асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
РАМАЗОННИ КУТИБ ОЛИШ УЧУН 10 НАСИҲАТ9566 марта кўрилган Муаллиф: Холид инб Абдураҳмон ад-Дарвиш Оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбарлар ва элчиларнинг энг шарафлиси саййидимиз Муҳаммадга, у зотнинг оиласи ва асҳобларига салавот ва саломлар бўлсин! Бу рисола Рамазон ойига соғ-саломат етиб келган мусулмон киши Аллоҳга ибодат қилишда Рамазон ойидан унумли фойдаланиши учун йўлланган. «Рамазон ойини кутиб олиш учун 10 насиҳат» деб номланган рисоламиз мусулмон киши бу муборак ойда ибодатни қандай кўпайтириш услублари ва шу борадаги иймоний ишоралар баёнидир. Аллоҳдан тўғри йўлга йўллашини ҳамда бу ишимни Аллоҳнинг улуғ юзи учун бўлишини сўрайман. Ҳар нарсанинг мавсуми бўлгани каби ибодатларнинг ҳам мавсумлари бор. Рамазон ибодат мавсумларининг энг каттасидир. Мусулмон киши ибодат мавсумларини ғанимат билмоғи, бепарволик қилмасдан ундан унумли фойдаланмоғи, вақтларини жадвалга солиб, ибодатларнинг турлари ва миқдорларини кўпайтиришда тиришмоғи ва бошқалар билан бу соҳада беллашмоғи лозим. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, беллашувчи кишилар (мана шундай мангу неъматга етиш йўлида) мусобақалашсинлар» (Мутаффифун сураси, 26-оят). Мусулмон биродарим! Рамазонни қуйидаги насиҳатлар асосида кутиб олишга ҳаракат қилинг: Салафи солиҳлар Рамазондан олдин "Бизни Рамазонга етказ" деб дуо қилишар, Рамазондан кейин эса "Биздан ибодатларимизни қабул эт", деб дуо қилишарди. Рамазон ҳилолини кўрганингизда ушбу дуони қилинг: «Аллоҳу акбар, Аллоҳумма аҳиллаҳу алайна бил-амни вал-иймани вас-саламати вал-ислам, ват-тавфиқи лима туҳиббу ва тардо, Роббий ва Роббукаллоҳ». Маъноси: «Аллоҳу акбар! Эй Аллоҳим! Бу ойни бизга омонлик, иймон, саломатлик, ислом ва Ўзинг яхши кўрадиган, рози бўладиган (ишга) нарсага муяссар этиш билан чиқаргин. (Эй Ой,) Бизнинг хам, сенинг ҳам Парвардигоринг Аллоҳдир!» (Термизий ва Доримий ривоят қилганлар, Ибн Ҳиббон саҳиҳ деган). Имом Нававий ўзининг «ал-Азкор» китобида: “Кимга очиқ бир неъмат янгиланса-насиб қилса, ёки очиқ бир бало ундан даф бўлса, у Аллоҳ таолога шукр қилиб сажда қилиши, ёки Аллоҳга лойиқ бўлган ҳамду санолар айтиши мустаҳабдир”, деганлар. Банданинг тоат-ибодат қилишга муваффақ бўлиши Аллоҳ бандага берган энг буюк неъматлардан бири бўлса, унинг Рамазонга соғ-саломат кириб келиши буни унга ато қилган Аллоҳга ҳамду сано айтишни тақозо қиладиган яна бир неъматдир. Аллоҳ таолога кўпдан-кўп ҳамду санолар бўлсин! Расулуллоҳ саллоллҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни муборак Рамазон ойи кириб келиши билан қутлаганликлари саҳиҳ ҳадисларда келган. У зот бундай деганлар: «Рамазон ойи кирди. Рамазон ойи муборак ой, унда рўза тутишни Аллоҳ сизларга фарз қилди, бу ойда жаннатлар дарвозалари очилади ва дўзахлар эшиклари беркитилади». Имом Аҳмад ривоят қилган. Саҳоба ва тобеинлар бу ойга қаттиқ аҳамият берар, унинг кириши билан хурсанд бўлардилар. Яхшиликлари кўп ва раҳматлар ёғиладиган мавсум келгани хабарини эшитишдан кўра катта хурсандчилик борми?! Кўпчилик одамлар обдон ўрганиб, етарли таёргарлик кўргандан кейин дунё ишларига киришадилар. Лекин афсуски, охират ишларига камдан-кам одам таёргарлик кўради. Бу мўмин кишининг бу дунёдаги вазифасини яхши идрок қилмаслик, нафсини тарбия қилиш йўлида Аллоҳ билан боғланиш учун муҳим бўлган мавсумларни эсдан чиқариш ёки аҳамият бермаслик самарасидир. Рамазон ойининг кеча ва кундузларини тоат-ибодатда ўтказиш мақсадида ҳар бир мусулмон ўзи учун амалий дастур таёрлаши зарур. Қўлингиздаги ушбу рисола Рамазон ойини тоат ибодатда ўтказишга ёрдам беради, деб умид қиламиз. Ким Аллоҳга сидқидилдан юзланса, Аллоҳ уни кўзлаган мақсадига етказади, тоат-ибодатга муваффақ айлайди ва яхшилик йўлларини енгил қилиб қўяди. Аллоҳ таоло айтади: «Агар улар Аллоҳга (иймон келтиришда) содиқ-ростгўй бўлганларида, албатта ўзлари учун яхшироқ бўлур эди». (Муҳаммад сураси, 21-оят). Мўмин банда Аллоҳга илм билан онгли равишда ибодат қилмоғи керак. Аллоҳ фарз қилган нарсаларда “билмабман” деган узр қабул бўлмайди. Рамазон рўзаси ҳам шундай фарзлардан бўлиб, ҳар бир мусулмон унинг ҳукмларини Рамазон ойи киришидан аввал ўрганиб чиқмоғи лозим. Шундагина у Аллоҳ даргоҳида қабул бўладиган суратда рўза тутишга муваффақ бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, агар ўзларингиз билмайдиган бўлсангизлар, аҳли илмлардан сўранглар» (Анбиё сураси, 7-оят). Рамазон тавба ойидир, киши шу ойда тавба қилмаса қачон тавба қилади, ахир?! Аллоҳ таоло айтади: «Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки шунда нажот топсангизлар» (Нур сураси, 31-оят). Рамазон фазилати ва аҳкомлари баён этилган китоб ва мақолаларни ўқиш ҳамда шу мавзудаги дарсларни тинглаш билан киши ўзини бу муборак ойни кутиб олишга руҳий таёрлаши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шаъбон ойининг охирги кунларида асҳобларини Рамазонни ғанимат билишга чақириб: «Сизларга Рамазон ойи келди…» дер эдилар. (Ҳадис тўлалигича юқорида ўтди.) - Масжидда намозҳонларга Рамазон ҳақида қисқа мавъизалар айтиш. - Хонадонда 5-10 дақиқали дарс уюштириш. Бу дарсда рўза аҳкомларидан ўқиб бериш. Бунинг учун муносиб вақтни ҳар ким имкониятига қараб тайинлайди. - Рамазон ҳақидаги китоб ва дарслар тарқатиш. - Рамазон совғасини таёрлаш. Бунда Рамазон ҳақидаги китобча, кассета ва бошқалардан иборат ихчамгина совға таёрлаш мумкин. Совғани ҳалтачага солиш ёки бошқа чиройли усулда ўраш мумкин. - Камбағал ва муҳтож кишилар ҳақида одамларга эслатиш, қўлдан келганча уларга садақа қилиш, закотни шундай кишилар қўлларига тутқазишга тарғиб қилиш. - Аллоҳга содиқ тавба қиламиз; - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган нарсаларни қилиш, қайтарган нарсаларидан тийилиш билан у зотга эргашамиз; - Ота-она, қариндошлар, хотин ва фарзандларимизга яхшилик қиламиз, қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаймиз; - Жамиятимиздаги энг солиҳ кишилардан бўлишга ва бошқаларга фойдамиз тегишига ҳаракат қиламиз. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамларнинг яхшироғи уларга кўп нафи тегадиганидир», деганлар. Мусулмон киши Рамазонни қақраган ер ёмғирни, киши узоқ муштоқ бўлган азизи инсонини кутиб олгандай қаршилайди. Эй Аллоҳим, Бизни Рамазонга етказгин ва унда қиладиган ибодатларимизни биздан қабул айлагин! |