асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
ИСЛОМДА ЯНГИ ЙИЛНИ НИШОНЛАШ ҲУКМИ14015 марта кўрилган «Тавҳид рисолалари» силсиласидан (9) Муаллиф: Абдуллоҳ ибн Абдулҳамид ал-Асарий Аллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбаримизга, унинг оиласи, саҳобалари ва уларга яхшилик билан қиёмат кунига қадар эргашганларга салавот ва саломлар бўлсин. Мусулмон дўстим, Аллоҳ сизу бизни раҳм килсин! Билингки, бугун мусулмонларнинг бошларига етган катта мусибатлардан бири уларнинг яҳудий, насроний ва бошқа жаҳаннам аҳлидан бўлган кофирларга ўхшашларидир. Уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Сизлар ўзларингиздан аввал яшаб ўтган халқларга изма-из эргашасизлар. Ҳатто зоб[1] инига кирган бўлсалар, сизлар ҳам кирасизлар», деб айтган сўзлари муносиб бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларнинг: «Ё Расулаллоҳ, улар яҳудий ва насороларми?» деб берган саволларига: «Бўлмаса кимлар?!» деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари). Бошқа бир ривоятда: «Ҳатто, улардан бири ўз онасига кўчада жинсий алоқа килган бўлса, сизлар ҳам шундай қиласизлар» ҳадиси ҳам келган (Саҳиҳ ҳадис, Ҳоким ривояти). Аллоҳу акбар! Демак, бу қонундир. Ҳатто биз Ислом динига мансуб бўлган кўплаб мусулмонларни кофир бўлган халқлардан ажрата олмай қолдик. Улар бир неча қисмга бўлиндилар. Уларнинг кўплари даъват ва даъват манфаати каби исломий кўринишларда зоҳир бўлсалар-да, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг турмушларидан бошқа турмуш тарзини яшамоқдалар. Улар гарчи кўпайиб, дунёни тўлдирсалар-да, Ислом динига ғалаба насиб қилмас! Учинчи қисм зафар қучган тоифадир, Аллоҳ таоло бизларни ҳам уларнинг тоифасидан қилсин. Улар кофирларни ўзлари учун тенг кўрмаган, балки улардан узоқ бўлган тоифадир. Балки кофирларнинг биздан ва динимиздан ўрнак олиб, унга эргашишлари улар учун ифтихордир. Чунки иззат ва шараф Аллоҳники, Расулиники ва барча мусулмонларникидир. Биринчи қисм зиёнкор, хор, хўр ва надомат қилувчи тоифа бўлиб, агар Аллоҳга қайтиб, тавба қилиб, иймонларини янгиламасалар, оғир ҳаёт кечирадиган, қиёмат куни кўр бўлиб қайта тирилтириладиган ва жаҳаннамга равона бўладиган тоифадир, Аллоҳ бизларни улардан бири бўлиб қолишдан сакласин. Иккинчи қисм одамларига келсак, биз ушбу рисолани уларга йўллаб, уларни Аллоҳ таолога қайтиш, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳларга инъом этган тўғри йўлига эргашишга даъват этмоқчимиз ҳамда жаҳаннам аҳлининг хоҳишларига эргашиш ва уларга ўхшашдан огоҳлантирмоқчимиз. Чунки уларнинг аксаряти кофирларга онгсиз, заиф иймонли ҳолатда эргашиб, ҳақиқат ва тўғри йўлни кўрсатиб, унга йўллайдиган одамни топа олмаяптилар. Энди кофирларга ўхшашнинг биз танлаган кўринишига қайтайлик: Янги йилни кутиб олиш. Янги йил кечаси Аллоҳ таоло: «“Аллоҳ Масиҳ ибн Марямдир” деб айтган насроний (христиан)лар кофир бўлдилар» ва «“Аллоҳ учтанинг учинчисидир”, деб айтганлар кофир бўлдилар» деб сифатлаган насронийлар ўзларининг бидъат байрамлари шодиёнаси учун тўпланадилар-да, у кеча Исо алайҳиссалом ҳақида турли нарсаларни уйдирадилар. Исо алайҳиссалом уларнинг бу кечада қилган ҳаёсизликлари ва гуноҳларидан покдир. Уларнинг пайдо қилган гуноҳ ва бўҳтонларининг Исо ёки бошқа пайғамбарлар, — уларга Аллоҳнинг салавот ва саломлари бўлсин—, олиб келган шариатга ҳеч қандай алоқаласи йўқдир. Чунки у кечада қўшиқ, рақс, маст қилувчи ичимликларни ичиш ва бундан бошқа сон-саноқсиз гуноҳлар қоришмаси вужудга келади. Насронийлар: «Бу ишларнинг барчаси Исо алайҳиссаломни ва унинг туғилган кунини хотирлаш учун» деб даъво қиладилар. Исо алайҳиссалом эса уларнинг бу ишларидан безор бўлиб, асло рози эмасдир. Энди сизга насронийларнинг Аллоҳ таолонинг ўғли — Аллоҳ таоло бундай бўҳтонлардан покдир — ва Исо алайҳиссаломнинг илоҳлиги ҳақидаги ботил эътиқодларини баён қиламизки, уларнинг бу эътиқодларидан Исо алайҳиссалом барча халойиқ олдида Аллоҳ таолонинг саволларига жавоб берар экан, ўзини оқлайди. Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳ: “Эй Марямнинг ўғли Исо, сен одамларга: «Аллоҳни қўйиб мени ва онамни илоҳ қилиб олинглар!» деб айтдингми?” деди. (Исо алайҳиссалом): “...Мен сени поклайман”, деди». Ушбу бўҳтон ва сохта эътиқодлардан тоза қалб, соғлом хилқат, ҳатто еру осмон ва тоғу тошлар ҳам нафратланадилар. Замондошларимиз ичида яҳудий ва насронийларга барча нарсаларда, ҳатто куфр байрамларида ҳам эргашаётган ҳамда тараққиёт ва маданият яҳудий ва насронийларга барча нарсаларда эргашишдадир, деб гумон қилаётган ва ўзини Ислом динига мансуб дея ҳисоблаётган (Ислом дини улардан бегонадир) жоҳил мусулмонларнинг ҳоли жуда ҳам ачинарли ва ажойибдир. Чунки, уларнинг бу ҳоллари ўз шарафларининг манбаи бўлган динларидан чиққанлари сабаблидир. Шунинг учун хам уларга камчилик ва хорлик ҳукмрон бўлди-да, улар кофирларнинг думига айландилар: ўзларининг дини – Ислом асослари Аллоҳнинг шариатига зид бўлган барча нарсаларга мухолиф бўлиш эканини билатуриб, кофирлар ортидан кўр-кўрона юрмоқдалар. Мусулмонлар уларнинг қонунлари, одатлари, байрамлари, кийинишлари, ейишлари, ичишлари ва ҳатто кўринишларида ҳам тақлид қилмоқдалар. Сизга насиҳатгўйлар оз бўлган замонамизда динимизни онгли суратда билишимиз учун зикр этган нарсаларимизнинг баъзи намуналарини келтирамиз: 1. Аллоҳ таоло деди: «Сўнг биз сизни шариат узра қўйдик. Сиз унга эргашинг, билмайдиган кишиларнинг хоҳишларига эргашманг!» (Жосия, 18). Шайхулислом Ибн Таймия рахимаҳуллоҳ деди: «Аллоҳ таоло Мухаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Ўзи тузиб берган шариат узра қўйиб, унга эргашишга буюрди. Айни пайтда билмайдиган одамларнинг хоҳишларига эргашишни тақиқлади. Аллоҳнинг шариатига мухолиф бўлган барча одам «билмайдиган» кишилар сафига киради. «Хоҳишлари» эса уларнинг хоҳишлари, мушрикларнинг ботил динлари тақозо этган ҳаёт тарзидир. Мушриклар шунигина истайдилар ва уларга бу ишларда мувофиқ келиш уларга эргашиш, демакдир. Шунинг учун ҳам кофирлар мусулмонларнинг баъзи ишларда ўзларига мувофиқликларини кўрганларида қувонадилар. Ва мусулмонларни ўзларига мойил қилиш учун кўпрок куч сарф қилишни орзу қиладилар» («Иқтизоус-сиротил мустақийм ли мухолафати асҳабил-жаҳийм», доктор Носир ибн Абдулкарим Ақл таҳқиқи). 2. Аллоҳ таоло деди: «Сизга илм келганидан сўнг уларнинг хоҳишларига эргашсангиз, демакки, сиз золимлардан бирисиз» (Бақара, 145). Аллоҳ таоло яҳудийлар ҳақида: «Агар сиз илм келганидан сўнг у (яҳудий)ларнинг хоҳишларига эргашар экансиз, ўзингиз учун дўст ва сақловчи топа олмайсиз», деди (Раъд, 37). Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ушбу оят тафсирида: «Ушбу оят илм аҳлларининг Пайғамбар суннати ҳамда шу суннатда юрган кишиларнинг йўлларида юрганидан сўнг адашган кимсаларнинг йўлларига эргашган кишилар учун қаттиқ жазо борлигидан хабардир», деди. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ: «Ушбу оятдан яҳудийларга мухолиф бўлиш шариатдан экани маълум бўлмоқда», деди. 3. Аллоҳ таоло деди: «Ҳой мўминлар, «роино» деманглар, балки, «унзурно» (бизга боқинг) ва эшитинглар, деб айтинглар. Кофирлар учун аламли азоблар бордир» (Бақара, 104). Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ушбу оят тафсирида шундай дейди: «Аллоҳ таоло мўмин бандаларига ўз сўзлари ва ишларида кофирларга ўхшашни тақиқлади. Чунки яҳудийлар – уларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин – агар: «Бизга қулоқ сол» демоқчи бўлсалар «роино» дер ва «енгилтаклик» маъносидаги («руъунат» ўзакли) оҳангни билдирар эдилар». Чунки яҳудийлар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун «роино» сўзини қўллаганлари пайт айни шу маънони назарда тутар эдилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло мўминларга ҳатто сўзларда ҳам яҳудийларга мухолиф бўлишни амр этди. 4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бир халққа ўхшаса, у улардан биридир», дедилар (Абу Довуд «Сунан»да ривоят қилган, саҳиҳ ҳадис). Ушбу ҳадисда ҳам мусулмон бўлмаган халқларга ўхшаш учун қаттиқ жазо борлиги айтилмоқда. Демак, тақволи ва солиҳ одамларга ўхшаган киши улардан биридир. Яҳудий ва насронийларга ўхшаган кимса эса, Аллоҳ сақласин, улардан биридир! Аллома Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадиснинг шарҳида бундай дейди: «Ушбу ҳадисда мўминларнинг сўзлари, ишлари, кийимлари, ибодатлари ва бизга шариат буюрмаган ва иқрор бўлмаган нарсаларда кофирларга ўхшашлари тақиқланган» (Ибн Касир. Бақара сурасининг 104-ояти тафсири). 5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бошқаларга ўхшаган кимсалар биздан эмасдир. Яҳудий ва насронийларга ўхшаманглар! Бас, яҳудийларнинг саломи бармоқлар билан, насронийларники эса кафт билан ишора қилишдир» («Саҳиҳул-Жомеъ»: 5434). Аллоҳу акбар! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашмаган, унинг суннатларидан воз кечган, балки суннатларни масхара қилган ҳамда кофирлар ҳаётининг асосини татбиқ қилиб, «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашаман», деб айтса-да, кофирлар ҳаётидаги барча нарсаларни, ҳатто, икир-чикирларни ҳам олиб, уларга қалбида ҳурмат-эҳтиром ва ҳайратларини яширган кишининг ҳоли нима бўлар экан?! 6. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бошқаларнинг суннатлари (йўллари) ни олган киши биздан эмасдир», дедилар. Демак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини тарк қилиб, насроний ва яҳудийларнинг суннатларини олган ҳамда пасткаш нарсаларни гўзал нарсалар устига афзал кўрган кишининг, гарчи Ислом динига мансуб ва мусулмонлар исми билан чақирилсалар-да, Ислом динида ҳеч қандай насибаси йўқдир. 7. Аллоҳ таоло кофирларга уларнинг ботил одатларида мухолиф бўлган мўмин бандаларини мадҳ этди: «Ёлғон нарсаларга гувоҳ бўлмайдилар. Беҳуда нарсалар олдидан мағрур туриб ўтиб кетадилар» (Фурқон, 72). Кўплаб муфассир ва салаф олимлари ушбу оятдаги «Ёлғон нарсаларга гувоҳ бўлмайдилар» жумласини: «Улар мушрикларнинг байрамларида иштирок этмайдилар», деб тафсир қилдилар. 8. Имом Абу Довуд ўзининг «Сунан»ида ишончли ровийлар силсиласи билан ривоят қилди: «Бир киши Бувона номли ерда туя сўйишни назр қилди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «У ерда сиғиниладиган жоҳилият бутларидан бириси бормиди?» деб сўрадилар. Саҳобалар: «Йўқ», деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У ерда нишонланадиган бутпарастларнинг байрамлари бор эдими?» деб сўрадилар. Саҳобалар: «Йўқ», деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Назрингга вафо қил! Аллоҳга осий бўлиш учун ёки одам фарзандининг кучи етмайдиган нарсаларда назр қилинса, (ундай назрларга) вафо қилинмайди», - дедилар» (Саҳиҳ ҳадис). Ҳадисдан мушрикларнинг байрамларига розилик билдириш ва шу байрамларда — Аллоҳга итоат қилиш бўлса-да — ҳозир бўлиш гуноҳ экани маълум бўлмоқда. Чунки Аллоҳга осийлик қилинган ушбу ерларнинг шу мақомини эътироф этиш ифодаланмоқда. 9. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хар бир халқнинг ўз байрами бор. Бу кун (яъни ҳайит кунлари) бизнинг байрамимиздир», дедилар (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари). Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина шаҳрига кўчиб келганларида мадиналикларнинг иккита байрами бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу қандай кунлар?» деб сўрадилар. Мадиналиклар: «Биз жоҳилият даврида бу кунларда байрам қилар эдик» дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло сизлар учун бу икки кунингизни Қурбон ва Рамазон байрамларига алиштирди», дедилар (Абу Довуд. «Сунан», саҳиҳ ҳадис). Ҳофиз Заҳабий раҳимаҳуллоҳ ўзининг бебаҳо китоби «Ташаббуҳул-ҳасис би аҳлил-хамис» (Ҳасиснинг пайшанба аҳлларига ўхшаши)да шундай дейди: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларидан хар бир халқнинг ўзига хос байрами бор экани тушунилмоқда. Зеро, Аллоҳ таоло: «Уларнинг хар бири учун шариат ва йўл қилиб қўйдик», демоқда. Агар насроний ва яҳудийларнинг ўзларига хос байрамлари бўлар экан, демак, мусулмон уларнинг шариат ва қиблаларида шерик бўлмаганидек, байрамларида ҳам иштирок этмасин. Умар разияллоҳу анҳунинг шартларидан бири зиммийлар ўз байрамларини ошкор қилмасликлари эди. Мусулмонлар бу шартга иттифоқ қилдилар. Шундай экан, мусулмон уларнинг малъун анъаналарини очиқ-ошкор қилишга қандай журъат этсин! «Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳил алиййил азийм». Ҳолбуки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамлар гуноҳ ишни кўриб ўзгартирмасалар, Аллоҳ уларга ўз жазосини омаатан юборади», деганлар (Имом Термизий. «Саҳиҳус-Сунан»). Мусулмон дўстим, ушбу рисоладан кофирларни байрамлари билан қутлаб табрикнома ва совғалар юбориш ёки олиш мумкин эмаслиги сизга маълум бўлган бўлса керак. Шунинг учун ҳам кофирларнинг байрамларида сизга келган табрикнома ва совғаларни келган ерига қайтаринг. Хусусан, арча дарахтини. Чунки насронийлар Исо алайҳиссаломни арча дарахтининг остида туғилган, деб арчани ўзларининг диний рамзлари қилиб олганлар. Бундан ташқари, уларга байрамларида куфр, гуноҳ ва диний анъаналарини ўтказишларида ёрдамчи бўладиган барча нарсани сотиш ҳам мумкин эмас. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ: «Кофирларга диний анъаналарини ўтказишлари учун ёрдамчи бўладиган барча нарсани сотиш мумкин эмас», дедилар. Шунингдек, расмий идоралар ва иш ерларидаги кўп мусулмонлар одатланганидек, янги йил байрами ўтадиган кунларни таътил (хордиқ) кунлари қилиш ҳам мумкин эмасдир. Чунки бундай қилиш насроний динининг анъаналарини кўрсатиш ҳамда уларнинг байрамлари ва динларини олқишлаш, демакдир. Шайх Мулло Алий ал-Қорий Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Наврўз байрами куни мажусийга бир тухумни совға қилган одам кофир бўлади. Чунки у мажусийнинг куфри ва залолатига ёрдам берди ва совға бериши билан уларга ўхшади. Баъзилар: «Мусулмон Наврўз байрамида мусулмонга совға берса кофир бўлмайди», демоқдалар. Бу сўзга диққат этиш керак. Чунки, бу ишда мажусийларга ўхшашлик бордир. Табиийки, қасдсиз (билмай) Наврўз байрамига келиб қолган одамнинг ҳукми фарқлидир». «Мажмаун-навазил» китобида шундай дейилган: «Мажусийлар Наврўз байрамида тўпланганида мусулмон: «Қандай яхши йўл топишибди!» деса кофир бўлади, дейилган. Нега? Чунки, у Ислом одатларини қабоҳатга чиқаришни кафолатлаш билан бирга, куфр тузукларини мақтамоқда». «Ал-фатава ас-суғро» китобида шундай дейилган: «Наврўз куни илгари одатланмаган нарсани Наврўз байрамини улуғлаб сотиб олган киши катта гуноҳни қилиб, кофир бўлади. Чунки, у кофирларнинг байрамларини улуғлади» (Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳнинг «ал-Фиқҳул-Акбар» китобига ёзилган шарҳ, 186). Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ деди: «Яҳудий ва насронийлар билан бирга уларнинг байрамларида иштирок этиш учун улар каби хушбўй шамлар сотиб олиш, таомларни ҳозирлаш, хотин ва болаларни ясантириш катта гуноҳлардандир. Ҳолбуки, улар бизнинг қўл остимизда мағлуб бўлиб, бизнинг байрамларимизда иштирок этмаяптилар, бизларга ўхшамаяптилар ва биз қилган ишларни қилмаяптилар». Ҳой мусулмон, қиёмат кунида Пайғамбаримизга кайси юз билан рўбарў бўласиз?! Ахир сиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига зид, Ислом динининг душманлари бўлган адашган кофирларнинг ишларини қилмоқдасиз-ку! Баъзилар: «Биз бу ишларни кичик ёшдаги болаларимиз ва хотинларимиз учун қилмоқдамиз-ку?!» десалар, уларга: «Энг расво бўлган одамлар фарзандлари ва хотинларини Аллоҳнинг ғазаби келадиган нарсалар билан рози қилган кишилардир» дейилади... Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳу деди: «У (мажусий)ларнинг наврўзлари ва байрамларини қилган ҳамда ўлгунига қадар уларга ўхшаб яшаган киши қиёмат кунида улар билан бирга тўпланади» (Байҳақий ривояти). Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳунинг ушбу сўзлари мажусийларнинг байрамларини қилиш катта гуноҳлардан эканини билдирмоқда. У ишнинг ози кўпига олиб боради. Мусулмон бу даричани бутунлай беркитиши, хотини ва фарзандларини у ишдан нафратлантириши керак. Яхшилик одат бўлса, бидъатлардан сақланиш ибодатдир. Ҳеч бир кимса: «Фарзандларимни хурсанд қилаяпман», деб айтмасин. Ҳой мусулмон, наҳотки уларни хурсанд қилиш учун Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган нарсаларни топган бўлсанг! Ахир бу куфр ва туғён белгиси-ку! Сен ёмон мураббий экансан-ку! Бундай десам, сен ўзинг шундай тарбия кўргансан-да! (“Ташаббуҳул ҳасис би аҳлил хамис”, 37). Шуни ҳам огоҳлантиришимиз керак-ки, Аллоҳнинг душманларига ўхшашнинг энг хунук кўриниши кўплаб мусулмонлар, улар ичида раҳбарлар ва уларга итоат этган оддий мусулмонлар ҳам бор, ғайри динларнинг тузган сохта, Аллоҳ таоло нозил қилмаган қонун ва дастурларининг қолдиқларини олиб келишлари, у қонунларга ўрталаридаги келишмовчиликларни ҳал этиш учун мурожаат этишларидир. Бу ғайри динларга залолат ва қинғир ишларида эргашиш ва ўхшашлик, демакдир. Балки бу, Аллоҳ сақласин, очиқ куфрдир. Чунки инсон ақли билан Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ҳаром, ҳаром қилган нарсаларни эса ҳалол қилади. Номус, қон, жон ва моллар учун Аллоҳ таоло нозил қилмаган ва шариатга зид бўлган ҳукмлар чиқаради. Ғайридинларга ўхшашнинг соқолларни қириш, ғайридинларнинг кийимларини кийиш ва турмуш тарзида ўрнак олиш каби кўринишлари ҳам мусулмонлар ичида кенг ёйилган. Уларга ўхшашнинг энг ёмони уларни яхши кўриш ва мусулмонлар ичидаги тақволи ва солиҳ кишиларни ёмон кўришдир... Зеро, Аллоҳ йўлида яхши кўриш, иймоннинг энг мустаҳкам асосларидан биридир. Рисоламизнинг сўнггида шуни эслатмоқчимиз: Аллоҳ таоло буюк бир ҳикмат – жаҳаннамга тушадиган кофирларга бўлган муҳаббат мусулмоннинг қалбига кирмаслиги учун уларга ўхшамасликка буюрди. Чунки улар Аллоҳ таоло ва барча мусулмонларнинг душманларидир. Ишларда уларга мувофиқ ёки ўхшаш бўлиш яқинлик ва ўрганишни, кейин эса дўстлик ва муҳаббатни вужудга келтиради. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло шариатдан юз ўгирган душманларини яхши кўрган кишиларда иймон бўлмаслигини баён қилиб деди: «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган кишиларнинг Аллоҳ ва расулига душман бўлган кишиларни, гарчи оталари, ўғиллари, оғалари ва қариндошлари бўлса-да, дўст тутганларини кўрмайсиз...» (Мужодала, 22). Аллоҳ таолодан бизларни Ўзи яхши кўрган кишиларни яхши кўриб дўст тутиш, Аллоҳ ёмон кўрган кишиларни эса ёмон кўриш ва душман тутишга муваффақ қилишини сўраймиз. Аллоҳ энг яхши дўст ва энг яхши ёрдамчидир. Илоҳим, етказдикми?! Илоҳим, Ўзинг гувоҳ бўл! Манба: www.islamnuri.com
|