Пайшанба 12 Декабрь 2024 | 10 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Саодат ҳовлиси

4222 марта кўрилган

الشيخ محمد حسان
في رحاب الدار الآخرة
دار السعادة

Охират ҳовлиси силсиласи
Шайх Муҳаммад Ҳассон

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Сиз билан биз бугун Аллоҳнинг тавфиқи ва мадади билан «Охират ҳовлиси» силсиласидан сўнгги – йигирма биринчи суҳбат устида кўришиб турибмиз.

Сўнгги икки суҳбатимизда одамларнинг Сирот устида туришлари, айримлар ундан яшиндек тез, айримлар кўз-очиб-юмгунчалик вақтда, айримлар шамолдек елиб, айримлар эса учқур отлардек чопиб ўтишлари ҳақида, баъзилар ундан соғ-саломат ўтиб олишлари, баъзилар эса чангаклар билан тилиниб, кейин қутулишлари, яна баъзилар ундан ўтолмай жаҳаннамга қулаши тўғрисида сўзлаб ўтган эдик.

Аллоҳ таоло иймон аҳлини дўзахдан қутқариб, улар Сирот устидан эсон-омон ўтиб олишганидан сўнг энди тавҳид ва иймон аҳли Раҳим ва Раҳмон Зотнинг жаннатига қараб йўл олишади. Мўминлар жаннат йўлида эканлар, жаннат ва дўзах оралиғидаги бир кўприкда тўхтатилиб, Аллоҳ таоло уларни бу дунёда ўрталарида кечган ўзаро зулмлардан ва бир-бирларининг ҳақларидан тозалаб, поклайди.

Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мўминлар дўзахдан халос бўлишгач, жаннат билан дўзах оралиғидаги бир кўприкда тургизилиб, дунёда ўрталарида бўлган зулмларнинг қасосини бир-бирларидан олишади. (Бир-бировларининг ҳақларидан) тозаланишгач, жаннатга киришларига изн берилади. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, улардан бирови жаннатдаги ўрнига дунёдаги ўз манзилидан кўра йўл топувчироқдир».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Улар жаннатдаги уйларига худди жума аҳли жума (намози)дан кейин ўз уйларига қараб йўл олишганидек йўл олишади, ҳар ким ўз манзилини яхши билади».

Севикли дўстларим! Келинг, мана шу озгина, бир неча дақиқалар ичра биргаликда руҳларимиз ва дилларимиз орқали жаннатга кириб борамиз.

Одатимизга кўра, вақтдан унумли фойдаланиш учун ушбу улуғ мавзудаги сўзимизни бир неча моддаларга бўлиб оламиз:

Биринчи: Жаннат васфи.

Иккинчи: Жаннат аҳлининг энг қуйи даражадагиси ва унга энг охири кирувчи киши.

Учинчи: Жаннат аҳлига бўладиган роҳат-фароғатлар.

Тўртинчи: Розимисизлар?!

Бешинчи: Жаннатга йўл.

Жон қулоқ билан тинглашингизни умид қиламан, Аллоҳ таолодан сизу бизни жаннат аҳлидан қилишини ва унда пайғамбарлар саййиди билан бирга қилишини сўрайман.

 

Биринчи: Жаннат васфи

Жаннат васфидан сўз очарканмиз, табиийки, энг аввало бу хусусда келган Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларига мурожаат қилиш зарурати туғилади. Чунки, жаннат ғайбдир. Ҳеч ким бу ҳақда Қуръон ёки Суннатда келган очиқ далилларсиз гапириши асло жоиз бўлмайди. Ҳеч ким, хаёл уммонига ҳар қанча чуқур ғарқ бўлмасин, Аллоҳ таборака ва таолонинг жаннатини тасаввур қила олмайди. Жаннат неъматлари васфига тил ожиз, тасавурлар қосирдир.

Келинг, уни яратган ва безатган, унинг кароматини Ўз қўли билан эккан Зотнинг – Аллоҳ таборака ва таолонинг сўзларига, дунёдалик пайтларидаёқ жаннатни ўз кўзлари билан кўрган зотнинг – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига қулоқ тутайлик.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замонларида кун тутилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар билан намоз ўқидилар. Қиёмда турдилар, қиёмда узоқ турдилар. Сўнг рукуъ қилиб, рукуъда ҳам узоқ турдилар. Сўнг қиёмга қайтиб, узоқ қиёмда турдилар ва бу аввалги қиёмларидан қисқароқ бўлди. Сўнг рукуъ қилиб, рукуъда узоқ турдилар ва бу аввалги рукуъларидан қисқароқ бўлди. Сўнг сажда қилиб, саждаларида узоқ турдилар. Сўнг иккинчи ракъатда ҳам худди биринчи ракъатдагидек қилдилар. Сўнгра намозларини тугатдилар, кун очилиб кетган эди. Одамларга хутба қилдилар, Аллоҳга ҳамду сано айтиб, сўнг шундай дедилар:«Албатта, кун ва ой Аллоҳнинг аломатларидан икки аломатдир. Улар бировнинг ўлими ё туғилиши учун тутилмайди. Агар шу ҳолни кўрсаларингиз, Аллоҳга дуо қилинг, такбир айтинг, намоз ўқинг ва садақа қилинг!»...

Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, турган ўрнингизда бир нарсага қўл узатганингизни, кейин ортга қайтганингизни кўрдик?» деб сўрашди. У зот: «Мен жаннатни кўрдим ва бир шингил (меваси)га қўл узатдим. Агар уни ололганимда, то дунё тургунча ундан еган бўлардиларингиз», дедилар. (Бухорий: №1052, Муслим: №907, 908, 909).

«Саҳиҳайн»да Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сўнг (яъни Исро ва Меърож кечасида)жаннатга киритилдим, унда марварид шодаларини (яъни, марварид шодаларидан кўтарилган қасрларни) кўрдим, (жаннатнинг) тупроғи мушк экан».

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жаннат васфини сўзлаб беришларини сўраганларида у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:«Бир ғишти олтин, бир ғишти кумуш, лойи мушк, майда тоши инжу ва ёқут, тупроғи заъфарондир. Унга кирган киши ноз-неъмат ичида бўлади, машаққат кўрмайди, абадий яшайди, ўлмайди, кийимлари эскирмайди, ёшлиги йўқолмайди» (Термизий: №2528, Албоний «Ас-саҳиҳа»да (№969) саҳиҳ санаган).

Хоҳишларидан сўзламайдиган Содиқ зотнинг жаннат уйларидан бир уйни тасвирлаб айтган сўзларига қулоқ тутинг.

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: «Жибрийл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб деди: «Эй Расулуллоҳ, мана, Хадича ёғ ёки емак ё ичмак солинган бир идиш билан келди. У ҳузурингизга киргач, унга Парвардигоридан ва мендан салом айтинг ва унга жаннатдаги ичи ғовак марвариддан (қурилган), унда шовқин-сурон ва қийинчилик бўлмаган бир қаср хушхабарини беринг». (Бухорий: №3820, Муслим: №1887).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жаннатга киритилдим. Тўсатдан олтиндан (бино қилинган) бир қаср ёнида бўлиб қолдим. «Бу қаср кимники?», деб сўраган эдим, «Қурайшлик бир йигитники», дедилар. У мен бўлсам керак, деб ўйладим ва: «Ким у?», деб сўрадим. «Умар ибн Хаттобники», дедилар». (Термизий: №3689, Аҳмад: №11985, Ибн Ҳиббон: №2188, Албоний: «Ас-саҳиҳа», №1405, №1423).

Марварид ва инжудан бино қилинган уй, соф олтиндан қурилган қаср!! Нақадар фароғат бу!! Нақадар фазл бу!!

Бирлашган Араб Амирликларида бўлганимда амирлардан бири мени меҳмонга таклиф этди. Каъбанинг Раббига қасамки, унинг қасрига кириб, ҳушим бошимдан учаёзди. Шерикларимга дедим: «Бу кўриб турганимиз инсоннинг инсонга ҳозирлагани. Энди Парвардигори оламнинг жаннатда ҳозирлаб қўйган неъматлари ва роҳат-фароғатлари қандай экан?!».

Жаннатдаги бу қасрлар гўзаллигига яна ҳам ҳусн қўшиб турадиган яна бир тарафи, улар остидан анҳорлар оқиб туради. Анҳор устига қурилган соф олтиндан бўлган қасрни, инжу ва марваридлардан бино қилинган уйни тасаввур қилинг. Ғоят гўзал манзара!! Анҳорлари ҳам қандай анҳор денг?! Бир анҳори сувдан, бир анҳори сутдан, бир анҳори асалдан, яна бир анҳори майдан!!

Аллоҳ таоло айтади: «Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг сифати (будир): «Унда айнимаган сувдан бўлган дарёлар ҳам, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар ҳам, ичувчилар учун лаззатли (яъни бадтаъм ва ақлдан оздирувчи бўлмаган) майдан бўлган дарёлар ҳам, мусаффо асалдан бўлган дарёлар ҳам бордир. Улар учун у жойда барча мевалардан бордир ва (улар учун у жойда) Парвардигорлари томонидан мағфират бордир» (Муҳаммад: 15).

Дарахтлар, соя-салқинлар, мевалар унинг ҳуснига ҳусн, камолига камол, жамолига жамол қўшади. Ўйламангки, жаннат дарахтлари ҳам худди дунё дарахтларига ўхшаган. Йўқ! Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Жаннатдаги ҳар бир дарахтнинг танаси олтиндандир». (Термизий: №2527, Саҳиҳул-жомиъ: №5647).

«Саҳиҳайн»да келган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Жаннатда бир дарахт борки, отлиқ киши унинг сояси остида юз йил йўл босади». Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Истасангиз, Аллоҳ таолонинг: «Ёйилган соя (ости)да» деган сўзларини ўқинглар» (Бухорий: №4881, Муслим: №2828).

Дунёдаги дарахтлар ичида ёз фаслида мева берадиганлари бўлади, қиш фаслида мева берадиганлари бўлади, баҳор фаслида ё куз фаслида мева берадиганлари бўлади. Аммо, жаннат дарахтлари қишин-ёзин бир хилда, мевалари ҳам, соялари ҳам давомлидир.

Аллоҳ таоло айтади: «Ўнг томон эгалари... Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир! (Улар) тикансиз бутазорларда. Тизилган бананзорларда. Бардавом соя (ости)да. Оқизиб қўйилган сув (усти)да. Тугаб қолмайдиган ва манъ этилмайдиган кўпдан-кўп (турли-туман) мева-чева (ости)да. Сўрилар устига баланд кўтарилган кўрпачалар (усти)дадирлар» (Воқеа: 27-34).

Жаннат мевалари узликсиздир, жаннат дарахтлари соялари доимий ва туганмасдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ азза ва жалла: «Солиҳ бандаларим учун кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, одамзотнинг хаёлига ҳам келмаган нарсаларни ҳозирлаб қўйдим», деди». Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бас уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни охират неъматларини) бирон жон билмас» (Сажда: 17) оятини ўқидилар. (Бухорий: №3244, Муслим: №2824).

Суҳбатимиз давомида сиз билан биргаликда ушбу неъматларнинг баъзисини тасаввур қилиб кўришга уринамиз.

 

Иккинчи: Жаннат аҳлининг энг қуйи даражадагиси ва унга энг охири кирувчи киши

Жаннат аҳли нақадар олий роҳат-фароғатлар ва нақадар улкан неъматлар оғушида бўлишини тасаввур қилиш учун, келинг, биргаликда жаннатдаги энг қуйи даражадаги кишининг ва жаннатга энг охирги бўлиб кирувчи кишининг ҳоли билан танишайлик.

Имом Муслим «Саҳиҳ»ида Муғира ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Мусо алайҳиссалом Парвардигоридан: «Жаннатдаги энг қуйи ўрин кимга берилади?», деб сўради.

Аллоҳ таоло деди: «Жаннат аҳли жаннатга киритиб бўлингач, бир киши келади. Унга: «Жаннатга кир!», дейилади. Шунда у: «Эй Раббим, қандай кираман? Ахир одамлар ўз ўринларини эгаллаб Ҳожалари берган марҳаматларни олиб бўлдилар-ку?», дейди. Унга: «Дунё шоҳларининг мулкича мулк сеники бўлса, розимисан?», дейилади. У: «Парвардигоро, розиман», дейди. Аллоҳ унга: «Мана шу ва ўшанча, ўшанча, ўшанча ва ўшанчаси сеники», дейди. Беш баробар бўлганда: «Парвардигоро, розиман», дейди банда. Аллоҳ: «Сўраганинг ва унинг ўн баробари сеники ҳамда кўнглинг тусаган ва кўзингга ёққан нарса сеникидир», дейди» (Муслим: №189, Термизий: №3196).

Аллоҳу акбар!! Жаннатдаги энг қуйи даража соҳибининг манзилати шу бўлса, олий мақомлар эгалари қандай олий ўринларда бўларкинлар?!!

Жаннатга охирги бўлиб кирадиган киши ҳақидаги ҳадисни ҳам Имом Муслим «Саҳиҳ»ида келтирган. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Жаннатга охири бўлиб бир киши киради. У  Сирот устида гоҳ юриб, гоҳ қоқилиб, гоҳ ўт уни домига тортиб, шу ҳолда ўтиб келади. Ундан ўтиб олгач, ортига қайрилиб қараб: «Мени сендан қутқарган Зот буюкдир. Аллоҳ менга аввалгилару охиргилардан бирон кишига бермаган неъматини берди», дейди. Шунда унга узоқдан бир дарахт қўрсатилади.

—                  «Эй Роббим, мени ўша дарахтга яқинлаштирсанг, соясида ўтирсам ва сувидан ичсам», дейди.

—                  «Эй одам боласи, агар тилагингни сенга берсам, Мендан қайтиб бошқа нарса сўрамайсанми?», дейди Аллоҳ азза ва жалла.

—                  У: «Йўқ, эй Роббим (бошқа нарса сўрамайман)», дейди ва бошқа ҳеч нарса сўрамасликка ваъда беради. Банда ўзи сабр қилолмайдиган нарсани кўраётгани учун Робби унинг узрини қабул қилади ва уни ўша дарахтга яқинлаштиради. Банда дарахт соясида ўтириб сувидан ичади. Кейин унга бундан-да чиройлироқ бир дарахт кўрсатилади. Шунда у:

—                  «Эй Роббим, мени бунисига ҳам яқинлаштирсанг, соясида ўтирсам ва сувидан ичсам. Сендан бошқа ҳеч нарса сўрамайман», дейди.

—                  «Эй одам боласи, ҳалигидан бошқа нарса сўрамасликка ваъда бермаганмидинг? Агар ҳозир сени бу дарахтга ҳам яқинлаштирсам, Мендан яна бошқасини ҳам сўрарсан?», дейди. У бошқа нарса сўрамасликка аҳд беради. Сабри етмайдиган нарсани кўраётгани учун Робби унинг узрини қабул қилади ва уни ўша дарахтга яқинлаштиради. Банда унинг соясида ўтиради ва сувидан ичади. Кейин жаннат эшиги олдида унга аввалги иккисидан ҳам чиройлироқ бир дарахт кўрсатилади.

—                  «Эй Роббим, мени бунга ҳам яқинлаштирсанг, соясида ўтирсам ва сувидан ичсам, бундан бошқа нарса сўрамайман», дейди банда. Шунда Аллоҳ:

—                  «Эй одам боласи, бошқа нарса сўрамайман, деб ваъда бермабмидинг?», дейди. Банда:

—                  «Ҳа, шундай қилгандим. Эй Роббим, шуни ҳам бергин, кейин бошқасини сўрамайман», дейди. У сабри етмайдиган нарсани кўраётгани учун Робби унинг узрини қабул қилади ва уни ўша дарахтга яқинлаштиради. Банда дарахтга яқинлашгач, аҳли жаннатларнинг товушларини эшитиб қолади ва:

—                  «Эй Роббим, мени ҳам жаннатга киргизсанг», дейди.

—                  «Эй одам боласи, нима қилсам сўрашни бас қиласан, бутун дунёни ва унга қўшиб яна шунчасини берсам рози бўласанми?», дейди Аллоҳ.  Банда:

—                  «Эй Роббим, Сен оламлар Робби бўла туриб менинг устимдан куляпсанми?», дейди...

Шу сўзларни айтиб, Ибн Масъуд кулдилар ва «Нима учун кулаётганимни сўрамайсизларми?», дедилар.

«Нима учун кулаяпсиз?», дейишди. «Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳудди шундай кулгандилар. Асҳоблар: «Нима учун кулаяпсиз, ё Расулуллоҳ?», дейишганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Банданинг: «Сен оламлар Робби бўла туриб менинг устимдан кулаяпсанми?» деганида Аллоҳ Роббул оламийн кулгани учун», дегандилар».

... Аллоҳ бандага:

— «Сенинг устингдан кулмайман. Лекин Мен хоҳлаган ишимни қилишга қодирман», дейди» (Бухорий: №6571, Муслим: №187).

 

Учинчи: Жаннат аҳлига бўладиган роҳат-фароғатлар

Ҳар қанча сўзга уста кишининг ҳам тили унинг васфига ожиз, ҳар қанча етук қалам соҳибининг ҳам қалами қосирдир.

Аввал бошидан шу нарсани билиб олишимиз лозимки, жаннат аҳли неъмат ва роҳат-фароғатда бир-бирларидан тафовутли бўлишади. Чунки, иймон аҳли иймон ва ишончда тафовутли бўлгани ҳолда, ҳаммаси бир хил даражада бўлишлари мумкин эмасдир. Балки, ҳар бир киши ўзининг дунёдалик пайтидаги иймони ва ишончига кўра жаннатдан ўрин олади.

Аллоҳ таоло айтади: «Ким охиратни истаса ва мўмин бўлган ҳолида (охиратга лойиқ) саъй-ҳаракат қилса, ундай зотларнинг саъйлари (Аллоҳ наздида)мақбул бўлур. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, бу дунёда одамларнинг) барчаларига — мана бу (мўмин)ларга ҳам, анави (кофир)ларга ҳам Парвардигорингизнинг неъматидан ато этурмиз. Парвардигорингизнинг неъмати (ҳеч кимдан) манъ қилинмас. (Бу дунёда) уларнинг бировларидан бировларини (ризқу мартабада) қандай устун қилганимизни кўринг! Шак-шубҳа йўқки, охират даражалари (дунёдаги устунликлардан) неча баробар улуғ ва афзалроқдир» (Исро: 19-21).

Аллоҳ таоло дунё аҳлини дунёдаги даражалардан тафовутли қилгани каби, охират аҳлини ҳам даражаларда тафовутли қилади: «Шак-шубҳа йўқки, охират даражалари неча баробар улуғ ва афзалроқдир».

Ҳа, одамлар жаннат неъматлари борасида бир-бирларидан фарқли бўлишади. «Саҳиҳул Бухорий»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Жаннатда Аллоҳ Ўз йўлидаги мужоҳидларга тайёрлаб қўйган юзта даража бор. Ҳар икки даража оралиғи ер билан осмон оралиғичадир. Аллоҳдан сўрайдиган бўлсангиз, олий «Фирдавс» жаннатини сўранглар. Чунки у жаннатнинг энг ўртаси ва энг юқорисидир, жаннат анҳорлари ундан оқиб чиқади, Раҳмон таолонинг Арши унинг устидадир» (Бухорий: №2790, Саҳиҳул-жомиъ: №2126).

«Саҳиҳайн»да Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жаннат аҳли тепаларидаги хона аҳлларини худди сизлар машриқ ёки мағрибда уфққа ботаётган ёрқин юлдузни кўриб турганинглар каби кўриб турадилар. Бу ўрталаридаги тафовут сабаблидир». Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, бу пайғамбарларнинг манзилларими? Бошқалар унга эриша олмайдиларми?», –  деб сўрашди. «Йўқ! Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, улар Аллоҳга иймон келтирган ва пайғамбарларни тасдиқлаган кишилардир», – дедилар (Бухорий: №6555, Муслим: №2841).

Қуйи даража эгалари олий даража эгаларига худди дунё аҳли машриқ ё мағриб осмонидаги ёрқин юлдузни кўрганлари каби қараб туришади. Саҳобалар ўша олий даража эгалари пайғамбарлар бўлсалар керак, бошқалар уларга шерик бўлмасалар керак, –  деб ўйлашиб, бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраганларида у зот: «Йўқ! Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, улар Аллоҳга иймон келтирган ва пайғамбарларни тасдиқлаган кишилардир», –  деб жавоб бердилар. Яъни, улар сизлар ўйлаганингиздек, пайғамбарлар эмас, балки раббоний манҳажга ва пайғамбар йўлига эргашган кишилардир, – дедилар. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратганидан то қиёматгача яшаб ўтган инсонлар ичида энг олий манзил ва энг юксак даража ҳеч шубҳасиз, бизнинг пайғамбаримиз ва ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга тегишлидир.

Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисни бир тадаббур қилинг. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:«Муаззиннинг азон айтаётганини эшитсангиз, у айтаётган калималарни такрорланглар, сўнгра менга саловот айтинглар. Чунки, ким менга бир марта саловот айтса Аллоҳ унга ўнта саловот айтади. Кейин Аллоҳдан менга “васила” сўранглар, зеро у жаннатдаги олий манзилат бўлиб, унга Аллоҳнинг бандалари ичидан фақат бир бандасигина етади. Ўша банда мен бўлишимни орзу қиламан. Ким менга Аллоҳдан “васила” сўраса шафоатимга эришади»(Муслим: №384).

Демак, васила жаннатдаги энг олий даража бўлиб, у фақат битта бандага насиб этади. У банда ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар.

Севикли дўстим! Жаннат аҳлининг таоми ва шароби, ходимлари, остларидаги тўшамалари ва эгниларидаги либосларидан сўрасангиз, бу ҳақда Парвардигоримизнинг Китобида келган тавсифлардан бирон нарсани зиёда этолмайман. Келинг, биргаликда ушбу ояти карималарни ўқийлик:

Аллоҳ таоло айтади:

«22. Шак-шубҳасиз яхшилар (яъни мўминлар жаннат) неъматларидадирлар. 23. Улар сўриларда (Аллоҳ таоло ўзларига ато этган неъматларга) боқиб(ўтирурлар). 24. Сиз уларнинг юзларида неъматларнинг жилвасини танирсиз  кўрурсиз. 25. Улар (жаннатда) муҳрланган майдан суғорилурларки, 26. У(май)нинг охири мушк бўлур. Бас, баҳслашувчи кишилар (мана шундай мангу неъматга етиш йўлида) баҳслашсинлар» (Мутоффифун: 22-26).

Аллоҳ таоло айтади:

«10. (Учинчи тоифа бўлмиш барча яхши амалларга) пешқадам бўлувчи зотлар (жаннат неъматларига эришишида ҳам) пешқадам бўлувчи зотлардир! 11-12. Ана ўшалар ноз-неъмат боғларида (Аллоҳ таолога) яқин қилинувчилардир. 13-14. (У пешқадамлар Ислом умматининг) аввалгиларидан кўпчилик, кейингиларидан эса оздир.

15-16. (Улар олтиндан) тўқилган сўриларда ястанган ҳолларида бир-бирларига рўбарў бўлиб (ўтирурлар). 17—18. Атрофларида эса мангу ёш (яъни ҳеч қаримайдиган) болалар оқар чашмадан (майли) қадаҳларни, кўзаларни ва косаларни айлантириб турурлар. 19. У (май)лардан уларнинг бошлари ҳам оғримас, маст ҳам бўлмаслар. 20-21. Яна ўзлари танлаб оладиган мева-чева ҳамда иштаҳалари тортган қуш гўштлари ҳам (айлантириб турилур). 22-23. Яна(улар учун) худди яшириб қўйилган марварид мисол оҳу кўз ҳурлар бордир» (Воқеа: 10-23).

Аллоҳ таоло айтади:

«12. Ва уларни сабр-қаноатлари сабабли жаннат ва (жаннатда эгниларида бўладиган) ипак (либослар) билан мукофотлади. 13. Улар у жойда сўриларга ястанган ҳолларида ўтирурлар. Улар у жойда қуёш(нинг қизиғи)ни ҳам, замҳарир (қишнинг совуғи)ни ҳам кўрмаслар. 14. (Жаннат) соялари уларга яқин ва мевалари ҳам (узиб тановул қилиш осон бўлсин учун) эгиб қўйилган бўлур. 15-16. Уларга кумуш идишлар(да таомлар) ва ўзи кумушдан (ясалган бўлса-да нафислигидан) шиша-шиша бўлиб кетган қадаҳлар(да шароблар) айлантирилиб турилур. (У шаробларни соқийлар ҳар кимнинг эҳтиёжига яраша) ўлчаб-белгилаб қўйгандирлар. 17-18. (Жаннат аҳли) у жойда мизожи-аралашмаси занжабил бўлган майкосалар  (жаннатлардаги) салсабил-ўтимли –  деб аталадиган чашма би­лан суғорилурлар. 19. Уларнинг атрофида мангу ёш (яъни ҳеч қаримайдиган) болалар (хизмат қилиб) айланиб турурларки, уларни кўрган вақтингизда (гўзалликлари, рангларининг тиниқлиги ва юзларининг нурлилигидан) сочиб юборилган марваридларми, –  деб ўйларсиз. 20. У жойда қачон қарасангиз ноз-неъматларни ва катта мулку давлатни кўрурсиз. 21. Уларнинг устларида яшил ипак ва шойи либослар бўлиб, улар кумуш билакузуклар билан безангандирлар ва Парвардигорлари уларни ниҳоятда покиза шароб-ла суғоргандир. 22. Албатта бу (жаннат ва ундаги ноз-неъматлар) сизлар учун мукофот бўлди» (Инсон: 12-22).

Жаннат аҳлининг аёллари васфига ҳам ҳар қанча сўзга уста кишининг тили ожиз, ҳар қанча уста адибнинг ҳам қалами қосир. Бу дунёдаги жуфти ҳалолингиз агар солиҳалар ва аҳли жаннатлар жумласидан бўлган бўлса, жаннатда ҳам сизга жуфт бўлади. Бироқ, Парвардигори олам аввал жаннатда уни жаннат камолига, жамолига ва ҳуснига муносиб келадиган кўринишда янгидан ҳозирлайди. Жаннатда аёлингизни, гарчи бу дунёда юз ёшдан ўтиб вафот қилган бўлса ҳам, айни гуллаб-яшнаган, ўттиз ёшлик ҳолида, ғоят гўзал, нафосат ва камолотга тўлган ҳолда топасиз. Киши жаннатда аёллари билан бир кунда бир неча бор жинсий муошаратда бўлса, ҳар сафар уларни бокира ҳолда топади.

Аллоҳ таоло айтади:

«27. Ўнг томон эгалари... Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир! 28. (Улар) тикансиз бутазорларда. 29. Тизилган бананзорларда. 30. Ёйилган соя(ости)да. 31. Оқизиб қўйилган сув (усти)да. 32-33. Тугаб қолмайдиган ва ман этилмайдиган кўпдан-кўп (турли-туман) мева-чева (ости)да. 34. Баланд кўтарилган кўрпачалар (усти)дадирлар. 35. Дарвоқеъ Биз уларни (оҳу кўз ҳурларни) дафъатан пайдо қилдик (яъни улар онадан туғилмадилар, балки Аллоҳнинг амри билан дафъатан пайдо бўлдилар). 36-37-38. Сўнг уларни ўнг томон эгалари учун (ёшда ҳам, ҳусну жамол ва қадду қоматда ҳам) бири-бирига тенг, эҳтиросли бокира қизлар қилиб қўйдик. 39-40. (Ўнг томон эгалари бўлмиш саодатманд кишилар) (Ислом умматининг) аввалгиларидан кўпчилик, кейингиларидан ҳам кўпчиликдир» (Воқеа: 27-40).

Оятдаги «эҳтиросли» –  деб таржима қилинган «урубан» (عرباً) сўзи «аруб» (عَروب) сўзининг кўплик шакли бўлиб, араб тилида аруб – деб эрига фақат ширин ва ёқимли сўз айтишдан бошқани билмайдиган, тилидан эрига нисбатан асло ёқимсиз ва ёмон сўз чиқмайдиган аёлга айтилади.

Парвардигор жалла ва ало жаннат аҳлига уларнинг дунёдаги аёлларига қўшимча ҳури ийнлар ҳам ато этади.

Ҳур (حور) ҳавроъ (حَوراء) сўзининг кўплик шакли бўлиб, ёш, чиройли, гўзал ва шаҳло кўз аёл маъносини билдиради. Ҳурлар одамзот жинсидан бўлмай, Аллоҳ таоло уларни жаннат аҳли учун махсус яратиб қўйгандир, уларнинг ҳуснларини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Парвардгоримиз азза ва жалла ҳурларни шундай таърифлаган:

«70. У (жаннат)ларда хушхулқ ва гўзал юзли (аёл)лар бордир. 71. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?! 72. (Улар) чодирларда асралган ҳурлардир. 73. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматла­рини ёлғон дея олурсизлар?! 74. Уларга (жаннат аҳлидан) илгари на бир инс ва на бир жин тегингандир. 75. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?! 76. (Жаннат аҳли у жаннатларда) яшил болишлар ва гўзал гиламлар устида ястанган ҳолларида (ўлтирурлар). 77. Бас,(эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъ­матларини ёлғон дея олурсизлар?! 78. Буюклик ва карам соҳиби бўлган Парвардигорингизнинг номи баракотли  муборакдир» (Раҳмон: 70-78).

«Саҳиҳул Бухорий»да келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннатдаги ҳурлар васфида шундай дейдилар: «Агар жаннат аҳлидан (ҳурларидан) бир аёл ер юзига қиё боқса, чор-атрофни ёритиб хуш бўйга тўлдириб юборарди. Унинг бошидаги рўмоли дунё ва ундаги барча нарсадан яхшироқдир».

Аҳмад ва Абу Яъло ҳасан санад билан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Улардан бири боққанида юзи ойнадан ҳам софроқ бўлади, унинг бошидаги битта марварид донаси еру осмон ўртасини ёритиб юборади».

«Саҳиҳайн»да Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Жаннатда мўмин киши учун кенглиги олтмиш мил бўлган ғовак марвариддан қилинган чодир бордир. Мўминнинг барча жуфтлари ўша чодир ичида бўлиб, улар бир-бирларини кўрмаган ҳолларида уларга навбати билан айланиб юраверади» (Бухорий: №3243, Муслим: №2838).

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Улардан (яъни, жаннат аҳлидан) ҳар бирининг гўзаллигидан болдирларининг иликлари этлари остидан кўриниб турадиган иккитадан жуфтлари бўлади. Улар ўртасида ихтилоф ҳам, адоват ҳам бўлмайди. Қалблари битта қалб бўлиб, эртаю кеч Аллоҳга тасбеҳ айтадилар» (Бухорий: №3245, Муслим: №2834).

Жаннат ҳурлари ҳақида ўқиганларим ичида энг ажойибларидан бири – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтишларича, ҳурлар жаннат аҳлидан бўлган ўз жуфтларини чиройли овозда қўшиқлар айтиб кутиб оладилар. Бундай гўзал овозни аввал ҳеч қачон эшитмаган бўладилар. Табароний Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ва Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Жаннат аёллари ўз жуфтларига ҳеч ким эшитмаган гўзал овозда қўшиқ айтиб берадилар. Улар куйлайдиган қўшиқларидан:

«Бизлар хуш хулқ, гўзал юзли аёллармиз

Улуғ зотлар учун жуфти ҳалоллармиз

Қувнатгувчи кўзлар-ла боқиб турурмиз».

Яна шундай қўшиқларидан:

«Бизлар барҳаётмиз, ҳаргиз ўлмасмиз,

Бизлар ҳотиржаммиз, ҳаргиз қўрқмасмиз,

Бизлар шу ерликмиз, кетиб қолмасмиз».

 

Тўртинчи: Розимисизлар?!

Билингки, жаннатдаги санаб ўтилган шунча неъматларнинг ҳаммаси ҳам энг олий, энг улуғ, энг буюк бир неъмат олдида ҳеч нарса бўлмай қолади. Шунча олий неъматлар унинг олдида ҳеч нарсага арзимай қоладиган бу улкан неъмат нима экан?! Ҳа.. Жаннатнинг ҳақиқий неъматлари сути-ю асали билан, суви-ю шароби билан, олтин-у кумуши билан, ҳурлар-у қасрлари билан бирга бу олий неъмат олдида ҳеч нарса бўлиб қолади! Бу олий неъмат Парвардигори оламнинг Юзига боқиш неъматидир!

Аллоҳ таоло айтади: «У Кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб турувчидир!» (Қиёмат: 22-23).

 Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ жаннат аҳлига нидо қилади:

— Эй аҳли жаннат!

— Эй Роббимиз, биз Сенинг чақириғингга доим тайёрмиз ва Сенинг чақириғинг билан бахтиёрмиз!

— (Мен берган неъматлардан) Розимисизлар?

— Нима учун рози бўлмайлик? Ахир, Сен бандаларингдан ҳеч кимга бермаган неъматларингни бизга бердинг-ку?!

— Мен сизларга бундан ҳам афзалроқ-улуғроқ неъматимни ато этмоқчиман!

— Эй Роббимиз, бундан-да улуғроқ қандай неъмат бор?

— Сизларга розилигимни тушираман ва ундан кейин сизларга асло ғазаб қилмайман, – дейди» (Бухорий: №6549, Муслим: №2829).

Суҳайб ар-Румий розияллоҳу анҳу ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «... Кейин парда кўтарилади ва улар Аллоҳга қарайдилар. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ уларга бундан-да севимлироқ ва қувончлироқ бирон неъматни бермагандир». (Термизий: №181, №2555).

Парда нима?!

У нурдан бўлган пардадир. «Саҳиҳ Муслим»да Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло ухламайди, ухлашлик Унга муносиб эмасдир. Тарозини (яъни адолатни ёки ризқни) туширади ва кўтаради. Кундузнинг амалидан аввал кечанинг амали, кечанинг амалидан олдин кундузнинг амали Унга кўтарилади. Унинг пардаси нурдир, агар уни очса Юзининг нури Кўзи етган барча халқларини куйдириб юборади» (Муслим: №179).

Бу шу дунёдадир. Чунки, дунё аҳли бунга тайёр бўлган эмасдир. Агар Аллоҳ таоло уларни жаннатда Ўзининг Юзига боқишга ҳозирламаса, уларда ҳам худди У тоққа тажаллий қилган пайтдаги ҳолат юзага келган бўлурди. Бинобарин, Аллоҳ таоло аввал жаннат аҳлини тайёрлаб олиб, кейин уларга Ўз юзидан пардани очади.  Уларга Аллоҳ азза ва жаллага боқишдан кўра севимлироқ нарса берилмаган бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: «Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёда неъматлар бордир» (Юнус: 26).

Гўзал оқибат – жаннат ва ундаги неъматлардир. Зиёда неъмат эса Парвардигоримизнинг Юзига боқиш неъматидир.

Парвардигор жалла ва алодан барчаларимизни Ўзининг раҳмати ва карами билан жаннат аҳлидан қилишини сўрайман. Зотан, У Раҳим ва Раҳмондир.

Суҳбатимиз давомида энди жаннатга олиб борувчи йўл билан мухтасар шаклда таништиришга ҳаракат қиламиз.

 

Иккинчи хутба

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидирлар –  деб гувоҳлик бераман.

Аллоҳим, Ўзинг у зотни энг яхши мукофотлар билан мукофотлагин.

Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд...

 

Бешинчи: Жаннатга йўл

Мен сизнинг олдингизга ушбу улуғ йўлни ёритиб берувчи бир неча белгиларни қўймоқчиман. Жаннатга етказувчи ушбу йўлнинг энг асосий белгилари қуйидагилардир:

 

1) Аллоҳ жалла ва алога бўлган иймон

Жаннатга фақат иймонли покиза зотларгина кира оладилар. Аллоҳ таоло айтади: «Эркакми ё аёлми  кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз» (Наҳл: 97).

Аллоҳ таоло айтади: «Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга хушхабар берингки, улар учун остларидан дарёлар оқиб турувчи боғлар бор. Қачон ўша боғларнинг бирор мевасидан баҳраманд бўлсалар, «Илгари татиб кўрган нарсамиз-ку», дейишади. Зеро уларга сурати бир-бирига ўхшаш мевалар берилади ва улар учун жаннатда покиза жуфтлар бордир. У зотлар жаннатда абадий қолажаклар» (Бақара: 25).

 

2) Солиҳ амал

Солиҳ амал иймоннинг ажралмас қисмидир. Иймон – тил билан айтиш, дил билан тасдиқлаш ва аъзолар билан амал қилишдир.

 

3) Масжидлар бино қилиш

«Саҳиҳул Бухорий»да Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким Аллоҳнинг розилигини истаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда у учун худди шунга ўхшаш (бир уй)ни бино қилади» (Бухорий: №450, Муслим: №532).

Имом Аҳмад ривоятида: «Ким Аллоҳ розилигини истаб, Аллоҳ учун бир каклик инидек бўлса-да, масжид бино қилса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади».

 

4) Жиҳод

Аллоҳдан унинг байроғини юксалтиришини ва залолат ва фасод аҳлини ер юзидан йўқ қилиб юборишини сўраймиз. Жиҳод ҳеч шубҳасиз, жаннатга бўлган йўлдир. Бу ҳақда кўплаб ҳадислар келган, биз бу ҳақда алоҳида хутба қилганмиз. Мен айтаманки, жиҳод фақат жаннатга йўл бўлиб қолмай, балки жиҳод иймон ва солиҳ амалдан сўнг умматнинг саодати ва умматнинг каромати учун ягона йўлдир. Умматга азизлик фақат ақидасини тузатганидан, Парвардигорига иймон келтирганидан ва Аллоҳ йўлидаги жиҳод байроғини баланд кўтарганидан кейингина келади.

 

5) Аллоҳнинг зикри ва тасбеҳи

Имом Термизий «Сунан»ида келтирган ва Албоний санадини ҳасан санаган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Исро кечасида Иброҳим алайҳис-саломга йўлиқдим. У деди: «Эй Муҳаммад, умматингизга мендан салом айтинг ва уларга хабар берингки, жаннатнинг тупроғи (ери) пок ва суви тотлидир, у текис ердир, унинг экини-кўчати «субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар»дир».

Жаннатнинг экини шудир, сиз тасбеҳ айтиш билан ўзингиз учун жаннатда экин экиб олинг.

Имом Муслим ва бошқалар Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қай бир мусулмон банда бир кеча-кундузда фарздан ташқари ўн икки ракъат нафл намоз ўқиса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй қуриб қўяди» (Муслим: №782, Абу Довуд: №1250, Термизий: №415).

Умму Ҳабибадан ривоят қилинган бошқа бир лафзда: «Ким пешиндан олдин тўрт ракъат ва пешиндан кейин икки ракъат, шомдан кейин икки ракъат, хуфтондан кейин икки ракъат ва бамдоддан олдин икки ракъат намоз ўқиса...».

Севикли биродарим! Аллоҳга иймон келтириш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш, Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш, шаҳватлар босимига сабр қилиш, ёмонликка буюрувчи нафсга қарши жиҳод қилиш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларида юриш.. Мана шу йўлнинг охирида албатта, Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳавзлари ёнида, сизни ундан ўз қўллари билан суғориш учун кутиб турганларини топасиз.

2012 йил 27-январ