асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Муғтариб (эммигрант)лар ҳаётидан4558 марта кўрилган Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ал-Арифий Муғтариб ким?Муғтариб деганда турли сабабларга кўра ўз юртига сиғмай қолган, ватандан ва яқинларидан айро тушиб, кофирлар диёрига кўчиб борган ва ўша ерда ўрнашиб қолган мусулмон муҳожирни тушунилади. Муғтариблардан ҳар бирининг ўзига хос ҳикояси, ичини тўлдириб ётган ва оламга сиғмаётган дарду ҳасрати бор. Ушбу китобчада уларнинг ҳаёт воқеликларидан айрим лавҳалар билан танишасиз. Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ал-Арифий بسم الله الرحمن الرحيم Алҳамду лиллаҳ, вас-солату вас-саламу ала расулиллоҳ ва баъд... Биринчи йигит ҳақидаги ҳикояУстозлардан бири ҳикоя қилади: Европа давлатларидан бирида эдим. Бу ерда яхшироқ кун кечириш ва хотиржам умр ўтказиш илинжида келиб ўрнашиб қолган мусулмонлар кўпчиликни ташкил қилар экан. Таровиҳ намози ортидан намозга йиғилганларга маъруза қилиб берганимдан кейин бир киши олдимга келиб: «Муҳтарам устоз, араб биродарлардан бири сизнинг даъват учун келганингизни эшитиб, ўғли билан кўришиб, гаплашишингизни илтимос қилди», деди. Мен ажабланиб: «Ўғли билан учрашаман?! Нега ўзи билан эмас?! Нега ўзи келиб айтақолмади?!», дедим. «У биз билан намоз ўқимайди. Ўғли билан муаммо пайдо бўлган, уни ҳал қилишда ёрдамингиздан умидвор», деди у. Шундан сўнг мен бу биродарнинг машинасига ўтириб, у билан ўша айтилган хонадонга йўл олдик. Хонадон соҳиби ёши олтмишлар атрофидаги одам экан. Тазйиқ ва қувғинларга учраган, қамалган ва азобларга дучор бўлган, охирида оиласини олиб, кофирлар диёрига кетиб, шу ердан паноҳ топган, шу ерда хотиржам ва тўкин-сочин ҳаёт кечириб турган бир оила соҳиби экан. У мени жуда илиқ кутиб олди, саломлашгач, меҳмонхонасига таклиф қилди. Шундан сўнг у менга ўзининг бошидан ўтказган аччиқ кунлари, ҳаётида кўрган азоб-уқубатлар, ёши бир жойга борганида хотиржам ҳаёт илинжида қандай қилиб бу ерларга келиб қолгани ҳақида сўзлаб берди. - Бу ерга келиб хотиржамлик топгандирсиз? – сўрадим. - Ташқи кўринишдан шундай. Кенг ва қулай хонадон.. Яхши машина.. Етарли маош.. Меҳнат-машаққатсиз ҳаёт.. Қувғин ва тазйиқлардан хотиржамлик.. Кўрган одам мени жуда бахтли деб ўйлайди, менинг ўрнимда бўлишни орзу қилади. Лекин, аслида мен энг бахтсиз одамман!! Ўз ўғил-қизларимга ҳукмим ўтмайди!! Хотинимга ҳукмим ўтмайди!! Қўйингки, мен ўзимни ўз шахсиятига эга, масъулиятли эркак деб билмайман.. Ҳаётим бир қолипда! Ҳатто жуда зерикарли деб айтиш мумкин. Ўзимни худди эскириб, яроқлилик муддати тугаган, эгаси янгисига алмаштаришини кутиб ётган бир асбоб ё жиҳоздек ҳис қиламан... Шундан сўнг қария бир оз жимиб қолди, сўнг деди: - Кечиринг, муҳтарам зот! Мен сизни ўз дарду-ҳасратларимни дастурхон қилиш учун уйимга чақирмаган эдим. Аслида, менинг ҳасратларим бир суҳбатда битадиган эмас. Мен сизни энг кичик ўғлим билан пайдо бўлган муаммонинг ечимига мадад сўраб, чақирдим.. У менинг энг кичик фарзандим, ёши ўн тўққизда. Бу давлатга келганимизда беш яшар бола эди. Шу ўлканинг мактабида ўқиди, шу диёр аҳли билан аралашиб ўсиб-улғайди. Мактабда, бозорда, маҳаллада, ўйингоҳда, хуллас ҳамма жойда шулар ичида, шулар билан аралашиб катта бўлди. Мен уни ҳеч нарсадан ман қилмадим, унинг ҳаётига аралашмадим. Чунки, бу ердаги замонавий тарбия услуби шуни талаб қиларди. Тўғрироғи, мен уни ҳеч нарсадан ман қилишга қодир бўлмадим. Ҳаром-ҳариш бўладими, фаҳш бўладими, бошқа бўладими, уни ман қилишга ҳақли эмасдим. Чунки, ундай қилгудек бўлсам, у менинг устимдан полицияга арз қилиб, мени қаматишга ё жазога торттиришга ҳақли экани тарбия масканларида қулоғига қуйилган эди. Гапни чўзиб ўтирмайман. Қисқаси, у узоқ вақтдан бери намоз ўқимайди, рўза тутмайди. Ҳатто, динга ишонмайди десам ҳам бўлаверади. Ҳамма динларни инсоният учун зулм деб санайди. Охирги пайтларда қаттиқ сиқиладиган, хонасига қамалиб олиб, бизга ҳам қўшилмайдиган бўлиб қолди. Бундан ҳам қизиғи, ҳар куни эрталаб бошини устарада қиради. Сабабини сўрасангиз, ўзича бир нималар дейди.. Нима дейсиз, уни чақирсам, бир гаплашиб кўрасизми? Шояд, Аллоҳ сизни унинг ислоҳига сабабчи қилса... - Майли, чақиринг. - Муҳаммад, ҳой Муҳаммад! – чақирди мушфиқ ота. Бир оздан сўнг ҳузуримизга Муҳаммад кириб келди. Куч-қувватли, ғайрати ичига сиғмаётгандек кўринишдаги бир йигит.. - Ассалому алайкум, – шундай деб у кўришгани қўл чўзди. - Ва алайкум ассалом, Муҳаммад, қалайсан, яхшимисан? Отаси гапга аралашди: – Муҳаммад, бу шайх сен билан ҳар доим менга айтадиган гапларинг хусусида гаплашиш учун ташриф буюрганлар. Ўғлим, сен мусулмонсан, ахир. Бундай қилишинг яхши эмас, – шундай деб ота йиғлаб юборди.. Мен айтдим: – Муҳаммад, отангнинг айтишига қараганда, сенда динга тааллуқли айрим саволлар бор экан, эшитсам бўладими? Лекин – кечирасан – аввал бир нарсани сўраб олай, араб тилини яхши тушунасанми ўзи? - Деярли тўла тушунаман, лекин гаплашишга қийналаман. - Аввал менга айтчи, сен Аллоҳнинг борлигига эътиқод қиласанми? - Нима дегани у эътиқод деганингиз? - Яъни, сен Аллоҳнинг борлигига иймон келтирасанми? - Нима у иймон дегани? - Do you believe Allah? - Ҳа, албатта, албатта!! - Аллоҳ бизни яратди, ризқ берди, Ўзига ибодат қилишга буюрди, огоҳлантирувчи ва хушхабар берувчи қилиб пайғамбарларни юборди... ва... ва... Мунозара узоқ чўзилди. Бироқ, у Аллоҳ таолонинг адолатли ва ҳикматли Парвардигор эканига, ёлғиз Угина ибодат қилинишга лойиқ Зот эканига қаноат ҳосил қилмади.. Шундан сўнг мен унга дедим: - Менга «Фотиҳа» сураси (Алҳамду лиллаҳи роббил аламийн) ни ўқиб бера оласанми? У «Фотиҳа» сурасини ўқий туриб, адашиб қолди. Билдимки, энг қисқа сураларни ҳам ёд билмас экан. Унга дедим: - Кел, ёнимга ўтир. У ёнимга келиб ўтиргач, мен қўлимни унинг кўксига қўйиб туриб, уч марта «Фотиҳа» сурасини ўқидим.. Бирдан кўзидан ёш қуйила бошлади. Шунда мен ўқишдан тўхтадим ва: - Нима бўлди, нега йиғлаяпсан?, - деб сўрадим. - Билмайман, билмайман, – деб жавоб берди у йиғи аралаш. Шундан сўнг мен унинг кўксига қўлимни қўйиб туриб, қуйидаги оятларни ўқидим: «Агар Биз ушбу Қуръонни бирон тоғга нозил қилганимизда, албатта сиз у (тоғ)ни Аллоҳнинг қўрқувидан эгилиб ёрилиб кетган ҳолида кўрган бўлур эдингиз. (Лекин айрим инсонларнинг диллари тоғнинг тошидан ҳам қаттиқроқ бўлгани сабабли уларга Қуръон оятлари ҳам таъсир қилмас). Биз бу мисолларни одамлар учун, шояд улар тафаккур қилсалар, деб келтирмоқдамиз. У — Аллоҳ шундай зотдирки, ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи барҳақдир. (У) ғайб ва шаҳодатни (яъни яширин ва ошкора нарсаларни) билувчидир. У меҳрибон ва раҳмлидир. У — Аллоҳ, шундай зотдирки, Ундан ўзга барҳақ маъбуд йўқ, фақат Унинг Ўзи ҳақдир. У (ёлғиз) подшоҳдир, (барча айб-нуқсондан) покдир-саломатдир, (Ўзи хоҳлаган бандаларини дунё бало-офатлари ва охират азобидан) омон қилувчидир, (бандаларнинг амалларини) кўриб-кузатиб турувчидир, қудрат соҳибидир, бўйсундирувчидир, (танҳо) кибр эгасидир. Аллоҳ уларнинг (мушрикларнинг) ширкларидан покдир. У — Аллоҳ яратувчидир, (йўқдан) бор қилувчидир, (барча нарсага) сурат-шакл берувчидир. Унинг гўзал исмлари бордир. Осмонлар ва Ердаги бор нарса Унга тасбеҳ айтур. У қудрат ва ҳикмат соҳибидир» (Ҳашр: 21-24). «Албатта осмонлар ва Ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида, денгизда одамларга керакли нарсаларни олиб юрган кемаларнинг (сузишида) ва Аллоҳ осмондан туширган ва у сабабли ўлик Ерни тирилтириб, бор жонзотни тарқатиб-ёйиб юборган сув деган неъматда ва шамолларнинг йўналтирилишида, осмон ва Ер орасидаги итоатгўй булутда — (буларнинг ҳаммасида) ақлли кишилар учун оят-аломатлар бордир» (Бақара: 164). «Айтинг: «Ҳақиқатан ҳам сизлар Ерни икки кунда яратган зотга кофир бўлурмисизлар ва ўзгаларни Унга тенглаштирурмисизлар?! Бу (Аллоҳ) барча оламларнинг Парвардигори-ку?! У зот (Ернинг) устида тоғларни (пайдо) қилди ва уни баракотли қилди ҳамда ўша (Ер)да унинг емишларини (яъни Ер аҳлининг ризқу рўзларини) тўла тўрт кунда белгилаб — тақсимлади. (Бу тафсилот) сўраувчилар учундир. Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга юзланиб, унга ва Ерга: «(Менинг амри-фармонимга) ихтиёран ёки мажбуран келинглар!» деган эди, улар: «Ўз ихтиёримиз билан келдик, (амрингга бўйсундик)», дедилар. Бас икки кунда етти осмонни барпо қилди ва ҳар бир осмонга (унга буюрилган) иши-вазифасини ваҳий қилди (билдирди). Биз қуйи осмонни чироқлар-юлдузлар билан безадик ва (уни офат-балолардан) сақладик. Бу қудратли ва билувчи зотнинг тақдири — ўлчовидир» (Фуссилат: 9-12). Мен унга шу ва бундан бошқа Аллоҳнинг буюклигига далолат қилувчи оятларни ўқиб бердим. Йигитча бу оятларни эшитаркан, ўксиб-ўксиб йиғлар, йиғиси қаттиқлигидан баъзан узилиш ҳам бўлиб қоларди. Мен тиловатни тугатгач, у билан мунозарани давом эттирмоқчи бўлиб, сўз очдим. Бироқ, унинг бир калима ҳам гапиришга ҳоли келмади.. Мен унинг қўлидан тутиб, ўрнидан тургиздим ва: «Тур, икки ракъат намоз ўқи, ҳаётингни янгидан бошла», дедим. У ўзини яратган ва қадди-қоматини расо қилиб қўйган, ўзини яратган ва унга ҳидоят бахш этган, ўзини яратган ва ризқ берган, бемор бўлса шифо ато этадиган, ўлдирадиган ва ҳаёт бахш этадиган Яратувчиси ва Хожаси ҳузурида бўйин эгиб турди. Оламлар подшоҳи – жалла жалолуҳу – ҳузурида бош эгиб турди.. Узоқ йиғлади.. У билан Парвардигори ўртасидаги узилиш узоқ йилларга чўзилган эди.. Намоздан фориғ бўлгач, жамоат билан таровиҳ намозларидан қолмасликка, муҳозара (маъруза)ларга бориб туришга сўз берди. Бунинг учун Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Бу биринчи йигит ҳақидаги ҳикоя эди. Иккинчи йигит ҳақидаги ҳикояЭнди иккинчи йигит ҳақидаги ҳикояга қулоқ солинг.. Унинг акаси намозни канда қилмайдиган, доим биз билан бирга «Ислом маркази»да жамоат бўлиб намоз ўқийдиган бир биродар эди. У менинг ёнимга келиб, укасининг намоз ўқимаслигини, рўза тутмаслигини, умуман ибодатдан узоқ эканини айтиб, у билан бир гаплашишимни илтимос қилди. Мен бу биродар билан унинг уйига бордим. Уйга кириб ўтирганимиздан сўнг у: «Муҳаммад, ҳой Муҳаммад!» деб чақирди. Муҳаммад унинг укасининг исми бўлиб, у ўн саккизга кирган йигитча экан. Муҳаммад хонага кириб келиб, хушмуомалалик билан сўрашди, сўнг ўтирди. Акаси деди: «Муҳаммад, бу шайх шаҳримизга даъват учун келганлар, сен билан танишмоқчилар». «Хуш келибсиз», деб жавоб қилди Муҳаммад лутф билан. У билан ўртамизда ҳаёт ҳақида, бу дунёга келишимиз сабаби ҳақида, Аллоҳ таолога тоат-ибодат қилиш лозимлиги ҳақида, кофирлар залолатда экани, ҳақиқий саодат мана шу динда экани борасида суҳбат кечди. Сўнг мен Европа мамлакатларидаги мусулмон ёшлар ўртасида кенг тарқалган шариатга хилоф ишлар ҳақида, намозни тарк қилган одамга бериладиган азоб ҳақида ва ҳоказо ишлар тўғрисида гапирдим. Йигитча сўзларимга бепарволик билан қулоқ солар, мен айтаётган ишлар у учун умуман аҳамиятсиз экани кўриниб турарди. Шундан кейин мен ундан «Фотиҳа» сурасини ўқиб беришини сўрадим. Ўқий туриб адашиб қолди, тўғрилаб қўйдим. Яна адашди, яна тўғриладим. Яна адашди, яна тўғриладим. Ҳа, шу биргина «Фотиҳа» сурасини ҳам ёд билмас экан! Мен унга дедим: «Биз сени яхши кўрамиз, сенга яхшилик истаймиз... Умид қиламанки, биз билан бирга таровиҳ намозида бўласан, намоздан кейинги муърузада ҳозир бўласан..» У истар-истамас бунга розилик билдирди. Таровиҳ намозига келди, маърузада қатнашди.. Сўнг шу кетганича бошқа уни кўрмадим. Акасидан сўрадим. У деди: «Укамнинг айтишича, масжидда ўтказган бир соат вақти унга ўн йилга ўхшаб чўзилибди эмиш». Мен «Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ» дедим, сўнг унга ҳидоят сўраб дуо қилдим. Учинчи йигит ҳақидаги ҳикояШвецияга сафар қилдим. У ерда қочқинлиқ мақоми олиб, ўрнашиб қолган мусулмонлар анча кўпчиликни ташкил қилади. Таровиҳ намози ва (араб тилида қилинган) муҳозарадан сўнг ҳузуримга араб биродарлардан бири келиб, бир неча швециялик мусулмон ёшлар мен билан суҳбатлашиш истагида эканларини етказди. Улар масжидда давра қуриб ўтиришган экан. Мен биродарлардан биридан мен билан улар ўртасида таржимонлик қилишини илтимос қилдим. Сўнг бу динга ҳидоятланиш неъмати ва унда сабот билан туришнинг аҳамияти ҳақида сўзладим. Ҳалиги биродар арабчадан уларнинг тилига таржима қилиб турди. Шу орада таржимонимизни биров чақириб қолди. У бизни қолдириб, нари кетди. Мен унинг қайтишини кутиб, гапдан тўхтадим. У ҳадеганда келавермади ва биз анча кутиб қолдик. Шунда тўсатдан суҳбатдошларимдан бири арабчани бузиб талаффуз қилиб: «Мин азгина таршима килиб биламан», деб қолди. Мен ажабланиб: «Араб тилини тушунасанми?!», деб сўрадим. Айтишича, у фаластинлик араб хонадонидан бўлиб, ўзи шу ерда туғилган экан, Швеция фуқароси экан. Ота-онаси унга араб тилини ўргатишга қунт қилишмаган, шундай бўлса-да арабчани оз-моз тушунар экан. У бу гапларни менга инглизча аралаш бузуқ араб лаҳжасида айтиб берди. Бу муҳожирлик диёрида яшаб турган мусулмон ёшларимиз ҳаётидан бир кўриниш эди. Улар яна ҳам шунчалик мусулмонликларини сақлаб юришибди. На ҳидоятга, на тавбага муваффақ бўлмаган, шаҳват-хоҳишлари ортидан елиб юрган номига мусулмон бўлган ёшлар қанча ҳали!! Мен ҳозир йигитлар ҳақида гапирдим. Қизларда ҳам ҳолат шундан ўзгача эмас. Улар бизнинг ўғилларимиз, қизларимиз.. Оталарнинг аҳволи эса бундан ҳам ачинарли.. Муҳожир ота-оналар ҳаётидан биринчи ҳикояУ эзғин ва ҳорғин ҳолда олдимга кириб келди. Ҳол-аҳвол сўрасам, тўлиб турган экан, бирдан ёрилди: - Эй шайх, жуда зерикдим бу ҳаётдан!! Илгари мусулмон диёрларидан бирида яшардим.. Азонни эшитардим, намозга қатнардим.. Намозхонлар билан бирга руку-сужуд қилардим, Аллоҳни зикр қилардим.. На хочга, на черковга кўзим тушарди.. Тўғри, камтарона ҳаёт кечирардим, ортиқча мол-мулким, қўшимча жамғармам йўқ эди.. Шинам, ҳамма қулайликларга эга уй-жойим йўқ эди.. Тараққий этган замонавий шифохонада даволанмасдим.. Лекин, ўзимга хон, ўзимга бек эдим.. Каталакдек хонадоним тахтида қўр тўкиб ўтирган подшоҳ эдим. Атрофимда гирдикапалак бўлган турмуш ўртоғим ва болаларим билан худди ой атрофидаги юлдузлар мисол ҳаёт кечирардик.. Ўғлим қаерга бораяпти, қизим ким билан гаплашаяпти, хотиним кимлар билан кўришиб юрипти... Ҳаммасидан бохабар эдим. Кейин қариндошларимдан бири тараққий этган бу мамлакатга кўчиб келишга мени қизиқтирди, бошпана сўраганларга фуқаролик берилишини, бу ерда хотиржам ҳаёт, роҳат-фароғатда кун кечиришим мумкинлигини, ойлик маошлари, даволаниш шароитлари юқори даражадалигини айтди.. Шундай қилиб, мен оилам билан Швецияга келиб қолдим.. Давлат менинг бошпана бериш ҳақидаги сўровимни қондирди. Яхшигина турар-жой беришди. Фарзандларим ривожланган замонавий мактабларда ўқишди.. Аввал-бошда ҳаётимиз худди гўзал тушдек туюларди менга.. Тўғри, азон товушлари ўрнини қўнғироқлар жаранги эгаллаганди.. Таҳоратли, нурли юзлар ўрнига нурсиз ва фариштасиз юзларга тўқнаш келинарди.. Лекин, янгича ҳаёт ва роҳат-фароғатлар олдида бу нарсалар деярли аҳамиятини йўқотганди... Шундай қилиб, кунлар бир-бирини қувалаб ўтаверди.. Вақт ўтиб, мен бу ердаги фасодга тўла ҳаёт воқелигидан бирма-бир огоҳ бўлиб бордим.. Фарзандларим ҳаётидан ташвишланадиган бўлиб қолдим.. Гўё душмани болаларига чанг солиб, ўлдириб кетишидан қўрққан одамдек доим хавотирда эдим.. Кунлардан бирида қўрққан нарсам содир бўлди. Уйим эшиги тақиллади. Чиқсам, малласоч бир қиз турибди!! - Ҳа, ким керак сенга? - Мен Мохамеднинг мактабдош ўртоғиман, унинг олдига, хонасига кирмоқчиман!! Мен уни уришиб бердим ва ҳайдаб юбордим.. Кейин ўғлимни ҳам уришдим, унга кўп насиҳат қилдим.. Орадан икки кун ўтгач, яна эшигим қўнғироғи чалинди. Чиқсам, эшик олдида энди бир малласоч ўспирин турибди. - Ким керак сенга? - Мен Саранинг мактабдош дўстиман. Унинг олдига, хонасига кирмоқчиман!! Уни ҳам ҳайдаб солдим. Шу кундан уйда фавқулодда ҳолат эълон қилдим.. Янги қонун-қоидалар, тартиблар жорий этдим.. Ўзга жинс вакили билан аралашиб юриш мумкин эмас.. Мактабдан бошқа ёки жума куни масжиддан бошқа ҳеч қаерга бориш мумкин эмас.. Швед қизлар билан учрашиш тақиқланади.. Швед йигитлар билан учрашиш тақиқланади.. Мумкин эмас.. Тақиқланади.. Сўнг ушбу тақиқ ва қоидаларга амал қилинишини диққат билан назорат қилиб бордим. Кунлар ўтиб, кўнглим бироз хотиржам тортди. Назаримда, танглик ортда қолгандек эди. Бироқ, кутилмаганда ҳаммаси чаппасига айланиб кетди!! Бир куни майда-чуйда харид қилиш учун чиқиб, қайтаётсам, муюлишда уйим олдида полиция машинаси ва бир неча полициячилар турганига кўзим тушди. Қўрқиб кетдим.. Уйимни ўғри босдимикин?! Болаларим, жондан азиз дилбандларим бирон хатарга дучор бўлдимикинлар?! Юрагим ҳапқириб, қўлимдаги егуликлар солинган халтани ҳам ташлаб, уйга қараб югурдим.. Эшик олдига етиб келганимда адолат посбонлари мени тўхтатдилар: - Сиз фалончимисиз? - Ҳа, ҳа! Тинчликми ишқилиб? - Устингиздан арз тушган. Биз билан боришингизга тўғри келади. Улар мени полиция идорасига олиб кетдилар.. Маълум бўлишича, мен дўконга чиқиб кетганимдан сўнг хотиним ва қизим полиция идорасига бориб, менга қарши даъво аризаси топширишибди!! Мен уларнинг эркинликларини бўғаётган эканман.. Уларга нисбатан ёмон муносабатда бўлаётган эканман.. Қизимни таниш йигитлари билан, ўғлимни эса қиз ўртоқлари билан учрашишдан ман қилган эканман.. Аризада бундан бошқа яна бир неча айбловлар бор эди.. Тараққиёт душмани бўлган қолоқ отага қарши «адолат посбонлари!!» тарафидан маҳкама иши қўзғатилди.. Севишган йигит-қиз ўртасига тўғаноқ бўлишга, уларни ҳаёт лаззатларидан баҳраманд бўлишдан тўсишга қандай ҳадди сиғди?! Ўсиб келаётган ёш йигит ва қизнинг эркинлигини бўғишга ким изн берди унга?! Эркинлик ва тараққиёт ҳукм сурган давлатда қандай қилиб бу каби ваҳшийлик юз бериши мумкин?!.. Шундай қилиб, устимдан жиноий иш қўзғаб, маҳкамага оширдилар. Маҳкама мени бошқаларга ибрат бўлишим учун уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.. Болаларимни эса бошқа шаҳарга кўчириб, нафақаларини оналари номига ўтказдилар.. Уларнинг унвонларидан (адресларидан) мени хабардор қилмадилар. Улар билан хабарлашишга, алоқа қилишга имкон бермадилар.. Бахтли ҳаёт қидириб, бахтсизликка дучор бўлган мен шўрпешона отанинг бошига келган кўргилик ҳеч кимнинг бошига келмасин. Иккинчи ҳикояБу аёл Даниядаги бир шаҳарда болалари билан истиқомат қилиб келарди. Кунлардан бирида 4 ва 6 ёшли икки боласи урушиб қолиб, тўполон кўтарганида уларни уради. Болаларнинг йиғи овозларини эшитган дания фуқароси бўлган «меҳрибон» қўшниси ўша заҳоти полицияга қўнғироқ қилади. Ўқдек учиб келган полиция болаларни «қаттол она зулмидан қутқариб» олиб кетади!!. Қаранг-а, улар болаларга оналаридан ҳам меҳрибонроқ эмишлар!! Бир неча соат ичида онани оналикдан маҳрум этадилар ва болалардан бирини Даниянинг шимолидаги бир шаҳарда яшовчи бефарзанд оила бағрида тарбияланиши учун бериб юборадилар.. Иккинчисини эса Норвегияда яшовчи хонадонга бериб юборадилар.. Муштипар она эса «адолат, эркинлик ва фароғат» диёрида ҳасрат ва фироқ аламини ичига ютиб қолаверади!! Муҳожир биродар! Ҳар бир муҳожирнинг ўз дарду-ҳасрати бор.. Ҳар бир мусофир ота-онанинг дилини маҳзунлик, кўзини маъюслик қоплаган.. Ҳар бирининг айрича кечинмалари мавжуд.. Хўш, бу муаммоларнинг ечими борми?! Аччиқ воқеликка таслим бўлишдами ечим?!.. Ё то Аллоҳ таоло ёруғ кунларга етказгунича имкон қадар динингизни, фарзандларингизни асраб-авайлашга уриниш керакми?! Америка, Канада, Австралия, Британия, Франция, Скандинавия давлатлари ва бошқа мамлакатларда қўним топган мусулмон муҳожирлар ҳаётидан ўзим кўрган-кузатган воқеликлардан келиб чиқиб, қуйидаги насиҳат ва тавсияларни тақдим қилишга жазм қилдим. Шоядки, уларга амал қилган муҳожирларнинг ҳоли бошқаларга қараганда дурустроқ бўлса.. |