Шанба 23 Ноябрь 2024 | 21 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Пайғамбаримизнинг уйида бир кун (5)

2601 марта кўрилган

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳазиллари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уммати, ҳарбий қўшини, саркардарлари, оила аъзолари, гоҳида ваҳий, гоҳида ибодат қайғулари билан маҳзун бўлар эдилар. Чунки, бу ишларнинг барчаси ҳар қандай кишини ҳам ҳаёт матлаблари ва уларга руҳни ато этиш борасида тўла жавоб беришига тўсқинлик қилади. Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақдорларнинг ҳар бирига ўз ҳаққини берар, бирисини ҳисобиги бошқасига зарар бермас эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ишлари кўп ва оғир бўлишига қарамай қалбида болалар учун ҳам бир ер ажратган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам катталар билан ҳазиллашганларидек, баъзида болаларни эркалатиб, улар билан ҳазиллашар, уларнинг қалбига яқин бўлиб, унга севинч киритар эдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди: «Одамлар: «Ё Расулуллоҳ, сиз бизга ҳазил қиляпсизми?!» — деганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, бироқ, мен фақат ҳақиқатни сўзлайман» – дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳазилларидан бири Анас -розияллоҳу анҳу- ривоят қилган ушбу ҳадисдир: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Ҳой, икки қулоқли!» — деб хитоб қилдилар» (Имом Абу Довуд ривояти).

Анас -розияллоҳу анҳу- деди: «Умму Салама ўғлининг исми «Абу Умайр эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга келган пайтида ҳазиллашар эдилар. Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйига бордилар ва унинг маҳзун эканини кўрдилар-да: «Ё Абу Умайр, сенга нима бўлди, хафага ўхшайсан?» – Абу Умайр, нима қилди Нуғайр (қушча)» — деб (эркалаганнамо) хитоб қила бошладилар» Бухорий ва Муслим ривояти.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам катталар билан ҳам ҳазиллашар эдилар. У ҳазилларидан бирини Анас -розияллоҳу анҳу- қуйидагича ривоят қилади: «Зоҳир ибн Ҳаром исмли саҳройи бор эди. Хунук бўлсада уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши кўрар эдилар. Зоҳир матоларини сотар экан, орқасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келдилар-да, уни маҳкам қучоқлаб олдилар. Зоҳир қучоқлаган одамнинг ким эканини билмас эди. Шунинг учун ҳам «Қўйиб юбор, кимсан?» — деди. Қучоқлаган одамнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эканини билгандан сўнг, орқасининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўкракларига тегиб оғриганига ҳам эътибор бермади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу қулни ким сотиб олади?» —дедилар. Зоҳир: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, мен бу бозорда касодман!» — деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, сен Аллоҳнинг ҳузурида бебаҳосан!» —дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Бу муомала Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олийжаноблиги ва олийҳимматлигининг нишонасидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз оила аъзолари ва атрофдагиларга кенг имкониятлар яратишга қарамай, кулишлари табассумдан нарига ўтмас эди. Оиша разияллоҳу анҳо дедилар: « Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулганларида танглайлари кўринадиган даражада (оғизларини) очмас, балки табассум қилар эдилар» Бухорий ва Муслим ривояти.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам очиқ юзли ва гўзал муомолали бўлишларига қарамай, Аллоҳ ҳаром қилган амаллар содир бўлган пайт юзлари (ғазабдан) қизарар эди. Оиша разияллоҳу анҳо дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафардан қайтдилар. Мен токчамни расмлар чизилган бир парда билан тўсиб қўйган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўрганлари он йиртиб ташладилар ва юзлари қизариб: «Ҳой Оиша, Қиёмат кунида одамларнинг энг ашаддий азобга гирифтор бўладиганлари Аллоҳнинг махлуқотларига ўхшаган нарсаларни яратмоқчи бўлган кимсалардир» — дедилар Бухорий ва Муслим ривояти.

Бу ҳадис жонзотлар тасвирланган суратларнинг уйларда сақланишини ҳаром қилмоқда. Хусусан, деворларга суратлар осиш, уйларга, токчаларга ёки хонлар устига ҳайкалларни қўйиш қаттиқ ҳаромдир. Бундан ташқари, булар гуноҳ бўлиши билан бирга, раҳмат фаришталарининг уйга киришига тўсқинлик қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйқуси

Убай разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадисни ривоят қилди: «Сизлардан бирингиз ўрнига ётса, кийимининг бир тарафи билан жойини (супурганнома) қоқсин, сўнгра, Аллоҳнинг исмини тилга олсин. Чунки у, ўзидан аввал жойига кириб олган нарсаларни билмайди. Агар ётмоқчи бўлса, ўнг тарафига ёнбошласин ва: «Аллоҳим, мен Сени мушриклар сифатлаётган сифатлардан поклайман! Раббим Сенинг ёрдаминг билан ёнбошладим ва Сенинг ёрдаминг билан (ёнбошимни ) кўтараман. Агар менинг руҳимни олсанг, уни кечир! Агар руҳимни қўйиб юборсанг, уни солиҳ бандаларингни ҳимоя қилгандек (ўз паноҳингда ) сақла!» — деб айтсин» (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча мусулмон эркак ва аёлга қилган тавсияси қуйидагича эди: «Жойингга ётмоқчи бўлсанг намозга қилганингдек таҳорат қил ва ўнг тарафингга ёнбошла.» Бухорий ва Муслим ривояти.

Оиша разияллоҳу анҳо дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар кеча ўринларида ётар эканлар икки кафтларини бирлаштириб «Қул хуваллоҳу аҳад», «Қул аузу бираббил фалақ», «Қул аузу бираббиннас» сураларини ўқиб дам солар, кейин кафтлари билан баданларига имкон қадар сурар эдилар. Бошлари, юзлари ва баданларининг олд тарафидан бошлаб сурар эдилар. Буни уч марта такрорлар эдилар.» (Имом Бухорий ривояти).
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларига ўтар экан: «Бизни едирган, ичирган, бизга кифоя қилиб, жой берган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Қанча – қанча инсонлар борки, уларнинг кифоя қилувчилари ва жой берувчилари йўқдир» — дер эдилар (Имом Муслим ривояти).

Абу Қатода розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечалари ухлаганларида ўнг тарафига ёнбошлар, тонгдан аввал ухлаганларида эса тирсакларини суяниб, кафтларига бошларини кўяр эдилар» (Имом Муслим ривояти).
Севимли дўстим, Аллоҳ таолонинг бизга инъом этган неъматлари ичида пайғамбарларнинг саййиди ва охиргиси, яралмишларнинг энг афзали бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ётган тўшаклари ҳақида ўйлаб кўринг.

Оиша розияллоҳу анҳо деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ётадиган тўшак, хурмо япроқлари тўлдилирган тери эди» (Имом Муслим ривояти).
Саҳобаларнинг бир гуруҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кирдилар. Умар розияллоҳу анҳу ҳам кириб келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ётган бўйларидан турдилар. Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биқинларидаги бўйра изларига кўзи тушиб йиғлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Умар, нега йиғлаяпсиз» — деб савол берганларида Умар розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ номига қасам ичиб айтман-ки, Кисро ва Қайсарлар дунё ичида сузиб юрибдилар. Сиз бўлсангиз бу ҳолатдасиз» — деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улар учун дунё, Биз учун охират бўлишига рози эмасмисиз?!» — дедилар. Умар розияллоҳу анҳу: «Ха, (розиман)» — деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дарҳақиқат шундай!» —дедилар (Имом Аҳмад ривояти).