Шанба 23 Ноябрь 2024 | 21 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Тавҳид китоби (8)

3097 марта кўрилган

Учинчи боб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва аҳли байтлари ҳамда саҳобалари ҳақларида эътиқод қилиш вожиб бўлган нарсалар баёни

Бу боб қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади:

Биринчи бўлим: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш ва улуғлашнинг вожиблиги, у зотни кўкларга кўтариб мақташдан қайтарилганлик ва у зотнинг манзилатларининг баёни ҳақида.

Иккинчи бўлим: У зотга итоат қилиш ва эргашиш вожиблиги ҳақида.

Учинчи бўлим: У зотга салавот ва салом йўллашнинг вожиблиги ҳақида.

Тўртинчи бўлим: Аҳли байтларининг фазли, улар хусусида жафосиз ва ғулувсиз лозим бўладиган нарсалар ҳақида.

Бешинчи бўлим: Саҳобаларнинг фазли ва улар хусусида эътиқод қилиш вожиб бўлган нарсалар ҳақида, саҳобалар ўртасида юз берган ишлар хусусида аҳли сунна вал жамоанинг тутган йўли ҳақида.

Олтинчи бўлим: Саҳобаларни ва имомларни сўкишдан қайтарилганлик ҳақида.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш ва улуғлашнинг вожиблиги, у зотни кўкларга кўтариб мақташдан қайтарилганлик ва у зотнинг манзилатларининг баёни ҳақида

1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севиш ва улуғлашнинг вожиблиги:

Банда энг аввал Аллоҳ азза ва жаллага муҳаббат қўйиши вожиб бўлади ва бу ибодат турларининг энг улуғларидандир. Аллоҳ таоло айтади: «...иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари қаттиқроқдир» (Бақара: 165).

Чунки У Зот зоҳиру ботин барча неъматларни бандаларга марҳамат қилган тарбияткунандадир. Аллоҳ таолога муҳаббатдан сўнг У Зотнинг расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳаббатлари вожиб бўлади. Зеро, у зот Аллоҳга даъват қилдилар, Аллоҳни танитдилар, шариатини етказдилар ва ҳукмларини баён қилиб бердилар. Мўминлар эришган дунёю охират яхшиликларининг ҳаммаси у зот орқали ҳосил бўлди. Ҳеч ким у зотга итоат қилмай ва эргашмай туриб жаннатга кира олмайди. Ҳадисда айтилганки: «Кимда учта нарса бўлса, у иймоннинг ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Расули унга бошқа барча нарсадан кўра суюкли бўлиши, бир кишини яхши кўрса фақат Аллоҳ учун яхши кўриши, Аллоҳ уни куфрдан қутқарганидан сўнг яна куфрга қайтишни ўтга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши.»[1]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳаббатлари Аллоҳ таолонинг муҳаббатига тобеъ ва у билан чамбарчас боғлиқдир. У зотга хос муҳаббат қўйиш ва бу муҳаббатни Аллоҳдан бошқа барча маҳбубларнинг муҳаббатидан муқаддам қўйишнинг вожиб экани у зотнинг қуйидаги ҳадисларидан маълум бўлади: «Сизларнинг бирортангиз мен унга отасидан, фарзандидан ва барча инсонлардан кўра суюмлироқ бўлмагунимча (комил) иймонли бўлмайди.»[2] Ҳатто мўмин киши учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ўзидан ҳам севимлироқ бўлиши вожиб экани ворид бўлган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ, сиз менга ўзимдан бошқа ҳаммадан кўра суюклисиз» деганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сенга ҳатто ўзингдан кўра ҳам суюмлироқ бўлмагунимча (иймонинг комил бўлмайди)», дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Энди сиз менга ўзимдан кўра ҳам севимлироқ бўлдингиз», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ана энди (тўғри бўлди), эй Умар», дедилар.[3]

Бундан маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат Аллоҳдан бошқа барчанинг муҳаббатидан муқаддам туриши лозим. Зеро, бу Аллоҳга бўлган муҳаббатга боғланиб кетади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ йўлида ва Аллоҳ учун яхши кўрилади. У зотга бўлган муҳаббат мўминнинг қалбида Аллоҳга бўлган муҳаббатнинг зиёда бўлиши билан зиёдаланади, камайиши билан камаяди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат у зотни улуғлаш, ҳурматларини жойига келтиришни, у зотга эргашишни, сўзларини жамики яралмишларнинг сўзларидан муқаддам қўйишни ва суннатларини улуғлашни тақозо қилади.

Аллома Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Инсонга нисбатан ҳар қандай муҳаббат ва улуғлаш фақатгина Аллоҳга бўлган муҳаббат ва улуғлаш ортидан келмоғи лозим. Чунончи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат ва улуғлаш ҳам у зотни пайғамбар қилиб юборган Зотга бўлган муҳаббат ва улуғлаш ичига кириб, уни тўлдиради. Зотан, умматлари Аллоҳни севганларидан у зотни ҳам севишади, у зотни Аллоҳ улуғлагани учун улуғлашади, ҳурматлашади. Демак, бу Аллоҳнинг муҳаббатидандир, Аллоҳнинг муҳаббати тақозосидандир.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга маҳобат ва муҳаббат туширди. Шунинг учун бирон бир инсон зоти бошқа инсонлар қалбида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан асҳоблари қалбида ўрнашган муҳаббат, ҳайбат ва улуғликка эга бўлган эмас. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Исломга кирганидан кейин айтадики, илгари ҳеч кимни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёмон кўргандек ёмон кўрмасдим, мусулмон бўлганимдан сўнг ҳеч ким менга у зотдан кўра севимлироқ ва ҳурматлироқ бўлмай қолди. Агар сизларга у зотни сифатлаб бериш мендан сўралса, буни қиломаган бўлардим, чунки мен у зотни улуғ санаганимдан кўзларимни тикиб қарай олмас эдим.

Урва ибн Масъуд Қурайшга айтган эди: «Эй қавм, қасам ичиб айтаманки, мен Кисро, Қайсар ва бошқа подшоҳлар ҳузурида бўлганман. Бирон бир подшоҳнинг асҳоблари уни Муҳаммаднинг асҳоблари Муҳаммадни улуғлашларича улуғлаганини кўрмадим. Аллоҳга қасамки, уни ҳурматлаганларидан юзига тик боқмайдилар. Агар тупурса тупиги ерга етиб бормай улардан бирининг кафтига тушади-да, уни юзларига ва кўкракларига суртишади. Агар таҳорат қилса, ортган сувини талашиб кетишади».[4]

2) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мақтовларида ғулув ва итроъдан қайтарилганлик:

Ғулув – ҳаддан ошиш маъносидадир. Аллоҳ таоло: «Динингизда ғулув кетмангиз (яъни ҳаддингиздан ошмангиз) (Нисо: 171) деган.

Итроъ – ҳаддан ташқари ва ёлғон аралаштириб мақташ.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хусусларида ғулув кетишдан мурод – у зотни бандалик ва пайғамбарлик мартабасидан юқори кўтариш ва улуҳият хусусиятларидан биронтасини у зотга нисбат бериш билан – масалан, дуо қилиш, мадад сўраш ёки номларига қасам ичиш билан – ҳаддан ошишдир.

У зот хусусларида итроъдан мурод - ошириб-тошириб ва кўкларга кўтариб мақташдир. У зот ўзлари бундай қилишдан қайтариб айтганлар: «Мени насоролар Ибн Марямни ҳаддан ортиқ мақтагани каби ҳаддан ошириб мақтаманглар! Мен бир бандаман холос. «Аллоҳнинг бандаси ва расули» денглар».[5] Яъни мени ёлғон мақтовлар билан мақтаманглар, мени мақташда худди насоролар Ийсо алайҳиссаломнинг мақтовларида ғулув кетиб, уни илоҳ деб даъво қилишганидек ҳаддан тажовуз қилманглар. Мени Раббим нима билан сифатлаган бўлса шу билан сифатланглар, «Аллоҳнинг бандаси ва элчиси» денглар.

Асҳобларидан бири у зотга: «Сиз бизнинг саййидимизсиз» деганида: «Саййид Аллоҳ таборака ва таолодир» деганлар. «Сиз энг афзалимиз ва энг улуғимизсиз» дейишганда: «Одатда ўзингиз айтадиган сўзларни айтаверинглар, шайтон сизларни ўз йўлига юргизиб юбормасин» деганлар.[6]

Одамлар: «Эй Расулуллоҳ, эй энг яхшимиз ва энг яхшимизнинг ўғли, саййидимиз ва саййидимизнинг ўғли!» деб мурожаат қилганларида у зот: «Эй одамлар, одатий сўзингизни айтаверинглар, шайтон сизларни (ҳақдан) оғдириб қўймасин, мен Аллоҳнинг бандаси ва пайғамбари Муҳаммадман. Мени Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи қўйган даражадан юқори кўтаришларингизни истамайман», дедилар.[7]

У зот яралмишлар ичида мутлақ энг афзали ва энг улуғи эдилар. Шундай бўлса-да, ўзларини «Сиз саййидимизсиз, сиз энг яхшимизсиз, сиз энг афзалимизсиз, сиз энг улуғимизсиз» каби сўзлар билан мақташларини ёқтирмадилар, асҳобларини у киши ҳақларида ғулув кетишдан ва ортиқча лаганбардорликдан узоқлатиш учун ва тавҳидни ҳимоя қилиш учун шундай қилдилар. Ўзларини банда эришадиган мартабаларнинг энг олийси бўлмиш иккита сифат билан сифатлашга йўлладилар, бу сифатларда ғулув ҳам, ақийдага хатар ҳам йўқ эди, у икки сифат – «Аллоҳнинг бандаси ва Расули» деган сифатлар эди. Ўзларини Аллоҳ азза ва жалла ўрнатган мартабадан юқори кўтаришларини истамадилар. Бироқ эндиликда кўп одамлар у зотнинг бу қайтариқларига хилоф қилишди, у зотга дуо қиладиган, мадад сўрайдиган, номлари билан қасам ичадиган, Аллоҳдан бошқасидан сўраш мумкин бўлмайдиган нарсаларни у кишидан сўрайдиган бўлдилар. Мавлудларда, қасидаларда ва нашидларда қилаётганлари каби, Аллоҳнинг ҳаққи билан Расулининг ҳаққини ажрата билмайдиган бўлдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг манзилат (даража)ларини баён қилиш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ мақтаган сўзлар билан мақтаб, манзилатларини баён қилишнинг, Аллоҳ у зотни у билан муфаззал этган даражаларини зикр қилишнинг ва шундай эътиқод қилишнинг зарари йўқ. У зотнинг Аллоҳ тарафидан берилган олий манзилатлари бор, Аллоҳнинг бандаси ва элчиси, бандалари ичидаги энг яхши ва энг афзалидирлар. У зот барча одамларга, инсу-жиннинг ҳаммасига Аллоҳнинг расулидирлар, пайғамбарларнинг энг афзали ва энг сўнггисидирлар, у зотдан кейин пайғамбар келмайди. Аллоҳ у зотнинг қалбларини кенг-мунаввар қилиб қўйган, номларини улуғлаб қўйган, у зотнинг амрларига хилоф қилганларга хорликни битган, у зот Аллоҳ таоло тарафидан ваъда қилинган “Мақоми маҳмуд” (мақтовли ўрин) эгасидирлар: «Шоядки, Парвардигорингиз сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (яъни, гуноҳкор умматларингизни шафоат қилиб оқлайдиган) мақомда тирилтирур» (Исро: 79). Бу мақом бутун пайғамбарлар ичидан ёлғиз у зотнинг ўзларига хос мақомдир, у зот яралмишларнинг Аллоҳдан энг қўрқувчироғи ва тақволироғидирлар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотнинг ҳузурларида овозларни кўтаришдан қайтарган ва у зот ҳузурларида овозларини пасайтирувчи кишиларни мақтаган:

«Эй мўминлар, (токи қилган яхши) амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолларингизда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун сизлар (пайғамбар билан сўзлашган пайтларингизда) овозларингизни пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бир-бирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқ-дағал сўз қилманглар! Албатта Аллоҳнинг пайғамбари ҳузурида овозларини паст қилган зотлар — ана ўшалар Аллоҳ дилларини тақво учун имтиҳон қилган (яъни тақво имтиҳонидан ўтган) зотлардир. Улар учун мағфират ва улуғ ажр-мукофот бордир. (Эй Муҳаммад), албатта (сизнинг аҳли аёлларингиз истиқомат қиладиган) ҳужралар ортидан туриб сизни чақирадиган кимсаларнинг кўплари ақлсиз кимсалардир. Агар улар то сиз ўзингиз уларнинг олдига чиққунингизча (сизни чақириб безовта этмасдан) сабр қилганларида, албатта ўзлари учун яхшироқ бўлур эди. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (Ҳужурот: 2-5).

Имом Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: Бу оятларда Аллоҳ таоло мўмин бандаларига Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан муомала қилаётганларида қилишлари лозим бўлган ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ва улуғлаш, овозларини Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг овозларидан баланд кўтармаслик каби одобларни берди. Аллоҳ таоло у зотни бошқа одамларга ўхшаб исмлари билан: «Эй Муҳаммад» деб чақиришни ман қилди, у зотни фақат рисолат ва нубувват сифатлари билангина: «Ё Расулуллоҳ», «Ё Набийюллоҳ» деб чақирилиш лозим бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй мўминлар), пайғамбарни чақиришни ўрталарингизда бир-бирларингизни чақириш каби қилмангизлар (яъни у зотни ҳурмат-эҳтиром билан «Эй Аллоҳнинг пайғамбари», деб чақиринглар)» (Нур: 63). Аллоҳ субҳанаҳунинг Ўзи ҳам у зотга: «Я айюҳан-набий», «Я айюҳар-росул» деб хитоб қилган.

Аллоҳ таоло ва фаришталари у зотга салавот йўллаб туради, бандаларини ҳам салавот айтишга буюрган: «Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56).

Лекин у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақтовлари учун Китобу Суннатдан далилсиз бирон муайян вақт ва ҳолатни хослаб ажратилмайди, мавлудхонлар қилаётганидек, у зотнинг туғилган кунлари деб даъво қилишадиган бир кунни мақтовлари учун хослаш мункар бидъатдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини улуғлаш, унга амал қилиш вожиб деб эътиқод қилиш, у таъзимлаш ва амал қилиш вожиблиги жиҳатидан Қуръони Каримдан кейин иккинчи ўринда туради, чунки у Аллоҳ таоло тарафидан ваҳийдир, деб эътиқод қилиш ҳам у зотнинг ўзларини улуғлаш жумласига киради. Аллоҳ таоло айтади: «Ва у ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир» Нажм: 3-4).

У зотнинг ҳадисларини шубҳа остига қўйиш ёки шаънини пасайтириш ёки ривоят йўллари ва санадларини саҳиҳ ёки заифга чиқариш ё маъноларини шарҳлаш фақатгина чуқур илм ва эҳтиёткорлик билан бўлмоғи лозим. Ҳозирги даврга келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ҳақида жоҳилона журъат билан сўзловчилар кўпайган, хусусан ҳали таълимнинг дастлабки босқичларида бўлган ўспирин ёшлар тарафидан бу иш кўпроқ содир бўлмоқда, улар бир неча китоблар кўрган бўлиб, ўзларича ҳадисларни саҳиҳ ва заифга ҳукм қиладиган, ровийлар шаънида илмсизлик билан фикр билдирадиган бўлганлар. Бу уларнинг ўзларига ҳам, умматга ҳам катта хатардир. Шундай экан, Аллоҳдан қўрқсинлар, ўз ҳадларида турсинлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш ва эргашишнинг вожиблиги ҳақида

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш у зот буюрган нарсани қилиш ва қайтарган нарсани тарк қилишни вожиб қилади ва бу «Муҳаммадун Расулуллоҳ» деган шаҳодатнинг талаби ҳамдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло у зотга итоат қилишимизни кўп оятларда буюрган. Гоҳо у зотга итоат Аллоҳга итоат калимаси билан ёнма-ён келади. Масалан, Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз!» (Нисо: 59).

Бу каби оятлар кўп. Гоҳо алоҳида суратда ҳам буюради:

«Кимки пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди» (Нисо: 80).

«Ва пайғамбарга бўйсунинглар. Шояд раҳматга эришсангизлар» (Нур: 56).

Гоҳо расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга осий бўлган кимсаларга ваъид оятлари келади. Аллоҳ таоло айтади:

«Пайғамбарнинг амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишдан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!» (Нур: 63).

Яъни, қалбларига куфр, мунофиқлик, бидъат каби фитналар етиши ёки дунёда аламли азоб бўлмиш қатл этилиш, жазо, қамоқ ёки шу каби тезкор уқубатлар етиши мумкин. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилишни ва эргашишни банданинг Аллоҳ муҳаббатига эришишига, гуноҳлари мағфират этилишига сабаб қилди. Аллоҳ таоло айтади:

«Айтинг (эй Муҳаммад): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади» (Оли Имрон: 31).

Шунингдек, у зотга итоат қилишни ҳидоят, осий бўлишни залолат деб атади:

«Агар унга бўйсунсангиз, ҳидоят топурсизлар» (Нур: 54).

«Энди агар улар сизга жавоб бера олмасалар, бас, билингки улар фақат ҳавойи нафсларигагина эргашурлар. Аллоҳ томонидан ҳидоятланмаган ҳолда ўз ҳавои нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?! Албатта Аллоҳ бундай золим қавмни хидоят қилмас» (Қасас: 50).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотда умматлари учун гўзал намуна борлигини хабар берди:

«(Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир» (Аҳзоб: 21).

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу ояти карима Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўзларида, амалларида, барча ҳолатларида намуна қилиб ушлашнинг катта далилидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таборака ва таоло «Аҳзоб» кунида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сабру тоқатларини, чидам ва матонатларини, жиҳодларини, Рабби азза ва жалладан кенглик-ёруғлик кутишларини ўрнак ва намуна қилиб олишга буюрди. Қиёмат кунигача у зотга Аллоҳнинг салавот ва саломлари бўлсин.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Расулга итоат қилиш ва эргашишни Қуръоннинг қирққа яқин ўрнида такрор-такрор келтирди. Инсонлар Расулуллоҳ олиб келган нарсани билишга ва унга эргашишга емоқ-ичмоққа бўлган эҳтиёжларидан кўра қаттиқроқ муҳтождирлар. Чунки емоқ-ичмоқ топилмаса дунёда ўлим вужудга келади. Расул ва унга эргашиш топилмаса доимий азоб ва бахтсизлик вужудга келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ибодатларни адо қилишда ўзларига эргашишга ва уларни ўзлари адо қилган кайфиятда адо қилишга буюрдилар:

«Менинг намоз ўқиётганимни кўрганингиздек намоз ўқинглар».[8]

«Мендан ҳаж ибодатларингизни ўрганинглар».[9]

«Ким бизнинг амримиз бўлмаган ишни қилса у рад қилингандир».[10]

«Ким суннатимдан юз ўгирса у мендан эмас».[11]

Булардан бошқа ҳадислар ҳам борки, уларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишга буйруқ ҳамда у хилоф иш тутишдан қайтариқлар бордир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот ва саломлар йўллашнинг шаръийлиги ҳақида

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавоту салом айтишни у зотнинг ҳақларидан қилди ва умматга у зотга салавот ва салом айтишни машруъ қилди. Аллоҳ таоло айтади:

«Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга салавот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56).

Аллоҳ таолонинг салавоти фаришталар ҳузурида у зотни мақташлиги, фаришталарнинг салавоти дуо, инсонларнинг салавоти истиғфор айтишдир (Бухорий Абул Олиядан зикр қилган).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу оятда бандаси ва набийсининг Ўз ҳузуридаги - малаъул аълодаги манзилатидан хабар берди. Яъни, Аллоҳ у кишини муқарраб фаришталар ҳузурида мақтайди, фаришталар у кишига салавот йўллайдилар. Аллоҳ таоло юқори ва паст олам (дунё) аҳлининг мақтови жам бўлиши учун пастдаги олам аҳлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот ва салом йўллашга буюрди.

«Саломлар айтинглар!» маъноси – Ислом саломи билан салом беринглар, демакдир. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтилса, салавот ва салом баробар айтилиши керак, биттасига чекланиб қолмаслик лозим. Яъни, фақат «соллаллоҳу алайҳи» дейилмайди ва фақат «алайҳиссалом» ҳам дейилмайди. Чунки Аллоҳ таоло ҳар иккаласини баробар айтишга буюрди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтмоқлик баъзи ўринларда матлуб ва зарурий бўлиб, вожиб ёки суннати муаккада ҳисобланади.

Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ «Жалоул афҳом» китобида салавот айтишнинг 41та ўрнини келтиради ва биринчи ўринни ушбу сўзлар билан бошлайди: «Салавот айтишнинг энг муҳим ва энг таъкидлироғи намозда ташаҳҳуддан кейинги салавот бўлиб, мусулмонлар унинг машруъ (суннат) эканига ижмоъ қилишган, фарз эканида ихтилоф қилишган». Сўнг қунут дуосининг охирида, жума, икки ҳайит ва истисқо намозлари хутбаларида, муаззинга жавоб айтгандан кейин, дуо пайтида, масжидга кириш ва чиқишда, у зотнинг номлари зикр этилганда каби ўринларини айтиб ўтади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот ва салом айтиш ўринларини айтиб ўтгач, бу салавотлардан ҳосил бўладиган самараларни зикр қилади ва улардан 40тасини санаб ўтади.[12]

Жумладан:

Бу билан Аллоҳнинг буйруғига бўйсиниш бор;

Бир марта салавот айтганга Аллоҳ таолодан 10 салавот ҳосил бўлади;

Дуо қилишдан олдин салавот айтса ижобатига умид бўлади;

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга васила сўраш билан салавот йўлласа у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатига эришишига сабаб бўлади;

Салавот йўллаш гуноҳларнинг кечирилишига сабаб бўлади;

Салавоту салом айтувчига Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жавоб қайтаришларига сабаб бўлади.

Улуғ пайғамбаримизга Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

[1] Муттафақун алайҳ.

[2] Муттафақун алайҳ.

[3] Бухорий ривояти.

[4] Жалоул афҳом (120-121-с).

[5] Муттафақун алайҳ.

[6] Абу Довуд ривояти.

[7] Аҳмад ва Насоий ривоятлари.

[8] Бухотй ривояти.

[9] Муслим ривояти.

[10] Муттафақун алайҳ.

[11] Муттафақун алайҳ.

[12] Жалоул афҳом (203-с).