Сешанба 5 Ноябрь 2024 | 3 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Рамазонни кутиб олишнинг ўнта йўл-йўриғи

5292 марта кўрилган

Холид ад-Дарвиш
Муҳаммад Исмоил

Бутун оламлар Робби бўлмиш Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбарлар саййиди Муҳаммад Мустафога, у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар бўлсин. Аммо баъд...

Ушбу рисолани Рамазонга соғ-саломат етиб келган ҳар бир мўмин-мусулмонга йўллар эканман, у билан мўминнинг қалбида ушбу муборак ойда Аллоҳ таолонинг ибодатига ҳиммат ва азму қарор бахш этишни умид қиламан. Аллоҳ таолодан тавфиқ ва тўғрилик тилаган ҳолда ушбу амалимни Ўзининг розилигига мувофиқ қилишини сўрайман.

Рамазонни қандай кутиб олмоқ керак? Ушбу муборак ойни қандай қилиб тўғри суратда кутиб олиш мумкин?

Мусулмон киши тоат-ибодатлар мавсумида асло бўшашмаслиги, унда кимўзарга мусобақа қилиши, биринчиликни олишга тиришиши лозим. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, баҳслашувчи кишилар (мана шундай мангу неъматга етиш йўлида) баҳслашсинлар» (Мутаффифун: 26).

Қуйида Рамазонни тўғри суратда кутиб олиш йўл-йўриқлари кўрсатилади:

Биринчи йўл-йўриқ: Ушбу ойга саломат етказишини ва рўза, таровеҳ намози каби Ўзининг ибодатига муваффақ этишини Аллоҳдан сўраб дуолар қилиш.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Ражаб ойи кирганда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Парвардигор! Бизга Ражаб ва Шаъбонни муборакли қилгин ва бизни Рамазонга етказгин», деб дуо қилардилар. (Аҳмад ва Табароний ривояти).

Салафи солиҳлар Рамазонга саломат етказишини сўраб Аллоҳга дуолар қилишар, кейин эса унда қилган ибодатларини улардан қабул қилишини сўраб дуою илтижолар қилишарди.

Рамазон ойининг ҳилоли кўринганида Аллоҳга қуйидагича дуо қилишни унутманг:

Тингланг(اَللَّهُ أَكْبَرُ، اَللَّهُمَّ أَهِلَّهُ عَلَيْنَا بِالأَمْنِ وَالإِيمَانِ، وَالسَّلاَمَةِ وَالإِسْلاَمِ، وَالتَّوْفِيقِ لِمَا تُحِبُّ رَبَّنا وَتَرْضَى، رَبُّنا وَرَبُّكَ اللَّهُ).

Маъноси: «Аллоҳ улуғдир! Эй Аллоҳ! Бу ойни бизга омонлик, иймон, саломатлик, ислом ва Ўзинг яхши кўрадиган, рози бўладиган (ишга) нарсага муяссар этиш билан келтиргин. (Эй ой!) Бизнинг ҳам, сенинг ҳам Парвардигоринг Аллоҳдир!» (Термизий ва Доримий ривояти, Ибн Ҳиббон саҳиҳ санаган).

Иккинчи йўл-йўриқ: Рамазонга саломат етказгани учун Аллоҳга ҳамду сано айтиб, шукроналик бажо келтириш.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ «Азкор» китобида ёзадилар: «Билингки, бирон зоҳирий неъматга эга бўлган ёки бирон зоҳирий балодан қутулиб қолган киши Аллоҳга шукр бажо келтириб сажда қилиши ёки Унга Ўзига лойиқ бўлган ҳамду санолар билан мақтовлар айтиши мустаҳабдир».

Бандани тоат-ибодатга муваффақ айлаши Аллоҳнинг энг улкан неъматларидан саналади. Мусулмон киши Рамазон ойига саломат етиб келишининг ўзи ҳам ушбу неъматга уни эриштирган Аллоҳ таолога ҳамду сано ва шукрлар айтишига лойиқ бўлган улкан неъматдир. Аллоҳ таолога Унинг буюклиги ва жалолатига муносиб ва лойиқ бўлган суратда кўпдан-кўп ҳамду санолар бўлсин!!

Учинчи йўл-йўриқ: Чин дилдан қувонч ва шодлик изҳор айлаш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлганки, у зот асҳобларини Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан қутлаб, шундай дердилар: «Сизларга Рамазон ойи – муборакли ой келди. Аллоҳ унинг рўзасини сизларга фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилиб, жаҳаннам дарвозалари ёпилиб, шайтонлар занжирбанд қилинади. Бу ойда бир кеча борки, у минг ойдан кўра яхшироқдир. Ким у кечанинг хайрларидан маҳрум қолса, (кўп нарсадан) маҳрум бўлибди» (Имом Аҳмад ва имом Насоий ривоятлари).

Салафи солиҳлар, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ва уларга яхшилик билан эргашган тобиийнлар Рамазон ойига қаттиқ аҳамият беришар, унинг кириб келиши билан шодланишарди. Яхшиликлар мавсуми ва раҳматлар ёғилиши ойи бўлмиш ушбу муборак ойнинг яқинлашаётгани билан бир-бирини муборакбод қилишдан кўра ҳам каттароқ шодлик борми?!

Тўртинчи йўл-йўриқ: Рамазондан имкон қадар кўпроқ фойдаланиб қолишга азму қарор қилиш ва бунга аввалдан режалар тузиб олиш.

Таассуфки, кўпчилик кишилар, ҳатто яхшигина диндор бўлганлари ҳам, дунё ишлари учун пишиқ-пухта режалар тузиб олишади. Бироқ, охират ишлари учун аввалдан режа тузиб оладиган кишиларни жуда кам учратасиз. Бу эса мўминнинг ушбу ҳаётдаги вазифасини яхши идрок эта билмаслигидан ва мусулмон кишига Аллоҳ билан бирга бўлиш ва ўз нафсини тарбиялаб олиш учун муҳим ва қулай фурсатлар борлигини унутиш ёки бепарво бўлишидан келиб чиқади.

Рамазонни тоат-ибодатлар билан ўтказишга аввалдан режа тузиш ҳам охират ишлари учун режа тузиш жумласига киради. Бунинг учун мусулмон киши ушбу ойнинг кунларини ҳам, тунларини ҳам Аллоҳ таолонинг тоатида ўтказишнинг амалий дастурини тузиб олиши лозим. Ушбу рисола сизга Рамазонни Аллоҳнинг тоати билан ўтказишингизга ёрдам беради, иншоаллоҳ.

Бешинчи йўл-йўриқ: Ушбу ойни ғанимат билиш ва вақтларни солиҳ амаллар билан обод қилишга содиқ азму қарор қилиш.

Ким чин кўнгилдан азм қилиб Аллоҳга аҳд берса, Аллоҳ унинг аҳдини албатта рўёбга чиқаради ва Ўзи унга ёрдам беради, яхшилик йўлларини унга муяссар қилиб қўяди. Аллоҳ таоло айтади: «Агар улар Аллоҳга содиқ-ростгўй бўлганларида, албатта ўзлари учун яхшироқ бўлур эди» (Муҳаммад: 21).

Олтинчи йўл-йўриқ: Рамазонга оид ҳукмларни ўқиб-ўрганиш.

Мўмин киши Аллоҳга онгли равишда ибодат қилиши лозим. Аллоҳ таоло бандаларига фарз қилган нарсаларни билмасликда узр йўқ. Рамазон рўзаси ҳам шу жумладан бўлиб, мусулмон киши рўзага доир масала ва ҳукмларни Рамазон кириб келишидан аввалроқ ўқиб-ўрганишга киришмоғи лозим. Тоинки тутган рўзаси камчиликдан холи ва Аллоҳ ҳузурида мақбул бўлсин. Аллоҳ таоло айтади: «Агар ўзларингиз билмайдиган бўлсангизлар аҳли илмлардан сўранглар!» (Анбиё: 7).

Еттинчи йўл-йўриқ: Рамазон ойини гуноҳлардан тийилиш ва барча гуноҳларга астойдил тавба қилиш, қайтиб уларни қилмасликка қаттиқ қарор қилиш билан кутиб олиш даркор. Зотан, Рамазон – тавба ойидир, ушбу ойда тавба қилмаган киши қачон тавба қилади?! Аллоҳ таоло айтади: «Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар» (Нур: 31).

Саккизинчи йўл-йўриқ: Рўзанинг фазилатлари ва аҳкомларини баён қилиб берувчи китоб ва рисолалар мутолаа қилиш, шунингдек маъруза ва дарслар ёзилган аудиотасмалар эшитиш орқали Рамазонга руҳий-маънавий ҳозирлик кўриш ва нафсни Аллоҳнинг тоатига кўниктириш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларининг нафсларини ушбу ойдан фойдаланиб қолишга ҳозирлар эдилар, Шаъбоннинг охирги кунида айтардилар: «Сизларга Рамазон ойи – муборакли ой келди. Аллоҳ унинг рўзасини сизларга фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилиб, жаҳаннам дарвозалари ёпилиб, шайтонлар занжирбанд қилинади...» (Имом Аҳмад ва имом Насоий ривоятлари).

Тўққизинчи йўл-йўриқ: Ушбу ойда имкон қадар Аллоҳ йўлига даъват қилишга пухта тайёргарлик кўриш. Бунинг учун:

1) Маҳалла масжидида таровеҳ намозига йиғилганларга сўзлаб бериш учун енгил маърузалар ва панд-насиҳатларни тайёрлаб олиш;

2) Намозхонларга ва маҳалла аҳлига Рамазонга тааллуқли китобчалар ва рисолалар тарқатиш;

3) Рамазон ҳадяси ҳозирлаш. Бунинг учун масалан, битта конверт ичига иккита диний кассета ва битта китобча солиб, устига «Рамазон ҳадяси» деб ёзиб қўйиш мумкин;

4) Камбағал ва мискинларни ёдга олиш ва уларга закот ва садақотлар етказиб бериш.

Ўнинчи йўл-йўриқ: Рамазонни ҳаётимиздан оппоқ, покиза саҳифа очиш билан кутиб олиш. Бунинг учун қуйидаги ишлар тавсия қилинади:

а) Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога содиқ тавба қилиш; Тавба фақат гуноҳкорлар учун эмас, Одам боласи каттаю кичик гуноҳдан холи бўлмайди.

б) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига кўпроқ амал қилиш, у зотнинг амру фармонларига итоат қилиб, қайтариқларидан тийилиш;

в) Ота-она, ака-ука, опа-сингил, қариндош-уруғ, аҳли-аёл ва бола-чақаларга меҳр-мурувват ва хайру-саховат кўрсатиш;

г) Ҳар бир киши ўзи яшаб турган жамият ва атрофидаги инсонларга мурувватли бўлиши ва шу билан ўзгаларга фойдаси тегувчи солиҳ банда бўлиши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Одамларнинг Аллоҳга суюмлироғи одамларга манфаати кўпроқ етадиганларидир». (Табароний ва бошқалар ривояти).

Мусулмон киши Рамазонни ана шундай – қақроқ ер ёмғирни кутганидек, бемор табибга интиқ бўлганидек, маҳбубининг дийдорига интизор ошиқ каби кутиб олади.

Эй Аллоҳим! Бизларни Рамазонга соғ-омон етказгин ва барчаларимиздан уни мақбул айлагин. Зеро, Сен Эшитувчи ва Билувчи зотсан.

Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар йўлласин. Омийн.

p