асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Хатоларни тузатишнинг пайғамбарона услублари (2)2281 марта кўрилган – Хатолар хусусида танбеҳ беришда тарафкашликка йўл қўймаслик ва адолатли бўлишАллоҳ таоло айтади: «Сўзлаганингизда гарчи қариндошингиз бўлса ҳам адолат қилингиз!» (Анъом: 152). Яна айтади: «Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларини ўз эгаларига топширишга ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишга буюради» (Нисо: 58). Усома ибн Зайднинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суюкли кишиси ҳамда суюкли кишисининг ўғли бўлиши у зотнинг унга Аллоҳнинг жазоларидан бир жазо тўғрисида ўртага тушишга уринганида қаттиқ инкор қилишларига тўсиқ бўлолмади. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ўғирлик қилган бир аёлнинг иши (яъни қўли кесилиши хавфи) Қурайшни ташвишга солиб қўйди. Улар бу аёл тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ким гаплашиб бера оларкин, дейишиб, бу тўғрида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суюклиси бўлмиш Усома ибн Зайддан бошқа ким ҳам журъат қила оларди, деган фикрга тўхталишди. Аёлни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келтирилди. Шунда Усома у ҳақда гап очган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзлари ўзгарди ва: «Сен ҳали Аллоҳнинг ҳад-жазоларидан бир ҳад ҳақида ўртага тушмоқчимисан?!», дедилар. Усома: «Менинг ҳаққимга истиғфор айтинг ё Расулуллоҳ», деди. Кечки пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб хутба қилдилар, Аллоҳга Унинг Ўзига лойиқ бўлганидек ҳамду-сано айтгач, дедилар: «Аммо баъд.. Сизлардан аввал ўтган умматларни ҳалок қилган нарса шу эдики, агар ичларида бообрў одам ўғирлик қилса, тек қўйишар, агар заиф-нотавон киши ўғирлик қилса, уни жазога тортишарди. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, мен агар Фотима бинт Муҳаммад ўғирлик қилса, унинг ҳам қўлини кесган бўлардим». Сўнг ҳалиги ўғирлик қилган аёлни қўлини кесишга буюрдилар» (Ҳадис «Саҳиҳайн»да келган, Имом Муслим (№1688) лафзи). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Усомага нисбатан тутган муносабатлари у зотнинг адолатларига ва шариат у зот наздларида шахсларга бўлган муҳаббатдан юқори туришига далил бўлади. Инсон ўзига нисбатан бирон хатога қўл урган кишини кечириб юбориши мумкин, бироқ шариатга нисбатан хатога қўл урган одамни кечириб юборишга ё унинг тарафини олишга ҳақли бўлмайди. Баъзи одамлар бирон яқин кишиси ё ошна-оғайниси хато иш қилса, унга нисбатан бўлган инкори ўзи танимаган одамга қиладиган инкоридек бўлмайди, бундай ҳолларда кўпинча тарафкашлик ва ношаръий равишда одам ажратиш кўзга ташланади. Ва ҳатто ўз танишининг хатосидан бутунлай кўз юмиш, бошқанинг хатосини эса катталаштириб кўрсатиш ҳоллари ҳам учрайди. Шоир айтганидек, розилик кўзи ҳар қандай айблардан юмилади, ғазаб-нафрат кўзи эса ёмонликларни ошкор қилади. Бу ҳолат ишларни баҳолашда ҳам кўзга ташланади. Бир иш суюкли бир одамдан содир бўлса, уни бошқача тушунтиришга уриниш бўлади, бошқа одамдан содир бўлса, уни бутунлай бошқача тушунтиришга уриниш бўлади. Юқорида айтилганлар бир хил вазият ва бир хил ҳолатда бўлган хатоларга нисбатан айтилган гаплар эди. Тафовутли ҳолатлар ҳақида қуйироқда алоҳида сўз юритилади. – Бир хатони тузатиш ундан кўра каттароқ хатога олиб келадиган бўлса ундан кўз юмиладиМаълумки, шариатда икки зарарнинг каттароғини даф қилиш учун кичикроғини бўйинга олиш қоидаси амал қилади. Даъватчи баъзан бир хатони тузатиш ундан-да каттароқ бошқа хатога олиб бориб қўймаслиги учун ундан сукут қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мунофиқларнинг куфрлари аниқ бўлгани ҳолда улар ҳақида сукут қилдилар, уларни қатл қилмадилар, озорларига сабр қилдилар. Сабаби, ҳолатдан бохабар бўлмаган одамлар Муҳаммад ўз асҳобларини ўлдирмоқда, деб гап тарқатишлари хавфи бор эди. Ёки бўлмасам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбани бузиб, Иброҳим алайҳиссалом қурган пойдевор асосига янгидан қуришдан тийилдилар. Чунки, Қурайш жоҳилиятдан энди-энди чиқиб келаётгани учун уларнинг ақллари буни кўтаролмаслигидан қўрқдилар ва бинони қандай бўлса шундайлигича, нуқсонли ҳолида, эшигининг остонаси одам бўйидан баланд ва оддий одамлар учун ёпиғлик ҳолича қолдирдилар. Ваҳоланки, бунда бир нави зулм кўриниши мавжуд эди. Шунга ўхшаш, Аллоҳ таоло мушрикларнинг бут-санамларини сўкиш ва ҳақоратлаш Аллоҳга ибодат ва қурбат бўлгани ҳолда бундай қилишдан қайтарди. Чунки, бундай қилиш бутларга сиғинишдан ҳам каттароқ мункарга, яъни мушрикларнинг Аллоҳ таолони сўкиш ва ҳақоратлашларига олиб келиб қўйиши мумкин эди. Баъзан даъватчи бир мункарни инкор санашида агар ундан кўра каттароқ хато ё мункарга дуч келиш хавфини кўрса, ундан кўз юмади ё унинг инкорини кечиктириб туради ё инкор услубини ўзгартиради. Модомики, нияти тўғри бўларкан ва Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмас экан, уни инкордан тўсаётган нарса қўрқоқликдан эмас, диннинг фойдаси учун бўларкан, унинг бу иши қосирлик ё заифлик саналмайди. Айтиб ўтиш керакки, қандайдир бир хатони инкор қиламан деб ундан кўра каттароқ бошқа хатога тушиб қолиш сабабларидан бири – ҳикмат билан бошқарилмайдиган ғайрат-шижоат бўлади. – Хато ундан содир бўлаётган табиатни билишБаъзи хатолар бўладики, улар хилқатнинг аслига тааллуқли бўлгани боис уларни буткул йўқотиб бўлмайди, балки камайтириш ва енгиллаштириш мумкин бўлади. Чунки, батамом тузатиб юбораман дейиш кулфат ва мусибатга сабаб бўлиши мумкин. Бунга мисол қилиб аёл кишининг ҳолатини келтириш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аёл киши қовурғадан яралган, ҳеч бир йўл билан тўғриланмайди. Агар фойдаланаман десанг эгрилиги бўйича фойдаланасан, агар тўғрилайман десанг синдириб қўясан, синдириш талоқ қилишдир» (Имом Муслим (1468) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Бир ривоятда: «Аёлларга яхшилик қилишни бир-бирингизга тавсия қилинглар! Зеро, аёл киши қовурғадан яратилган, қовурғанинг энг эгри жойи юқорисидир, агар уни тўғрилайман десанг синдириб қўясан, агар тек қўйсанг эгрилигича қолади. Бас, аёлларга яхшилик қилишни бир-бирингизга насиҳат қилинглар!» (Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривояти, Ал-фатҳ: 5186). Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аёлларга яхшилик қилиш» дейишда уларни юмшоқлик билан тузатишга рамз-белги бордек, яъни бунда ўта муболаға қилинмайдики, синдириб қўйиши мумкин, тек ташлаб ҳам қўйилмайдики, эгрилигича қолиб кетади... Бундан олинадики, уларнинг табиатларида ўрнашган ноқислик агар ҳаддан ошиб, бевосита маъсият қилишга ё фарзни тарк қилишга олиб борса, уларни тек ташлаб қўйилмайди. Фақат мубоҳ ишларда уларни эгрилигича қолдириш кўзда тутилади. Ушбу ҳадисда кўнгилларни мойил қилиш ва қалбларни ўргатиб олишда муроса қилиш кераклиги, шунингдек, аёлларга нисбатан кечиримли бўлиш, уларнинг эгриликларига сабр қилиш маънолари, уларни буткул тўғрилайман деган одам улардан фойдаланишдан маҳрум бўлиб қолиши, ҳолбуки эркак киши бирга ҳаёт кечирадиган ва тирикчилигида ёрдамланадиган аёли бўлишидан беҳожат эмаслиги уқтирилмоқда. Гўёки, улардан фойдаланиш фақат уларга сабр қилиш билангина амалга ошади, дейилади» (Фатҳул-Борий: 9/954). – Шариатга нисбатан қилинган хато билан шахсга нисбатан қилинган хатони фарқлашАгар биз учун динимиз ўз шахсиятимиздан кўра қимматлироқ бўлса, биз динимизга ёрдам беришимиз, уни ҳимоя қилишимиз, динимиз учун ўз нафсимиз учун ғазаблангандан кўра кўпроқ ғазабланишимиз лозим бўлади. Бир одам ўзини сўккан одамдан ғазабланиши ва жон-жаҳди билан уришиши, лекин шундоққина кўз олдида Аллоҳнинг динига тажовуз қилаётган одамдан ғазабланмаслиги ёки динини заифлик билан, қимтинибгина ҳимоя қилиши кишидаги диний ҳамиятнинг ўта заифлигига далолат қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз шахсларига нисбатан хато ё тажовуз қилган кишиларни, хусусан саҳройи арабларни қалбларини мойил қилиш учун кўпинча кечириб юборардилар. «Саҳиҳ Бухорий»да Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан йўлда кетар эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эгниларида четлари дағал нажроний тўн бор эди. Бир аъробий ул зотга етиб олди-да, тўнларидан қаттиқ тортди. Мен Расулуллоҳнинг бўйинларида қаттиқ тортиш оқибатида тўннинг дағал четлари из қолдирганини кўрдим. Кейин у аъробий: «Эй Муҳаммад, амр этгин, ҳузурингдаги Аллоҳнинг молидан (менга ҳам берилсин)», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ўгирилиб қарадилар ва кулдилар. Кейин унга беришга амр этдилар» (Фатҳул-Борий: 5809). Аммо агар хато динга нисбатан қилинган бўлса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ учун ғазабланардилар. Қуйироқда бунга мисоллар келади. Хатолар билан муомала қилиш бобида риоя қилиш зарур бўлган бир неча ишлар мавжуд. Жумладан: – Катта хато билан кичик хато ўртасини фарқлаш. Зеро, шариат ҳам катта ва кичик гуноҳлар ўртасини ажратади. – Яхши амалларда пешқадам бўлиб келган ва мозийси хайрли бўлган – яхши амаллари денгизи ичида хатоси қарийб кўринмай кетадиган – хато қилувчи билан гуноҳлари кўплигидан ўзига ўзи зулм қилувчи осий ўртасини фарқлай билиш. Қолаверса, аввалдан яхши амаллар қилиб келган кишининг хатосига сабр қилинади, ваҳоланки айни турдаги хато бошқалардан содир бўлса, одатда унга сабр қилинмасди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан содир бўлган воқеа бунга мисол бўлади. Асмо бинт Аби Бакр розияллоҳу анҳо айтади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳаж сафарига чиққан эдик. Арж деган жойга етганимизда (дам олиш учун) тушдик. Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига ўтирди, мен отамнинг ёнларига ўтирдим. Абу Бакрнинг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туялари битта бўлиб, тизгини Абу Бакрнинг ғуломи қўлида эди. Абу Бакр унинг чиқишини кутиб ўтирдилар. У чиқиб келди, бироқ туя йўқ эди. «Қани туянг?», деб сўрадилар Абу Бакр. «Кечқурун йўқотиб қўйдим», деди ғулом. Абу Бакр: «Ўзи биттагина туя бўлса, шуни ҳам йўқотасанми?!», деб уни ура бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум қилиб: «Манави эҳромдаги кишининг нима қилаётганига қаранглар», дердилар. Ибн Аби Ризма айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Манави эҳромдаги кишининг нима қилаётганига қаранглар» деб, табассум қилишдан у ёғига ўтмадилар» (Абу Довуд «Сунан»ида ривоят қилган, Албоний, «Саҳиҳ сунан Аби Довуд»: 1602). – Қайта-қайта (муайян) хато содир бўлган одам билан биринчи марта хато қилган одам ўртасини фарқлаш. – Давомий равишда хато содир қиладиган одам билан онда-сонда хато қиладиган одам ўртасини фарқлаш. – Хатосини очиқ-ошкор қиладиган одам билан яшириб қиладиган одам ўртасини фарқлаш. – Дини ҳали мўрт бўлиб, қалбини улфат қилинишга муҳтож бўлган кишини риоя қилиш ва унга қаттиқлик қилмаслик. – Хато қилувчининг нуфуз ва манзилат (обрў-эътибор) жиҳатидан бўлган ҳолатига эътибор қаратиш. Санаб ўтилган эътиборлар юқорида ишора қилинган адолатга зид келмайди. – Хатокор ёш болага унинг ёшига муносиб равишда инкор қилишИмом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Ҳасан ибн Алий садақа хурмоларидан бир дона хурмони олиб, оғзига солган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қих-қих, билмайсанми ахир, биз садақа емаймиз», дедилар (Фатҳул-Борий: 3072). Табароний раҳимаҳуллоҳ Зайнаб бинт Аби Саламадан ривоят қилишича, у (болалигида) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғусл қилаётганлари устига кириб келган экан. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳовуч сув олиб, унинг юзига сепган ва: «Қайт орқангга, тирмизак!», деган эканлар (Ал-муъжамул-кабир: 24/281, Ҳайсамий иснодини саҳиҳ деган: 1/269). Шундан билинадики, ёшнинг кичиклиги хатосини тўғрилашга моне бўлолмайди, балки бу чиройли тарбия қилиш қабилидандир. Бу тарбия боланинг хотирасида ўрнашиб қоладиган ва келажаги учун фойдали озуқа бўлиб қоладиган нарсалар жумласидан бўлади. Аввалги ҳадисда гўдак болага парҳезкорликни таълим берилди, кейинги ҳадисда эса киришга изн сўраш одоби ва авратларга қарамаслик таълим берилди. Кичик ёшли бола – Умар ибн Аби Салама воқеаси ҳам бунга чиройли мисол бўлади. Имом Бухорий ундан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қарамоқлари остидаги ёш бола эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлим товоқ устида ўйнаётганини кўриб: «Эй болам, «Бисмиллаҳ» дегин, ўнг қўлинг билан егин ва ўз олдингдан егин», дедилар. Шундан бери ана шундай овқатланадиган бўлганман» (Фатҳул-Борий: 5376). Ушбу воқеадан кўринадики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таом устида қўли кезиб юриш билан хато қилган ёш болага берган йўл-йўриқлари ғоят қисқа ва аниқ-равшан, тушуниш ва ёдлаб олиш жуда осон сўзлар бўлиб, бу сўзлар умрбод боланинг хотирасида михланиб қолган ва бир умр ана шу кўрсатмага амал қилганини айтган эди. – Бегона аёлларга хатосини инкор қилишда эҳтиёт бўлишТоки бу инкор нотўғри тушуниб қолинмасин ва фитнадан омон бўлинсин. Хатосини айтиш ё инкор қилиш ё таълим бериш баҳонаси билан ёш йигит-қизларнинг гаплашишларига бепарво қарамаслик лозим. Бу нарса қанча-қанча ёмонликларга сабаб бўлмаган дейсиз! Бундай ўринларда кўпроқ катта ёшли кишиларга ва оқсоқолларга мурожаат қилинган маъқул. Амри маъруф ва наҳий мункар қилувчи киши хато қилган аёлга гапининг таъсири ва фойдаси бўлишига кўзи етсагина гапиргани, бўлмаса ўзини тийгани яхши. Акс ҳолда, бефаросат ва ақлсиз аёллар кўпинча унинг ўзини айбдорга чиқариб қўйишлари ва туҳматга қолдиришлари, ўзлари эса ботилларида давом этаверишлари мумкин. Жамиятнинг ҳолати, амри маъруф ва наҳий мункар қилувчи кишининг жамиятдаги обрў-эътибори бу ўринда жуда катта аҳамиятга эга. Абу Руҳмнинг Убайд исмли мавлосидан ривоят қилинишича, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу хушбўйланган ҳолда масжидга кетаётган аёлни учратиб: «Эй Аллоҳнинг чўриси, қаерга кетаяпсан?», деб сўради. «Масжидга», деб жавоб берди аёл. «Шунинг учун хушбўйландингми?», сўради. «Ҳа», деди. «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Қай бир аёл хушбўйланса, сўнг масжидга чиқса, то ғусл қилмагунича унинг намози қабул бўлмайди», деганларини эшитганман», деди (Ибн Можа (4002) ривояти, Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 2/367). «Саҳиҳ Ибн Хузайма»да келади: Абу Ҳурайранинг ёнидан бир аёл хушбўйлик таратиб ўтди. Шунда у ундан: «Қаерга бормоқчисан эй Жаббор (Аллоҳ)нинг чўриси?», деб сўради. «Масжидга», деди у. «Хушбўйландингми?», деб сўради. «Ҳа», деди. «Орқангга қайтиб, ғусл қил. Чунки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Хушбўй ҳид таратиб масжидга чиққан аёл то қайтиб келиб, ғусл қилмагунича Аллоҳ унинг намозини қабул қилмайди», деганларини эшитганман», деди (Саҳиҳ Ибн Хузайма: №1682, Албоний ҳасан ҳадис деган). – Хатонинг асоратларини тузатишга машғул бўлиб хатонинг илдизи ва сабабини муолажа қилишни тарк қилиш – Хатони бўрттирмаслик ва уни тасвирлашда муболаға қилмаслик. – Хатони исботлашга жон-жаҳд билан киришиб, ўзни қийнамаслик, хато қилган кишини ўз хатосига бўлган эътирофини қаттиқ туриб талаб қилмаслик. – Хатони тузатишга етарли вақт бериш, хусусан анча вақтдан бери уни қилиб юрган ва одатланиб қолган кишига. Албатта, шу билан бирга уни кузатиб туриш ва тузалишига кўмаклашиш ҳам керак. – Хатокорга рақиб ва душман сифатида қарамаслик. Шахсларни мойил қилиш фурсатлардан фойдаланиб қолишдан кўра муҳимроқлигига риоя қилиш. Мазкур муқаддимадан сўнг энди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг хатолари билан муомала қилишда қўллаган баъзи восита ва услубларни саҳиҳ суннатда келганидек айтиб ўтамиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одамларнинг хатолари билан муомала қилишда қўллаган услублари1) Хатони тузатишга шошилиш, уни бепарво ташлаб қўймасликНабий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай қилишга шошардилар, хусусан, у зотнинг шаънларида баённи зарурат пайтидан кечиктириш жоиз эмасди ва у зот одамларга ҳақни баён қилиб беришга, уларни яхшиликка далолат қилишга ва ёмонликдан огоҳлантиришга мукаллаф эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одамларнинг хатоларини тузатишга шошилишлари кўп муносабатларда, масалан намозни яхши ўқимаган киши воқеасида, ўғирлик қилган махзумия аёл ва Ибн Латбия воқеасида, Усома (шаҳодат калимасини айтган кишини ўлдириб қўйгани) воқеасида, динни ўзларига нисбатан оғирлатишни ва ўзларини бичиб олишни истаган уч киши воқеасида ва шу каби бошқа воқеаларда очиқ кўринган. Ушбу воқеалар ҳақида баҳсимиз мобайнида ўз ўрнида айтиб ўтамиз, иншааллоҳ. Хатоларни тузатишга шошилмаслик баъзан қулай фурсат қўлдан бой берилишига ва фойдадан маҳрум бўлишга, иссиғида айтилмай кейинга қолдириш билан панд-насиҳатнинг таъсири йўқолишига олиб келади. 2) Хатони унинг ҳукмини баён қилиш билан муолажа қилишЖарҳад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У сонини очиб ўтирган ҳолида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ёнидан ўтиб қолдилар ва: «Сонингни ёп, чунки у авратдир», дедилар (Термизий (2796) ривоят қилиб: «ҳасан ҳадис», Албоний «саҳиҳ» деган). 3) Хатокорларни шариатга қайтариш ва уларга ўзлари хилоф қилган асосни эслатишХатолар гирдоби ичида ва ҳодисалар чигаллашган пайт шаръий мабдаъ-асос зеҳнлардан қочади ва тўс-тўполонда бу нарсага қаралмай қолинади. Шундай ҳолатларда асосни эълон қилиш ва шаръий қоидани эсга тушириш билан хато қилган кишиларни эсини жойига келтириб, ғафлатдан уйғотиб қўйиш ҳосил бўлади. Мунофиқлар ёққан фитна олови сабабли муҳожирлар ва ансорлар ўртасида юзага келган хатарли бир воқеадаги пайғамбарона услуб бунга мисол бўлади. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳ»ида Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ғазотга чиққандик, сафимизда жуда кўп муҳожирлар бор эди. Муҳожирлар ичида найза ўйнатишга уста бир одам бор эди. У бир ансорийнинг кетига урди. Шунда ансорий қаттиқ ғазабга келди, ҳатто бақир-чақир бўлиб, ансорий: «Ҳой ансорлар, ёрдамга!», деб, муҳожир: «Ҳой муҳожирлар, ёрдамга!», деб қичқиришгача етиб боришди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб келдилар ва: «Нима бу жоҳилият чақириқлари?! Нима бўлди ўзи?», дедилар. Муҳожир ансорийни ургани ҳақида айтилгач: «Қўйинглар бу сассиқ-ифлос гапларни!», дедилар» (Фатҳул-Борий: 3518). Имом Муслим ривоятида: «Киши биродарига золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам берсин. Агар золим бўлса, уни тийиб қўйсин, шу унга ёрдам бериш бўлади. Агар мазлум бўлса, унга ёрдам берсин» (Саҳиҳ Муслим: №2584). 4) Хатони вужудга келтирган бузуқ тасаввурни тўғрилаш«Саҳиҳ Бухорий»да Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривояти билан келтирилган ҳадисда айтилишича, уч киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадонига келиб, пайғамбаримизнинг ибодатлари ҳақида сўрадилар. Уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ибодатларини айтиб берилганида, гўёки улар зикр қилинган амалларни кам санагандек бўлдилар ва: «Биз қаерда-ю, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаердалар? У зотнинг аввалги-ю, охирги гуноҳлари кечирилган бўлса?» дедилар. Уларнинг бири: «Мен тоабад тунларни намоз билан ўтказаман», деди. Иккинчиси: «Мен умрбод кундузлари рўзадор бўлиб, оғзимни очмайман», деди. Учинчиси эса: «Мен аёллардан узлат қиламан ва ҳеч ҳам уйланмайман», деди. (Бу гаплардан хабар топгач) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдиларига келдилар ва: «Шундай-шундай гапларни сизлар айтдингларми?! Аллоҳ номига қасам ичиб айтаманки, албатта мен сизлардан кўра Аллоҳдан қўрқувчироқ ва тақволироғингизман! Лекин, мен рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам ва аёлларга ҳам уйланаман», дедилар. Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоятида: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан бир нечалари у зотнинг аёллари ҳузурига келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг махфий амалларидан сўрашди. (Айтиб берилгач, буларни кам санагандек бўлишиб), улардан бири: «Аёлларга уйланмайман», деди, яна бири: «гўшт емайман», деди, яна бири: «Тўшакка ётиб ухламайман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга ҳамду сано айтгач: «Одамларга нима бўлдики, шундай-шундай гапларни айтишибди. Лекин, мен намоз ўқийман ва ухлайман, рўза тутаман ва оғзим очиқ ҳам юраман, аёлларга ҳам уйланаман. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас», дедилар (Саҳиҳ Муслим: №1041). Мазкур ҳадисдан қуйидагилар маълум бўлади: – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур кишилар ҳузурига келиб, улар билан ўзаро гаплашиб, уларга шахсан панд-насиҳат қилдилар. Кейин умумий ҳолда бу ҳақда одамларга таълим бераётганларида уларнинг кимлигини очиқламадилар ва уларни хижолатга қўймадилар. Балки, «Одамларга нима бўлдики», дейиш билан кифояландилар. Бу эса уларга бўлган меҳрибонликларидан бўлиб, умумий қилиб гапирилганда манфаат ҳосил бўлгани учун уларнинг номларини яширдилар. – Ҳадисдан улуғ кишиларнинг ишларидан ўрнак олиш ва уларга эргашиш мақсадида уларнинг ҳолатларини суриштириш мумкинлиги билинади. Бу ҳақда изланиш ақлнинг камолига ва нафс тарбиясида ҳаракат қилаётганликка далолат қилади. – Фойдали ва шаръий ишларни агар эркаклар орқали билиш имкони бўлмаса, уларни аёллар орқали ўқиб-ўрганиш жоизлиги маълум бўлади. – Биров риёдан холи бўлган ва бу билан бошқаларга манфаат ҳосил бўладиган ҳолатда ўз амалидан гапиришининг зарари йўқлиги билинади. – Ибодатда қаттиқлик йўлини тутиш нафснинг малолланишига ва бу малоллик уни ибодатнинг аслидан узиб қўйишига олиб келади. Зеро, ишларнинг яхшиси ўртачасидир. (Фатҳул-Борий: 9/104). – Умуман, хатолар тасаввурлардаги бузуқликдан келиб чиқади. Кўпинча, агар тасаввурлар (яъни дунёқарашлар) тузалса, хатолар камаяди. Ҳадисдан кўринадики, мазкур саҳобаларни аёллардан воз кечиш, роҳиблик ва (динни) қаттиқлаштиришга ундаган нарса уларнинг нажот умидида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ибодатларидан ортиқроқ ибодат қилиш лозим, чунки, у зотга Парвардигорлари томонидан гуноҳлари кечирилгани хабари берилган, биз эса ундай эмасмиз, деб ўйлашлари бўлди. Шундан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг нотўғри қарашларини тўғрилаб қўйдилар ва ўзларининг гуноҳлари кечирилган зот бўлишларига қарамай одамлар ичида Аллоҳдан энг қўрқувчироғи ва энг тақволироғи эканларини хабар бердилар, уларни ўз суннатларини тутишга ва ибодатдаги йўлларига эргашишга буюрдилар. Шунга яқин бир воқеа саҳобалардан бири билан, яъни Каҳмис ал-Ҳилолий розияллоҳу анҳу билан ҳам юз берганди. У ҳикоя қилади: «Исломни қабул қилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келдим ва мусулмон бўлганим ҳақида хабар бердим. Бир йил ўтгач, озиб кетган ҳолда у кишининг олдиларига келдим. У зот менга бошдан-оёқ қарадилар. Мен: «Мени танимаяпсизми?», дедим. «Кимсиз?», деб сўрадилар. «Мен Каҳмис ал-Ҳилолийман», дедим. «Нега бундай озиб-тўзиб кетдингиз?», дедилар. «Сиз(нинг олдингиздан кетганим)дан кейин бир кун ҳам кундузи рўзасиз бўлмадим, бир кеча ҳам ухламадим», дедим. «Ким сизни ўзингизга азоб беришга буюрди?! Сабр (яъни рамазон) ойида ва кейин ҳар ойдан бир кун рўза тутинг», дедилар. «Яна қўшинг (яъни бу менга камлик қилади)», дедим. «Сабр ойида ва ҳар ойдан икки кун рўза тутинг», дедилар. «Яна қўшинг, қувватим етарли», дедим. «Сабр ойида ва ҳар ойдан уч кун рўза тутинг», дедилар» (Табароний «Ал-кабир»да (19/194) ривоят қилган, «Ас-силсилатус-саҳиҳа»: №2623). Одамларга баҳо бериш мезонларига боғлиқ бўлган бузуқлик ҳам тасаввурлардаги бузуқлик турига киради. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шу бузуқликни баён қилиб бериш ва тузатишга ҳам ҳарис бўлардилар. «Саҳиҳул Бухорий»да Саҳл ибн Саъд ас-Соидийдан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларидан бир киши ўтиб қолди. Олдиларида ўтирган бир одамдан: «Шу киши ҳақида қандай фикрдасиз?», деб сўрадилар. «Бу обрўли одамлардан бири, Аллоҳга қасамки, у совчи қўйса куёв қилинишга, бировнинг ўртасига тушса шафоати қабул қилинишга муносиб одам», деб жавоб берди. У зот индамадилар. Кейин бошқа бир одам ўтиб қолди. У зот: «Бу одам ҳақида нима дейсиз?» деб сўрадилар. «Ё Расулуллоҳ, бу мусулмонларнинг камбағалларидан бири, у совчи қўйса рад қилинишга, бировнинг ўртасига тушса шафоати қабул қилинмасликка, гапирса гапига қулоқ солинмасликка лойиқ одам», деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу ҳалигига ўхшаганлардан ер юзи миқдоричасидан яхшидир», дедилар (Фатҳул Борий: 6447). Ибн Можа ривоятида: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларидан бир киши ўтиб қолди. Шунда у зот: «Бу киши ҳақида нима дейсизлар?», деб сўрадилар. «Бу одам ҳақида сизнинг фикрингизга мувофиқ фикр айтамиз. У бообрў одамлардан бири, совчи қўйса куёв қилинишга, бировнинг ўртасига тушса шафоати қабул қилинишга, гапирса гапига қулоқ солинишга муносиб одам деб ўйлаймиз», деб жавоб беришди. У зот индамадилар. Кейин бошқа бир одам ўтиб қолди. У зот: «Бу одам ҳақида нима дейсизлар?» деб сўрадилар. «Аллоҳга қасамки, ё Расулуллоҳ, бу мусулмонларнинг камбағалларидан бири, у совчи қўйса рад қилинишга, бировнинг ўртасига тушса шафоати мақбул саналмасликка, гапирса гапига қулоқ солинмасликка лойиқ одам деб ўйлаймиз», деб жавоб беришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қасамки, бу ҳалигига ўхшаганлардан ер юзи миқдоричасидан яхшидир», дедилар (Сунан Ибн Можа: №4120). 5) Хатони панд-насиҳат ва такрор-такрор қўрқитиш билан муолажа қилишЖундаб ибн Абдуллоҳ ал-Бажалий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлардан бир гуруҳини мушрикларнинг бир қавмига юбордилар ва улар ўзаро тўқнашдилар. Мушриклар ичидаги бир киши мусулмонлардан бирон кишини қасд қилишни истаса, уни қасд қилиб, ўлдириб кетаётган эди. Шунда мусулмонлардан бир киши (бизга унинг Усома ибн Зайд эканини айтишди) уни ғафлатдалик пайтида қасд қилиб борди-да, унинг боши узра қиличини кўтарган пайтида у одам: «ла илаҳа иллаллоҳ» деди, бироқ у уни ўлдириб қўйди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга хабарчи етиб келгач, у зот ундан (уруш хабарлари ҳақида) сўрадилар. У хабарларни айтиб бераркан, орада ҳалиги одамнинг қилган иши хабарини ҳам айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни чақириб, нега уни ўлдирганини сўрадилар. У: «Ё Расулуллоҳ, у мусулмонларга алам-оғриқ етказди, фалончи-фалончиларни ўлдирди – шундай деб бир неча одамни санади, – сўнг мен унга ҳамла қилдим. У қилични кўрганидан кейин «ла илаҳа иллаллоҳ» айтди», деди. «Уни ўлдирдингми?», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Ҳа», деди у. «Қиёмат куни келганида «ла илаҳа иллаллоҳ»га қандай (жавоб) қиласан?!», дедилар. У: «Ё Расулуллоҳ, менга истиғфор айтинг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна: «Қиёмат куни келганида «ла илаҳа иллаллоҳ»га қандай (жавоб) қиласан?!», дедилар. У зот фақат: «Қиёмат куни келганида «ла илаҳа иллаллоҳ»га қандай (жавоб) қиласан?!», дейишдан бошқа гап қилмадилар (Имом Муслим ривояти: №97). Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ривоятида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни бир сарийя (жанговар гуруҳ) таркибида юбордилар. Биз тонг пайти Жуҳайнанинг Ҳуруқотида эдик. Мен (мушриклардан) бир кишига етиб олдим. У шунда: «ла илаҳа иллаллоҳ» деди, бироқ мен унга зарба урдим. Бу ишдан кўнглимда (хиралик) қолди. Сўнг буни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У «ла илаҳа иллаллоҳ» дедими ва сен уни ўлдирдингми?!», дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, буни у силоҳдан қўрққанидан айтди», дедим. «Юрагини ёриб кўрмабсан-да, у буни (дилидан) айтганми ё йўқлигини билардинг?!», дедилар. Мана шу гапни такрорлайвердилар, ҳатто мен шу куни исломни қабул қилган бўлсайдим деб орзу қилиб қолдим» (Имом Муслим ривояти: №69). Хатони панд-насиҳат билан қаршилаш жумласига яна Аллоҳнинг қудратини эслатиш ҳам киради. Бунга мисол: Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Абу Масъуд ал-Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Мен ўзимнинг бир ғуломимни қамчи билан савалаётган эдим, орқамдан: «Билиб қўй эй Абу Масъуд!» деган овоз эшитдим. Бироқ ғазабнинг зўридан уни яхши англамадим. (Овоз эгаси) менга яқин келгач, қарасам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эканлар. У зот: «Билиб қўй эй Абу Масъуд, билиб қўй эй Абу Масъуд» деяётган эканлар. Қамчини қўлимдан ташладим – бир ривоятда: у зотнинг ҳайбатларидан қамчи қўлимдан тушиб кетди. – «Эй Абу Масъуд, билиб қўй, Аллоҳ сенга сен бу ғуломингга қодир бўлганингдан кўра қодирроқ», дедилар у зот. «Бундан кейин бирон қул-чўрини урмаганим бўлсин!», дедим мен. Бир ривоятда: «Ё Расулуллоҳ, у Аллоҳ ризоси учун озод», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар шундай қилмаганингда, сени дўзах ўти куйдирган – ёки сенга дўзах ўти етган – бўларди», дедилар. (Имом Муслим ривояти: №1659). Абу Масъуд ал-Ансорийдан ривоят қилинади: «Мен бир ғуломимни ураётган эдим, орқамдан: «Билиб қўй эй Абу Масъуд, билиб қўй эй Абу Масъуд» деган овозни эшитдим. Ўгирилиб қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эканлар. У зот: «Қасамки, Аллоҳ сенга сен унга қодир бўлганингдан кўра қодирроқ!», дедилар. Мен шундан сўнг ҳеч қачон қул-чўримни урмадим» (Термизий (№1948) ривоят қилган ва: «ҳасан, саҳиҳ ҳадис» деган). 6) Хатокорга раҳм-шафқат кўрсатишБу шунга муносиб, яъни астойдил пушаймон бўлиб, қаттиқ надомат қилган ва тавба қилгани кўриниб турган кишига тегишли ҳолатдирки, кўпинча қуйидаги воқеадаги каби фатво сўраб келган кишиларда содир бўлади: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Аёлидан зиҳор қилиб, кейин унга қўшилиб қўйган бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, аёлимдан зиҳор қилдим, кейин каффорат бермасдан туриб у билан қўшилиб қўйдим», деди. «Аллоҳ сенга раҳм қилсин, нега ундай қилдинг?!», дедилар. «Ой нурида унинг халхолига (яъни болдирига таққан зийнатига) кўзим тушиб қолди», деб жавоб берди у. «То Аллоҳ сенга буюрган ишни қилмагунингча унга яқинлашмагин», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам» (Термизий ривоят қилган (№1199) ва: «ҳасан, ғариб, саҳиҳ ҳадис» деган). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтирган эдик, бир киши келиб: «Ё Расулуллоҳ, ҳалок бўлдим», деди. «Нима бўлди?», дедилар. «Рўзадор ҳолимда аёлимга қўшилиб қўйдим», деди у. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қул озод қила оласанми?», деб сўрадилар. У: «Йўқ», деди. «Узлуксиз икки ой рўза тутиб беришга қодирмисан?», деб сўрадилар. «Йўқ», деди. «Олтмишта мискинга таом бера оласанми?», дедилар. «Йўқ», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жим туриб қолдилар. Шу орада у зот ҳузурларига бир сават хурмо олиб келиб қолинди. «Савол сўровчи қаерда қолди?», деб сўрадилар у зот. «Шу ердаман», деди ҳалиги киши. «Шуни олгин-да, садақа қилиб юбор», дедилар. Шунда ҳалиги киши: «Ўзимдан кўра ҳам фақирроқларгами? Аллоҳга қасамки, (Мадинанинг) икки ҳарраси (яъни, икки чеккасидаги тошлоқ) оралиғида менинг хонадонимдан кўра фақирроқ хонадон йўқ», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулиб юбордилар, ҳатто озиқ тишлари кўринди. Сўнгра: «Буни аҳли-оилангга едир», дедилар (Имом Бухорий ривояти, Фатҳул Борий: №1936). Хатога қўл уриб қўйиб, фатво сўраб келган бу киши ҳазиллашмаган ва ўз ишини енгил ҳам санамаган, балки, «ҳалок бўлдим» деган сўзидан ўзини айблаши ва хатосини ҳис қилиши аниқ кўриниб турган эди. Шунинг учун ҳам у раҳм-шафқатга муносиб кўрилди. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ривоятида бу кишининг фатво сўраб келган пайтдаги ҳолати яна ҳам аниқроқ қилиб кўрсатиб берилган: «Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир аъробий юзига уриб, сочини юлиб кириб келди. Ўйлайманки, ўшанда у: «Ҳалок бўлдим» деган эди, шекилли. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Нима сени ҳалок қилди?», деб сўрадилар. «Рамазонда аҳлимга яқинлик қилиб қўйдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қул озод қила оласанми?», деб сўрадилар. У: «Йўқ», деди. «Узлуксиз икки ой рўза тутиб беришга қодирмисан?», деб сўрадилар. «Йўқ», деди. «Олтмишта мискинга таом бера оласанми?», дедилар. «Йўқ», деди ва эҳтиёжмандлигини айтди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир сават олиб келиб қолинди, унда ўн беш соъ хурмо бор эди. «Ҳалиги одам қани? Шуни олгин-да, садақа қилиб юбор», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Шунда у: «Ё Расулуллоҳ, (Мадинанинг) икки чеккаси оралиғида биздан кўра фақирроқ хонадон йўқ», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулиб юбордилар, ҳатто озиқ тишлари кўринди. Сўнгра: «Буни аҳли-оилангга едир», дедилар (Муснад: 2/516, Ал-фатҳур-раббоний: 10/89). 7) Хатокор санашга шошилмасликУмар розияллоҳу анҳу билан бўлган воқеа бунга мисол бўлади. У айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик даврларида Ҳишом ибн Ҳаким ибн Ҳизомнинг «Фурқон» сурасини ўқиётганини эшитдим. Қироатига қулоқ солсам, кўп ўринларда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга ўқитганларидан бошқача ҳарфларда (яъни қироатда) ўқияпти. Шунда мен намоз ичида унинг бошига чанг солишга яқин бўлдим, лекин аранг ўзимни босиб турдим. Салом берганидан сўнг ёқасидан бўғиб: «Ҳозир ўқиганинг сурани сенга ким ўқитган?», дедим. У: «Менга уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқитганлар», деди. «Бекор айтибсан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга уни сен ўқигандан бошқача ҳарфларда ўқитганлар», дедим. Сўнг уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига етаклаб бордим ва: «Мен бу одамнинг «Фурқон» сурасини сиз менга ўқитмаган ҳарфларда ўқиётганини эшитдим», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уни қўйиб юборинг», дедилар, сўнг: «Ўқинг эй Ҳишом», дедилар. Ҳишом боя менга ўқиб эшиттирган қироатда ўқиди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундай нозил қилинган», дедилар. Кейин: «Ўқинг эй Умар», дедилар. Мен у зот ўзлари менга ўқитган қироатда ўқидим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундай нозил қилинган. Бу Қуръон етти ҳарфда (яъни қироатда) туширилган, ўзингизга муяссар бўлганича ўқийверинглар», дедилар» (Имом Бухорий ривояти, Фатҳул Борий: №4992). Ушбу воқеадан келиб чиқадиган тарбиявий фойдалар:– Улардан ҳар бирларини иккинчилари олдида ўқишга буюришлари ва ҳар иккалаларининг қироатларини тўғри деб топишлари уларнинг тўғрилик устида эканларини ва хато қилмаганликларини билдиришнинг энг етук кўриниши бўлди. – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умарга Ҳишомнинг ёқасини қўйиб юборишга буюришларида иккита тортишиб келган кишини аввал хотиржам қилиб олиб, сўнг уларнинг шикоятларини эшитиш кераклигини ифодалайди ва бунда Умарнинг шошқалоқлик қилганига ишора бор. – Толиби илм бировнинг бир гапни ўзи билганидан бошқача қилиб айтаётганини эшитса, текшириб кўрмасдан, дарҳол уни хатокорга чиқаришга шошилмаслиги лозим бўлади. Чунки, кўпинча ўша сўз аҳли илмларнинг мўътабар сўзларидан бўлиб чиқади. Ушбу мавзуга тааллуқли бўлган масалалардан яна бири – жазо беришга шошилмасликдир.Қуйидаги воқеа бунга шоҳид бўлади: Насоий раҳимаҳуллоҳ Аббод ибн Шураҳбийл розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Амакиларим билан бирга Мадинага келгандим. Бир қўрғонга кириб, ундаги бошоқлардан сидириб олдим. Шунда қўрғон эгаси келиб, чопонимни олиб қўйди ва ўзимни калтаклади. Мен унга қарши ёрдам сўраб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бордим. У зот ҳалиги қўрғон эгасига одам юбориб, уни олдириб келдилар. Ундан: «Нега бундай қилдинг?», деб сўрагандилар, у: «Ё Расулуллоҳ, у қўрғонимга кириб, бошоқларидан сидириб олибди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жоҳил экан, ўргатмабсан-да, оч экан, тўйдирмабсан-да! Чопонини қайтариб бер!», дедилар. Менга эса бир васақми, ярим васақми (емиш) берилишига буюрдилар» (Саҳиҳ сунан ан-Насаий: №4999). Ушбу воқеадан олинадиган фойда шуки, хато қилган ё ҳаддан ошган кишининг вазиятини ўрганиш у билан тўғри муомала қилиш йўлига йўллайди. Шунингдек, ушбу воқеада гувоҳ бўламизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам боғ эгасини жазоламадилар, чунки у ҳақдор эди. Фақат унинг инкор услубини хато санадилар ва бундай вазиятда жоҳил-билмайдиган одамга нисбатан унинг тасарруфи тўғри тасарруф бўлмаганини айтиб танбеҳ бердилар, сўнгра уни тўғри тасарруф сари йўлладилар ва оч одамдан тортиб олган чопонини қайтариб беришни буюрдилар. 8) Хато қилган одам билан муомала қилишда хотиржамликни лозим тутишХусусан, унга қарши қўзғолиш ва уни қайтаришда қаттиққўллик қилиш зарар доирасини яна ҳам кенгайтириши мумкин. Буни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжид ичида бавл қилган аъробийнинг хатосини тўғрилашда қилган муомалалари орқали билиб олишимиз мумкин бўлади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эдик, бир аъробий келди-да, масжид ичида туриб бавл қила бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари: «Ҳой, ҳой!» дея бошлашди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тўхтатманглар, уни тек қўйинглар», дедилар. Улар уни тек қўйишди, ҳатто бавл қилиб бўлди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни чақирдилар ва: «Бу масжидларда бавл, ахлат каби нарсаларни қилиш ярамайди, улар фақат Аллоҳнинг зикри, намоз ва Қуръон қироати учундир», дедилар. Сўнг бир кишига буюрдилар, у бир челак сув келтириб, бавл устига қуйиб юборди» (Саҳиҳ Муслим: №285). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу хатога юзланишда осон-қулай қилиб бериш ва оғирлаштирмаслик қоидасига амал қилдилар. Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда келади: Бир аъробий масжидда туриб бавл қилди. Одамлар уни маломат қилишди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уни тек қўйинглар ва бавли устига бир челак сув қуйворинглар. Зеро, сизлар осонлаштирувчи қилиб юборилгансиз, қийинлаштирувчи қилиб юборилмагансиз,» дедилар (Фатҳул Борий: №6128). Саҳобалар — Аллоҳ улардан рози бўлсин — масжидларининг тозалиги учун қайғурганларидан мункарни қайтаришга ошиқдилар. Ҳадиснинг бир неча ривоятлари шунга далолат қилади. Жумладан: «одамлар унга қараб бақирдилар», «одамлар унга қараб қўзғолдилар», «одамлар уни жеркдилар, «одамлар у томонга интилдилар», «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари: «Ҳой, ҳой!» дея бошлашди» (Жомеъул-усул: 7/83-87). Лекин, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ишнинг оқибатига қарадилар. Зотан, иш икки эҳтимол оралиғида кечиши кутиларди, яъни ҳалиги аъробийни ё тўхтатиб қолиш ё эса тек ташлаб қўйиш керак эди. Агар уни ман қилгудек бўлинса, ё бавли узилиб қолиб, бунинг оқибатида унинг соғлигига зарар етиши, ё эса бавлини узмасдан улардан қўрққанидан ўрнидан жилиб кетиши, бунинг натижасида эса нажосат масжид ичида яна ҳам кўпроқ жойга ёйилиши ё унинг бадани ва кийимларига тегиши мумкин бўларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўткир фаросатлари билан буни аввалдан кўра билдилар ва ҳалиги кишини бавл қилгани ҳолида қолдириш икки зарарнинг ва икки нохушликнинг енгилроғи бўлишини билдилар. Бўлиб ҳам, у киши хато ишни аллақачон бошлаб қўйган, унинг нажосатини тозалаб кетказиш иложи бор эди. Шунинг у чун у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига: «Қўяверинглар, уни тўхтатманглар!», дедилар, фойда юзасидан, яъни икки зарарнинг енгилроғини қилиш билан каттароғидан сақланиш учун ва озроқ фойдани ташлаб кўпроқ фойдага эришиш учун уларни бу ишдан қайтардилар. Бир ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳалиги кишидан бу ишининг сабабини сўрадилар. Табароний «Ал-кабир»да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривояти билан келтирган ҳадисда айтилади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бир аъробий келиб, масжидда байъат қилди. Сўнг ўрнидан туриб, лапанглаб (оёқларини керганича) бориб, бавл қилишга тутинди. Одамлар унга қараб интилишган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу одамнинг бавлини узиб қўйманглар», дедилар. Кейин (ундан): «Мусулмон эмасмисан?», деб сўрадилар. «Мусулмонман», деди у. «Нега унда масжидимизга бавл қилдинг?», дедилар. У: «Сизни ҳақ билан пайғамбар қилиб юборган Зотга қасамки, мен уни оддий бир майдон деб ўйлаб, бавл қилаверибман», деди. Шундан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир челак сув чақиртириб, унинг бавлига қуйдирдилар (Табарооний, Ал-кабир: №11552, Ҳайсамий «Ал-мажмаъ»да: «Ровийлари «Саҳиҳ» ровийларидир» деган). Хатони муолажа қилишдаги бу ҳикматли услуб ҳалиги аъробийнинг кўнглида чуқур таъсир қолдирди. Буни Ибн Можанинг Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятида кўришимиз мумкин: «Бир аъробий масжидга кирди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирган эдилар. У: «Эй Аллоҳ, мени ва Муҳаммадни мағфират қил, биз билан бирга бошқа бировни мағфират қилма», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулиб юбордилар ва: «Кенгни (яъни, Аллоҳнинг барчага етадиган кенг-мўл мағфиратини) торайтирдинг», дедилар. Кейин аъробий ўгирилиб, масжид четига борди ва оёқларини кериб, бавл қилишга киришди. Ўша аъробий (кейинроқ) илм ва билим ҳосил қилганидан сўнг деди: «Ота-онам фидо бўлсин, у зот менинг ёнимга келдилар, уришмадилар, сўкмадилар, фақат: «Бу масжид, унда бавл қилинмайди, у фақат Аллоҳнинг зикри ва намоз учун бино қилинган», дедилар. Сўнг у зот бир челак сув чақиртириб, унинг бавлига қуйдирдилар (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 428). Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ аъробий ҳақидаги ҳадис шарҳида бир неча фойдаларни зикр қилган. Жумладан: - Жоҳилга юмшоқ муомала қилиш ва агар у бу ишини атайлаб, қайсарлик билан қилмаётган бўлса, керакли нарсани унга ётиғи билан тушунтириш ва таълим бериш. - Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг раҳмдил ва гўзал хулқ соҳиби эканлари. - Нажосатдан эҳтиёт бўлиш саҳобаларнинг қалбларида маҳкам ўрнаган ишлардан эди. Шу боис Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида, у зотдан изн ҳам сўрамай, аъробийнинг қилиғини мункар санашга шошилдилар. Яна уларнинг қалбларида амру маъруф ва наҳий мункар қилишга бўлган талаб ҳам ўрнаган эди. - Монеъ кетганидан сўнг нопок нарсаларни йўқотишга шошилиш. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аъробий бўшаниб бўлганидан сўнг бавли устига сув қуйиб юборишга буюрдилар. (Фатҳул Борий: 1/324-325). 9) Хатонинг хатарини баён қилишИбн Умар, Муҳаммад ибн Каъб, Зайд ибн Аслам ва Қатода розияллоҳу анҳумдан – бирларининг сўзлари иккинчиларининг сўзи ичига кирган ҳолда – ривоят қилинади: «Табук ғазотида бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳобларини назарда тутиб: «Анави қориларимизга ўхшаган қоринларини ўйлайдиганроқ, тиллари ёлғончироқ, (душманга) йўлиққан пайт қўрқоқроқ одамларни кўрмадик», деди. Шунда Авф ибн Молик: «Ёлғон гапирдинг, ўзинг эса мунофиқсан, бу гапингни албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтаман», деди. Шундан сўнг Авф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кетди. Борса, Қуръон ундан аввал хабар бериб бўлган экан. Кейин ҳалиги одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлга отланиб, туяларига минган ҳолда эдилар. У: «Ё Расулуллоҳ, биз фақат баҳслашиб, ҳазиллашиб айтгандик, йўлни қисқартириш учун йўлчиларнинг гапларини қилиб келаётгандик», деди. Ибн Умар айтади: «Унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туялари қоринбоғига осилиб олгани, тошлар оёқларини қонатиб юборгани ҳали ҳануз кўз ўнгимда турибди. У тинмай: «Биз баҳслашиб, ҳазиллашиб келаётгандик», дер, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: «Айтинг: Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми?» (Тавба: 65) оятини ўқирдилар ва унга қиё боқмасдилар». Ибн Жарир ҳам Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қуйидагича ривоят қилади: «Табук ғазотида бир киши бир ўтиришда «Анави қориларимизга ўхшаган қоринларига рағбатлироқ, тиллари ёлғончироқ, (душманга) йўлиққан пайт қўрқоқроқ одамларни кўрмадик», деди. Шунда шу ўтиришда бўлган кишилардан бири: «Ёлғон гапирдинг, ўзинг эса мунофиқсан, бу гапингни албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтаман», деди. Шунда Қуръон (ояти) нозил бўлди. Абдуллоҳ ибн Умар айтади: «Мен унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туялари қоринбоғига осилиб олганини, тошлар оёқларини қонатиб юборганини кўрдим. У: «Ё Расулуллоҳ, биз фақат суҳбатлашиб, ҳазиллашиб келаётгандик», дер, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: «Айтинг: Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми? Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз» (Тавба: 65, 66) оятини ўқирдилар». (Ибн Жарир ат-Табарий тафсири: 14/333). 10) Хатонинг зарарини тушунтириб беришАбу Саълаба ал-Хушанийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (сафардалик пайтларида) бирор жойга тушсалар, одамлар даралар ва водийларга тарқалиб кетишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дара ва водийларга бундай тарқалиб кетишларингиз фақатгина шайтондандир», дедилар. Шундан сўнг бирор ерга тушгудек бўлсалар, ҳаммаси бир жойга жамланиб оладиган бўлдилар. Ҳатто, айтишларича, устларига битта чопон ташлаб қўйилса, ҳаммасига етгудек бўларди» (Абу Довуд «Сунан»ида (2286) келтирган, Албоний «Саҳиҳ сунан Аби Довуд»да (№2288) саҳиҳ санаган). Бир ривоятда: «Ҳатто, агар устларига битта кийимни ёпиб қўйсам, ҳаммасига аниқ етади, дердингиз» (Аҳмад, Ал-фатҳур-раббоний: 14/44). Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўз асҳобларига бўлган эътиборлари кўринади, бунда қўмондоннинг ўз қўшинини сақлашга ҳарислиги бордир. Қўшиннинг дам олишга тушган пайтда тарқалиб кетиши шайтоннинг мусулмонларни қўрқувга солиши ва уларга қарши душманни гиж-гижлашига олиб келиши мумкин (Қаранг: «Авнул-маъбуд: 2/292). Тарқалиб кетиш қўшин аъзоларини бир-бирларига кўмакка етиб келишдан ҳам тўсади (Далилул-фа'лиҳийн: 6/130). Ҳадисда шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари келгуси ишларида у зотнинг кўрсатмаларига қандай бўйсунганликлари ҳам кўринади. Хатонинг зарари ва хатарини баён қилиб беришга Нуъмон ибн Баширдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис ҳам мисол бўлади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сафларингизни баробар қиласиз ё Аллоҳ юзларингизни бир-бирига қарама-қарши қилиб қўяди», дедилар (Имом Бухорий ривояти, Фатҳ: №717). Имом Муслим Симок ибн Ҳарбдан ривоят қилган ҳадисда у айтади: Мен Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу шундай деганини эшитдим: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафларимизни худди қуръа чўпларини текислагандек текислар эдилар. То биз тушунганимизни кўргунларича (шундай қилдилар.) Бир куни чиқиб келиб, энди намозни бошлашга такбир айтмоқчи бўлиб турган эдилар, бир кишининг кўкраги сафдан олдинга чиқиб турганини кўрдилар ва: «Эй Аллоҳнинг бандалари, ё сафларингизни баробар қиласиз ё Аллоҳ юзларингизни бир-бирига қарама-қарши қилиб қўяди», дедилар» (Саҳиҳ Муслим: №436). Насоий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сафларингизни жипслангиз, орасини яқинлаштирингиз, бўйинларни баробарлаштирингиз! Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, мен шайтонларнинг сафнинг очиқ жойларидан худди кичкина, қора рангли қўйлардек кириб келаётганини кўраман» (Албоний, Саҳиҳ сунан ан-Насаий: №785). Хатонинг зиёнларини ва унинг ортидан келадиган нохуш оқибатларни тушунтириб бериш хатокорни қаноатлантириш учун муҳимдир. Гоҳида хатонинг оқибати хатокорнинг ўзига чекланса, баъзан унинг таъсири бошқаларга ҳам ўтади. Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ «Сунан»ида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривояти билан келтирган ҳадис биринчи ҳолатга мисол бўлади: «Бир киши шамолга лаънат ўқиди – ҳадис ровийларидан бири бўлмиш Муслим ибн Иброҳим айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик даврларида бир кишининг кийимини шамол учириб кетди, шунда у шамолни лаънатлади», – шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унга лаънат ўқима. Зеро, у буюрилгандир. Ким бир нарсага ноҳақ лаънат айтса, лаънат унинг ўзига қайтади», дедилар» (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: №4102). Иккинчи ҳолатга мисол қилиб Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Абдурраҳмон ибн Аби Бакрадан, у отасидан ривоят қилган ҳадисни келтириш мумкин: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида бир киши бир кишини мақтади. (Имом Муслим ривоятида: Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин ундан кўра афзалроқ одам йўқ», деди.) Шунда у зот: «Шўринг қурғур, биродарингнинг бўйнини уздинг, шўринг қурғур, биродарингнинг бўйнини уздинг», деб бир неча марта такрорладилар. Сўнгра: «Қай бирингиз биродарини мақтамаслигини иложи бўлмаса, ундан мана шу (мақтовли сифатларни) ҳақиқатан билса: «Фалончини шундай деб ҳисоблайман – Аллоҳ Ўзи ҳисоб қилувчисидир – бирон кишини Аллоҳга покламайман (яъни пок деб гувоҳлик беролмайман), шундай-шундай бўлса керак деб ўйлайман», десин», дедилар (Саҳиҳ Бухорий: №2662). Бухорий «Ал-адабул-муфрад»да Миҳжан ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у айтади: «Масжидда эканимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётган, сажда ва рукуъ қилаётган бир кишини кўрдилар ва: «Ким бу?», деб сўрадилар. Мен уни мақтай бошладим: «Ё Расулуллоҳ, бу фалончи, бу ... бу ...». (Бир ривоятда: «Бу фалончи, у Мадина аҳлининг энг чиройли намоз ўқувчиларидан бири.) Шунда у зот: «Бас! Ўзига эшиттирма, ҳалок қиласан», дедилар» (Саҳиҳ ал-адаб ал-муфрад: №137, Албоний ҳасан деган). Имом Бухорий Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир киши бир кишини мақтаб, кўкларга кўтараётганини эшитиб: «Одамни ҳалок қилдинглар – ёки белини узиб ташладинглар – », дедилар» (Фатҳул Борий: №2663). Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мақтовда муболаға қилган ва бу билан хатога йўл қўйган кишига бу хатосининг оқибатини тушунтирдилар. Яъни, ортиқча мақтов мақталган кишининг қалбига ғурур киритади, бу эса уни кибр ва манманликка етаклайди, кўпинча мақтов ортидан келган шуҳратга суяниб қолиб, амалдан сусайиб қолади ёки мақтов лаззатидан маст бўлиб, риёга тушиб қолади, бу эса унинг ҳалокати бўлади. Буни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уни ҳалок қилдинглар» ёки «Одамнинг бўйнини – ёки белини – уздинглар» деган сўзлари билан таъбир қилдилар. Ундан ташқари, маддоҳ кўпинча оғзига келганини қайтармай, ўзи аниқ билмайдиган нарсаларни ҳам гапиради ва бу гапи ёлғон ҳам бўлиб чиқади. Баъзида мақталган шахс мақтовлар таъсирида риёкорлик касб қилади. Бу эса – хусусан, мақталган шахс фосиқ ё золим шахс бўлса – жуда катта мусибатдир. (Қаранг: Фатҳул Борий: 10/478). Мақтов умуман олганда ёмон ва қайтарилган нарса эмас. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қанча кишиларни ўзларининг олдида мақтаганлар. «Саҳиҳ Муслим»да бу ҳақда алоҳида боб келтирилган, у «Мақтовда ҳаддан ошиш бўлганида ва ундан мақталган шахсга фитна хавфи бўлганида мақтовдан қайтариш ҳақидаги боб» деб аталади. (Саҳиҳ Муслим, Китабуз-зуҳд вар-рақоиқ). Ўзини қосир санайдиган ва мақтов билан ғурурланиб қолмайдиган одамни мақташнинг унча зарари йўқ. Чунки, у ўз нафсининг ҳақиқатини англаган бўлади. Салафлардан бирлари айтади: «Агар бир одамни юзига мақталса, у: «Эй Аллоҳ, улар билмайдиган хатоларимни Ўзинг мағфират қилгин, улар айтаётган нарсалар билан мени ушламагин (азобламагин), мени улар гумон қилаётгандан кўра яхшироқ қилгин», десин (Фатҳ: 10/478). |