асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Қалблар имтиҳони4858 марта кўрилган Муаллиф: доктор Носир Сулаймон Умар Барча мақтовлар Аллоҳ таологагина хосдир. Биз Унга ҳамду санолар ва истиғфорлар айтиб, Ундан ёрдам ҳамда нафсимизнинг шумлиги ва ёмон амалларимиздан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кишини адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилгувчи йўқдир. Мен «Шериксиз ягона Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Унинг бандаси ва элчисидир» деб гувоҳлик бераман. (يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلا تَمُوتُنَّ إِلَّا وَأَنْتُمْ مُسْلِمُونَ) «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102). (يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُمْ مِنْ نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالاً كَثِيراً وَنِسَاءً وَاتَّقُوا اللَّهَ الَّذِي تَسَاءَلُونَ بِهِ وَالْأَرْحَامَ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلَيْكُمْ رَقِيباً) «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1). (يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَقُولُوا قَوْلاً سَدِيداً يُصْلِحْ لَكُمْ أَعْمَالَكُمْ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَمَنْ يُطِعِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزاً عَظِيماً) «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71). Қалблар қорайиб, иймон заифлашган, одамлар дунёга овора бўлиб, охиратни унутишган бир пайтда қалб, унга келадиган синовлар ва имтиҳонлар ҳақида сўз юритиш ўта аҳамиятлидир. Биз инсон қалби-юраги жарроҳлиги ҳақида талайгина янгиликлардан хабардормиз, юрак касалликларини даволаш ва ташхис қўйиш бўйича анча тараққиётга эришилганини, ҳатто хасталанган юрак ўрнига янги юрак кўчириб ўтказилаётганини эшитмоқдамиз, кўрмоқдамиз. Бироқ мен бу ерда қалбга азоб берувчи ҳиссий ва бошқа касалликлар ҳақида эмас, балки Аллоҳ сари юрар экан, қалбга кўндаланг бўладиган синов ва имтиҳонлар ҳақида, қалбнинг соғлом ёки носоғломлиги аломатлари, имтиҳон ва синов майдонлари ҳақида гапирмоқчиман. Мавзу давомида Аллоҳ ва Расулининг сўзларидан ҳужжатлар келтиришга катта эътибор бераман ин ша Аллоҳ. Аслида барча ишларимизни Қуръон ва Суннатдан олишимиз даркор. Бу билан қалб ҳақидаги гап енгил ва бепарво қараладиган мавзу эмаслигига эътибор қаратмоқчиман. Ҳеч ким қалбнинг қандай эканини уни яратган Холиқидан ва ваҳий юборилган зот - Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра яхшироқ билмайди: «(Ахир) яратган зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?!» (Мулк: 14); «Зеро У сирни ҳам, энг махфий нарсаларни ҳам билур» (Тоҳа: 7); «(Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (яъни қараш ҳаром қилинган нарсага ўғринча кўз ташлашни) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни ҳам билар» (Ғофир: 19); «Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган бир ваҳийдир» (Ван-нажм: 3, 4). Шуни ҳам таъкидлаб ўтмоқчиманки, айрим одамлар ёлғиз Аллоҳнинг Ўзигагина маълум бўлган қалб амалларини билишни даъво қилмоқдалар ва таъқиқланган ишлар билан шуғулланиб, асоссиз нарсаларни валдирамоқдалар: «(Эй инсон,) ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил - буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, эшитган, кўрган, ишонган ҳар бир нарсаси учун киши Қиёмат кунида жавоб беради)» (Исро: 36). Шундай экан, қалб сирларини ва ундаги нарсаларни қандай билишимиз мумкин: Маҳол ишга қўл уриш Гўё сувга ўт ёқиш... Нега қалб ҳақида?Қалб ҳақида гапириш ўзига хос аҳамият касб этиб, унинг бир неча сабаблари бор: Биринчи: Аллоҳ таоло қалбни тозалаш-поклашга буюрди. Ҳатто Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган рисолатнинг асосий мақсадларидан бири – одамларни поклаш эканини уқтирди ва ғоят муҳим бўлгани учун ҳам уларга буни Қуръон ва ҳикматни ўргатишдан муқаддам қўйди: «У (Аллоҳ) омийлар (яъни аҳли китоб бўлмаган илмсиз кишилар) орасига ўзларида бўлган, уларга (Қуръон) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб - Қуръон ва ҳикмат - ҳадисни ўргатадиган бир пайғамбарни (яъни Муҳаммад алайҳис-саломни) юборган зотдир..» (Жумъа: 2). Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ: «...кийимларингизни покланг!» (Муддассир: 4) оятининг тафсирида шундай деди: «Аввалги-ю кейинги муфассирлар «кийимлар» дан мақсад «қалб»дир, деганлар». («Амрозул-қулуб», 52). Аллоҳ таоло яҳудий ва мунофиқлар ҳақида шундай дейди: «Улар Аллоҳ кўнгилларини поклашни истамаган кимсалардир. Улар учун дунёда расволик, охиратда эса улуғ азоб бордир» (Моида: 41). Бу – қалб ҳақида юритилаётган гапнинг муҳим ва яққол сабабидир. Иккинчи: Қалб инсон ҳаётида йўлловчи, ундовчи, режалаштирувчи, бошқа аъзолар эса ижрочилик вазифасини бажарадилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтганлар: «Қалб – подшоҳ, (бошқа) аъзолар – лашкардир. Подшоҳ яхши бўлса лашкарлар ҳам яхши бўлади, ёмон бўлса лашкарлар ҳам ёмон бўлади» (ат-Туҳфатул-ироқийя). Учинчи: Бу мавзуда сўз юритиш боисларидан бири – кўплаб одамларнинг ўз қалбларидан ғафлатда эканларидир. Масалан, айрим толиби илмлар баъзи масалаларни анча чуқур ўрганадилар: «Ташаҳҳудда бармоқни қимирлатиш суннатми?! Уни қандай ва қачон қимирлатиш керак?!» ва ҳоказо. Булар ҳақида изланиш муҳим ва фойдали, албатта. Бироқ ундан кўра ҳам муҳимроқ бўлган қалб амаллари, ҳолатлари ва касалликлари ҳақида баҳс юритишни унутиб қўядилар. Тўртинчи: Одамлар, хусусан талабалар ўртасидаги аслида шаръий асосларга асосланмаган муаммоларнинг асосий сабабларидан бири – қалбларга етган касалликлардир. Бу муаммолар эгаларининг қалб ҳолатларини ва унга ўрнашган ҳасад, хиёнат, манмансираш, кибр, таҳқирлаш ва бадгумонлик каби касалликлар борлигини кўрсатади. Бу иллатларни йўқотиш учун ушбу қалбларни даволаш керак. Акс ҳолда сабаблари ортидан касаллик ҳам кўриниш бераверади. Жамият воқелигига, одамлар ўртасидаги келишмовчиликларга, ҳақ-ҳуқуқларга доир ва молиявий хусуматларга бир назар ташлашнинг ўзи сўзимизнинг нақадар тўғри эканини исботлаш учун кифоя. Бешинчи: Қалб соғломлиги ва холислиги – дунё ва охиратдаги бахт-саодат омилларидан биридир. Қалбнинг хиёнат, ҳасад, нафрат ва бошқа касалликлардан саломат бўлиши дунё ва охиратда хотиржамлик ва саодатга элтади: «У кунда на молу-давлат ва на бола-чақа фойда бермас. Магар Аллоҳ ҳузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)» (Шуаро: 88, 89). Кин ва иллатлардан холи, соғлом қалб берилган Абу Бакр розияллоҳу анҳу каби улуғ саҳобаларнинг ҳаётларига бир назар ташланг. Олтинчи: Имом Абдуллоҳ ибн Абу Жамра раҳимаҳуллоҳ айтади: «Олимлар ичида одамларга амалларидаги ният-мақсадларни ўргатиш билангина машғул бўладиган кишилар бўлишини истардим. Чунки кўп одамларга етган ёмонлик мана шуни (яъни ниятни) зое қилиш сабабли етган.» (Шайх Салмон Авданинг «Ният ҳақида» дарси; «ал-Мадхал либнил-Ҳожж»: 1/3). Имом бу сўзлари билан одамларга ишлардаги мақсадларини ўргатиш ҳамда амалларни бузадиган иллатлардан огоҳлантириш заруратини таъкидламоқда. Зеро, биз ҳадис, фиқҳ, тафсир, наҳв, фароиз-мерос илми ва бошқа фанларда моҳир бўлган ва уни одамларга етказаётган олимларни кўрмоқдамиз. Бироқ, биз қалб мақомотлари, ҳолатлари, амаллари, иллатлари ва даволари ҳақида чуқур билим эгаларига ва уларни одамларга ўргатиб, уларнинг мақсад ва ниятларини тузатадиган олимларга ҳам муҳтожмиз. Еттинчи: Аллоҳ таоло дунё ва охиратда қалб учун берган мақомлар. Аллоҳ ва Расулининг сўзларидан олинган қуйидаги оят ва ҳадислар бунга далил бўлади: 1 – Аллоҳ таоло пайғамбари Иброҳим алайҳиссалом тилидан шундай деди: «Ва (барча жонзот) қайта тириладиган Кунда мени шарманда қилмагин. У кунда молу-давлат ҳам, бола-чақа ҳам фойда бермас. Магар Аллоҳ ҳузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)» (Шуъаро: 87-89). Қиёмат кунида соғлом қалб билан келганларгина нажот топадилар. 2 – Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилидан шундай деди: «Жаннат тақводор зотларга йироқ бўлмаган (бир маконга) келтирилди (ва уларга дейилди): «Мана шу (неъматлар) сизларга – ҳар бир (Аллоҳга) қайтувчи, (ўз аҳдини) сақловчи (риоя қилувчи), Раҳмондан ғойибона қўрққан ва тавба-тазарру қилган дил билан келган кишиларга ваъда қилинаётган нарсалардир» (Қоф: 31-33). Қани тавба-тазарру қилган дил, қани унинг сифатлари?! 3 – Имом Муслим «Саҳиҳ»ида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни келтирган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ сизларнинг суратларингиз ва жисмларингизга қарамайди, балки қалбларингиз ва амалларингизга қарайди», дедилар. (Имом Муслим: 4/ 1987). 4 – Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ушбу ҳадис ривоят қилинган: «Огоҳ бўлинглар, танада бир парча гўшт борки, у тузалса тананинг ҳаммаси тузалади, агар бузилса тананинг ҳаммаси бузилади. Билингларки, у – қалбдир!» («Фатҳул-Борий»: 1/ 126; Имом Муслим: 3/ 1219). Ушбу ҳадис оқил инсонлар учун ваъз ва дашном бўлишга кифоядир. Саккизинчи: Қалбнинг иқрор ва тасдиқ каби сўзлари ҳамда қўрқув, умид, муҳаббат, таваккул ва хушуъ каби амаллари – аҳли суннат ва жамоат эътиқодида иймоннинг энг катта рукнларидан ҳисобланади. Уларнинг амалга ошмаслиги билан иймон мукаммаллиги кечикаверади. Мана, мунофиқлар шаҳодат калималарини тиллари билан талаффуз қиладилар, зоҳирий амалларида мусулмонлар билан биргадирлар, бироқ, иқрор ва тасдиқлари етишмагани боис «жаҳаннамнинг энг тубан жойида бўладилар. Ва улар учун бирон мададкор топа олмайсиз!» (Нисо: 145). Тўққизинчи: Кўп одамлар борки, бошқаларнинг мақсадларини изоҳлаш, ғаразли йўллар билан тушунтириш, зоҳирига боқмасдан қалбидаги ниятларидан хабар бериш каби Аллоҳдан бошқаси билмайдиган ишларга берилишни асосий мақсадларидан бирига айлантириб олишган. Ажабланарлиси, бундай ишларни қилишни баъзи одамлар заковат, фаросат, зийраклик дея атамоқдалар. Ҳолбуки, бу каби фаросат ношаръий фаросат ҳисобланади. Чунки биз, одамларнинг ички дунёларини Аллоҳга ҳавола қилиб, зоҳирий амалларига қараб баҳо беришга буюрилганмиз. Ўнинчи: Қалбнинг ўрни ва аҳамияти шундай экан, биз қалбимизга нисбатан нималар қилаётганимиз ва қалбларимиз бизга нисбатан нималар қилгани ҳақида бир оз тўхталиб ўтишимиз тўғри бўлмайдими?! Ҳа, дунё ва маишат ишлари билан машғулмиз. Озгина фурсатни ҳам зоҳирий ишларимиз учун сарф этмоқдамиз. Қалбига эътибор берган кишиларнинг сони ичимизда жуда ҳам оз. Шояд қалбнинг аҳамияти ва унинг инсон ҳаётига таъсири борасида юқорида эслатиб ўтганимиз сўзлар бизни қалбга қайтадан мурожаат этишга ва унга лойиқ бўлган даражада эътибор беришга чорласа. «Қалблар имтиҳони»нинг маъносиДўстлар, қалбларимиз эртаю-кеч, ҳаётимизнинг ҳар бир лаҳзасида имтиҳон остидадир. Биз буни биламизми? Ҳолбуки, битта хато шу қалбни ҳалок қилиши ёки ўша пайтдаги ишини барбод қилиши мумкин! Аллоҳ таоло айтди: «(Аллоҳ бу мағлубиятни) кўнгилларингиздаги нарсани (иймон ёки нифоқни) имтиҳон қилиш ва дилларингиздаги нарса (иймон)ни поклаш учун қилди. Аллоҳ дилларни эгаллаган сирларни билувчидир» (Оли Имрон: 154); «Албатта Аллоҳнинг пайғамбари ҳузурида овозларини паст қилган зотлар – ана ўшалар Аллоҳ қалбларини тақво учун имтиҳон қилган (яъни тақво имтиҳонидан ўтган) зотлардир. Улар учун мағфират ва улуғ ажр-мукофот бордир» (Ҳужурот: 3). Аллоҳ қалбларини имтиҳон қилган зотлар кимлар эди? Мазкур оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдида овозларини кўтарган икки буюк саҳоба – Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумолар ҳақида нозил бўлган эди. Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан нақл қилади: «Тамим қабиласидан бир гуруҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келишди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «(Ё расулуллоҳ), уларга Қаъқоъ ибн Маъбад ибн Зурорани амир қилиб тайинланг», деди. Умар розияллоҳу анҳу эса: «Ақраъ ибн Ҳобисни амир қилинг», деди. Шунда Абу Бакр: «Сиз менга хилоф қилмоқчи бўлдингиз!», деди. Умар: «Сизга хилоф қилмоқчи эмасдим!», деди. Икковлари тортиша бошлади ва овозлари кўтарилиб кетди. Шундан кейин: «Эй мўминлар, сизлар Аллоҳ ва Унинг пайғамбари олдида (яъни иккисининг изнисиз бирон сўз ёки ишга) қадам босманглар! Ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ эшитувчи, билувчидир» (Ҳужурот: 1) ояти нозил бўлди.» («Фатҳул-Борий»: 9/ 147). Ҳа, Исломда мужомала йўқдир: «Эй мўминлар, сизлар (пайғамбар билан сўзлашган пайтларингизда) овозларингизни пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бир-бирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқ-дағал сўз қилманглар!». Агар шундай қилинса натижа нима бўлади? «(токи қилган яхши) амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолларингизда ҳабата бўлиб кетмаслиги учун» (Ҳужурот: 2). Кўпчиликнинг наздида бу ҳолат шунчалик танбеҳга лойиқ эмасдек туюлади. Мазкур оятда таҳдид қилинган одамлар кимлар эди?! Абу Бакр розияллоҳу анҳу-ки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у ҳақида: «Агар умматим ичидан бирон кишини халил қилганимда, Абу Бакрни халил қилган бўлардим», деган эдилар («Фатҳул-Борий»: 1/ 558; имом Муслим: 4/ 1856). Умар розияллоҳу анҳу-ки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у ҳақида: «Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, кетаётган йўлингизда шайтон сизга йўлиқиб қолгудек бўлса, сизнинг йўлингиздан бошқа йўлдан кетади» деган эдилар («Фатҳул-Борий»: 6/ 339; имом Муслим: 4/ 1863). (Бу оят нозил бўлганидан сўнг) икковлари ҳам тавба-тазарру қилдилар, истиғфор айтдилар. Улардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга худди сирлашаётган одам каби паст овозда гапиришга қасам ичди. Шу ерда имтиҳоннинг натижаси чиқди: «Албатта Аллоҳнинг пайғамбари ҳузурида овозларини паст қилган зотлар – ана ўшалар Аллоҳ қалбларини тақво учун имтиҳон қилган (яъни тақво имтиҳонидан ўтган) зотлардир. Улар учун мағфират ва улуғ ажр-мукофот бордир» (Ҳужурот: 3). Яъни Аллоҳ уларнинг қалбларини тақво учун бўшатди ва қалбларида тақводан бошқа нарса учун ўрин қўймади, гўё қалблари тақво учунгина яралгандай бўлди». (Қаранг: Алусий, «Руҳул-маоний», Ҳужурот сурасининг тафсири). Бизнинг назаримизда Ислом умматининг энг афзал икки шахсияти ҳаётидан кичик бир манзара, икковлари тарафидан содир бўлган ғафлат учун кичик бир синов... Улар ҳақида шундай бўлган экан, биз ўз ҳолимиз ҳақида нима дея оламиз?! Ўзимиз сезмаган ҳолда қанча синовлардан йиқилдик экан?! Шу ерда мазкур оятнинг ҳайратомуз сири очилади: «сезмаган ҳолларингизда». Чунки баъзида инсон сезмаган ҳолда ўз амалларини зое қилиб қўйиши мумкин. Яъни, у бир ишни қиларкан, шу билан амали ҳабата бўлиб кетишини ўйлаб ҳам ўтирмайди, эътиборсизлиги ортидан ўз амалларини бекор қилиб юборади! Қанча-қанча сўз ва амаллар борки, ўз эгаларини улар сезмаган ҳолда ҳалокатга етказган! Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурида овозни кўтариш Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумодек инсонларнинг амалларини бекор қилиб ташлайдиган бўлса, ҳақиқат қаршисига овозларини кўтарган одамларнинг ҳоли нима кечаркин?! Ундайлар тоғут қонунларини Аллоҳ шариатидан афзал кўраётган, шайтон йўлида дўстлашиб, душманлашаётган кимсалардир! «Қалблар имтиҳони»нинг маъносини кенгроқ тушунтириш учун Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадис ҳақида фикр юритиб кўрайлик: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Фитналар қалбларга (бўйра тўқувчига) бўйра новдалари (бирма-бир берилгани) каби рўбарў бўлади. Қайси қалб уни қабул қилса унда битта қора нуқта пайдо бўлади. Қайси қалб уни рад этса унда оппоқ нуқта пайдо бўлади. Ҳатто қалблар икки турли қалбга айланади; бири оппоқ, силлиқ тош каби (метин) бўлиб, бу қалбга Еру Осмонлар мавжуд экан фитналар зарар бера олмайди. Иккинчи қалб эса тим қора бўлиб, тўнтарилган кўзадек, на яхшиликни билади ва на ёмонликни қайтаради. Фақатгина истакларига бўйинсунади» (Имом Муслим: 1/ 128, 129). Аллоҳ таоло қалбларимизни оқартирсин, гуноҳ, разолат ва шубҳалардан покласин. Мазкур ҳадисда «рўбарў бўлади» жумласи келгуси замон шаклида зикр қилинди. Бу – имтиҳон ва синовларнинг давомийлигига далилдир. Яъни, фитналар бирдан эмас, аста-аста келиб, қалбни қорайтириб юборади (Аллоҳ сақласин!) ёки Аллоҳ уни сақлайди, у имтиҳондан ўтади, модомики еру-осмонлар бўлар экан фитналар унга зарар бера олмайди. Шайхулислом ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ айтади: «Нафс туғён ва дунё ҳаётини афзал кўришга чорлайди. Аллоҳ таоло эса бандасини Ўзидан қўрқишга, нафсни майилликларидан тўсишга чорлайди. Қалб икки даъватчи ўртасидадир. Мана шу – фитна ва синов ўрнидир». МулоҳазаБу ерда бир муҳим мулоҳаза бор. Айрим даъватчи ва толиби илмлар имтиҳондан мақсад - қамоқ, қийноқ, асирлик, ўлим каби ҳиссий жазолар ёки одамлардан яккаланиб қолиш, сўзига қулоқ солинмаслик, масхара, мазах ва бошқа шу каби маънавий озорлар деб гумон қиладилар. Бу – имтиҳоннинг айрим қисмларинигина ўз ичига олган тушунча, холос. Чунки, энг ашаддий синов қалб синови ва имтиҳонидир. Тан жазоларига сабот билан тура олган, бироқ, қалб синовида йиқилган қанча-қанча инсонларни кўрдик! Шунинг учун ҳам, мустаҳкам билим эгалари Аллоҳ таолога: «Роббимиз, бизни ҳидоят қилганингдан кейин – энди дилларимизни ҳақ йўлдан оғдирма ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато эт! Албатта Сенгина барча яхшиликларни ато этувчисан!» (Оли Имрон сураси: 8) деб илтижо қилардилар. Қалблар имтиҳони ва имтиҳоннинг маънолари ҳақидаги муқаддимани қаттиқ огоҳлантиришни ўз ичига олган ва мўъминларга қаратилган ушбу раббоний чақириқ билан тугатмоқчимиз: «Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбари сизларни абадий ҳаёт берадиган нарсага (яъни, динга) даъват қилар экан, уни қабул қилинглар ва билингларки, шубҳасиз, Аллоҳ ҳар бир киши билан унинг қалби ўртасини эгаллаб турар ва шубҳасиз, Унинг ҳузурига тўпланасизлар» (Анфол: 24). Аллоҳ таолодан бизни Аллоҳ ва пайғамбарига ижобат қилишга муваффақ қилишини ва ёрдам беришини, қалбларимизни тирилтиришини, қалбларимиз билан гуноҳлар ўртасини тўсишини сўраймиз. Дарҳақиқат, У бунинг ҳожаси ва бунга қодирдир. |