Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

082. Намозда Фотиҳани ўқиш

3541 марта кўрилган

Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 98-оятида шундай дейди:

«فَإِذَا قَرَأْتَ الْقُرْآَنَ فَاسْتَعِذْ بِاللَّهِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ»

«(Эй мўмин банда,) Қачон Қуръон ўқисанг, қувилган – малъун шайтон (васвасаси)дан Аллоҳ паноҳ беришини сўрагин».

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ صَلَّيْتُ مَعَ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَأَبِي بَكْرٍ وَعُمَرَ وَعُثْمَانَ فَلَمْ أَسْمَعْ أَحَدًا مِنْهُمْ يَقْرَأُ بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ (رواه مسلم).

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Анас розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумлар билан бирга намоз ўқидим. Уларнинг биронтасидан «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм»ни (овоз чиқариб) ўқиганларини эшитмадим.

عَنْ عُبَادَةَ بْنِ الصَّامِتِ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ قاَلَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لا صَلاةَ لِمَنْ لَمْ يَقْرَأْ بِفَاتِحَةِ الْكِتَابِ» (متفق عليه).

Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фотиҳа сурасини ўқимаган одамнинг намози намоз эмас», дедилар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ «مَنْ صَلَّى صَلاةً لَمْ يَقْرَأْ فِيهَا بِأُمِّ الْقُرْآنِ فَهِيَ خِدَاجٌ ثَلاثًا غَيْرُ تَمَامٍ» (رواه مسلم).

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бир намоз ўқиб, унда «Уммул Қуръон» (Фотиҳа)ни ўқимаса, бу намоз ноқис, комил эмас», деб уч марта айтдилар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ «إِذَا أَمَّنَ الإِمَامُ فَأَمِّنُوا فَإِنَّهُ مَنْ وَافَقَ تَأْمِينُهُ تَأْمِينَ الْمَلائِكَةِ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ» (متفق عليه).

Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Имом “Омиин” деса, сизлар ҳам “Омиин” денглар, чунки кимнинг омин дейиши малоикаларнинг омин дейишларига тўғри келса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади», дедилар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا قَالَ الإِمَامُ {غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلا الضَّالِّينَ} فَقُولُوا آمِينَ فَإِنَّهُ مَنْ وَافَقَ قَوْلُهُ قَوْلَ الْمَلائِكَةِ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ» (رواه البخاري).

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар имом “Ғойрил-мағзуби алайҳим валаз-золлиин” деса “Омин” денглар, чунки кимнинг сўзи малоикаларнинг сўзига тўғри келса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади», дедилар.

Шарҳ:

Намоз ўқувчи намозни очиш дуосини ўқигач, қироат қилишдан олдин лаънати шайтоннинг ёмонликларидан паноҳ тилаб: “Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир-рожим” дейди, сўнгра “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”ни айтиб, Фотиҳа сурасини ўқийди. Фотиҳа сураси жуда улуғ дуоларни ўз ичига олгани учун ундан кейин “Омин” (яъни, илоҳим қабул қил) дейди.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Намозда Қуръон ўқишдан аввал аъузу ва бисмиллаҳни махфий айтиш суннат.
  2. Фотиҳа сурасини ўқиш намоз рукнларидан бўлиб, усиз намоз дуруст бўлмайди.
  3. Фотиҳа сурасини ўқигандан кейин “Омин” дейиш суннат.