Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

055. Ҳайзга тегишли баъзи масалалар

3958 марта кўрилган

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 222- оятида шундай дейди:

وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الْمَحِيضِ قُلْ هُوَ أَذًى فَاعْتَزِلُوا النِّسَاءَ فِي الْمَحِيضِ وَلَا تَقْرَبُوهُنَّ حَتَّى يَطْهُرْنَ فَإِذَا تَطَهَّرْنَ فَأْتُوهُنَّ مِنْ حَيْثُ أَمَرَكُمُ اللَّهُ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ التَّوَّابِينَ وَيُحِبُّ الْمُتَطَهِّرِينَ .

«Сиздан ҳайз ҳақида сўрайдилар. Айтинг: У кўнгилсиз-нопок нарсадир. Бас, ҳайз пайтида аёлларингиздан четланингиз ва то (ҳайздан) тозаланмагунларича уларга яқинлашмангиз! (Ғусл қилиб) покланганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган тарафдан келингиз. Албатта Аллоҳ тавба қилувчиларни ва ўзларини мудом пок тутувчиларни севади».

عَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ كَانَ يُصِيبُنَا ذَلِكَ (تعني الحيض) فَنُؤْمَرُ بِقَضَاءِ الصَّوْمِ وَلَا نُؤْمَرُ بِقَضَاءِ الصَّلَاةِ (متفق عليه)

Мутттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо шундай дейди: Биз –Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврида - ҳайз кўрар, шунда рўзанинг қазосини тутишга буюрилар, намознинг эса қазосини ўқишга буюрилмас эдик.

عَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها أَنَّ فَاطِمَةَ بِنْتَ أَبِي حُبَيْشٍ كَانَتْ تُسْتَحَاضُ فَسَأَلَتْ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ ذَلِكِ عِرْقٌ وَلَيْسَتْ بِالْحَيْضَةِ فَإِذَا أَقْبَلَتْ الْحَيْضَةُ فَدَعِي الصَّلَاةَ وَإِذَا أَدْبَرَتْ فَاغْتَسِلِي وَصَلِّي (رواه البخاري) وفي رواية للبخاري: "ثم توضئي لكل صلاة".

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо шундай дейди: Фотима бинти Аби Ҳубайш тинимсиз қон кўрар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бунинг ҳукмини сўраган эди: «Бу ҳайз эмас, бирон сабаб томирдан чиқаётган қон, агар ҳайз кунларингиз келса намозни ўқиманг, ҳайз кунларингиз кетса ғусл қилиб намозни ўқийверинг», дедилар.

Бошқа ривоятда эса: «Сўнгра ҳар бир намозга таҳорат олинг», дедилар.

Шарҳ:

Аллоҳ таоло Одам алайҳис-саломнинг қиз авлодига ҳайз кўришни қисмат қилди. Ҳайз аёл кишининг бачадонидан маълум кунларда келадиган фосид қондир. Ҳайз келган кунларда аёл кишининг ибодати ва эри билан бўладиган алоқалари хусусида хос ҳукмлар бўлиб, аёллар уларни ўқиб-ўрганишлари лозим бўлади.

Аммо истиҳоза касаллик сабабли келадиган қон бўлиб, бу кунларда аёл киши ибодатларида давом этаверади.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Ҳайз кўрган аёл ҳайзи кетиб, поклангунича унга намоз фарз бўлмайди, шунингдек ўтган намозларнинг қазоси ҳам вожиб бўлмайди.
  2. Ҳайз кўрган аёл ҳайз кунларида рўза тутмайди, лекин қазосини тутиб беради.
  3. Ҳайз кўрган аёл қон тўхтаганидан кейин ғусл қилиши вожиб.
  4. Истиҳоза бўлган аёл намоз вақти кирганидан кейин, ҳар бир намозга таҳорат қилиб намозини ўқийди.