Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

БОЗОРГА ЧИҚИШ ОДОБЛАРИ

8117 марта кўрилган

Муқаддима

Бутун оламлар Парвардигори Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин.

Бозор - одамлар манфаатини кўзлаб қурилган жойлардандир, бунга ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Бироқ бозор одамларни фитналантирувчи ва гуноҳкор бўлиб қолишларига сабаб бўлувчи нарсалардан холи эмас. Шунинг учун бўлса керак, бозорлар Ҳақ талога суюксиз бўлган маконларнинг биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Аллоҳга энг суюкли жойлар масжидлардир, энг суюксизи эса, бозорлардир" (Имом Муслим ривояти).

Эътибор беринг, мазкур ҳадис ҳамма бозорларни ўз ичига олмоқда. Айниқса, бу ҳадисдан мурод маъсият ва гуноҳлар билан тўлиб тошган бозорлардир. Бунга мисол, гоҳида аёл киши уйидан чиқаркан, ўзи билан бирга дини, иффат-ҳаёсини эргаштириб келади, бозорга бориб булардан қай бирини қолдириб келганини ўзи ҳам сезмай қолади. Чунки бозор фитна-фасод ва гуноҳ-маъсиятлар билан тўлиб-тошган жойдир. Шунинг учун ҳам шайтоннинг байроғи бозорларга ўрнатилгандир.


Муслима синглим!
Модомики сиз ўзингизга зарур бўлган нарсаларни сотиб олиш учун бозорга боришга мажбур экансиз, фитна-фасод ва гуноҳлардан йироқ бўлишингиз ҳамда бозорга боришдаги шаръий одобларга риоя қилишингиз зарур.

Бозорга чиқиш одоблари


Биринчи: Бозорга чиқишдан олдин ота-онангиз ёки турмуш ўртоғингиз ёки акангиз, булар бўлмаган ҳолда, буларнинг ўрнини босадиган тоға ёки амаки каби яқинларингиздан изн сўрашни унутманг.


Иккинчи: Турмуш ўртоғингиз ёки ака-укангиз каби маҳрамларингиз билан бирга чиқишга ҳаракат қилинг.
Зеро, маҳрамингиз сизнинг олдингизда бўлиши қадрингизни кўтаради ҳамда сизни бўрисимон одамлардан ҳимоя қилиб туради. Агарда бирорта маҳрамингиз сиз билан бирга бора олмаса, ўзингиз билан бирга бирорта таниш аёлни қўшиб олинг. Нима бўлган тақдирда ҳам ёлғиз бозорга чиқишдан сақланинг. Агар отангиз, эрингиз ёки акангиз сизга керакли нарсаларни ўзлари сотиб олиб келишса, нур устига нур. Сиз эса уйингизда қолиб, бу неъмат учун Аллоҳга ҳамд айтинг.


Учинчи: Ёлғиз ўзингиз бўлсангиз машинага чиқманг. Чунки ҳайдовчи билан ёлғиз қолиш Аллоҳ ва Унинг Расули қайтарган амаллардандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бегона эркак ва аёл ҳақида дедилар: "Эркак киши билан аёл киши ёлғиз қолмасин, агар қолсалар уларниннг учинчиси шайтон бўлади" (Имом Термизий ривояти). Агар сиз билан бошқа аёл ҳамроҳ бўлса, машинага чиқишингиз жоиздир.


Тўртинчи: Беркитиш лозим бўлган жисмингизнинг бирон жойи - билакларингиз ҳамда оёқларингиз каби аъзоларингиз очилиб қолмасин.


Бешинчи: Ясан тусан қилиб, одамларнинг эътиборини жалб қиладиган либосларни кийиб чиқишдан сақланинг.


Олтинчи: Ҳижобингизни кийиб олинг. Нафақат бозорга чиқишда, балки уйдан ташқарига чиқаркансиз, доимо ҳижоб кийган ҳолатда чиқинг. Зеро, Ҳақ таоло ҳижоб кийишни сизга фарз қилган. Раббингизнинг жазосидан қўрқиб У зотга итоат қилинг.

Шуни билингки, шаръий ҳижоб деганда қуйидаги шартлар мавжуд бўлган ҳижоб назарда тутилади:

  • Жисмнинг ҳамма жойини ёпиб туриши. (Бироқ уламолар юз билан кафтни беркитиш борасида ихтилоф қилганлар. Бир гуруҳ уламолар беркитиш шарт деганлар. Яна бир гуруҳ уламолар эса шарт эмас деганлар. Лекин шарт эмас деган олимлар ҳам беркитгани афзал деганлар, хусусан фитна замонида.)
  • Шаффоф бўлмаслиги. Яъни, танасининг ранги билиниб турадиган даражада юпқа бўлмаслиги.
  • Жисмга ёпишиб турадиган тор бўлмаслиги. Яъни кенг бўлиши.
  • Эркакларнинг назарини жалб қиладиган даражада зийнатли бўлмаслиги.
  • Атир сепилмаган бўлиши.
  • Ҳаддан ортиқ даражада қимматбаҳо, ҳашаматли либос бўлмаслиги.
  • Эркакларнинг либосига ўхшамаслиги.
  • Кофира аёллар киядиган либосларга ўхшамаслиги.
  • Жонзотларнинг сурати бўлмаслиги.


Мазкур шартлар мавжуд бўлган ҳижоб ҳақиқий шаърий ҳижобдир. Бу шартлар топилмаган либослар эса, ҳижоб деб эътибор қилинмайди.


Еттинчи: Атир сепиб бозорга борманг. Нафақат бозорга, балки номаҳрам эркаклар бўлиши мумкин бўлган ҳамма жойга зинҳор атир сепган ҳолатингизда борманг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Қайси бир аёл атир сепиб номаҳрам эркаклар олдидан ўтса, у аёл зинокордир". Яъни, унга зино қилган аёлнинг гуноҳи ёзилади.

Бозор айланиш одоблари


Биринчи: Бозор ичида юрганингизда сизга бировлар тарафидан мақтов ёки ҳазил сўзлар айтилса, уларга қиё боқманг, тез юриб уларнинг олдидан узоқлашинг.


Иккинчи: Одамлар кўп, тиқилинч жойларда юрманг.


Учинчи: Бировни кутиш ёки дам олиш учун бирор жойга ўтирсангиз, оддий, камтарин ҳолатда ўтиринг ҳамда оёғингизни чалиштириб ўтирманг.


Тўртинчи: Овозингизни баланд кўтарманг. Масалан, дугоналарингиз билан бозор айланаётган вақтингизда паст овозда гаплашинг. Ҳатто қайси нарсани олиш учун маслаҳат қилсангизлар ҳам, паст овоз билан маслаҳат қилинг ва сотувчидан нархларни сўраганингизда хам, паст овоз билан сўранг.

Нарсаларни сотиб олиш одоблари


Биринчи: Бозорга боришингиздан аввал нима нарсаларни харид қилмоқчилигингизни белгилаб олинг. Бозорга доим келавермаслик учун кейинчалик керак бўладиган нарсаларни ҳам сотиб олинг.


Иккинчи: Шуни унутмангки, агар сотувчи эркак бўлса, у билан муомала қилаётганингизда ҳаё-ибо билан, эҳтиёткорлик билан муомала қилинг. Зеро, у ҳам сиз учун бошқа номаҳрам эркаклар кабидир. Сотувчини маҳрамдек билиб, очилиб гаплашаверадиган аёллар каби бўлманг.


Учинчи: Агар олдингизда турмуш ўртоғингиз ёки акангиз каби маҳрамларингиз бўлса, сотувчи билан гаплашишни уларга қўйиб беринг. Маҳрамингиз турганда сотувчи билан савдолашманг.


Тўртинчи: Оёқ кийим ёки бирор либосни сотиб олмоқчи бўлсангиз, уни сотувчининг олдида ўлчаб ёки кийиб кўрманг.


Бешинчи: Сотувчига пул узатётганингизда пулни унинг қўлига берманг, балки стол ёки шунга ўхшаш нарсанинг устига қўйинг. Шундай қилсангиз, унинг қўли сизинг қўлингизга тегиб кетишидан саломат бўласиз.


Олтинчи: Исроф қилишдан сақланинг! Йилда бир марта кийиладиган либосларни харид қилманг. Чунки бу исрофдандир. Ўзингизга ҳамда фарзандларингизга зарур бўлган нарсаларнигина сотиб олинг, зарур бўлмаган нарсаларни харид қилманг. Шуни унутмангки, одамлар орасида бир тангалик либосга зор кимсалар ҳам бор. Аллоҳнинг сизга берган неъматига шукр қилинг. Билингки, исроф қилувчи одам Аллоҳнинг неъматига шукр қилувчи бўлмайди. Аллоҳ таоло деди: "Парвардигорингиз билдирган (бу сўзларни) эслангиз: Қасамки, агар сизлар (Менинг берган неъматларимга) шукр қилсангизлар, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Энди агар куфрони (неъмат) қилсангизлар, албатта, азобим ҳам жуда қаттиқдир". (Иброҳим, 7). Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қиёмат куни банда тўрт нарсадан – умрини нима билан ўтказгани ҳақида, илмига нима амал қилгани ҳақида, молини қаердан топиб, нимага сарф қилгани ҳақида ва жисмини қайси ишларда қаритгани ҳақида сўралмагунича қадами силжимайди» (Термизий ривояти, 2419-ҳадис. Албоний “Ас-силсилатус-саҳиҳа”да (946) келтирган).


Еттинчи: Бутун танангизни ёпиб турадиган кийимларни харид қилинг! Шунингдек, фарзандларингизга ҳам содда, беҳашам бўлган кийимларни сотиб олинг. Тор ёки ўта зийнатли, ҳар-хил тушунарсиз ёзувлари бор либосларни ҳамда жонли нарсаларнинг суратлари бор кийимларни харид қилишдан четланинг.


Саккизинчи: Сотувчи ёки бошқа номаҳрам кимсалар билан гаплашганда, сўзларингизни юмшоқ қилиб, мулойим гапирманг. Аллоҳ таоло деди: "Бас сизлар майин-назокатли сўз қилмангларки, у ҳолда қалбида мараз-нифоқ бўлган кимса тамаъ қилиб қолур. Яхши-тўғри сўзни сўзлангиз". (Аҳзоб сураси, 31-оят).


Тўққизинчи: Харид қилмоқчи бўлган нарсангизнинг баҳосини арзонлатиш учун сотувчи билан узоқ савдолашманг. Озгина нархини тушириши учун керагидан ортиқ ундан сўранманг ҳамда керагидан ортиқ сўзламанг.

Муслима синглим!
Ушбу айтилган одобларга риоя қилиб, доимо бу одобларни амалда татбиқ қилинг. Шундагина сиз бозорга бориб келишда Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлмайсиз ва дунёвий ҳамда диний фойда билан қайтиб келасиз. Аллоҳ таоло сизу бизни ҳамма гуноҳ ва маъсиятлардан Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақласин.

Ибн Хузайма нашриёти қошидаги
илмий бўлим тайёрлаган
Абу Туроб Ўший таржимаси

Манба: www.islamnuri.com