Сешанба 3 Декабрь 2024 | 1 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ҳидоят йўли

3467 марта кўрилган

الشيخ محمد حسان
طريق الهداية
Бисмиллахир Рохманир Рохим

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ)  ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Азиз оға-инилар, муҳтарама опа-сингиллар, барчангизга Аллоҳнинг саломи бўлсин, анчадан бери кўришмаганимиз боис сизларни кўп соғинган эдик, даврамизга хуш келибсиз, қадамингизга ҳасанотлар бўлсин. Аллоҳ таоло юзларингизни ёруғ қилсин, қалбларингиз қулфини очсин, дилларингизни покласин. Сиз-у бизни ушбу муборак Уйида Ўз тоати устида жамлаган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан охиратда ҳам ҳаммамизни Ўзининг жаннатида ва улуғлик ҳовлисида жамлашини ва даъватчилар саййиди бўлган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қилишини сўрайман. Зотан, У бунинг хожаси ва бунга қодирдир.

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

«Ҳидоят йўли». Бугунги суҳбатимизни ана шундай атадик. Одатимизга кўра, вақтдан унумли фойдаланиш учун суҳбатимизни бир неча моддаларга бўлиб оламиз:

Биринчи: Ҳидоят турлари.

Иккинчи: Ҳидоят сабаблари.

Учинчи: Ҳидоят аломатлари.

Тўртинчи: Ҳидоят йўлидаги тўсиқлар.

Сўзларимга диққат-эътибор билан қулоқ солишингизни умид қиламан. Аллоҳ таолодан барчамизни Ўзининг тўғри йўлига ҳидоят қилишини сўрайман.

 

Биринчи: Ҳидоят турлари

 

Севикли дўстларим! Аллоҳ жалла ва ало бандаларига марҳамат қилган энг улуғ ва энг буюк неъмат шубҳасиз, ҳидоят неъматидир, иймон ва тавҳидга йўллаб қўйиш неъматидир. Бу неъматнинг улуғлиги шундан ҳам маълумки, Аллоҳ таоло бандаларига ҳар куни, ҳар бир фарзу нафл намозларнинг ҳар бир ракъатида Ундан ушбу неъматни сўрашни, ҳидоят талаб қилишни фарз қилди. Сизу биз ҳар бир намозимизда Аллоҳдан тўғри йўлга ҳидоят қилишини сўраймиз, «Фотиҳа» сурасини ўқирканмиз: «Бизларни тўғри йўлга йўллагин» (Фотиҳа: 6) деб илтижо қиламиз.

Хўш, ҳидоят нима, унинг қандай турлари бор?

«Ҳидоят» арабча сўз бўлиб, йўллаш, далолат қилиш, билдириш, баён қилиб бериш маъноларини англатади. Ҳидоят тўрт турлидир:

 

1) Умумий ҳидоят

 

Ҳидоятнинг ушбу тури Фиръавн Мусо ва Ҳорундан уларнинг парвардигорлари ҳақида сўраганида Мусо унга жавобан айтган сўзлардан олингандир. «(Фиръавн) деди: «Сизларнинг Парвардигорингиз ким, эй Мусо?» (Мусо) айтди: «Парвардигоримиз барча нарсага ўз хилқатини — шаклини ато этиб, сўнгра (уни) тўғри йўлга солиб қўйган зотдир» (Тоҳа: 49, 50).

Мана шу ҳидоят умумий ҳидоятдир. Яъни, Парвардигоримиз ҳамма нарсани ўз суратида ва ўзига лойиқ шаклда яратиб, унга ўзи нима учун яратилган бўлса, ўша вазифани адо этишига ёрдам берадиган қобилият ва лаёқат бериб қўйган Зотдир.

Масалан, кўзни Аллоҳ таоло гўзал ва ажойиб бир шаклда яратди ва унга кўриш лаёқатини ато этди. Уни кучли муҳофазаланган коса ичига ўрнатиб, зиён-заҳмат етишидан сақлади, кўзни ўткир нурлардан асраш учун уни қовоқлар билан ўраб қўйди, унинг устига қошларни териб, кўзлар ичига тер оқиб кириши йўлини тўсиб қўйди, кейин чанг-тупроқ ва микроблардан ҳимояланиши учун кўзни шўр сув билан таъминлаб қўйди.

Ёки, қулоқни Аллоҳ азза ва жалла кўриб турганимиздек, ажойиб бир шаклда яратди, бош суягининг икки томонига ковак қилиб, сўнг уларни ташқаридан чиройли косачалар билан ўраб қўйди, қулоқни ҳатто уйқу ичида ҳам эшитишга лаёқатли қилди, ухлаётган пайтда қулоқлар ичига ҳашаротлар кириб кетмаслиги учун уларни аччиқ сув билан таъминлаб қўйди.

Ёки, оғизни олсак, уни Аллоҳ таоло таомланиш ва гапиришга яроқли бир шаклда яратди, оғизга овқат яқинлашганда лаблар сиз буюрмасангиз ҳам, ўзидан-ўзи очилади, олди тишлар узиб олади, оғиз тишлар чайнаб, овқатни майдалайди, сўлаклар уни юмшатиб беради, тил эса овқат бўлакларини йўллаб қўйиш учун, шунингдек, сўзлаш учун қимирлаб туради.

Буларнинг ҳаммасини ким яратиб қўйди?! Ким ясади?! Ким ўз ишига йўллаб қўйди?!

Шеър (мазмуни):

«Уфқларда Аллоҳга йўлловчи аломатлар бисёрдир,

Эҳтимолки, сиз улардан жуда камини биларсиз.

Унинг вужудингизда жойлашган аломатлари ҳам

Жуда ҳайратомуздир агар очиқ кўз билан боқсангиз.

Борлиқ сир-асрорлар билан тўладир,

Уларга ечим қидирсангиз, ожиз қоласиз.

Ўлим чангалига тушган табибдан сўранг:

Эй дардларни даволовчи, сени ким ўлдирди?

Тиббиёт фани даволашдан ожиз қолганидан сўнг

Буткул тузалиб кетган бемордан сўранг: Сени ким тузатди?

Соппа-соғ туриб ўлиб қолган кишидан сўранг:

Эй соғлом инсон, сени ўлимга ким маҳкум этди?

Тиқилинчда туртинмай бораётган кўрдан сўранг:

Эй кўзи ожиз, сени ким йўлга солмоқда?

Кўзи очиқ бўла туриб чуқурга йиқилган

Кишидан сўранг: Сени ким қулатди?

Ташқи оламдан узилган, озуқасиз яшаётган

Ҳомиладан сўранг: Сенга ким ризқ берди?

Туғилиш пайти чинқириб йиғлаган

Гўдакдан сўранг: Ким сени йиғлатди?

Заҳар сочаётган илонни кўрсангиз

Сўранг ундан: Ким сени заҳарга бой қилди?

Сўранг: Оғзинг тўла заҳар бўла туриб,

Ўзинг қандай ўлмай, омон юрибсан?

Асаларидан сўранг: Қандай бол ясайсан?

Асалдан сўранг: Сени ким тотли қилиб қўйди?

Тезак ва қон орасидан отилиб чиқувчи

Тоза сутдан сўранг: Ким сени мусаффо қилди?

Ўликдан чиқиб келаётган тирикни кўрсангиз

Сўранг ундан: Ким сенга жон бахш этди?

Саҳрода ўсиб турган ёлғиз бутадан

Сўранг: Ким сенга озуқа берди?

Уруғни ёриб чиққан ниҳолни кўрсангиз

Сўранг: Данагингни ким ёрди?

Атрофга нур сочаётган ойни кўрсангиз

Сўранг ундан: Ким сенга нур берди?

Булутларга юзлашган тоғни кўрсангиз

Сўранг: Сени ким бунчалар пурвиқор этди?

Алангаси кўкка ўрлаган ўтни кўрсангиз

Сўранг: Сенга ким бунчалар ҳарорат берди?».

Уфқларда Аллоҳга йўлловчи аломатлар бисёрдир,

Эҳтимолки, сиз улардан жуда камини биларсиз.

Унинг вужудингизда жойлашган аломатлари ҳам

Жуда ҳайратомуздир агар очиқ кўз билан боқсангиз.

 

Аллоҳдан ўзга ҳам ҳақ илоҳ борми?!!

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтганидек, ким Унинг махлуқотидаги ҳидоятларидан баъзиларини тааммул қилса, ёлғиз Униг ўзигина ибодатга сазовор ҳақ маъбуд эканини билади. «Парвардигоримиз барча нарсага ўз хилқатини — шаклини ато этиб, сўнгра (уни) тўғри йўлга солиб қўйган зотдир» (Тоҳа: 50). Яъни, сўнгра уни ўзи учун яроқли бўлган ишга йўллаган ва уни ўзига хос вазифасига лаёқатли қилиб қўйган зотдир. Умумий ҳидоят шу бўлиб, борлиқдаги ҳар бир нарса ҳақида тафаккур қилсангиз, унга етиб бораверасиз.

Аллома Алусий «Руҳул-маъоний» китобида ушбу оятни яна-да гўзал тафсир қилиб: «Парвардигоримиз ҳар бир нарсани ўзига муносиб сурат ва шаклда яратди ва у нарсани Ўз вужудига далил қилди», дейди.

Шеър (мазмуни):

Ҳар бир нарсада Унинг ягоналигига далил бўлувчи аломатлар бор,

Ям-яшил воҳадан ва шариллаб оқаётган сувдан сўранг,

Тундан сўранг, тонгдан сўранг, хушовоз булбулдан сўранг.

Агар тун зулмати кетмаса ва қоронғулик давом этаверса,

Роббимдан ўзга ким ҳам тонгни келтира олади?!

 

Суҳбатимизнинг бу моддаси ҳақида кўп гапириб, сизларни зериктириб қўйишни истамайман, аслида, Роббимга қасамки, агар гапирамиз десак ҳар бир модда алоҳида суҳбат мавзуси бўлишга арзийди.

 

2) Йўллаш, билдириш, баён қилиб бериш ҳидояти

 

Бунинг маъноси шуки, Аллоҳ жалла ва ало инсонни яратди, ҳидоят қилди, йўллади, унга яхшилик ва ёмонлик йўлини танитди ва билдирди.

Аллоҳ таоло деди: «Ва Биз уни икки йўл яхшилик ва ёмонлик йўлларига йўллаб қўйдикку!» (Балад: 10).

Аллоҳ таоло деди: Дарҳақиқат, биз уни (инсонни) хоҳ у шукр қилувчи-мусулмон бўлсин ва хоҳ кўрнамак-кофир бўлсин (тўғри) йўлга ҳидоят қилдик (яъни шукр қилувчилар Биз уларни ҳидоят қилган Тўғри йўлни —ҳақ динни маҳкам тутадилар, кўрнамак кимсалар эса ўзларига кўрсатилган Тўғри йўлдан юз ўгириб кетадилар) (Инсон: 3).

Аллоҳ таоло деди: «Жонга ва уни расо қилиб-яратиб, унга фисқ-фужурини ҳам, тақвосини ҳам илҳом қилиб-ўргатиб қўйган зотга қасамки. Дарҳақиқат уни (яъни ўз нафсини-жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди. Ва у (жонни фисқ-фужур билан) кўмиб хорлаган кимса номурод бўлди» (Ваш-шамс: 7-10).

Аллоҳ бандаларига меҳрибонлигидан, мана шу ҳидоятдан, яъни, йўллаб қўйиш ҳидоятидан кейин ҳам уларни азобламади. Балки, уларга Ўз элчи ва пайғамбарларини юборди, уларга китобларини туширди. Токи, пайғамбарлар инсонларнинг қўлларидан тутиб, уларни ширк ва бутпарастлик зулматидан тавҳид ва иймон нурига олиб чиқсинлар, уларни Ҳақ таборака ва таоло йўлига йўлласинлар. Аллоҳ таоло айтади: «Биз то бирон пайғамбар юбормагунча (у орқали Ўзимизнинг амру фармонларимизни юбориб, унга итоат қилишдан бош тортмагунларича, бирон кимсани) азобловчи эмасмиз» (Исро: 15).

Аллоҳ таоло айтади: «Токи бу пайғамбарлар ўтганларидан кейин одамлар учун Аллоҳга қарши ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни(мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) қўрқитувчи қилиб юбордик. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Нисо: 165).

Аллоҳ таоло айтади: «Од қабиласига ўз биродарлари Ҳудни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир» (Ҳуд: 50).

Аллоҳ таоло айтади: «Самуд қабиласига ўз биродарлари Солиҳни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир» (Ҳуд: 61).

Аллоҳ таоло айтади: «Мадян қавмига ўз биродарлари Шуайбни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир» (Ҳуд: 84).

Хуллас, Аллоҳ таоло айтганидек: «(Сизнинг умматингиздан аввалги) ҳар бир уммат ичида ҳам албатта бир огоҳлантирувчи — пайғамбар ўтгандир» (Фотир: 24).

Хуллас, Аллоҳ таоло бандаларини то уларга пайғамбарлар юбориб, устларида ҳужжат барпо қилмай туриб азобламайди. Шу билан бирга, Аллоҳнинг бандаларга раҳматики, ҳар бир уммат ичида пайғамбаридан кейин ҳам унинг ворисларини қолдирди. Улар яхши олимлардир, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган холис ва инсофли даъватчилардир. Улар умматга Парвардигори ва Пайғамбари йўлини ёритиб бериш учун ёниб адо бўладиган шамлардир. Улар Раббоний уламолардир, содиқ даъват соҳибларидир. Пайғамбарлардан сўнг улар халқларни ҳақ йўлга бошлайдилар, башариятнинг қўлидан тутиб, уларни башариятнинг Парвардигори йўлига, башарият саййидининг йўлига етаклайдилар.

«Саҳиҳ Муслим»да Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мендан аввал Аллоҳ таоло тарафидан юборилган ҳар бир Пайғамбарнинг фидойи (ёрдамчилари) ва асҳоблари бўлган. Улар ўз Пайғамбарларининг суннатини ушлаб, айтганига юришган. Улардан кейин ўзлари қилмайдиган ишларни гапирадиган ва буюрилмаган (нотўғри) ишларни қиладиган ўринбосарлар уларнинг ўрнига келишди. Кимда-ким бундай кимсаларга қарши қўли билан курашса, у мўминдир! Кимда-ким тили билан курашса, у мўминдир! Кимда-ким қалби билан курашса, у мўминдир! Бундан кейин хардал уруғичалик ҳам иймон йўқдир!» (Имом Муслим ривояти).

Эй Аллоҳ! Бизларни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фидоийларидан қилгайсан.

Демак, далолат ва йўллаб қўйиш ҳидоятини пайғамбарлардан сўнг уламолар адо этарканлар. Чунки, улар пайғамбарларнинг ворисларидир. Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга хитобан айтади: «Айтинг: Менинг йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга  ишончга эгамиз. (Ҳар қандай шерикдан) Аллоҳни поклайман. (Зеро) мен мушриклардан эмасман» (Юсуф: 108).

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Киши то Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъват қилган нарсага аниқ ҳужжатлар билан даъват қилмагунича у зотга эргашган бўлмайди».

Далолат ҳидояти шудир.

3) Тавфиқ ҳидояти

 

Ҳидоятнинг ушбу тури, яъни тавфиққа йўллаш на пайғамбарлар ва на фаришталар қўлида бўлиб, унга ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч ким қодир эмасдир. Тавфиқ ҳидояти фақат Аллоҳнинг қўлида ва у ёлғиз Аллоҳдан бошқа ҳеч кимнинг қўлидан келмайди! Биз эса фақат далолат қилиш ва йўллаб қўйиш ҳидояти ва унинг сабаблари ҳақида изланишимиз ва шунга ҳаракат қилишимиз, тавфиқ ҳидоятини эса Парвардигоримиздан сўрашимиз лозим бўлади.

Тавфиқ ҳидояти нима?

У Аллоҳ жалла ва ало Ўзига иймон келтириш ва Уни ёлғиз билишга ҳамда Унинг тўғри йўлида юришга муваффақ қилиб қўйишидир. Бу ҳидоят сизу бизнинг қўлимизда ҳосил бўлмайди. Уламолар ва даъват соҳиблари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога нисбатан одоб доирасидан чиқмасликлари лозимки, уларнинг вазифаси етказиш ва огоҳлантиришдир, қалблар эса фақат Аллоҳнинг қўлидадир.

Сиз Қуръон ва Суннатга мувофиқ, соғлом уруғни ерга қаданг, натижаларини эса Аллоҳга топширинг. Бандалар устидан ҳукм чиқариш бизнинг вазифамиз эмас, бу иш бандаларнинг ҳар бир катта ва кичик ишларини ҳисоб қилувчи Аллоҳ таолонинг вазифасидир.

Агар тавфиқ ҳидояти Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида бўлса эди, у зот амакилари Абу Толибни албатта ҳидоят қилиб олган бўлардилар, унинг ҳидоятга кириб қолишини истаб юраклари эзилиб кетганди. Чунки, Абу Толиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва эсалламнинг энг кучли ҳимоячиси бўлган, у зотга келадиган ҳар қандай озору азиятларга қалқон бўлар, Макка мушрикларининг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга йўналтирилган қиличлари-ю камон ўқлари унинг метин қалқонига урилиб синиб тушарди. Шундай бўлса-да, амакиларини ҳидоят қилишга қодир бўлмадилар. У учун далолат ҳидоятидан бошқасини қилолмадилар. Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидан мурод ҳам шу ҳидоятдир: «Албатта сиз (ўзингизга тушган ваҳий ёрдамида) Тўғри йўлга етаклайсиз» (Шўро: 52).

Аммо, тавфиқ ҳидояти Аллоҳ таолонинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтган қуйидаги хитобида мужассам бўлган: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), аниқки, сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур» (Қасас: 56).

Имом Бухорий ва бошқалар ривоят қилишларича, Абу Толиб ўлим тўшагида ётганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳузурига кирдилар. Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Умайя ҳам шу ерда экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакилари ёнига чўкиб: «Эй амаки, «Ла илаҳа иллаллоҳ» денг, ана шу калимани Аллоҳ ҳузурида сиз учун ҳужжат қиламан», дедилар. «Эй Абу Толиб, Абдул Муттолиб миллатидан (яъни динидан) юз ўгирасанми?!», дейишди Абу Жаҳл билан Абдуллоҳ ибн Абу Умайя. Бу иккиси тинмай гапираверганидан кейин Абу Толибнинг уларга айтган охирги сўзи ўзининг Абдул Муттолиб миллатида эканини айтиш бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳузуридан чиқарканлар: «Модомики қайтарилмас эканман, сиз учун мағфират сўрайвераман», дедилар. Шундан сўнг қуйидаги оятлар нозил бўлди:

«На Пайғамбар ва на мўминлар - агар мушриклар қариндошлари бўлса ҳам - уларнинг дўзахи эканликлари аниқ маълум бўлганидан кейин, у мушриклар учун мағфират сўрашлари жоиз эмасдир» (Тавба: 113).

Ҳа, агар тавфиқ ҳидояти Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида бўлса эди, амакилари Абу Толибни албатта ҳидоят қилиб олган бўлардилар. Шундан ҳам маълум бўладики, азиз дўстларим, сизу биз Аллоҳ азза ва жаллага ғоят муҳтожмиз, Аллоҳ таолонинг тавфиқига эҳтиёжимиз жуда ҳам катта. Аллоҳга қасамки, сизларнинг ҳеч бирингиз бугун бу ерга ўз рағбатингиз билангина келиб қолмадингиз, балки Аллоҳ сизларни бунга муваффақ қилгани учун келдингиз. Эрта келиб, бу ерда кутиб ўтиришингиз ҳам Аллоҳнинг тавфиқи билан бўлди.

 

Аллоҳим, Сен бўлмасанг, ҳидоят не, билмасдик,

Намоз ҳам ўқимасдик, садақа ҳам қилмасдик.

Ўзинг қил қалбимизни осойишта, хотиржам,

Ҳам ёвга йўлиққанда қадамимиз мустаҳкам.

 

Аллоҳ таоло айтади: «Иймон келтириб, яхши амаллар  қилган зотлар  Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз  улар жаннат эгалари бўлиб, унда абадий қолажакларОстларидан дарёлар оқиб турар экан, уларнинг кўнгилларидан (бир-бирларига нисбатан бўлган) ғиллу ғашликларни тортиб олурмиз ва улар: «Бизларни бу (неъматларга) йуллаган зот  Аллоҳга ҳамду сано бўлгай. Агар бизни Аллоҳ ҳидоят қилмаганида ҳаргиз йўл топа олмас эдик. Ҳақиқатан Парвардигоримизнинг пайғамбарлари ҳақ динни келтирган эканлар», дейдилар» (Аъроф: 42, 43).

Бу мўмин кишининг Аллоҳнинг фазлини эътироф этишидир. Зотан, мўмин киши ҳеч қачон фазлни ўзига нисбатламайди, сўзда бўлсин, амалда бўлсин, ҳар бир фазлни Аллоҳга қайтаради. Аслида ҳам, фазлнинг боши ҳам, охири ҳам Аллоҳникидир. Тоат-ибодат қилсангиз, ким сизни тоатга муваффақ қилди? Зикр қилсангиз, сизни бунга ким муваффақ қилди? Шукр қилсангиз, сизни ким бунга муваффақ қилди? Толиби илм бўлсангиз, ким сизни илм олишга муваффақ қилди? Аллоҳнинг муродини тушунган бўлсангиз, ким сизни бунга муваффақ қилди? Ота-онангизга яхшилик қилсангиз, ким сизни бунга муваффақ қилди? Аллоҳ сизни эзгуликларни севувчи қилган бўлса, аввал-у охирда бундаги фазл ёлғиз Аллоҳга қайтади. Аллоҳ таоло айтади: «Улар сизга мусулмон бўлганларини миннат қилурлар. Айтинг: «Сизлар менга мусулмон бўлганларингизни миннат қилманглар. Балки агар (иймонингларда) содиқ бўлсангизлар, Аллоҳ сизларни иймонга ҳидоят қилганини миннат қилур» (Ҳужурот: 17).

 

4) Охиратдаги ҳидоят

 

Ҳидоят турларининг охиргиси охиратдаги ҳидоятдир.

Севикли дўстим! Шуни яхши билингки, ким бу дунёда Тўғри Йўлга ҳидоятланган бўлса, охиратда ҳам ўша ҳидояти миқдорига қараб, жаҳаннам устига тикилган сирот кўпригидан ўтишга йўллаб қўйилади. Демак, у ердаги юришингиз бу ердаги юришингизга қараб бўлади. Бу дунёда Тўғри Йўлда юришингизга тўсқинлик қилувчи шаҳватлар ва шубҳалар қай даражада бўлишига қараб, охиратда жаннатлар сари боришингизга тўсқинлик қилувчи чангаклар ва темир илгаклар шу даражада катта ва ваҳшатли бўлади. Агар шаҳват ва шубҳалар заиф бўлса, чангаклар ҳам кучсиз бўлади, шаҳват ва шубҳалар қанча кучли бўлса, чангаклар ҳам шунча кучли бўлади.

Баъзилар бу дунёда Тўғри Йўлда сабот билан юрадилар, – Аллоҳ Ўз фазли карами билан бизларни ҳам ўшалардан қилсин – шайтоннинг чақириқларига парво қилмайдилар, ёмонликка чорловчи нафс, ҳаво ва ёмонлар даврасига бурилиб қарамайдилар, Парвардигорни таниб, Унинг йўлини таниб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларидан оғишмай борадилар. Қадамлари маъсият чоҳига қоқилса, кийимлари гуноҳлар тиканакларига илашса, тезлик билан ўзларини тўғрилаб, кийимларини тавба ёшлари билан ювадилар, сўнг яна ўзлари юриб бораётган Тўғри Йўлда давом этадилар.

Бундай кишилар қиёмат куни жаҳаннам устига тикилган Сирот кўпригидан чақмоқдек ўтиб кетадилар, оёқларини кўприк устига қўяр-қўймас ўзларини у томонда, наъим жаннатлари ёнида кўрадилар.

Баъзилар ундан шамолдек елиб ўтиб кетади. Баъзилар учқур отдек чопиб ўтади. Баъзилар югуриб ўтади. Баъзилар юриб ўтади. Баъзилар ўрмалаб, аранг ўтиб олади. Баъзилар эса баданини ўт ялаб, чангаклар билан тилиниб, зўр-базўр ўтишади. Баъзилар эса чангаклар билан тутилиб, жаҳаннамга улоқтирилади.

Ушбу маънодаги ҳадисни Имом Муслим Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилиб келтирганлар.

Иймон аҳли Сирот устидан жаннатга ўтиб борадилар. Аллоҳ таолонинг мана бу сўзларини биргаликда тафаккур қилиб кўрайлик: «Албатта Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга дохил қилур. Улар у жойда олтиндан бўлган билакузуклар ва марварид-маржонлар билан безанурлар, либослари эса ҳарир-ипак бўлур. Улар (бу дунёда ҳам, охиратда ҳам) хуш-ҳақ сўзга (яъни «Аллоҳ якка-ягонадир», деган сўзга) ҳидоят қилинурлар ва ҳамду-сано эгаси — Аллоҳнинг йўлига йўлланурлар» (Ҳаж: 23, 24).

Эй Аллоҳим, бизларни ҳам ўшалардан қилгайсан. Улар бу дунё ҳаётида покиза-яхши сўзларга йўлланадилар, фақат яхши ва покиза сўзларни сўзлайдилар, маъруфга буюрадилар, мункардан қайтарадилар, тиллари доим Аллоҳ зикри билан нам, айбни ошкор қилмайди, ғийбат, чақимчилик, ёлғонни билмайди, ёлғон гувоҳлик бермайди. Бу кишиларни Парвардигорлари қиёмат куни мақтов ва ҳамду сано эгаси бўлган Зотнинг йўлига – Ўзининг йўлига йўллаб қўяди. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Учинчи тоифа бўлмиш барча яхши амалларга) пешқадам бўлувчи зотлар (жаннат неъматларига эришишида ҳам) пешқадам бўлувчи зотлардир! Ана ўшалар ноз-неъмат боғларида (Аллоҳ таолога) яқин қилинувчилардир. (У пешқадамлар Ислом умматининг) аввалгиларидан кўпчилик, кейингиларидан эса оздир» (Воқеа: 10-14).

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Охиратда розилик ва жаннатларга эришишда пешқадам бўлувчилар бу дунёда эзгулик ва тоатларда пешқадам бўлган кишилардир. Бу ерда пешқадам бўлиш миқдорича у ерда пешқадам бўладилар».

Имом Бухорий ва бошқалар Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган мана бу ажойиб ва гўзал ҳадис ҳақида бир фикрлаб кўринг:

«Мўминлар дўзахдан халос бўлишгач, жаннатга охири бўлиб бир киши киради. У  Сирот устида гоҳ юриб, гоҳ қоқилиб, гоҳ ўт уни домига тортиб, шу ҳолда ўтиб келади. Ундан ўтиб олгач, ортига қайрилиб қараб: «Мени сендан қутқарган Зот буюкдир. Аллоҳ менга аввалгилару охиргилардан бирон кишига бермаган неъматини берди», дейди...» (Бухорий: №2440, Аҳмад: 3/94).

У жаннатга охири кирадиган кишидир. Иш осон эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мўминлар дўзахдан халос бўлишгач», дедилар. Хўш, ундан кейин нима дейиларкан? Жаннатга марҳамат қилинглар, дейиладими? Йўқ. Кутиб туринглар, дейиладими? Йўқ. Сиротдан ўтилганидан кейин яна нима иш бор? Ҳисоб-китобдан сўнг, мезондан кейин яна нима бор? Бухорий ва Муслим ривоят қилган мана бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «(Қиёматда) мўминлар дўзахдан халос бўлишгач, жаннат билан дўзах оралиғидаги бир жойга қамаладилар...» Нима учун? Қасос олиш учун. Бир биродарга қилганингиз зулм жавобсиз қолиб кетади, деб ўйлайсизми?! Йўқ, албатта! Бировни ғийбат қилаётган ё биров ҳақида чақимчилик қилаётган ё одамлар орасини бузиб, дилларини бир-бирига душман қилаётган ё бировга зулм қилаётган ё бировни уриб-сўкаётган, бировга туҳмат қилаётган пайтингизда, бу ишларнинг ҳаммаси жавобсиз қолади, деб ўйлайсизми?! Мўминлардан бўлган ва Сиротдан эсон-омон ўтиб олган ҳолингизда энди ўзаро қасос учун тўхтатиласиз. Диққат қилинг, халқлар саййиди нима деганлар: «(Қиёматда)мўминлар дўзахдан халос бўлишгач, жаннат билан дўзах оралиғидаги бир кўприкка қамаладилар. Улар (шу ерда) дунёда ўтказган зулмлари учун бир-бирларидан қасос оладилар. Сўнгра (гуноҳлардан) покланиб, тозаланганларидан кейингина уларга жаннатга киришга изн берилади» (Бухорий: №2440).

Оҳ, зулм нақадар ёмон! Оҳ, зулмнинг оқибати нақадар ёмон! Эшитинг, сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима деганлар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, улардан бирови жаннатдаги ўрнига дунёдаги ўз манзилидан кўра йўл топувчироқдир».

Ҳозир, жумъа намозидан кейин ҳар биримиз уй-уйимизга йўл оламиз ва ҳеч кимдан сўрамай уйимизни топиб борамиз. Охиратда ҳам худди шундай. Ўзаро ҳисоб-китоб бўлиб, бир-бировларидан қасосларини олгач, ҳар бир киши ўзига жаннатдан амалларига ва даражасига қараб берилган ўрнига равона бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, улардан бирови жаннатдаги ўрнига дунёдаги ўз манзилидан кўра йўл топувчироқдир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

«...ва ҳамду-сано эгаси — Аллоҳнинг йўлига йўлланурлар» (Ҳаж: 24).

Аллоҳ таоло «Муҳаммад» сурасида айтади: «Уларни (Аллоҳнинг) Ўзи уларга танитган жаннатга киритур» (Муҳаммад: 6). Ҳар бир киши ўз манзилини билади, ҳар бир киши ўз маконига равона бўлади. Аллоҳ таолодан барчамизни олий Фирдавс аҳлидан қилишини сўрайман, У бунинг эгаси ва бунга қодирдир.

Севикли дўмтларим! Юқорида айтиб ўтилганлар ҳидоятнинг даражалари ва турлари эди..

Умумий ҳидоят..

Йўллаб қўйиш, билдириш ва баён қилиб бериш ҳидояти..

Тавфиқ ҳидояти..

Охиратдаги ҳидоят..

Аллоҳ таоло жаннат аҳлини жаннатга йўллайди, дўзах аҳлини дўзахга йўллайди. Жаннатнинг даражалари бўлганидек, дўзахнинг ҳам даражалари бўлади. Эй Аллоҳим, бизларни дўзахдан Ўзинг сақлагин! Аллоҳ таоло айтади: «(Эй фаришталар, сизлар) золим-кофир бўлган кимсалар ва уларнинг ҳамтовоқларини ҳамда улар Аллоҳни қўйиб ибодат қилиб ўтган нарсаларини тўплаб, дўзах йўлига бошланглар» (Вас-соффат: 22, 23).

Шундай қилиб, ҳидоят турлари ҳақида қисқача сўзлаб ўтдик.

Энди, ҳидоятга нималар сабаб бўлади? Суҳбатимизнинг иккинчи моддаси шу ҳақда бўлади.

Иккинчи: Ҳидоят сабаблари

 

1) Ҳидоят сабабларининг энг каттаси Аллоҳни танишдир. Ким Аллоҳни исмлари ва сифатлари билан таниса, Уни яхши кўриб қолади. Ким Аллоҳни яхши таниса, Ундан ҳақиқий қўрқади. Муҳаббат ва қўрқув ибодатдир. Ибодат – Аллоҳга комил бўйсуниш ва Уни комил севиш бирикмасидир. Ким Аллоҳнинг ёлғиз ўзига ибодат қилса ва Унга ширк келтирмаса, албатта Тўғри Йўлга ҳидоятланган бўлади.

 

2) Аллоҳга иймон келтириш. Мана бу оятга диққат қилинг: «Ким Аллоҳга иймон келтирса, У зот унинг қалбини (тўғри йўлга) ҳидоят қилур» (Тағобун: 11). Сиз бу оятни неча марталаб ўқиган бўлишингиз керак. Бироқ, у ҳақда фикр юритиб кўрганмисиз? Ким Аллоҳга иймон келтирса, У зот унинг қалбини тўғри йўлга ҳидоят қилиб қўяди. Агар қалб ҳақиқий ҳидоят топса, Парвардигорга сажда қилиб, то қиёмат куни Унинг жамолига боқиш лаззатига мушарраф бўлмагунича саждададан бош кўтармай қоларди. Агар қалб иймон ҳаловатини тотиб қолса, умуман саждадан бош кўтармай қўярди. Қалбнинг ҳидоятланиши дунё ва охират саодати йўлидир. Аллоҳ таоло айтганидек: «У кунда на молу-давлат ва на бола-чақа фойда бермас. Магар Аллоҳ ҳузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)» (Шуъаро: 88, 89). Аллоҳим, қалбларимизни Ўзинг ҳидоят қилгайсан.

 

3) Аллоҳга маҳкам боғланиш ҳам ҳидоят сабабларидан. Барча куч-қудрат фақат Аллоҳдан. Шундоқ экан, сиз далолат ҳидояти сабабларини қилишингиз ва тавфиқ ҳидоятига йўллашини сўраб, Аллоҳга дуо қилишингиз, дилингизга иймонни суюмли қилиб қўйишини ҳамда тўғри йўлда собитқадам қилиб қўйишини сўраб илтижо қилишингиз лозим бўлади. «Ким Аллоҳга боғланса (яъни Унинг динини маҳкам ушласа) бас, муҳаққақки, тўғри йўлга ҳидоят қилинибди» (Оли Имрон: 101).

Тўғри йўл нима? Сиз, албатта, бу иборани жуда кўп ишлатгансиз.

Алий розияллоҳу анҳу: «Тўғри йўл Қуръондир», деганлар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Тўғри йўл Исломдир», деганлар.

Ибн Ҳанафия розияллоҳу анҳу: «Тўғри йўл Аллоҳнинг динидирки, ундан ўзгасини қабул қилмагай», деганлар.

Демак, тўғри йўл Аллоҳнинг динидир.

Имом Аҳмад ва бошқалар Наввос ибн Самъон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ тўғри йўлга (қуйидаги) мисолни келтирди. Тўғри йўл, унинг икки четида икки девор, деворларда очиқ эшиклар, эшикларга парда тутиб қўйилган. Йўлнинг бошида бир жарчи жар солиб: «Эй одамлар! Ҳаммангиз шу йўлга киринг, ҳеч ким ундан бурилиб кетмасин», демоқда. Биров шу эшиклардан бирини очмоқчи бўлса, бошқа бир жарчи йўл устида туриб: «Ҳой, шўринг қурғур, очма уни! Агар очсанг, кириб кетиб қоласан», дейди...» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу мисолни шарҳлаб айтдилар: «Йўл – Ислом, деворлар – Аллоҳнинг ҳад-ҳудудлари, очиқ эшиклар – Аллоҳ ҳаром қилган ишлар, йўл бошидаги жарчи – Аллоҳнинг Китоби, йўл устидаги жарчи – ҳар бир муслимнинг қалбидаги Аллоҳнинг насиҳатчисидир». (Аҳмад: 4/182, Ҳоким «Мустадрак»да (1/73) келтириб, «Муслим шартига кўра саҳиҳ» деган, Заҳабий унга мувофиқ бўлган).

Сиз бир маъсиятга қўл урмоқчи бўлганингизда, қалбингизда бир насиҳатчи сизни бундан қайтариб: «Йўқ, ундай қилма, бу ишдан четлан, бу ҳаром», деб туради. Агар тоат-ибодат қилмоқчи бўлсангиз, қалбингиздаги насиҳатчи тоатни сизга суюмли кўрсатиб, уни кўпроқ қилишга ундаб туради. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Яхшилик – гўзал хулқдир, гуноҳ эса қалбингда тараддуд ҳосил қилган ва одамлар билиб қолишини истамаганинг нарсадир» (Муслим: Китабул-бирри вас-сила: 2553, Термизий: 2389).

Ҳар бир муслимнинг қалбидаги ўта сезгир термометр.. Ҳар бир муслим қалбидаги Аллоҳнинг насиҳатчиси.. Аллоҳдан қалбларимизни тирилтиришини сўраймиз.

 

4) Намозларга бепарво бўлмаслик ва уларни жамоат билан адо этишга ҳаракат қилиш.

Имом Муслим қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганлар: «Ким эртага Аллоҳга мусулмон ҳолатда йўлиқишни истаса, (азон айтилиб) чақирилаётган мана бу намозларни (жамоат билан) адо этсин. Чунки, Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳидоят йўлларини машруъ қилган, намозлар ҳам ҳидоятга бошловчи йўллардан. Агар сизлар жамоатга келмайдиган анови кимсага ўхшаб намозларни уйларингизда ўқисангиз, Пайғамбарингизнинг суннатини тарк қилган бўласиз. Агар Пайғамбарингиз суннатини тарк қилсангиз, шубҳасиз, адашиб кетасиз. Қай бир киши таҳорат олса ва таҳоратини чиройли қилса, сўнг масжидлардан биронтасига йўл олса, Аллоҳ таоло унга ҳар бир босган қадамига биттадан савоб ёзади, бир даража юксалтиради ва битта гуноҳини ўчиради. Дарҳақиқат, бизнинг  давримизда жамоат намозидан фақатгина мунофиқлиги ҳаммага маълум бўлган мунофиқларгина қолар эди. Ҳатто, битта одамни икки киши суяб олиб келиб, сафга турғизишарди» (Имом Муслим: Масжидлар ва намоз ўринлари китоби: 257/654).

 

5) Яхшиларга ёндошиш. Сизга Аллоҳни эслатиб турадиган киши билан ҳамсуҳбат бўлишингиз, сизни Аллоҳни танишдан тўсадиган кишидан узоқлашишингиз ҳам ҳидоятнинг энг катта сабабларидан саналади.

Аллоҳ таоло айтади: «У кунда бу золим қўлларини тишлаб (надоматлар қилиб) дер: «Э, қанийди мен ҳам пайғамбар билан бир йўлни тутганимда эди; Ўлим бўлсин менга, қанийди мен фалончини дўст тутмаганимда эди; Аниқки, менга эслатма — Қуръон келганидан сўнг, ўша (фалончи) мени йўлдан оздирди». (У кунда) шайтон (ҳаёти дунёда ўзига эргашган барча) инсонни ёрдамсиз қўйувчидир» (Фурқон: 27-29).

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фақат мўмин билан дўстлашгин ва таомингни фақат тақволи киши есин», деганлар (Абу Довуд: 4832, Термизий: 2395, Аҳмад: 3/38 ва бошқалар Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Яна у зот: «Яхши суҳбатдош билан ёмон суҳбатдошнинг мисоли мушк сотувчи (аттор) билан  (темирчининг) босқонига дам урувчига ўхшайди. Мушк сотувчи ё мушкидан сизга ҳадя қилади ё ундан сотиб оласиз ё ҳеч бўлмаса ундан хушбўй атр ҳидини топасиз. Босқонга дам урувчи эса ё кийимингизни куйдиради ё эса ундан бадбўй ҳид топасиз», деганлар (Муттафақун алайҳ, Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган).

Мавзуга тегишли яна талайгина нуқталар ҳам бор бўлса-да, сизларнинг вақтингизни олмаслик учун шунчаси билан кифояланаман. Аллоҳдан эшитган ва гапирган нарсаларимизни бизлар учун манфаатли қилишини, барчамизга ҳидоят, поклик ва тақво насиб этишини сўрайман. Зотан, У бунинг эгаси ва бунга қодирдир. Ушбу сўзларни айтарканман, ўзим учун ҳам, сизлар учун ҳам Аллоҳга истиғфорлар айтаман.

 

Иккинчи хутба

 

Оламлар парвардигори Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Бир Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқлигига ва саййидимиз Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси эканларига гувоҳлик бераман. Эй Аллоҳ, Ўзинг у зотга ҳамда аҳли-ю асҳобига саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд..

Севикли дўстларим!  Ҳидоятнинг энг катта сабабларидан яна бири нафсга қарши курашдир.

Аллоҳ таоло айтади: «Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилувчи зотлар билан биргадир» (Анкабут: 69).

Нафсга қарши курашнинг тўртта даражаси бор:

Биринчиси: Ҳақ ва ҳидоятни ўрганишда нафс билан курашиш.

Иккинчиси: Ўрганган нарсага амал қилишда нафс билан курашиш.

Учинчиси: Ҳақ ва ҳидоятга чорлашда нафс билан курашиш.

Тўртинчиси: Озор ва балоларга сабр қилишда нафс билан курашиш.

Ўрганган, амал қилган ва ўргатган киши мунофиқ ва золимлар тарафидан озорларга дучор бўлмай иложи йўқ.

Аллоҳ таоло айтади: «Биз (сиздан илгари ўтган) ҳар бир пайғамбар учун (ҳам) жиноятчи кимсалардан мана шундай душман(лар) қилганмиз» (Фурқон: 31).

Аллоҳ таоло айтади: «Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! Ҳолбуки Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ («Иймон келтирдик» деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур» (Анкабут: 2, 3).

 

Учинчи: Ҳидоят аломатлари

 

Вақт тиғизлиги сабабли имкон қадар қисқароқ қилиб ҳидоят аломатлари ҳақида сўзлаб ўтаман.

Ҳидоятнинг энг биринчи аломати иймонни рўёбга чиқаришдир.

Ким Аллоҳга иймон келтирса ва Аллоҳни ягона ҳақ маъбуд деб билса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уни ҳидоят қилибди. Мана шунинг ўзи уни Аллоҳ ҳидоят қилгани аломатидир.

Ҳидоятнинг энг катта аломатларидан яна бири намозларни ўз вақтида адо этишдир.

Ҳидоятнинг энг катта аломатларидан яна бири Аллоҳ ва Расули сўзларини эшитиб, итоат қилишдир. Аллоҳ таоло айтади: «Бас (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг бандаларимга — сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига (яъни нажотга элтувчи рост Сўзга) эргашадиган зотларга хушхабар беринг! Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Ва ана ўшаларгина ақл эгаларидир» (Зумар: 17, 18).

Аллоҳ таоло Ўзининг Пайғамбарига итоат қилиш ҳақида шундай деди: «Агар унга бўйсунсангиз, ҳидоят топурсизлар» (Нур: 54).

Демак, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш ҳидоят аломатларидан экан.

Ҳидоят аломатларидан яна бири – имкон борича, қўлдан келган ҳар қандай восита билан Аллоҳга даъват қилишдир, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришдир.

Ҳидоят аломатларидан яна бири – яхшилар билан ҳамсуҳбат бўлиш ва ёмон улфатлардан узоқлашишдир.

Ҳидоят аломатларидан яна бири – юриш-туришингиз ҳаммаси чин кўнгилдан ва амалий равишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юриш-туришларига мувофиқ бўлишидир. Зотан, қалб бузуқ ва солиҳ амаллардан узоқда бўлган ҳолда, фақат ташқи кўринишда у зотга ўхшашнинг ўзи кифоя қилмайди.

Шунинг учун имом Аҳмад ва бошқалар саҳиҳ санад билан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳнинг энг яхши бандалари уларга қаралса Аллоҳ эсга тушадиган кишилардир» (Аҳмад: 4/227).

Дарҳақиқат, мусулмонлар орасида шундай кишилар борки, уларга қарасангиз, Аллоҳни эслайсиз, уларнинг кўринишлари ва ҳайбатлари Аллоҳ зикрини ёдингизга солади. Шуни ҳам ёдда тутиш керакки, ҳайбат кибрдан бошқа нарсадир. Айрим толиби илмлар тасаввурига кўра, ҳайбатли кўриниш учун киши қовоқ уйиб, пешонасини тириштириб, дағал овозда сўзлаши лозим. Йўқ, ундай эмас. Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтганларидек, одамларнинг сиздан ҳайбатланишлари сизнинг Аллоҳдан ҳайбатланишингиз миқдорига қараб бўлади. Баъзи одамлар борки, уларни кўриш билан Аллоҳ эсга тушади.

Ҳидоят аломатларидан яна бири – одамлар сизга муҳаббат қўйишлари ва сизнинг ҳаққингизда мақтовли сўзлар айтишларидир.

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло бир бандани яхши кўрса, Жибрийлни чақириб: «Мен фалончини яхши кўраман, сен ҳам уни яхши кўргин», дейди. Шунда Жибрийл ҳам уни яхши кўриб қолади. Сўнг само аҳли ичида: «Аллоҳ фалончини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринглар», деб нидо қилади, само аҳли ҳам уни яхши кўрадилар. Шундан сўнг у инсон учун ерда қабулият (яъни, одамларнинг муҳаббати ва розиликлари) вужудга келади. Агар Аллоҳ бир бандани ёмон кўрса, Жибрийлни чақириб: «Мен фалончини ёмон кўраман, сен ҳам уни ёмон кўргин», дейди. Шунда Жибрийл ҳам уни ёмон кўриб қолади. Сўнг само аҳли ичида: «Аллоҳ фалончини ёмон кўради, сизлар ҳам уни ёмон кўринглар», деб нидо қилади, само аҳли ҳам уни ёмон кўрадилар. Шундан сўнг у инсон учун ерда нафрат вужудга келади» (Муттафақун алайҳ).

«Саҳиҳ Муслим»да Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Нима дейсиз, бир киши эзгу амал қилади, бунинг учун одамлар уни мақтайдилар», деб сўралди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу нарса мўмин учун нақд (шу дунёдаёқ берилган) хушхабардир», дедилар (Муслим: 166/2642, Аҳмад: 5/156).

Одамлар сизга муҳаббат қўйиши ҳам Аллоҳнинг сизни ҳидоят қилгани аломати, дедик. Бироқ, одамлар деганда ҳамма инсонларни тушунманг. Зотан, мўмин кишини фақат мўминлар яхши кўради. Аммо, мунофиқ кимса мўмин кишини ич-ичидан ёмон кўради. Шунинг учун, яхши билинг ва доим ёдда тутингки, мўминни фақат мўмин яхши кўради, мўминни фақат мунофиқ ёмон кўради. «Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Руҳлар жамланган лашкарлардир. Улар ичидан жинси бир-бирига мос келгани (таниганлари) улфатлашади, мос келмагани (танимаганлари) бир-бири билан чиқиша олмайди (юз ўгириб кетади)».

Хаттобий айтадилар: Мўминларнинг руҳлари мўминлар томонга талпинади, мунофиқларнинг руҳлари мунофиқлар тарафга интилади. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта иймон келтириб яхши амаллар қилган зотлар учун Раҳмон дўстликни (барқарор) қилур» (Марям: 96). Яъни, мўмин бандалар қалбларида муҳаббат ҳосил қилади.

 

Тўртинчи: Ҳидоят йўлидаги тўсиқлар

 

Энди навбат ҳидоят йўлидаги тўсиқлар ҳақидаги гапга келди. Узоқ сўзлаб сизларни зериктириб қўймаслик учун бу ҳақда имкон қадар қисқа қилиб айтиб ўтаман.

Тўсиқлар ичида энг хатарлилари куфр, зулм ва фосиқликдир.

«Албатта Аллоҳ кофир қавмни ҳидоят қилмас» (Моида: 67).

«Албатта Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас» (Анъом: 144).

«Албатта Аллоҳ фосиқ қавмни ҳидоят қилмас» (Мунофиқун: 6).

Исрофгарлик ва ёлғончилик ҳам ҳидоятга тўсиқ бўлади.

«Албатта Аллоҳ ҳаддан ошувчи, ёлғончи кимсаларни ҳидоят қилмас» (Ғофир: 28).

Нафс ҳавога эргашиб кетиш ҳам ҳидоят йўлидаги тўсиққа айланади.

«Эй Довуд, дарҳақиқат Биз сени ерда халифа қилдик. Бас сен (нафс) хоҳишига эргашиб кетмагин! Акс ҳолда у сени Аллоҳнинг йўлидан оздирур. Албатта Аллоҳ йўлидан озадиган кимсалар учун ҳисоб-китоб кунини (яъни Қиёматни) унутиб қўйганлари сабабли қаттиқ азоб бордир» (Сод: 26).

Ҳидоят йўлидаги тўсиқларнинг энг каттаси шайтондир. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, шайтоннинг изидан эргашманглар! Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта (шайтон) бузуғлик ва ёмонликка буюрур» (Нур: 21).

Шайтон бизнинг энг катта душманимиз: «Аниқки, шайтон сизларга душмандир, бас уни душман тутинглар!» (Фотир: 6).

Аллоҳ таоло шайтон ҳақида деди: «У (шайтонга эса) ўзини дўст тутган кимсани албатта йўлдан оздириш ва дўзах азобига йўллаш ёзиб қўйилгандир — ҳукм қилингандир» (Ҳаж: 4).

Дуо...

 

6.12.2012.