Пайшанба 26 Декабрь 2024 | 24 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ушалмай қолган орзу

2531 марта кўрилган

Дераза олдида кўзларида ёш билан кузатиб қолди. Узоқ йиллар давомида кексалик нақш солган қўллар истамайгина хайрлашади.

Билиб турибман, ўзини йиғидан зўрға тийиб турибди. Йўқ, чидай олмади. Йиғи, ёшлар сабр деворларини йиқитди. Йиғлади. Алам билан йиғлади.

Дераза олдида кетишимдан норози онамга қарайман. Унинг йиғиси қулоқларимга киради. Киради-ю юрагимни қамраб олган гуноҳлар деворидан ўтолмай сўнади.

Узоқ шаҳарга ўқишга боражагимни айтганимда роса ялинди, ёлворди.. ўзимизни шаҳардаги олийгоҳларда ўқийвер, кўзим олдида бўл, сени катта қилгунимча қанча қийналдим. Бир марта менинг айтганимни қилгин болагинам!

Бу ялинишлар ҳеч тасир қилмади. Худбинлик – "мустақил", "эркин одам бўлиш" тўнига ўралиб кўз олдимда гавдаланарди. Йўқ фақат бу эмас, шаҳват, роҳатлар, инсу-жин шайтонлари бошимни айлантирарди. Онамнинг насиҳатларидан, кўрсатмаларидан, меҳрибонлиги, шафқати ва адашиб кетишимдан қўрқишиларидан қочиш эди бу.

Хайрлашиш учун очилган қучоғи бўш қолаверди. Эшикни ёпиб кетиш асносида :- она хайр! – дедим.

Мана ниҳоят қутулдим.

– Аллоҳ паноҳига! Болам..

– Болам қаёққа кетябсан?..

– Нега кеч қолдинг болам?..

Йўқ, энди булар бариси ортда. Энди мен эркин қушман.

Ўйин-кулгига тўла янги ҳаётим бошланди.

Гуноҳ-маъсиятларга тўла янги ҳаётим бошланди.

Бу ҳаётда онам берган насиҳат ва тарбияларига ўрин йўқ. Тезда ўзимга ўхшаган шўрпешона дўстлар топдим.

Овозимни чиройли эканига диққат қилган баъзи дўстларим қўшиқ айтиб беришимни сўрашди. Мен узр айтдим: - Қўшиқ айтиш у ёқда турсин эшитмаганман, бирортасини ёд билмайман.

–Ҳечқиси йўқ! Мана бу менинг севимли дафтарим, ол! Унда мен ёқтирган юзта қўшиқ матни бор. Биттасини танлаб айтиб бер!

Дафтар варақлаб биттаси маъқул келганди, шуни хиргойи қилдим.

Тугатганимда ҳамма қарсак чалиб юборди. Ростдан ҳам чиройли чиқди. Ўзимнинг овозимни эшитиб, айниқса олқишлар бўлганда роса суюндим.

Бу биринчи қадам эди. Шу кундан бошлаб қўшиқ менинг севимли машғулотимга айланди. Кунларнинг бирида кичик бир залга ўйин-кулги қилишга бордик. Дўстларимдан бири зал эгасига мени мақтаб берган экан, битта эшитмасак бўлмайди, меҳмон бизни хафа қилманг, деб туриб олди!

Тўғри қўшиқ асосий машғулотимга айланган бўлсада ҳозиргача фақат давраларда айтардим. Лекин саҳнада... Йўғе! Бундан ор қиламан. Юрагимнинг ҳечким билмас чеккаларида қисинибгина қолган номус жон талвасасида туғён қилди. Қалбим ва нафсим ўртасида уруш бошланди.

– Сен фосиқларга ўхшаб ҳамма олдида қилпиллаб қўшиқ айтадиганлардан эмассан! Қўй, яқинлашма бунга! – қайтаради қалбим. Бошқа томонда нафсим ундайди: - бу умрда бир бўладиган фурсат, агар ҳозир хўп десанг тамом, машҳур бўлиб кетасан!

Иккиланиб туриб-туриб охири рози бўлдим. Саҳнага кўтарилдим. Номус яна жунбушга келди. Менинг қайтишимни истарди. Йўқ, қўшиқни бошлашим биланоқ зулмат қарида сўнган учқун мисоли сўнди.

Зал ҳаяжонла тўлқинланарди.. таналар кайф билан тебранарди.. олқиш ва мақтовлар давом этишга ундарди.

Бу кеча шовқинида иймоннинг қолгани ҳам кетди.

Ошналар, давралар кўпайди. Саноқсиз таклифномалар, сахнадан-сахнага, гуноҳдан гуноҳга кўчардим. Кунларим шу зайлда ўта бошлади.

Шундай кечаларнинг бирида даврани роса қиздирдим. Ўзимни санъат оламида порлаб келаётган юлдуздек тасаввур қилардим. Саҳнадан тушганимда дўстларимдан бири шошилиб келди: - юр тезроқ! Ишонмайсан сен билан энг машҳур қўшиқчи қизиқиб қолди. Сени ўзига шогирд қилмоқчи.

Бориб танишдик. Келаси пайшанба ишбошқарувчисига боғланишимни тайинлади.

Пайшанба, эҳ қачон келаркин ўша кун!

Лекин унгача ҳали анча бор. Унгача ҳали қанча ишлар бўлиб ўтаркин.

Эртаси куни уйдан шошилинч телефон келди. Чоршанба куни икки синглимни унаштиришар, эртасига пайшанба куни эса акамга тўй экан.

Уйга кириб келганимда ҳамма тўйга тайёргарлик кўрарди. Ҳамма хурсанд. Онамни айтмайсизми. Ўзига сиғмайди. Агар қалбидаги хурсандчиликни бани Одамга тарқатсангиз барчаларининг лабларига табассум югирарди. Тиним билмайди. Тонгни тунга, тунни тонгга улаб тўй тадориги билан овора.

Мана чоршанба ҳам келди. Лекин бу кун ҳаётимда кескин ўзгариш ясади. Ғафлат уйқусидан уйғотди. Ўлик қалбимни жонлантирди. Ифлосликлар, разолат ботқоғидан, қўшиқ ва куйлар ботқоғидан тортиб олган фожеа рўй берди.

Онам тўсатдан вафот этди... Қандай қилиб, дейсизми? Билмадим, муҳими энди у йўқ. Озгина хурсандчиликдан сўнг ўзини бир чеккага олиб, ҳорғинлик билан гавдасини ўриндиққа ташлади. – алвидо болаларим. Мана катта бўлдингиз. Энди мен кетдим! – дегандай.

Тўй азага айланди. Хурсанд юзларда фожеа акс этди. Ҳамма кўзларда ёш, қалблар эзилган. Уйнинг ҳар бурчаги йиғиларга тўлди. Ҳамма йиғларди. Фақат онамгина сокин эди.

Жанозага таёргарлик бошланди. Ювиб кафанладилар.

Видолашув учун кирдим. Ҳаётидагидек хотиржам кўринади.

Юзларига, юмуқ кўзларига, қўлларига қарайман. Куни кеча ёмон йўлга кириб кетишимдан қўрқиб олдидан жилдиргиси келмасди.

Қўлларидан ўпиб йиғлайман.. атрофимда сингилларим йиғлайди.

Бизни бу хонадан чиқариб юборишди.

Вақт қандай ўтганини сезмай қолдим. Ўзимга келсам сафда туриб намоз ўқиябман.. онамнинг жанозаси. Ёлғиз имомнинг овози эшитилади: Аллоҳу акбар...Аллоҳу акбар...

Бутун борлиғим билан онам ҳаққига дуо қилдим. Онам ҳаққидаги камчиликларимга истиғфорлар айтдим.

Одамларга қўшилиб жанозасини елкамда кўтариб бордим. Қабристонга юрамиз. Қабр устига тупроқ тортаман... Илоҳим онамни собит қадам қил... Илоҳим онамни собит қадам қил...

Кунимиз таъзияга келганлар билан ўтди. Кеч кирди. Бу кеча бошқаларидан фарқли эди.

Вақт эрта бўлишига қарамай хонамга кириб ётиб олдим. Ўтмишим бир-бир кўз ўнгимдан ўта бошлади. Онам овози ҳамма жойда жарангларди. Болажоним тур.. намоз ўтиб кетмасин... масжидда ошналаринг кутиб қолади..

Илтимосларини ялинишларини эслайман... кетма ... ундай қилма... йиғилар... о-о-о-ҳ қанчалар бемеҳр бўлмасам...

Юм-юм йиғладим... туриб намоз ўқимоқчи бўлдим. Йўқ, тилим ўзимга бўйсунмади. Қайноқ ёшларим аста секин юрагимни ўраб олган гуноҳлар қурган деворни эритди. Жойнамоз ўша кўз ёшлардан хўл бўлди. Юрагимнинг ич-ичларидан отилиб чиқаётган дуолар оҳларга жўр бўлади. Танамнинг ҳар зарраси дуоларга омин айтади.

Онамга тириклигида яхшилик қилаолмадим, майли ўлимидан кейин бўлса ҳам, яхшиликлар қилишга қасд қилдим. Аллоҳдан шу аҳдга вафо қилишда ёрдам беришини сўрадим. Эй қалбларни ўзгартирувчи зот қалбимни динингга собит қил!..

Намозимни тугатдим.

Ўтмишимни.. ғамгин ўтмишимни сараладим. Мана бу дафтарда қўшиқлар матни, буниси хатлар, қўшиқларим ёзилган тасмалар, яна ҳар хил қўшиқ тасмалар..

Хамёнимдан танишларимнинг унвонлари битилган қоғозчаларни олдим.. бир бир ўтказаман.. ҳа мана ўша машҳур қўшиқчиники.. эртага у билан учрашувим бор.

– Аллоҳ сендан сақласин!

Ўша қоғозчани аянчли ўтмишим эсдаликларига қўшиб ахлат қутига ташладим.