асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Мусиқа воситасида даъват қилиш кимнинг шариати?2987 марта кўрилган Саъд Муқбил Аназий Қўшиқчиларни мақташ, уларни юлдузларга тенглаштириш ва ёшларга етакчи қилиб кўрсатиш, радио-телевидения ҳамда газета ва журналлардаги одатий ҳол бўлиб қолди. Кўпчилигимиз бунга кўникиб ҳам кетдик. Бу ҳолат изоҳсиз, беэътибор, унга жиддий ёндошилмаган ҳолда қолмоқда. Гўёки бу ишнинг Исломий даъватга алоқаси йўқ. Ахборот воситалари эса бу ишни шу даражага етказишдики, айримлар мусиқани даъват қилишнинг бир йўли деб қарайдиган бўлдилар. Бугунги воқеълик бунга ёрқин далилдир. Баъзи кишиларнинг даъволарига кўра дин ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақидаги сўзларга мусиқанинг жўр бўлиши ўзига хос фойдага эга, тингловчи эътиборини тортади, энг муҳими у бемани, бузуқ қўшиқлар ўрнини босади ҳамда мусулмон бўлмаганларни Исломга яқинлаштиради. Модомики одамлар буни хоҳлашар экан, шу билан уларни даъват қилиш ва бундан мутлақ воз кечвормаслик кераклигини таъкидлайдилар. Айтилаётган бу оқловлар ва хатоларга жавоб беришдан аввал, мақсадини қуйидаги сўзлар билан таърифлаган бир кишига ишора қилмоқчиман: «Маънавият жуда кўпчиликда йўқолган, санъат оламига ҳам моддийлик ғолиб келган.» У мусиқа орқали ижобий даъватни тақдим қилмоқчи ва яхши қадриятларни ёймоқчи бўлди. Биз айтамиз: Қанча-қанча яхшилик истовчилар борки яхшиликка эришолмайдилар. Модомики кишининг саъй-харакати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига мувофиқлашмас экан, унинг яхши нияти унга фойда бермайди. Ўтган барча салаф уламолари, сўз, амал ва эътиқодда ихлоснинг бўлиши ҳамда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ бўлиши амалларнинг қабул бўлиш шартларидир деб айтганлар. Бу хусусдаги ботиний-ички ўлчов, «Амаллар ниятларга қараб бўлади...» ҳадиси бўлса, зоҳирий-ташқи ўлчов «Ким бизнинг ишимиздан бўлмаган ишни қилса у номақбулдир» ҳадисидир. Ҳофиз Ҳакамий айтган: «Амалнинг қабул бўлиш шартлари, суннатга мувофиқлик ва холис ният». Аллоҳ таолонинг йўлига даъват қилиш Аллоҳга тоат-ибодат ва Унга яқин қиладиган амалларнинг улуғларидан. Шунинг учун ҳаром услубни унинг бераётган самараси оқлай олмайди. Биз самарадан масъул эмасмиз. Мана қаранг, пайғамбарлардан Қиёмат майдонига бирон умматсиз ёлғиз ўзи келадиганлари ҳам бўлади. Улар пайғамбар бўлишларига қарамай даъватлари самара бермаган, шундай бўлсада улар ноумид бўлмаганлар, Аллоҳ қайтарган йўлларни қўллаб кўрайчи, демаганлар. Қани айтингчи, мусиқа шаръан қайтарилган бўлса, биз қандай қилиб қайтарилган иш билан ибодат қиламиз?! Мусиқа асбоблари жўр бўлган қўшиқлар ҳаром эканига уламолар иттифоқ қилишган. Уламолар иттифоқини Ибн Жавзий, Ибн Салоҳ, Қуртубий, Ибн Таймия, Ибнул Қоййим, Ибн Боз, Усаймин, Албоний ва булардан бошқа кўплаб уламолар айтишган. Мусиқа асбоби жўр бўлган қўшиқнинг маъноси дуруст бўладими, бузуқ бўладими фарқи йўқ, ҳаром хисобланади. Бунинг иллати қоим бўлиб, у ҳам бўлса мусиқа асбобининг жўр бўлишидир. Шайхул Ислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳга савол берилди: «Маст қилувчи ичимлик ичиш, ўғирлик, қароқчилик, одам ўлдириш каби гуноҳи кабиралар қиладиган бир гуруҳ бор, бу гуруҳни суннатга маҳкам турувчи солиҳ олимлардан бири ана шу ишларидан қайтаришни мақсад қилди. Ўйлаб-ўйлаб, охири шилдироқсиз доира билан, фаҳш cўзлардан ва ўйинчи қиздан холи бўлган мубоҳ шеърларни қўшиқ қилиб айтувчи ҳофизлар хозирланган даврага уларни йиғди. Натижада гуруҳ аъзоларидан бир нечталари тавба қилди. Намоз ўқимай, закот бермай, ўғирлик қилиб юрганлар, ҳаттоки шубҳалардан тақво қиладиган, фарзларни адо этадиган, ҳаром ишлардан сақланадиган бўлди. Демак манфаат ҳосил бўлгани, қолаверса бу гуруҳни бундан бошқа йўл билан даъват қилиш имкони бўлмаганидан, ушбу олимнинг тутган йўли тўғрими? Шайхул Ислом роҳимаҳуллоҳнинг жавоблари қаттиқ бўлди. Қаранг, раббоний уламолар куллий масалалар нури остида, жузъий масъалаларни қандай муолажа қилганлар, шариатнинг фарълари билан усул-асослари орасини қандай боғлаганлар! Жавоб буюк асос; Китобу суннатга маҳкам туришга боғланди. Жавобни қуйидаги нуқталарда жамлашимиз мумкин: 1) Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни барча динларга ғолиб-устун қилиш учун ҳидоят ва ҳақ дин билан юборди. Аллоҳнинг Ўзи ушбу ваъдасининг рўёбга чиқишига етарли гувоҳдир. Бундан ташқари Аллоҳ Ўз динини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва умматларига комил қилиб берди. Аллоҳ таоло деди: «Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3). 2) Аллоҳ таоло бандаларини дин ишларидан биронтасида тортишиб қолсалар, Аллоҳ ва Унинг Расулига мурожаат қилишга буюрган: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир.» (Нисо: 59) 3) Маълумки Аллоҳ таоло адашганларни ҳидоят қиладиган, тўғри йўлни йўқотганларни йўллаб қўядиган ва осийларнинг тавбаларини қабул этадиган нарса пайғамбарига туширган Қуръон ва суннатдадир. Агар бу ишларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган Қуръон ва суннат кифоя қилмаса, Аллоҳ таолонинг дини тўлдирилишга эҳтиёжли ноқис бўлади. 4) Фойда ва зарарни ўз ичига олган амалнинг фойдаси зараридан кўпроқ бўлса, қилиш жоиз бўлади, зеро шариат соҳиби Ҳаким ва Алим Зотдир. Агар унинг зарари фойдасидан кўп ёки иккиси тенг бўлса, жоиз бўлмайди. Бунга мисол: маст қилувчи ичимлик ва қимордир. Бу иккисида маълум бир манфаъатлар бор, лекин зарари фойдасидан кўпроқлиги учун Аллоҳ таоло бу иккисини ҳаром қилди. 5) Одамлар: «Аллоҳга яқин қилади» деб ўйлаган ва лекин Аллоҳ ва Расули буюрмаган амалларнинг зарари фойдасидан кўпроқ бўлиши аниқ. Негаки бундай амалларнинг фойдаси зараридан кўра кўпроқ бўлганда, шариат буни беэътибор қўймаган бўлар эди. 6) Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни юборган шариатда осийлар тавба қилишларига сабаб бўладиган услублар йўқ, деб айтиш жоиз эмас. Чунки мутавотир хабарлар билан шу нарса аниқ ва маълумки, юқорида зикри ўтган гуруҳдан кўра ашаддий одамлар кофирлик, фосиқлик ва осийликдан тавба қилишган. Аввалда иймон келтирган муҳожир ва ансорлар ҳамда уларга яхшиликда эргашган тобеинлар – Муҳаммад умматидан Аллоҳнинг энг муттақий дўстлари - ҳам Аллоҳ таолога шаръий йўллар билан тавба қилишган, бидъат йўллар билан эмас. Демак хулоса шуки, Аллоҳ таоло йўлига даъват қилишда ёки одамларга яхшиликни яхши кўрсатиш ва ёмонликни ёмон кўрсатишда, мусиқа ва бундан бошқа ҳаром воситалардан фойдаланиш қуйидаги икки сабабга кўра жоиз эмас: 1) Қўшиқнинг сўзлари яхши бўладими ёки ёмонми мусиқанинг асли ҳаромдир. 2) Мусиқани даъватда ишлатиш, Аллоҳга Ўзи буюрмаган йўл билан қурбат ҳосил қилишдир. Валлоҳу аълам. |