Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аллоҳ сари қочингиз

5682 марта кўрилган

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Азиз оға-инилар, муҳтарама опа-сингиллар, барчангизга Аллоҳнинг саломи бўлсин, даврамизга хуш келибсиз, Аллоҳ таоло қадамларингизга ҳасанотлар битсин, хайрли мукофотлар билан мукофотласин.

Бугунги суҳбатимиз «Аллоҳ сари қочингиз» деб аталади. Одатимизга кўра, уни бир неча моддаларга бўлиб олиб борамиз.

Биринчи: Кемага минганнинг жони...

Иккинчи: Фитрат (тоза табиат) издан чиқса...

Учинчи: Илоҳий жазо.

Тўртинчи: Аллоҳнинг (ғазабидан) фақат Ўзига тавба қилиш билангина қутулиш мумкин.

 

Биринчи: Кемага минганнинг жони...

Ҳа, азиз дўстлар.. Барчамиз битта кемага минганмиз, кемамиз ғарқ бўлишдан қутулиб қолса ҳаммамиз қутуламиз, ҳалок бўлса ҳаммамиз тенг ҳалок бўламиз.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳақиқатни бир ҳадисларида жуда чиройли ифодалаб берганлар. Имом Бухорий Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда у зот шундай дейдилар:

«Аллоҳнинг белгилаб қўйган чегараларида турувчи киши билан уларни бузиб кирувчи кишининг мисоли кемада қуръа билан жойлашиб, баъзилари юқори қисмига, баъзилари қуйи қисмига ўрнашган кишилар мисоли кабидир. Қуйи қисмидагилар агар сув олмоқчи бўлсалар юқоридагилар устидан ўтар эдилар. Шунда улар: «Биз ўзимизга тегишли жойдан тешиб олсак-да, юқоридагиларга озор етказмасак», дейишди. Агар уларни қилмоқчи бўлган ишларига тек қўйиб қўйилса ҳаммалари ҳалок бўлишади. Агар қўлларидан ушлаб қолишса ҳаммалари нажот топишади» (Бухорий (5/94), Термизий (№2173) ривоятлари).

Ҳақиқат аҳли бўлмиш ҳақиқий ислоҳчилар фасод аҳлини ва Аллоҳнинг ҳад-ҳудудларига тажовуз қилувчиларни огоҳлантиришлари, кема ғарқ бўлмасидан туриб уларнинг қўлларидан ушлаб тўхтатиб қолишлари лозим бўлади.

Ушбу улкан вазифани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир муслим ва муслиманинг зиммасига фарзи айн қилиб қўйганлар.

Имом Муслим Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан ким бир мункарни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Агар қодир бўлмаса тили билан (ўзгартирсин), унга ҳам қодир бўлмаса қалби билан (ёмон кўрсин), мана шу иймоннинг энг заифидир» (Муслим (№49), Термизий (№2173), Абу Довуд (№1140) Насоий (8/111), Ибн Можа (№4013).

«Саҳиҳ Муслим»да Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мендан аввал Аллоҳ таоло тарафидан юборилган ҳар бир Пайғамбарнинг фидойи (ёрдамчилари) ва асҳоблари бўлган. Улар ўз Пайғамбарларининг суннатини ушлаб, айтганига юришган. Улардан кейин ўзлари қилмайдиган ишларни гапирадиган ва буюрилмаган (нотўғри) ишларни қиладиган ўринбосарлар уларнинг ўрнига келишади. Кимда-ким бундай кимсаларга қарши қўли билан курашса, у мўминдир! Кимда-ким тили билан курашса, у мўминдир! Кимда-ким қалби билан курашса, у мўминдир! Бундан кейин хардал уруғичалик ҳам иймон йўқдир!». (Муслим (№50), Аҳмад (1/458).

Бирон киши агар мункар ишни қўли ё тили билан инкор қилишга қодир бўлмаса, у ҳолда қалби билан инкор қилиш инкор даражаларидан бири сифатида ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарз бўлади, уни тарк қилишга ҳеч ким узрли бўлмайди.

Бу эса мункарни ёмон кўриш ва мункар аҳлига нафрат билан қараш билан ҳосил бўлади. Аммо, бугунги кундаги илмонийлар (дунёвийлик тарафдорлари) «Дин бошқа, дунё бошқа, динда сиёсатга, сиёсатда динга ўрин йўқ, ҳар ким ўзи хоҳлаган нарсасини танқид қилиши, хоҳлаган ишини хоҳлаган вақтида қилиши, ўзига ёққан қонун-қоидалар ва ҳаёт дастурини танлаши мумкин, ҳеч ким унга бу ишини инкор қилишга ё унинг қўлидан ушлаб қолишга ҳақли эмас» деган сўзлар билан унинг шиорини баланд кўтариб чиқаётган қаттол ва вайрон қилувчи салбийлик мусулмон кишига муносиб эмасдир.

Ҳатто айримлар борки, воизлар либосини кийиб олган тулки мисол авраб, Аллоҳ таолонинг мана бу сўзларини такрорлайди: «Эй мўминлар, ўзингизни билингиз!(Яъни гуноҳлардан сақланингиз!) Модомики, ҳақ йўлни тутган экансиз, адашган кимсалар сизларга зарар етказа олмас» (Моида: 105).

Ўтмишда умматнинг энг катта сиддиқи бўлган ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу мазкур ояти каримани нотўғри тушунишдан келиб чиқувчи айни шу қаттол салбийлик кўринишдан хавф қилгандилар. У киши минбарга кўтарилиб, Аллоҳга ҳамду сано айтгач, шундай дегандилар: «Эй одамлар! Сизлар мана бу оятни ўқийсизлар-у, уни ўз ўрнидан бошқа ўринга қўясизлар:«Эй мўминлар, ўзингизни билингиз! (Яъни гуноҳлардан сақланингиз!) Модомики, ҳақ йўлни тутган экансиз, адашган кимсалар сизларга зарар етказа олмас» (Моида: 105). Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганмиз: «Одамлар зулм қилаётган кишини кўриб туриб, унинг қўлларидан тутмасалар, Аллоҳ уларга оммавий азоб тушириши мумкин». Яна мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Қай бир қавм ичида маъсиятлар қилинаётган бўлса, уларни ўзгартиришга қодир бўла туриб, ўзгартиришмаса, Аллоҳ уларга Ўзи тарафидан оммавий бир азобни тушириши мумкин», деганларини ҳам эшитганман» (Абу Довуд ва бошқалар ривояти, Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 3644).

Демак, ҳақиқий ислоҳчилар мавжуд бўлишининг ўзи ҳам оммавий ҳалокатдан қутулиш сабабларидан бир сабаб экан. Агар уммат амри маъруф ва наҳий мункар қиладиган ана шу турдаги инсонларни йўқотаркан, унга — гарчи ораларида яхши одамлар кўп бўлса ҳам — Аллоҳнинг азоби тушишга ҳақли бўлади. Чунки, улар сукут сақлаганлари боис нопокликлар авж олиб, одамлар кўзида оддий ишга айланиб қолади. Ана шунда улар Аллоҳ жалла ва алонинг азобига лойиқ бўладилар.

«Саҳиҳайн»да Зайнаб бинт Жаҳш розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда келганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни унинг олдига қўрқувдан ранглари ўзгарган ҳолда кириб келдилар — бир ривоятда ана шундай ҳолда уйқудан уйғондилар — ва: «Ла илаҳа иллаллоҳ! Яқинлашиб қолган ёмонликдан араблар ҳолига вой бўлсин! Қасамки, бугун Яъжуж ва Маъжуж тўғонидан шунчаси очилди», деб кўрсаткич ва бош бармоқларини ҳалқа қилдилар. Зайнаб розияллоҳу анҳо айтади: «Мен: «Ё Расулуллоҳ, орамизда солиҳлар бўлгани ҳолда ҳам ҳалок бўламизми?», дедим. У зот: «Ҳа, агар нопоклик кўпайса!», деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ, Бухорий (109), Муслим (8/165, 166), Ибн Ҳиббон (№1906) ривоятлари).

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ «Муватто»да «Хос кишиларнинг амали сабабли оммавий азоб тушиши ҳақида боб» деб алоҳида боб ажратганлар.

Имом Аҳмад «Муснад»да ва Абу Довуд «Сунан»да ҳасан санад билан Адий ибн Умайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ азза ва жалла то омма мункарни ўзгартишига қодир бўла туриб, уни ўз ораларида (ёйилишига) қараб турадиган ҳолда бўлмагунларича хос кишиларнинг амали сабабли уларга азоб туширмайди. Энди агар шундай қилсалар, Аллоҳ хосу омни баробар азоблайди».

Демак, кемадаги ҳамма баробар ҳалок бўлиб кетмаслиги учун ҳақ аҳли бўлган ислоҳчилар Аллоҳнинг ҳад-ҳудудларига тажовуз қилувчиларнинг қўлларидан ушлаб қолишлари ва асло қўйиб юбормасликлари керак бўлар экан.

Бу айтилганлар суҳбатимизнинг иккинчи қисмига кириш учун бир муқаддима ўрнида эди.

 

Иккинчи: Фитрат (тоза табиат) издан чиқса..

Маълумки, ҳозирда мусулмон жамиятларига кофир ғарб жамияти етиб борган ҳолатни, яъни фитратнинг (табиий хилқатнинг) чуқур издан чиқишини мажбурлаб сингдиришга уринишлар кузатилмоқда.

Европа ва Америкадаги замонавий жоҳилият бу жамиятларда зинокорлик, баччавозлик (гомосексуаллик), маҳрамлар (яъни, ака ва сингил, ота ва қиз ва ҳоказо) ўртасидаги никоҳланишнинг кенг ёйилиши билангина чекланиб қолмасдан, балки бу ҳолатларни қонунийлаштириб ҳам қўйди!! Фитратнинг бу шаклда чуқур издан чиқиши улар наздида ҳайрон бўлинмайдиган оддий ишга айланиб улгурди!!!

Улар энди айни шаклдаги фасод ва бузилишни мусулмон жамиятларга олиб киришни истамоқдалар.

Статистик маълумотларга диққатингизни қаратаман. Уларга кўра, яҳудлар ва уларнинг думлари давлатларнинг ғазналари, матбуот, радио ва телевидениялар устидан тўла ҳукмронликни қўлга киритишлари ортидан умуман жаҳон бўйлаб, хусусан Европа ва Америкада разолат ва ахлоқсизликни кенг ривожлантиришга эришдилар, ҳатто бугунга келиб бу нарса тасаввур қилиб бўлмас даражада улкан муаммога айланди.

Мен ҳозир сизларга ўша статистик маълумотлар ичидан мақомга ва ҳаёнинг йўл беришига қараб, бир нечасини келтираман:

Биринчи: Таҳлиллар кўрсатишича, турмуш қурмаган ҳар юз америкалик ва европаликдан тўқсонтаси мунтазам ёки вақти-вақти билан зинога қўл уриб туради.

Иккинчи: Жиноий йўл билан қилинадиган абортлар (ҳомилани тушириш) сони 1983 йили 50 000 000 (эллик миллион)га етган.

Учинчи: Ўсмир қизлар ўртасидаги ҳомиладорлик Америка ва Европада жуда катта муаммога айланган. Американинг ўзида ҳар йили балоғатга етмаган бир миллиондан ортиқ қиз ҳомиладор бўлади.

Иш фақат зинонинг ўзига чекланиб қолмади, балки ғайри оддий жинсий алоқа барча кўриниши билан (яъни баччавозлик – эркак кишининг эркак киши билан, аёл кишининг аёл киши билан ихтиёрий жинсий алоқа қилиши) кенг тарқалди!!.

Ҳатто, гомосексуалистларнинг манфаатларини ҳимоя қиладиган минглаб жамиятлар ва клублар вужудга келди.

Британиянинг маориф бошқармаси хабарига кўра, гомосексуализмни ташкил этувчи эркаклар ва аёллар аллақачон махфийлик доирасидан чиқишга улгурди, бугун улар ўзаро учрашадиган алоҳида жойларга эга бўлганлар.

Тадқиқотларга кўра, Американинг ўзида гомосексуалликга мансублар сони йигирма миллиондан ортиқ экан, уларни, яъни, эркакларни эркакларга, аёлларни аёлларга никоҳлаш учун хос черков ва ибодатхоналар мавжуд.. Махсус ташкил этиладиган никоҳ маросимига дўст-ёрлар, қариндошлар чақирилади!!.

Американинг Тайм журналида ёзилишича, Америка армиясининг бир яҳудий офицери ўз офиси эшигига ўзининг гомосексуализмга мансублигини эълон қилувчи каттагина лавҳа осиб қўйибди. Уни армия бошқаруви идорасидаги ишидан бўшатишгач, армия раҳбариятининг бундай қаттиққўллиги ва ваҳшийлигига қарши матбуот шиддатли ҳужум бошлаган. Натижада, раҳбарият мазкур офицерни ўз ишига қайта тиклашга мажбур бўлган!!. Кейин ўша офицерни Америкадаги энг катта университетларда гомосексуалистлар мавзусида маъруза ўқишга чақиришибди..

Фитратнинг издан чиқиши шунинг ўзигагина чекланиб қолмади, балки ўз онаси, опа-синглиси билан никоҳланиш кўринишлари ҳам пайдо бўлди!!

Биринчи бўлиб, яҳудий Фрейд деган кимса инсон табиати замирида жинсий эҳтиёж ётади, деган асосга қурилган ўзининг тубан назарияси орқали бундай ҳайвонийликка чақириб чиққан эди.

Унинг бу назариясига кўра, бола ўз онасини фақат жинсий эҳтиёжидан келиб чиқиб севади, шунинг учун бола отасини ёмон кўради. Яҳудий Фрейд боладаги ушбу ёмон кўришни «Эдип комплекси (тугуни)» деб атайди.

У қиз бола ҳам ўз отасини фақат жинсий эҳтиёжидан келиб чиқиб севишини ва шу боис у ўз онасига нафрат билан қарашини айтади ва қизчадаги ушбу нафратни «Электра комплекси» деб номлайди.

Юракка оғриқ берадиган жойи шундаки, ушбу тубан ва пасткаш назария бизнинг болаларимизга ўқиш даврининг энг муҳим босқичларида психология фанининг бир боби сифатида ўқитилади.

Американинг Тайм журнали маҳрамлар (яъни ака-сингил, ота-қиз ва ҳоказо) ўртасидаги никоҳланиш борасида ўтказилган каттагина тадқиқот натижаларини эълон қилди. Унда тадқиқотчилардан бирининг қуйидаги сўзлари келтирилган: «Маҳрамлар ўртасидаги никоҳнинг на ғайриоддий ҳол ва на руҳий беморликка далил эмаслигини тан олиш пайти келди!! Аксинча, маҳрамлар ўртасидаги никоҳ ҳар икки тараф учун фойдали бўлиб ҳисобланиши ҳам мумкин!!».

Фитратнинг бузилиши, мана, қай даражага етиб борди!!

«Бас, сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз». У: «Парвардигорим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир кўрар эдим-ку», деган эди, (Аллоҳ) айтди: «Шундай. Сенга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз келганида уларни унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай «унутилурсан»» (Тоҳа: 123-126).

«У қиш­лоқларнинг аҳли бало қазойимиз тунда, ухлаётган ҳолларида келиб қолишидан хотиржам бўлиб қолдиларми? (Кутмаганмидилар?) Ёки у қишлоқларнинг аҳли бало-қазойимиз чошгоҳ пайтида, ўйин-кулги қилаётган ҳолларида келиб қолишидан хотиржаммилар? Улар Аллоҳнинг «макри»дан хотиржам бўлиб қолдилар­ми? Бас, Аллоҳнинг «макри»дан фақат зиён кўрувчи қавмгина хотиржам бўлур» (Аъроф: 97-99).

Аллоҳнинг «макри»дан ана шундай хотиржам бўлиб қолишлари, Аллоҳнинг манҳажидан ана шундай юз ўгиришлари натижаси ўлароқ Аллоҳ таоло бу кофир ғарб жамиятларини илм-фан тараққиётида эришган ғоят улкан ютуқларига қарамай, унинг қаршисида ожиз ва заиф бўлиб туриб қолган давосиз дард ва балоларга мубтало қилиб қўйди.

 

Учинчи: Илоҳий жазо

Ҳа, бу Аллоҳнинг манҳажи (ҳаёт дастури)дан чиқиб кетган ва фитратга (табиий хилқатга) қарши чиқан ҳар бир киши учун илоҳий жазодир. Сир эмаски, СПИД (иммун тақчиллиги синдроми) деб аталган касаллик бугун кириб бормаган ўлка қолмади, охирги йилларда бу бедаво дард даҳшатли суратда ёйилиб бормоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўзининг 1986 йил июн ойида Парижда ўтказган мажлисида тақдим этган маълумотга кўра, СПИД вирусини ташувчилар сони 15 000 000 (ўн беш миллион) атрофида бўлган.

Бу 1986 йилдаги маълумот эди. Хўш, нима деб ўйлайсиз, бугун уларнинг сони қанчага етган экан?!

Америка ҳар йили СПИДга қарши 2 000 000 000 (икки миллиард) доллар ажратар экан.

Даҳшатли томони шундаки, бу ҳалокатли дардга даво топиш йўлида миллиардлаб маблағлар саховат билан сарфланишига қарамай, ҳали шу чоққача бу касаллик домига тушган бирон киши унинг чангалидан қутулиб чиқиб кетолмади, модомики унинг тарқалишининг ҳақиқий сабаблари, яъни зинокорлик ва ғайри оддий жинсий алоқа барча кўриниши билан сақланиб қоларкан, ҳақиқий давосига ҳам ҳеч қачон етиб бўлмайди.

Тадқиқот ва таҳлиллар ушбу дардга энг кўп чалинувчилар айни шу тоифага мансуб инсонлар бўлишини таъкидламоқда.

Бугина эмас, ҳали ундан бошқа ҳам кенг тарқалиб бораётган саратон, захм, сифилис каби таносил касалликлари ҳам асосан шу иллат ортидан келиб чиқади.

Ўз ҳавои хоҳишларидан сўзламайдиган зотнинг сўзлари тўғри бўлиб чиқди.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қайси бир қавмда фаҳш ёйилиб, улар у билан очиқдан очиқ шуғуллансалар, ораларида ўлат ҳамда ота-боболари даврида бўлмаган бошқа касалликлар тарқалади» (Ибн Можа (№4019), Абу Нуъайм (8/333), Ҳоким (4/540) ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 106).

Парвардигорингиз айтмаганми, ахир: «Ботиб кетаётган юлдузга қасамки, сизларнинг соҳибингиз (яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) залолатга ҳам кетгани йўқ, йўлдан ҳам озгани йўқ! Ва у (сизларга келтираётган Қуръон ва Суннатни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон ва Суннат) фақат(Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир» (Ван-нажм: 1-4).

 

Иккинчи хутба

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

Аммо баъд...

 

Тўртинчи: Аллоҳнинг ғазабидан фақат Ўзига тавба қилиш билангина қутулиш мумкин

Умуман башарият ва хусусан мусулмонлар учун ҳақиқий саодат фақат инсонни яратган ва унинг саодати ва шақовати (бахтсизлиги) нимада эканини яхши билган Зот бўлмиш Аллоҳ азза ва жалланинг манҳажига (яъни инсонлар ҳаёти учун тузиб берган дастурига) қайтиш билангина амалга ошади: «(Ахир) яратган зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) хабардор зотдир» (Мулк: 14).

Аллоҳнинг манҳажи инсоннинг табиий истак-хоҳишларга қарши курашмайди, уларни нопок санамайди, балки уларни тартибга солади, тозалайди, ҳайвоний даражадан кўтариб, инсонга инсон сифатида лойиқ бўлган юксак инсоний туйғулар даражасига юксалтиради, эркак ва аёл ўртасидаги муносабатларни юқори даражадаги, покиза ва олийжаноб туйғулар асосига барпо қилади. Аллоҳ таоло айтади: «Унинг оятларидан (яна бири) У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир» (Рум: 21).

Аллоҳнинг манҳажи мусулмон кишига тўғри ва табиий хилқатига мос келувчи покиза ижтимоий муҳитда нафас олиши учун тоза ва пок шароитни яратиб беради.

Аллоҳнинг манҳажи мусулмон жамиятни бадбўй ва жирканч разолат ботқоғига тушишдан асрайдиган кўплаб ҳимоявий кафолатларни белгилаб беради.

Шундан кейингина ушбу кафолатлардан ўз ихтиёри билан воз кечган ҳамда разолат ва фаҳш ботқоғига ботиб ва ерда бузуқлик таратиб юраверишни ихтиёр қилган кимсани жазолайди.

Бу эса бутун инсоният учун, ҳамма жамоалар хотиржам ва хавфсиз яшаши учун зарур бўлган яхшиликнинг чўққисидир.

Ақл мантиқига кўра, агар бир кишининг бир аъзоси саратонга чалинган бўлса ва шифокорлар ўша аъзо кесиб ташланмаса, касаллик бутун танага ёйилиб кетиши ва унинг ҳалокатига сабаб бўлишини айтган бўлсалар, у инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиш учун ўша касал аъзони кесиб олиб ташлашимиз унга нисбатан раҳм-шафқат саналмайдими, ахир?!

Худди шунга ўхшаш, жамиятнинг бир аъзосини тузатиш имкони бўлмаса, унга таълим-тарбия фойда бермаса, панд-насиҳатни қабул қилмаса, жиноятчилик руҳи бутун вужудига мустаҳкам чирмашиб олган бўлса, номусларни поймол ва ҳурматларни зое қилиб юраверишни истаса, жамоатни унинг ёмонлигидан асраш учун у кимсанинг қўлидан ушлаб қолиш қўполлик ва тошбағирлик бўладими?! Йўқ, аксинча, бундай қилиш унга нисбатан айни раҳм-шафқат бўлади. Аллоҳ азза ва жалла айтганидек: «Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй аҳли донишлар! Шояд (жиноятлардан) сақлансангизлар» (Бақара: 179).

(И з о ҳ. Яъни ҳар қандай киши қасос олинишини ўйлаб ўзини қотиллик қилишдан тияди. Демак, қотилдан қасос олиш ҳукми борлиги сабабли жуда кўп қотил ва мақтул (ўлдирилувчи) бўлиши мумкин бўлган кишиларнинг ҳаёти сақланиб қолади).

Мана шундан келиб чиқиб, Аллоҳнинг манҳажи инсониятнинг обрў-номусини, шарафи ва наслини асраш мақсадида шундай қонунларни келтирди.

Аллоҳ таоло айтади:

«Зинокор аёл ва зинокор эркак — улардан ҳар бирини юз даррадан уринглар. Агар сизлар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирувчи бўлсангизлар Аллоҳнинг (бу) ҳукмида (яъни зинокорларни дарралашда) сизларни уларга нисбатан раҳм-шафқат (туйғулари) тутмасин! Уларнинг азобланишига бир тоифа мўминлар гувоҳ бўлсинлар!

(И з о ҳ. Бу ҳукм бўйдоқ (яъни ҳали турмуш кўрмаган) зинокорларнинг жазосидир. Шунга қўшиб уларни бир йилга бадарға қилинади. Агар турмуш кўрган эркак ва хотинлар зинокорлик қилсалар, уларнинг жазолари тошбўрон қилиб ўлдирилмоқдир. Саҳиҳ суннат шунга далолат қилади. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Аслам қабиласилик бир киши келиб, ўзининг зино қилганини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтди ва ўзига қарши тўрт марта гувоҳлик берди. Шундан сўнг уни тошбўрон қилдирдилар. У оилали (яъни уйланган) эркак эди. Ушбу ҳадисни Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар, Албоний «Саҳиҳ сунан Аби Довуд»да (№3725) саҳиҳ санаган).

Зинокор эркак фақат зинокор аёлга ёки мушрикага уйланур. Зинокор аёлга фақат зинокор экак ёки мушрик уйланур. Ва бу (яъни зинокор аёлларга уйланиш) мўминларга ҳаром қилингандир» (Нур: 2-3).

Лут қавмининг фитрати издан чиқиб кетгани ва пайғамбарлари Лут алайҳиссалом келтирган Аллоҳнинг манҳажига қарши чиқишгани боис Аллоҳ таоло уларни қаттиқ жазолади.

Аллоҳ таоло айтади:

«Лутни (эсланг). Ўшанда у қавмига айтган эди: «Сизлар кўриб-билиб турган ҳолингизда бузуқлик қилурмисизлар?! Сизлар хотинларингизни қўйиб, шаҳват билан эркакларга яқинлашурмисизлар?! Йўқ, сизлар жоҳил қавмдирсиз!» (Лут) қавмининг жавоби эса фақат «Лутнинг аҳли-тобеъларини қишлоғингиздан (қувиб) чиқарингиз! Дарҳаҳиқат улар жуда «покиза» кишилардир», дейишлари бўлди. Сўнг Биз (Лутга) ва унинг аҳли-тобеъларига нажот бердик. Магар унинг хотини (нажот топмади, чунки) Биз уни қолиб ҳалок бўлувчилардан бўлишини тақдир қилиб — белгилаб қўйдик. Ва уларнинг устига бир ёмғир (яъни тош) ёғдирдик. Бас (азобдан) огоҳлантирилувчилар ёмғири нақадар ёмон бўлди!» (Намл: 54-58).

Аллоҳ таоло улар ҳақида айтди:

«Биз у шаҳарни остин-устун қилиб юбордик ва уларнинг устига сополдан бўлган тош ёғдирдик» (Ҳижр: 74).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимни Лут қавми амалини қилаётганини кўрсангизлар, қилувчини ҳам, қилинувчини ҳам ўлдиринглар!» (Саҳиҳул-жомиъ (№6589), Абу Довуд (№4462), Термизий (№1456), Ибн Можа (№2561) ва бошқалар ривояти).

Шундай экан, эй азизлар, барчамиз Аллоҳнинг манҳажига қийтишимиз даври келди! Худосиз шарқнинг манҳажига ҳам, кофир ғарбнинг манҳажига ҳам қўл силташ пайти етди!

Чунки, Аллоҳнинг манҳажига қайтишсиз дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатга эришиб бўлмайди. Бас, етар қаттол дашту-биёбонларда дарбадар кезишлар, қоронғи зулматларда тентираб юришлар!.

Мана, Ислом бутун башариятни ҳар қандай дарду иллатлардан халос этишини эълон қилиб турибди. Зеро, башарий ҳаёт Аллоҳнинг махлуқидир, унинг фитрати қулфларини ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи тавсия қилган калитлар билангина очиш мумкин.

Сўзим охирида Фиръавн оиласидан бўлган мўминнинг сўзларини айтаманки:

«Ҳали (бошларингизга азоб тушганида албатта ҳозир) мен сизларга айтаётган сўзларни эслайсизлар. Мен ўз ишимни Аллоҳга топширурман. Зеро, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир» (Ғофир: 44).

Эй Парвардигор! Бизларга ўлимдан олдин тавба қилиб қолишни, ўлим пайтида шаҳидлик, ўлимдан сўнг жаннат ва розилигингни насиб этгайсан.

Эй Парвардигор! Ҳаётимиз хотимасини саодатли қилгайсан. Зотан, Сен бунга қодир ва бунинг эгасидирсан.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар йўлласин.

2012 йил 18-феврал