Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Даъватнинг умри боқийдир

4465 марта кўрилган

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

Кунлар ўтмоқда, кетидан ойлар, ортидан эса йиллар кетиб боради. Йиллар ўзи билан инсон умрини ортмоқлаб боради, бир авлод ортидан иккинчи авлод ҳаётини олиб кетади.

Дунёда бизларни Ўзининг муҳаббати ва тоати устида бирлаштирган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. У Зотдан сиз-у бизни Ўзининг улуғлик диёрида, жаннатида ҳам саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қилишини сўрайман.

Азиз оға-инилар, муҳтарама опа-сингиллар, барчангизга Аллоҳнинг саломи бўлсин, даврамизга хуш келибсиз, Аллоҳ таоло қадамларингизга ҳасанотлар битсин, хайрли мукофотлар билан мукофотласин.

Бугунги суҳбатимизни «Даъватнинг умри боқийдир» деб номладик ва уни бир неча муҳим нуқталарга бўлиб ўрганамиз.

Биринчи: Даъват умри даъватчи умридан боқийроқ.

Иккинчи: Аллоҳ таоло Ўз динига биздан бошқалар билан ҳам ёрдам бераверади.

Учинчи: Аллоҳга аҳд беражак иш режамиз.

Диққат билан қулоқ тутишларингизни умид қиламан.

 

Биринчи: Даъват умри даъватчи умридан боқийроқ

Ҳа, бутун инсоният фанога маҳкум, ақида ва даъват эса то қиёмат боқийдир..

Аллоҳнинг инсон ҳаёти учун тузиб берган манҳажи (дастури) уни одамларга етказадиган пайғамбарлардан, замонлар оша келувчи даъват соҳибларидан мустақилдир.

Даъват даъватчидан каттароқдир, даъватчидан боқийроқдир.. Даъватчилар келиб-кетаверадилар, даъват эса асрлар оша, авлоддан авлодга ўтиб, давом этаверади.. Даъватга эргашувчилар унинг биринчи манбаига, абадий Тирик ва мангу Барҳаёт Зотга боғланган ҳолда қолаверади.

Агар даъват даъватчиларнинг ўлими билан ўлиб кетганида, Ислом даъвати унинг биринчи рақамли даъватчиси ва даъватчилар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотлари билан ниҳоясига етган бўларди. Бинобарин, Аллоҳ таоло умматга бу дарсини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари ва вужудлари билан таълим беришни истади.

Уҳуд жангида «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлдирилган эмишлар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этибдилар» деган хабар тарқалиб, жанг майдонидаги мусулмонларнинг қулоқларига етиб боргач, айримлар умидсизликка тушиб, Мадинага қайтиш тараддудига тушиб қолдилар, мушриклар билан жангни давом эттиришдан фойда йўқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотлари билан бу диннинг иши тамом бўлди, мушрикларга қарши урушиш ҳам тугади, деб ўйлаб қолдилар.

Аллоҳ жалла ва ало ушбу ҳодиса орқали мусулмонларни тарбиялашни, уларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан кейин ҳам ушбу дин омонатини кўтаришга ҳозирлашни истади. Шундан сўнг Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг қуйидаги оятлари нозил бўлди: «Муҳаммад фақат бир пайғамбар, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтгандир. Бас, агар у (яъни Муҳаммад алайҳис-салом) вафот қилса ёки ўлдирилса, кетингизга (куфрга) қайтиб кетасизми?! Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зарар қилади, холос). Аллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қилувчи бандаларини муносиб мукофотлайди» (Оли Имрон: 144). 

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг элчисидирлар, Аллоҳнинг даъватини то Унинг ҳузурига қайтгунларича етказиш учун келганлар. Аллоҳ мангу барҳаётдир. Унинг даъвати ҳам то қиёмат давом этажакдир. Аллоҳнинг даъватини етказиш учун келган пайғамбар ўлдирилса ё вафот этса, мўминлар ортларига қайтиб кетишлари дуруст бўлмайди.

Гўё Аллоҳ таоло ушбу ҳодиса воситасида мусулмонларнинг Исломга боғланишларини бевосита Аллоҳга бўлган аҳдга айлантиришни истади, токи мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларидан кейин ҳам бу масъулият ва бу аҳдга содиқ қолсинлар, чунки улар Аллоҳга аҳд бердилар, Аллоҳ олдида масъул бўлдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари бу дарсни жуда яхши англаб, байроқни яна-да юқори кўтардилар, қонлари ва жонларига аралашиб кетган бу динни яна ҳам маҳкам ушладилар.

·                 Уҳуд куни бир гуруҳ мусулмонлар қўлларидаги қуролларини ташлаб, умидсиз ҳолда туришган эди. Шу пайт улар олдидан Анас ибн Назр ўтиб қолди ва: «Нимага қараб турибсизлар?», деб сўради. Улар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлдирилганмишлар», дейишди. «Ундай бўлса, у зотдан кейин яшаб нима қиласизлар?! Туринглар, сизлар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлган иш устида ўлинглар!», деди у, сўнг: «Эй Парвардигор! Мен мана булар – яъни мусулмонлар – қилган ишдан Сендан узр сўрайман, ана улар – яъни мушриклар – қилган ишдан поклигимни Сенга эълон қиламан», деди. Шундай деб олға интилди. Йўлида Саъд ибн Муоз дуч келиб: «Қаерга эй Абу Умар?», деб сўраган эди: «Оҳ, оҳ, жаннатнинг ҳидини топяпман эй Саъд, у Уҳуд томондан келмоқда», деди. Сўнг жангга шўнғиб кетди ва то ўлгунича уришди. Жангдан сўнг унинг жасадини таний олмадилар, фақат синглиси унинг бармоғидан таниб олди. Баданида саксондан ортиқ найза, қилич ва камон ўқидан қолган жароҳатлар бор эди (Муттафақун алайҳ, Бухорий: 7/274, Муслим, Термизий: №3198, Аҳмад: 3/201 Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

·                 Абу Дужона розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилиб, келаётган ўқларга орқасини тутиб турар, ўқлар эса ёмғирдек ёғилар, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бирон зиён-заҳмат етмаслиги учун худди тошдек қимир этмай турарди.

·                 Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд куни мени Саъд ибн Рабиъни қидириб топиш учун юбордилар ва: «Уни кўрсанг, мендан салом айтгин ҳамда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳволингиз қандай, деб сўраяптилар», дегин», дедилар. Мен ўликлар ичида айланиб юриб, уни сўнгги нафасларини олаётган ҳолда топдим. Унинг баданида найза, қилич ва камон ўқларидан қолган етмишдан ортиқ жароҳат бор эди. Мен унга: «Эй Саъд, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизга салом йўлладилар ва аҳволингиз қандайлиги билан қизиқдилар», дедим. У: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом айтинг ва у зотга етказингки, мен жаннатнинг ҳидини топаяпман. Қавмдошларим ансорларга шу сўзларимни етказингки, агар сизлар ҳаёт бўла туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга душман қўли етгудек бўлса, Аллоҳ ҳузурида сизлар учун бирон узр йўқдир», деди, сўнг шу оннинг ўзида жон таслим қилди» (Ибн Ҳишом «Сийра»да (2/94, 95), Молик «Муваттоъ»да (2/465, 466) келтирганлар).

·                 Сиз билан бизга Ислом ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан фидокорлик дарсларидан зўр бир дарс бериб қўйган яна бир баҳодир ва мислсиз қаҳрамон Хубайб ибн Адий розияллоҳу анҳу эди.

Мушриклар Хубайбни анча вақт қамаб қўйишди, сўнг қатл қилишга қарор қилишиб, Ҳарамдан Танъимга олиб чиқишди. Осиб ўлдирмоқчи бўлиб турганларида Хубайб: «Менга имкон беринглар, икки ракъат намоз ўқиб олай», деди. Улар уни бўшатишди. У икки ракъат намоз ўқиди. Салом бергач: «Аллоҳга қасамки, агар ўлимдан қўрққанидан қилди, дейишларингиз бўлмаса эди, яна ҳам кўпроқ ўқиган бўлардим», деди. Сўнг: «Эй Аллоҳим, буларни бирма-бир ҳисобини олгин ва тирқиратиб ҳалок қилгин, улардан бирортасини ҳам қолдирмагин» деб дуо қилди, кейин қуйидаги шеърни ўқиди:

 

Атрофимда ғанимлар йиғилишиб яйрашди,

Қавму қабилаларни менга қарши қайрашди.

 

Мени баланд бир дарахт танасига боғлашди,

Хотин, бола-чақани яқинимга чорлашди.

 

Аллоҳга арз этаман ғурбату аламлардан,

Ўлим олдидан кўрган озору ситамлардан.

 

Арш соҳибининг Ўзи сабрли қилди жоним,

Шундан этим тилка-ю, бус-бутундир иймоним.

 

Менга: «Танла, ё куфр, ёки ўлим» дейилди,

Кўзларимдан ўша дам севинч ёши қуйилди.

 

Муслим бўлиб ўлсам бас, шунинг ўзи кифоя,

Фарқсиз умрим қай йўсин топишлиги ниҳоя.

 

Зеро, менинг ўлимим Аллоҳ йўлида бўлар,

Гар истаса жасадим Ўзи муборак қилар.

 

Қатли олдидан Абу Суфён унга: «Сенинг ўрнингда Муҳаммаднинг бошини танасидан жудо қилишимизни, сен эса ўз уйингда бўлишингни истармидинг?», деган эди: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, мен ўз уйимда бўлиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўзлари турган жойларида битта тикан кириб озор етказишини ҳам истамайман», деди (Бухорий «Ғазотлар китоби»да «Ражиъ ғазоти боби»да, Аҳмад «Муснад»да, Ибн Саъд, Ибн Ҳишом, Ибн Касир, Табарий ривоят қилганлар).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари Аллоҳ таоло томонидан берилган мазкур дарсни ана шундай англаб етгандилар.

Дўстлар, биз ҳам бу дарсни яхши англаб етишимиз, валоъ (дўстлик, муҳаббат)имизни фақат Аллоҳ жалла ва алонинг Ўзига қилишимз, ибодат ва амалларимизни фақат Унинг Ўзига хослашимиз лозим бўлади.

Эй валоъ-муҳаббатларини даъватчиларнинг шахсиятига қаратганлар, уни ёлғиз Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзига қаратинглар! Зеро, бевосита даъватнинг ўзига эмас, балки даъватчининг шахсиятига муҳаббат қўйилган қанчадан-қанча даъватларга гувоҳ бўлинганки, даъватчининг вафоти ёки бирон сабаб билан даъватидан узилиб қолиши оқибатида даъват ё бутунлай тўхтаб қолган, ё эса сезиларли даражада орқага кетиб қолган.

Шуни яхши билингки, бу билан биз фақат ўзимизга зарар етказамиз.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бутун оламдан беҳожат, У Зотга бизнинг тоатимиз бирор фойда етказмагани каби, маъсиятимиз ҳам ҳеч қандай зарар етказолмайди.«Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зарар қилади, холос). Аллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қилувчи бандаларини муносиб мукофотлайди» (Оли Имрон: 144).

 

Иккинчи: Аллоҳ таоло Ўз динига биз бўлмасак, биздан бошқалар билан ҳам ёрдам бераверади, келажак шак-шубҳасиз, шу динникидир.

Аллоҳ азза ва жалланинг ҳақ дини бўлган ушбу динимизнинг ғалабаси ҳақида башорат берувчи хушхабарлар Қуръон ва Суннатда кўп келган.

Ушбу муҳим моддага диққат қилинг. Чунки, ҳозирда мусулмон уммати тушиб қолган хорлик ва заифлик ҳолатидан жуда кўпчилик мусулмонларнинг қалбларини умидсизлик ҳислари тўла қоплаб олганини кўриш мумкин.

Лекин, ишнинг узил-кесил якуни ботилнинг йўғонлигига эмас, балки ҳақнинг қувватига боғлиқдир. Ҳеч шубҳасиз, осмонлару ер у туфайли яратилган ҲАҚ биз билан биргадир. Қуйида айрим хушхабарларни келтирамиз:

1)    Қуръон башоратлари:

 

Биринчи башорат: Аллоҳ таолонинг Ўз динини ғолиб қилиш ваъдаси.

Аллоҳ жалла ва ало «Саф» сурасида айтади: «Улар Аллоҳнинг нурини (яъни Исломни) оғизлари (яъни беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар истамасалар-да, Ўз нурини (яъни динини) тўла (яъни ҳар тарафга) ёйувчидир. У (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан гарчи мушриклар истамасалар-да  барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир» (Саф: 8, 9).

Аллоҳнинг нурини ҳамма оғизлар бирлашиб бўлса-да, ўчиришга қодир бўлмайди.

Воқеий тарафдан ҳам, ҳақиқатан Аллоҳ таолонинг ваъдаси рост бўлди, Аллоҳ Ўз нурини пайғамбари ҳаётлик давридаёқ комил суратда ёйди, бу динни мукаммал қилди, неъматини тўла-тўкис қилди, саҳобалар бу дин йўлида ўлишга биз ҳаётни қанчалар севсак, шунчалар ҳарис бўлдилар, натижада Аллоҳ уларни азиз қилди, бир асрга етиб-етмай бутун ер юзи уларга бўйин эгди.

 

Иккинчи башорат: Аллоҳ жалла ва алонинг «Анфол» сурасидаги қавли:

«Албатта, кофир бўлган кимсалар мол-дунёларини Аллоҳнинг йўлидан тўсиш учун ишлатурлар. Бас, уни сарфлайдилар-у, сўнгра ўша (моллари)ўзларига ҳасрат бўлур, сўнгра мағлуб бўлурлар. Кофир бўлган кимсалар Аллоҳ нопокни покдан (кофирни мўминдан) ажратиши ва нопок кимсаларнинг ҳаммаларини устма-уст тахлаб, жаҳаннамга солиши учун тўпланурлар» (Анфол: 36).

Ҳақ таоло томонидан бўлган, қалбга роҳат, кўнгилларга осойиш бахш этувчи нақадар ҳақ башорат!

Аллоҳнинг душманлари Исломга қарши курашиш учун қўлларидан келган ҳамма воситаларни ишга солмоқдалар, Аллоҳнинг йўлидан тўсиш ва Исломни суриб ташлаш мақсадида ҳисобсиз пулларни сарфламоқдалар.

Лекин, улар бу молларни охир-оқибат ўзларининг мағлубиятига айланиши учун, Аллоҳнинг дини Унинг изни билан албатта ғолиб бўлиши учун, қиёмат куни ҳасратлари энг чўққисига чиқиб, жаҳаннамга равона бўлишлари учун сарфлайдилар.

·                 Мусулмонларни насронийга айлантириш учун қанча-қанча мол сарфламоқдалар?!

·                 Шаҳвоний филмлар ва ахлоқсиз сериаллар орқали фаҳшу-разолат ёйиш мақсадида қанча-қанча моллар сарфланмоқда?!

·                 Исломий иқтисод оёққа туришига йўл бермаслик мақсадида судхўрликка асосланган иқтисодни кучлантириш учун қанча-қанча моллар сарфланмоқда?!

·                 Масонларнинг клублари учун қанча-қанча моллар сарфланмоқда?!

·                 Ер юзининг ҳамма жойида исломий уйғониш руҳини синдириш мақсадида қанча-қанча моллар сарфланмоқда?!

Лекин, шуларнинг ҳаммасига қарамай, натижа нима бўлмоқда?!

Натижа Аллоҳнинг фазлу марҳамати билан улар кутганидан бутунлай бошқача бўлмоқда. «Нью Йорк таймс интернешнл» газетаси ўзининг 1991 йил январ ойида чиққан 23-сонида ўзи қўлга киритган муҳим бир ҳужжат ҳақида ёзди.

Черковнинг миссионерлик фаолиятига доир 150 саҳифадан ортиқ бу ҳужжат беш йил олиб борилган чуқур таҳлиллар натижаси ўлароқ ҳозирланган.

Унда Рим папаси Иоан Павел II жаҳондаги барча насронийларни дунёнинг ҳар тарафларига тезлик билан ёйилиб ва кенгайиб бораётган исломий кенгайишга қарши чора сифатида зудлик билан насронийликни зўр бериб ёйишга чақиради. Сўнгра черковларда хизмат қилувчи руҳоний ва миссионерларни қаттиқ танқид қилади.

Ушбу ҳужжатда Папанинг ёрдамчилари ҳам Ислом уларнинг биринчи рақамли рақиби эканини ва ўзларининг Ислом олам узра тезлик билан тарқалиб бораётганидан қаттиқ хавотирда эканларини эътироф қилганлар.

Аллоҳ таолонинг сўзлари нақадар ҳақ:

«Албатта, кофир бўлган кимсалар мол-дунёларини Аллоҳнинг йўлидан тўсиш учун ишлатурлар. Бас, уни сарфлайдилар-у, сўнгра ўша (моллари)ўзларига ҳасрат бўлур, сўнгра мағлуб бўлурлар. Кофир бўлган кимсалар Аллоҳ нопокни покдан (кофирни мўминдан) ажратиши ва нопок кимсаларнинг ҳаммаларини устма-уст тахлаб, жаҳаннамга солиши учун тўпланурлар» (Анфол: 36).

 

Учинчи башорат: Аллоҳ таолонинг «Нур» сурасидаги қуйидаги қавли:

«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг (аҳволини Маккада кўрган) хавфу-хатарларидан сўнг (Мадинада) тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар. Ким мана шу (ваъда)дан кейин куфрони (неъмат) қилса, бас улар итоатсиз кимсалардир» (Нур: 55).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг ваъдаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларида ва биринчи авлоднинг ҳаётида рўёбга чиқди, ҳатто исломий давлат ҳудуди машриқу мағрибнинг энг чеккаларигача етиб борди, Форс Кисроси ва Рум Қайсари маҳв этилди, Аллоҳ таоло Ўз динини азиз ва ғолиб қилди. Аллоҳнинг ваъдаси бу умматдан то қиёмат Аллоҳнинг манҳажи устида ҳаракат қиладиган кишилар учун ҳақдир.

Қуръон башоратларидан шу миқдорини келтириш билан кифояланаман, аслида улар Аллоҳнинг фазлу марҳамати билан анча кўпдир.

 

2) Исломнинг ғалабаси ҳақида пайғамбарлик башоратлари:

 

Биринчи башорат:

Имом Аҳмад, Табароний ривоят қилган, (Табароний): «(Ривоят қилувчи) кишилари саҳиҳ кишилари» деган, шунингдек Ҳоким ривоят қилиб: «Муслим шартига кўра саҳиҳ» деган, Тамим ад-Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Албатта бу дин кеча ва кундуз етган жойгача етиб боради, Аллоҳ жундан ё тош-кесакдан қилинган биронта ҳам уйни қолдирмасдан, азизни азизлаб ва хорни хорлаб, ушбу динни унга албатта киритади. Азизликки, у билан Аллоҳ Исломни азиз қилади, хорликки, у билан Аллоҳ куфрни хор қилади» (Аҳмад (4/103), Табароний «Ал-кабир»да (12802), Ибн Ҳиббон (1631, 1632), (Ҳоким (4/430, 431) ривоятлари, Ҳайсамий «Мажмаъ»да (6/14) Аҳмаднинг ровийлари саҳиҳ эканини айтган).

 

Иккинчи башорат:

Имом Аҳмад ривоят қилган, Ал-ироқий саҳиҳ санаган, Ҳайсамий «Мажмаъуз-завоид»да ровийлари саҳиҳ эканини айтган, Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Орангизда Аллоҳ истаганича муддат пайғамбарлик бўлади. Кейин қачон Аллоҳ хоҳласа, уни (орангиздан) кўтаради. Кейин пайғамбарлик минҳожи (йўли) асосида халифалик бўлиб, у Аллоҳ истаганича муддат ораларингизда бўлади. Кейин қачон Аллоҳ хоҳласа, уни (орангиздан) кўтаради. Кейин бир-бирига мерос тариқасида қолдириладиган подшоҳлик бўлади. У ҳам Аллоҳ қанча туришини истаса, шунча вақт туради. Кейин қачон Аллоҳ хоҳласа, уни (орангиздан) кўтаради. Сўнг зулмкор ҳокимлик (замони) келади. Кейин Аллоҳ таоло хоҳлаган пайтда бу подшоҳликни ҳам устингиздан кўтаради. Сўнг пайғамбарлик минҳожи асосида халифалик бўлади» (Саҳиҳ, Ас-саҳиҳа: №5, Аҳмад: 4/273).

 

Учинчи башорат: Имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривоят қилиб, исноди саҳиҳ деган ва Заҳабий ва Ҳофиз Мунзирий унинг фикрига мувофиқ келган, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ушбу умматга обрў-эътибор, дин, юксаклик, ғалаба ва (ерда) мустаҳкам ўрнашиш билан хушхабар беринг. Улардан қай бир киши охират амалини дунё учун қилса, унга охиратда насиба бўлмайди» (Саҳиҳул-жомиъ: №2825, Аҳмад: 5/134, Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ»да, Ҳоким: 4/311).

 

Тўртинчи башорат: Бу Содиқ Амин соллаллоҳу алайҳи ва саллам хушхабар берган энг катта башоратлардан биридир.

Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «То мусулмонлар яҳудларга қарши урушмагунларича қиёмат қоим бўлмайди. Шунда мусулмонлар уларни ўлдирадилар. Яҳудлар ҳатто тош ва дарахт ортига яшириниб олишади. Шунда тош ва дарахт: «Эй мусулмон, эй Аллоҳнинг бандаси, ортимда яҳудий бор, кел, уни ўлдир», дейди. Фақат ғарқад (ундай демайди), чунки у яҳудларнинг дарахтларидан» (Бухорий: 6/75, Муслим: №2922).

Шунинг учун ҳам яҳудийлар ушбу дарахтни жуда кўп экишади, чунки улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари ростлигига ва ўша куннинг келишига аниқ ишонишади.

Хусусан, ҳозирги пайтда, инсонлар тарафидан қурилган тузумларнинг таназзулга юз тутишига гувоҳ бўлинаётган, яратган барча ихтиролари бутун инсониятни бир неча лаҳзалар ичида қириб битирувчи қуролга айланган бу вайроналик келтирувчи моддий маданият соясидаги башариятга ёмон оқибатдан дарак берилаётган бир пайтда ушбу диннинг ғалабасига бўлган умидимиз яна ҳам ортиб бормоқда.

Шу билан бирга, бутун дунё бўйлаб муборак исломий уйғонишнинг ортиб бораётганини кўриб турибмиз.

Келинг эй мусулмонлар.. Эй ёшлар.. Эй покиза инсонлар.. Келинг, байроқни баланд кўтарувчи ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг динини ўз зиммаларига олган пайтларида бошлаган нуқтадан бошловчи  иймонли жамоани кутиб турган Аллоҳнинг ваъдасига шошилинг!

Шу ўринда жону молларини Аллоҳнинг дини учун сарфлаш истагида бўлган ихлос эгалари сўрайдиган бир савол бор: «Хўш, нима қилмоқ керак? Бизнинг вазифамиз нималардан иборат бўлиши керак?».

Мавзумизнинг охирги моддаси ана шу саволнинг жавобига бағишланади.

 

Учинчи: Аллоҳ ва Расулига аҳд беражак иш режамиз

 

·                 Аввало, ҳамма нарсадан илгари Исломнинг ҳақиқатини чуқур ўрганишингиз, қалб ва туйғуда қандай мусулмон бўлсангиз, билим ва мафкурада ҳам худди шундай мусулмон бўлишингиз, ҳаёт ишларини Ислом ҳукмлари ва қоидаларига мувофиқ юргизиш ва уларни амалий воқеъликка айлантириш учун етарли куч-қудрат, малака ва қобилиятга эга бўлишингиз зарур бўлади.

·                 Бузилган ахлоқларни тузатиш ва эгриларини тўғрилашга шошилишингиз лозим, зеро шу билан тилингизда гувоҳлик берган Исломингизга амалий жиҳатдан гувоҳлик берган бўласиз. Зотан, сўз билан иш бир бўлмаслиги дилларда нифоқ уруғини кўкартиради. «Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз деб) айтурсизлар?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур(ишдир)» (Саф: 2, 3).

·                 Қўлингиздан келганича оддий одамлар орасида даъватни ёйишга аҳамият беришингиз, шу билан улардаги билимсизлик зулматини парчалаб ташлашингиз ва уларни динлари ҳақида маълумотга эга қилишингиз, покни нопокдан ажратиб олишларига ёрдам беришингиз лозим.

·                 Ҳар бир мусулмон эркак ва аёл Аллоҳнинг шариати ҳоким бўлиши учун қаттиқ курашмоғи, ўзининг Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбарининг Суннатларини маҳкам ушлашини эълон қилмоғи, бунда одамлар ичидаги обрў-эътиборидан, ишхонасида тутган мавқеидан фойдаланиши, имкони борича ушбу шарафдан улушдор бўлиб қолиши зарур. Агар ҳамма қалблар бир кишининг қалбидек бўлиб ва ҳамма овозлар бир кишининг овозига айланиб: «Бизга Аллоҳнинг шариатини ҳоким қилинг, бизга Аллоҳнинг дини билан ҳукм қилинг!» деб талаб қилса, албатта Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг Суннатлари жорий қилинажак.

·                 Барча соҳаларда мусулмон мутахассис кадрларни тайёрлаш.

Ҳар бир мусулмон ҳозирдан бошлаб, касби ва мутахассислиги қандай бўлишидан қатъий назар, қандай қилиб Исломга хизмат қилиши мумкинлиги ҳақида жиддий бош қотириши лозим.

Мисол учун, иқтисодчи шу бугундан бошлаб, исломий иқтисодни кўтариш, судхўрликка асосланган иқтисоддан воз кечиш ва шу орқали қарамликдан қутулиб, етакчилика эришиш йўлларини қидириши, ўрганиши ва бунинг учун режалар тақдим қилиши лозим.

Биз мусулмон иқтисодчилар, мусулмон дипломатлар, мусулмон муҳандислар, мусулмон шифокорлар, мусулмон муаллимлар бўлишини истаймиз, бир қўли билан бешик тебратиб, иккинчи қўли билан куфрнинг тахтларини ларзага келтирадиган мусулмон аёллар бўлишини истаймиз.

·                 Бой-бадавлат мусулмонлар – ундайлар кўпчиликни ташкил этади, алҳамдулиллаҳ – ўз қўлларидаги пул-моллар хусусида Аллоҳдан тақво қилсинлар. Билсинларки, Аллоҳ таоло уларга бу мол-дунёларни имтиҳон қилиш мақсадида берган. Шундай экан, улар бирикиб, бу молларни хоҳ деҳқончилик соҳасида, хоҳ саноат соҳасида, хоҳ иқтисод, хоҳ таълим-тарбия, хоҳ ахборот-коммуникация соҳаларида бўлсин, Ислом ва мусулмонлар манфаати учун, етакчилик ва раҳбарлик мусулмонларники бўлиши учун ишлатиш режаларини тузсинлар.

·                 Бу эса ушбу амалий дастур бандлари ичида энг муҳимидир.

Бу ҳамма жойлардаги ва ҳамма йўналишдаги исломийларга нидодирки, ислом тузумини носоғлом асослар ва заиф пойдеворлар устига бино қилишга ҳаракат қилмасинлар. Чунки, биз рўёбга чиқаришни истаётган ғоялар одамларни улар узоқ замонлар Ислом доирасидан чиқиб кетганларидан кейин яна қайта унинг ичига қайтаришни мақсад қиладиган жуда улкан ва юксак ғоялардир. Бу эса кундек равшан ва очиқ-ошкор суратда олиб бориладиган ҳаракатлар билан амалга ошади. Шундай экан, сизлар ўз даъватингизни очиқ суратда ёйишингиз, жуда кенг доирада, гўзал хулқ, ширин сўз, юксак одоб, чиройли панд-насиҳат ва етук ҳикмат билан одамларнинг қалбларини ва ақлларини ислоҳ қилишга уринишингиз, ўзингиз йўлиқадиган ҳар қандай синов-имтиҳонлар ва меҳнат-машақатларни баҳодирларча сабр-матонат билан қарши олишингиз лозим бўлади.

Зотан, жонларнинг ҳам, ризқларнинг ҳам эгаси Аллоҳдир, мазлумлар ўлиб, золимлар ўлмай қолиши мумкин эмас.

Севикли биродарларим!

Билингки, ҳақиқий мўминлар вужудга келса, Аллоҳнинг изни билан нусрат-ғалаба келади.

«... ва иймон келтирган зотларни ғолиб қилиш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган» (Рум: 47). 

Сизга эса эй муслим ва эй муслима, фақат амал ва ҳаракат қилиш лозим бўлади.

Сизга фақат ҳаракат қилиш, Исломга ўз имкониятингиз доирасида амал қилиш қолади. Сизга вазифа шудир.

Чунки, Аллоҳ таоло биздан «Нега ғалабага эришмадингиз?!» деб сўрамайди, балки «Ғалаба учун нима иш қилдингиз?!» деб сўрайди.

«Айтинг: (Хоҳлаган) амални қилинглар. Бас, Аллоҳ, Унинг пайғамбари ва мўминлар қилган амалларингизни кўриб турар ва яқинда ғайбу шаҳодатни(яъни, яширин ва ошкор нарсаларнинг барчасини) билувчи Зотга қайтарилурсизлар. Бас, У Зот сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур»(Тавба: 105).

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир (яъни, Уни Ўзи хоҳлаган ишни қилишдан ҳеч ким манъ қила олмайди) лекин одамларнинг кўплари (буни)билмайдилар» (Юсуф: 21).

Эй Аллоҳим, Ўзинг бизларни Сенинг динингга амал қилиш билан мукаррам ва мушарраф айлагин.

Эй Аллоҳим, Сен бизнинг мададкоримизсан, Ўзинг бизга мадад бергин, Сен бизнинг нажоткоримизсан, Ўзинг бизга нажот бергин.

Эй энг қудратли ҳукмдорларнинг бўйинлари ҳам унга эгилган Зот, эй ҳисобсиз миннат-марҳамат эгаси бўлган Зот!

Эй бучора музтарнинг дуосини ижобат қилувчи Зот!

Эй ҳамманинг овозини ажрата биладиган ва барчанинг тилини англайдиган Зот!

Эй барча махфийларни билувчи, барча овозларни эшитувчи, ҳожатларни раво қилувчи ва ўликларни тирилтирувчи Зот!

Сендан ўзга барҳақ маъбуд йўқки, унга дуо қилсак.. Сендан ўзга Раббимиз йўқки, ундан умидвор бўлсак.

Эй қўрқувчилар унинг паноҳига қочадиган ва таваккул қилувчилар унга таваккул қиладиган Зот!

Сен сўровчини қайтармайсан, умидвор бандани қуруқ қайтармайсан.

Эй Парвардигор! Сендан гўзал исмларинг ва олий сифатларинг билан, у билан сўралсанг албатта берадиган, у билан дуо қилинсанг албатта ижобат қиладиган Буюк Исминг (исми аъзам) воситасида сўраймизки, бу умматнинг ишини ўзинг ислоҳ қилгин, унда тоатинг аҳлини азиз ва маъсиятинг аҳлини хор қилгин, унинг ичида маъруфга бурилиб, мункардан қайтариладиган ҳолатни вужудга келтиргин.

Эй Парвардигор! Мусулмонларнинг аҳволини Ўзинг тузатгин, фақирларини бой-беҳожат қилгин, заифларига Ўзинг раҳм этгин, хорларини азиз этгин эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!

Эй Парвардигор! Динингга, Китобингга ва мўмин бандаларингга Ўзинг нусрат бергин.

Эй Парвардигор! Барча ишларда оқибатимизни хайрли қилгин, бизларни дунёдаги шармандалик ва охиратдаги азобдан Ўзинг сақлагин.

Эй Парвардигор! Сўзимизу амалимизни холис Ўзингнинг Юзинг учун бўлишига муваффақ қилгин, бизларни Ўз фазлу караминг билан мақбул бандаларинг қаторида қилгин.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳлу асҳобига саловоту саломлар йўлласин.