асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Йиғлар еру, йиғлар осмонлар…3742 марта кўрилган “Улар қанчадан-қанча боғларни, чашмалар, экинзорлар ва улуғ-гўзал жойларни қолдириб (ўзлари ғарк бўлиб) кетдилар! Ва (қанчадан-қанча) ўзлари вақтичоғлик қилган неъматларни бошқа бир қавмга мерос қилиб бердик! Бас, уларга осмон ҳам ер ҳам (аза тутиб) йиғлагани йўқ ва уларга (тавба-тазарру учун) муҳлат ҳам берилмади!” (Духон, 25-29) Ушбу оят Мусо алайҳиссалом хақларидаги қиссалардан бири бўлиб, Аллоҳ уларга золим Фиръавнни зулмидан нажот бериб, уларни ортларидан қувиб келаётан жойида денгизга ғарк қилгандан кейин зикр этилмокда. Шунча мулку-давлат, куч-қуввату зўравонлик бир лаҳзада, ҳар нарсага Қодир Аллоҳнинг амри ила барҳам топди. Уларнинг барча нарсалари бошқаларга қолиб кетди. Фиръавннинг жасадини мустасно қилмаганда, бир лаҳзада бу оламда улардан ном-нишон ҳам қолмади. Энди, Аллоҳ оятни давомида марҳамат қилади: “Бас, уларга осмон ҳам ер ҳам (аза тутиб) йиғлагани йўқ ва уларга (тавба-тазарру учун) муҳлат ҳам берилмади!”. Оятнинг мана шу ери мени кўп уйлантирарди. Нима, Осмон ва Ер ҳам йиғлайдими? Хўп, кофирга йиғламас экан, нима, мўминга йиғлайдими? Бу саволларнинг келиб чиқиши, табийки, менинг мўътабар тафсир китобларидан бехабарлигим, пайғамбаримизнинг муборак ҳадисларидан жуда кам билишимдан ўзга нарса эмасди. Яқиндагина, тафсир китобларида ушбу оятга берилган шарҳлар ила танишиш менга насиб бўлди. Жалолайн тафсирида ушбу оятга шундай қисқа изоҳ берилади: “Бас, уларга осмон ҳам ер ҳам (аза тутиб) йиғлагани йўқ..”, “мўминларга мухолиф ўлароқ мўминлардан бири вафот топса, унга йиғлаган ердаги намоз ўрни-ю, яхши амаллари кўтарилиб турадиган масъад-чиқиш ўрнини йўқотиб йиғлаган осмон бўлаги каби”. Субҳаналлоҳ! Нимадир ойдинлашгандек бўлади Шошиб, Қуртубий тафсирини варақлайман: “Анас ибн Молик ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Қайси мўмин киши борки, унинг учун осмонда икки эшик бордир. Биридан унинг ризқи нозил бўлиб, тушиб турса, иккинчисидан унинг сўзлари ва амаллари кўтарилиб, кириб туради. Мўмин вафот қилар экан, у эшикларни йўқотган само йиғлай бошлайди”, дедилар ва қуйидаги оятни ўқидилар: “Бас, уларга осмон ҳам ер ҳам (аза тутиб) йиғлагани йўқ”. Яъни, у ҳалок қилинган кофирлардан биронтаси ер юзида бирон яхши амал қилмадики, токи уни йўқотиб йиғласа ва ундан бирон солиҳ амал кўтарилмадики, осмон унга аза тутиб йиғласа. Мужоҳид : «Албатта, Ер ва Осмон мўмин вафотига қирқ кун аза тутиб йиғлайди” деганларида, Абу Яҳё: “Жуда таажжуб-ку” дедилар. Шунда Мужоҳид: “Таажжубланяпсизми? Ахир нима учун Ер, тириклигида уни рукуъ ва сажда ила обод қилиб турган мўминга қайғуриб йиғламасин! Нима учун осмон йиғламасин, ахир мўминнинг ҳаётлигидаги тасбеҳу такбирлари билан худди ари гуввилаши каби гувиллаб турган бўлса осмон!” Али ва ибн Аббос розияллоҳу анхумлар айтишади: «Мўмин учун ердаги намоз ўрни ва осмондаги амаллари кўтарилиш ўрни азадор бўлиб йиғлашади” Демак, юқоридаги оятга қайтадиган бўлсак, у кофирларга, Фиръавннинг кўшинларига осмондаги амаллар ўринлар-ю, ердаги ибодат ўринлари аза тутиб йиғлашмади. Буларни ўқир экан, киши ўйга толади. Кунига минглаб ибодат ўринларидан ажраётган она ер қай аҳволда нола қилаяпти экан хозир?! Кунига минглаб солиҳ амаллар кўтарилиб турган туйнуклари ёпилаётган само кандай фиғон чекаяпти экан, хозир?! Бир мўминга шунча азадор бўладиган бу еру осмон, олам узра, мўминлар устида кечаётган бу урушлар, қон тўкишлар, зулму зўравонликларга қандай чидаяпти экан?! Шу каби фикрлар хаёлингизни банд этганда, Муборак каломдаги бошқа бир оят хотирингизга қуйилиб келади: “(Эй Муҳаммад), сиз ҳаргиз: “Аллоҳ золим кимсаларнинг қилаётган амалларидан ғофил”, деб ўйламанг! Фақат Аллоҳ уларни(нг жазоларини) кўзлар (даҳшатдан) қотиб қоладиган (қўрқинчли қиёмат) Кунига қолдирмоқда, холос...” Шунда сал таскин топиб, енгил хўрсиниб кўясиз... Изоҳ: (Муфассир ибн Касир оятнинг тафсирида шундай баҳс юритадилар: “Осмоннинг йиғлашини баъзилар, унинг қизаришидир дейишади. Лекин, булар асоссиз ва заиф далиллардир. Масалан, имом Ҳусайн ибн Алий ибн Абу Толиб, пайғамбаримизнинг суюкли набиралари ўлдирилганда, осмон тўрт хафта қизариб турди, қуёш тутилди, ҳаммаёқ, ҳатто, тошларнинг таги кўтариб қаралса ҳам қип-қизил қон каби бўлиб қолди, деган гаплар ёлғон ва сафсатадан ўзга нарса эмасдир, дейдилар Ибн Касир раҳимахуллоҳ. Чунки, Ҳусайндан кўра афзалроқ инсон-оталари Алий розияллоҳу анҳу ўлдирилганида бу каби ҳолат кузатилмади, Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу мазлум ҳолда ўлдирилдилар, бу кўриниш бўлмади, Умар розияллоҳу анҳу меҳробда катл қилиндилар ҳамки, бу каби осмоннинг қизариши, ҳар-хил ғайритабиий ўзгаришлар йўқ. Ҳатто, бу каби ҳолат башариятнинг дунё ва охиратдаги саййиди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот топганларида ҳам бўлмади-ку! Бу нарсалар нима учун зикр қилинаяпти, ер ва осмоннинг йиғлаши ҳақ, бунга оят ҳам, Пайғамбару саҳобийларнинг сўзи ҳам далолат қилиб турибди, лекин, кайфияти, қандай ҳолатда амалга ошиши, кўриниши қандай бўлиши бу ғайб нарсалардандир). Абдулвадуд Аҳмад тайёрлади. 2003-04-10 |