Жума 27 Декабрь 2024 | 25 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Нажот кемасидан қолиб кетманг (4)

2261 марта кўрилган

Ширкка олиб борувчи воситалар:

Кўздан ва бошқа нарсалардан сақланиш мақсадида тумор, кўзмунчоқ ва шунга ўхшаш нарсалар тақиб олиш. Агар бу нарсаларни фақат балони даф қилиш ё ундан сақланиш сабаби ва йўли деб эътиқод қилса, кичик ширк бўлади.

Аммо, агар бу нарсалар ўзи мустақил равишда балони даф қилади ё ундан сақлайди деб эътиқод қилса, катта ширк бўлади. Чунки, бу билан у Аллоҳдан бошқага боғланган ва Аллоҳдан бошқасини борлиқ ишлари тасарруфида Аллоҳга тенг қилган бўлди.

Тумор икки хил бўлади:

Бир хили Қуръон оятлари бўлиб, уларни бир бўлак матога ё терига ё тиллага ё бошқа нарсага ёздириб, тақиб юрилади. Бундай қилиш жоиз эмас. Чунки, на Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам, на саҳобалари бундай қилганлари айтилмаган.. Қолаверса, бу бошқача тумор осишга ҳам йўл очиб беради.

Иккинчи хил туморга Қуръон оятларидан бошқа нарсалар ёзилган бўлади. Масалан, жинларнинг номлари, сеҳргарларнинг рамзлари ва ҳоказо.. Бу ширкка олиб борувчи воситадир, Аллоҳ сақласин.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганлар: «Ким бир одамдан туморни узиб ташласа, гўё қул озод қилгандек бўлибди».

Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу бир кишининг қўлига мис ҳалқа тақиб олганини кўриб: - Нима бу? - деб сўрадилар.

У: – Ҳолсизликдан сақланиш учун, - деб жавоб берди.

– Ечиб ташла! Чунки, бу сенга ҳолсизликдан бошқа нарсани зиёда қилмайди. Агар шуни таққан ҳолда ўлиб кетсанг, асло нажот топмайсан, - дедилар.

* * *

Руқя (дам солиш), яъни беморга ўқиладиган зикр ва вирдлар ҳақида ҳам шунга яқин гап айтиш мумкин. Унинг ҳам жоизи ва ножоизи бор.

Аллоҳнинг каломи, исм ва сифатларидан ўқилса, жоиз бўлади. Масалан, «Фотиҳа» ва икки «қул аъувзу»ни ўқиб, беморга дам солиш ёки суннати набавияда келганидек дуо ва зикрлар ўқиш каби.

Аммо, жинларнинг исмларини такрорлаш ва ҳатто малоикалар, пайғамбарлар ва авлиёларнинг номларини такрорлаб айтиш Аллоҳдан бошқага дуо қилиш саналади ва катта ширк бўлади.

Руқянинг тўғри кўриниши – ўқиб, беморга дам солинади ёки сувга ўқиб, уни беморга ичирилади.

* * *

Ғайб илмини даъво қилиш ҳам ширк

Зеро ғайбни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: «Осмонлар ва ердаги бирон кимса ғайбни билмас, магар Аллоҳгина (билур)» (Намл: 65).

Ҳеч ким, ҳеч қачон ғайбни билолмайди. На муқарраб фаришта, на пайғамбар, на валий, на имом. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди.

Фақат Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига ғайбдан Ўзи истаган нарсани ваҳий қилиши мумкин. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кофирларнинг у кишига қиладиган макрларини, қиёмат аломатларини ва ҳоказоларни хабар бергани каби.

Кимда-ким кафт ва пиёладаги белгиларни ўқиш орқали, ё юлдузларга назар солиб, ё фолбинлик ва сеҳр орқали, хуллас қай усулда бўлмасин, ғайбни билишни даъво қилса, у ёлғончи ва кофирдир.

Тушириб қўйилган ё йўқолган нарсаларнинг хабарини бериш, айрим касалликлар сабабларини айтиб бериш каби ёлғончи ва кўзбўямачилар қиладиган ишлар жин ва шайтонларни ишга солиш орқали ҳосил бўлади.

Баъзи иймони заиф одамлар мунажжимларга бориб, ўзининг келажаги ё кимга уйланиши ҳақида сўрашади. Бундай қилиш ҳаром. Ким ғайбни билишни даъво қилса ёки шундай даъво қилган одамни тасдиқласа, у мушрик ва кофир бўлади.

Газета-журналларда чиқадиган мунажжим башоратлари, шунингдек, ғайбни билиш даъвосидаги кишиларга қўнғироқ қилиб, улардан айрим нарсаларни сўраш ҳам ҳаром, у ҳам айни шунга киради.

* * *

Сеҳргарлик, фолбинлик, башоратчилик ҳам ширкка олиб борувчи воситалардир

Сеҳр – азоимлар, ҳар хил дорилар ва тутатқилар бўлиб, аслида унинг ҳақиқати бор бўлади. У қалбларга ва баданларга таъсир қилади, касал қилиб қўяди, баъзан ўлимга ҳам олиб келади, киши билан аёли ўртасини ажратиб ташлайди.

У энг катта гуноҳлар жумласига киради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Еттита ҳалок қилувчи (гуноҳлар)дан сақланинглар!» «Ё Расулуллоҳ, улар қайсилар?», деб сўрадилар. «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, ноҳақ одам ўлдириш, судхўрлик, етимнинг молини ейиш, жанг пайтида ортга қочиш, покиза ва фаҳшдан бехабар мўмина аёлларни бузуқлик билан туҳматлаш», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Сеҳр жин-шайтонларни ишлатиш, уларга боғланиш, уларни хизматга солиш учун улар яхши кўрадиган нарсалар билан уларга қурбат ҳосил қилиш орқали ҳосил бўлади. Қолаверса, сеҳрда ғайбни билиш даъвоси ҳам бўлади. Бу куфр ва залолатдир.

Шунинг учун Аллоҳ таоло айтган: «Уларнинг қилган нарсалари фақат бир сеҳргарнинг макри-ҳийласи холос. Сеҳргар эса қаерда бўлмасин зафар топмас» (Тоҳа: 69).

Сеҳргарликнинг ҳукми қатл қилинишдир. Саҳобалардан бир жамоаси шундай қилганлар.

Ажабки, бизнинг замонамизга келиб, одамлар сеҳргарликка бепарво қарайдиган бўлиб қолдилар. Аксинча, уни фан ва санъат даражасига кўтариб, мақтанадиган бўлдилар. У билан шуғулланувчиларга мукофотлар тақдим қилинадиган бўлди.

Сеҳргарлар учун сайиллар ва мусобақалар уюштириладиган бўлди, уларга минглаб ишқибозлар ҳозир бўлади. Бу эса ақидага жуда бепарво қараш деганидир.

Сеҳргарга Абу Зар розияллоҳу анҳу қилганларидек иш қилиш яхши бўлади, аслида.

У киши халифалардан бири ҳузурига кирганларида у ерда бир сеҳргарнинг қилич ўйнатаётганини, одамлар кўзига худди бир одамнинг бошини узиб, кейин яна қайтариб қўяётгандек кўрсатаётганини кўрдилар.

У киши эртаси куни яна келдилар. Қилич тақиб, устидан ридоларини кийиб олгандилар. Кейин халифа ҳузурига кирдилар. Ҳалиги сеҳргар яна ўша ҳунарини кўрсатаётган, ҳамма оғзи очилиб, уни олқишлар эди.

Абу Зар унга яқинлашиб, ридолари остида яширган қиличларини шартта суғурдилар-да, сеҳргарнинг бўйнига зарб билан уриб, унинг бошини учириб юбордилар. Сеҳргар гурсиллаганча ерга қулади. Сўнг Абу Зар розияллоҳу анҳу: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Сеҳргарнинг жазоси қилич билан чопишдир» деганларини эшитганман», дедилар, кейин сеҳргарга: «Қани, энди ўзингни тирилтиргин-чи!!», деб хитоб қилдилар.

* * *

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким фолбинга бориб, унинг айтаётган гапларини тасдиқласа, у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган нарсага кофир бўлибди», деганлар (Аҳмад ва Абу Довуд ривоятлари).

Огоҳ бўлиш лозимки, сеҳргарлар ва фолбинлар одамларнинг ақидалари билан ўйнашадилар. Баъзилари ўзларини табиб кўрсатиб, беморларга Аллоҳнинг исмини айтмай жонлиқ сўйишга буюрадилар, фалон-фалон сифатда бўлган қўзи ё хўроз сўйгин дейдилар.

Баъзан уларга турли ширкона тилсимлар, шайтоний туморлар ёзиб берадилар, уларни бўйинларига осиб олишга ё сандиқларига солиб қўйишга буюрадилар.

Баъзан сеҳргар ўзини кароматли валий сифатида кўрсатади. Ўзига қилич уради ё ўзини автомашина ғилдираги тагига ташлайди ва унга буларнинг таъсири ўтмайди.

Ёки бошқа кўзбўямачиликларни қиладики, улар ҳақиқатда шайтон амалидан бўлган сеҳр бўлиб, шайтон уни ўша сеҳргар қўлида амалга оширади.

Сеҳргарларнинг шайтонлари Аллоҳни зикр қилинганда қочади.

Бир ёш йигит ҳикоя қилиб берганди.

У бир мамлактга сафар қилганида циркка кирган экан. У айтади: Ҳар хил ўйинларни томоша қиларканмиз, орада бир аёл чиқиб, арқон устида ажойиб маҳорат билан юра бошлади. Кейин у бир сакраб, деворга ўтди ва деворда худди пашшадек юриб кетди. Одамлар ҳайратдан оғизлари очилиб қолганди. Ичимда айтдимки, бу аёл қилаётган ҳаракатлар машқ билан эгаллаб олинадиган иш бўлиши мумкин эмас. Тўғри, мен гуноҳкорман, бироқ муваҳҳидман! Бу каби сеҳргарликка рози бўлмайман. Бироқ, нима қилишим керак?!.

Шунда сеҳр ва сеҳргарлар ҳақида эшитганим жумъа хутбаси эсимга тушди. Унда имом хатиб сеҳргарлар шайтонларни ишга солишини айтиб, шайтоннинг фириб-найранги Аллоҳ номи зикр қилинганда бекор бўлиб қолишини ва шайтоннинг кучи қирқилишини айтиб берганди.

Ўрнимдан туриб, саҳна томонга яқинлашиб бордим. Одамлар тинмай қарсак чалишар, мени ҳам азбаройи қойил қолганидан саҳнага яқин бориб олди, деб ўйлашган бўлса керак.

Саҳнага етиб келиб, сеҳргар аёлга яқинлашиб, унга қаттиқ тикилганча «Оятул-курсий»ни (Аллоҳу ла илаҳа илла ҳувал ҳайюл қайюм оятини) ўқидим. Шунда аёл чайқала бошлади. Аллоҳга қасамки, оят тугар-тугамас у ерга йиқилиб, типирчилай бошлади. Одамлар гурр этиб қўзғолиб, уни кўтариб, шифохонага олиб кетдилар.

Аллоҳ рост айтади:

«Шубҳасиз, шайтоннинг макри заиф бўлувчидир» (Нисо: 76).

«Улар макр қилдилар. Аллоҳ ҳам «макр» қилди. Аллоҳнинг «макри кучлироқдир» (Оли Имрон: 54).

* * *

Ҳайкалларни ва хотира тошларини улуғлаш ҳам ширкка олиб борадиган воситалардан

Тимсол ёки ҳайкал – инсон ё жонивор шаклида ясалган монумент ва бюстдир.

Хотира тошидан мурод – доҳийлар ва раҳбарларнинг ҳайкаллари бўлиб, одатда уларни майдонларга, парк ва кўчаларга ўрнатиб қўйилади.

Ер юзида ширк мана шу ҳайкаллар сабабли бошланган.

Ана, Нуҳ алайҳиссалом қавми ҳам ўз ичларида ўтган солиҳ кишиларнинг ҳайкалларини қилишган, замонлар ўтиши билан ўша ҳайкалларга сиғиниб кетишган.

Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тимсоллар қилишдан ва суратлар осишдан қайтарганлар. Чунки, бунда ширкка йўл очилади.

Балки, у зот мусаввирларни лаънатлаганлар ва улар қиёмат куни энг азоби қаттиқ кишилар бўлишини хабар берганлар. Суратларни ўчириб ташлашга буюрганлар ва сурат бор уйга фаришта кирмаслигини айтганлар.

* * *

Бидъат кўринишидаги тавассул ҳам ширкка олиб борувчи воситадир

Масалан: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жоҳлари (яъни, ҳаққи-ҳурматлари) билан тавассул (восита) қилиш, махлуқларнинг шахси ёки ҳаққи-ҳурматлари билан тавассул қилиш, ўликлардан шафоат талаб қилиш, уларга дуо-илтижо қилиш каби. Мусулмон киши дуосида: «Парвардигорим! Сендан пайғамбаринг жоҳи билан ё фалончининг ҳаққи-ҳурматидан ё фалон пиримнинг руҳи поки ҳурматидан сўрайман» каби сўзларни айтиши жоиз бўлмайди.

Жоиз ва шаръий тавассул кўриниши – Аллоҳга Унинг исм ва сифатлари билан тавассул қилишдир. Масалан: «Эй Раҳийм (раҳмли зот), мени ўз раҳматингга ол» ёки «эй Ғафур (кечирувчи зот), мени мағфират қилгин» каби.

Шунингдек, Аллоҳ таолога иймонни ва солиҳ амалларни восита қилиб сўраш ҳам жоиз. Масалан, «Эй Аллоҳим! Сенга бўлган иймоним ва пайғамбарларингни тасдиқлашим сабабидан мени жаннатингга киргизгин» деганга ўхшаш.

Ёки бўлмаса, тирик бўлган солиҳ кишиларнинг дуоларини восита қилиш ҳам мумкин. Масалан, ҳаёт бўлган бир солиҳ зотдан ўзига дуо сўраш жоиз. Чунки, мусулмон кишининг мусулмон биродари ҳаққига орқасидан қилган дуоси ижобат бўлади. Аммо, қабрдаги маййитдан дуо талаб қилиш жоиз бўлмайди.

* * *

Юқорида айтилганлар ҳаммаси Аллоҳнинг бандалар устидаги ҳақларидан бўлиб, уларни Аллоҳ таолодан бошқага буриб юбориш асло жоиз бўлмайди.

Қуйидагилар Аллоҳга бўлган иймон жумласига киради:

Аллоҳ ҳамма нарсанинг Рабби ва Угина ибодат қилинишга сазовор ягона зот деб эътиқод қиламиз.

Унинг гўзал исмлари ва олий сифатлари бор деб ишонамиз. «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитувчи ва кўриб турувчидир» (Шуро: 11).

Аллоҳ таоло Ўзи истаган пайт Ўзи истаган кишисига сўзлайди, деб ишонамиз. Аллоҳ таоло айтганидек: «Мусо билан Аллоҳнинг Ўзи (бевосита) гаплашди» (Нисо: 164).

Қуръон ва барча самовий китоблар Аллоҳнинг Каломидир.

Аллоҳ таоло Ўзининг Зоти ва сифатлари билан халқидан олийдир деб ишонамиз.

У осмонларни ва ерни олти кунда яратган, сўнг аршида барқарор бўлган деб ишонамиз. Унинг аршида ўрнашиши Ўзининг улуғлиги ва буюклигига хос ва лойиқ бўлган кўринишда деб ишонамиз. Унинг кайфиятини унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди.

У ўз арши устида олий бўлиши билан бирга халқларининг барча аҳволларидан хабардордир. Уларнинг сўзларини эшитади. Қилаётган ишларини кўриб туради. Борлиқ ишларини бошқариб туради.

Мўминлар қиёмат куни парвардигорларини кўрадилар, деб ишонамиз. Аллоҳ таоло айтган: «У Кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб турувчидир!» (Қиёмат: 22, 23).

Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида хабар берган ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган Раббимизнинг ҳар бир сифатларига биз иймон келтирамиз, бор ҳақиқати билан, Раббимиз азза ва жаллага лойиқ бўлган кўринишда деб ишонамиз.

* * *

Фаришталарга иймон келтириш

Аллоҳ уларни нурдан яратган. Уларга ўзларига хос амалларни топшириб қўйган.

Улар Аллоҳга У буюрган ишларда асло осийлик қилмайдиган бандалардир. Ўзларига буюрилган ишни қиладилар. Уларнинг сони бизникидан кўп. Аллоҳдан қўрқувлари ва ибодатлари ҳам бизникидан бисёр.

Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда айтилишича, самода бир уй бор бўлиб, уни Ал-байтул-маъмур деб аталади. Унга ҳар куни етмиш минг фаришта кириб, намоз ўқиб, чиқади. Кейин то қиёматгача унга қайтиб киришга навбат етмайди.

Абу Довуд ва Табароний ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Менга Аллоҳ азза ва жалланинг Аршини кўтариб турувчи фаришталаридан бир фаришта ҳақида сўзлаб беришга изн берилди. Унинг қулоғи юмшоғидан то бўйнигача бўлган масофа 700 йиллик йўлдир».

Баъзи фаришталарга хос ишлар топширилган. Масалан, Жибрил алайҳиссаломга пайғамбарларга ваҳий олиб келиш топширилган.

Мийкоил алайҳиссаломга ёмғир ва наботот топширилган.

Исрофил алайҳиссаломга қиёмат қоим бўлганда сурни чалиш иши топширилган.

Малакул-мавт (ўлим фариштаси) жонларни олишга вакил қилинган.

Молик дўзахнинг посбонидир.

Аллоҳ таолонинг бачадонлардаги ҳомилаларга вакил қилинган фаришталари ҳам бор.

Айрим фаришталарга одамзотни асраб-авайлаб юриш топширилган.

Баъзилари одам фарзандининг амалларини ёзиб боришади.

Айримлари қабрдаги маййитни сўроқ-саволга тутишга вакил қилинган.

Ва ҳоказо.

* * *

Фаришталар ана шундай. Улар ғайб оламидир. Биз гарчи ўзларини кўрмасак-да, уларнинг борлигига ишонамиз.

Оламда бизнинг кўзимизга яширин бошқа мавжудотлар ҳам бор. Улар жинлардир. Жинлар ўтдан яратилган бўлиб, Аллоҳ таоло уларни инсонлардан аввал яратган. Аллоҳ таоло айтади: «Маълумки, Биз инсонни (Одамнинг асли) қора ботқоқдан бўлиб (одам) сурати берилгач, қуритилган лойдан яратганмиз. Жинни (яъни, Иблисни) эса (Одамдан) илгари оташ-оловдан яратган эдик» (Ҳижр: 26, 27).

Улар ҳам ибодат қилишга буюрилганлар. Улар ичида ҳам мўминлари ва кофирлари бўлади. Тоат-ибодат қилувчилари ва осийлари бор.

Улар аҳён-аҳёнда инсонларга тажовуз ҳам қиладилар. Худди инсонлар ҳам уларга баъзан тажовуз қилиб туришгани каби.

Инсонларнинг уларга қиладиган тажовузлари жумласига қазои ҳожатдан сўнг суяк ва тезак билан истижмор қилишларини (яъни, тозаланишларини) киритиш мумкин. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам суяк ва тезак ҳақида айтганлар: «Бу иккиси билан истинжо қилманглар, чунки улар жин биродарларингиз таомидир».

Жинларнинг инсонларга қиладиган тажовузларига мисол қилиб эса уларни васваса қилишларини, қўрқитишларини, беҳуш қилиб қўйишларини айтиш мумкин.

Мусулмон киши шаръий зикрлар воситасида улардан сақланиши мумкин. Масалан, «оятул-курсий», икки «қул аъувзу»ларни, шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган шаръий зикрларни ўқиш каби.

Аммо, уларга атаб қон чиқариш орқали уларга қурбат қилиш ва ёмонликларидан сақланиш мақсадида уларга дуо-илтижо қилишлар ширк суратларидан саналади.

Шубҳасиз, жин ва шайтонлар заиф ва ожиз, уларнинг макрлари ҳам заиф. Бироқ, инсоннинг гуноҳлари кўпайиб кетса, ҳаромга назар соладиган, ҳаром куй-қўшиқлар тинглайдиган бўлса, иймони заифлашиб, Аллоҳнинг зикридан ғофил бўлса ва шаръий зикрлар билан жинлардан қўрғонланишни одат қилмаса, улар унга ҳукмронлик қилишга қодир бўлиб оладилар.

Аллоҳ таоло шайтон ва унинг лашкари ҳақида айтади: «Албатта, иймон келтирган ва ёлғиз Парвардигорларига таваккул қиладиган зотлар устида (шайтон) учун ҳеч қандай салтанат ҳукмронлик йўқдир. Унинг (шайтоннинг) ҳукмронлиги фақат (уни) дўст тутиб, (Аллоҳ)га шерик қилиб оладиган кимсалар устидадир» (Наҳл: 99, 100).

* * *

Самовий китобларга иймон келтириш

Самовий китоблардан мурод – Аллоҳ таоло халқларнинг ҳидояти учун пайғамбарларига нозил қилган китоблардир. Улар кўп. Биз ҳаммасига иймон келтирамиз.

Аллоҳ таоло бизга улардан тўрттасини хабар берган. Улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган Қуръон, Мусо алайҳиссаломга нозил қилинган Таврот, Ийсо алайҳиссаломга нозил қилинган Инжил, Довуд алайҳиссаломга нозил қилинган Забурдир.

Уларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг Каломи. Қуръон уларнинг энг сўнггиси ва энг улуғидир. Аллоҳ таоло унда барча ўтган китобларда бўлган яхшиликларни жамлаган. Аллоҳ таоло айтади: «Сизга эса (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзидан олдинги китоб(ларни) тасдиқловчи ва у (китоблар) устида гувоҳ бўлган бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик» (Моида: 48).

* * *

Пайғамбарларга – алайҳимуссалом – иймон келтириш

Аллоҳ таоло ҳар бир умматга уларни ягона ва шериксиз Аллоҳнинг ибодатига чақириш учун элчилар юбориб турди. Элчиларнинг аввали Нуҳ алайҳиссалом, сўнггиси эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар.

Пайғамбарларнинг адади жуда кўп бўлиб, Аллоҳ таоло улардан баъзиларини исмлари билан хабар берган, улар билан бўлган воқеаларни ҳикоя қилиб берган, баъзилари ҳақида эса хабар бермаган. Биз уларнинг ҳаммаларига иймон келтирамиз. Аллоҳ таоло айтади: «Аниқки, Биз сиздан илгари (кўп) пайғамбарлар юборгандирмиз. Улардан Биз сизга ҳикоя қилиб берган кишилар ҳам бор, яна улардан Биз сизга ҳикоя қилмаган кишилар ҳам бордир» (Ғофир: 78).

Улар ҳам инсондирлар, бошқа одамлардан фарқлари шуки, уларга ваҳий нозил бўлиб турарди. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда» (Каҳф: 110).

Ҳа, улар ҳам ейдиган, ичадиган, касал бўладиган, вафот этадиган инсондирлар.

Уларнинг ҳаммаларига иймон келтириш фарздир. Ким уларан биргинасининг рисолатига кофир бўлса, ҳаммасига кофир бўлган бўлади.

Аллоҳ таоло Нуҳ қавми ҳақида айтади: «Нуҳ қавми пайғамбарларни ёлғончи қилди» (Шуъаро: 105). Ҳуд қавми ҳақида айтади: «Од (қабиласи) пайғамбарларни ёлғончи қилди» (Шуъаро: 123). Ҳолбуки, ушбу умматлар фақат ўз пайғамбарларини ёлғончи қилгандилар. Бироқ, ҳамма пайғамбарларнинг рисолати битта бўлгани учун ким улардан биттасини ёлғончи қилса, ҳаммасини ёлғончи қилган бўлади.

Шунга кўра, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи қилган ва у зотга эргашмаган насронийлар Ийсо ибн Марямни ҳам ёлғончи қилган бўладилар. Чунки, Ийсо алайҳиссалом уларга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида башорат берган ва у зотга эргашишга буюрган эдилар. Бироқ, улар бу буйруққа итоат қилмадилар. Яҳудлар ҳақида ҳам, бошқалар ҳақида ҳам айни гапни айтиш мумкин.

* * *

Охират кунига иймон келтириш

Яъни, бу ўлимдан кейин содир бўладиган нарсалар ҳақида Аллоҳ Ўз Китобида зикр қилган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган нарсаларга иймон келтириш демакдир.

Аввало, қабрда бўладиган азоб ва роҳатга иймон келтирамиз. Зеро, бу Китобу Суннат билан собит бўлган.

Аллоҳ таоло айтади: «Фиръавн хонадонини ёмон азоб ўраб олди. (У азоб бир) оловдирки, улар эртаю кеч ўшанга кўндаланг қилиниб (куйдирилурлар). Қиёмат қойим бўладиган Кунда эса (дўзах фаришталарига): «Фиръ­авн хонадонини энг қаттиқ азобга киритинглар», (дейилур)» (Ғофир: 46).

Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида айтади: «Уларни қайта-қайта (яъни, ҳаётлик пайтларида қатл қилиш, асир олиш билан, ўлганларидан кейин қабр азоби билан) азоблаймиз. Сўнгра (қиёмат кунида) улуғ азобга қайтарилурлар» (Тавба: 101). Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ва бошқалар айтганлар: «Биринчи азоб шу дунёда, иккинчиси қабрдаги азобдир. Сўнгра жаҳаннамдаги қаттиқ азобга қайтариладилар».

Қабр азоби ва қабрдаги роҳат ҳақида кўплаб ҳадислар келган. Ибнул Қаййим ва бошқалар бу ҳақдаги ҳадисларни мутавотир деб айтганлар. Бу ҳақда Суннатда 50дан ортиқ ҳадислар келган.

Жумладан, «Саҳиҳайн»да келган ҳадисда айтилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки қабр ёнидан ўта туриб: «Бу иккиси азобланаяпти лекин катта бўлмаган (эҳтиёт бўлиш қийин бўлмаган ёки уларнинг назарида катта бўлмаган) гуноҳ хусусида азобланишаяпти» дедилар. Кейин: «Йўқ, аслида у катта гуноҳдир, улардан бири бавлидан (сийдигидан) сақланмас эди, иккинчиси чақимчилик қилиб юрарди», дедилар.

«Саҳиҳайн»даги яна бир ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуоларида: «Эй Аллоҳим, мен Сендан қабр азобидан паноҳ тилайман», дердилар.

Қабр азоби ва қабрдаги роҳат ғайбий ишлардан бўлиб, ақл билан қиёс қилинмайди.

* * *

Қуйидагилар ҳам охиратга иймон келтириш жумласига киради:

Қайта тирилиш ва сур чалинган пайтда ўликларга жон бахш этилишига, шунда улар ялангоёқ, яланғоч, хатна қилинмаган ҳолда туришларига.

Аллоҳ таоло айтгандек: «Сўнгра шак-шубҳасиз сизлар (эй инсонлар), мана шундан (яъни яралиб, ҳаётга келганингиздан) кейин (ажалларингиз битгач) албатта вафот топувчидирсизлар. Сўнгра шак-шубҳасиз сизлар қиёмат кунида қайта тирилурсизлар» (Муъминун: 15, 16).

Ҳисоб-китобга тортилишга, жазо ва мукофот олишга.

Аллоҳ таоло айтади: «Зеро ёлғиз Ўзимизга қайтишлари бордир! Сўнгра уларни ҳисоб-китоб қилиш (жазо бериш) ҳам ёлғиз Бизнинг зиммамиздадир!» (Ғошия: 25, 26).

Жаннат ва дўзахга иймон келтириш.

Жаннат тақводорлар ҳовлисидир. Унда кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, инсоннинг дилига келмаган нарсалар бор.

Дўзах эса азоб ҳовлисидир. Унда тасаввур қилиб бўлмас даражада азоблар бор.

Шунингдек, қиёматнинг кичик ва катта аломатларига, чунончи Дажжолнинг чиқишига, Ийсо алайҳиссаломнинг осмондан тушишларига, куннинг ботиш тарафидан чиқишига, ер жонивори (доббатул-арз)нинг чиқишига ва бошқа нарсаларга иймон келтирамиз.

Шафоатга, ҳавз ва мезонга, Аллоҳ таолони кўришга ва шу каби охиратга тааллуқли ишларга иймон келтирамиз.

* * *

Қадарнинг яхшиси ва ёмонига иймон келтириш

Аллоҳ таоло халқларни яратишидан олдин ҳам ҳамма нарсани умумий ва батафсил ҳолатда билган ва уларни лавҳи маҳфузга ёзиб қўйган, У барча борлиқни яратган эканига иймон келтирамиз. «Аллоҳ барча нарсанинг Яратувчисидир. У барча нарсанинг устида вакил-ҳомийдир» (Зумар: 62).

Борлиқда қандай бир ҳодиса юз бермасин, Аллоҳ таоло албатта унинг бўлишини билган ва унга изн бергандир. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта Биз ҳар бир нарсани (аниқ) ўлчов билан яратдик» (Қамар: 49).

Ҳар бир инсонда хоҳиш-ирода ва қудрат бор. Улар воситасида у бир ишни қилишни ё қилмасликни ихтиёр этади. Агар истаса таҳорат қилади, намоз ўқийди. Истаса, залолатга кетади, зино қилади. Шунинг учун инсон ҳисобга тортилади ва жазо ё мукофотга эришади. Бинобарин, инсон фарзларни қилмаганига ёки ҳаромларга қўл урганига қадарни ҳужжат қилиб келтириши жоиз бўлмайди.

* * *

Қуйидагилар иймонга путур етказадиган ишларга киради

Динни масхара қилиш. Зеро, бундай қилиш Исломдан чиқиб, муртад бўлиш саналади. Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми? Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз» (Тавба: 65, 66).

Шунга ўхшаш, баъзилар айтадиган, Ислом эски дин, у бизнинг асримизга ярамайди, деган сўз ёки Ислом реакцион ва қолоқликдир, деган сўзлар. Ёки ҳозирги замонавий қонунлар Исломдан кўра яхшироқ деб айтиш. Ёки тавҳидга чақирадиган, қабрларга сиғинишдан қайтарадиган одамни экстремист, ваҳҳобий, мусулмонларни бўлиб ташловчи деб айтиш.

* * *

Аллоҳ туширган нарсадан бошқаси билан ҳукм қилиш иймонга энг қаттиқ зарба етказувчи нарсалар жумласидандир

Гап-сўзларда ҳам, иш-феълларда ҳам, баҳсу жанжалларда ҳам, бошқа ҳақ-ҳуқуқларда ҳам Аллоҳнинг шариати билан ҳукм қилиш Унга иймон келтириш тақозоси саналади.

Бинобарин, ҳокимлар Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилишлари, раият (фуқаролар) ҳам Аллоҳ нозил қилган нарса бўйича ҳукм сўраб боришлари вожиб бўлади. Аллоҳ нозил қилгандан бошқа нарса билан ҳукм қилиш ва Аллоҳга иймон бир ўринда жамланмайди.

Аллоҳ таоло айтади:

«Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича - бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо: 65).

«Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир» (Моида: 44).

Демак, ҳамма нарсада – олди-сотдида, ўғирликда, зинода, ва бошқа ишларда Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилиш шарт. Аллоҳнинг ҳукми фақат никоҳ, талоқ ва шахсий аҳволларга чекланган эмас!

Кимда-ким одамлар учун қонунлар тузиб берса ва бу қонунларни Аллоҳнинг ҳукмидан кўра яхшироқ ва муносиброқ деб даъво қилса, у кофир бўлади. Ҳа, кофир бўлади!

Аллоҳ таоло айтади:

«Балки улар (Макка мушриклари) учун (куфр ва ширк каби) Аллоҳ буюрмаган нарсаларни «дин»ни уларга шариат қилиб берган шериклари бутлари бордир?!» (Шуро: 21).

«Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Иймонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилувчи ким бор?!» (Моида: 50).

«Саҳиҳ»да келган ҳадисда айтилишича, Аллоҳ таоло: «Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини.. Парвардигор деб билдилар» (Тавба: 31) оятини нозил қилганида Адий ибн Ҳотим: «Ё Расулуллоҳ, биз уларга ибодат қилмас эдик», деди. У зот: «Улар сизларга Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилиб беришса, уни ҳалол санамасмидингиз. Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром қилишса, ҳаром деб билмасмидингиз?!», дедилар. «Ҳа, шундай қилардик», дегач, «Мана шу уларга ибодат қилишдир», дедилар.

* * *

Кофирларни дўст тутиш ва мўминларга душманлик қилиш ҳам иймонга путур етказувчи нарсалар жумласидан

Шубҳасиз, мусулмонлар яҳуд, насоро ва бошқа мушриклардан бўлган кофирларни душман тутишлари, уларга дўстлик қилишдан сақланишлари лозим бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Эй мўминлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманларингиз (бўлган мушриклар)ни дўст тутманглар! Сизлар уларга дўстлик (ҳақида хат-хабар) юборурсизлар, ҳолбуки улар сизларга келган ҳақ (дин ва Қуръон)га кофир бўлгандирлар!» (Мумтаҳана: 1).

Ҳатто, Аллоҳ таоло агар ота-она ва ака-укалар кофир бўлишса, уларга ҳам дўстона муносабатда бўлишдан қайтарди. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига мухолифлик қилган кимсалар билан гарчи улар ўзларининг оталари, ёки ўғиллари, ёки оға-инилари, ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да дўстлашаётганларини топмассиз» (Мужодала: 22).

Бу маънода кўп оятлар бор. Уларнинг далолатига кўра, кофирларни Аллоҳга кофир бўлишгани учун, Унинг динига душман бўлишгани учун, Унинг дўстларига душманлик қилишгани учун, Исломга ва мусулмонларга нисбатан фириб-найранглар қилишгани учун ёмон кўриш ва душман тутиш лозим бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: «Уларнинг сизларни ёмон кўришлари оғизларидан ошкор бўлди. Дилларидаги адоватлари эса янада каттароқдир. Агар ақл юргизсангизлар сизлар учун оят-аломатларни аниқ-равшан қилиб бердик. Ҳой (мўминлар), сизлар уларни яхши кўрасизлар-у, улар сизларни суймайдилар. Сизлар ҳамма китобларга иймон келтирасизлар-у (улар сизларнинг китобингизга иймон келтирмайдилар). Сизларга йўлиққанларида: «иймон келтирдик», дейишади. Ўзлари ҳоли қолишганда эса сизларни қаттиқ ёмон кўрганлари сабабли бармоқларини тишлайдилар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга): «Шу адоватларинг билан ўлиб кетинглар!» — деб айтинг! Албатта Аллоҳ дилларни эгаллаган сирларни билувчидир. Агар сизларга бирон яхшилик тегса, бу уларни хафа қилади. Агар сабр-тоқат қилсангиз ва Аллоҳдан қўрқсангиз, уларнинг найранглари сизларга ҳеч қандай зарар қила олмайди. Албатта Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини иҳота қилувчидир» (Оли Имрон: 118-120).

Яҳуд ва насороларнинг Исломга фириб-найранглар қилиш, мусулмонларга қарши уруш олиб бориш ва халқларни улардан нафратлантириш, одамларни Исломдан тўсиш учун улкан маблағлар сарфлаш каби олиб бораётган ишлари бугун ҳеч кимга сир эмас.

Айрим мусулмонларнинг кофирларни дўст тутишларининг бугунги кундаги айрим кўринишлари:

Даъват мақсади бўлмаган ҳолда улар билан аралашиб юришлари ва уларга дўстона муносабатда бўлишлари;

Заруратсиз уларнинг диёрларига сафар қилишлари ва у ерларда яшаб туришлари;

Кийиниш, ташқи кўринишда, умуман ҳаёт тарзида уларга ўхшашга уринишлари;

Заруратсиз уларнинг тилларида сўзлашишлари ва ҳоказо.

* * *