асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Душманларнинг макр-ҳийлаларини қайтариш қоидалари2822 марта кўрилган Абу Абдуллоҳ Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим Қуръони Карим ва cаҳиҳ Суннатда душманларнинг динга қарши қилган макр-ҳийлалари ва саъй-ҳаракатлари ҳақида умумий тарзда (яъни, тафсилотларга тўхталмасдан, лўнда ва қисқа) гапирилади. Аммо, мусулмонларнинг камчиликлари, муаммолари ва уларнинг мустаҳкамлашга муҳтож бўлган заиф тарафлари ҳақида эса батафсил сўз юритилади. Афсуски, аксарият мусулмонлар ва хусусан, уларнинг олимлари-ю раҳбарлари бу гўзал қоидага бефарқ бўлишди. Бас, шундай экан, бу қоидани уларга тўғри ва чиройли баён қилиб бериш лозимдир. Кофирлар, дин душманлари ва уларнинг мусулмонларга қарши қилаётган макр-ҳийлалари ҳақидаги гап умумлаштирилган, қисқа ва лўнда бўлиши керак. «У ерда кофирлар бунақа қилишди, бу ерда унақа қилишди, фалончиларни бундай қилиб қамашибди, фистончиларни мундай қилиб қийнашибди, энди соқоллиларни ундай қилармиш, ҳижоблиларни мундай қилармиш, уларнинг мана бундай жиҳозлари бор экан, мана бундай айғоқчилари бор экан, фалончи генерал бундай дебди, фистончи мелиса мундай дебди» каби тафсилотларни шов-шув қилиб юриш жоиз эмас. Мусулмонлар ва уларнинг муаммолари, камчилик ва иллатлари ҳақида эса, аксинча - доимо батафсил гапирмоқ керак. Мусулмонларнинг илми ва ақидаларида қандай камчиликлар бор, нималарга амал қилинмаяпти, қайси ибодатларда сусткашлик сезилмоқда, қайси хулқлар бизга етишмаяпти ва мусулмонларга бугун нималар зарур каби масалалар мукаммал тушунтирилмоғи лозим. Лекин, бугунчи?.. Олимларимиз, ваъзхонларимиз, мударрисларимиз ва даъват майдонида жонбозлик кўрсатаётган бошқа биродарларимиз кўп ҳолларда бу қоидага тамомила тескари иш тутмоқдалар. Улар оддий мусулмонларга куфр аҳли ва уларнинг макр-ҳийлалари ҳақида атрофлича гапириб, мусулмонларнинг муаммолари, иллат-камчиликлари хусусида эса қисқача маъруза билан чекланиб қолишмоқда. Боз устига, мусулмонларнинг камчиликлари, муаммолари ҳақида гапирувчи бирор кишини кўрсалар, дарҳол унинг устида қиёматни қоим қиладилар. Қуръону суннатга таянган ҳолда насиҳат қилувчи киши салафларга эргашишга чақириб, мусулмонлар қайси маъруфларни тарк қилишаётгани, қайси мункарларга ғарқ бўлишаётгани, ахлоқлари, ақидалари ва амал-ибодатларида сусткашлик ва камчиликлар кўпайиб кетаётгани хусусида гапирса ва «авваламбор шу муаммоларга эътибор қилайлик» деса, ҳалиги биродарлари унга танбеҳ бериб, «сен мусулмонларнинг кўнглига озор беряпсан, уларни бошқаларга ёмон қилиб кўрсатяпсан, ўзинг ҳам улар ҳақида ёмон гумон қилиб, уларни кўролмаяпсан, нимага кофирларнинг ёмонликлари ҳақида ҳеч нарса демайсан», деб оғзига уришга ҳаракат қилишади ва яна «оламшумул воқеликлар»ни рўбарў қилишади. Бу ҳолатлар кўз ўнгимизда рўй бераётир. Аслида қандай бўлиши керак эди? «Улар сизларга (енгил) озор беришдан бошқа ҳаргиз зарар етказа олмайдилар. Агар сизлар билан урушсалар, орқаларига қараб қочадилар. Сўнгра уларга (ҳеч ким томонидан) ёрдам берилмайди».[1] Бу оятда Аллоҳ таоло кофирларнинг мусулмонларга озордан бошқа бирон зарар етказа олмасликларини баён қилди. «(Эй Пайғамбар) Сиз кофирлар ва мунофиқларга итоат қилманг ва уларнинг озор-азиятларига парво қилманг, (балки) Аллоҳга таваккул қилинг! Аллоҳнинг Ўзи - етарли вакилдир (Яъни, ёрдам берувчи ва ҳимоя қилувчидир)».[2] «Уларнинг озорларини қўйинг, парво қилманг» жумласининг маъноси - уларнинг озорлари ҳақида ўйлаб, кўп ҳам бошингизни қотирманг, улар ҳақида гапни кўпайтирманг, демакдир. «Бас (эй Муҳаммад алайҳис-салом), сиз Бизнинг эслатмамиз (Қуръон)дан юз ўгирган ва фақат дунё ҳаётинигина истаган кимсалардан юз ўгиринг!».[3] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кофирлар тарафидан шундай хатлар келардики, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг мазмунидан бирон кишининг хабардор бўлишини хоҳламас эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига назар ташлаган киши, биз таъкидлаётган қоидани у кишининг суннатларида аниқ-равшан кўра олади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшиликларни қилиш ва маъсиятлардан сақланиш ҳақида, мусулмонлар қилган гуноҳлари туфайли уларга қандай мусибатлар келиши мумкинлиги ҳақида жуда кўп гапирганлар. Шунингдек, ислом оламининг бошига тушган мусибатларнинг биронтаси на Китобда ва на Суннатда кофирларга олиб бориб тақалмаган. Балки, кўп ўринларда бу мусибатлар мусулмонларнинг маъсиятлари ва гуноҳлари сабабли рўй бергани ҳақида уқтирилганини кўрасиз. Бундан ташқари яна кўплаб далиллар мавжуд бўлиб, Қуръони Карим ва ҳадисни ўрганувчи ҳар бир киши, -агар ҳавои нафсига эргашиб кетмаса ва ҳиссиётга берилмаса- бунинг исботини осонлик билан топа олади. Энди асосий масалага кўчамиз. Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда кофирлар ҳақида қисқа ва мужмал, мўминлар ва улар учун зарур бўлган масалалар ҳақида эса батафсил гапирилишининг сири нимада экан? Ҳар бир ишда - унинг сири ва ҳикматини билиш-билмасликдан қатъий назар - Қуръон ва ҳадисга эргашиш лозим. Зеро, иймоннинг асли-асоси ҳам - «эшитдик ва итоат қилдик» деган қоида, яъни, «Қуръонда ва саҳиҳ ҳадисларда келган ҳукмни эшитдик, энди, бу ҳукмнинг ҳикматини билсак ҳам, билмасак ҳам итоат қиламиз» мазмунидаги «темир қонун» устига барпо қилингандир. Ушбу ўринда ҳам, шундай йўл тутишга мажбурмиз! «Эшитдик ва итоат этдик!». Мусулмонларга қаттиқ мусибатлар етганда, уларда пайдо бўладиган кучли изтироб туйғулари ҳам, енгиллик туфайли «юз очган» шодликлар ҳам уларни куфр аҳли ва уларнинг қилаётган ишлари ҳақида тафсилотларга берилишга, ўзларининг муаммолари ҳақида эса қисқа ва мужмал гапиришга чорлаши - модомики Қуръон ва Суннатда бундай қилинмаган экан – мумкин эмас. Чунки замонлар, ҳолатлар, вазиятлар, туйғулар ўзгарса ҳам, Қуръон ва Суннат кўрсатмалари собит ва ўзгармасдир. Ана шундай йўл-йўриқлари мавжуд бўла туриб, ўзларининг ўзгарувчан ҳис-туйғуларига эргашиб кетишлари қандай мусибатларга олиб келиши мумкинлигини мусулмонлар яхши идрок этмоқлари лозим. Улар Қуръон ва Суннат кўрсатмалари ҳар қандай замондан, макон-у туйғулардан олий туришини ўз онгларига қуйиб олмоқлари шарт. Энди, юқоридаги саволимизга қайтсак. - Биринчидан, кофирлар, уларнинг куч-қувватлари, макр-ҳийлалари ҳақида ҳадеб гапиравериш мусулмонларнинг қалбларида кофирларга нисбатан қўрқув уйғотиши мумкин. Бизнинг бугунги аҳволимиз бунинг аччиқ исботидир. Зеро, куфр аҳли ва унинг мусулмонларга қарши уюштираётган макр-ҳийлалари ҳақида гапиравериш оқибатида шундай қўрқув ва саросима ҳолати вужудга келдики, хатто телефонда сўзлашганларида ёки кўча-куйда кўришиб қолганларида оддий исломий саломлашув бўлган - «Ассалому алайкум»ни айтишга ҳам, юмшоқ қилиб айтганда «хижолат» бўлишмоқда. Касал бўлиб қолган мусулмон биродарининг ҳолидан хабар олиш каби оддий ўзаро ҳуқуқларини поймол қилиб, одамлар орасида ўзларини имкон қадар исломдан йироқ қилиб кўрсатишга уринишмоқда. Ҳатто қўрқув туфайли баъзи фарз амаллар четга суриб қўйилиб, «маъсиятлар денгизига» ғарқ бўлинмоқда. Ҳолбуки, фарзларни тарк қилиш ва маъсиятларга қўл уриш даражасида Аллоҳдан ўзгадан қўрқиш - қўрқиш ибодатида Аллоҳга ширк келтириш эмасми? Инсон, аслида, Аллоҳдан қўрққани туфайли Роббиси фарз қилган амалларни бажаради, қайтарганларидан қайтади. Демак, киши бирон нарсадан қўрқиб буларнинг тескарисини қиладиган бўлса ўз-ўзидан маълумки, унда Аллоҳдан кўра бошқадан қўрқиш кучлироқдир. Энг ачинарлиси, бундай аҳволга тушиб қолган мусулмонлар «ҳар қандай қийин вазиятда ҳам сабр қиламан, динимни маҳкам ушлайман, фақат Аллоҳдангина қўрқаман, кофирдан қўрқиб, динимнинг заррача қисмидан кечмайман», деб ўз динини мустаҳкам ушлаган бошқа биродарини кўрганда хижолат бўлиб, ундан ибрат олиш, сабр-тоқат қилгани ва тақво қилгани учун унга ҳурмат кўзи билан қараш ўрнига, ўзини ундан узоқроқ тутишга ҳаракат қиладиган бўлиб қолдилар. Ҳатто баъзилари бундай мусулмонларга: «Агар шундай қиладиган бўлсанг, бизнинг олдимизга келмай турақол!», дейишгача боришди. Агар мусулмонлар оятда зикр қилинганидек куфр аҳлининг озорларига парво қилмай, улар ҳақидаги ваҳимали гапларга ўзларининг орасида урғу бермай, балки Аллоҳ таолога таваккул қилиб, динларини маҳкам ушлаганларида, ҳолатимиз ўзгача бўлмасмиди?! Ваҳимали гапларни муҳокама қилиш ўрнига бир-бирларини ҳақиқатга, сабр қилишга чақирсалар, худди шундай ҳолларда саҳобалар ва ўтган уммат вакиллари нима қилганини эсга олиб, ибратлансалар - ўзлари учун ҳам, ўзгалар учун ҳам яхшироқ бўлиши аниқ эмасмиди? - Иккинчидан, кофирларнинг макр-ҳийлалари хусусида ҳадеб «ровийлик» қилавериш, тафсилотларга берилавериш - мўминларнинг Аллоҳ таолога, Унинг ягона, барчанинг устидан Қодир, барча яхшилик ва ёмонлик қўлида бўлган Зот эканига, Унинг иззат ва куч-қувват соҳиби эканига бўлган иймонларини заифлаштиради. Чунки, эртаю кеч, уйда-ю кўчада, «кофирлар ундай қилишди, кофирлар бундай қилишди, уларнинг бунақа жиҳозлари (аппаратлари) бор экан, мунча одами бор экан, уни Америка қўллаб қувватлаяпти экан, буни яҳудлар бошқаряпти экан..». қабилидаги «экан.. экан..».ларни эшитавериш - мўминнинг қалбига қўрқув солиб, унинг онгидаги юқорида айтиб ўтилган Аллоҳ таоло ҳақидаги тасаввур ва тушунчаларни аста-секин ёдидан чиқаради. Бу ваҳималар уларда қуйидаги хулосаларни келтириб чиқаради: «Модомики, уларни Америка қўллаётган ёки яҳудлар бошқараётган бўлса, тамом. Энди ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Уларнинг олдида мусулмонлар чумоли каби ҳеч нарса қила олмайдилар (тўғри, агар Аллоҳ биз билан бўлмаса, ҳақиқатан ҳам шундай бўлади), шунинг учун, ҳозирча улар билан муроса қилиб яшаш, вақтинча бўйин эгиб туриш керак». Бу эса - «Аллоҳ таоло ҳам, Унинг куч-қуввати ҳам йўқ (наъузу биллаҳ), балки, барча нарса ўша Америка билан яҳудларнинг ёки ўзга «фиръавнча»ларнинг қўлида деган гапдан бошқа нарса эмас. Аллоҳ таоло сақласин! - Учинчидан, мусулмонларга тегишли бўлган масалалар, уларнинг иллат-камчиликлари, адо этишлари керак бўлган бурчлари, вазифалари, ўз устларида ҳис қилишлари керак бўлган улкан маъсулиятлари, ўзларини зийнатлаши керак бўлган ахлоқлари ҳақида батафсил, атрофлича сўз юритиш, буларни мўминларга доимо эслатиб туриш – бино қилиш, ўнглаш ва тарбия қилиш, бир сўз билан айтганда, мусулмонлар учун тараққиёт жараёнидир. Аммо куфр ҳақида гапни кўпайтириш эса -агар вайрон қилиш ва бузиш жараёни демасак- ҳар ҳолда бино қилиш, ўнглаш ёки тарбия қилиш жараёни эмаслиги аниқдир. Хўш, куфр ҳақида қачонгача гапириш мумкин ва бундан биз нима фойда кўрамиз?! Тўғри, мусулмонларда кофирларга нисбатан қандайдир нафрат, ғазаб уйғота олиш мумкиндир, лекин иймон-эътиқод, амал ва ахлоқларида (бу ҳақда деярли гапирилмаслиги туфайли) камчиликлари тобора кўпайиб бораётган мусулмонларда бу ўткинчи нафрат ва ғазаб тезда йўқолиб, ўрнида бепарволик, кейинроқ эса куфрга ён босиш ҳам пайдо бўлиши турган гап. Бунинг мисоли қуйидагига ўхшайди: Бир қавм дарё сувини тўсиб, баланд тўғон қурган эди. Кунларнинг бирида сувлар жуда кўп келиб, қурилган тўғон уни тўсиб туришдан ожизлик қила бошлади. Одамлар бундан қаттиқ қўрқишди. Тўғон олдида оқим сабабларини текшириб, заиф жойларини мустаҳкамлаш - ёриқларини беркитиб, уни янада мустаҳкам қилиб ислоҳ қилиш ўрнига, қавм раҳбарлари-ю ваъзхонлари бу сувнинг қуввати, унинг кенглиги-ю узунлиги қанчалиги ҳақида, шундай сел фалон жойда нечта қишлоқни ювиб кетгани ва қанча инсонларнинг ёстиғини қуритгани ҳақида бири-биридан ваҳимали гап ва хабарларни қавмларининг қулоғига эртаю кеч қуя бошлашди. Барчанинг қалбига ғулғула ва саросима тушди. Бирорталари ҳам тўғонни ислоҳ қилиш ва мустаҳкамлаш ҳақида жиддий фикр қилишмади. Бу ҳам етмагандек, ақлли кишилардан бири келиб: «Эй биродарлар, бу тўғонимизнинг ҳозирги аҳволи жуда аянчли, тезда унинг заиф жойларини мустаҳкамлаб, таъмирламасак бўлмайди, унинг емирилишига сабаб бўлаётган «кавлаш» ишларини тўхтатиш керак»,- деб айтса, унга жавобан: «Ҳой тирранча! Сен ўзи қаердан келиб қолдинг? Тўғонимиз ҳақида бундай гапларни гапиришга уялмайсанми?! Бу тўғонни қуриб битказгунча сарфлаган кучларимизни ёдингдан чиқардингми? Бу қурилишларда жон берган шаҳидларимизни унутдингми? Сенинг гапинг бўйича, бутун саъй-ҳаракатларимиз зое кетган экан-да?! Шунча қилган меҳнатларимизни менсимай, тўғон ҳақида гапиргандан кўра, бу сувнинг хатари-ю, қанча қишлоқларни ғарқ қилиши, қанча инсонларнинг ёстиғини қуритиши мумкинлиги ҳақида гапирсанг бўлмайдими, овозинг ўчгур!»- дейишди. Хуллас, маълум муддат ўтгач, сел тўғонни бузиб, унинг ортида яшовчи қавмни ҳам, -ачинарлиси ўша ақлли кишини ҳам- ҳалок қилди. Зеро, Аллоҳ таоло огоҳ қилганидек: «(Эй мўминлар!) Ичингиздаги золим кишиларгагина эмас, (балки, улар сабабли ҳаммаларингизга бирдек) келадиган балодан эҳтиёт бўлингиз! Ва, билингизки, албатта Аллоҳ - азоби қаттиқ бўлган Зотдир».[4] Бироқ, гоҳида, баъзи биродарлардан: «кофирлар ҳақида кўп ва батафсил гапириш яхши эмас дейишингиз уларни ҳимоя қилишнинг ўзгинаси эмасми?»- деган хунук ва тутриқсиз савол ҳам чиқиб қолади. Албатта, бу - Иблиснинг найранг-ҳийлаларидан биридир. Шунинг учун, бундай биродарлар билан суҳбатлашсанг, шайтон ҳақида гапириш мутлақо хаёлларига келмайди-ю, лекин инсонлардан бўлган иблислар таърифидан чарчашмайди. Аслида шайтон шундай кишиларга даҳшатли васвасаларни солиб, ўзи бир чеккага чиқиб олади. Шайтон найрангига учган эҳтиётсиз мусулмонлар эса унинг ишини чиройли қилиб охирига етказиб қўядилар. Кези келганда биз учун Аллоҳ таоло тарафидан чиройли дарс ва ибрат бўлган - Совет Иттифоқининг қулашини эслатиб ўтсак, ёмон бўлмаса керак. Бу дарсдан кимдир ўзига фойда ва ибрат олди, кимдир эса йўқ... Бу улкан ва қудратли мамлакат нафақат Ислом оламида, балки, бутун дунёда қалбларга қўрқув солиб турар эди. Эрта-ю кеч телевизорда ҳам, радиода ҳам, газета-журналда ҳам, фақат СССРда қанча танк-у қанча самолёт, қанча атом бомбаси-ю ўша бомбаларни керакли жойга етказиб берадиган қанча қитъалараро ракеталар борлиги, қанча аскари борлиги тўғрисида гап кетар эди. Бу ҳам етмаганидек, кунлик овқатини зўрға топадиган қашшоқ, ақида масалалари бир ёқда турсин, ҳали ахлоқ масалаларидан ҳам йироқ бўлган, ҳатто ҳалол-ҳаромни ажратишга қурби етмайдиган оми мусулмонларга ҳам ўзларининг имомлари худди шу мавзуни оғизларига чайнаб солишарди. Ўшанда бирон киши уларга: «Ҳой биродарлар! Одамлар ақидаларини, ибодатларини, ахлоқларини танимаяптилар, қабрларни тавоф қиляптилар, ўликлардан нажот тилаб юрибдилар, тоғутларга итоат қилиб, Қуръону ҳадисни чеккага суриб қўйганлар. Бу адашган халқларни Совет Иттифоқи ёки бошқа бир кофир билан қўрқитишнинг нима кераги бор?! Ундан кўра халқларга ислом ақидасини, ахлоқини, шариатини тарғиб қилайлик, хато ва маъсиятлардан қайтариб, тақвога, эҳсонга чақирайлик, уларда Аллоҳ таолога, Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва саҳобаи киромларига муҳаббат, Аллоҳ учун яхши кўриш, Аллоҳ учун ёмон кўриш ва бошқа яхши хислатларни тарбия қилайлик. Агар мусулмонлар ўнглансалар, Аллоҳ таоло бундай бандаларини нафақат Совет Иттифоқи, балки, ундан ҳам кучлироқ душмандан қутқариб, сақлаб қолишга кучи етар, уларнинг отган ракеталарини ўзларининг устиларидаёқ портлатиб юборишдан ожиз қолмас!»,- деб насиҳат қилса, ҳалиги ваҳимачилар унинг устидан кулиб: «қачонгача хом-хаёллар оғушида эртакларни орзу қилиб юрасан»,- деб камситишар эди. Натижада ҳалиги мусулмон бу ваҳимали гапларга қулоғини динг қилиб, оғзини очиб қоларди. Аллоҳ таоло ҳақида қачонлардир эшитган ва лекин ҳали қалбида мустаҳкам ўрнашмаган эътиқоди аста-секин йўқолиб, унинг ўрнини қўрқув ва саросима босарди. Мусулмонларда қурол-яроқ, танклар ва бомбалар у ёқда турсин, оддий игна ёки мих чиқарадиган корхонаси ҳам йўқлигини ўйласа, бадтар тушкунликка тушарди. Лекин Қиёматга қадар тура оладигандек бақувват ва жаббор бўлиб кўринган бу девни - Аллоҳ таоло ақл бовар қилмайдиган даражада, бирпасда қулатиб қўя қолди. Аслида, бу мамлакатни қандай қилиб йўқотиш ҳақида дунёдаги энг кучли давлатлар ҳам бош қотиришарди, бир дунё қуролларни унга қарши тайёрлаб қўйишган эди. (Дарвоқе, бугун ўша қуроллар аста-секин ислом ўлкаларига қарши қаратилиб қўйиляпти). Аллоҳ таоло Совет Иттифоқини қулатиб, мусулмонларга жуда катта дарс берди. Ҳамма нарса ёлғиз Ўзининг қўлидалиги, ҳар бир нарсага қодир Зот эканлиги, бандалари Аллоҳга берган аҳдларида содиқ турсалар, улар учун бундан-да кучлироқ ва даҳшатлироқ душманга ҳам ўзи кифоя бўла олишини яна бир бор эслатиб қўйди. «(Эй Пайғамбар) Сиз кофирлар ва мунофиқларга итоат қилманг ва уларнинг озор-азиятларига парво қилманг, (балки) Аллоҳга таваккул қилинг! Аллоҳнинг Ўзи - етарли вакилдир. (Яъни, ёрдам берувчи ва ҳимоя қилувчидир)».[5] Мўминлар маъруф ишларни тарк қилишда, мункарга қўл уришда кофиру мунофиқларга итоат этмасалар, уларнинг таҳдидлари ва озорларидан чўчимай, Аллоҳнинг Ўзига таваккул қилсалар, динларини маҳкам ушласалар, уларга Аллоҳ таоло етарли вакилдир. Яъни, бандаларини душманларидан ҳимоя қилиб олишга қодир Зотдир. Бугун Совет Иттифоқи йўқ. Лекин у бўлмаса, бошқасидан қўрқиб, ҳали ҳам саросимадан чиқолмай юрганлар талайгина. Баъзилар эса эътироз билдириб: «Кофирларнинг куч-қувватлари ва мусулмонларга қарши олиб бораётган сиёсатлари, уюштираётган макрлари ҳақида мусулмонларни батафсил воқиф қилиб туриш уларни бу макр-ҳийлаларга қарши чоралар кўришга ҳозирлайди. Яъни, бу ишлар аслида, кофирларга қарши кураш учун Аллоҳ таоло буюрган сабабларни ҳозирлаш жумласидандир»,- дейишлари мумкин. «Дарҳақиқат, улар (Расулуллоҳга ва мўминларга қарши) ўзларининг макр-ҳийлаларини қилдилар. (Ва ҳолбуки) уларнинг макрлари Аллоҳнинг ҳузурида (маълум)дир. (ва Аллоҳ уларнинг макр-ҳийлаларини пучга чиқаришга қодирдир) Ҳатто, уларнинг макрлари тоғлар ҳам у сабабли йўқ бўлиб кетиши мумкин (даражада кучли) бўлса ҳам».[6] Эътибор беринг, Қуръони Каримнинг қайси бир оятида Исломга қарши қилинаётган макр-ҳийлаларни қайтариш ҳақида гапирилган ёки ишора қилинган бўлса, бу ишни Аллоҳ таоло мўминларга эмас, балки, Ўз зиммасига олган. «Эсланг, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кофирлар сизни тутиб олиш, ёки сизни қатл қилиш ёки сизни (Маккадан хорлаб) ҳайдаб чиқариш учун сизга қарши макр-ҳийлалар қилишган эди. (Кофирлар доимо исломга қарши шундай) макр қилурлар, Аллоҳ ҳам (уларнинг макрларини пучга чиқариш учун) макр қилур ва Аллоҳ макр қилувчиларнинг яхшироғи (устароғи)дир».[7] «(Яҳудийлар Ийсо алайҳис-саломни қатл қилиш учун) макр қилдилар, Аллоҳ ҳам макр қилди ва Аллоҳ - макр қилувчиларнинг яхшироғидир».[8] Кофирларнинг макрларига қарши чора кўриш, уни қайтаришга Аллоҳ таоло Ўзи кифоя қилишини таъкидламоқда. Нима учун Аллоҳ азза ва жалла бу ишни биз мўминларга юкламаяпти? Чунки, биз ҳеч қачон уларнинг макрларини қайтаришга ўзимизча қодир эмасмиз. Кунда 24 соат макр китобини варақлаб, мўминларга қарши режаларни тузишда ҳам, амалга оширишда ҳам «ўрмон қонуни»дан бошқа бирон қоидага риоя қилмайдиган бу «йиртқичлар» учун «адолат», «инсоф», «виждон», «ҳаё», «ҳалол», «ҳаром», «мумкин», «мумкин эмас», «раҳм-шафқат» каби тушунчалар бегонадир. Улар ёш-у қари, аёл-у беморларни ҳам аяб ўтиришмайди. Бизга қарши макрлар уюштиришда куфр аҳли ҳар қандай разилликдан тап тортмайдилар. Хўш, бундай макрга қарши биз нима қила олишимиз мумкин, деб ўйлайсиз? Авваламбор, муносиб жавоб бериш учун биз ҳам 24 соат макр қилишимиз зарур бўлади. Ҳолбуки бу иш бир кун ёки икки кун эмас, балки Қиёматга қадар шу алфозда давом этиши муқаррар. Бунга ким ҳам туриб бера олади? Ахир, Аллоҳ таоло бизни Ўзига ибодат қилиш учун яратмаганмиди? Ёки куфр аҳлига қарши макр билан вақт ўтказишни ўзига «фарз» қилиб олганлар борми? Бундан ташқари бизнинг олдимизда доимо адолат, инсоф, ҳалол, ҳаром, раҳм-шафқат каби тушунчалар чегара бўлиб туради. Биз «ўрмон қонуни»га кўра ҳаракат қила олмаймиз-ку! Уларнинг макрларига жавоб қайтариш учун мўминларнинг вақтлари ҳам, имконлари ҳам етмайди. Бундан ташқари, юқорида зикр қилинган «Иброҳим» сурасининг 46-оятида айтилганидек улкан тоғларни ҳам ўрнидан қўзғатувчи макрлар тўфонига биздек содда ва заиф инсон қандай қаршилик кўрсатсин?! Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бизларни бундай машаққатдан Ўзи халос қилгандир. Уларнинг макрига тоғлар ҳам чидай олмаслигини эшитиб, тушкунликка тушиб қолмаслигимиз учун, бундан аввалроқ - уларнинг макри Аллоҳнинг ҳузурида эканлигини уқтириб ўтди. Роббимиз азза ва жалла бизга қарата: «Эй бандаларим! Уларнинг макрлари - аслида, сизлар тасаввур қилганингиздан ҳам кучлироқ. Лекин, модомики, Мен сизларнинг тарафингизда эканман, заррача ҳам чўчимасангиз бўлади. Чунки, уларнинг макрлари - Менинг ҳузуримда. Улар ўз макрларини сизлардан яширишга уринсалар ҳам, Мендан яшира олмайдилар. Шунинг учун, уларнинг макрлари хусусида ҳадеб бошингизни қотираверманг, Мен уни батафсил биламан. Сизлар Менинг динимни мустаҳкам тута билсангиз бас. Кофирнинг макрига Мен Ўзим кифоя қиламан, хотиржам бўлинглар»,- деяётгандек гўё... Ўзингиз ўйлаб кўринг - дин душманларида фалон олимни қандай йўқотиш, фалон даъватчини қандай қамаш, фалон жойда уюштирилаётган дарсларни қандай қилиб тўхтатиш, у мударрисни қандай қилиб ёмон отлиқ қилиш, онгли мусулмонларни ўзига тортаётган масжидларни қандай қилиб ёпиш, уйғонаётган ва дин омонатини ўзида ҳис қилиб, қад тиклаётган мусулмонларга қайси айбларни туҳмат билан ёпиштириб, уларни халқ душманига айлантириш, бунинг учун телевизорда қандай «ажойиб» кўрсатувларни уюштириш ва бу кўрсатувларни таъсирлироқ бўлиши учун ўзларининг «нотиқ санъаткорлари» бўлган қайси залолат имомларини олиб келиш ва қайси оят-ҳадисларни бузиб, нотўғри шарҳлаб беришни ўшалардан талаб қилиш каби макрлар «сценарийлар»ини тузиб чиқувчи ташкилотлар эрта-ю кеч фаолият олиб боришмоқда. Бундан ташқари, уларнинг корхоналарда, маҳаллаларда, билим юртларида ва хатто масжиду-мадрасаларда ҳам ҳақиқий мўминларга қарши маълумотлар тўплаб, уларнинг сир-асрорларини қидириб юрадиган минглаб малайлари мавжуд. Ўзларининг ақли етмайдиган оғирроқ масалалар ҳақида эса мунтазам равишда мусулмонларга қарши курашиб тажриба орттирган чет эллик устозларидан маслаҳатлар олиб туришади. Бирдан бир мақсади ерда фасод тарқатиш, инсонларни залолат гирдобига тортиш, Аллоҳнинг ҳақиқий бандаларига қарши тинимсиз кураш олиб бориш бўлган маккор шайтон ҳам доим улар тарафида ҳозиру нозирдир. Хўш, аҳвол шундай бўлса (бунга ҳеч ким шубҳа қилмаса керак), иймон ва эътиқоди, Китоб ва Суннатидан бошқа ҳеч нарсаси бўлмаган мусулмонлар бу улкан макрдан қандай омон қолишлари мумкин?! Бундай макрдан саломат қолиш беҳад мушкул. Фақат Аллоҳ таоло биз билан бирга бўлса нажот топамиз, акс ҳолда ҳолимизга вой деяверинг. Лекин, Аллоҳ таоло ўзининг ёрдами, нусрати, ҳимояси билан доим биз билан бирга бўладими? - Йўқ, албатта! У доим биз билан бирга эмас! Қачон тақво қилсак, яъни барча ҳолатларда, ишларда бандалардан эмас, Аллоҳдан қўрқсак, тиканли йўлда оёқларимизни тиканлардан эҳтиёт қилиб, оҳиста юрганимиз каби ҳаётимизда ҳам гуноҳ-маъсиятлардан эҳтиёт бўлиб тўғри юрсак, чин ибодатли муҳсинлардан бўлсак, яъни ибодатларимизда, амалларимизда, уйда, кўчада, бозорда, умуман ҳамма жойда рўбарўмизда Аллоҳ таоло тургандек тасаввурда бўлсак, амалларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ бўлиб, ниятларимиз эса фақат Аллоҳ таолонинг розилигини топиш бўлса, ана шунда Аллоҳ таоло биз билан бирга бўлади. Биз шундай эканлигимизга ўзимиз ишона оламизми? Акс ҳолда нима сабабдан Аллоҳ таоло биз билан бирга бўлсин, бизларга нусратини юборсин?! «(Эй, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам! Бу даъват йўлида сизга етган озор-азиятларга) сабр тоқат қилинг. Сабр қила олишингиз ҳам Аллоҳ(нинг ёрдами) биландир. Уларнинг (динга кирмай сизга қаршилик қилаётганлари) устида маҳзун (хафа) бўлманг. Уларнинг (сиз ва сизга иймон келтирганларга қарши уюштираётган) макрларидан сиқилманг ҳам! Зотан, Аллоҳ тақво қилган ва муҳсин бўлган зотлар билан (Ўз ҳимояси, нусрати, ёрдами билан доимо) биргадир».[9] Мусулмонларнинг кўнглига хотиржамлик соладиган оятлардан яна бирига қулоқ беринг: «Улар (ўзларининг хоинликларини, жиноятларини) одамлардан яширмоқчи бўладилар, аммо Аллоҳдан яшира олмайдилар. У Ўзи рози бўлмайдиган гапларнинг режасини хуфёна тузаётган пайтларида ҳам улар билан бирга бўлур. Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини иҳота қилиб тургувчи Зотдир!».[10] Изоҳ: Иҳота қилиш сўзи икки маънони - билиб туриш ва қодир бўлиш (қудрат) маъноларини ўз ичига олади. Демак, Аллоҳ уларнинг хуфёна тузаётган режаларини батафсил билиб турувчи, ҳамда бу режаларни хоҳлаган лаҳзада барбод қилишга қодир Зотдир. Уларнинг қилаётган бу ишлари бир тийинга қиммат эканини, аҳволларининг нақадар аянчли эканига эътибор беринг: Кофирлар динга қарши тузаётган режаларини, макр-ҳийлаларини, суиқасдларини одамлардан беркитадилар. Ҳолбуки, одамлар уларга фойда ҳам, зарар ҳам келтиролмайдилар. Уларга фойда ҳам, зарар ҳам келтириш қўлида бўлган Аллоҳ таолодан эса яширмайдилар. Чунки, Ундан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди. Шундай экан, ўз макрларини заиф, (очиқ-ошкор қилганларида ҳам ўзларини ҳимоя қила олмайдиган) инсонлардан беркитганлари нима бўлди-ю, бу макрлари учун уларни ер билан яксон қилишга, қазиган чоҳларига ўзларини қулатишга қодир Зот бўлган Парвардигор - Роббул оламиндан яшира олмаганлари нима бўлди?! Биринчидан, кофирларнинг бу ёмон қилмишлари энг аввал мўминларнинг Робби Аллоҳ таолога қарши қаратилгандир. Аллоҳ таоло кофирлар хуфёна тузаётган режадан Ўзининг рози бўлмаслигини баён қилди. Иккинчидан, кофирлар шу макрларни уюштирар эканлар, Аллоҳ азза ва жалла уларни иҳота қилиб туради. Дин душманлари Унинг илмидан ҳам, қудратидан ҳам четга чиқиб кетмайдилар. «Бузоқнинг югургани - сомонхонагача» деганларидек, Аллоҳнинг чангалида турган ҳолларида бу макрлари билан қаёққа ҳам борардилар?! Агар мўминлар Аллоҳ билан бирга бўлсалар, яъни, кофирларнинг макридан қўрқмай, Аллоҳнинг динини маҳкам тутсалар, Ислом душманлари тузган режаларнинг барчаси - кулдан қурилган уйлар экани ойдинлашади. «Агар сабр-тоқат қилсангизлар ва тақво қилсангизлар (яъни, Аллоҳдангина қўрқсангизлар), - уларнинг макр-ҳийлалари сизларга ҳеч қандай (ҳеч қандай!) зарар етказа олмайди. Албатта, Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини иҳота қилиб тургувчи Зотдир (яъни, билиб турувчи ва уларни ҳалок қилишга қодир Зотдир)».[11] Шу оятлардан кейин ҳам, «динимизга амал қилишда сабр қиламиз ва Аллоҳдан тақво қилган ҳолда динимиздан заррача ҳам воз кечмаймиз»,- деяётган мўминларга жавобан, душманнинг куч-қувватидан ва макридан саросимага тушиб қолган баъзи нотиқларимиз: «Бундай қиладиган бўлсак, улар бизга зарар етказиб қўядилар!»,- дейишларини қандай изоҳлаш мумкин?! Аллоҳ таолонинг юқоридаги сўзларидан юз ўгириш, ундан умидсизланиш шунчаларми?! Ахир, Аллоҳ таоло: «Уларнинг макр-ҳийлалари сизларга ҳеч қандай зарар қила олмайди» деб, бизни хотиржам қиляпти-ку. Кофирларнинг қилаётган ишларидан, уюштираётган режаларидан қўрқувга тушмасдан, мағрур юришимиз ва жасурроқ бўлишимиз учун: «Албатта, Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини иҳота қилиб турувчи Зотдир», - деб таъкидлаб ҳам қўймоқда. Яъни, кофирлар қилаётган ҳамма ишлар Унга аёндир, бирон нарса Унинг илмидан четда қолиб кетмайди. Хотиржам бўлинг, уларни хоҳлаган онида ер билан яксон қилиб, сизларга қарши уюштирган тадбирларини ўзларига қарши тадмир-фалокатга айлантиришга қодир Зот айтмоқда бу сўзларни! Лекин, қачон шундай бўлади? - Қачонки: «Сизлар сабр-тоқатли бўлсангиз ва тақво қилсангиз!». Улуғ муфассир олим, имом Ибн Касир ушбу оят тафсирида қуйидагиларни айтади: «Аллоҳ таоло мўминларга ёвузларнинг шарридан, фожир-у фосиқларнинг макридан саломат қолишлари учун сабр-тоқат, тақво ва Аллоҳга таваккул қилишга йўл кўрсатяпти. Чунки, Аллоҳ таоло уларнинг душманларини иҳота қилиб турувчи Зотдир. Бас, шундай экан уларниг (мусулмонларга қарши уюштирган макрларини амалга ошириш учун) кучлари ҳам, қувватлари ҳам йўқ, магар Аллоҳ изн берсагина бордир. Ва У шундай Зотки, ҳар қандай нарса фақат У хоҳласагина бўлади, хоҳламаса бўлмайди. У тақдир этган ва ирода қилган нарсадан бошқа бирор нарса содир бўлмайди. Кимки Унга таваккул қилса - Ўзи унга кифоя қилади». Изоҳ: Аллоҳга таваккул қилишнинг маъноси: «Эй Роббим, мен Сен айтган нарсаларни бажаряпман. Расулинг орқали юборган динингни маҳкам ушлаб, сабр-тоқат ва тақво қиляпман, энди душманларнинг макридан саломат қолиш-қолмаслигим Сенинг қўлингда, буёғини Сенга топширдим»,- демакдир. Мана шу дақиқ тушунчалар – асл қоидалар кўпчилик мусулмонлар ёдидан буткул кўтарилиб кетди. Бу тушунчаларни ёддан чиқариш ёки қўпол қилиб айтсак улардан юз ўгириш мусулмон жамоасига жуда ҳам қимматга тушди. Албатта, мусулмонлар бу қоидани яна ҳаётга қайтаришлари, унга амал қилишлари лозим. Куфр аҳли, уларнинг ишлари, макрлари, куч-қувватлари, мусулмонларга қарши уюштираётган суиқасдлари ҳақида гапни кўпайтириш, бу хусусда тафсилотларга берилиш - на ҳикматга, на шариъатга ва на воқеликка тўғри келмаслигини тушунмоқ керак. Оятларда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида кундек равшан баён қилинган бу гапларимизга баъзи биродарларимиз ишона олмаётган бўлсалар, келинг, воқеликдан келиб чиқиб бир фикр қилиб кўрайлик. Куфр олами, унинг куч-қуввати ҳақидаги ваҳимали гапларни оғиз кўпиртириб, батафсил гапирдик ҳам дейлик - бизни эшитувчилар ким бўлади? Осий ёки тақводор мусулмонлар... Агар эшитувчиларнинг ўзлари осий бўлсалар, бу гапларимизнинг уларга ҳеч қандай фойдаси йўқ, балки, турган-битгани зарар бўлади. Бу гапларимиздан кейин юракларини ҳовучлаб, зўрға амал қила бошлаган амалларини ҳам тарк этиб кетадилар. Агар эшитувчилар тақводор бўлсалар, ҳақиқатан ҳам куфр аҳлидан сон жиҳатдан кам, куч-қувват жиҳатдан заиф бўлганликлари боис, уларнинг қўлларидан ҳам ҳеч нарса келмайди. Бу гапларни айтишимиздан илгари қандай бўлсалар, эшитганларидан кейин ҳам аҳвол ўзгариб қолмайди. Масаланинг яна бошқа томони ҳам борки, ҳозир мусулмонлар бошдан кечираётган аҳвол билан ваъзхонларнинг куфр ҳақидаги ваҳималари ва улардан кутаётган натижалари мутлоқо бир-бирига тўғри келмайди. Тўғри, улар ҳақиқатан муслим одамлар ва уларнинг қалбларида жўшқин исломий туйғулар ҳам мавжуд, иншааллоҳ. Лекин, саҳиҳ ақидадан, солиҳ амаллардан, чиройли хулқлардан холи бўлган бу қуруқ туйғулар куфр аҳлининг куч-қувватлари ва макр-ҳийлалари тўғрисидаги гаплар ваҳимаси олдида дош беролмайди. Ҳатто бирпасда сўниб қолиши ҳам мумкин. Бу бамисоли кучли шамолнинг милтиллаб турган оловларни ўчириб қўйиши, ловвулаган гулханларни эса янада кучайтириб юборишига ўхшайди. Шунинг учун ақида, амал-ибодатлар ва ахлоқ каби жиҳатларда кучли бўлган мусулмонлар қаттиқ синов кунларида янада тобланадилар. Иймон-эътиқоди заиф бўлган мусулмонлар эса аксинча - ҳалиги «милтиллаб турган олов» тақдирига шерик бўлиб қоладилар. Бирон нарсани ўзича мустақил ҳал қила олмайдиган, ўз ишида ҳам мағлуб бўлиб турган бу халқлардан яна қандай натижа кутиш мумкин? Соқол қўйганларга, ҳижоб кийганларга қарши бундай тадбирлар уюштирилармиш, дарс бераётганлар ёки олаётганларга мундай чоралар қўлланармиш, почасини калта қилиб юрганларни бундай қилармиш қабилидаги миш-миш гапларни ҳозирги мусулмонлар ўртасида ёйиш кошкийди ажрга сабаб бўлса! Бу билан халқларнинг дини кучайиб қолади, деб ўйлайсизми? Аксинча, ҳамма ёппасига соқолини қириш, ҳижобларини ечиш, дарсларни йиғиштириш, китоб-дафтарларини ўзи ҳам топа олмайдиган жойларга яшириб, ўзини тижоратга уриш, шимларини узун қилиб осилтириб юришга ўтиб кетади. Бизга шу керакми?! Саросимада бериб юборилган фатволар ёки тарқатилган ваҳима гаплар учун эртага Роббимиз азза ва жалланинг ҳузурида нима деб жавоб берамиз?! Агар бизнинг динимиз енгиллик кунларида унга амал қилиб, қийинчилик туғилиши биланоқ, уни йиғиштириб қўйишдан иборат бўлса, кимга мазза - мусулмонларга мазза экан-да? Кенглиги осмонлар ва ерчалик бўлган жаннатнинг баҳоси шунчалар арзон экан-да? Солиҳ аждодларимиз унинг баҳосини қиммат деб билиб бекорга ўз жонларини қийнаган эканлар-да? Покиза тарихимизга бир назар ташлайлик-чи... Ҳар қандай ҳақ-ҳуқуқдан маҳрум бўлган қул бўла туриб Билол Ҳабаший, Хаббоб ибн Арат каби саҳобалар ўз динларида салобат билан турдилар, азобу қийинчиликларга сабр қилдилар... Ёсир ва унинг аёли Сумайя каби саҳобалар эса куфр сўзини айтишдан ўлимни афзал кўриб, шаҳид бўлиб кетдилар... Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Абу Зар каби ҳимоясиз саҳобалар эса қаттиқ калтаклар, хорланишлардан ҳам қўрқмай ўз эътиқодини, мусулмон эканлигини қурайш золимларидан яширмай, эълон қила олдилар... Саид ибн Зайд ва унинг аёли Фотима бинти Хаттоблар эса азобу уқубатларга сабр қилиб, нафақат ўз динини маҳкам ушладилар, балки шу сабр-тоқатлари сабаб бўлиб, мушриклар орасидан уларнинг энг кучли ва улар учун энг азиз кишилардан бўлмиш, кейинчалик эса Ислом тарихида ўчмас из қолдирган Умар ибн Хаттобдек инсонни тортиб чиқардилар... Ҳабиб ибн Зайд ёшгина йигитча бўлишига қарамасдан Мусайлима Каззобнинг сўзига итоат қилишдан кўра, қийма-қийма қилиниб, ҳалок бўлишни афзал кўрди ва шаҳид бўлди... Аҳмад ибн Наср ал-Марвазий, Абу Ҳанифа, Аҳмад ибн Ҳанбал, Ибн Таймийя каби кўп улуғ олимларимиз ҳақ йўлида азоб-уқубатларга дучор бўлдилар ва ойлаб-йиллаб зиндонларда ўтирдилар. Лекин ўзининг ҳақ эътиқодидан муроса учун ҳам, вақтинча бўлса ҳам чекинмадилар, баъзилари шаҳид бўлиб кетдилар, баъзилари эса калтаклар асоратидан кейинчалик вафот этдилар... Бундай мисолларни яна кўплаб келтиришимиз мумкин. Ана шу салафларимиз бизга ибрат эмасми?! Саҳобалар ёки солиҳ салаф-аждодларимиз қийин синов кунларида қандай йўл тутишганини бирон маротаба эсламаган халқнинг осмонини қора булутлар тарк этмаслиги аниқ. Аҳвол жиддийлашиб, мусулмонларга тазйиқ кучайган пайтларда, халқларни ваҳима гаплар билан кўмиб ташлаш ўрнига мана шундай мисоллардан ўрнак олишга чақирсак, уларда ақида, ибодат, чиройли ахлоқлар, дин учун ғайрат қилиш каби хислатларни чуқурроқ ўрнатишга уринсак яхшироқ эмасми? Уларнинг макрига ўзимизча бардош бера олмаслигимизни, яъни қанча ўзимизни сақлашга уринсак ҳам, агар Аллоҳ таоло асрамаса, барибир уларнинг чигал тўрларига илиниб қолишимиз мумкинлигини, агар Аллоҳнинг ўзи кифоя қилмаса, уларнинг макридан тоғлар ҳам завол бўлишини Аллоҳ таоло бизга баён қилмадими? Бинобарин, биз халқларга кофирларнинг бизга қарши уюштираётган макрлари жуда ҳам қаттиқ экани, доим шундай бўлиб келгани ва яна бундан буён ҳам шундай давом этаверишини умумий тарзда тушунтириб, бу кучли макрдан фақат Аллоҳ таоло билан бирга бўлсаккина саломат қолишимиз мумкинлигини тушунтиришимиз керак. Шунда мусулмон жамоанинг шакилланишига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз, мусулмонларнинг қалбида фақат Аллоҳ таолодан умидвор бўлиш, Унгагина таваккул қилиш каби ақидаларни Унинг изни билан пайдо қила оламиз. Ана шундагина бирон яхшиликка эришишимиз мумкин бўлади. Зеро саҳобаи киромлар худди шу йўлни тутганлар, ундан аввалроқ эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам уларни шу йўсинда тарбия қилганлар. 8 мингга яқин ҳадисни ўз ичига олган «Саҳиҳ ал-Жомеъ ас-Сағир» китобини кўриб чиқсангиз, Аллоҳнинг душманлари тарафидан қилинган макрлар ҳақидаги ҳадисларни бармоқ билан санаб чиқса бўлади. Ҳадисларнинг аксари мусулмон жамоасини қуришга қаратилганига гувоҳ бўласиз. Чунки, мисвок билан тиш тозалашдан тортиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қандай намоз ўқиганликлари васфигача, барчаси бунёд қилиш амалиётидир. Шундай экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олинган гўзал намуна биз учун ҳаёт манҳажига айланиб қолмоғи лозим! «(Эй мўминлар), сизлар учун - Аллоҳ ва Охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун - Аллоҳнинг элчиси (иймон-эътиқоди ва хулқи-атворида)да гўзал намуна бордир».[12] Аллоҳ таолонинг ушбу ояти бизлар учун нозил бўлмаганми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биз учун фақат намоз ўқиш, кийиниш ёки хушбўй атирлар суриб юриш каби амаллардагина намуна бўлишлари керакми?! Бирор хутбада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларга душманлар ва уларнинг макрлари ҳақида ваъз қилганмилар? Ҳолбуки, ҳозирги Америка ва Русия каби кучли куфр мамлакатлари сингари, ўша даврда Рум, Форс давлатлари ва уларнинг араб диёрларидаги малайлари (Қурайш ва бошқа мушриклар ҳамда яҳудларни қўйиб турайлик) - мусулмонларга қарши бугунги кундагидан-да даҳшатлироқ макр қилардилар. Лекин бирон маротаба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кенг мусулмон оммасига: (мисол учун) «Румликлар бизга қарши мана бунча қўшин тўплашибди, уларда мунча қурол бор экан, бундай макр-ҳийлалари бор экан»,- деганга ўхшаш гапларни айтмадилар. Аксинча, мусулмонлар доимо сон ва қурол-яроқда ўзларидан уч-тўрт баробар кучли душманларга қарши жиҳодга борардилар. Душманларга оид деярли ҳеч қандай маълумотга эга бўлмасдилар. Чунки, улардаги тақво ва сабр ҳамда нусрат-ғалаба ягона Аллоҳнинг қўлида эканлиги ҳақидаги «маълумотлар»нинг ўзи уларни душман ҳақидаги ҳар қандай маълумотдан беҳожат қилиб қўярди. Баҳсимиз ниҳоясида шуни ҳам таъкидлаб ўтишимиз лозимки, кофирлар ва улар қилаётган макрлар ҳақидаги тафсилотларни тарқатмаслик тўғрисидаги гапларимизнинг барчаси албатта, оммага тааллуқлидир. Аммо раҳбарлар, пешволар, етакчиларга келсак, уларнинг бу тафсилотларни билишлари нафақат мумкин, балки вожиб ҳамдир. Биз дин душманлари уюштираётган баъзи макр-ҳийлаларини, режаларини билиб қўйишга, улар қўяётган тузоқларга илиниб қолмасликлари учун мусулмонларни мудом огоҳлантириб туришга қарши эмасмиз. Агар шундай қилсак - ғирт аҳмоқлик бўлур эди. Тилагимиз ҳар бир ишни ўз устаси қилсин. Бу ишларни ҳам ўз эгаларига топширсак-да, кейин улар ўзлари оммага керакли бўлган йўл-йўриқларни беришса... Биродарларимиз қуйидаги оят ҳукмига тушиб қолишдан эҳтиёт бўлсинлар. «Қачон уларга (яъни баъзи уқувсиз, шошқалоқ мусулмонларга) тинчлик-хотиржамлик ёки хавф-хатар ҳақида бирон хабар келса, уни ёйиб юборадилар. Агар улар (ўша хабарни ҳар кимга ёйиб юбормасдан) пайғамбарга ва ўзларидан бўлган бошлиқларга етказганларида эди, уни (яъни мазкур хабар ҳақиқатини) билмоқчи бўлганлар ўшалардан билган бўлур эдилар. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаса эди, айрим озчиликдан ташқари ҳаммангиз шайтонга эргашиб кетар эдингиз».[13] Бундай хабарларни мусулмонлар раҳбариятига, агар тан олинган раҳбарият бўлмаса, илм аҳлига етказиш вожиб бўлади. Кейин ана ўша раҳбарият ёки илм аҳллари шу хабарни атрофлича текшириб, тегишли хулоса чиқарадилар. Шундан кейингина, бу хулоса, агар лозим топилса, кенг мусулмонлар оммасига етказилади. Мусулмонларга тарқатилган бу хулоса ёки фатво қандай натижаларга олиб келиши мумкинлигини ва бу натижалар учун масъул бўлажагини ўша олимлар чуқур ҳис қилиб турмоқлари даркор бўлади. Лекин, эшитган гапини дарров шеригига, униси бошқаларига ва ҳоказо «занжирли реакция» тарзида тарқатиб юбориш юқоридаги оят ҳукми билан ножоиздир. Баъзи олимлар бундай ҳатти-ҳаракатни ҳаром деб фатво берганлар. Аллоҳ таоло барчамизнинг амалларимизни ислоҳ қилсин, ақидаларимизни мустаҳкам қилсин, чиройли ахлоқлар билан зийнатласин, гуноҳларимизни мағфират этсин, ҳақ йўлда сабр билан собит туришни насиб этсин! Албатта, Аллоҳ буларнинг барчасига қодир зотдир. Омийн! Ва соллаллоҳу ала росулиҳи Муҳаммадин ва ала алиҳи ва соҳбиҳи ва саллам. |