асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Оламларга раҳмат пайғамбар3865 марта кўрилган Шайх Муҳаммад Исмоил ал-Муқдим بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ Аллоҳга ҳамду санолар, Расулуллоҳга ва у зотнинг аҳли-ю асҳобига ҳамда уларни дўст тутган кишиларга саловоту саломлар бўлсин. Сўнг...
«Анбиё» сурасининг охирги бўлаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга умматга бўлган даъватлари борасидаги йўл-йўриқларни ўз ичига олган. Аллоҳ таоло у зотни тавҳидга даъват қилишга буюрди, бу даъватни ижобат этишдан юз ўгириш оқибатларини баён қилишга, қавмлари билан ораларида юзага келган келишмовчиликларда ишни Аллоҳга топширишга ва улар тарафидан содир бўладиган бўҳтон ва туҳматларда Роббиларидан мадад сўрашга амр этди. Суранинг ушбу бўлаги, шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оламларга раҳмат пайғамбар эканлари, одамлар у зотнинг даъватлари ўзларини ҳалокатлардан қутқариш эканини билишлари лозимлиги баёнини ўз ичига олгандир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларига бўлган раҳматлари
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менинг мисолим гулхан ёққан кишининг мисолига ўхшайди, гулхан ўз атрофини ёритгач, парвоналар ва ўзини ўтга урадиган манави жониворлар унга ўзини уради. (Шунда ҳалиги киши) уларни (ўтдан) тўса бошлайди, улар эса унга ғолиб келиб, ўзларини ўтга урадилар. Мен билан сизларнинг мисолимиз худди шунга ўхшайди. Мен сизларни дўзах ўтидан тўсиб: «Дўзахдан қочинглар, дўзахдан қочинглар», дейман, сизлар менга ғолиб келиб, ўзингизни дўзахга урасизлар», дедилар (Имом Муслим ривояти). Имом Бухорий ривоятида худди шу маъно бироз бошқача лафзлар билан келган. Ушбу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда бўлган раҳмат (раҳм-шафқат ва меҳрибонлик) сифатини яққол кўрсатадиган кўплаб оят-у ҳадислардан биридир. У зотнинг қалблари шу қадар раҳм-шафқат билан тўла эдики, умматларига бўлган қайғу-ҳасратдан ўзларини ҳалок қилаёзган эдилар. Аллоҳ таборака ва таоло у зотга хитоб қилиб айтган эди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), агар улар ушбу сўзга – Қуръонга иймон келтирмасалар, эҳтимол сиз уларнинг ортидан, афсус-надомат билан ўзингизни ҳалок қилурсиз» (Каҳф: 6). У зотдаги ушбу раҳмат сифати ғоят тўлиб-тошганидан халқларнинг жаннат йўлидан дўзах йўлига бурилиб кетаётганини кўриб, ғам-ҳасратдан жонлари ҳалак бўларди. Дарҳақиқат, мазкур ҳадисда айтилганидек, қоронғи жойда гулхан ёқилганида шу атрофда бўлган парвона, искаптопар, пашша-чивин каби ҳар хил ҳашаротлар гулхан ёруғини кўргач, ўзларини қоронғи уй ичида деб, аланга нурини эса зулматдан ёруғликка чиқадиган бир туйнук деб ўйлаб, ўша ёруғликка интилиб, ўзларини ўтга уришади ва ҳар қанча ҳайдаманг, айланиб-ўргилиб, барибир яна қайтиб келиб, ўзларини ўтга уриб, ҳалок бўлишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини ўша ҳашаротларни ўтдан ҳайдаётган кишига ўхшатдилар ва: «Мен сизларни дўзах ўтидан тўсиб: «Дўзахдан қочинглар, дўзахдан қочинглар», дейман, сизлар эса менга ғолиб келиб, ўзингизни ўтга урасизлар», дедилар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) гуноҳкор-осийларнинг шаҳватлар оқибатидан бехабар охират ўтига қулаб кетишларини дунёдаги ҳашаротларнинг гулхан оқибатидан бехабар ўзини ўтга уриб, ҳалок бўлиб кетишига ўхшатдилар. Ҳашарот алангани ўзига фойдали деб ўйлайди, ваҳоланки у унинг ҳалокатига сабаб бўлади. Худди шунга ўхшаш, шаҳватларга муккасидан кетган кишилар ўша шаҳватларни фойдали деб гумон қилишади, ваҳоланки шаҳватлари ортидан дўзах оловига гирифтор бўлишади. Улар ичида шаҳватларнинг зарарли эканини яхши билган, бироқ иродасизлик қилиб, уларга асир бўлиб қолган ақлли кишилар ҳам бўлади. Бироқ, ундай кишиларнинг ўша зарарни билишлари уларни дўзах йўлига юришдан тўсолмади, шу туфайли улар парвона ўзини ўтга урганидек, ўзларини дўзахга гирифтор этдилар. Уламолардан бирлари айтади: Нафсимнинг хоҳиш-ҳавога интилишидан ва айбу-нуқсонларида ҳаддан ошишидан Аллоҳга шикоят қиламан, уни солиҳ амалларга ундасам унга ялқовлик билан, истар-истамайгина ўрмалайди, ҳалок қилувчи ёмон ишларга эса елдек учади. Нафс худди парвонага ўхшаб, ўтнинг ўтлигини кўриб туриб, унга ўзини уриб, алангасида ҳалок бўлади. Ушбу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматга бўлган раҳм-шафқатларини миқдорини ва у зот уларни қандай қилиб ўтдан тўсишга уринишлари-ю, улар ўзларини ўтга уришларини баён қилиб беради. Демак, ҳалок бўлувчилар у зотнинг чақириқларига парво қилмаганларидан ҳалок бўлиб кетишади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг раҳмат сифатларидан баъзи кўринишлар
Аллоҳ таоло Қуръонда Ўз Пайғамбарини раҳмдиллик билан сифатлаган: «... барча мўминларга марҳаматли, раҳмдил бўлган бир пайғамбар» (Тавба: 128). «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик» (Анбиё: 107). Оламларга раҳмат бўлган зотнинг ушбу сифатлари фақат мўминларгагина хос бўлмай, балки бутун умматлар ва барча халқларга ом эди, инсу жин, ҳайвоноту наботот олами ундан баҳраманд эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам барчага бирдек раҳмдил эдилар. У зотга озорлар беришди, қувғинга солишди, шунда ҳам ўзларидан аввал ўтган бир пайғамбарнинг сўзларини мисол келтириб: «Эй Аллоҳ! Қавмимни кечиргин, улар билмайдилар», дедилар. Қавмларининг озори ғоят кучайиб кетган кунлари тоғлар фариштаси келиб, эй Муҳаммад, агар истасангиз, улар устига икки тоғни ёпиб қўяман, деганларида у зот:«Йўқ, мен Аллоҳ таоло уларнинг пуштикамарларидан Унинг ўзигагина ибодат қиладиган, Унга бирон нарсани шерик қилмайдиган одамларни чиқаришини умид қиламан», деб жавоб бердилар (Бухорий ва Муслим ривоятлари). У зотнинг бутун мақсадлари ибодат ёлғиз Аллоҳнинг ўзигагина қилиниши ва Унга ширк келтирилмаслиги эди, шу йўлда ўзларига етган ҳар қандай азиятларга парво қилмасдилар, Маъбудларига ибодат қилингандагина мақсадлари ҳосил бўларди, Маҳбубларига сиғинилгандагина истакларига эришардилар, Роббилари зикр қилингандагина диллари таскин топарди. Бу йўлда ўз жонларига етадиган жафоларга асло парво қилмасдилар. Шоир айтганидек: Агар сизларни шод этса менга етган дарду алам, Майли тиғланг баданимни, чекмагайман заррача ғам. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга кирдилар ва камбағал кишилар ёнида ўтириб, уларга жаннатни зикр қилдилар. Уларнинг юзларида фараҳ кўринди. Шунда мен ҳам улардан бўлмаганимга ўкиндим». Бу эса у зотнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фақир-мискин ва заиф кишиларга ўта меҳрибон бўлганлари белгиси эди. «Саҳиҳул Бухорий»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир занжи киши – ёки занжи аёл – масжидни супириб-сидириб турар эди, вафот этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни суриштирган эдилар: «У вафот этди» дейишди. У зот: «Менга билдириб қўймабсизлар-да?! Мени у одамнинг – ё у аёлнинг – қабрига йўлланглар», дедилар. Сўнг қабрига бориб, унга жаноза ўқидилар. Бухорий ва Муслим Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен узунроқ ўқийман, деган ниятда намозни бошлайман-у, гўдак боланинг йиғисини эшитиб қолиб, онаси қийналишини истамаганимдан намозимни енгил қиламан», деганлар. Ҳа, раҳмат пайғамбари бўлган бу буюк зот энг буюк ибодат бўлмиш намозга киришганларидан сўнг уни узоқроқ ўқишни истаб турганларида бир гўдак боланинг йиғисини эшитиб қолиб, нафақат болага раҳм қилиб, балки онаси унинг йиғисидан қийналмасин деб, онасига раҳмлари келганидан намозларини енгил қилган эканлар! Нақадар буюк хулқ, нақадар улуғ ахлоқ! Бугунги кундаги мусулмонлар У зотнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу гўзал хулқларидан нақадар узоқлашиб кетишган! Бугун агар бирон киши кичик ёшли боласини масжидга етаклаб келгудек бўлса, мен у бола йиғласа деб айтмайман, балки шунчаки уёқ-буёққа югуриб, бироз шўхлик қилиб қўйса, шунинг ўзиёқ ўша ота (она) бечорани айбдор қилишга кифоя қилади, имом салом бериши билан ҳамма бирдек ўша одамга ўқрайиб қараб, ўша боланинг шовқинидан ортиқроқ шовқин-сурон кўтариб, унга танбеҳ беришади, бақир-чақир қилиб, масжиднинг ҳурматини поймол қилишади, кўп ҳолларда ёш болаларни масжиддан қувиб солишади. Шаддод ибн Ҳод ал-Лайсийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечки намозлардан бирида Ҳасан ёки Ҳусайнни кўтарган ҳолда олдимизга чиқиб келдилар-да, олдинга ўтиб, болани ерга қўйдилар ва такбир айтиб намозга киришдилар. Саждаларидан бирида узоқ туриб қолдилар. Мен одамлар орасидан секин бошимни кўтариб қараган эдим, бола Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг устларига чиқиб олган экан, яна саждага қайтдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларини тамомлагач, одамлар: «Ё Расулуллоҳ, намозингиз ичида бир саждани жуда узоқ қилдингиз, ҳатто биз бирор ҳодиса юз бердимикин ё сизга ваҳий тушаяптими, деб ўйлаб қолдик» дейишди. «Бу айтганларингиздан ҳеч бири бўлгани йўқ, фақат ўғлим устимга миниб олган эди, ўзи тушмагунича уни шошилтиргим келмади» дедилар (Саҳиҳу сунанин-Насоий: 1093).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини раҳмдиллика ундаганлари
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ ўз раҳматини фақат раҳмдил кишига беради», дедилар. «Ҳаммамиз ҳам раҳм қиламиз», дейишди саҳобалар. «Бирингизнинг ўз дўстига қиладиган раҳмдиллиги эмас, балки барча одамларга раҳмдиллик(ни айтаяпман)», дедилар. Жарир розияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилинган ҳадисда: «Ким раҳм қилмаса, унга раҳм қилинмайди, ким кечирмаса, уни кечирилмайди, ким тавба қилмаса, Аллоҳ уни тавба(сини қабул) қилмайди», дейилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ердагиларга раҳм қил, осмондаги Зот сенга раҳм қилади», деганлар. Яна айтганлар: «Аллоҳ бандалари ичидан раҳмдил кишиларгагина раҳм қилади» (Муттафақун алайҳ). Ҳузурларига келган бир аъробий: «Сизлар болаларингизни ўпасизларми?! Биз ўпмаймиз!», деганда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Аллоҳ дилингдан меҳр-шафқатни олиб қўйган бўлса, мен сенга нима ҳам қилиб бера оламан?!», дегандилар (Муттафақун алайҳ). Яна у зот: «Ҳар бир қуриб-қовжирамаган жигарда (яъни тирик жонда) ажр бор», деганлар (Муттафақун алайҳ). Яъни инсон бўлсин, ҳайвон бўлсин ким унга раҳм-шафқат кўрсатса, албатта ажр олади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хотин-халаж ва ёш болаларга нисбатан ҳам ўта раҳмдил эдилар У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким она-болани бир-биридан айирса, қиёмат куни Аллоҳ уни суюкли кишиларидан айириб юборади» (Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 6412). Яъни, ҳатто урушда асира бўлиб қолган аёл билан унинг гўдак боласини айириш жоиз бўлмайди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳайвонот оламига бўлган раҳмдилликлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг раҳм-шафқатлари ҳайвонлар дунёсига ҳам тааллуқли эди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Жониворни мусла қилган (яъни, тирик ҳолида бирон аъзосини кесган) кишини Аллоҳ лаънатлади» (Муттафақун алайҳ). Муовия ибн Қуррадан ривоят қилинади, у отасидан ривоят қилади: Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, мен қўй сўяман-у, унга раҳмим келади», деди. «Қўйга раҳм қилсанг, Аллоҳ сенга раҳм қилади», дедилар у зот. (Бухорий «Ал-адабул-муфрад»да ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 26). Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимда-ким сўйилаётган чумчуққа бўлса-да раҳм қилса, қиёмат куни Аллоҳ унга раҳм қилади», деганлар (Бухорий «Ал-адабул-муфрад»да ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 27). Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ансорлардан бирининг боғига кирдилар. Шунда бир туя Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб ингради ва кўзларидан ёш оқди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ёнига бориб кўз ёшини артдилар, шунда у инграшдан тўхтади. Сўнг у зот: «Бу туянинг эгаси ким? Кимнинг туяси бу?», дедилар. Бир ансорий йигит келиб: «Меники, ё Расулуллоҳ», деди. «Аллоҳ сенга бўйсундириб қўйган бу жонивор ҳаққида Аллоҳдан қўрқмайсанми? Бу менга сенинг озор беришинг ва қийнашингдан шикоят қилди», дедилар (Саҳиҳ сунан Абу Довуд: 2222). Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг ёнидан ўтдилар. У бир қўйнинг бўйнига оёғини қўйиб туриб, пичоғини ўткирлар, қўй эса унга жовдираб қараб турар эди. Шунда у зот: «Илгарироқ (ўткирлаб олсанг) бўлмасмиди?! Бу жониворни икки марта ўлдирмоқчимисан?!», дедилар (Табароний «Кабир»да ва бошқалар ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 24). Бир ривоятда: «Уни бир неча бор ўлдирмоқчимисан?! Пичоғингни уни ерга ёткизмасдан олдин ўткирлаб олсанг бўлмасмиди?!», дедилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Уловларингиз устини минбарга айлантириб олишдан сақланингиз! Чунки, Аллоҳ таоло уларни сизларга жонларингиз қийналиб етиб оладиган жойларга (енгил) етказиб қўйишлари учун бўйсундириб қўйди. Сизлар учун ерни яратиб қўйди, ҳожатларингизни унинг устида адо этингиз» (Саҳиҳ сунан Абу Довуд: 2238). Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу жониворларни саломат ҳолида мининглар, саломат ҳолида бўшатинглар, уларни курси қилиб олманглар», деганлар (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 21). Яъни, минишга эҳтиёжингиз бўлмаган пайтда уларни бўшатиб қўйинглар, устида ястаниб ўтираверманглар, иккитангиз уловда кетаётиб учрашиб қолганда улар устида ўтирволиб гаплашманглар, уларни ўзларига хос ишларда ишлатинглар, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қорни белига етган (яъни, озғинликдан эти суягига ёпишган) бир туянинг олдидан ўтиб қолиб: «Бу тилсиз жониворлар хусусида Аллоҳдан қўрқинглар, уларни яроқли ҳолида мининглар, яроқли ҳолида (сўйиб) енглар», дедилар (Саҳиҳ сунан Абу Довуд: 2221). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эрталаб бир иш билан чиқа туриб, масжид эшиги ёнида чўктириб қўйилган бир туянинг олдидан ўтдилар. Сўнг кечки пайт ўтиб кетаётганларида уни яна шу ҳолда кўрдилар ва: «Бу туянинг эгаси қани?», деб сўрадилар. Туянинг эгаси топилмади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу жониворлар хусусида Аллоҳдан қўрқинглар, уларни соғлом ҳолида мининглар, семиз ҳолида мининглар», дедилар аччиқлангандек (Имом Аҳмад ривояти). Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарда бирга эдик. У зот бир ҳожат билан кетдилар. Шунда биз иккита полапони бор бир ҳуммарани (яъни, қизил тусли кичик қушни) кўриб қолиб, унинг полапонларини олиб қўйдик. Шунда у ер бағирлаб уча бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келгач: «Ким буни боласини олиб қўйиб қийнади? Боласини қайтариб беринглар!», дедилар. Бир жойда чумолилар маконига ўт қўйиб юборганимизни кўриб: «Ким бунга ўт қўйди?!», дедилар. «Биз», дедик. «Ўтнинг Раббидан (яъни Аллоҳ таолодан) бошқа ҳеч ким ўт билан азоб беришга ҳақли эмас», дедилар (Саҳиҳ сунан Абу Довуд: 2329). Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир аёл бир мушукни ўлгунча қамаб қўйиб, шуни деб азобланди ва шу мушук туфайли дўзахга кирди. Унга ўзи ҳам овқату сув бермади, ердаги ҳашаротлардан егани қўйиб ҳам юбормади», дедилар (Муттафақун алайҳ). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир киши йўлда бораркан, қаттиқ ташна бўлди. Бир қудуқ топиб, унга тушди ва сувидан ичиб чиқди. Қараса, бир ит ташналикдан тилини осилтириб, тупроқ ялаб турибди. У: «Бу итга ҳам худди менга етгандек ташналик етибди» деди-да, қудуққа тушиб, маҳсисини тўлдириб сув олиб, уни тишлаганича тепага кўтарилди ва итни суғорди. Аллоҳ унинг бу ишидан мамнун бўлиб, гуноҳини мағфират қилди», дедилар. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, бизга ҳайвонлар хусусида ҳам ажр бўладими?», деб сўрадилар. «Ҳар бир қуримаган жигарда (яъни тирик жонда) ажр бор», дедилар (Муттафақун алайҳ). Раҳмат салафи солиҳ ҳаётида Саҳобалар розияллоҳу анҳум ва салафи солиҳнинг мазкур улуғ хулқ билан зийнатланган эканларига далил бўлувчи кўплаб ривоятлар келган. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Яҳё ибн Саидникига кирдилар. Бир бола бир товуқни боғлаб қўйиб, унга ўқ отаётган экан. Ибн Умар бориб, товуқни бўшатиб юбордилар ва: «Болаларингизни мана бу қушни ўлимга нишон қилишдан тийиб қўйинглар. Чунки, мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жонзотларни ўлимга тириклай нишон қилишдан қайтарганларини эшитганман», дедилар (Муттафақун алайҳ). Мусаййиб ибн Дордан ривоят қилинади, у киши айтади: «Мен Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг бир туякашни урганини ва: «Нега туянгга тоқатидан ортиқча юк юклайсан?!», деганини кўрганман». Осим ибн Убайдуллоҳ ибн Осим ибн Умар ибн Хаттобдан ривоят қилинади: Бир киши бир қўйни сўйиш учун ушлаб олиб, пичоғини ўткирлаганида Умар розияллоҳу анҳу уни дарра билан урдилар ва: «(Тирик) жонга азоб берасанми?! Бу ишингни буни ушламасингдан аввал қилсанг бўлмасмиди?!», дедилар. Муҳаммад ибн Сийриндан ривоят қилинади: Умар розияллоҳу анҳу бир кишининг бир қўйни сўйиш учун судраб кетаётганини кўриб, уни дарра билан урдилар ва: «Уни ўлимга чиройли олиб бор, қуриб кетгур», дедилар. Ваҳб ибн Кайсондан ривоят қилинади: Ибн Умар розияллоҳу анҳумо қўйларнинг ифлос бир жойда турганини кўрдилар, ундан кўра яхшироқ бир жой борлигини кўриб: «Ҳой чўпон, уларни буёққа ўтказ. Чунки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ҳар бир роъий (чўпон, бошлиқ) ўз раиятидан масъул», деганларини эшитганман», дедилар. Муовия ибн Қуррадан ривоят қилинади: Абуд-Дардо розияллоҳу анҳунинг «Дамун» отлиқ бир туяси бор эди. Уни сўраб келганларга: «Унга фақат шунча-шунча юк ортинглар, чунки у бундан ортиғини кўтаролмайди», дердилар. Вафотлари яқинлашганда: «Эй Дамун, эртага Раббимнинг ҳузурида менга қарши даъвогар бўлмагин. Чунки, мен сенга кучинг етадигандан ортиқча юк юкламас эдим», дедилар. Абу Усмон ас-Сақафийдан ривоят қилинади: Умар ибн Абдулазизнинг бир ғуломи бир хачирни ишлатиб, ҳар куни бир дирҳам олиб келарди. Бир куни у бир ярим дирҳам олиб келди. «Нима бўлди?» деб сўраганларида: «Бозор чаққон бўлди» (яъни омадим юришди), деб жавоб берди. «Йўқ, аслида сен хачирни қийнагансан, энди унга уч кун дам бер!», деб буюрдилар. Булар мусулмонлардаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан уларга ўрнатилган раҳмдиллик кўринишларидан баъзилари эди. Ушбу маънога қўшимча баъзи сўзларни қуйида Аллоҳ таолонинг «Анбиё» сурасидаги «Дарҳақиқат Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик» (Анбиё: 107) ояти тафсирида айтиб ўтамиз.
«Дарҳақиқат Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик» (Анбиё: 107) ояти тафсири
Бу раҳматнинг икки жиҳати бор: Бир жиҳатдан, у фақат мўминларга раҳматдир. У зотнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) йўларидан юз ўгирган халқларга келсак, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотнинг рисолатлари сабабли ер юзи аҳлидан оммавий азобни кўтарди, шу рисолат сабабли оламларга манфаат етди. Иккинчи жиҳати, у аслида ҳар бир киши учун раҳматдир. Мўминлар бу раҳматни қабул қилиб, дунёда ҳам, охиратда ҳам унинг манфаатидан баҳраманд бўлишади. Кофирлар уни рад қилишади, бироқ бу билан уларга раҳмат бўлишдан чиқиб қолмайди. Касал кишининг бир дорини истеъмол қилишдан бош тортиши у дорининг ўша касалликка даво бўлишдан чиқариб қўймагани каби. Имом Розий оят тафсирида айтганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дин-у дунёда раҳмат эдилар. Динда раҳмат бўлишлари шуки, у зот бутун инсоният жоҳилият ва залолат ичида эканида пайғамбар қилиб юборилдилар. Аҳли китоблар китобларида ихтилофлар кўплиги ва ўзаро ноиттифоқлик ортидан ўз динлари ҳақида ҳам бошлари қотган ва йўл йўқотган ҳолда эди. Ҳақни талаб қилувчи унга эришиш йўлини тополмай турган ҳолда Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни юборди, у зот уларни ҳаққа чорладилар, ҳақ йўлини уларга кўрсатиб бердилар, уларга аҳкомлар тузиб бердилар, ҳалол ва ҳаромни ажратиб бердилар. Сўнгра бу раҳмат билан ҳиммати фақат ҳақни талаб қилиш бўлган кишигина фойдалана олади, тақлидга, қайсарлик ва кибрга берилмаган кишигина ундан манфаат ҳосил қилади, тавфиқ унинг йўлдоши бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Агар Биз (Қуръонни) ажамий (яъни араб тилида бўлмаган) Қуръон қилганимизда, албатта улар: «Унинг оятлари (бизларнинг тилимизда) баён қилинмабдида. (Муҳаммаднинг ўзи) арабку, (нега унга) ажамий (Қуръон тушибди?)» деган бўлур эдилар. Айтинг: «(Ушбу Қуръон) иймон келтирган зотлар учун ҳидоят ва (дилларидаги шак-шубҳани кетказувчи) шифодир. Иймон келтирмайдиган кимсаларни эса қулоқларида оғирлик-карлик бордир ва (Қуръон) уларга кўрлик (яъни қоп-қоронғи зулмат) бўлур. Улар (гўё) ўзоқ бир жойдан чақирилаётган кишилар(кабидирлар, яъни гарчи Қуръон оятларини эшитсалар-да, унинг маъно-ҳикматларини англай олмаслар)» (Фуссилат: 44). Дунёда улар у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сабабли кўплаб хорлик, уруш ва қирғинлардан халос бўлдилар, унинг дини баракоти билан ғолиб ва музаффар бўлдилар. Қосимий раҳимаҳуллоҳ «Маҳасинут-таъвийл»да айтадилар: Ҳикмат ва ибрат назари билан боққан ва қалб кўзи яширин сирларни илғай олган ҳар бир киши бутун башарият у зотнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юборилишига жуда катта эҳтиёжда бўлганини англаб етади. Аллоҳ таолонинг бутун оламга бўлган энг катта раҳмати шуки, У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни олам узоқ давр пайғамбарлардан холи бўлиб қолган бир даврда юборди. Ҳақиқат йўли ўчиб кетган, ҳоҳиш-ҳавога муккасидан кетилган, халқлар ҳар хил фирқаларга бўлиниб кетган, кимлардир Аллоҳни махлуқотларга ўхшатган, яна кимлардир Уни (субҳанаҳу ва таоло) бутунлай инкор қилган ва ўзгага сиғинган, ҳамма ёқни очиқ куфр ва ширк қоплаган, фасод кенг тарқалган, молу жонларни талон-тарож қилиш авжига чиққан, ҳақ-ҳуқуқлар поймол қилинган, уруш ва қон тўкишлар, қонхўрлик, ҳаром-ҳаришдан ҳазар қилмаслик, қизларни тириклай кўмишлар, қариндошлик алоқаларини узиб ташлаш, самовий китобларни ўзгартириб юбориш, коҳинларнинг адаштирувчи эътиқодларига эргашиш, ҳар хил тошларга-ю роҳибларга сиғинишлар, жаббор ва золим кимсаларнинг зўравонларча ҳукм юритишлари, фитначиларнинг макрлари... Хуллас, қат-қат зулматлар ер юзини қоплаб ётарди, халқлар узоқ даврлардан бери ана шундай ҳолда келарди. Шундай бир даврда нажотга чорловчининг овози янгради, Аллоҳ таоло оламни тузалишига изн берди, қийинчиликдан сўнг енгилликка йўл очди, мусибатлар чекинди, зулму тажовуз битди. Чунки, Аллоҳ таоло бутун инсониятга уларни бут-санамлар қуллигидан озод қиладиган, куфр зулмати ва тақлид кўрлигидан иймон нурига олиб чиқадиган, ёмон хулқ ва ишлардан қутқарадиган, уларни ҳақ йўлга йўллайдиган ва пировардида жаҳаннамга ўтин бўлиш шармандалигидан асраб қоладиган Ўз элчисини юборди. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик» (Анбиё: 107). Яна айтади:«Албатта Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, (ширкдан ва ёмон ахлоқлардан)поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яхшилик қилди. Зеро, улар илгари очиқ хато — залолатда эдилар» (Оли Имрон: 164). |