асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Қурбон ҳайити хутбаси6156 марта кўрилган عبد المجيد بن عبد العزيز الدهيشي Шайх Абдулмажид ибн Абдулазиз ад-Дуҳайший بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир. «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102). «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)!» (Нисо: 1). «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70-71).
Аммо баъд... Эй мусулмонлар, Роббингиздан тақво қилингиз, У гуноҳларингизни кечиргай, Унга итоат қилингиз, нажот топгайсиз ва дунё ҳам охиратда саодатли бўлгайсиз! Эй Аллоҳнинг бандалари, агар баъзиларимизга ҳаж ибодатини бу йил адо этиш насиб бўлмаган бўлса, тақводор зотларнинг қалбларига таскин ва тасалли бериб, меҳрибон ва саховатли Зот бўлган роббимиз Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу муборак кунларда мўминларга мўл-кўл ажру савобларга эришадиган ибодат ва солиҳ амалларни машруъ қилиб қўйгандир. Олдимизда Арафа куни турибди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу кунда тутилажак рўза ҳақида сўралганларида: «Ўтган ва қолган келгуси йил гуноҳларига каффорат бўлади», деганлар (Имом Муслим ривояти). Арафа кунидан кейин Қурбон ҳайити (Ийд ал-Азҳо) куни келади, бу кун йилнинг энг афзал кунларидан бири, баъзи уламолар фикрида эса мутлақ энг афзал куни саналади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ ҳузурида энг улуғ кун қурбонлик кунидир», деганлар (Абу Довуд ривояти). Ҳажнинг энг муҳим амаллари ушбу кунда жамланган, ҳожилар шу куни «Жамратул-Ақаба» тошини отадилар, ифоза тавофини адо этадилар, сочларини олдирадилар, жонлиқларини бўғизлайдилар. Ҳажда бўлмаганлар эса ҳайит намозини адо этадилар, қурбонликларини сўядилар, такбиру тасбиҳлар айтадилар. Дарҳақиқат, ушбу кун энг улуғ кун бўлиш шарафига лойиқдир. Шундай улуғ неъматларга эриштириб турган Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсин. Билингки, Зул-ҳижжанинг ўн кунида, ийд ва ташриқ кунларида барча мусулмонлар кўп-кўп такбир ва зикрлар айтишлари машруъдир. Зеро, бу кунлар зикр ва шукр кунларидар. Аллоҳ таоло айтганидек: «Ва одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чақиргин, улар сенга (яъни сенинг даъватингга жавобан) яёв ҳолларида ва йироқ йўллардан келадиган ориқ-ҳолдан тойган туялар устида келурлар. Улар ўзлари учун бўлган (диний ва дунёвий) манфаатларга шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (яъни Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (қурбонлик учун сўйиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келурлар)» (Ҳаж: 27, 28). «Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилингиз!» (Бақара: 203). Саноқли кунлардан мурод Зул-ҳижжа ойининг мазкур кунларидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан такбирнинг муайян кўриниши белгилаб берилмаган, фақат баъзи саҳобалардан бу ҳақда баъзи сўзлар ривоят қилинган. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши қуйидаги такбир калималарини айтардилар: «Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар, Ла илаҳа иллаллоҳу, Валлоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар ва Лиллаҳил-ҳамд». Салмон Форсий розияллоҳу анҳу эса: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар кабийро» деб такбир айтардилар. Такбирни овоз чиқариб айтиш суннатдир. Ҳайит куни байрам қилиб, хурсандчилик қилиш динимиздаги чиройли ишлардан саналади. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларида Мадина аҳлининг жоҳилият давридан келаётган иккита байрами бўлиб, ўша кунлари ўйин-кулги қилишарди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Мен сизларга (кўчиб) келганимда сизларнинг ўйин-кулги қиладиган иккита жоҳилиятдаги байрамингиз бор эди, Аллоҳ сизларга улардан кўра яхшироқ (байрам)ни – қурбонлик ва фитр кунларини алмаштириб берди» (Аҳмад, Абу Довуд, Насоий ривоятлари). Мусулмон киши ҳайит кунлари ўта исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда, чиройли кийимлар кийиб, хушбўйликлар билан хушбўйланиб чиқиши машруъдир. Ҳайит намози ўқиш фарзи айн эканига барча муҳаққиқ уламолар ўртасида иттифоқ қилинган. Жумладан, Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Ийд намози фарзи айндир, у Исломдаги энг улуғ ибодатлардан, одамлар бу намоз учун жумъа намозидан кўра каттароқ жамоат бўлишади, унда такбир айтиш машруъ бўлган». Бироқ, ийд хутбасини тинглаш вожиб (фарз) эмас, балки мустаҳаб (яхши) амал саналади. Абдуллоҳ ибн Соиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен ийд намозини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўқидим. Намоздан сўнг у зот: «Биз хутба қиламиз, ким хутбага ўтиришни истаса ўтирсин, ким кетишни истаса кетаверсин», дедилар (Абу Довуд ва Насоий ривоятлари, саҳиҳ). Қурбон ҳайити куни ийд намозига ҳеч нарса тановул қилмаган ҳолда чиқиш ва намоздан қайтиб, қурбонлиги гўштидан тановул қилиш мустаҳабдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари шудир. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аммо, ийд ал-азҳо куни у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) то ийд намозидан қайтиб келмагунларича бирон нарса емасдилар, кейин қурбонликлари гўштидан тановул қилардилар». Ийд намозига чиққан киши бир йўлдан бориб, бошқа йўлдан қайтиши мустаҳабдир. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилардилар (Имом Бухорий ривояти). Иложи бўлса, намозга яёв юриб чиқиш мустаҳабдир, имом чиқиб келгунича такбир айтиб ўтириш яхши бўлади. Аллоҳнинг бандалари! Ҳайит кунлари беҳуда ўйин-кулги ва ғофиллик кунлари эмас, балки ибодат ва шукроналик кунлари бўлиб, мўмин киши бу кунларда турли ибодатлар билан машғул бўлади. Жумладан, қариндош-уруғ ва ёру дўстларни зиёрат қилиш, гина-кудурат ва адоватларни ўртадан кўтариш, етимлар ва мискинларга марҳамат кўрсатиш, аҳли аёл ва фарзандлар кўнглига сурур бағишлаш, қўни-қўшни ва таниш-билишлар орасидаги муҳтож кишиларни йўқлаш ва уларга ёрдам кўрсатиш каби ишлар Аллоҳ яхши кўрадиган ва рози бўладиган ибодатлардан саналади. Қурбон ҳайити кунлари қилинадиган энг улуғ ибодатлардан бири Аллоҳ таолонинг: «Парвардигорингиз учун намоз ўқинг ва (жонлик) сўйиб-қурбонлиқ қилинг!» (Кавсар: 2) амрига бўйсуниб, қурбонлик сўйишдир. Қурбонлик учун жонлиқ бўғизлаш бизнинг динимизда ва биздан аввалги умматларда ҳам машруъ бўлган ибодатлардан бўлиб, пайғамбарлар отаси Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилишга чоғланиб турганларида Аллоҳ таоло тарафидан унинг ўрнига бир қўчқор бўғизлаш амри бўлган ва у киши ўша қўчқорни бўғизлаган эдилар. Қурбонлик Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларидан. Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оқ-қора рангли шохдор икки қўчқорни қурбонлик қилдилар, «Бисмиллаҳ» ва «Аллоҳу акбар» деб, уларнинг бўйнига оёқларини қўйиб туриб, ўз қўллари билан сўйдилар (Имом Муслим ривояти). Парвардигор субҳанаҳу ва таоло қурбонлик сўйиш остидаги ҳикматни баён қилиб деди: «Аллоҳга (қилган қурбонликларингизнинг) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин у зотга сизларнинг тақво-ихлосингиз етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли У зотни улуғлашларингиз учун (яъни қурбонликларингизни сўяётган пайтингизда Аллоҳнинг исмини зикр қилишингиз учун) уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Яхшилик қилувчиларга хушхабар беринг» (Ҳаж: 37). Шайх Абдурраҳмон ас-Саъдий раҳимаҳуллоҳ оят тафсирида айтади: «Ундан мурод сўйишгина эмас, Аллоҳга унинг гўшти ва қонидан бирон нарса етмайди, зотан У буларниг барчасидан беҳожат Зот, балки Аллоҳга ўша амалдаги ихлос, ажрталаблик ва солиҳ ният етади. Шунинг учун У: «Лекин у зотга сизларнинг тақво-ихлосингиз етар», деди. Бунда жонлиқ бўғизлаш пайтида ихлос ва ниятни тўғрилашга тарғиб бордир, мақсад фақат Аллоҳ розилиги бўлмоғи, мақтаниш, риё ва сумъадан сақланиш, ёки шунчаки одат бўлиб қолган бир ишни қилиш бўлиб қолмаслиги лозим. Исломдаги бошқа барча ибодатлар ҳам шундайдир, уларда ихлос ва тақво бўлмаса, пуч ва мағзи йўқ пўст бўлиб, мисоли жонсиз жасад бўлиб қолаверади». Шунинг учун мўмин киши қурбонлик сўйишда Аллоҳга қурбат ва ихлосни дилига ҳозирламоғи, мақтаниш ва ўзини кўрсатиб қўйишдан, яъни риёдан сақланмоғи, Аллоҳ таолонинг қуйидаги амрига бўйсунишни ўзида кўрсатиб турмоғи зарур бўлади: «Айтинг (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир. У зотнинг биронта шериги йўқдир. Мана шунга (яъни ягона Аллоҳга ихлос-ибодат қилишга) буюрилганман. Ва мен бўйсунувчиларнинг аввали — пешқадамиман» (Анъом: 162, 163). Кейин шуни ҳам билсинки, у қурбонлик сўйиш билан Аллоҳ таолонинг ҳурматлаш ва улуғлаш вожиб бўлган қонун-қоидаларидан бирини адо этмоқда. Аллоҳ таоло айтади: «Ким Аллоҳ қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта (бу ҳурмат) дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлур» (Ҳаж: 32). Аллоҳ таоло айтади: «Ким Аллоҳ ҳурматли қилган нарсаларни ҳурмат (риоя) қилса, бас бу Парвардигори наздида ўзи учун яхшидир» (Ҳаж: 30). Аллоҳнинг ҳукмларини ва У ҳурматли қилган нарсаларни ҳурматлаш ва улуғлашда дунё ва охиратда кўп савоб ва яхшиликлар бордир. Уларни ҳурматлаш эса чин дилдан истаб адо этиш, бу борада ялқовлик ва бепарволик қилмаслик билан бўлади. Айрим авом кишилар ўйлаганидек, қурбонлик вафот этиб кетган кишиларга хослаб қилинмайди. Илм аҳллари сўзларига кўра, қурбонлик сўйиш тириклар зиммасига вожиб. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалари ўзлари ва аҳли оилалари номидан қурбонлик қилардилар. Аммо, агар ўтиб кетган кишиларни ҳам шерик қилиб, уларга ҳам ажри бўлсин деб қилинса, жоиздир. Фақат вафот этган киши унинг номидан қурбонлик қилишни васият қилган бўлса, васиятни адо этиш лозим бўлади. Эй Аллоҳ, илмимизни зиёда этгин ва бизга фойдали бўлган илмларни билдиргин, Сен марҳаматли ва Карим Зотсан. Ўзим учун ва сизлар учун Аллоҳга истиғфорлар айтаман.
Иккинчи хутба
Аллоҳга ҳамдлар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога саловоту саломлар бўлсин. Аммо баъд... Қурбонлик яроқли бўлиши учун унинг бир неча шартлари тўла бўлмоғи зарур: 1) Қурбонликка сўйиладиган жонлиқ туя, қорамол ёки қўй-эчки бўлиши; 2) Жонлиқ шариатда белгиланган ёшга етган, яъни шаръий истилоҳда «мусинна» бўлиши. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сўйсангиз фақат «мусинна» сўйинглар. Агар бу сизларга оғирлик қилса, унда қўйдан «жазаъ» сўйинглар» (Имом Муслим ривояти). Қурбонлик қилиш учун танланган қўйнинг бир ёшга тўлган бўлиши шарт. Буни араб тилида "жазаъ" дейдилар. Маълумки, қўй 6 ойда бир ёшга тўлади. Қўйдан бошқа эчки, сигир ва туяларга келсак, уларнинг қурбонликка яроқли бўлиши учун "санийя" бўлиши шарт қилинган. "Санийя" мазкур ҳайвонларнинг ёшини белгилайдиган меъёр бўлиб, у эчкининг тўлиқ бир ёшга кириб, иккига қараб кетганидир. Сигирларда икки ёшга тўлиб учга ўтгани, туяда тўлиқ тўрт ёшга кириб бешинчи йилга ўтгани "санийя" бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Сўйсангиз фақат "мусинна" сўйинглар. Агар бу сизларга оғирлик қилса, унда қўйдан "жазаъ" сўйинглар" ҳадисини шарҳ қилган олимлар "мусинна" деганда чорва ҳайвонларнинг "санийя" си тушунилади, дейдилар. 3) Айблардан холи бўлиши. Қурбонликка яроқсиз қилиб қўядиган айблар тўртта: очиқ кўриниб турган касаллик, чўлоқлик, ғилайлик ва ўта озғинлик. 4) Жонлиқ уни қурбонлик қилувчи кишининг мулки бўлиши ёки бировнинг мулки бўлса ҳам, унинг сўйишига изн берилган бўлиши. Ўғирланган, босқинчилик билан тортиб олинган ва шу каби ҳайвонлар қурбонликка ярамайди. Зотан, Аллоҳ таоло пок Зот, У фақат покиза нарсаларни қабул қилади. 5) Шаръан белгилаб берилган вақтда бўғизлаш. Яъни, ийд намозидан сўнг то Зул-ҳижжанинг ўн учинчи куни кун ботгунича сўйиш мумкин. Битта қўй (эчки) бир киши ва унинг аҳли оиласига кифоя қилади. Туя ва қорамол эса етти кишига кифоя қилади. Қурбонлик қилиш нияти бўлган киши Зул-ҳижжа ойи киргач, то қурбонлигини бўғизламагунича соч ва тирноқларини олмайди. Аммо соч ва тирноқларини олган кишининг ҳам қурбонлиги раводир. Биров эсида йўқ ёки билмасдан қилса, ёки соч ва тирноқларини олган пайт ҳали қурбонлик қилишни ният қилмаган бўлса, мутлақо зарари йўқдир. Эй мўминлар, барчамиз Аллоҳдан тақво қилайлик, Аллоҳ ҳурматли қилган нарсаларни У буюрганидек ҳурмат қилайлик. Барча яхшилик шундадир.
25.10.2012 (Арафа куни). |