Чоршанба 5 Февраль 2025 | 6 Шаъбон 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Хатоларни тузатишнинг пайғамбарона услублари (4)

1879 марта кўрилган

23) Хатокорга ўзининг қилган хатосидан пушаймон бўлиб, узр сўраши учун унга нисбатан хатога қўл урган кишининг фазлини эслатиш

Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо ўрталарида бўлиб ўтган можарода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ана шундай қилганлар. Имом Бухорий Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Абу Бакр билан Умар ўртасида гап ўтиб, Абу Бакр Умарнинг жаҳлини чиқарди. Умар унинг олдидан ғазабнок бўлиб кетди. Абу Бакр унинг ортидан бориб, унинг ҳаққига истиғфор айтишини (яъни кечиришини) сўради, бироқ у бундай қилмади ва унинг юзига эшикни ёпиб кириб кетди. Шундан сўнг Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди, биз ҳам у зот ҳузурларида эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу биродарингиз жанжаллашиб қолган кўринади», дедилар. Умар ўзидан ўтган ишга пушаймон бўлиб, келди, салом бериб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига ўтирди ва бўлиб ўтган воқеани айтиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазабландилар. Абу Бакр эса: «Аллоҳга қасамки, ё Расулуллоҳ, мен кўпроқ зулм қилувчи бўлдим», дея бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Соҳибимни (дўстимни) ўз ҳолига қўясизларми, йўқми?! Соҳибимни ўз ҳолига қўясизларми, йўқми?! Мен: «Эй одамлар, мен сизларнинг барчангизга Аллоҳнинг пайғамбариман» деганимда сизлар: «ёлғон айтасан» дегансиз, ёлғиз Абу Бакр: «тўғри айтасиз», деган», дедилар (Фатҳул Борий: №4640).

Имом Бухорий «Саҳиҳ»нинг «Маноқиб китоби»да ушбу воқеани Абу Дардо розияллоҳу анҳудан сал бошқачароқ кўринишда ҳам ривоят қилган:

«Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларида ўтирган эдим, тўсатдан Абу Бакр келиб қолди, у кийимининг бир тарафини кўтариб олган ва ҳатто тиззаси очилиб қолган эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу биродарингиз жанжаллашиб қолган кўринади», дедилар. У салом берди ва: «Ибн Хаттоб билан ўртамизда гап қочиб, мен унга тезлик қилдим, сўнг пушаймон бўлиб, мени кечиришини сўрасам, бош тортди, кейин сизнинг олдингизга келдим», деди. «Аллоҳ сизни кечирсин, эй Абу Бакр», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч бор. Кейин Умар ҳам қилган ишидан пушаймон бўлибди, Абу Бакрнинг уйига бориб: «Абу Бакр борми?», деб сўраган экан, «Йўқ», дейишибди. Сўнг у ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, салом берди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзлари (ғазабдан) ўзгара бошлади, ҳатто Абу Бакр мушфиқлик билан тиз чўкиб: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, мен кўпроқ зулм қилдим», деб икки марта такрорлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ мени сизларга пайғамбар қилиб юборди, шунда сизлар: «ёлғон айтдинг» дединглар, фақат Абу Бакр: «рост айтди», деди ва менга жони ва моли билан ёрдам берди. Сизлар менинг биродаримни ўз ҳолига қўясизларми, йўқми?! Сизлар менинг биродаримни ўз ҳолига қўясизларми, йўқми?!», дедилар. Шундан сўнг унга ҳеч озор берилмади» (Фатҳ: №3661).

24) Жанжални бостиришга ҳаракат қилиш ва фитна чақмоқтошини (пилигини) хатокорлар орасидан суғуриб олиш

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир неча ўринларда шундай қилганлар. Мусулмонлар ўртасида уруш чиқиб кетишига яқин қолган ҳолларда у зот ўртага тушиб, аҳволни тузатганлар. Масалан, Оиша розияллоҳу анҳога туҳмат қилиниш ҳодисасида шундай бўлганди. Бу ҳақда Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарда туриб, Абдуллоҳ ибн Убай (озорлари усти)дан ёрдам сўрадилар, «Эй мусулмонлар жамоаси, аҳли-оилам хусусида менга озори етган одамдан мени маъзур қиладиган биров борми?! Аллоҳга қасамки, мен аҳли-оиламдан фақат яхшиликни билганман. Улар (яъни туҳматчилар) бир кишини гапиришмоқдаки, мен у ҳақда ҳам фақат яхшиликни билганман. У аҳли-оилам олдига фақат мен билангина кирарди», дедилар. Шунда Саъд ибн Муоз туриб: «Ё Расулуллоҳ, мен сизни маъзур қиламан (яъни ҳимоя қиламан). Агар у кимса Авсдан бўлса, ўзим унинг бўйнига (қилич) соламан, агар Хазражлик биродарларимиздан бўлса, бизга буюрасиз, буйруғингизни ижро қиламиз», деди. Шунда Хазражлик бир киши, яъни Хазраж саййиди Саъд ибн Убода турди, — у бундан аввал солиҳ киши эди, лекин уни ҳамият олди —, шу боис Саъд (ибн Муоз)га: «Бекор айтибсан! Аллоҳга қасамки, уни ўлдирмайсан, ўлдиришга қодир ҳам бўлмайсан! Агар ўз жамоангдан бўлганида ўлдирилишини истамаган бўлардинг», деди. Усайд ибн Ҳузайр ўрнидан турди, у Саъд (ибн Муоз)нинг амакиваччаси эди, Саъд ибн Убодага: «Ўзинг бекор айтибсан! Аллоҳга қасамки, уни албатта ўлдирамиз! Сен мунофиқ экансан, мунофиқларнинг ёнини олаяпсан!», деди. Шундай қилиб, икки қабила – Авс ва Хазраж ловуллаб, икки ўртада уруш чиқиб кетишга яқин бўлиб қолди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса минбарда эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни (жанжалларини) бостиришга анча уриндилар, охири улар жим бўлишди» (Муттафақун алайҳ, Фатҳул Борий: №4141).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бану Амр ибн Авф қабиласи ўртасида чиққан жанжални ислоҳ қилишга бориб, шу сабабли жамоат намозининг бошига кечикиб қолганлари «Саҳиҳайн»да ривоят қилинган. Насоий ҳам Саҳл ибн Саъд ас-Соидий розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилади: «Ансорларнинг икки маҳалласи ўртасида гап қочиб, ҳатто бир-бирларига тош отишгача бордилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар ўртасини ислоҳ қилиш учун кетдилар. Намоз вақти бўлиб қолиб, Билол азон айтди, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кутиб ўтирдилар. У зот келавермагач, намозга иқомат айтди ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу олдинга (имомликка) ўтдилар...» (Ал-мужтаба: 8/243).

Имом Аҳмад Саҳл ибн Саъд ас-Соидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга биров келиб, Бану Амр ибн Авф урушиб қолишгани ва бир-бирларига тош отишганини хабар берди. У зот улар ўртасини ислоҳ қилгани чиқиб кетдилар...» (Муснад: 5/338).

25) Хатодан ғазаб изҳор қилиш

Хусусан, хато эътиқодга тааллуқли масалаларда, шу жумладан қадар ҳақида баҳсга киришиш ва Қуръон тўғрисида талашиб-тортишиш бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни эшитсалар ё кўрсалар, ғазабланардилар. Амр ибн Шуайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Бир куни одамлар қадар ҳақида тортишиб туришганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб келдилар, юзлари ғазабдан анор доналари каби қизариб кетганди, сўнг дедилар: «Шунга буюрилганмисизлар ёки шунга яратилганмисизлар?! Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг китобини (яъни унинг оятларини) бир-бирига урасизлар?! Сизлардан аввалгилар шу билан ҳалок бўлишган!...» (Аҳмад (2/178, 181, 185, 195) ва Ибн Можа (85) ривоятлари, шайх Шокир «Муснад» таҳқиқида саҳиҳ санаган.

Абу Осим «Сунна»да келтиришича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари олдига чиқиб келдилар, улар қадар ҳақида баҳслашаётган эдилар, униси бир оятни айтса, буниси бошқа оятни айтарди. У зотнинг юзлари худди анор суви сачрагандек қизариб кетди. Сўнг дедилар: «Шунга яратилганмисизлар?! Ёки шунга буюрилганмисизлар?! Аллоҳнинг Китобини бир-бирига урманглар! Қаранглар, нимага буюрилган бўлсангиз, ўшани қилинглар, нимадан қайтарилган бўлсангиз, ундан тийилинглар!» ((Ибн Аби Осим, Сунна: №406, Албоний иснодини саҳиҳ санаган).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дин асосларига тааллуқли масалаларда инкор қилиб ғазабланишларига Умар розияллоҳу анҳу билан бўлган қуйидаги воқеа ҳам мисол бўлади:

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига аҳли китоблардан биридан олган бир китобни кўтариб келди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўқиб, ғазабландилар ва: «Сизлар бу (яъни ислом шариати) ҳақида қаноат ҳосил қилувчи эмасмисизлар эй Ибн Хаттоб?! Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, мен уни сизларга оппоқ, тип-тиниқ ҳолда келтирдим!... Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар Мусо соллаллоҳу алайҳи ва саллам тирик бўлганида, у учун менга эргашишдан бошқа иложи йўқ эди», дедилар» (Муснад Аҳмад: 3/387, Албоний «Ал-ирвоъ»да (1589) ҳасан санаган).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Умар ибн Хаттоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига Тавротдан бир нусха келтириб: «Ё Расулуллоҳ, бу Тавротнинг нусхаси» деди. У зот индамадилар. Умар уни ўқий бошлаган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзлари ўзгара бошлади. Шунда Абу Бакр: «Ҳой, қуриб кетгур, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларидаги ҳолатни кўрмаяпсанми?!» деди. Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларига қаради ва: «Аллоҳнинг ғазабидан ва Расулининг ғазабидан Аллоҳдан паноҳ тилайман, Аллоҳни Роб деб, Исломни дин деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар деб ихтиёр этдик» деди. Шундан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, мабодо Мусо сизларга зоҳир бўлса ва сизлар унга эргашиб, мени тарк қилсангиз эди, тўғри йўлдан қаттиқ адашган бўлардингиз. Агар Мусо тирик бўлиб, менинг пайғамбарлигимга етса, албатта менга эргашган бўларди» дедилар (Доримий ривояти: №441, Мишкотул-масобийҳ: 194, Саҳиҳул-жомиъус-сағийр: 5308).

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ҳам шуни тўлдиради: «Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига Таврот лавҳаларини кўтариб келиб: «Ё Расулуллоҳ, Тавротнинг ушбу лавҳаларини Бану Зурайқлик бир биродаримдан олдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзлари ўзгарди. Шунда Абдуллоҳ ибн Зайд (тушида азон кўрсатилган киши) унга: «Аллоҳ ақлингни олиб қўйганми?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларидаги (ғазаб)ни кўрмаяпсанми?!», деди. Умар: «Аллоҳни Роб деб, Иломни дин деб, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни набий деб, Қуръонни имом (йўлбошчи) деб рози бўлдик», деди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чеҳралари очилди, сўнг дедилар: «Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, мабодо Мусо ораларингизда бўлиб, сизлар унга эргашиб, мени тарк қилсангиз эди, тўғри йўлдан қаттиқ адашган бўлардингиз. Сизлар халқлар ичидан менинг улушим, мен эса пайғамбарлар орасидан сизларнинг улушингизман». (Ҳайсамий «Мажмаъ»да (1/174) айтади: «Табароний «Ал-кабир»да ривоят қилган, ровийлари орасида Абу Омир Қосим ибн Муҳаммад ал-Асадийнинг таржимаи ҳолини билмадим, қолганлари ишончли»).

Ушбу воқеа ҳақидаги ривоятлардан қуйидагиларни кўриш мумкин:

  1. Биринчидан: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларида гап бошлашларидан олдин пайдо бўлган ғазабдан қизариш ҳолати.
  2. Иккинчидан: Сиддиқ ва Абдуллоҳ ибн Зайдларнинг бу ҳолатни пайқашлари ва Умарга танбеҳ беришлари.
  3. Учинчидан: Умарнинг ўз хатосини тушуниши ва уни тузатишга шошилиши, Аллоҳнинг ва Пайғамбарининг ғазабидан Аллоҳдан паноҳ тилаш билан ва диндаги асос бўлмиш Аллоҳ, Расули ва Унинг динига рози бўлишни эълон қилиш билан ўзидан ўтган ишга узр айтиши.
  4. Тўртинчидан: Умар хатосини тушунганини ва ундан қайтганини кўргач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чеҳралари ёришиши.
  5. Бешинчидан: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг диндаги асосни, яъни у зотнинг шариатларига эргашиш ва бошқа манбалардан олишдан огоҳлантиришни мустаҳкамлаб ва уни таъкидлаб, қўшимча изоҳ бериб ўтишлари.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мункарни кўрганда ғазабланишларига Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадис ҳам мисол бўлади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қибла (томондаги девор)да балғамни кўриб, бу нарса у зотга оғир ботди, ҳатто (бунинг асари) юзларида кўринди. Ўринларидан туриб, уни ўз қўллари билан ишқалаб артдилар, сўнг: «Сизлардан бирингиз қачонки намозида турса, албатта, у Раббига муножот қилаётган бўлади ёки албатта, Рабби у билан қибла ўртасидадир. Шундай экан, ҳеч бирингиз қибласи томонга тупурмасин, балки чап томонига ёки оёқлари остига (тупурсин.)» Сўнг ридоларининг бир четини ушлаб, унга туфладилар, сўнг уни букладилар ва: «Ёки мана шундай қилсин», дедилар (Имом Бухорий ривояти, Фатҳ: №405).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёмонликка олиб келган хатони эшитиб ғазабланишларига Имом Бухорий Абу Масъуд ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ушбу ҳадис ҳам мисол бўлади, Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, фалончи бизга (намозни) чўзиб юбораётганидан бамдод (ғадот) намозига келмай қўяёздим» деди. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўша кунгидан кўра ғазаблироқ ҳолда маъруза қилганларини кўрмадим. У зот: «Эй одамлар, сизлар бездирувчи (бўлибсиз.) Кимда ким одамларга (имом бўлиб) намоз ўқиса, енгил ўқисин! Зеро, уларнинг орасида кексалар, заиф ва ҳожатманд (кишилар) бор», дедилар «Фатҳ: 7159).

Муфтийнинг (яъни фатво берувчининг) фатво сўровчининг инжиқлиги ва такаллуфидан ғазаб изҳор қилиши ҳам шу бобга киради. Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан топиб олинган нарса ҳақида сўради. «Тугунини – ёки идишини ё боғичини – таниб ол, сўнг бир йилгача уни (одамларга) билдир, шундан сўнг ундан фойдаланавер. Агар эгаси келса, унга қайтариб бер» дедилар. «Адашиб қолган туяни-чи?» деб сўраган эди, у зот (унинг бу гапидан) ғазабландилар, ҳатто юзлари қизариб кетди. «Сенинг у билан нима ишинг бор?! Суви[1] ўзи билан, оёғи ўзи билан, (чанқаса) сувга боради, ўт-ўланларни ейди. То эгаси йўлиққунича уни тек қўй» дедилар. «Адашиб қолган қўйни-чи?» деб сўради. «У ё сенга ё биродарингга ё бўрига» дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Мувозанатли мураббийнинг бирон хатони кўрган ё эшитган пайтда бундан таъсирланиши ва бунинг асари унинг юзида кўриниши ва овозида билиниши қалбнинг мункарга қарши тириклигига ва унга сукут қилмаслигига аломат бўлиб, бунинг оқибатида шу ерда ҳозир бўлганлар қалбига ушбу хатога қўл уришдан қўрқув ва ҳадик тушади, мана шу ҳолатда гапнинг қалбларга таъсири кучаяди. Аксинча бўлганда, яъни ишни яшириб кетилган ё кейинга сурилган ҳолатда кўпинча, унинг таъсири йўқолади.

Баъзан юз берган бирон мункар ҳодиса ҳақидаги гапни муҳим бўлгани ё бундан насиҳат оладиган ва бошқаларга етказадиган одам оз бўлгани учун кўпчилик одамлар тўпланадиган вақтга кечиктириб туриш ҳам ҳикматдан бўлади. Ё бўлмасам, икки марта, яъни аввал ўша вақтнинг ўзида бевосита хос кишиларга, кейинроқ бошқаларга яна гапириш ҳам мумкин. «Саҳиҳ Бухорий»да Абу Ҳумайд ас-Соидийдан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир омилни (закот йиғувчини закот йиғишга) амалдор қилдилар. Омил ишидан фориғ бўлиб келгач: «Ё Расулуллоҳ, бу сизларга, бу эса менга ҳадя қилинди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ота-онангнинг уйида ўтирмабсан-да, кўрардинг, биров сенга ҳадя берармиди, йўқми?!», дедилар. Кейин кечқурун хуфтон намозидан сўнг туриб, шаҳодат калимасини айтдилар, Аллоҳга лойиқ бўлганидек ҳамду сано айтгач, шундай дедилар: «Аммо баъд, омилга нима бўлганки, биз уни омил (амалдор, вазифадор) қилсагу, у келиб: «Бу сизларга, бу эса менга ҳадя қилинди», дейди?! Ота-онасининг уйида ўтирмабди-да, биров унга ҳадя берармикин, йўқми, кўрарди! Йўқ, Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлардан бировингиз ундан (яъни, закот молидан) бирон нарсани хиёнат билан олса, қиёмат куни албатта ўша нарсани гарданида кўтариб келади. Агар туя бўлса, ўкирган ҳолда келади, қорамол бўлса, мўъраган ҳолда келади, қўй-эчки бўлса маъраган ҳолда келади. Мен етказиб қўйдим!». Шундай деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини кўтардилар, ҳатто биз у зотнинг қўлтиқларининг оқлигини кўриб турардик (Фатҳул Борий: №6636).

26) Хато қилган одамдан шояд у тўғриликка қайтиб қолса деган умидда тортишмасдан қайтиб кетиш

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизлари Фотима ва у (ётган уй)нинг эшигини тақиллатиб: «Намоз ўқимаяпсизларми?!», дедилар. Алий айтади: «Мен: «Ё Расулуллоҳ, жонларимиз Аллоҳнинг қўлида, бизни тирилтиришни (яъни уйқудан тургизишни) истаса, тирилтиради», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу гапга ҳеч қандай жавоб қайтармадилар ва бурилиб кетдилар. Мен у зотнинг кетарканлар, сонларига уриб: «Дарҳақиқат, инсон жуда кўп жанжал-баҳс қилувчидир» (Каҳф: 54) деганларини эшитдим» (Фатҳ: №7347).

27) Хато қилган одамга итоб (танбеҳ) бериш

Хотиб розияллоҳу анҳу Қурайш мушрикларига мусулмонларнинг фатҳ мақсадида Маккага йўл олаётганлари хабарини ёзиб юборганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни итоб қилиб шундай дегандилар: «Эй Хотиб, сени бунга нима мажбур қилди?!». У айтди: «Менда Аллоҳ ва Расулига иймон келтирганликдан бошқа нарса (яъни куфр ё нифоқ) йўқ, мен (динимни) ўзгартирмадим ва алиштирмадим. Фақат қавмга (яъни Қурайшга) ўтказиб қўйишни хоҳладимки, Аллоҳ ўша туфайли аҳлимни ва молимни ҳимоя қилсин. Сизнинг бошқа асҳобларингизнинг эса у ерда аҳли ва молларини Аллоҳ улар билан ҳимоя қиладиган кишилари бор». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У рост гапирди, унга фақат яхши гап гапиринглар», дедилар. Умар ибн Хаттоб: «Аниқки, у Аллоҳ ва расулига ва мўминларга хиёнат қилди. Уни менга қўйиб беринг, бошини танидан жудо қилай», деганди, у зот: «Аллоҳ таоло Бадр аҳлини билгандирки: «Истаган ишингизни қилаверинг, сизларга жаннат вожиб бўлди ёки сизларни кечирдим», деган бўлса дедилар. Шунда Умарнинг кўзлари ёшланиб: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», деди (Фатҳ: №6259).

Мазкур ҳодисада бир қанча юксак тарбивий фойдалар мавжуд. Жумладан:

  1. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг катта хато ишга қўл урган саҳобани: «Сени бунга нима мажбур қилди?!» деб итоблашлари.
  2. Хатокорни хато қилишга етаклаган сабабни суриштириб билиш. Бу ҳам шубҳасиз, унга нисбатан тутиладиган муносабатга таъсир кўрсатади.
  3. Пешқадам ва фазл эгаси бўлган кишилар ҳам катта гуноҳдан маъсум эмаслар.
  4. Мураббий ўз атрофидагиларнинг хатоларини кўтара оладиган даражада бағрикенг бўлиши лозим. Токи улар тўғри йўлда у билан бирга кета олсинлар. Мақсад уларни ислоҳ қилиш бўлмоғи керак, узоқлаштириш эмас.
  5. Мураббий ўз атрофидаги кишиларда кечадиган ўткинчи инсоний заифлик лаҳзаларини тушуниши ва баъзан айрим пешқадам кишилардан содир бўлиб қоладиган қўпол хатолар туфайли мувозанатини йўқотиб қўймаслиги керак бўлади.
  6. Хатокорлар ичидан ҳимояга ҳақли бўлганларини ҳимоя қилиши.
  7. Агар хатога қўл уриб қўйган кишининг аввалда яхши ишлари кўп бўлган бўлса, унинг хатосини муолажа қилиш пайтида ана шуларни эътиборга олиш зарур бўлади.
28) Хатокорни маломат қилиш

Очиқ кўриниб турган хатога сукут қилиш мумкин эмас, аввал бошдаёқ хатокорни маломат қилиш, унга танбеҳ берилиши лозим, токи у ўз хатосии ҳис қилсин.

Бухорий «Саҳиҳ»ида Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Менинг Бадр кунги ғаниматдан теккан битта туям бор эди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хумусдан (ғаниматнинг Аллоҳ ва расулининг ҳаққи бўлмиш бешдан бир қисмидан) яна битта туя бергандилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотимага уйланмоқчи бўлиб юрганимда Бану Қайнуқоълик бир қуймакор (темирчи) билан ваъдалашиб, у билан бирга изхир териб келиб, қуймакорларга сотмоқчи ва шуни никоҳ тўйимнинг бирон кам-кўстига ишлатмоқчи бўлдим. Мен туяларим учун арқон, юган, жабдуқ каби нарсаларни йиғиб юрарканман, туяларим ансорлардан бирининг уйи ёнига чўктириб қўйилганди. Айтилган нарсаларни йиғиб, қайтиб келсам, қай кўз билан кўрайки, иккала туям ҳам ўркачлари кесилган, биқинлари ёрилиб, жигарлари олинган ҳолда ётарди. Бу манзарани кўриб, кўзларимни йиғидан тия олмай қолдим ва: «Ким қилди буни?» дедим. «Ҳамза ибн Абдулмутталиб қилди, ўзи манави уйда ансорлар билан ичкилик ичиб ўтирибди», дейишди. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бордим, у зотнинг ёнларида Зайд ибн Ҳориса бор экан. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг юз кўринишимдан аҳволимни уқдилар ва: «Сизга нима бўлди?», деб сўрадилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, бугунгидек (мудҳиш) кунни ҳеч кўрмаганман. Ҳамза иккала туямга тажовуз қилиб, уларнинг ўркачларини кесибди, биқинларини ёрибди, ўзи эса бир уйда шаробхўрлар билан бирга ўтирибди», дедим. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ридоларини чорлаб, кийдилар, сўнг яёв юриб кетдилар, мен ва Зайд ибн Ҳориса ортларидан кетдик. У зот Ҳамза ўтирган уйга бориб, киришга изн сўрадилар, улар изн беришди. Қарасак, ҳаммаси ширакайф аҳволда экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳамзани қилиб қўйган иши ҳақида маломат қила бошладилар. Ҳамза эса кайфи ошиб қолган, кўзлари қизариб кетган эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қаради, аввал кўзини у кишининг тиззаларига қаратди, сўнг киндикларига, сўнг юзларига қаратди. Сўнгра у: «Ҳаммаларинг менинг отамнинг қули эмасмидиларинг?!», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг маст бўлиб қолганини билиб, ортларига қайтиб кетдилар, биз ҳам у киши билан бирга чиқиб кетдик» (Фатҳул Борий: №3091).

Бу воқеа маст қилувчи ичимлик ҳаром қилинишидан илгари бўлганди.

29) Хатокордан юз ўгириш

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ «Муснад»да келтиради: Уқба ибн Молик Абу Назрдан, у Баҳздан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир сарийя (жанговор гуруҳ) юбордилар. Сарийя қавмга ҳамла қилди. Қавм ичидан бир киши қочди. Шунда сарийянинг бир аъзоси қиличини яланғочлаб, унинг кетидан эргашди. Шунда ҳалиги киши: «Мен мусулмонман», деди. Бироқ, унинг гапига парво қилмай, бориб ўлдирди. Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам етиб келди. У зот бу ҳақда жуда қаттиқ гаплар қилдилар. Бу қотилга ҳам етиб борди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилиб турган эдилар, ҳалиги қотил: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, у ўша (мен мусулмонман деб айтган) гапини фақат ўлимдан қутулиб қолиш учунгина айтганди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан ва у томондаги одамлардан юзларини ўгирдилар ва хутбада давом этдилар. У яна: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, у ўша гапини фақат ўлимдан қутулиб қолиш учунгина айтганди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна ундан ва у томондаги одамлардан юзларини ўгирдилар ва хутбада давом этдилар. У сабр қилиб туролмади ва яна: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, у ўша гапини фақат ўлимдан қутулиб қолиш учунгина айтганди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қарадилар, юзларида ғазаб билиниб турарди. Сўнг унга уч бор: «Аллоҳ азза ва жалла мўминни ўлдирган кимсадан юз ўгирди», дедилар (Муснад Аҳмад: 5/289, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2/309).

Насоий раҳимаҳуллоҳ Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Нажрондан бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди, қўлига тилла узук тақиб олган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан юзларини ўгирдилар ва: «Сен менинг олдимга қўлингда чўғ билан келибсан», дедилар» (Ал-мужтаба: 8/170, Саҳиҳ сунан ан-Насаий: №4793).

Имом Аҳмад бундан кўра соддароқ сиёқда Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, бир киши Нажрондан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди, қўлига тилла узук тақиб олганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан ҳеч нарса сўрамадилар ва юзларини ўгириб олдилар. Ҳалиги киши аёли олдига қайтиб, бўлган гапни айтиб берганида аёли: «Албатта бир гап бўлиши керак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига қайтиб боринг», деди. У қайтиб бориб, узугини ва устидаги жуббасини ечиб ташлади. Сўнг изн сўраган эди, изн берилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом берди, у зот алик олдилар. У: «Ё Расулуллоҳ, аввалроқ олдингизга келганимда мендан юз ўгирдингиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сен менинг олдимга қўлингда чўғ билан келгандинг», дедилар. У: «Ё Расулуллоҳ, ундай бўлса, мен кўпгина чўғ билан келганман», деди. У Баҳрайндан тақинчоқлар олиб келганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сен келтирган нарсалар биздан ҳарранинг (қиррали тошлоқнинг) тошлари беҳожат қилганча нарсанигина беҳожат қила олиши мумкин. Бироқ, улар дунё ҳаётининг матоларидир», дедилар. Киши деди: «Ё Расулуллоҳ, асҳобларингиз ичида мени маъзур (узрли, айбсиз) қилиб қўйинг. Улар сизни менга ғазаб қилдингиз деб ўйлаб қолишмасин». Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб, уни маъзур қилдилар ва ўзларидан содир бўлган иш (яъни ундан юз ўгиришлари) фақатгина унинг тилла узуги сабабли бўлганини айтдилар (Муснад: 3/14).

Имом Аҳмад Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан бирининг тилла узук тақиб олганини кўриб, тескари қараб олдилар. Ҳалиги одам тилла узукни отиб юбориб, ўрнига чўян узук тақиб олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Бу энг ёмони! Бу жаҳаннам аҳлининг тақинчоқларидир!», дедилар. Кейин у чўян узукни ҳам отиб юборди-да, кумуш узук тақиб олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда ҳеч нарса демадилар (Муснад: №163, Аҳмад Шокир иснодини саҳиҳ санаган).

30) Хатокор билан алоқаларни узиш

Бу ҳам таъсирчан набавий услублардан бўлиб, хусусан, катта хато ва гуноҳ содир бўлганда яхши самара беради. Чунки, юз ўгириш ва алоқаларни бутунлай узиш хатокорнинг дилига қаттиқ таъсир қилади. Бунга мисол қилиб Каъб ибн Молик ва унинг икки шериги Табук ғазотидан узрсиз қолиб кетганларида уларга нисбатан қўлланилган ҳажр (алоқаларни буткул узиш) воқеасини келтириш мумкин. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга уларнинг ҳеч қандай узрлари йўқлиги аниқ бўлиб, буни ўзлари ҳам эътироф этишганидан кейин уларга нисбатан тутган муносабатлари ҳақида Каъб ибн Молик ҳикоя қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларга жангга бормай қолган кишилар ичидан биз уччаламиз билан гаплашишни ман қилдилар. Биз одамлардан четлашдик, улар ҳам бизга нисбатан ўзгардилар, ҳатто кўнглимда ер ҳам бошқача бўлиб қолгандек, мен билган ер эмасди. Шу ҳолда эллик кун қолиб кетдик. Иккала шеригим уйларидан чиқмай, йиғлаб ўтиришарди. Мен эса ёш ва куч-қувватли бўлганим учун уйдан чиқиб, мусулмонлар билан намозда ҳозир бўлардим, бозорларда айланиб юрардим, бироқ ҳеч ким мен билан гаплашмасди. Намоздан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўтирган жойларига бориб, у кишига салом берар, кейин ўзимга ўзим у зот саломимга алик олиб лабларини қимирлатдиларми, йўқми, дердим. У зотнинг яқинларида намоз ўқиб, ўғринча кўз ташлардим. Агар намозимга қарасам, мен тарафга қарардилар, у зот томонга қарасам, мендан кўзларини олиб қочардилар. Шу ҳолат чўзилиб кетгач, бир куни амакиваччам ва мен учун энг суюкли кишилардан бўлган Абу Қатоданинг қўрғони деворидан ошиб тушиб, унга салом бердим. Аллоҳга қасамки, у саломимга алик олмади. Шунда мен: «Эй Абу Қатода, Аллоҳни ўртага қўйиб сендан сўрайман, мени Аллоҳ ва расулини яхши кўради деб биласанми?!», деб сўрадим. У индамади. Мен ундан яна қайта Аллоҳни ўртага қўйиб сўрадим, яна индамай тураверди. Учинчи марта сўраганимда: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», деди. Кўзларимдан ёш қуйилиб, ортимга бурилиб, девордан ошиб чиқиб кетдим... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биз билан гаплашишни ман қилганларидан эллик кун ўтди. Эллигинчи куни бамдод намозини ўқиб бўлиб, уйимнинг томида Аллоҳ зикр қилганидек ҳолатда, кенг ер менга тор бўлиб, дилим сиқилиб ўтирган эдим, бирдан Салъ тоғи тепасидан бир одамнинг бор овози билан: «Хушхабар, эй Каъб ибн Молик, хурсанд бўлавер!» деб қичқираётганини эшитдим..» (Фатҳул Борий: №4418).

Ушбу қиссада асло кўздан қочирмаслик керак бўлган етук насиҳат ва улкан фойдалар мавжуд, «Зодул-маъод», «Фатҳул Борий» каби шарҳларда улар ҳақида муфассал айтиб ўтилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу услубга суянишларига далолат қиладиган яна бир мисол шуки, Имом Термизий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бирон бир хулқ ёлғончиликдан кўра жирканчроқ эмасди. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида бирон ёлғон гап гапирса, то у ўша ёлғонидан тавба қилганини билмагунларича дилларида (хиралик) йўқ бўлмай турарди» (Сунанут-Термизий: №1973).

Имом Аҳмад ривоятида: «Унга нисбатан кўнгилларида (хиралик) йўқ бўлмай турарди». (Муснад: 6/152).

Бир ривоятда: «Саҳобаларидан бирон кишида бирор нарсани билсалар, то у ўшандан тавба қилганини билмагунларича унга нисбатан диллари ёришмасди» (Ас-силсилатус-саҳиҳа: №2052).

Бир ривоятда: «Уй аҳлларидан биронтасининг бирон ёлғон гапни гапирганини билсалар, то у тавба қилмагунича ундан юз ўгирардилар» (Ҳоким ривоят қилган, Саҳиҳул-жомиъ: №4675).

Юқорида ўтган ривоятлардан маълум бўладики, хатокордан то хатосидан қайтмагунича алоқани узиб туриш фойдали тарбиявий услублардан саналади. Лекин, бу услуб фойдали бўлиши учун хатокордан алоқасини узаётган киши унинг қалбида обрў-эътибори бўлган кишилардан бўлиши керак. Акс ҳолда, бу ҳаракатнинг ижобий таъсири бўлмайди ва хатокорда ўша одамдан қутулганлик ҳисси пайдо бўлиб қолиши ҳам мумкин.

31) Хатосидан қайтишни истамайдиган саркаш хатокорни дуоибад қилиш

Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида чап қўли билан еди. У зот: «Ўнг қўлинг билан е!» деган эдилар, у: «Бундай қилолмайман», деди. «Ҳаргиз бундай қилолмагин», дедилар, уни кибри бундан тўсганди. Шундан сўнг у (қўли)ни оғзига олиб бора олмади (Имом Муслим (2021) ривояти).

Имом Аҳмад Иёс ибн Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Буср ибн Роъил-ийр номли бир кишининг чап қўлида еяётганини кўриб: «Ўнг қўлинг билан е», дедилар. У: «Қўлимдан келмайди», деганди, «Қўлингдан келмасин», дедилар. Шундан сўнг унинг ўнг қўли ҳечам оғзига етмади» (Муснад: 4/45).

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ушбу ҳадисда узрсиз шаръий ҳукмга хилоф қилган кишини дуоибад қилиш жоизлигига далил бор. Яна унда ҳар бир ҳолатда, ҳатто овқатланиш пайтида ҳам амри маъруф ва наҳий мункар қилиш зарурлигига далил бор» (Шарҳ саҳиҳ Муслим: 13/192).

Бу ерда шу нарсани ҳам мулоҳаза қиламизки, у кишининг зиёнига қилинган дуо унга қарши шайтонга ёрдам бериш бўлмасдан, балки унинг учун таъзирга ўхшаш бир нарса бўлганди.

32) Хатокорни беҳурмат қилмаслик учун хатосига ишора қилиш билан чекланиб, унинг айрим жиҳатларидан кўз юмиш

Аллоҳ таоло айтади: «Пайғамбар жуфтларидан бирига (яъни Ҳафсага) бир сўзни пинҳона айтганини эсланг! Энди қачонки (Ҳафса) у (сир) ҳақида (Оишага) хабар бергач ва Аллоҳ (Жаброил фаришта воситасида пайғамбарни Ҳафсанинг қилмишидан) воқиф қилгач у (Ҳафсага ўзи воқиф бўлган нарсанинг) баъзисини билдирди ва баъзисидан юз ўгирди-билдирмади. Қачонки (пайғамбар Ҳафсага ўзи воқиф бўлган нарсанинг баъзиси ҳақида) хабар бергач, у: «Ким сизга бу хабарни берди?» деган эди, (пайғамбар) «Менга билувчи ва хабардор зот хабар берди», деди» (Таҳрим: 3).

Қосимий раҳимаҳуллоҳ «Маҳосинут-таъвийл»да айтади: «Оятдан олинадики, баъзи гапларни ўзи суянадиган одамга, масалан аёлига ё дўстига сир қилиб айтиш ва уни бировга айтмаслигини тайинлашнинг зарари йўқдир. Яна бу оятдан аёллар билан чиройли ҳаёт кечириш ва танбеҳни ҳам юмшоқлик билан бериш, гуноҳни ковлаштиришдан юз ўгириш кераклиги ҳам маълум бўлади» (Маҳосинут-таъвийл: 16/222).

Ҳасан раҳимаҳуллоҳ айтади: «Карим (олижаноб) одам ҳеч қачон ковлаштирмайди».

Суфён раҳимаҳуллоҳ айтади: «Тағофул (кўриб кўрмасликка олиш) ҳар доим улуғлар феълидан бўлиб келган».

33) Мусулмонга хатосини тузатишига ёрдам бериш

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтирган эдик, бир киши келиб: «Ё Расулуллоҳ, ҳалок бўлдим», деди. «Нима бўлди?», дедилар. «Рўзадор ҳолимда аёлимга қўшилиб қўйдим», деди у. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қул озод қила оласанми?», деб сўрадилар. У: «Йўқ», деди. «Узлуксиз икки ой рўза тутиб беришга қодирмисан?», деб сўрадилар. «Йўқ», деди. «Олтмишта мискинга таом бера оласанми?», дедилар. «Йўқ», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жим туриб қолдилар. Шу орада у зот ҳузурларига бир сават хурмо олиб келиб қолинди. «Савол сўровчи қаерда қолди?», деб сўрадилар у зот. «Шу ердаман», деди ҳалиги киши. «Шуни олгин-да, садақа қилиб юбор», дедилар. Шунда ҳалиги киши: «Ўзимдан кўра ҳам фақирроқларгами? Аллоҳга қасамки, (Мадинанинг) икки ҳарраси (яъни, икки чеккасидаги тошлоқ) оралиғида менинг хонадонимдан кўра фақирроқ хонадон йўқ», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулиб юбордилар, ҳатто озиқ тишлари кўринди. Сўнгра: «Буни аҳли-оилангга едир», дедилар (Имом Бухорий ривояти, Фатҳул Борий: №1936).

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Оиша розияллоҳу анҳодан қилган ривоятда айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳассоннинг серсоя дарахти остида ўтирган эдилар, бир киши келиб: «Ўтга тушдим ё Расулуллоҳ», деди. «Нима бўлди сенга?», деб сўрадилар. «Рўзадор ҳолимда аёлимга қўшилиб қўйдим», деди. Бу воқеа Рамазонда бўлаётганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўтир», дедилар унга. У одамларнинг чеккароғига бориб ўтирди. Бир одам эшакка бир сават хурмони юклаб келиб қолди ва: «Бу менинг садақам ё Расулуллоҳ», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бояги ўтга тушдим деяётган одам қани?», дедилар. «Мен шу ердаман, ё Расулуллоҳ», деди у. «Буни олгин-да, садақа қилиб юбор», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, ўзимдан бошқа қаёққа ҳам садақа қилардим?! Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, мен ва бола-чақам (ейишга) ҳеч вақо тополмаймиз», деди. «Унда ол (ўзингга)», дедилар. У олиб кетди» (Муснад: 6/276).

34) Хато қилган одам билан мулоқот қилиш, ўтириб у билан гаплашиш

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Отам мени обрў-эътиборли бир аёлга уйлантирди. У келинидан хабар олиб турар ва ундан эри ҳақида сўраб турарди. У (аёлим): «Жуда яхши одам, келганимиздан бери ҳали тўшагимизни босмади, қўйнимизга қўл солмади», деб жавоб беради. Шу ҳолат чўзилгач, (отам) Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени учрашишимни буюрдилар. Мен у зотга бориб учрадим. «Қандай рўза тутасиз?», деб сўрадилар. «Ҳар куни», дедим. «(Тунги намозда Қуръонни) қандай хатм қиласиз?», деб сўрадилар. «Ҳар кеча», дедим. «Ҳар ойдан уч кун рўза тутинг, Қуръонни бир ойда бир марта ўқиб чиқинг», дедилар. Мен: «Бундан ортиғига ҳам кучим етади», дедим. «Ҳафтада уч кун рўза тутинг», дедилар. Мен: «Бундан ортиғига ҳам кучим етади», дедим. «Икки кун рўзасиз бўлиб, бир кун рўза тутинг», дедилар[2]. Мен: «Бундан ортиғига ҳам кучим етади», дедим. «Рўзаларнинг энг афзали бўлмиш Довуднинг рўзасини тутинг – бир кун рўза тутиб, бир кун оғзингиз очиқ бўлсин. Ҳар етти кечада бир марта хатм қилинг», дедилар. Кошки, ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рухсатларини қабул қилган бўлсам эди. Сабаби, энди кексайиб, заифлашиб қолдим...» (Имом Бухорий ривояти, Фатҳ: №5052).

Аҳмад ривоятида қўшимча изоҳ ва фойдалар бор:

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: «Отам мени Қурайшлик бир аёлга уйлантиргандилар. У мен(инг уйим)га кириб келганидан сўнг мен ибодатга – намоз ва рўзага бўлган қувватим сабабли унга бепарво бўлдим. Амр ибн Ос келинларининг олдига кириб: «Эринг қандай одам экан?», деб сўрабдилар. Аёлим: «Жуда яхши одам ёки жуда яхши эр, қўйнимизга қўл солмади, ҳали тўшагимизни танимади», деб жавоб берибди. Отам менга келиб, анча дашном бердилар, «Мен сени Қурайшнинг обрў-эътиборли аёлига уйлантирдим, сен эса уни ташлаб қўйибсан, ундай қилибсан, бундай қилибсан», дедилар. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга бориб, устимдан шикоят қилибдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга одам юбордилар, мен у кишининг олдиларига бордим. У зот мендан: «Кундузлари рўза тутасизми?», деб сўрадилар. Мен: «Ҳа», дедим. «Кечаларни намоз билан ўтказасизми?», дедилар. «Ҳа», дедим. «Лекин, мен рўза ҳам тутаман, рўзасиз ҳам бўламан, намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, аёллар билан бирга ҳам бўламан. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас. Қуръонни ҳар ойда бир бор ўқиб тугатинг», дедилар. Мен: «Ўзимни бундан кўра қувватлироқ деб биламан», дедим. «Унда ҳар ўн кунда ўқинг», дедилар. Мен: «Ўзимни бундан кўра қувватлироқ деб биламан», дедим. «Унда ҳар уч кунда ўқинг», дедилар. Сўнг: «Ҳар ойда уч кун рўза тутинг», дедилар. «Ундан ортиқроғига ҳам қувватим етарли», дедим. Оз-оздан ошириб бордилар, ҳатто: «Бир кун рўза тутиб, бир кун рўзасиз бўлинг. Чунки, бу энг афзал рўзадир. У биродарим Довуднинг рўзасидир», дедилар. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бир обиднинг бир кучайиш палласи бўлади, ҳар бир кучайишнинг сусайиши ҳам бўлади. (Ўша сусайиш) ё суннатга ёки бидъат томонга қараб бўлади. Кимнинг сусайиши суннат томонга бўлса, ҳидоятланган бўлади. Кимнинг сусайиши бундан бошқа тарафга бўлса, ҳалок бўлади.

«Ҳар қандай амалнинг айни ривожланган палласи бўлади. Ҳар қандай ривожнинг сусайган пайти бўлади. Кимки сусайган вақтида менинг суннатимга мойил бўлса, у албатта нажот топади. Кимки бошқа томонга бурилса, албатта ҳалок бўлади», дедилар. Мужоҳид айтади: «Абдуллоҳ ибн Амр кексайиб, заифлашиб қолган кезлари бир неча кунлар рўзани узмай тутарди, кейин шунча кун оғзи очиқ юрарди. Қуръондан вазифасини ҳам гоҳо кўпроқ, гоҳо камроқ ўқирди, бироқ ададни ё етти кун ё уч кун қилиб тўлдирарди. Кейинчалик у: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рухсатларини қабул қилган бўлишим ундан бошқага бурилишимдан кўра яхшироқ бўларди экан. Лекин, мен у зотдан ажралган пайтимда бир иш устида эдим, энди ундан бошқасига ўтиб хилоф қилишни истамайман», дерди. (Муснад: 2/158, Аҳмад Шокир иснодини саҳиҳ санаган: №6477).

Ушбу воқеадан олинадиган фойдалар

- Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам муаммонинг сабабини, яъни унинг ибодатга кўп берилишдан келиб чиққанини ва аҳли-аёлнинг ҳаққини адо этишга фурсат қолдирмаганини, қусур шундан содир бўлганини билдилар.

- «Ҳар бир ҳақдорга ҳаққини бер» қоидаси тоат-ибодатга қаттиқ берилиб кетган киши ҳаққига ҳам ишлатилади. Мисол учун, кўп дарс беришга шўнғиб кетган толиби илм ёки даъватга муккасидан кетган даъват соҳиби аҳли-аёлига зиён бўладиган ва аёли ундан шикоят қиладиган даражага етган бўлса, бу нарса тоатларни бажаришда мувозанатдан чиқиб кетишдан келиб чиққан бўлади ва толиби илм дарсини сал камайтириб, даъватчи даъватни меъёрига келтириб, оиласи ва бола-чақаси учун ҳам вақтини ошириши лозим бўлади.

35) Хатокорга унинг ҳолатини ва хатосини очиқ айтиш

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Бир киши билан ўртамизда гап қочди. Унинг онаси ажамлардан эди. Мен уни онасига тил теккизиб айбладим. У Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берди. У зот менга: «Фалончи билан сўкишдингми?», дедилар. «Ҳа», дедим. «Онасига тил теккиздингми?», дедилар. «Ҳа», дедим. «Сен жоҳилият (феъл-атвори) бор одам экансан», дедилар. «Ёшим шунчага етган бўлсаям-а?!», дедим. «Ҳа! Улар сизларнинг биродарларингиз, Аллоҳ уларни сизларнинг қўл остингизда қилиб қўйган. Шундай экан, кимнинг биродари унинг қўл остида бўлса, ўзи еган таомдан унга ҳам егизсин, ўзи кийган кийимдан унга ҳам кийдирсин. Уларга оғир келадиган ишни юкламанглар! Агар юкласаларингиз, уларга ёрдам беринглар!» дедилар» (Фатҳул Борий: №6050).

Имом Муслим Абу Зар розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Биродарларимиздан бири билан ўртамизда гап ўтди. Унинг онаси ажамлардан эди. Мен уни онаси билан айбладим. У устимдан набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилди. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга учрадим. У зот: «Эй Абу Зар! Сен жоҳилият феъл-атвори бор одам экансан», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, ким эркакларни сўкса, улар унинг ота-онасини сўкадилар», дедим. «Эй Абу Зар, сен жоҳилият (феъл-атвори) бор одам экансан. Улар сизларнинг биродарларингиз, Аллоҳ уларни сизларнинг қўл остингизда қилиб қўйган. Шундай экан, уларга ўзингиз ейдиган таомдан егизинглар, ўзингиз кийган кийимдан кийдиринглар! Уларга оғир келадиган ишни юкламанглар! Агар юкласаларингиз, уларга ёрдам беринглар!» дедилар» (Саҳиҳ Муслим: №1661).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Зар розияллоҳу анҳунинг юзига айтган бу очиқ-ошкор танбеҳларини мазкур саҳобий тўғри қабул қилишини билганлари учунгина айтганлар. Ошкоралик вақтни қисқартирадиган, куч-ҳаракатни тежайдиган, энг осон йўл билан мақсадга етказадиган фойдали тарбиявий услубдир. Бироқ, у муносиб вақтда ва керакли шахсларга татбиқ қилиниши зарур.

Баъзан даъватчи хатокорга ошкора гапириши агар каттароқ зарар келтиришини ё гапи умуман фойдасиз кетишини билса, яъни, масалан хатокор обрў ва мансабдор шахс бўлиб, унинг гапига беписанд қарайдиган одам бўлса, шунингдек, ошкора гапириш хатокорни кўп ноқулай аҳволга солиб қўядиган ё хатокор тезда ловуллаб кетадиган одам бўлиб, гапга аксилҳаракат кўрсатиши мумкин бўлган вазиятда ҳам унга ошкора гапиришдан бурилиши керак бўлади.

36) Хатокорни қаноатлантириш

Хатокорни қаноатлантириш мақсадида у билан баҳс-мунозара олиб бориш ҳам унинг кўзини ўраб турган туманли пардани очиб ташлашга ва унинг ҳаққа ва тўғри йўлга қайтишига ёрдам беради. Имом Табароний раҳимаҳуллоҳ Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис бунга мисол бўлади: Бир ёш йигит Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, менга зинога рухсат беринг», деди. Шунда атрофдаги одамлар унга қараб ҳойҳойлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга: «Қўяверинглар», дедилар ва йигитни яқинларига чорладилар. У яқин келиб, ўтирди. Сўнгра у зот йигитдан: «Сен буни (зинони) онангга бўлишини истармидинг?», дедилар. У: «Йўқ», деди. «Одамлар ҳам оналарига буни истамайдилар. Қизингга бўлишини истармидинг?», дедилар. «Йўқ», деди йигит. «Одамлар ҳам қизларига буни хоҳламайдилар. Сен буни синглинг учун бўлишини истармидинг?», дедилар. «Йўқ», деди. «Одамлар ҳам буни сингиллари учун хоҳламайдилар. Сен буни амманг учун бўлишини истармидинг?», дедилар. «Йўқ», деди. «Одамлар ҳам буни аммалари учун хоҳламайдилар. Сен буни холанг учун бўлишини истармидинг?», дедилар. «Йўқ, деди. «Одамлар ҳам буни холалари учун хоҳламайдилар», дедилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини унинг кўксига қўйдилар ва: «Эй Аллоҳ, бунинг гуноҳини кеч, қалбини покла ва авратини сақла», дедилар «Ал-муъжамул-кабир: №7679, 7759).

37) Хатокорга унинг сохта узри мақбул эмаслигини англатиш

Айрим хатокор кишилар ишлари беҳос очилиб қолса, хатоларига бўлар-бўлмас узр ва важ-карсонлар тўқиб кўрсатишга уринишади. Хусусан, дили тоза бўлгани туфайли ёлғонни эплай олмайдиган кишилар сохта узрлар баён қилаётганларида тиллари тутилиб, гаплари ёлғонлиги билиниб қолади. Хўш, мураббий бирон кишидан ана шундай ҳолатга йўлиққанида унга нисбатан қандай муносабатда бўлиши тўғри бўлади? Қуйидаги воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бир кишига нисбатан тутган ажойиб муносабатни кўрсатиб беради. Ундан биз мураббийнинг хатокорга то хатосидан қайтгунича такрор-такрор танбеҳини кўрамиз.

Хаввот ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга (Макка яқинидаги) Марруз-заҳрон деган жойга тушдик. Мен чодиримдан чиқдим. Қарасам, аёллар гаплашиб ўтиришибди. Улар(нинг гаплашиб ўтиришлари) менга маъқул келиб, ортимга қайтиб, жомадонимдан бир ҳуллани (яхшироқ кийим) олиб кийдим-да, улар олдига чиқиб ўтирдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чодирларидан чиқиб қолдилар ва: «Абу Абдуллоҳ! Улар билан нима қилиб ўтирибсан?!», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўргач, каловланиб, тилим калимага келмай қолди. Дудуқланиб: «Ё Расулуллоҳ, туям қочиб кетганди, ўшанга арқон қидириб чиқувдим», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юрдилар, мен ҳам ортларидан эргашдим. У зот ридоларини менга ташлаб, арок (бута номи) орасига кириб кетдилар. Арок барглари орасидан у зотнинг елкаларининг оқлигини ҳозир ҳам кўриб тургандекман. У зот ҳожатларини ўтагач, таҳорат қилдилар, соқолларидан кўкракларига сув оққан ҳолатда келиб: «Абу Абдуллоҳ! Туянг қочиб кетиб, нима бўлувди?!», деб қўйдилар. Кейин йўлга чиқдик. Йўлда қаерда мени кўриб қолсалар: «Ассалому алайка Аба Абдиллаҳ! Ҳалиги туя қочиб кетиб, нима бўлувди?!», деб қўярдилар. Мен бу ҳолатни кўргач, Мадинага тезроқ кириб боришга шошилдим, масжиддан ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суҳбатларидан ўзимни четга тортдим. Анча вақт ўтгач, масжиднинг холилик пайтини пойлаб, масжидга чиқиб бордим ва намоз ўқий бошладим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳужраларидан чиқиб келиб, енгилгина икки ракъат намоз ўқидилар. Мен у зот кетиб қолсалар деган умидда намозимни чўзиброқ ўқий бошладим. Шунда: «Абу Абдуллоҳ! Истаганингча узун ўқи, то намозингни тугатмагунингча барибир туриб кетмайман», дедилар. Ўзимга ўзим: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга узр баён қилиб, у зотнинг кўнгилларини хориж қиламан», дедим. Намозимни тугатган эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ассалому алайка Аба Абдиллаҳ! Туянг қочиб кетиб, нима бўлувди?!», деб қолдилар. Мен: «Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, исломни қабул қилганимдан бери ўша туям асло қочиб кетмаган», дедим. У зот: «Аллоҳ сенга раҳматини ёғдирсин» дедилар уч бор, шундан сўнг бу ҳақда қайтиб оғиз очмадилар. (Табароний, Ал-муъжамул-кабийр: 4/203).

Бу тарбия борасида жуда гўзал дарс ҳамда керакли натижага олиб борувчи ҳикматли услубдир. Ушбу қиссадан яна бир қанча фойдаларни олиш мумкин:

  • Гуноҳга қўл уриб қўйган киши ҳайбат эгаси бўлган мураббийдан уялади.
  • Мураббийнинг қарашлари ва саволлари – қисқа ва лўнда бўлган тақдирда ҳам – етарлича таъсирли бўлади.
  • Тўқима узрни эшитган пайтнинг ўзидаёқ унинг ёлғонлиги билиниб турса ҳам, гапни кўпайтирмаслик ва хато эгасидан юз буриш ҳам хатокорга унинг узри мақбул бўлмаганини сездиришга кифоя қилади ва уни тавба ва таззаруъга ундайди. Ҳадисдаги «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юриб кетдилар» деган иборадан шу маънони англаш мумкин.
  • Яхши мураббий хатокорга ундан уялиб, кўзидан яшириниб олиш ҳиссини сингдира олган, шу билан бир қаторда унинг олдига келишга мажбур қилувчи ҳожатмандлик ҳиссини ўрната олган, кейин иккинчи ҳисни биринчи ҳисдан ғолиб келадиган қилиб қўя олган мураббийдир.
  • Бундай ҳолатда хатокорга нисбатан муносабатни ўзгартириш унинг эътирофи ва ўзидан ўтган хатодан қайтишига қурилади.
38) Инсон табиатига ўрнатиб қўйилган туғма сифатларни риоя қилиш

Аёллар ўртасида бўладиган, хусусан кундошлар ўртасида юз бериб турадиган рашк туйғусини бунга мисол қилиш мумкин. Айрим аёллар баъзан шундай хатога қўл уриб қўйишадики, агар уларнинг ўрнида бошқа одамдан шу хато содир бўлса, унга батамом бошқача муомала қилинган бўларди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллари ўртасида бўлиб турадиган рашк ва шундан келиб чиқадиган хатолар масаласини хос бир кўринишда риоя қилардилар, у зотнинг бу риояларида сабр, мулойимлик, шу билан бир қаторда адолат ва инсоф балқиб турарди. Имом Бухорий «Саҳиҳ»ида Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги воқеа бунга мисол бўлади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларидан бирларининг ҳужраларида эдилар. Шунда уммуҳотул-муъминийндан (мўминларнинг оналари, яъни у зотнинг аёлларидан) яна бирлари бир идишда таом юбордилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирган ҳужра соҳибаси бўлган аёллари ходимнинг қўлига бир урган эди, идиш тушиб, бўлиниб кетди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам идиш бўлакларини бирлаштириб, идишда бўлган егуликни унга солдилар ва: «Онангизлар рашк қилди», дедилар. Сўнгра ходимни тўхтатиб, ўзлари ўтирган ҳужра соҳибасидан идиш олдириб, бутун идишни ҳалиги синган идиш соҳибасига бердирдилар, синиқ идишни уни синдирганнинг уйида қолдирдилар» (Фатҳ: №5225).

Имом Насоий раҳимаҳуллоҳ Умму Салама розияллоҳу анҳодан қилган ривоятда: «Бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари билан (Оиша розияллоҳу анҳонинг уйида) ўтирган эдилар. Умму Салама онамиз бир идишда таом олиб келдилар. Шу пайт Оиша розияллоҳу анҳо бир ёпинчиққа ўралиб, қўлида тош билан келди-да, у билан идишни иккига бўлиб қўйди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам идишнинг бўлинган икки бўлагини бирлаштириб, саҳобаларга: «Олинглар! Еяверинглар, онангиз рашк қилди» дедилар икки марта. Сўнг Оишанинг идишларини олиб, Умму Саламага юбордилар, Умму Саламанинг (синган) идишини Оишага бердилар».

Имом Доримий раҳимаҳуллоҳ Анас розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларидан бирларининг уйида эканларида бошқа бир аёллари бир идишда сарид (таом тури)ни ҳадя қилиб юборди. Шунда (уй эгаси бўлган аёллари) идишни уриб, синдирди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саридни олиб, идишга соларканлар: «Еяверинглар, онангиз рашк қилди», дедилар...».

Аёл кишида рашк туйғуси анча кучли бўлиб, бу уни анча қаттиқ ишларга ҳам етаклайди, ишларнинг оқибатини кўришдан кўзини пардалаб қўяди.

Ҳикматларда айтилганидек, аёл киши рашк қилса, водийнинг пастини юқорисидан ажратолмай қолади.

Хотима

Хушбўй суннат боғларини кезиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одамларнинг хатолари билан муомала қилишда қўллаган услублари билан бирмунча танишиб чиққач, мавзуни тарк этишдан олдин қуйидаги бир неча муҳим нуқталарга эътибор қаратиш яхши бўлса керак:

- Хатоларни тузатиш вожиб ва муҳим ишлардан бўлиб, у диндаги насиҳат жумласидан ва наҳий мункарнинг бир қисмидан саналади. Бироқ, вожиб шунинг ўзидангина иборат эмас, чунки дин фақат наҳий мункардангина иборат бўлмасдан, амри маъруф деган қисми ҳам бор.

- Тарбия дегани фақат хатоларни тузатишгина эмас, балки у диннинг асослари ва шариат аҳкомларини ҳам кўрсатиб бериш ва таълим бериш, қалбларда соғлом дунёқарашларни ўрнатиш учун ўрнак кўрсатиш, панд-насиҳат бериш, ибратли ҳикоя ва ривоятлар сўйлаб бериш каби турли хил воситаларни ишга солиш ҳамдир. Мана шу жиҳатдан олиб қараганда, айрим ота-оналарнинг, мударрис ва мураббийларнинг барча эътиборни фақат хатоларни муолажа қилишга ва нуқсонларни қидиришга йўналтиришлари, диндаги асосларни ўргатиш ишига бепарвороқ қарашлари, хато ва эгриликларга тушиб қолишдан тўсадиган қўрғонни тиклашга шошилмасликлари тўғри эмаслиги кўриниб қолади.

- Юқорида айтиб ўтилган воқеалар ва ҳолатлардан Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хатолар билан муомала қилишдаги услубларининг хилма-хиллиги кўринади. Ушбу хилма-хиллик эса ҳолатлар ва шахсларнинг хилма-хиллигига қараб бўлган. Диний билими бор бўлиб, у зотга эргашишни истаган киши ўзига учрайдиган айни шунга ўхшаш ҳолатларни қиёслаб, муайян ҳолатга мос келувчи услубни танлаб олиши мумкин бўлади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан дилларимизга фақат тўғриликни илҳомлантиришини, бизларни нафсларимизнинг ёмонликларидан сақлашини, бизларни яхшиликлар учун калитлар ва ёмонликлар учун қулфлар қилишини, Ўзи бизларни ҳидоят қилишини ҳамда бошқаларнинг ҳидоятига сабабчи қилишини сўраймиз. У Эшитувчи, Яқин ва Ижобат қилувчи Зотдир. У энг яхши Хожа, энг яхши Мададкор ва тўғри йўлга йўлловчи Ҳодийдир.

Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар йўлласин.

Бутун оламлар Рабби бўлмиш Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.

[1] Туянинг бир неча кунлаб сув ичмай юра олишига ишора.

[2] Ҳофиз Ибн Ҳажар ҳадис шарҳида айтади: «Довудий айтишича, бу ровийнинг адашишидир. Чунки, ҳафтада уч кун рўза тутиш икки кун рўзасиз бўлиб, бир кун рўза тутишдан кўра кўпроқ бўлади. Бу ерда аслида, озроқ рўзадан кўпроқ рўзага қараб чиқилган. Мен ҳам унинг эътирозида жон бор деб биламан. Эҳтимол, ровий тарафидан тақдим ва таъхир (ўрнини алмаштириб қўйиш) содир бўлган бўлса керак» (Фатҳул Борий: №5052).