҳни ҳалол йўл ва ечим қилди. Аёл ва эр никоҳда баҳтсизлик манбаи бўлмиш бузуқлик ва фаҳшдан узоқда, бахтли ҳаётда яшайдилар. Бу билан Ислом ҳайвоний хирсга тўсиқ қўйиб, Аллоҳнинг бандалари ўртасида қонуний боғланишга руҳсат берди. Ислом эркак ва аёлни сақлаш учун кўпҳотинликка руҳсат берди. Ҳатто Ислом душманлари ҳам бунинг яхши натижаларига гувоҳлик берадилар. Бу эса Ислом оламини фоҳишабозликдан сақлаб қолди. БМТ статистик тўпламларининг бирида қайд қилинадики, ислом давлатлари кўпҳотинликка руҳсати сабабидан фоҳишабозлик оқими энг кам таъсир қилган давлатлар экан.[5]

Ислом аёлларга адолат қилиш шарти билан кўпхотинликка рухсат берди.

Аллоҳ таоло деди: «Сизлар учун никоҳи ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар. Энди агар (улар ўртасида) адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, бир аёлга (уйланинг) ёки қўл остингиздаги чўри билан (кифояланинг). Мана шу жабру зулмга ўтиб кетмаслигингизга яқинроқ ишдир.» (Нисо: 3)

Ислом аёлга қадимда кўп ҳалқларда қилингани каби, яқинлари билан алоқани узишга буюрмайди. Аксинча уни улар билан алоқа қилишга ва алоқани узмасликка буюради.

Аллоҳ Азза ва Жалла дейди: «Айтинг: «Келинглар, Парвардигорингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай. У зотга бирон нарсани шерик қилмангиз: ота-онага яхшилик қилингиз» (Анъом: 151)

Кўряпмизки, бу ерда Аллоҳ ота-онага ёмонлик қилишни мушриклик билан боғламоқда, ва ҳар иккисидан қайтармоқда. Исломнинг меҳрибонлик ва яхшилик кўриниши мана шундайдир.

Ислом аёл кишига камтар ва иффатли бўлишни буюради.

Аллоҳ деди: «Бас, сизлар (парда ортидан бирон номаҳрам эркакка жавоб қилган пайтларингизда) майин-назокатли сўз қилмангларки, у ҳолда кўнглида мараз-нифоқ бўлган кимса тамаъ қилиб қолур. Яхши - тўғри сўзни сўзланглар!» (Аҳзоб: 32)

Бу ерда унинг асосларидан бири аёл бўлмиш оилани сақлаш борасидаги Исломнинг кўрсатмаларини санаб ўтиш мушкулдир. Бир шоир айтади: “Она бу олийжаноб ҳалқни тайёрловчи мактабдир”.

Аёл, хоҳ она, хоҳ опа, хоҳ ҳола бўлсин, ҳурмат ва юқори мавқеъга эгадир. Ислом бизни онага ҳурматда бўлишимизни буюрган.

Анвар ал-Жундий ёзади:”Исломнинг аёлга нисбатан олийжаноб муносабатининг мисоли шундаки; у аҳлоқсиз одамни иффатли аёл билан турмуш қуришига нолойиқ деб қарайди”[6].

 

АЁЛ ВА МЕРОС МАСАЛАСИ

 

Биз, жоҳилият одатларига кўра меросни вужудга келишида иштирок этмагани боис аёл меросдан маҳрум эканлигини айтиб ўтдик. Бу очиқ адолатсизлик эди.

Ислом эса унга бу ҳуқуқни берди, аммо бунда унинг меросдаги улуши эркакларники билан тенг эмаслигини баён қилди. Аёлга мерос ҳуқуқини инсонлардан ҳеч ким бермади, уни Буюк ва Олий бўлган Аллоҳ чеклади. У инсонларга мажбурий қонунларни туширди, бу қонунларни ишлаб чиқишни ўз ҳис-туйғуларига кўра амал қилувчи инсонлар ихтиёрига ташлаб қўймади.

Аллоҳ таоло деди: «Аёллар учун ҳам ота-оналари ва қариндош-уруғлари қол­дириб кетган меросдан улуш бордир. Бу улушлар озми-кўплигидан(қатъий назар) фарз қилинган ҳақлардандир.» (Нисо: 7)

Аллоҳ таоло бошқа оятда аёл кишининг эридан оладиган мероси, эрнинг фарзанди бўлмаган ҳолда тўртдан бири, фарзанди бўлган ҳолда эса саккиздан бири эканлигини айтди: «Уларга (хотинларингизга) сизлар қолдирган меросдан — агар сизлардан фарзанд қолмаган бўлса — тўртдан бири тегур. Энди агар сизларнинг фарзандингиз қолган бўлса, уларга сизнинг меросингиздан саккиздан бири тегур.» (Нисо: 12)

Аёл киши шунингдек, ўлдирилган эрининг ҳунида ҳам мерос олади. Абу Довуднинг “Сунан”ида Даҳҳок ибн Суфён айтади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга Ашям ад-Дибабийнинг ҳунидан унинг аёлига мерос улушини беришимни буюриб ҳат ёздилар.[7]

Мана шундай илоҳий қонунлар билан Ислом ҳозирда ғарбда реклама қилинаётган бузуқлик ва ёмонлик гирдобида аёлнинг қадр-қимматини йўқолишидан сақлаб, унинг ҳуқ-ҳуқуқларини таъминлади.

Бугунги кунда “аёлни озодликка чиқариш” деб жар солувчиларга келсак, мен маҳоратли ёзувчи Яман ас-Сибаийнинг сўзларини қайтараман: “Эркаклари кўчаларда ишсиз кезиб муҳим муаммолар ҳақида ўйламай ҳеч қандай маъсулияти бўлмаган бир пайтда аёллари техника факултетларида ўқиётганидан фахрланаётган ҳалққа фалокат бўлсин. Ишончсиз аёллар мустақиллигини мустаҳкамлаш учун эркакларни ерга урадиган ҳалққа фалокат бўлсин”. Аллоҳнинг каломи ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ҳақида чуқур тафаккур қилувчи аёлнинг сўзлари мана шундай бўлади. Бу аёл ўз тақдирини тўғри тушунади ва ўзини тўғри ўринга қўяди. Бу аёл Ислом душманларининг муслима аёлларни камситиб қулга айлантирувчи жоҳилиятга йўналтириш учун улардан чиқаётган ёлғон чақирувлар кетидан халлослаб югурмайди.

Мен биродаримиз Суҳад Абдул Мажид Муҳаммаднинг муслима қизни покиза, эҳтиром ва мурувватда қолишига чақирувчи сўзларини келтираман:

 

“Қайт ва поклик либосини кий,

Энг муҳими уй ишларинг бил.

Сен  дунёнинг фариштаси бўл,

Шунда баҳтга эришасан сен.”

 

Аёл кишини қадри учун, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари кифоя: “Аёл кишига яхши муносабатда бўлинглар”

Ислом – жамият ва оилани тикловчи диндир. Аёл киши учун у мустаҳкам қалъа ва бало ва шаҳватлардан қалқондир.

 

Сўзимиз сўнггида Оламлар Роббиси Аллоҳга ҳамдлар айтамиз.


[1] Ҳусайн Юсуф.”Исломда оила идеаллари ва бунга қарама қарши оқимлар”, 32 б

[2] Умар Ридо Каҳҳали “Ўтмишда ва ҳозирда аёл”

[3] Умар Ридо Каҳҳали “Ўтмишда ва ҳозирда аёл”.

[4] Абд ибн Ҳумайд муснади 2/477.

[5] Воҳид уд-Дин Ҳон, “Ислом майдонга чақиради”.

[6] А.Жунди “Мусулмон аёли кураш майдонида”.

[7] Абу Довуд, 2538.