асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
ТАРОВИҲ НАМОЗИ7656 марта кўрилган Уламолар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ким Рамазон нафл намозларини унинг фазилатига ишонган ва савобидан умид этган ҳолда ўқиса, унинг илгари қилган гуноҳлари кечирилади», деган сўзларига асосланиб, Рамазон ойида нафл намоз ўқиш бошқа ойларга нисбатан кўпроқ тарғиб этилганига иттифоқ қилганлар. Яна улар Рамазондаги бу нафл намозлар Умар ибн Хаттоб жамоат ҳолатига келтирган таровиҳ намози билан адо этилишида ҳам якдил бўлганлар. Сўнг бу таровиҳ намозини уйда ўқиш афзалми ёки масжидда жамоат ҳолда ўқиш афзалми деган масалада турли фикрлар билдирилган. Жумҳур уламолар сўзлари, Абу Ҳанифа, Шофеий, Аҳмад ва баъзи Моликийлар мазҳабига кўра, таровиҳ намозини Умар ибн Хаттоб ва бошқа саҳобалар амалга оширганларидек ва мусулмонлар давомли равишда қилиб келганларидек жамоат ҳолда ўқиш афзал саналади. Чунки у Ислом динимизнинг зоҳирий шиорларидан бири бўлиб, ҳайит намозига ўхшаб кетади. Имом Таҳовий у ҳақда жиддий фикр юритиб, ҳатто: «Таровиҳ намозини жамоатда ўқиш фарзи кифоядир»,- деган эканлар. Таровиҳ намозининг ракаатларини аниқ чегаралаб берадиган бирор очиқ-ойдин ҳужжат - оят ёки ҳадис собит бўлмаган. Имом Шавконий айтганларки: «Бу бобда собит бўлган ҳадисларнинг ҳаммаси Рамазонда таровиҳ намози ўқиш машруълиги ҳамда бу намозни жамоат ёки якка ҳолда ўқиш мумкинлигига далолат қилади. Аммо таровиҳ намози ракаатларини муайян адад билан чеклаб қўйиш ёки унга махсус суралар тиловатини хослаб қўйиш тўғрисида эса бирон бир ҳадис собит бўлмаган». Шунинг учун ҳам салаф уламолари Рамазонда ўқиладиган таровиҳ намози ракаатларини белгилашда турли фикр билдирганлар. Муҳаммад ибн Наср Довуд ибн Қайсдан шундай ривоят қилганлар: У зот айтдилар: «Мен одамларнинг Ибн Усмон ва Умар ибн Абдулазиз амирликлари вақтида (Мадинада) 36 ракаат нафл ва уч ракаат витр ўқиганларини кўрдим». Имом Молик айтганларки: «Таровиҳ намози бизларда (Мадинада) 39 ракаат ўқилса, Маккада 23 ракаат бўлиб қарор топди. Буларнинг ҳеч бирида ман этиш йўқдир». Термизий айтадилар: «Ракаатлар адади хақида айтилган энг кўп миқдор таровиҳ намозини 1 ракаат витр билан 41 ракаат қилиб ўқишдир». Абу Ҳанифа, Шофеъий, Аҳмад, Молик (бир ривоятда) ва Довуд аз-Зоҳирийлар (бошқа ривоятда) таровиҳ намозини витрдан ташқари 20 ракаат ўқишни ихтиёр қилганлар. Имом Молик бунда «Муватто»да келтирган Язид ибн Румон сўзларига асосланганлар: «Одамлар Умар замонларида Рамазон ойида 23 ракаат ўқишар эди». Ҳофиз ибн Ҳажар айтадилар: «Ҳолатлар турлича бўлганини ҳисобга олинса, ушбу ривоятларни бир-бирига мувофиқлаштириш мумкин бўлади. Эҳтимол, ракаатларнинг адади қироатнинг узун ёки енгил бўлишига боғлиқдир». Яъни, қироат узун бўлганда ракаатлар сони камаяди. Ёки аксинча, қироат қисқа бўлса, ракаатлар сони кўпаяди. Юқоридаги сўзни Довудий ва бошқалар ҳам қатъий айтганлар. Аммо Ойша разияллоҳу анҳонинг Бухорий ва бошқа ҳадис китобларидаги «У зот Рамазонда ҳам, бошқа ойларда ҳам (тунги намозни) 11 ракаатдан оширмас эдилар», - деган сўзлари афзалликка йўйилади. Лекин бу афзаллик Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўқиган намозларининг кайфиятига риоя қилиниш билангина ҳосил бўлади. Бу кайфият шуки, у зот намозни узун қироат билан ўқир эдилар. Ойша разияллоҳу анҳо онамиз айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда ҳам, бошқа ойларда ҳам тунги намозни 11 ракаатдан оширмас эдилар. Аввал 4 ракаат ўқир эдилар. Сиз унинг гўзаллигию узунлиги ҳақида сўрамай қўя қолинг. Сўнг яна 4 ракаат ўқир эдилар. Сиз буларнинг ҳам гўзаллигию узунлиги ҳақида сўрамай қўя қолинг. Сўнг 3 ракаат ўқир эдилар»[1]. Лекин қироат қисқартирилганда, узун қиёмдан ҳосил бўладиган ажр ўрнини тўлдириш учун ракаатлар сонини кўпайтириш афзал ҳисобланади. Ушбу ҳолат якка ҳолда ёки жамоатга имом бўлган ҳолда намоз ўқувчи учундир. Аммо имомга иқтидо қилиб намоз ўқилган пайтда имом билан бирга намоз охиригача бирга бўлиш мустаҳаб саналади. Бунга далил беш буюк муҳаддиснинг Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларидирки, унда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Кимки, тугатгунига қадар у (имом) билан бирга намоз ўқиса, унга тун бўйи намоз ўқиб чиққандек савоб ёзилади». Аммо таровиҳни 11 ёки 13 ракаатдан зиёда ўқиш бидъатдир, деган сўз қабул қилинмайди, у бир қанча ҳужжатлар билан рад этилади. Интизор кўзларга бағишлаб сурур, Шаҳри Рамазонда балқиди ҳилол. Муборак бу кунлар, қутлуғ бу тунлар! Азиз диндошларим, Эй аҳли ҳалол.
|