асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Рамазон ойининг фазилатлари, унга доир ҳукмлар, ундаги хатолар ва Рамазон сабоқлари6394 марта кўрилган Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Кўриниб интизор кутилган ҳилол, Кириб келди мана қутлуғ Рамазон. Раҳмат булоқлари жўшгайдир зилол, Соқий бўлур унга Роббимиз Раҳмон. 1. Рамазон ойининг фазилатлариМаълумки, Рамазон ойи бошқа ойларда бўлмаган улуғ фазилатлари ва қатор хусусиятлари билан ажралиб туради. Қуйида уларнинг баъзиларини санаб ўтамиз: 1. Рамазон шундай қадрли ва ғанимат ойки, унда тутилган рўзанинг савобини бевосита Аллоҳ таолонинг Ўзи беради, унда қилинган умра савоби ҳаж савобига тенгдир. 2. Бу ойда мўмин бандаларнинг кичкина гуноҳлари ўз-ўзидан кечириб юборилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар катта гуноҳлардан сақланиб юрилса, беш вақт намоз, жума намози ўзидан кейинги жума намозигача, Рамазон келгуси Рамазон ойигача ўртада қилинган гуноҳлар учун каффорат бўлади».[1] «Ким Рамазон рўзасини фарзлигига иймон келтириб, савобини умид этиб тутадиган бўлса, унинг илгари қилган гуноҳлари албатта мағфират қилинади».[2] 3. Рамазонда шайтон ва жинларнинг ашаддийлари кишанланади. Дўзах қопқалари ёпилиб, Жаннат дарвозалари очилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазоннинг биринчи кунидан шайтонлар ва жинларнинг ашаддийлари кишанланади. Дўзах қопқалари ёпилиб, уларнинг биронтаси очилмайди. Жаннат дарвозалари очилиб, уларнинг биронтаси ёпилмайди. Бир фаришта: «Эй яхшилик талабгори, савоб ишларга кириш! Эй ёмонлик талабгори, гуноҳ ишлардан тийил!»,- деб нидо қилиб туради. Бу ойда яна Аллоҳ марҳамати билан дўзахдан қутулиш бордир. Бундай фазилатлар унинг ҳар бир кечасида мавжуддир».[3] 4. Унда минг ойдан кўра яхшироқ Қадр кечаси яширилган. Расулимиз соллаллоху алайхи ва саллам дедилар: «Лайлатул-Қадрни Рамазон ойининг охирги ўн кунлигидаги тоқ кечалардан изланглар».[4] 5. Бу ойнинг рўзаси билан машғул бўлган рўзадорнинг оғзидан келадиган нохуш ҳид Аллоҳнинг наздида мушкдан кўра яхшироқ ҳисобланади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «... Рўзадорнинг оғзидан келувчи нохуш ҳид Аллоҳ наздида мушкдан кўра яхшироқдир...».[5] 6. Аллоҳ таоло рўзадорлар учун тайёрлаб қўйган жаннатини ҳар куни қайта-қайта ясатиб туради. Ҳадиси Қудсийда айтилишича, Аллоҳ таоло рўзадорлар жаннатини зийнатлар билан тўлдиради ва унга қараб: «Бандаларим машаққат ва озорлардан қутулиб, сенинг ҳузурингга келишларига озгина қолди»,- дейди. 7. Фаришталар рўзадорлар ҳаққига то улар оғизларини очгунларича истиғфор айтиб турадилар. 8. Бу ой хайр-эҳсонлар ойидир. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдек зот бу ойда бошқа ойларга қараганда ҳам сахийроқ бўлиб кетардилар. Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилишича, «У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларнинг энг саховатлиси эдилар. Рамазонда, Жибрийл алайҳис-салом йўлиққан пайтда эса янада саховатлироқ бўлиб кетардилар». 9. Бу ой Қуръон тиловати, зикр ва истиғфор ойидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ойда Қуръонни тўлиқ ҳолда Жаброил алайҳис-салом назарларидан ўтказиб олар эдилар. Вафот топадиган йилларида эса Аллоҳнинг китобини бу улуғ фаришта назоратларидан икки марта ўтказиб олганлар. У зот Рамазон ойида Қуръон тиловатини кучайтириб, тунги намоздаги қироатларни узайтирар эдилар. Набий соллаллоху алайхи ва салламнинг йўлларини маҳкам ушлаган салаф уламолари бу ойда Қуръонни бир неча бор хатм қилиб чиқишарди. Улардан айримлари хатмни ҳар беш кунда тугатсалар, айримлари уч кунда хатм қилардилар. 10. Бу ой тунги намозлар, нафл ибодатлар ойи ҳамдир. «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказиб чиқардилар. Қачон унинг охирги ўн кунлиги келса, оила аъзоларини ҳамда намозга кучи етадиган каттаю кичикни уйғотардилар».[6] Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйда ўқийдиган нафл ибодатларини Рамазонда масжидга чиқиб, жамоа кўз ўнгида уч кун мобайнида ўқиганлари у зотнинг бу ойдаги тунги намозларга кучли эътибор қаратганларидан дарак беради. Саҳобалар бу ойда у зотнинг нафл намозларга бўлган эътиборларини кўриб, уни ўзларига доимий одат қилиб олдилар. Бу яхши одат салафлар замонидан то ҳозирги кунгача етиб келмоқда. Бу тунги намозлар уламолар истилоҳида «таровиҳ» деб номланади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу намозни Бухорий ривоятига кўра 11 ракаат ўқиганлар. Сиз унинг узунлигию гўзаллиги ҳақида сўрамай қўяверинг. Ким таровиҳни шу кўринишда, яъни қироати, рукуъ ва саждаларини узоқ қилган ҳолда ўқиса, унга 11 ракаат ўқиш афзал бўлади. Аммо ким унда қироат, рукуъ ва саждаларни қисқароқ ва енгилроқ қилса, унда ракаатлар сонини кўпайтириши афзал. Шунинг учун ҳам салафлар ва улардан кейинги замонлардаги мусулмонлар бу намозни 20 ракаат, баъзи жойларда 36, 41 ракаат қилиб ўқишган. Бироқ кўп диёрларда таровиҳ 20 ракаат ўқилган. Абу Ҳанифа, Шофеъий, Аҳмад, Молик ва Довуд Аз-Зоҳирийлар таровиҳ намозини витрдан ташқари 20 ракаат ўқишни ихтиёр қилганлар. Имом Молик «Муватто»да Язид ибн Румон сўзларига асосланиб, шундай деганлар: «Одамлар Умар замонларида Рамазон ойида 23 ракаат ўқишар эди». Бу намозни ўқиш барча муслим ва муслима учун суннат ҳисобланади. Мусулмонлар ғофил қолиб, бу намозни ўтказиб юборишдан сақланишлари лозим. Чунки Рамазондаги нафл намозлар учун бериладиган улуғ савоблар бошқа ойларда бу қадар мўл-кўл бўлмайди. 2. Рамазон рўзасининг фарз қилинишиРамазон рўзаси Муҳаммад алайҳис-салом умматларига ҳижратнинг иккинчи йили Шаъбон ойининг душанба куни қуйидаги оят билан фарз қилинди: «Эй иймон келтирган инсонлар, тақволи бўлишингиз учун сизлардан илгаригиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди».[7] Рўзанинг фарзлигига Қуръоннинг ушбу оятидан ташқари суннат ҳам, ижмоъ ҳам гувоҳлик беради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ислом қуйидаги беш асос устига барпо қилинган: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси деб гувоҳлик бериш, намоз ўқиш, закот бериш, Байтуллоҳни ҳаж-зиёрат килиш ва рўза тутиш».[8] Бу умматнинг салафлари ҳам, халафлари ҳам Рамазон рўзасининг фарз эканлигини билиттифоқ тасдиқ қилганлар. 3. Рамазон ойининг кирганлиги қандай аниқланади?Рамазон ойи кирганлиги икки хил йўл билан аниқланади: 1. Янги ой, яъни ҳилолни кўриш. 2. Шаъбон ойини тўлиқ ўттиз кун қилиб ўтказиш. Рамазон ойи бошланди, деб ҳисоб қилиниши учун янги ойни кўриш асосий ҳужжатдир. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ойни кўриб рўза тутинглар, ойни кўриб рўзадан чиқинглар. Агар ой кўринмаса, Шаъбонни ўттиз кун қилиб тўлиқ ўтказинглар»,- деганлар.[9] Демак, қачон Рамазон ойининг ҳилоли кўринса, мусулмонлар учун рўза тутиш фарз бўлади. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар ойни кўрсангиз бас, рўза тутингиз...»,- деганлар.[10] Ойнинг чиқиш-ботишини кузатиб бориш, Рамазон ойининг ҳилолини кўриш фарзи кифоя амалдир. Ойни маълум ададдаги одамларнинг кўриши қолганлар учун кифоя қилади. Лекин ойни кўриш неча киши билан собит бўлиши борасида уламолар турлича фикр билдирганлар. Айримлари «Агар бир адолатли киши ойни кўрса, шунинг гувоҳлиги билан ой собит бўлади», яъни Рамазон бошланган ҳисобланади десалар, бошқалари икки адолатли кишининг сўзи билан ой собит бўлади, деганлар. Бир гуруҳ ҳанафий олимлар эса: «Агар кун очиқ бўлса, ой бир гуруҳ кишиларнинг гувоҳлиги билан собит бўлади, агар кун булутли бўлса, адолатли бир кишининг ойни кўрганлиги ҳам кифоя қилади»,- дейишган. Кўпчилик аҳли илм наздида мақбул сўз бўйича, рўза ойи балоғатга етган, оқил, икки кўзи соғлом, адолатли бир мусулмоннинг гувоҳлиги билан ҳам собит бўлади. Ибн Умар айтадилар: «Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, Рамазон ҳилолини кўрганлигимни маълум қилдим. Шунда у зот ўзлари рўза тутиб, қолганларни ҳам рўза тутишга буюрдилар».[11] Агар Рамазон ҳилоли бирон сабаб туфайли кўринмай қолса, Шаъбон ўттиз кун қилиб тўлиқ ўтказилади. Бунда ҳавонинг очиқ ёки булутли бўлиши аҳамиятсиздир. Шаъбон ойи 30 кун бўлгандан сўнг унинг эртасига рўза тутиш қатъий фарз бўлаверади. Фақат Шаъбоннинг қачон бошланганлиги аниқ бўлиши керак. Ойни кўрмасдан ёки Шаъбондан ўттиз кунни ўтказмай туриб, шубҳа билан бир ёки икки кун илгари рўза тутишни бошлаб юбориш ҳадисларда қайтарилган. Айрим уламолар уни макруҳ десалар, айримлари ҳаром дейишган. 4. Рўза тутиш кимларга фарз эмас?Маълумки, Рамазон рўзаси ҳар бир болиғ, оқил, соғлом, муқим (сафарда бўлмаган) мусулмон эркак ва аёлга фарздир. Бундан балоғат ёшига етмаган бола, ақлини йўқотган мажнун, ҳушдан кетган кимса, касалга чалиниб рўза тутолмайдиган киши, рўза тутишга мадори йўқ кексалар, сафардаги мусофир, ҳайз ёки нифос кўрган аёл, ҳомиладор ёки эмизикли жувон истиснодир. Шариат улар учун рўза тутмасликка рухсат этади. Балоғатга етмаган бола, ақл-ҳушини йўқотган киши ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Уч тоифа инсондан қалам кўтарилган: ақлини йўқотган кимса, то ақли жойига келгунича, уйқуда ётган инсон то уйғонгунча, ёш бола то балоғат ёшига етгунча гуноҳ-савобдан фориғдир».[12] Агар Рамазон ичида ёш бола балоғатга етиб қолса ёки ақлини йўқотган киши тузалиб қолса, шу пайтдан эътиборан рўза тутишни бошлайди. Улар учун ўтиб кетган кунларнинг рўзасини тутиб бериш лозим бўлмайди. Касалга чалинган киши эса ўз ҳолатига қарайди. Агар рўза тутса, дарди янада кучаядиган ёки тузалиши орқага суриладиган бўлса, рўза тутмайди. Қолиб кетган кунларнинг рўзасини тузалганидан кейин тутиб беради. Агар бемор рўза тутса қийналиб қолмайдиган, рўза сабабли дарди зўрайиб кетмайдиган бўлса, рўзасини тутаверади. Аммо у қанд, саратон каби тузалиши умид этилмайдиган дардга чалинган бўлса, унда Рамазоннинг ҳар бир куни учун бир мискинга бир мудд буғдой фидя беради. Фидя тафсилоти ҳақида иншоаллоҳ, қуйироқда тўхталиб ўтамиз. Кексалар агар рўза тутишга қийналсалар, Рамазоннинг ҳар бир куни учун бир мискиннинг қорни тўядиган даражада фидя берадилар. Шунда улар рўза тутганлик савобини оладилар. Мусофир одам рўза тутиш ёки тутмасликда ихтиёрлидир. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда рўза тутган саҳобаларга ҳам, тутмаганларга ҳам индамаганлар. Мусофир учун қайси бири енгил бўлса, ўшани қилиш афзал. Агар унга рўза тутиш қийин бўлса, рўза тутмагани афзалдир. Қазосини кейин, муқим бўлганда тутиб беради. Лекин у қийналса ҳам рўза тутмоқчи бўлса, бу ҳам жоиз. Бироқ қийналиб қолган пайтда рўза тутмасликка бўлган рухсатни танлаш афзалдир. Чунки, Аллоҳ қатъий буйруқлари бажарилишини хуш кўрганидек, Ўзининг рухсатларини олинишини ҳам яхши кўради. Агар инсоннинг сафарда рўза тутмай юриб, кейин унинг қазосини тутиб бериши қийин бўлса ва бундан кўра сафарда рўза тутгани осонроқ туюлса, бу ҳолда сафарда рўза тутиши афзал ҳисобланади. Зеро, қийналмайдиган мусофир учун сафарда рўза тутиш афзал эканлигига жумҳур уламолар иттифоқ қилишган. Улар ичида Абу Ҳанифа, Молик ва Шофеъий ҳам борлар. Бу ерда бир нарсани айтиб ўтиш керак. Сафар қаср намози ўқиладиган масофага қилинсагина, рўза тутмасликка рухсат этилади. Бундан ташқари сафар қилишдан мақсад рўза тутишдан қутулиш учун бўлмаслиги керак. Ким шу мақсадда сафарга чиқса унга рўзани очишга рухсат этилмайди. Рўза унга худди муқимга фарз бўлгандек фарз бўлиб тураверади. Ҳайз ёки нифос кўрган аёлга келсак, унинг рўза тутиши ҳаром саналади. Ким ҳайз ва нифос пайтида ҳукмини била туриб, рўза тутса, рўзаси ботил, ўзи эса гуноҳкор бўлади. Зеро, шариатда ҳайзли ва нифосли аёл покланиб, ғусл қилмагунича, унинг рўза тутиши ҳам, намоз ўқиши ҳам ман қилинган. Покланганидан сўнг рўзанинг қазосини тутиб беради, намознинг қазосини ўқимайди. Ҳомиладор ёки эмизикли аёл рўза туфайли ўзига, ҳомиласига ёки чақалоғига зарар етишидан қўрқса, рўза тутмайди. Бу узрлардан қачон холи бўлиб, рўза тутиш имкониятига эга бўлса, ўшанда рўзанинг қазоларини тутиб беради. «Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискинга таом бериш фидяси вожибдир».[13] Фидя деганда бир мискиннинг қорнини тўйдирадиган миқдордаги таом тушунилади. Бу шариатда бир мудд буғдой ёки шу миқдордаги маҳаллий халқ истеъмол қиладиган таом (гуруч, хурмо кабилар) деб белгиланган. Бу ерда муҳим бир нарсани айтиб ўтиш лозим. Мусулмон киши Рамазон рўзасидан узрли сабаблар билан қолиб кетган кунларини, шу узрлар йўқолгандан сўнг тезроқ тутиб беришга шошилмоғи даркор. Зеро, бу унинг учун мустаҳаб, савобли иш ҳисобланади. Шунда у зиммасидаги қарздан холис бўлиб, Аллоҳ олдидаги ҳижолатдан тезроқ қутулади. Қазо рўзаларини кетма-кет тутиш шарт қилинмаган. Бўлиб-бўлиб тутса ҳам бўлади. Агар у қазоларини кейинги Рамазон келгунига қадар тутиб олса, аъло иш қилган бўлади. Чунки саҳобалар қазоларини кейинги Рамазонгача ўтаб қўяр эдилар. Мисол учун Оиша онамиз қолиб кетган кунлар қазосини кейинги Рамазон келишидан бир ой олдин - Шаъбонда тугатиб олар эдилар. Агар инсон бепарво бўлиб ҳеч қандай узрсиз қазо рўзаларини кейинги Рамазонгача ҳам тутмаган бўлса, баъзи аҳли илмлар сўзи бўйича, ҳам қазоларини тутади, ҳам ўша кунлари учун бир мискинни таомлантиради. Ким бўйнида қазоси бўлгани ҳолда вафот топиб кетса, унинг валийси қазоларини ўтаб қўяди. Бу валийсига вожиб эмас, балки мустаҳабдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким бўйнида рўзаси бўлган ҳолда вафот этса, унинг ўрнига валийси рўза тутади».[14] Бир саҳобий Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Онам бўйниларида бир ойлик рўзалари бўлгани ҳолда вафот этдилар, ўрниларга мен рўза тутиб берсам бўладими?»,- деб сўради. Шунда у зот: «Ҳа, Аллоҳнинг қарзи ўтаб қўйишликка ҳақлироқдир»,- дедилар.[15] Валийси деб ота, амаки, ака-ука ва бошқа яқинларига айтилади. Агар вафот этувчининг 30 кун қазо рўзаси бўлса, 30 та валийси бирлашиб қазосини биргалашиб бир кунда ўтаб қўйишлари ҳам мумкин. 5. Рўза арконлариРўзанинг арконлари, бу унинг саҳиҳ бўлиш шартларидир. Арконлардан биронтасини бажармаслик рўзанинг бузилишига олиб келади. Улар қуйидагилардир: 1. Ният. Бу қалбнинг Аллоҳга бўйсуниш ёки унга яқинлашиш мақсади билан рўза тутишга азму қарор қилишидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Амаллар ниятларга боғлиқдир»,- деганлар.[16] Агар одам фарз рўзасини тутмоқчи бўлса, у субҳ яъни, тонг кирмасидан олдин ният қилиши фарз. Тонг киргандан сўнг ният қилиши тўғри бўлмайди. Агар бир киши нафл рўза тутмоқчи бўлса, унда тонг кириб, қуёш кўтарилгандан кейин ҳам ният қилиши жоиздир. Оиша онамиз ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бири куни ҳужрамга кириб: «Бирон егулик борми?»,- деб сўрадилар. Мен: «Йўқ»,- дедим. Шунда у зот: «Бўлмаса, мен рўзадорман»,- дедилар».[17] 2. Тийилиш. Бу ерда кундуз куни еб-ичишдан ва аҳлига яқинлик қилишдан тийилиш назарда тутилади. Рўзадор одам учун субҳ-тонг киргандан сўнг то қуёш ботгунича бу уч нарсадан тийилиш фарз бўлади. Кун ботгандан тонггача эса еб-ичиш ҳам, жинсий алоқа ҳам жоиздир. Зеро Аллоҳ: «Сизларга рўза кечасида хотинларингизга қўшилиш ҳалол қилинди»,- деган.[18] 3. Вақтга риоя қилиш. Вақтдан мурод тонг киришидан то қуёш ботгунга қадар давом этадиган муддатдир. Агар киши кечаси рўза тутиб, кундузи оғзи очиқ юрса, рўзаси қабул қилинмайди. Чунки Аллоҳ таоло рўзанинг аввали ва охирини белгилаб қўйган: «Тонггача, субҳ содиқ бўлгунча еб-ичаверинглар. Сўнг рўзани кечгача мукаммал қилингиз».[19] 6. Рўзанинг суннат ва мустаҳаблари1. Саҳарлик қилиш. Ундан мурод саҳар пайти туриб кундузи рўза тутиш ниятида еб-ичишдир. Ибн Мунзир саҳарлик қилиш суннат эканига олимлар иттифоқ қилганларини айтган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳарлик қилмасдан узлуксиз (ўткарма) рўза тутганликлари унинг вожиблигини билдирмайди. Саҳарлик қилиш билан мўминлар аҳли китоблардан фарқланиб турадилар. Саҳарликнинг энг ками бирон нарса еб олишликдир. Ҳеч бўлмаса бир қултум сув ичиб олинса ҳам, саҳарлик қилган ҳисобланади. «Саҳарлик қилингиз. Албатта саҳарликда барака бордир»,- деганлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам.[20] 2. Саҳарликни тонгга яқин қилиш. Саҳарликни туннинг охирги вақтигача яъни, тонггача олиб бориш мустаҳабдир. Саҳарлик вақти субҳ киришидан бир неча дақиқа олдин тугайди. Зайд ибн Собит айтадилар: «Биз Расулуллоҳ билан саҳарлик қилдик. Сўнг у зот намозга турдилар. Мен: «Саҳарлик билан азон орасида қанча вақт бор?»,- деб сўрадим. У зот: «Эллик оят миқдорича»,- дедилар.[21] Бу ҳақда келган ҳадисларнинг барчаси саҳиҳ ва мутавотирдир. Саҳарлик қанчалик қанчалик тонгга яқин қилинса, шунчалик афзал бўлади. Агар муаззин субҳи содиқ кириши билан азон айтадиган бўлса азонгача кечиктиришнинг зарари йўқ. Кечроқ саҳарлик қилган киши кўпроқ ажр олади, кундузи ҳам тўқроқ юради. Еб-ичиб ўтирган киши тонг кириб қолганини сезиб қолса, еб-ичишни тўхтатади ва рўзасини тутаверади. Вақт жуда кам қолганини била туриб, ўзини ғафлатга солиб еб-ичиб ўтириш узр бўлмай қолиши мумкин. Шунингдек, эҳтиёт юзасидан деб субҳи-содиқдан анча илгари, масалан бир ёки ярим соат олдин оғиз ёпиб олиш ҳам суннатга хилофдир. 3. Ифторни эртароқ қилиш. Бунинг маъноси, қуёш ботгани аниқ бўлганидан кейин дарҳол ифтор қилишдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай деганлар: «Одамлар ифторни эртароқ қилар эканлар мудом яхшиликда бўладилар».[22] Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сув билан бўлса ҳам оғиз очмагунларича шом намозини ўқимас эдилар».[23] 4. Оғизни ҳўл ёки қуруқ хурмо ёхуд сув билан очиш. Энг афзали ҳўл хурмодир, энг оддийси сувдир. Хурмо билан оғиз очганда ундан тоқ миқдорда учта, бешта ёки етти дона еб очиш мустаҳабдир. Анас ибн Молик айтадилар: «Расулуллоҳ намоз ўқишларидан олдин оғизларини хўл хурмо билан, агар у бўлмаса қуруқ хурмо билан, агар у ҳам бўлмаса, бир неча қултум сув билан очар эдилар».[24] 5. Ифтор маҳали дуо қилиш. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам оғиз очганларидан кейин шундай дуо қилар эдилар: {ذَهَبَ الظَّمَأُ وَابْتَلَّتِ العُروُقُ وَ ثَبَتَ اْلأَجْرُ إِنْ شَاءَ اللهُ}. «Заҳабаз-зомаъ, вабталлатил-уруқу ва сабатал-ажру ин ша Аллоҳ» «Чанқоқ қонди, томирлар ҳўлланди ва ажр собит бўлди, иншааллоҳ».[25] Ибн Умар розияллоҳу анҳу эса шундай дердилар: {أَللَّهُمَّ إنِّي أسْأَلُكَ بِِرَحْمَتِكَ الَّتي وَسِعَتْ كُلَّ شَيْءٍ أَنْ تَغْفِرَ لِي}. «Эй Аллоҳим, мен Сендан ҳамма нарсадан кенг бўлган раҳматинг билан сўрайманки, гуноҳларимни кечир».[26] [1] Муслим ривояти [2] Муттафақун алайҳи [3] Термизий ва Ҳоким ривояти [4] Бухорий ривояти [5] Бухорий ривояти [6] Муслим ривояти [7] «Бақара»- 183 [8] Муттафақун алайҳи [9] Муттафақун алайҳи [10] Муслим ривояти [11] Абу Довуд ривояти, саҳиҳ ҳадис [12] Аҳмад ва Абу Довуд ривояти, саҳиҳ [13] «Бақара»- 184 [14] Муттафақун алайҳи [15] Муттафақун алайҳи [16] Жамоат ривояти [17] Муслим ривояти [18] «Бақара»- 187 [19] «Бақара»- 187 [20] Муттафақун алайҳи [21] Муслим ривояти [22] Муттафақун алайҳи [23] Термизий ривояти, ҳасан ҳадис [24] Табароний ривояти [25] Бухорий ривояти [26] Ибн Можа ривояти, саҳиҳ ҳадис |