асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Тавассул, унинг ҳукми ва турлари (3)2780 марта кўрилган Иккинчи қисм: мамнуъ тавассулМамнуъ – яъни, ман қилинган тавассул – Аллоҳ таолога шаръан васила қилиш дуруст бўлмайдиган нарсалар билан тавассул қилишдир. Бундай тавассул беҳуда ва ботил ишлар жумласидан бўлиб, ақлга ҳам, нақлга ҳам хилофдир. Бу икки турлидир: Биринчи тур: Шариатда айтилмаган нарсалар билан тавассул қилишТавассулнинг бу тури бидъат ва ширкка олиб борувчи нарсалардан. Ислом бидъат ва ширкка олиб борувчи нарсалардан қайтаради. Мақолда айтилади: “Сақланиш (олдини олиш) даволашдан кўра яхшироқ .” Бунга мисол: Аллоҳ таолога Унинг ҳузурида жоҳ - яъни ҳурмат ва обрў-эътибор эгаси бўлган бирон шахснинг ҳурмати билан тавассул қилиш. Масалан, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жоҳи билан тавассул қилиб: «Эй Аллоҳим, мен Сендан пайғамбарингнинг ҳаққи ҳурмати билан фалон-фалон нарсани сўрайман» дейиш. Бундай қилиш жоиз эмас, чунки бу шариат эътибор қилмаган сабабни ушлашдир. Зеро, ҳар қандай ҳурматли шахснинг ҳурмат-эътибори дуонинг қабул бўлишига таъсир кўрсата олмайди. Чунки бу ҳурмат - дуо қилувчи (одам)га ҳам, дуо қилинувчи (Аллоҳ)га ҳам алоқаси бўлмаган, фақатгина ўша ҳурмат эгасининг ўзигагина тааллуқли бўлган нарсадир. Демак, кимнингдир ҳурмат-эътибори сиз учун тилагингизга етиш ёки бошингиздан мусибатни аритишда ёрдам бера олмайди. Бирон мақсадга етказадиган нарсани бу фалон нарсанинг василаси-воситаси деб аталади. Мақсадга етказмайдиган нарсани восита қилиш беҳуда ишлардан ҳисобланади. Демак бундай нарсани ўзингиз билан Роббингиз ўртасида восита қилишингиз яхши эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаққи-ҳурматлари ёки шахслари билан тавассул қилиш сизга нисбатан фойдали эмас, чунки у фақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламгагина фойда беради. Восита қандай бўлиши ҳозиргина айтиб ўтдик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳ олдида ҳурматли бўлишларининг сизга нима фойдаси бор? Ҳозирда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан тавассул қилиш жоиз эмаслигига далил шуки, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида қурғоқчилик бўлганида одамлар билан бирга Аллоҳдан ёмғир тилаш учун чиқдилар ва: «Эй Аллоҳим, биз Сенга пайғамбаримизни восита қилардик ва Сен бизга ёмғир ёғдирар эдинг. Энди Сенга пайғамбаримизнинг амакисини восита қиламиз, бизга ёмғир ёғдиргин», дедилар, сўнг Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳу ўринларидан туриб Аллоҳдан ёмғир сўраб дуо қилганида Аллоҳ ёмғир ато этган эди. Бу — саҳобаларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан тавассул қилишларининг маъноси у кишининг шахсларини эмас дуоларини восита қилиш эканига далолат қилмоқда. Тўғри тавассул кўриниши шундай бўладики, «Эй Аллоҳим, мен Сендан Расулингга бўлган иймонимни – ёки Расулингга бўлган муҳаббатимни – восита қилиб сўрайман» дейсиз. Мана шу тўғри ҳамда манфаатли тавассул бўлади. Шариатда айтилмаган васила билан тавассул қилишга яна бир мисол: Вафот этиб кетган кишининг дуосини восита қилиш. Яъни, маййитдан унинг ҳақига Аллоҳга дуо қилишини сўраш. Бу ҳам ношаръий ва тўғри бўлмаган василадир. Маййитдан дуо талаб қилиш ўша одамнинг ақлсизлигига далолат қилади. Чунки, одам ўлса, унинг амали тўхтайди, у энди бировнинг ҳаққига дуо қила олмайди. Ҳатто, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам вафот этганларидан кейин бировнинг ҳаққига дуо қилишлари мумкин эмас. Шу боис саҳбалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан кейин у зотдан дуо сўраб келмадилар. Бунга ҳозиргина айтиб ўтганимиз Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг қилган иши далилдир. Агар маййитдан дуо талаб қилиш мумкин ва тўғри васила бўлганида, Умар ва бошқа саҳобалар розияллоҳу анҳум бу имкониятни асло қўлдан чиқармаган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан дуо талаб қилган бўлардилар. Чунки, у зотнинг дуолари Аббос ибн Абдулмуттолибнинг дуосидан кўра ижобатга яқинроқ эди. Хуллас, маййитдан Аллоҳга дуо қилишини сўраш - жоиз бўлмайдиган ботил тавассулдир. Иккинчи тур: Мушриклар бут-санамларини, жоҳиллар азиз-авлиёларини восита қилишлариБиз буни бидъат тавассул демаймиз, балки бу ширк тавассулдир. очиқдан-очиқ ширкни тавассул деб номлаш дуруст бўлмайди. Чунки жоҳил кимсалар ўзларича воситачи деб гумон қиладиган кишиларига дуо қиладилар. Улардан бири азиз-авлиё деб билган кишисининг ҳузурига бориб: «Эй валийюллоҳ, мени халос этинг», «Эй аҳли байт, мени қутқаринг», «Эй Набиюллоҳ, менга нажот беринг» деб хитоб қилишади. Буни восита деб номлаш дуруст эмас, биз буни ширк деб атаймиз. Зеро, Аллоҳдан бошқага дуо қилиш диний жиҳатдан ширк, ақл жиҳатидан ахмоқликдир. Диний жиҳатдан ширк бўлишининг боиси – улар Аллоҳга шерик қилдилар. Ақл жиҳатидан ахмоқлик бўлишининг боиси – Аллоҳ таоло айтмоқдаки: «Аллоҳни қўйиб, Қиёмат Кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиган (жонсиз) нарсаларга дуо-илтижо қиладиган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?! Ҳолбуки у (дуо қилинаётган нарса)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофилдирлар!» (Аҳқоф: 5). Қиёмат куни улар ёрдам беришолмайди: «(Қиёмат Кунида) инсонлар (ҳисоб-китоб учун) тўпланган вақтида ўша (бутлар) уларга (мушрикларга) душман бўлурлар ва уларнинг (Аллоҳни қўйиб, ўзларига) ибодат қилганларини ҳам инкор этурлар» (Аҳқоф: 6). Демак, буни васила-восита дейиш тўғри эмас, бу – кишини диндан чиқарувчи ширкдир: «Ким ўзи учун ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган ҳолда Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилса, бас унинг ҳисоб-китоби Парвардигорининг ҳузурида бўлур. Албатта кофир бўлган кимсалар нажот топмаслар» (Муъминун: 117). Масала: Бирон киши айтиши мумкинки: «Биз улардан бизнинг ҳаққимизга Аллоҳга дуо қилишларини талаб қиламиз, холос.» Бунга жавоб шуки: Бу иш залолат ва ақлсизликдир. Чунки ўликлар сизларга ижобат қилмайдилар, яъни сизларнинг ҳаққинигизга Аллоҳга дуо қилишга қодир эмаслар. Инсон ўлгач, унинг амали тўхтайди, фақат учта амали давом этиб туради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Инсон ўлса, унинг учта амалидан бошқа барча амали узилади: садақаи жорияси, фойдаланиб туриладиган илми, ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанди».[1] Масала: Бирон киши айтиши мумкинки: Сиз жоҳил деб атаётган ўша кишилар азиз-авлиёларга дуо қилишади-да, талаблари ҳам ҳосил, ҳожатлари раво бўлиб қолади. Кейин улар: «Фалон авлиёга дуо қилган эдик, ижобат қилди, талабимиз ҳосил бўлди» дейишадиган бўлса, бунга нима дейиш мумкин? Жавоб: Аллоҳ таоло дуо қилувчини имтиҳон қилиш мақсадида баъзан ўша нарсани унинг дуоси сабабли эмас, балки дуо қилган пайтида ато этиши мумкин. Яъни, бир киши валийнинг қабрига келиб, унга дуо қилади, сўнг Аллоҳ таоло уни имтиҳон қилиш учун – валий ато этгани учун эмас – унинг сўраган нарсаси ҳосил бўлади. Чунки, аниқ биламизки, ўша валий унга ҳеч қандай наф етказолмайди ва дуосига асло ижобат қилолмайди. Лекин, бу ерда имтиҳон кетаяпти. Гуноҳга бўш қараш билан имтиҳонга солиниш ўтган умматларда ҳам, бу умматда ҳам мавжуд. Ўтган умматларда содир бўлган имтиҳонларга мисол: Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад), улардан (яҳудийлардан) денгиз олдидаги кишлоқ ҳақида — шанба куни ҳаддан ошганлари ҳақида (яъни ман қилинганига қарамасдан шанба куни балиқ овлаганлари ҳақида) сўранг. Ўшанда, шанба (яъни, балиқ овлашдан ман қилинган) кунларида балиқлар (сув юзида) очиқ келар эди, шанбадан бошқа кунларида эса келмас эди. Уларни итоатсиз бўлганлари сабабли мана шундай имтиҳон қилурмиз» (Аъроф: 163). Яъни, Аллоҳ таоло уларга шанба куни балиқ овлашни ҳаром қилган эди. Улар бир мунча замон шу ҳолда қолдилар. Сўнг Аллоҳ таоло уларни имтиҳон қилишни истади. Шанба куни балиқлар сув юзини қоплагудек даражада кўп кела бошлади, шанбадан бошқа кунлари эса умуман балиқ кўринмас эди. Яҳудлар маккор, хиёнаткор ва очкўз халқ бўлганларидан: «Нега энди шанбадан бошқа кунлари балиқлар умуман келмайди-ю, бизга ов қилиш ман қилинган куни – шанба куни келади?! Биз шунча балиқдан маҳрум бўлиб қолаверамизми?! Бунинг бир чорасини топмасак бўлмайди. Жума куни тўр ташлаб қўяйлик-да, шанба куни келган балиқлар тўрга илашиб қолсин, кейин якшанба куни уларни чиқариб олаверамиз», дейишди. Бу эса очиқдан-очиқ ҳийла эди. Улар: «Биз шанба куни ов қилмаяпмиз, жума куни ташлаган тўрларимизни якшанба куни тортиб оляпмиз», дейишарди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло уларни бу қилмишлари туфайли жазолади: «Орангиздан шанба кунида ҳаддан ошган кимсаларни билдингиз. Бас, Биз уларга: «Бадбахт маймунларга айланингиз», дедик» (Бақара: 65). Улар маймунга айланишди. Чунки, маймун инсонга энг ўхшаш ҳайвон, уларнинг қилмишлари ҳам мубоҳга ўхшаган ҳаром иш, яъни кўринишидан мубоҳ, аслида ҳаром иш эди. Аллоҳ таоло уларни бадбахт маймунларга айлантирди. Бироқ ҳозирда мавжуд бўлган маймунлар Бану Исроилнинг ўша тоифаси айлантирилган маймунлар эмас, у маймунлар аллақачон қирилиб битганлар. Мазкур воқеада яҳудлар имтиҳонга солинган ва ундан ўта олмаган, Аллоҳнинг ҳаром қилган нарсаси устида ҳийла қилишган эди. Бу умматдаги имтиҳонга келсак, Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларини бир синов билан имтиҳон қилди. Яъни, киши ҳаж ёки умра учун эҳромга кирса, унга ов овлашни ҳаром қилди: «Эй мўминлар, эҳромда бўлган чоғингизда бирон овни ўлдирманг!» (Моида: 95). Сўнг Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобини имтиҳон қилди ва уларга қўллари ва найзалари етадиган овларни юборди. Кийик ва қуён каби ҳайвонларни бемалол қўллари билан ушлаб олишларига, қушларни эса найзалари билан овлаб олишларига имкон яратиб қўйди: «Эй мўминлар, албатта Аллоҳ ғойибда (кўрмай) туриб ўзидан қўрқадиган кишиларни билиш учун сизларни (ҳаж сафарида бўлган чоғингизда) қўл ва найзаларингиз етгудек овлар билан имтиҳон қилур» (Моида: 94). Имтиҳондан кўзда тутилган ҳикмат – Аллоҳдан ғоибона қўрқадиган кишилар маълум бўлишлари эди. Хўш, саҳобалар эҳромдалик ҳолларида қўллари ва найзалари билан ов овлай бошладиларми? Йўқ, асло! Саҳобалардан ҳеч бири на ов овлади, на бирон ҳийла қилди! Шу билан бу умматнинг салоҳияти билан Бани Исроил ўртасидаги фарқ маълум бўлади. Бироқ, ҳозирда бу уммат ичида ҳам худди Бани Исроилга ўхшаб Аллоҳнинг ҳаром қилган нарсаларига ҳийла қиладиган кимсалар пайдо бўлди. Айримлар рибо устида ҳийла қилишади, айримлар никоҳда ҳийла қилишади, айримлар мусулмон биродарларига турли туман ҳийлалар воситасида зулм қилишади. Огоҳ бўлиш керакки, ҳаром нарсага эришишда ҳийла қилган одам Аллоҳнинг энг бадбахт бандалари бўлмиш яҳудларга ўхшаб қолган бўлади. Сўзимизни Аллоҳга ҳамд-санолар айтиш билан якунлаймиз. [1] Имом Муслим ривояти. |