асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Пайғамбаримизнинг уйида бир кун (3)3148 марта кўрилган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларидаИнсоннинг уйи — гўзал хулқи, одоб камолати, гўзал муомаласи ва ички дунёсининг софлигини кўрсатиб берадиган ҳақиқий макондир. У хоналар ва деворлар ортида ҳеч ким кўрмайдиган бир ерда ўз қули, хизматкори ёки хотини билан табиятига мос шаклда муомала қилади. У уйнинг раҳбари, қўл остидагилар эса заиф бўлишларига қарамай сохталикдан ҳоли бўлган камтарлик билан муомала қилади. Биз бу Уматнинг пайғамбари, сарвари ва муаллими бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай буюк мақомлари ва олий даражалари бўлишига қарамай ўз уйида қандай ҳолатда бўганлари ҳақида таффакур қилиб кўрайлик. Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ уйда нима ишлар қилиши ҳақида сўралганида: «Одамлардан бири эдилар: кийимларини тозалар, эчкисини соғар ва ўз ўзига хизмат қилар» эди — деб жавоб берган эдилар» (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти). Дарҳақиқат, бу — камтарлик, кибрсизлик ва бошқаларга «юк» бўлмаслик намунасидир. Бу — ўртоқлик ва ҳамкорликдаги олийжанобликдир. Одам боласининг энг сараси шу ишларни қилмоқдами-я?! Ул зот Ислом нури таралган ушбу муборак хонадонда яшар экан, қорнини тўйдирадиган нарсага эга эмас эдилар! Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу ул зотнинг ҳаётини эсга олар экан: «Мен пайғамбарингизнинг сифатсиз-ёмон хурмолардан қорнини тўйдирадиган миқдорини топа олмаганини кўрганман» — деди (Имом Муслим ривояти). Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: «Биз — Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оиласи бир ойлаб қозон остига ўт ёқмасдан ўтирардик. Ейдиган нарсамиз фақат хурмо ва сувгина эди, холос» (Имом Бухорий ривояти). Бу хонадонда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тоат-ибодат қилишларига монеълик қиладиган бирон нарса йўқ эди. Шунинг учун ҳам, «Ҳаййа алас-солат» (Намозга шошилинглар!) «Ҳаййа алал-фалаҳ» (Нажотга шошилинглар!) нидосини эшитишлари биланоқ тезда унга ижобат қилиб, дунё ишларини ортларида қолдирар эдилар! Асвад ибн Зайд деди: «Мен Оиша розияллоҳу анҳодан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларида нима иш қилар эдилар?» — деб сўрадим: «Аҳлининг хизматларини қилар, азонни эштишлари билан намозга чиқар эдилар» — деб жавоб бердилар» (Имом Муслим ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фарз намозини уйида ўқиганлари асло ривоят қилинган эмас. Фақат ўлимларидан олдинги касалликларида, касал сабабли қаттиқ иситмалаб, намозга чиқишлари қийинлашгандагина уйларида ўқиганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматига ўта шафқатли ва меҳрибон бўлсаларда, (фарз) намозларини жамоат билан (масжидларда) ўқимаган кишилар ҳақида қаттиқ сўз айтдилар: «Амр этсаму, намоз ўқиш учун такбир айтилса. Кейин бир кишини одамларга имом бўлиб намоз ўқишга буюрсам. Сўнгра, мен боғ-боғ ўтин кўтарган одамлар билан бориб, намозга келмаган одамларнинг уйларини ёқиб юборсам!» (Бухорий ва Муслим ривояти). Бу (фарз) намозларни жамоат билан ўқишнинг ўта муҳимлигидан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Азонни эшитиб ижобат қилмаган одамнинг намози намоз эмасдир, фақат узри бўлсагина жоиздир» — дедилар (Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон ривоятилари). Узр эса хатар ёки касалликдир. Бугунги кунда масжидларга чиқмай, хотинларининг олдиларида қолган «намозхон»лар қаерда қолдилар? Уларнинг касал ёки қўрқинчдан бўлган узрлари қани?!! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг турмуши ва ҳислатлариИнсоннинг ҳаракатлари ва сокинлиги унинг ақлининг мезони ва қалбининг калитидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ахлоқини энг яхши биладиган ва ул Зотнинг ҳолатларини энг яхши сифатлаб берадиган Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қизи, мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳодир. Чунки у, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга уйқу ва уйғоқликда, касаллик ва соғломликда ҳамда розилик ва ғазабли ҳолатларда яқин эдилар. Оиша -розияллоҳу анҳо- дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёмон ишларни қилувчи, ҳаёсиз сўзларни сўзлагувчи, бозорларда шовқин қилувчи эмас эдилар. Ёмонликка ёмонлик қайтармас, балки афв қилар ва кечирар эдилар» (Имом Аҳмад ривояти). Раҳмат ва неъмат қилиб юборилган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг турмуши ва ҳислатларидан баъзисини бизга севимли набиралари Ҳусайн розияллоҳу анҳу сифатлаб бермоқдалар: «Отамдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суҳбатдошлари билан бўлган муносабатлари ҳақида сўрадим. У деди: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимо қувноқ, мулойим ва гўзал ахлоқли зот эдилар. Ул зот қўпол ва бақироқ эмас бировларнинг айбларини изловчи эмасдилар. Ёқтирмаган нарсаларига эътиборсиз қарар, ундан умид қилган кимсанинг умидини пучга чиқармас эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч нарса: риёкорлик, сергаплик ва фойдасиз нарсаларни тарк этган эдилар. Одамларни ҳам уч ҳолатда қўйган: бирон бир кимсани айбламас, мазаммат қилмас ёки унинг сирларини билишга интилмас эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам савобини умид қилган сўзнигина гарирар, гапирганларида саҳобалар бошларида қуш қўниб тургандек, жим ўтиришар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гапларини тугатганнларидан кейингина гапирар эдилар. Саҳобалар ул зотнинг олдида бир-бирлари билан гап талашмас, бири гапирса ҳаммаси унга гапини тугатгунча қулоқ солишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи бўлиб гапира бошлаган саҳобанинг сўзини тинглар, саҳобалар қулган нарсаларга қулар, ажабланган нарсаларидан ажабланар, нотаниш одамнинг қўпол сўзлари ва эҳтиёжлар учун сабр қилар, буни кўрган саҳобалар нотаниш одамни чеккага олиб чиқиб кетишни хоҳлаб қўлидан ушласалар: «Эҳтиёжини сўраган одамни кўрсангиз, унга кўмакчи бўлинглар!» –дер эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам лойиқ бўлган одамлардангина мақтовни қабул қилар, ҳеч кимнинг сўзларини тугатмагунча бўлмас, ҳаддидан ошсагина унинг сўзини қайтариқ ёки ўринларидан туриб кетиш билан бўлар эдилар» Имом Термизий ривояти[1] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳислатлари ҳақида бирма-бир фикр юритиб кўринг ва ундан ўзингиз учун фойда олишга ҳаракат қилинг! Чунки, улар яхшилик мажмусидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳислатларидан бири суҳбатдошларига дин аҳкомларини ўргатишларидир. Ул зотнинг таълимларидан: «Ким Аллоҳдан бошқасини (Аллоҳга) тенг қилиб унга ибодат қилган ҳолда вафот этса, жаҳаннамга киради» (Имом Бухорий ривояти). Яна бир ҳадисда дедилар: «Мусулмонлар унинг қўли ва тилидан саломат бўлган киши ҳақиқий мусулмондир, муҳожир эса Аллоҳ қайтарган нарсаларни тарк этган кишидир» (Бухорий ва Муслим ривояти). Ул зотнинг сўзларидан: «Зулматларда масжидларга кўп борувчи кишиларга Қиёмат кунида бериладиган комил нурдан башорат берингиз!» (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривояти). Ул зотнинг таълимларидан: «Мушриклар билан молларингиз, жонингиз ва тилингиз билан курашингиз!» (Имом Абу Довуд ривояти). Яна бир ҳадисда дедилар: «Банда аниқламасдан туриб бир сўзни айтади-да, ана шу сўз сабабли жаҳаннамга Машриқ билан Мағриб ўртасидан кўра узоқроқ бўлган масофага тушади» (Бухорий ва Муслим ривояти). Ул зотнинг сўзларидан: «Мен лаънатловчи бўлиб жўнатилмадим, балки, раҳмат қилиб юборилдим» (Имом Муслим ривояти). Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мени насронийлар Ийсони ҳаддан зиёд мадҳ этганларидек меъёридан ортиқ мадҳ этманглар» —дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти). Жундаб ибн Абдуллоҳ айтди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўлимларидан беш кун аввал шу сўзларни айтганларини эшитганман: «Мен сизлардан бирингиз менга халил[2] бўлишидан пок эканлигимни Аллоҳга билдираман. Чунки, у мени ҳам, Иброҳимни қилгани каби ўзига халил қилиб олди. Агар умматим ичидан биронтасини халил қилсайдим, Абу Бакрни халил қилиб олар эдим. Огоҳ бўлингларки, сизлардан аввал яшаб ўтган халқлар пайғамбарларининг қабрларини саждагоҳ-масжид қилиб олдилар. Қабрларни саждагоҳ-масжид қилиб олманглар! Мен сизларни бундан қайтараман!» (Имом Муслим ривояти). Шунинг учун ҳам ичида бир ёки бир неча қабрлар бўлган масжидларда намоз ўқиш мумкин эмасдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлариЖоҳилият даврида қиз боланинг туғилиши ота-онаси, ҳатто оиласи ва қабиласи учун мотам куни бўларди. Бу жамиятдаги ҳолат ор-номусдан қўрқиб қизларини тириклайин кўмиб юборишга етди. Тириклай кўмиш ўта қабиҳ шаклда бўлар, унда на раҳм ва на муҳаббатга ўрин бор эди. Ҳа, қиз болани тупроққа тириклайин кўмилар эди! Улар бу жиноятда анчагина «маҳоратли» эдилар. Улардан баъзилари қиз кўрадиган бўлса олти ёшга киргунига қадар тек ташлаб кўяр, сўнгра хотинига: «Қизингга чиройли кийимларни кийдириб хушбўйла, мен уни амакиларининг олдига олиб бораман» — дерди-да, қизни аввалдан у учун саҳрода қазиб қўйган чуқурга олиб борар ва: «Қизим, шу чуқурга бир қара» — дер эди. Қиз қараётган пайтда чуқурга туртиб туширар ва устидан тупроқни ваҳшийларча тортар эди. Мана шундай жаҳолат ботқоғига ботган жамият ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлни; она, хотин, қиз, опа-сингил, амма ва хола ҳолатларида мукаррам қилган мана бу буюк дин билан чиқдилар. Қизлари ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳаббатларига сазовор бўлдилар. Қизлари Фотима розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кирганида ул зот ўринларидан туриб, унинг қўлларидан ушлаб ўпар ва ўзларининг ўринларига ўтқазар эдилар. Фотима розияллоҳу анҳонинг ҳам ҳузурига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кирсалар ўрнидан туриб қўлларидан ўпар ва жойига ўтқазар эди (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насоий ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизларини яхши кўриб, уларга марҳаматлар қилган бўлсалар-да, Аллоҳ таоло «Абу Лаҳабнинг қўли қурисин!» (Масад сураси) оятларини нозил қилганидан сўнг Абу Лаҳабнинг икки ўғли: «Утба ва Утайбалардан Умкулсум ва Руқайя исмли қизларининг талоқ олишларига сабр билан Аллоҳдан ажрни умид қилиб рози бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъватни тўхтатиш ёки орқага чекинишга рози бўлмадилар. Қурайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга таҳдидлар қилганидан сўнг қизлари талоқ қилинди, бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сабр ва матонат билан Ислом динига чақиришда давом етдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизларини қандай қарши олишлари ва уларга қандай очиқ юзли бўлганликларига онамиз Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ушбу ҳадис ҳам яққол намуна бўлади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида рафиқалари бор эдилар. Фотима розияллоҳу анҳо кириб келдилар. Унинг юриши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юришларидан ҳеч фарқ қилмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўришлари биланоқ қаршиладилар ва: «Қизим, хуш келдинг!» — дедилар, сўнгра ўнг тарафларига ўтқаздилар...» (Муслим ривояти). Қизларига бўлган меҳру муҳаббатлари туфайли қизларини зиёрат қилар, аҳволларини сўроқлар ва муаммоларини ҳал этар эдилар. Фотима розияллоҳу анҳо бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тегирмон қилиш оқибатида қўлларининг қабарганини шикоят қилиб, хизматкор беришини сўрамоқчи бўлиб келдилар. Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни топмадилар. Шунда шикоятларини Оиша розияллоҳу анҳога айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келганларида Оиша розияллоҳу анҳо хабарни етказдилар. ...Алий розияллоҳу анҳу деди: «Ухламоқчи бўлиб жойимизга кириб турган пайтимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (изн сўраб) кириб келдилар. Биз ўрнимиздан тумоқчи бўлгандик: «Жойингиздан қимирламанглар!» — дедилар-да, (оёқ томонимиздан келиб) ўртамизга ўтирдилар. Мен кўкрагимда у зотнинг оёқларининг совуқлигини ҳис этдим. Сўнгра дедилар: «Мен сизларни хизматкордан кўра яхшироқ бўлган нарсага йўллаб қўймайми? Агар кўрпангизга ўрансангиз ёки ўрнингизга ётсангиз ўттиз тўрт марта такбир (Аллоҳу акбар), ўттиз уч марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) ва ўттиз уч марта ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) айтингиз! Мана шу сизларга хизматкордан кўра яхшироқдир» (Имом Бухорий ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сабри ва мотам тутмасликларида биз учун чиройли намуна бордир. Ҳаётлик даврларида Фотима розияллоҳу анҳодан бошқа барча ўғил-қизлари вафот этдилар. Шундай бўлсада ҳеч бири учун мотам тутмадилар, қўллари билан юзларига урмадилар, кийимларини йиртмадилар, таъзиячилар учун дастурхонлар тузаб зиёфатлар қилмадилар. Балки, Аллоҳнинг қазосига рози бўлдилар ва савобдан умид қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам маҳзунларнинг кадарини кетказиш ва мусибатланган одамга тасалли бўлиш учун катта васият ва улуғ ҳадисларни айтиб кетдилар. Улардан бири: "Қайси бир мусулмонга бирон мусибат етганда Аллоҳ буюрган сўзларни айтса: «Инна-а лиллаҳи ва инна-а илайҳи рожиу-у-н», «Аллоҳумма ажирний фий мусибатий, вахлуф лий хойрон минҳа» «Биз Аллоҳникимиз ва албатта Аллоҳга қайтгувчимиз». Аллоҳим, бошимга тушган мусибат учун менга ажру-савоблар ато эт ва менга бу мусибатим бадалига ундан кўра яхшироқ нарсани бер». Аллоҳ таоло ундан хайрлироқ нарсани бадал қилади» (Имом Муслим ривояти). Аллоҳ таоло истиржоъ «Инна-а лиллаҳи ва инна-а илайхи рожиу-у-н» (биз Аллоҳникимиз ва албатта Аллоҳга қайтгувчимиз) жумласини мусибатли одамлар учун тасалли, сабрлиларга савобни сероб қилиб, ўз ҳузуридаги катта савоблардан башорат берди: «Сабрлилар савобларини беҳисоб оладилар». |