асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Ислом олами Рамазон ойида гувоҳ бўладиган энг катта мусобақа4019 марта кўрилган Азиз мусулмон дўстим! Сизга бир хабар етказсам майлими?! Эй, Мадинаи Мунавварада яшаб, Расулуллоҳу алайҳи ва салламнинг қўшниси бўлган дўстим, мен сизга қандай хабар етказмоқчи ва нимани айтмоқчиман, биласизми?! У - жуда ҳам севинчли ва қалбларни қамраб олгувчи хабар! У – рамазоннинг илк кечасидан бошлаб, охирги кечасида тугайдиган улкан мусобақадир. Эй, муҳожирлар фарзанди!... Эй, ансорлар набираси!... Йилингизнинг энг буюк фурсати ва санангизнинг энг катта мавсумига тайёр бўлинг! Бу – Буюк Подшоҳ Ўз Китобида эълон қилган мусобақадир: «(Эй инсонлар), Парвардигорингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Оллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва Ернинг кенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз!». Ушбу мусобақанинг мукофоти кенглиги Еру осмонча; кўнгил истайдиган, кўрганда кўзлар қувонадиган, кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва инсон хаёлига келмаган неъматлари, руҳий ва жисмоний роҳат-фароғатлари бўлган ЖАННАТдир. Руҳ ва нафс камолотига эришмоқчи бўлган сиз каби ақли расо инсон учун, Жаннатга эришгандан кейин, Аллоҳнинг ризоси ва Унинг юзига боқишдан кўра каттароқ мукофот борми?! У қандай мусобақа? Келинг, мен сизга мусобақа майдони ва шартларини баён қилиб берай, токи сиз ҳам мусобақалашувчилар сафига қўшилинг ва мусобақада онгли равишда иштирок этинг. Мусобақа майдони – жаннат дарвозалари очилиб, ҳеч бекилмайдиган рамазон ойидир. Мусобақанинг шартлари: Биринчи: иштирокчи шу мусобақага қадар қилган барча ҳаром ва макруҳ ишларни ташлайди, у мана бундай бўлади: олган ҳақларни эгаларига қайтаради, ботил ва ёмон ишларнинг барча шакл ва кўринишларидан узоқ бўлади, қўшиқ ва мусиқани эшитмайди ва хонадони, дўкони ва иш ерида буларга рухсат бермайди. Ғийбат, чақимчилик, ёлғон ва бўҳтон сўзларни эшитиш ва айтишдан узоқ бўлади, шунингдек қарта ўйини ва унинг мажлисларидан узоқ бўлади. Беҳаё сўзларни айтмайди ва эшитмайди. Оғзини ва ўтиришларини кайф берувчи тамаки ва чилим каби нарсалардан тозалайди. Иккинчи: қуйидаги нарсаларга қасд қилади: А) Аллоҳ таъолога тавбасини мана бундай эълон қилади: "Аллоҳим, мен Сендан барча гуноҳларимни кечиришингни сўрайман! Мен Сенга ёқтирмаганинг ва рози бўлмаганинг барча эътиқод, амал ва сўзлардан тавба қилдим! Гуноҳларимни кечир, тавбаларимни қабул эт. Сен – тавбаларни қабул қилгувчи ва гуноҳларни кечиргувчи зотсан!". Б) Қуйидаги солиҳ-эзгу амалларни қилади: 1) Беш вақт намозни жамоат билан, ҳеч бир ракаатини қолдирмай ўқиш; 2) Рамазон ойи мобайнида Қуръон Каримни кечаю-кундуз ўқиш; 3) Рамазон ойи мобайнида кечаю-кундуз нафл намозларни кўпроқ ўқиш; 4) Пул, озиқ-овқат ва кийим-кечаклардан имкониятга кўра садақа қилиш; 5) Ҳар кеча саҳар пайтида дуо ва истиғфорни кўп қилиш. Мана шу, мусобақа ва унинг шартлари. Эй паҳлавон, мусобақага тайёрмисиз?! Ҳурул айн мукофотини олишга рағбатингиз борми?! Умрингизга қўшимча умр, сармоянгизга катта фойда қўшишни хоҳлайсизми?!– у минг ой: 83 йилу 4 ойга тенг Лайлатулқадрни қўшишни ҳоҳлайсизми?! Гуноҳларингизга каффорот ва кечиримни умид қиласизми?! Буларнинг барчаси сизнинг бу мусобақага жиддий ва ихлос билан қўшилишингизга боғлиқдир. Эй паҳлавон йигит ва доно киши, бу мусобақада иштирок этинг! Қўшиқ, куй, ғийбат ва ҳаёсиз сўзларни тингламанг! Ҳаром қилинган нарсаларни ушламанг ҳамда ноҳақ ва беҳуда ерларга борманг! Ғийбат, ёлғон, туҳмат ва уятсиз сўзларни талаффуз этманг! Қалбингизни беҳуда, фойдасиз нарсалар ҳақида тафаккур қилишдан сақланг! Эй паҳлавон, садақа қилинг! Бу он – садақа қилиш замонидир. Роббингиз уйи – масжидларда Аллоҳнинг савобларига умид ва жазоларидан хавфда эътикоф қилинг. Ҳар бир намозда такбир таҳримадан кечикманг ва биринчи сафда намоз ўқинг! Аллоҳнинг Китобидан айрилманг! Аллоҳнинг Китобини тафаккур ва хушуъ, дуо ва кўз ёшлари билан бутунлай, қолдирмай ўқиб чиқинг! Рамазонингиз бир дам бўлсада Аллоҳнинг зикрисиз ўтмасин! Сизга илғорлар сафида саломлар бўлсин ва ғолиблар сафида Аллоҳ баракалар ёғдирсин! Дуоларингизда унутмаслигинигз умиди билан Абу Бакр ал-Жазоирий Ўзбекчага Абу Жаъфар ал-Бухорий ўгирди. |