асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Омонат3648 марта кўрилган Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин. Аммо баъд: Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз. Аллоҳдан амалларимизни холис ўзининг юзи учун қилишини сўраймиз. Омонат деганда нимани тушунилади.Умуман, омонат дейилганда ибодат кўзда тутилади. Буни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қуйидаги ояти каримада марҳамат қилган; «Албатта Биз бу омонатни (яъни шариати исломиядаги тоат-ибодатларни) осмонларга, ерга ва тоғу-тошларга кўндаланг-таклиф қилган эдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат у (ўзига) зулм қилувчи ва нодон эди.» (Аҳзоб:72.) Аллоҳ ушбу омонатни ўзининг энг улкан махлуқотларига; кенг осмонларга, улкан Ерга ва улуғвор азамат тоғларга таклиф қилди. Улар бу омонатни зиммаларига олмадилар. Ваҳоланки, бу махлуқотлар Аллоҳ амри қаршисида бўйин эгадилар, ўзларига юкланган нарсадан бўйин товламайдилар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу махлуқотларнинг ўз парвардигорларига мутеъ ва буюрилган ишларида итоаткор мусаххар эканларини айтган; «Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга юзланиб, унга ва Ерга «(Менинг амри-фармонимга) ихтиёран ёки мажбуран келинглар!» деган эди, улар : «ўз ихтиёримиз билан келдик» дедилар.» (Фуссилат:11.) Демак, еру-осмонлар ўз парвардигорига тўлиқ таслим бўлган ва улар нимага буюрилсалар, жомид (ҳаётсиз, жонсиз) махлуқот бўлсалар-да умуман итоатдан ташқари чиқмайдилар. Аллоҳ амрини Унинг хоҳиш-иродасига мувофиқ равишда барча нарсада адо қилишади. Агар Аллоҳ уларга ҳаракатни ёки ҳаракатсизликни буюрадиган бўлса ҳеч тўхталмасдан итоат этадилар. Улар Аллоҳ амрига ҳамиша бўйсинувчидирлар. «Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл» демоқлигидир.» (Ёсин:82.) Аллоҳ еру-осмонларни ва бошқа бутун мавжудотга идрок ва маърифат билиш қувватини берди. Улар нимага буюрилганларини ҳис қиладилар. Агар амр этилса, саждага бош қўядилар, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога тасбеҳ айтадилар. «Етти осмон, ер ва улардаги бор мавжудот (Аллоҳни) поклар.» (Исро:44.) «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз осмонлардаги ва ердаги бор мавжудот, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дов-дарахтлар ва (барча) жониворлар ҳамда кўпдан-кўп инсонлар (Ёлғиз) Аллоҳга сажда қилишини кўрмадингизми.» (Ҳаж:18.) Еру-осмонлардаги барча нарсалар; тоғлар, дарахтлар, юлдузлар, жонзотлар ва бошқа жамодот (жонсиз нарса) лар Аллоҳга сажда қилади. Аллоҳ уларга ўзларига муносиб ҳис-туйғу ва идрокни яратган. Улар ҳам сажда қиладилар, қўрқадилар. «... Зеро шундай тошлар борки, улардан дарёлар отилиб чиқади, яна шундайлари борки, ёрилиб, ичидан сув чиқади, яна шундайлари борки Аллоҳдан қўрққанидан пастга қулайди. ...» (Бақара:74.) Тоғлар ҳам Аллоҳ таолодан қўрқиб туради. Ояти каримада; «Агар Биз ушбу Қуръонни бирон тоғга нозил қилганимизда, албатта сиз у (тоғ)ни Аллоҳнинг қўрқувидан эгилиб ёрилиб кетган ҳолида кўрган бўлур эдингиз.» (Ҳашр:21.) Тоғлар ва бошқа мавжудотлар Аллоҳдан шунчалик қўрқишларига, унга шунчалар итоаткор бўлишларига қарамасдан мазкур омонатни ўз зиммасидан соқит қилдилар. Уни ўзларига оғир деб билдилар ва кўтаришдан бош тортдилар. Инсон ўзининг заифлигига қарамасдан уни ўз зиммасига олди! Энди бу омонатни адо этмоғи шарт. Агарда инсон бу омонатга хиёнат қилса ва бепарво бўлса Аллоҳ ҳузурида жавоб беради. Омонатни ташлаб қўйгани ва унга хиёнат қилгани учун азобга (мустаҳиқ) дучор бўлади. Хўш, энди биз бир-биримизга савол бериб кўрайликчи; Инсон зиммасига олган бу омонат нима ўзи? Омонат – мўминларнинг йўқотган нарсаси.Аллоҳ бандаларини мўминлар деб номлади. Мўмин мана шу омонатга хиёнат қилмайдиган, унга амал қиладиган ва уни маҳкам ушлайдиган кишидир. Омонат "амнун" яъни омонлик, бехавотирлик ёки иймон деган сўздан олинган. Омонатга хиёнат қилмайдиган киши ёки мўътаман-омонатдор дейилади. У омонатни ҳақиқий адо этгани учун омонат ва иймон аҳлидан, деб сифатланади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади; «Улар ўзларига ишонилган омонатларга ва (ўзларига) берган аҳду-паймонларига риоя қилувчи кишилардир.» (Мўминлар:8.) Бу ерда омонат, банданинг зиммасидаги Аллоҳнинг ҳақларини ва бандаларнинг ҳақларини ҳам ўз ичига олади. Аллоҳ мўминларни "риоя қилувчилар" яъни омонатни ҳақиқий адо этувчилар, деб сифатлади. Агар улар мана шу сифатга эга бўлсалар, Аллоҳ ўзининг қуйидаги оятида зикр қилган нажот топувчи бандалардан бўладилар. «Дарҳақиқат мўминлар нажот топдилар.» (Мўминлар:1) Инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам бу омонатни адо қилиши керак. Чунки, у Аллоҳ буюрган ҳақлардандир. Омонат қуйидаги оятда зикр этилган аҳд-паймондир; «Улар ўзларига ишонилган омонатларга ва (ўзгаларга) берган аҳду-паймонларига риоя қилувчи кишилардир.» (Мўминлар:8) Бу аҳду-паймонларга инсоннинг Рабби билан қилган аҳди ҳам, ўзга инсонлар билан қилган аҳд-паймонлари ҳам кириб кетади. Аллоҳ таоло аҳдни қуйидаги сўзи билан янада таъкидлироқ қилган; «Албатта, аҳд-паймон (қиёмат куни) у ҳақда сўроқка тутиладиган ишдир.» Яъни унинг вафоси ҳақида сўралади. Лекин, аҳдларнинг энг муҳими Аллоҳга берилган аҳддир. «Аҳд-паймон берган вақтларингизда, Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз!» (Наҳл:91.) Инсонларнинг зиммасига юклатилган энг улуғ омонат бу Аллоҳга берилган аҳддир. Ҳақиқий мўмин барча ҳолатда ушбу омонатга риоя қилади. Аммо иймони заиф кишиларни бу омонатга енгил-елпи қараётганини, уни тўла адо қилмаётганини кўрасиз. Бу аслида банданинг иймонидаги нуқсон-камчиликдир. Аллоҳнинг ҳам, инсонларнинг ҳам ҳақларига омонатдор бўлган, унга ҳақиқатан ич-ичидан боғланган ва қандай лозим бўлса худди шундай бу омонатни адо қилган ишончли, муслим киши бўлгани учун Аллоҳ бандасини мўмин деб атади. Мана шу одам мўмин ва аминдир. |