Шанба 23 Ноябрь 2024 | 21 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Пайғамбаримиз (сав) намозларининг сифати (6)

3327 марта кўрилган

6) Тунги намоз

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунги (таҳажжуд) намозларида баъзан қисқа, баъзан узун қироат қилар, баъзида эса ўта узоқ қироат қилар эдилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Бир кеча Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга намоз ўқидим. Қиёмда шунча узоқ турдиларки, ҳатто бир ёмон ишга қўл уришимга оз қолди.» «Нима ишга?» деб сўралганда: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни шу ҳолда қўйиб, ўтириб олсамми, деб қолдим» дедилар.

Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу айтадилар: «Бир кеча Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга намоз ўқидим. «Бақара»ни бошладилар. Юз оятда рукуъ қиладилар, деб ўйладим, ундан ўтиб кетдилар. Ҳаммасини икки ракъатда ўқисалар керак, деб ўйладим. Яна давом этдилар. Бир ракъатда ўқир эканлар, деб ўйладим. Сўнг «Нисо»ни бошлаб, ҳаммасини ўқидилар, сўнг «Оли Имрон»ни бошлаб, уни ҳам ўқидилар. Шошилмай ўқир, тасбеҳ бор оятдан ўтсалар тасбеҳ айтар, сўраш оятидан ўтсалар сўрар, паноҳ тилаш оятидан ўтсалар паноҳ тилар эдилар. Сўнг рукуъ қилдилар...[1]»

Бир кеча бемор ҳолларида етти узун сурани ўқидилар[2].

Гоҳо ҳар бир ракъатда улардан бир сурани ўқир эдилар[3].

Қуръоннинг ҳаммасини бир кечада ўқиганлари маълум эмас[4]. Балки, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг бундай қилишига рози бўлмадилар. Ва унга: «Қуръонни ҳар ойда ўқиб чиққин» дедилар. «Менинг қувватим етарли» деганида: «Ҳар йигирма кечада ўқигин» дедилар. Яна: «Менинг қувватим етарли» деганида: «Ҳар етти кунда ўқи ва бундан оширмагин» дедилар[5].

Сўнг унга беш кунда ўқишига рухсат бердилар[6].

Сўнг эса уч кунда ўқишига рухсат бердилар[7].

Бундан камида ўқишдан қайтардилар[8]. Ва буни шундай изоҳладилар:

مَنْ قَرَأَ الْقُرْآنَ فِي أَقَلّ مِنْ ثَلاثٍ لَمْ يَفْقَهْهُ (أحمد بسند صحيح)

وفي لفظ: لا يَفْقَهُ مَنْ قَرَأَ الْقُرْآنَ فِي أَقَلَّ مِنْ ثَلاثٍ (الدارمي والترمذي)

«Ким Қуръонни уч кундан камида ўқиса, уни тушунмабди[9]», бир лафзда: «Қуръонни уч кундан камида ўқиган одам уни тушуна олмайди.[10]»

Сўзларида давом этиб дедилар:

فَإِنَّ لِكُلِّ عَابِدٍ شِرَّةً وَلِكُلِّ شِرَّةٍ فَتْرَةً فَإِمَّا إِلَى سُنَّةٍ وَإِمَّا إِلَى بِدْعَةٍ فَمَنْ كَانَتْ فَتْرَتُهُ إِلَى سُنَّةٍ فَقَدْ اهْتَدَى وَمَنْ كَانَتْ فَتْرَتُهُ إِلَى غَيْرِ ذَلِكَ فَقَدْ هَلَكَ (أحمد وابن حبان في صحيحه)

«Ҳар бир обиднинг фаол пайти бўлади, шунингдек ҳар бир фаолликнинг cуcайиш даври ҳам бўлади. Сусайишлик эса ё суннатга ё эса бидъатга (мувофиқ) бўлади. Кимнинг cуcайиши cуннатга (мувофиқ) бўлcа (яъни сусайганда суннатдан чиқиб кетмаса) ҳаққа йўлланган бўлади, кимнинг cуcайиши бундан бошқага бўлса ҳалок бўлади».[11]

Шунинг учун ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни уч кундан камида ўқиб тугатмас эдилар[12].

وكان يقول: مَنْ صَلَّى في لَيْلَةٍ بِمِائَتَيْ آيَةٍ فَإِنَّهُ يُكْتَبُ مِنَ الْقانِتِينَ الْمُخْلِصِينَ (الدارمي والحاكم وصححه)

Айтар эдилар: «Ким бир кечада 200 оят билан намоз ўқиса, ҳақиқий ихлос ила тоат-ибодат қилувчилардан деб ёзилади[13]

Ҳар кеча «Бани исроил» ва «Зумар» сураларини қироат қилар эдилар[14].

وكان يقول: مَنْ صَلَّى في لَيْلَةٍ بِمِائَةِ آيَةٍ لَمْ يُكْتَبْ مِنَ الْغافِلِينَ (الدارمي والحاكم وصححه ووافقه الذهبي)

Ва айтганлар: «Ким бир кечада 100 оят билан намоз ўқиса ғофиллардан деб ёзилмайди.[15]»

Гоҳо ҳар бир ракъатда 50 оят ё ундан ошиқроқ миқдорда қироат қилар эдилар[16]. Баъзида эса «Я айюҳал-муззаммил» миқдорида қироат қилар эдилар[17].

Камдан-кам ҳолларни истисно этганда «туннинг ҳаммасини намоз билан ўтказмас эдилар[18].» Хаббоб ибн ал-Арат розияллоҳу анҳу бир кеча Росулуллоҳни тун бўйи кузатдилар, (бир лафзда: тун бўйи намоз ўқиб чиққан кечаларида,) ҳатто тонг отди. Намозларидан салом бергач, Хаббоб: «Ё Росулуллоҳ, ота-онам сизга фидо бўлсин, бу кеча шундай намоз ўқидингизки, ундай намоз ўқиганингизни ҳеч кўрмаган эдим» деди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«أَجَلْ إِنَّهَا صَلاةُ رَغَبٍ وَرَهَبٍ سَأَلْتُ رَبِّي عَزَّ وَجَلَّ فِيهَا ثَلاثَ خِصَالٍ فَأَعْطَانِي اثْنَتَيْنِ وَمَنَعَنِي وَاحِدَةً سَأَلْتُ رَبِّي عَزَّ وَجَلَّ أَنْ لا يُهْلِكَنَا بِمَا أَهْلَكَ بِهِ الأُمَمَ قَبْلَنَا فَأَعْطَانِيهَا وَسَأَلْتُ رَبِّي عَزَّ وَجَلَّ أَنْ لا يُظْهِرَ عَلَيْنَا عَدُوًّا مِنْ غَيْرِنَا فَأَعْطَانِيهَا وَسَأَلْتُ رَبِّي أَنْ لا يَلْبِسَنَا شِيَعًا فَمَنَعَنِيهَا» (النسائي وأحمد والترمذي)

«Ҳа, бу рағбат ва раҳбат (қўрқув) намозидир, мен Раббим азза ва жалладан учта хислатни сўрадим, менга иккитасини ато этди ва биттасини ман қилди: Раббимдан бизни аввалги умматларни ҳалок қилган нарса билан ҳалок қилмаслигини сўраган эдим, сўровимни берди. Раббим азза ва жалладан бизга ташқаридан бирор душманни ғолиб қилмаслигини сўраган эдим, сўровимни берди. Раббимдан бизларни турли-туман фирқаларга бўлиб ташламаслигини сўраган эдим, буни ман қилди (бермади)»[19].

Бир кеча намозларида то тонг отгунча бир оятни такрорлаб чиқдилар, у:

" إِن تُعَذِّبْهُمْ فَإِنَّهُمْ عِبَادُكَ وَإِن تَغْفِرْ لَهُمْ فَإِنَّكَ أَنتَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ "

«Агар уларни азобласанг, улар сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг Азиз ва Ҳакимдирсан[20]» ояти эди, шу билан рукуъ қилар, шу билан сажда қилар, шу билан дуо қилар эдилар. Тонг отгач, Абу Зар розияллоҳу анҳу: «Ё Росулуллоҳ, тонггача шу оятни тўхтовсиз ўқидингиз, шу билан рукуъ, сажда ва дуо қилиб чиқдингиз, ваҳоланки Аллоҳ сизга Қуръоннинг ҳаммасини билдирган эди» деди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«إِنِّي سَأَلْتُ رَبِّي عَزَّ وَجَلَّ الشَّفَاعَةَ لأُمَّتِي فَأَعْطانِيها وَهِيَ نَائِلَةٌ إِنْ شَاءَ اللهُ لِمَنْ لا يُشْرِكُ بِاللهِ شَيْئًا» (النسائي وابن خزيمة وصححه الحاكم)

«Мен Раббим азза ва жалладан умматим учун шафоат тиладим, уни менга берди. У Аллоҳга ширк келтирмаган кишиларга, иншоаллоҳ, етгусидир» дедилар[21].

Бир киши: «Ё Росулуллоҳ, менинг бир қўшним бор, тунги намозида фақат «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни такрор-такрор ўқийверади, унга ҳеч нарсани зиёда қилмайди» деб, қўшнисининг ишини оз санагандек гапирган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ إِنَّهَا لَتَعْدِلُ ثُلُثَ الْقُرْآنِ» (أحمد والبخاري)

«Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, у Қуръоннинг учдан бирига тенгдир» дедилар[22].

7) Витр намози

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи ракъатда «Саббиҳисма роббикал аъла»ни, иккинчи ракъатда «Қул я айюҳал кафирун»ни, учинчи ракъатда «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқир эдилар[23].

Баъзан унга «Қул аъувзу бироббил-фалақ» ва «Қул аъувзу бироббин-нас»ни қўшиб қўярдилар[24].

Бир марта учинчи ракъатда «Нисо»дан 100 оят ўқиганлар[25].

Витрдан кейинги икки ракъатда «Иза зулзилатил арзу» ва «Қул я айюҳал кафирун»ни ўқир эдилар[26].

8) Жумъа намози

Баъзан биринчи ракъатда «Жумъа» сурасини, иккинчи ракъатда «Иза жаъакал-мунафиқун»ни ўқир[27], гоҳо унинг ўрнига «Ҳал атака ҳадисул-ғошия»ни ўқир эдилар[28].

Баъзан биринчи ракъатда «Саббиҳисма роббикал-аъла»ни, иккинчи ракъатда «Ҳал атака»ни ўқир эдилар[29].

9) Ийд намозлари

Баъзан биринчи ракъатда «Саббиҳисма роббикал-аъла»ни, иккинчи ракъатда «Ҳал атака»ни ўқир эдилар[30].

Баъзан уларда «Қоф» ва «Иқтаробатис-саъату»ни ўқир эдилар.[31]

10) Жаноза намози

Бундаги суннат «Фотиҳа» [ва бир сура] ўқишдир[32].

Ушбу намозда биринчи такбирдан сўнг бироз жим бўлиб қолардилар[33].

Дона-дона қилиб, чиройли овоз билан қироат қилиш

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни Аллоҳ таоло буюрганидек, шошилмасдан, дона-дона қилиб қироат қилар эдилар. У зотнинг қироатлари ҳарфма-ҳарф тушунарли эди[34]. Бирор сурани тиловат қилсалар ундан узунроқ сурадан кўра ҳам узунроқ бўлиб кетар эди[35].

وكان يقول: «يُقَالُ لِصَاحِبِ الْقُرْآنِ اقْرَأْ وَارْتَقِ وَرَتِّلْ كَمَا كُنْتَ تُرَتِّلُ فِي الدُّنْيَا فَإِنَّ مَنْزِلَكَ عِنْدَ آخِرِ آيَةٍ تَقْرَؤُهَا» (أبو داود والترمذي وصححه).

Айтган эдилар: «Қуръон соҳибига: Ўқи ва юксал, дунёда тиловат қилганинг каби тиловат қил, сенинг манзилатинг ўзинг ўқиган охирги оят олдидадир, дейилгай.»[36]

Чўзиш ҳарфлари келганида қироатларини чўзар, «Бисмилла-а-ҳи»да чўзар, «Арроҳма-а-ни»да чўзар, «Арроҳи-и-ми»да чўзар[37], «Нази-и-д»[38] ва шу кабиларда чўзар эдилар.

Юқорида айтилганидек, оятларнинг охирларида тўхтар эдилар.

Қуръонни гўзал овоз билан ўқишга буюриб айтганлар:

«زَيِّنُوا الْقُرْآنَ بِأَصْوَاتِكُمْ [فَإِنَّ الصَّوْتَ الْحَسَنَ يَزِيدُ الْقُرْآنَ حُسْنًا]» (البخاري).

«Қуръонни овозларингиз билан зийнатлангиз! [Чунки чиройли овоз Қуръонни яна-да гўзал қилади.] [39]

ويقول: «إِنَّ مِنْ أَحْسَنِ النَّاسِ صَوْتًا بِالْقُرْآنِ الَّذِي إِذَا سَمِعْتُمُوهُ يَقْرَأُ حَسِبْتُمُوهُ يَخْشَى اللهَ» (صحيح).

Яна айтганлар: «Қуръонни чиройли овозда ўқийдиган киши шундай кишики, қироат қилаётганини эшитсаларингиз, уни Аллоҳдан қўрқади, деб ўйлайсизлар.»[40]

Қуръонни майин ва ғамгин овоз билан қироат қилишга буюриб айтганлар:

تَعَلَّمُوا كِتَابَ اللَّهِ تَعَالَى وَتَعَاهَدُوهُ وَاقْتَنُوهُ وَتَغَنَّوْا بِهِ فَوَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لَهُوَ أَشَدُّ تَفَلُّتًا مِنْ الْمَخَاضِ فِي الْعُقُلِ (الدارمي وأحمد بسند صحيح)

«Аллоҳнинг Китобини (ёдлаб, фаҳмлаб) таълим олингиз ва бот-бот ўқингиз, уни майин ва ғамгин овоз билан тиловат қилингиз. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, у арқонидан бўшалиб кетган ҳомиладор туядан кўра ҳам қочувчироқдир.»[41]

ويقول: «لَيْسَ مِنَّا مَنْ لَمْ يَتَغَنَّ بِالْقُرْآنِ» (أبو داود وصححه الحاكم)

Яна айтганлар: «Қуръонни майин ва ғамгин овоз билан ўқимаган киши биздан эмас.»[42]

«مَا أَذِنَ اللَّهُ لِشَيْءٍ مَا أَذِنَ لِنَبِيٍّ [حَسَنِ الصَّوْتِ] يَتَغَنَّى بِالْقُرْآنِ [يَجْهَرُ بِهِ]» (البخاري ومسلم).

«Аллоҳ таоло ҳеч бир нарсани ширали овоз билан, овозини чиқариб Қуръонни майин тиловат қилаётган пайғамбарни тинглаганидек тингламагандир.»[43]

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга хитобан айтдилар:

«لَوْ رَأَيْتَنِي وَأَنَا أَسْتَمِعُ لِقِرَاءَتِكَ الْبَارِحَةَ لَقَدْ أُوتِيتَ مِزْمَارًا مِنْ مَزَامِيرِ آلِ دَاوُدَ» (البخاري ومسلم).

«Ўтган кеча сизнинг қироатингизга қулоқ солиб турганимдаги ҳолатимни кўрсангиз эди! Дарҳақиқат, сизга Довуд оиласининг гўзал овозларидан бир овоз берилган.» [Абу Мусо дедилар: «Сизнинг қулоқ солганингизни билганимда, яна-да чиройлироқ қилган бўлардим.[44]»]

Имомга луқма бериш

Имом қироатда адашиб қолса, унга луқма бериш суннатдир.

وَ صَلَّى صَلاةً فَقَرَأَ فِيهَا فَلُبِسَ عَلَيْهِ فَلَمَّا انْصَرَفَ قَالَ لأُبَيٍّ: أَصَلَّيْتَ مَعَنَا؟ قَالَ: نَعَمْ قَالَ: فَمَا مَنَعَكَ [أَنْ تَفْتَحَ عَلَيَّ]؟ (أبو داود وابن حبان والطبراني)

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир намозларида қироат қила туриб, адашиб қолдилар. Намозларини тугатганларидан кейин, Убай розияллоҳу анҳуга: «Биз билан намоз ўқидингизми?» дедилар. «Ҳа» деган эди, «Унда [менга луқма беришдан] сизни нима ман қилди?!» дедилар[45].

Намозда васвасани даф қилиш учун аллоҳдан паноҳ тилаш ва туфлаш

أَنَّ عُثْمَانَ بْنَ أَبِي الْعَاصِ أَتَى النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنَّ الشَّيْطَانَ قَدْ حَالَ بَيْنِي وَبَيْنَ صَلاتِي وَقِرَاءَتِي يَلْبِسُهَا عَلَيَّ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «ذَاكَ شَيْطَانٌ يُقَالُ لَهُ خَنْزَبٌ فَإِذَا أَحْسَسْتَهُ فَتَعَوَّذْ بِاللَّهِ مِنْهُ وَاتْفِلْ عَلَى يَسَارِكَ ثَلاثًا» قَالَ فَفَعَلْتُ ذَلِكَ فَأَذْهَبَهُ اللَّهُ عَنِّي. (مسلم وأحمد)

Усмон ибн Абил-Ос розияллоҳу анҳу: «Ё Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, шайтон мен билан намоз ва қироатим ўртасига ғов бўлиб, уни чалкаштириб юборяпти», деди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бу «Ханзаб» исмли шайтондир. Агар уни сезиб қолсангиз, Аллоҳдан паноҳ тиланг ва чап тарафингизга уч маротаба туфланг!». Усмон айтади: «Шундай қилган эдим, Аллоҳ мендан уни кетказди».[46]

Рукуъ

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қироат қилиб бўлгач бир оз сукут қилар[47], сўнг «Такбири таҳрима»да қилганларидек қўлларини кўтариб[48], такбир айтиб[49], рукуъга борар эдилар[50].

Намозини нуқсонли қилган кишини ҳам шунга буюриб, айтган эдилар:

إ«ِنَّهَا لَمْ تَتِمَّ صَلاةُ أَحَدِكُمْ حَتَّى يُسْبِغَ الْوُضُوءَ كَمَا أَمَرَهُ اللَّهُ ... ثُمَّ يُكَبِّرَ اللَّهَ وَيَحْمَدَهُ وَيُمَجِّدَهُ وَيَقْرَأَ مَا تَيَسَّرَ مِنْ الْقُرْآنِ مِمَّا عَلَّمَهُ اللَّهُ وَأَذِنَ لَهُ فِيهِ ثُمَّ يُكَبِّرَ وَيَرْكَعَ ...» (أبو داود والنسائي وصححه الحاكم).

«Ҳеч бир кишининг намози то у таҳоратини Аллоҳ буюрганидек мукаммал қилмагунича... сўнг такбир ва ҳамду-сано айтмагунича ва Аллоҳ унга билдирган Қуръондан ўзига муяссар бўлганича миқдорда қироат қилмагунича, сўнг такбир айтиб, рукуъ қилмагунича... мукаммал бўлмайди.»[51]

Рукуънинг кайфияти

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рукуъда кафтларини тиззаларига қўяр[52] ва бошқаларни ҳам шунга буюрар эдилар[53].

Қўлларини тиззаларига [худди чангаллагандек] жойлаштирар эдилар.[54]

Бармоқлари орасини очар эдилар[55]. Намозини нуқсонли қилган кишини ҳам шунга буюриб, айтган эдилар:

«إِذَا رَكَعْتَ فَضَعْ رَاحَتَيْكَ عَلَى رُكْبَتَيْكَ ثُمَّ فَرِّجْ بَيْنَ أَصَابِعِكَ ثُمَّ امْكُثْ حَتَّى يَأْخُذَ كُلُّ عُضْوٍ مَأْخَذَهُ» (ابن خزيمة وابن حبان في صحيحيهما).

«Рукуъ қилсанг, кафтларингни тиззаларингга қўй, сўнг бармоқларинг орасини оч, сўнг ҳар бир аъзо ўз ўрнига келгунича шу ҳолда тур.»[56]

Тирсакларини икки ёнларидан узоқлаштириб турар эдилар[57].

Рукуъ қилсалар, орқаларини бир текис ва баробар қилар эдилар. Ҳатто, орқаларига сув қуйилса эди, оқиб кетмасдан турган бўларди.[58]

Бошларини қуйи солмас ва кўтариб ҳам юбормас[59], балки ўртача ҳолда тутар эдилар[60].

Рукуъда хотиржамликнинг вожиблиги

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рукуъда хотиржам турардилар, юқорида айтилганидек, намозини нуқсонли қилган кишини ҳам шунга буюрганлар.

وَكَانَ يَقُولُ: «أَتِمُّوا الرُّكُوعَ وَالسُّجُودَ فَوَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ إِنِّي لأرَاكُمْ مِنْ بَعْدِ ظَهْرِي إِذَا مَا رَكَعْتُمْ وَإِذَا مَا سَجَدْتُمْ» (البخاري ومسلم).

Ва айтар эдилар: «Рукуъ ва сужудни мукаммал қилингиз. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, мен сизларни рукуъ қилган пайтингизда ҳам, сажда қилган пайтингизда ҳам ортимдан аниқ кўриб тураман.»[61]

Бир кишини намозда рукуъни мукаммал қилмаётганини ва қуш чўқигани каби сажда қилаётганини кўриб, дедилар:

«لوْ مَاتَ هَذَا عَلَى حَالِهِ هذِهِ مَاتَ عَلَى غَيْرِ مِلَّةِ مُحَمَّدٍ [يَنْقُرُ صَلاتَهُ كَمَا يَنْقُرُ الْغُرَابُ الدَّمَ] مَثَلُ الَّذِي لا يُتِمُّ رُكُوعَهُ وَيَنْقرُ فِي سُجُودِهِ مَثَلُ الْجَائِعِ الَّذِي يَأْكُلُ التَّمْرَةَ وَالتَّمْرَتَيْنِ لا يُغْنِيَانِ عَنْهُ شَيْئًا» (أبو يعلى في مسنده والبيهقي والطبراني وصححه ابن خزيمة).

«Бу одам шу ҳолида ўлиб кетса, Муҳаммаднинг динидан бошқа динда ўлади, [намозида қарға қон чўқиганидек чўқияпти,] рукусини тўла қилмайдиган ва саждасини қуш чўқиганидай қиладиган кишининг мисоли бир-икки дона хурмо еган, бироқ бу унинг очлигини кетказмаган қорни оч кишига ўхшайди».[62]

وَقَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: نَهَانِي خَلِيلِي صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ أَنْقُرَ فِي صَلاتِي نَقْرَ الدِّيكِ وَأَنْ أَلْتَفِتَ اِلْتِفَاتَ الثَّعْلَبِ وَأَنْ أُقْعِيَ كَإِقْعَاءِ الْقِرْدِ (حديث حسن).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: «Мени халилим (Росулуллоҳ) соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозимда хўрознинг чўқишидек чўқишдан, тулкининг қарашидек қарашдан ва маймуннинг (бир ривоятда: итнинг) чўккаллаб ўтиришидек чўккаллаб ўтиришдан қайтардилар.»[63]

وكان يقول: «أَسْوَأُ النَّاسِ سَرِقَةً الَّذِي يَسْرِقُ مِنْ صَلاتِهِ.» قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ وَكَيْفَ يَسْرِقُ مِنْ صَلاتِهِ؟ قَالَ: «لا يُتِمُّ رُكُوعَهَا وَسُجُودَهَا» (ابن أبي شيبة والطبراني وصححه الحاكم)

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Энг ёмон ўғри намозидан ўғирлайдиган кишидир» дедилар. У зотдан: «Қандай қилиб намозидан ўғирлайди», деб сўрашганда: «Рукуъ ва саждасини тўла қилмайди» деб жавоб бердилар.[64]

Намоз ўқир эканлар, кўзларининг қири билан рукуъ ва саждада белини тўғриламаётган бир кишига назар ташладилар. Намозларидан бурилгач:

«يَا مَعْشَرَ الْمُسْلِمِينَ إِنَّهُ لا صَلاةَ لِمَنْ لا يُقِيمُ صُلْبَهُ فِي الرُّكُوعِ وَالسُّجُودِ» (ابن أبي شيبة وابن ماجة وأحمد بسند صحيح)

«Эй мусулмонлар жамоати, рукуъ ва саждада(н кейин) белини тўғриламайдиган одамнинг намози намоз эмас» дедилар.[65]

Рукуъдаги зикрлар

Ушбу рукнда турли-туман зикр ва дуоларни қилар, гоҳ унисини, гоҳ бунисини ўқир эдилар:

سُبْحَانَ رَبِّيَ الْعَظِيم (ثَلاَثَ مَرَّاتٍ)

«Субҳана роббиял ази-и-м» «Улуғ Роббимни (айбу нуқсонлардан) поклайман!» деб уч марта айтар[66], баъзида бундан кўпроқ ҳам такрорлар эдилар.

Бир бор тунги намозларида ушбу тасбеҳни жуда кўп такрорладилар, ҳатто рукуълари қиёмларига яқин бўлди. Қиёмда учта узун сурани - «Бақара», «Оли Имрон», «Нисо»ни ўқиган, ораларида дуо ва истиғфорлар ҳам ўтган эди. Бу ҳақда тунги намозлари бобида айтиб ўтилди.

سُبْحَانَ رَبِّيَ الْعَظِيم وَبِحَمْدِهِ (ثَلاَثًا)

«Ҳамд айтишлик билан Улуғ Роббимни (айбу нуқсонлардан) поклайман» деб уч марта айтар эдилар.[67]

سُبُّوحٌ قُدُّوسٌ رَبُّ الْمَلاَئِكَةِ وَالرُّوحِ

«(Аллоҳ) ҳар қандай айбу нуқсондан Пок ва муқаддас Зотдир. Малоикалар ҳамда Руҳ-Жаброилнинг Парвардигоридир.»[68]

سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ رَبَّنَا وَبِحَمْدِكَ اَللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي

«Эй Аллоҳ! Сен (барча айбу нуқсондан) покдирсан. Эй Парвардигоримиз! Сенинг ҳамдинг билан тасбеҳ айтаман. Эй Аллоҳ! Мени мағфират этгин.» Қуръонда буюрилганларига мувофиқ, ушбу зикрни рукуъ ва саждаларида кўп айтар эдилар[69].

اللَّهُمَّ لَكَ رَكَعْتُ، وَبِكَ آمَنْتُ، وَلَكَ أَسْلَمْتُ، خَشَعَ لَكَ سَمْعِي، وَبَصَرِي، وَمُخِّي، وَعَظْمِي، وَعَصَبِي، وَمَا اسْتَقَلَّتَْ بِهِ قَدَمِي

«Эй Аллоҳим, Сенга рукуъ қилдим, Сенга иймон келтирдим, Сенга бўйсундим. Қулоғим, кўзим, миям, суягим, асабларим ҳамда оёғим устидаги (бутун жисмим) Сенга хушуъ қилди».[70]

اللَّهُمَّ لَكَ رَكَعْتُ، وَبِكَ آمَنْتُ، وَلَكَ أَسْلَمْتُ، وَعَلَيْكَ تَوَكَّلْتُ، أَنْتَ رَبِّي، خَشَعَ سَمْعِي، وَبَصَرِي، وَدَمِي، وَلَحْمِي، وَعَظْمِي، وَعَصَبِي لِلّهِ رَبِّ الْعالَمِينَ

«Эй Аллоҳим, Сенга рукуъ қилдим, Сенга иймон келтирдим, Сенга бўйсундим ва Сенга таваккул қилдим. Сен менинг Роббимсан. Қулоғим, кўзим, қоним, гўштим, суягим, асабларим бутун оламнинг Робби бўлган Аллоҳга хушуъ қилди.»[71]

سُبْحَانَ ذِي الْجَبَرُوتِ، وَالْمَلَكُوتِ، وَالكِبْرِيَاءِ، وَالْعَظَمَةِ

«Куч-қудрат, салтанат, киборлик ва улуғлик соҳиби (барча айбу нуқсондан) покдир.» Буни тунги намозларида айтганлар.[72]

Рукуъни узоқ қилиш

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рукуъларини, рукуъдан қад ростлаб туришларини, саждаларини ва икки сажда ўртасидаги ўтиришларини қарийб бир-бирига тенг қилар эдилар.[73]

Рукуъда қуръон ўқишдан қайтарганликлари

Рукуъ ва саждада Қуръон ўқишдан қайтарар эдилар.[74]

وكان يقول: «أَلا وَإِنِّي نُهِيتُ أَنْ أَقْرَأَ الْقُرْآنَ رَاكِعًا أَوْ سَاجِدًا فَأَمَّا الرُّكُوعُ فَعَظِّمُوا فِيهِ الرَّبَّ عَزَّ وَجَلَّ وَأَمَّا السُّجُودُ فَاجْتَهِدُوا فِي الدُّعَاءِ فَقَمِنٌ أَنْ يُسْتَجَابَ لَكُمْ» (مسلم وأبو عوانة).

Ва айтган эдилар: «Огоҳ бўлингиз, мен рукуъ ва сажда қилган ҳолда Қуръон ўқишдан қайтарилдим. Рукуъда Парвардигор азза ва жаллани улуғлангиз, саждада эса дуога жидди-жаҳд қилингиз, ижобат қилинишга лойиқ бўлурсиз.»[75]

[1] Муслим, Насоий ривоятлари

[2] Абу Яъло, Ҳоким ривоятлари. Етти узун сура – Бақара, Оли Имрон, Нисо, Моида, Анъом, Аъроф, Тавба сураларидир

[3] Абу Довуд, Насоий ривоятлари

[4] Муслим, Абу Довуд ривоятлари

[5] Бухорий, Муслим ривоятлари

[6] Насоий, Термизий ривоятлари

[7] Бухорий, Аҳмад ривояти

[8] Доримий, Саид ибн Мансур ривоятлари

[9] Аҳмад ривояти

[10] Доримий, Термизий ривоятлари

[11] Аҳмад, Ибн Ҳиббон ривоятлари

[12] Ибн Саъд ривояти

[13] Доримий, Ҳоким ривоятлари

[14] Аҳмад, Ибн Наср ривоятлари

[15] Доримий, Ҳоким ривоятлари

[16] Бухорий, Абу Довуд ривоятлари

[17] Аҳмад, Абу Довуд ривоятлари

[18] Муслим, Абу Довуд ривоятлари. Шу каби ҳадислардан тунларни давомий равишда ёки кўпинча намоз билан бедор ўтказиш макруҳ экани маълум бўлади. Чунки, бу суннатга зиддир. Агар туннинг ҳаммасини бедор ўтказиш афзал бўлса эди, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни асло қўлдан чиқармас эдилар. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ 40 йил мобайнида хуфтоннинг таҳорати билан бамдодни ўқиган эканликлари ҳақидаги ривоятлар у зот ҳақларида асоссиз гаплардандир. Аллома Ферузободий «Ар-родду алал-муътариз» китобларида айтадилар: «Бу гап имомга нисбатланиши лойиқ бўлмаган очиқ ёлғонлар жумласидандир. Зеро бу ишда деярли фазилат йўқ, бу каби улуғ имомга афзалроқ ишни қилиш муносиб бўлган бўлар эди. Ҳар бир намозга таҳоратни янгилаш афзалроқ ва комилроқ иш эканида шубҳа йўқ. Бу у кишининг 40 йил мобайнида тунларни бедор ўтказганлари ҳақидаги хабар тўғри бўлган тақдирдаги гап. Аслида эса бу маҳол бир иш ва баъзи жоҳил ва мутаассиб кимсаларнинг Абу Ҳанифа ва бошқа улуғ зотлар шаънларида тўқиган хурофот ва ёлғон гапларидандир.»

[19] Насоий, Аҳмад, Табароний, Термизий ривоятлари

[20] «Моида» сураси, 118-оят

[21] Насоий, Ибн Хузайма, Аҳмад, Ибн Наср, Ҳоким ривоятлари

[22] Аҳмад, Бухорий ривоятлари

[23] Насоий, Ҳоким ривоятлари

[24] Термизий, Абул Аббос ал-Асом, Ҳоким ривоятлари

[25] Насоий, Аҳмад ривоятлари

[26] Аҳмад, Ибн Наср ривоятлари

[27] Муслим, Абу Довуд ривоятлари

[28] Муслим, Абу Довуд ривоятлари

[29] Муслим, Абу Довуд ривоятлари

[30] Муслим, Абу Довуд ривоятлари

[31] Муслим, Абу Довуд ривоятлари

[32] Бухорий, Абу Довуд. Насоий, Ибнул Жоруд ривоятлари

[33] Насоий, Таҳовий ривоятлари

[34] Ибн Муборак, Абу Довуд, Аҳмад ривоятлари

[35] Муслим, Молик ривоятлари

[36] Абу Довуд, Термизий ривоятлари

[37] Бухорий, Абу Довуд ривоятлари

[38] Бухорий «Афъалул-ибад»да ривоят қилган

[39] Бухорий, Абу Довуд, Ҳоким, Доримий, Розий ривоятлари

[40] Ибн Муборак «Зуҳд»да, Доримий, Ибн Наср, Табароний, Абу Нуъайм

[41] Доримий, Аҳмад ривоятлари

[42] Абу Довуд, Ҳоким ривоятлари

[43] Бухорий, Муслим, Таҳовий ривоятлари

[44] Абдурраззоқ «Амолий»да, Бухорий, Муслим, Ҳоким ривоятлари

[45] Абу Довуд, Ибн Ҳиббон, Табароний, Ибн Асокир, Зиё ривоятлари

[46] Муслим, Аҳмад ривоятлари

[47] Абу Довуд, Ҳоким ривоятлари

[48] Бухорий, Муслим ривоятлари. Ушбу қўл кўтаришлари у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан мутавотирдир. Рукуъдан турган пайтдагиси ҳам шундай. Бу уч имомнинг ва бошқа кўплаб фақиҳ ва муҳаддис уламоларнинг мазҳабларидир. Айрим ҳанафий уламолар, жумладан, Исом ибн Юсуф, Абу Исмат ал-Балхий (Имом Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари) ҳам шуни ихтиёр этганлар

[49] Бухорий, Муслим ривоятлари

[50] Бухорий, Муслим ривоятлари

[51] Абу Довуд, Насоий, Ҳоким ривоятлари

[52] Бухорий, Абу Довуд ривоятлари

[53] Бухорий, Муслим ривоятлари

[54] Бухорий, Абу Довуд ривоятлари

[55] Ҳоким ривояти, саҳиҳ

[56] Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ривоятлари

[57] Термизий, Ибн Хузайма ривоятлари

[58] Табароний, Ибн Можа ривоятлари

[59] Абу Довуд, Бухорий ривоятлари

[60] Муслим, Абу Авона ривоятлари

[61] Бухорий, Муслим ривоятлари

[62] Абу Яъло, Ожирий, Байҳақий, Зиё, Ибн Асокир, Ибн Хузайма, Табароний ривоятлари

[63] Таёлисий, Аҳмад, Ибн Абу Шайба ривоятлари

[64] Ибн Абу Шайба, Табароний, Ҳоким ривоятлари

[65] Ибн Абу Шайба, Аҳмад, Ибн Можа ривоятлари

[66] Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Можа, Дорақутний, Таҳовий, Баззор

[67] Аҳмад, Абу Довуд, Дорақутний, Табароний, Байҳақий

[68] Муслим ва Абу Авона ривоятлари

[69] Бухорий ва Муслим ривояти. Яъни, бу билан «Наср» сурасидаги: «Парвардигорингизга ҳамд айтиш билан (У зотни ҳар қандай “шерик”лардан) покланг ва Ундан мағфират сўранг!» оятига амал қилар эдилар

[70] Муслим, Абу Авона, Таҳовий, Дорақутний ривоятлари

[71] Насоий ривояти

[72] Абу Довуд, Насоий ва Аҳмад ривоятлари

[73] Бухорий ва Муслим ривоятлари

[74] Муслим ва Абу Авона ривоятлари

[75] Муслим ва Абу Авона ривоятлари.